воскресенье, 20 мая 2012 г.

25. ЛЎЛИ ҚИЗ




    
       "Буни ҳаёт дебдилар ёки ўғлим Улуғбекнинг кундалиги"


Почтачимиз Офарин амаки «Известия», «Литературная газета», «Ўзбекистон маданияти» газеталари, бир талай журналлар билан бирга бот-бот мактублар ҳам олиб келадилар. Турли тоифадаги танишлар турфа мавзуларда расмий ёки норасмий хатлар ёзиб туришади дадамга. Дадам уларни зудлик билан ўқиб чиқадилар ва айримларига эринибгина жавоб йўллайдилар.
Бу мактубни эса Ургут районида яшовчи  Ҳаким ...ев деган киши йўллаганди. У тез қўлдан-қўлга ўтди, ҳатто қўни-қўшнилар ҳам ўқишди ва ҳаяжонга тушишди. Мен учун эса у ўта зерикарли, мавҳум бўлиб туюлди. Аммо у сиз учун қизиқарли ёки ибратли бўлиши ҳам мумкин.
Эринмасангиз, ўқиб чиқинг.

«Ҳурматли ...ака!»
Мен газетада босилган лўлилар ҳақидаги хикоянгизни ўқиб чиқдим ва қўлимга қалам олдим. Уларни меҳр билан тасвирлагансиз. Ҳаяжонландим, аниқроғи, дардим янгиланди. Шу муносабат билан бошимдан ўтган бир воқеани ҳикоя қилиб бермоқчиман. Эҳтимол у кимларгадир ибрат бўлар.
Бу гапга йигирма йилча бўлиб қолди. Ўрта мактабни битириб, институтга кириш учун биринчи бор Самарқандга боргандим ўшанда. Сершовқин Сиёб бозорининг Бибихоним масжиди олдидан ўтиб кетаётганимда, ўрта ёшлардаги, қорамағиз бир аёл менга мурожаат қилиб, эски танишлардек имлаб қолди. Соддагина кийинган бу аёлга ажабланиб боқдим; андак иккиланиб турдим-у, ҳурмат юзасидан унга яқинлашдим.
– Балагинам, худои таоло сани кўзларингга нури фаришта ато этибди, умрингни узоқ, ризқингни фароғ қилибди. Йўқ, дема, йўқ, дема. Бало-ю қазоларнинг садағаси қилиб, ярим сўмми, бир сўмми бер – ман кароматларни гапириб берай.
Бу аёл фол очувчи лўли эканлигини шундан кейин фаҳмладим. Йўлимда давом этмоқчи бўлгандим, у енгимдан беозоргина тутиб, гапда давом этди.
– Балагинам, сани олдингда катта тоғ турибди, ҳозир фикру-зикринг ўша билан банд.
– Тўғри, – тан олдим, – ўқишга киришга келганман. Айтинг қани, кироламанми, йўқми?
– Биласан-ку, қуруқ қўл билан фол очиш – ножоиз. Жонингни садағаси қилиб, бир сўм бер – сиру асрорингни, дўсту, душманингни, омаду ноомадингни, ризқу рўзингни ойнадай кўрсатай. Рост гапирмасам, насиб қилмасин.
Тоғам бари бўлиб ўн сўм пул тутқазганди. Тежаб сарфлашимни ҳам ўн марталаб тайинлаганди. Шунга қарамай ва гарчи фолга ишонмасам ҳамки, аёлнинг кафтига бир сўм қўйдим. У пулни шоша-пиша камзулининг чўнтагига солганича жаврай кетди. Лекин тез гапиргани, ўзбекчани бузиб талаффуз этгани, мантиққа унчалик эътибор бермаслиги сабабли мазмунини тўла англаб олиш амримаҳол эди. Аёлнинг узундан узоқ жаврашларидан менга шу нарсалар аён бўлдики, олдимда турган ўша тоғдан осон-омон ўтиб олармишман, жуда яқин одамимнинг руҳи менга мадад бўлармиш. Менинг душманларим ҳам бор экан, лекин улар муддаоларига етишолмасмиш. Бир қизни мажнунона севиб қоларканман-у, унга етишолмасканман. Умрим узун бўлармиш, аммо нимадандир қониқмай, дилгир ва дилғаш бўлиб яшармишман.
– Агар номимни айтсангиз, тағин бир сўм берардим, – дедим қайсарлигим тутиб.
– Балагинам, бу бизга нораво: пиру устозларимиз бадқаҳр бўлади, – деди тағин пул чўзишимдан умидвор бўлиб.
Атрофдагилар қизиқувчанлик билан бизни кузатишаётганини сезиб қолдим-у давом этдим.
Ҳужжатларимни тиббиёт институтига топширган эдим, айримлар ваҳима қилиб юборишди. «У ерга кириш учун фалон пул керак», «Кўрпангга қараб оёқ узат».
Лекин мени ҳеч қандай таъмасиз қабул қилишди. Мактабда яхши ўқиганим имтиҳонларга пухта тайёрланганим учун бўлса керак, барча саволларга бурро жавоб қайтардим. Ўқишга кирганимни эшитиб, онамнинг кўзларига ёш қалқди. Лекин тоғам бир неча кунгача ишонқирамай юрди. Ишонч ҳосил қилгандан кейин эса мен билан фахрланиб қўядиган, «ёрдам бергани»ни таъкидлайдиган бўлди.
Дадам вафот этгандан кейин, тоғам ойим иккаламизни қаромоғига олганини – сўнгроқ – ақлимни таниб билганман. Тоғамнинг хўжалигида иш шу қадар беҳад-у беҳисоб эдики, меҳнатга яроқли ҳар бир одам эртадан кечгача худди аравакаш отдай тиним нималигини билмай меҳнат қиларди, Ойим, тоғамнинг хотини, болалари билан даладан тамаки барги юлар, кечқурун алламаҳалгача уларни битталаб бесўнақай игнага тизарди. Тамакига яхши ҳақ тўлашгани учун бўлса керак, ҳатто ҳовлисининг супаларигача қадаб тамаки ўтқазарди. «Бир туп райҳоннинг ўрнига тамаки қадасанг, фалон сўм фойда оласан», деб таъкидларди у.
Институтга кирган йилларим қишлоғимизда бирорта врач йўқ эди. Иван Тимофеевич деган фельдшер (уни ҳамма Иван бобо дерди) от миниб, қишлоқма-қишлоқ кезар, хонама-хона эринмай кирар, ҳол-аҳвол сўрар, беморларни даволар, болаларни эмлар, хоналарни дизенфекция қиларди. Одамлар уни ҳамон эҳтиром ила эслашади. Чунки у ўша ибтидоий шароитда ўзи дори-дармон тайёрлар, чиққан қўл-оёқларни жойига солар, хуллас бор имконини ишга туширар. Одамлар қатиқ, вино, товуқ совға қилишса, рад этмасди. «Иван бобо тоза спиртни ҳам ичаолади», дейишарди ҳайратланиб.
Иван Тимофеевич пенсияга чиқиб кетгандан кейин қадри билиниб қолди. Унинг ўрнига келган доктор хонасидан чиқмайдиган, бунинг устига беморларнинг нуқул район, шаҳарга юборадиган бўлиб чиқди. Медпунктдан оддий грелка, йод, тоза пахта топиш ҳам амри маҳол бўлиб қолди ўшанда. Шунинг учун бўлса керак, тўртинчи курслигимдаёқ доктор сифатида танилиб қолдим. Таътилга келган кунларим қўшни қишлоқлардан ҳам мени излаб келадиган бўлишди.
Ўша куни ойимнинг ёнида чўнқайиб олиб, тамаки тизаётган эдим. Ойим кимларнингдир қизлари бўйга етганини, сочи орқаси билан битта бўлганини гапираётганди. Бир лўли аёл кириб келдию, суҳбатимиз узилди. У менга дафъанат бозордаги фолбинни эслатди. Аёл ойим билан қуюқ кўришди, иккиламизни узоқдан-узоқ дуо қилди.
– Дугона, сизга айтган ўғлим мана шу, – деди ойим фахр билан мен томон имлаб, – ўзи духтир: кўп одамларни тузатди.
У ажабланиб, менга тикилди ва гапга киришиб кетди. Эрининг хасталаниб қолганини, қизи ўқимоқчи бўлаётганини, лўлиларнинг асрий урф-одатларини писанд қилмаётганини, раис уларни фермага ишга таклиф қилганини қаторлаштириб ташлади.
– Хўжайинингиз нима касал бўлган, – қизиқдим у бир лаҳза тин олиши билан.
– Қорни оғрийди, болам. Рад қилади. Худонинг қаҳри келди...
– Мени олиб боринг, кўрай; иложи бўлса даволайман, – дедим.
Аёл бундай таклифни кутмаган эди, сергакланиб менга тағин бир бор назар ташлаб чиқди. Негадир саволли нигоҳларини ойимга қадади. Ойим жавобан тағин мени мақтаб кетди.
– Қорин оғриғини ҳам даволайди, бош оғриғини ҳам...
Шундай қилиб, бир неча дақиқадан кейин биз уларнинг тўқай ёнидаги чодирига қараб йўл олдик.
– Лўли хола, – дедим у жаврашдан тин олгач, – раис ишга чиқинглар, деган бўлса тўғри гапирибди-ку. Ахир шундай арзончилик, омончилик замонда ҳам ҳалиги қилиб (тиланиб, деган калимага тилим бормади) юрадими киши?!
– Одатимиз, балонгни олай, одатимиз. Худо бизни шунинг учун яратган.
Суҳбатдошим гап орасида узуқ-юлуқ қилиб бир афсона гапириб берди. Унда ривоят қилишича, жуда қадим замонда, қайсибирам мамлакатда шоҳ лўли қизга уйланибди. Ҳукмфармо овга кетган кунларининг бирида мулозимлар қарашса, малика: «Садақа қилинглар, айланайлар, хайр қилинглар», деб ўзи токчага қўйган нон бурдаларини териб юрган эмиш. Подшо шикордан қайтиши билан уламолар бу воқеани оқизмай-томизмай гапириб беришибди. Шаҳоншоҳ оташин бўлиб, хотинидан бу ҳолнинг сабабини сўрабди. «Одатимиз шу, дебди малика, бусиз туролмаймиз».
Ҳадемай айқашиб ўсиб ётган ва бир ёғи тўқайга туташиб кетган толзорда латта-путталардан қуроқ қилиб тикилган пастак чодир кўзга ташланди. Атрофида моллар ўтлаб юрар, бу маскан аллақандай сирли бўлиб туюларди. Шу тўқай ҳақидаги талайгина афсоналар ёдимга тушди. Базм қуриб ўтирган жинлар, эчки қиёфасига кирган ажина ва ҳоказо. Тунлари бу ердаги шоғолларнинг чинқириғи, бўриларнинг увлашини ўзим ҳам бир неча бор эшитганман.
– Қўрқмайсизларми, – сўрадим беихтиёр.
Лекин саволим жавобсиз қолди: аёл хавотирона овоз берди.
– Ханифа-а-а!
Чодирдан китоб қўлтиқлаган, қорамағиз қиз чиқди; ажабланиб, менга бош-оёқ назар ташлади. Сўнг нигоҳларини ойисига қадади. Унинг ана шу қарашидан: «номаҳрам кишини эргаштириб келишга бало борми», деган дашномни уқиб олдим. Дилим андак ғаш бўлди. Лўли аёл қизига ўз тилида гапира кетди – тушунишимча, менинг табиблигимни маълум қилди, ичкарини тартибга келтиришни тайинлади.
Чодир ташқарисидан кўримсиз, увада бўлса ҳамки ичкари саранжом-саришта эди. Ўртада эски кўрпачаларга ўралган чол букчайганича ғамгин ётар, ўзи ҳам қоқсуяк бўлиб кетганди. Бояги қиз бўлса шубҳали нигоҳ билан ҳар бир ҳаракатимни таъқиб этарди; аёл эса ҳамон жаврарди. Назаримда у эрига мен тўғримда гапирарди. Бемор алламаҳалгача сукут сақлаб турди-ю, юзини нохушгина буриштириб қўйди.
– Амаки, қаерингиз оғрийди, – сўз бошладим мумкин қадар меҳрибон оҳангда.
– Қорни оғрийди, – унинг ўрнига жавоб қайтарди аёл ва такрорлади, – озорики тортади – ҳадди йўқ! Худога нола қиламан...
Чолга термометр қўйдим, фенондоскоп билан юрагини тингладим, қорнининг қаери, қачондан бери оғришини обдон сўраб олдим. Беморнинг гапларига қараганда, у хроник гастритга чалинганди. Режимсиз, пала-партиш овқатланиш оқибати эди бу.
– Бугун зубтурум қайнатиб беринглар, эртага дори-дармон олиб келаман, – дедим, – ҳафта-ўн кунда ўтиб кетади.
Отахоннинг юзида бирор ифода пайдо бўлмади, лекин лўли аёл билан қизи бир-бирларига ички бир қониқиш билан мамнунгина назар ташлаб қўйишди. Бу хурсандчиликда икки туйғу мужассам эди: биринчидан, оила саркорининг соғайишидан умид, иккинчидан, уларни ҳам қўлловчи, меҳрибонлик қилувчи маҳрам кишилар борлигини ҳис қилиш туйғуси эди. Зотан бир умр камситилган, яккаланган киши ўзига мададкор, такягоҳ топганда, қандай аҳволга тушишини тасаввур қилиб кўриш қийин эмас. Бу хуррам ҳолат менга ҳам юқди ва лўли аёлнинг таклифидан кейин у кўрсатган пўстакка ихлос билан ўтирдим; чой ҳўплаб, қаршимдаги қизга кўз қиримни ташладим. У хушқомат бўлиш билан бирга, қошлари пайваста, нигоҳлари жиддий эди. Қишлоғимизнинг казо-казо қизлари менга кўз қири ташлашни, имкон бўлиши билан гап қўшишни хуш кўришарди. Ҳанифа бўлса нигоҳларини ҳам, ўзини ҳам менга олиб қочаётганди. Жавобан мен ҳам бепарво бўлишга аҳд қилдим. Аммо кўп ўтмай унинг қанақа китоб ўқиётганига жуда-а қизиқиб қолдим. Муқовада «Олеся» деб ёзилганди. «Қанақа китоб ўқиётганингни айтсанг, кимлигинингни айтиб бераман» деган нақл бор. Аммо мазкур китобга қараб, Ҳанифага баҳо беришдан ожиз эдим– чунки А.Куприннинг бу қиссасини ўқимагандим.
Чодирдан қайтиб, қишлоқ  кутубхонасига кирдим. «Олеся» рус тилида бўлса ҳамки тушунарли, равон эди.
Қиссада рус зиёлиси Иван Тимофеевичнинг (собиқ фельдшеримизнинг адаши) қишлоққа ҳордиқ чиқаргани келиб, лўли қизи Олесяни оташин муҳаббат билан севиб қолганлиги тасвир этилганди. Иван Тимофеевич Олеся учун ҳамма нарсага тайёр, лекин мағрур қиз йигитнинг бу мажнунона ҳолатига эътибор бермайди. Ниҳоят, не-не уқубатларда Олесянинг кўнглига йўл топади ҳам. Шунда жоҳил мужиклар бундан воқиф бўлиб, лўли қизни сеҳргарликка айблайдилар ва қишлоқдан кўчириб юборадилар. Олесянинг қорамағиз қиёфаси, доно мушоҳадалари кўз ўнгимдан кетмай қолди. Ҳанифа билан унинг орасида аллақандай муштараклик бордай эди.
Эртаси зарур дори-дармонларни олиб, чодир томон йўл олдим. Оила аъзолари билан эски танишлардек саломлашдим; беморнинг сиҳатини суриштирдим. Унга ҳеч қандай ўзгариш йўқ эди. Зудлик билан бир неча қошиқ гидрокарбонат магний (ичимлик сода) ни бир коса сувда обдон эритиб, чолга узатдим.
– Шуни ичиворинг, оғриғи қолади.
У косани қўлига ҳам олмади. Савол назари билан хотини, қизига қаради. Дилимда нохуш ҳис уйғонди: демак, менга ишонмаяпти.
– Отахон, ичинг, мен докторман – одамларни даволайман, деб қасам ичганман.
Қизи билан хотини ҳам далда беришди. Бемор дорини сипқориб бўлгач, ични юмшатадиган, вужудни қувватга киритадиган дори, дармон-дорилар бердим. Ҳанифага тушда ва кечқурун дори тайёрлаб бериш йўлларини ўргатдим. Шу баҳона бўлди-ю, иккаламиз беихтиёр гаплашадиган бўлиб қолдик. Лекин у барибир мен билан мулоқот қилишга иштиёқманд эмасди.
Эртаси келсам, отахон қиблага қараганича намоз ўқиётган экан. Муолажалар ўзини кўрсатганидан қувондим. Оиладагиларнинг ҳам хурсандчилиги беҳудуд эди.
Тағин бирор ҳафтадан кейин биз Ҳанифа билан эркинроқ гаплашадиган бўлдик. Ҳаммаси бўлиб, у тўртинчи синфни битирган экан холос. Самарқанд шаҳрида биринчи синфни тожикча тугатиши билан оила Каттақўрғонга кўчибди. Бу ерда бир йил ўзбекча ўқишга тўғри келибди, сўнг Навоий шаҳри яқинидаги геологлар пасёлкасида икки йил русча таълим олибди.
– Қишлоғимиздаги мактабга кирсангиз яхши бўларди, – дедим синовчан назар ташлаб, – ўнинчи синфга қабул қилишар. Зарур бўлса, орага тушаман. Ҳар­ҳолда одамлар орасида...
– Одамлар орасида, дедингизми, – ажабланди у, – бунинг нимаси яхши? Назаримда улардан узоқроқ бўлиш афзал...
Қизнинг узилиб қолган каломида аллақандай таънали маломат бордай эди. Шунинг учун қизиқувчанлигим сўнмади.
– Хўш, нега энди?
– Назаримда одамлар бир-бирларини камситиш, нописандлик қилиш, асабларини эговлаш учун яратилгандай...
– Нотўғри, – рад этдим, – одамлар бир-бирларига меҳрибон бўлмоғи шарт. Жамиятдан узилиб қолган кишининг бахтли бўлишига ишонмайман!
– Жамиятдан эмас, ватандан ажралганлар бахтиқаро бўлади, – давом эттирди у.
– Тўғри, лекин...
Мен: «Ватан – жамият деганику» демоқчи бўлгандим, у сўзимни кесди.
– Мана, бизнинг авлодга ўхшаб. Осиё лўлисими, Европаникими – фарқи йўқ.
– Тушунмадим, – тан олдим.
У уқдира бошлади.
– Биз аслида Покистоннинг Мўлтон шаҳриданмиз. Хунрез душман шаҳримизни босиб олиб, боболаримиз, момоларимизни ер юзига сочиб юборган. Ватанидан ажралган эса... Халқим тиланчи, фолбин бўлиб қолган.
Табиийки, мен бундай маълумотлардан  бехабар эдим, теран мушоҳадалардан ҳайратга тушдим.
– Кўп нарса кишининг ўзига ҳам боғлиқ, – суҳбатимиз узилиб қолмаслиги учун эътироз билдирдим, – одамлардан ўзини олиб қочмаса, аралашса эл бўлади. Мана, раиснинг таклифини ҳам рад этибсизлар. Ваҳоланки...
– Раис бизни фермага таклиф этди. Эҳтимол сиз буни илтифоту эҳтиром деб биларсиз. Аммо масалага чуққуроқ қараш керак. Тамакига яхши ҳақ тўлашяпти, шунинг учун фермадагилар ҳам далага кетиб қолишди. Энди у ерга ишлайдиган одам керак. Бунақа ғамҳўрликни кўп кўрганмиз. Айниқса сизнинг ҳамқишлоқларингизга ишониш қийин. Пуллари кўпайган сари жоҳиллашади улар. Эшитганмисиз: девона гурез маст одам, маст  гурез зармаст одам.
– Нотўғри, – рад этдим, андак жаҳл билан.
– Аччиқчангиз келдия, – вазиятни юмшатди Ҳанифа, – ё ғурурингизга тегиб қўйдимми. Майли ҳарҳолда ўтган йили мачитда бўлиб ўтган воқеа ёдимиздан чиққани йўқ.
Ёдимга лоп этиб, қишлоқдошларимнинг ўша шармандали қилмишлари тушди. Дарҳақиқат аввалари бунақа нобакорликлар бўлмасди бизда. Тамаки эвазига катта ҳақ оладиган айрим кишилар уни «ювадиган» одат чиқаришди. Бир неча кунлаб маст бўлиб юришлар, бақириқ-чақириқлар авж олди. Ўша куни бир тўда бадҳоҳ бойвачаллар обдон ичишади. Инсоний қиёфасини йўқотган баъдавийлардан бири: «Давай, бориб лўлиларнинг қизини ...миз», деб қолади. «давай», дейди бошқалари ҳам. Ўша кузда қишлоғимиз мачитига лўлилар қўнганини эшитган эдим. Мачитнинг қулаган устунларини ўша лўлилар тиклашганини мўйсафидларимиз мамнуният билан таъкидлайдиган бўлишганди.
Хуллас, ҳалиги қутирган тўда ваҳший бўриларга ўхшаб мачитга бостириб боради. Қарашса бир лўли чол намоз қироат қиляпти. Таомил бўйича, намоз ўқиятган кишига жаллод ҳам халақит бермаслиги керак. Аммо бу нобакорлар чолга ҳам хотин халажга ҳам ташланиб қолади. Аёллар ўзларини четга олишади. Мўйсафидни эса оёқ остига олишади. Ўзингиз тасаввур қилиб кўринг-а: бола-чақанинг кўзи ўнгида мўйсафид оталарини оёқ остига олиб тепкилаш тубанлик эмасми?!. Лекин шундай қилишади. Улар қишлоқдошларимизни қарғаб, қарғаб кўч кўлонни кўтаришади.
Ҳанифанинг хозирги таънаси ўринли эди. Мен жавобан ҳеч нима дея олмадим. Биз жимиб қолдик. Гапни бу нохуш хотирадан бошқа ўзанга буриш талаб этиларди.
– Сиз билан Олеся ҳақида гаплашмоқчи эдим, – кўнглимда тугиб юрган ниятимни юзага чиқардим.
– Майли.
– Мен унинг тақдирига ачиндим: улар бир-бирларига етишолмай қолганликлари аламли.
– Йўқ, аксинча, етишмагани мақул.
– Хўш, нега, – менга ёқинқирамади унинг жавоби.
– Етишган билан бахтиёр бўлишолмасди.
– Қўшилмайман, – эътироз билдирдим.
– Муҳаббат дегани кўпинча бир-бирига етишгунча олов олиб, сўнг сўниб қоладиган ўткинчи туйғу.
– Шоирлар асрлар оша улуғлаб келган олижаноб туйғуни шунчалик камситиш, ерга уриш мумкинми?!.
– Билмадим, Бизнинг қизлардан бирортаси бошқа миллат ёки элат вакилларига тегиб, бахтиёр бўлганини ҳеч ким эслолмайди.
Мен алланечук бўлиб кетдим. Дилимда оловланаётган умид учқунларига совуқ сув сепилгандай бўлди.
– Наҳотки, муҳаббат аллақандай миллат ёки эътиқод танласа, – шу баҳонада мақсадга ўта бошладим, – наҳотки, шунча китоблар ўқиган зукко қиз уни қадрламаса, тушунмаса.
Ҳаётни китоблардан ўрганарканмизда энди, – киноя қилди у.
Шу тариқа алламаҳалгача давом этган баҳсимиздан сўнг мен қўл қўтардим. Унинг мушоҳадалари ҳақиқатдан ҳам, ҳаётий ва асосли эди.
Чол тузалиб кетгандан кейин ҳам уни «даволагани» келавердим. Биз Ҳанифа билан кўп мавзуларда баҳслашсак ҳамки, у ҳамон нигоҳларини яширишга ҳаракат қиларди, юрагига қўл солмоқчи бўлсам, ғуссага ботгандай бўлиб, гапни бошқа томонга бурарди. Ўксиб кетардим бундай дақиқаларда.
– Сизни кўзларингизда аллақандай сеҳр бор, – дедим меҳрим жўшиб, – лекин ишвагар қорачиқларингизни мендан яширишингиз нохуш.
– Чунки сизни сеҳрлашни истамайман. Кўз билан сеҳрлаш бизнинг қонимизда бор. Олеся ҳам Иван Тимофеевични сеҳрлаб қўймаганда, бунчалик маломатга қолмасди. Менинг бир аммам бор эдилар. Раҳматли сеҳрлаш йўли билан кўп касалларни даволардилар.
– Мен бунга ишонмайман, – фикримни яширмадим.
– Биламан, ишонмайсиз. Фолга ҳам ишонмайсиз.
– Ишонмайман! Бир фолбин аёл менга умр бўйи дилгир ва дилғаш бўлиб яшашимни айтганди. Мана, кўриб турибсиз – бахтиёрман. Чунки ёнимда сиз борсиз!
– Майли, ишонманг. Ихтиёр. Лекин айтингчи, сиз қоранайманлик Боймурод мўйлов деган кишини танийсизми.
– Танийман.
– Шу одам аммамга ўғил тутинганди. Аммам вафот этганда, бел боғлади, маъракаларга бош-қош бўлди. Чунки аммам ўша одамни ўлимдан олиб қолганлар.
– Қандай.
– Боймурод аканинг оёғи шишиб оғриганда, докторлар: рак бўлибсиз, тиззангиздан пастини кесиб ташламасак, ўзингиз ҳам нобуд бўласиз, дейишган. Боймурод ака бўлса: «Жарроҳлар қўлида чок-чок бўлгандан кўра бола-чақамнинг олдида жон берай», дейдию касалхонадан қочади. Тасодифан уларникига аммам кириб қолади. Ҳол-аҳвол сўраб, дуо қилади. Сўнг беморнинг оёғини кўриб: «Ўн кунда даволайман», дейди. Эртаси исириқни янчиб, сувга ивитади-ю оёқнинг буғинларига боғлайди, унинг кўзига тик боқиб, сеҳрлай бошлайди.
– Қандай қилиб, – шошиб сўрадим.
«Бу Мадинадан келтирилган маккаи санонинг уруғи. Жуда ҳам ноёб дори», дейди ҳалигини кўрсатиб. Агар ўн кун деганда ҳассани ташлаб ўрнингдан туриб кетмасанг, ҳарна бўлай. Батамом тузалганингдан кейин битта эчкичангни берсанг кифоя.
«Улоқ ҳам гапми, лўли момо, дейди Боймурод ака, бир умрлик ўғлингиз бўламан».
Ишонасизми, бемор нақ  етти кун деганда ҳассасини улоқтириб ташлайди. Ўнинчи куни ҳовлисини айланиб югуради.
– Бундай бўлиши мумкин, – мойил жилмайдим, – аввало ўша чаласавод докторлар нотўғри диагноз қўйишган – шишни рак деб ҳисоблашган. Анализларни нотўғри олган, нодонлар. Исириқ ҳам кўмаклашгандир, шу билан бирга аммангизнинг ишонтириш қобилияти иш берган. Медицинада буни психотерапия дейишади.
– Демак, илмий асослар ҳам бор эканда, – ҳайратланди суҳбатдошим. Аммамнинг кўзида сеҳр бор экан, демак, менда ҳам бўлиши мумкин.
– Балки шундайдир, – ён бердим.
У мени кузатиб қўймоқчи бўлганди, ойиси рўйхушлик бермади – алланималар деб чақириб олди.
Мен зўр бериб тожикчани ўргана бошладим. Ҳанифанинг нақл қилишича, вақт ўтиши билан лўлилар ўз она каломларини унутиб, бутун Хуросон ва Моварауннаҳрда давлат тили бўлиб келган тожик тилига ўтишган экан. Гарчанд улар ўзбекчани яхши билишсада, ўзаро нуқул тожикча гаплашишарди.
Ҳанифа билан бўладиган баҳсларимиз боқий бўлишини истардим, албатта. Мен қишлоғимиз, ҳатто колхозимизда тополмаган доно суҳбатдошни шу кўримсиз тўқайдан топиб олгандим. Ўзимча талай режалар туза бошладим. Ҳанифага шу йилиёқ уйланаман, уни ўқитаман. Ҳеч қачон уни ранжитмайман, бевафолик қилмайман. Унинг ота-онасини ўзимникидай ҳурмат қиламан. Уларга ҳақиқий ўғил бўламан.
Ҳаким ака, –  номимни ширин бир латофат билан тилга олди кунларидан бирида кўзларимга тик боқиб, – сиз бағоят беғубор одамсиз. Қалбингиз жуда тиниқ. Дадам билан бибим сизни ўз ўғилларидек яхши кўришади. Сиз лўлиларни камситишни хаёлингизга ҳам келтиролмайсиз. Шунақа тарбиялангансиз.
– Сизни кафтимда кўтариб юраман, – дедим биринчи бор, – оиламизнинг эрка келини бўласиз.
Кейин биз бошқа жойларда учрашадиган, муҳаббат, келажак ҳақида жўшиб, сархуш суҳбат қурадиган бўлдик. Фақат тўй ҳақида сўз очилганда. Ҳанифанинг кўзларида ўша нохуш ғамза пайдо бўлар, тоғамми, онамми, уни камситиб қўйишларини ўйлаб, дили ғуссага тўларди. Мен уни бу ҳолатда кўришни ҳеч ҳам истамасдим. Шунинг учун ҳам зўр бериб овутишга тушардим.
Ҳаким, – деди ойим бир куни хаёлларим билан банд бўлиб ўтирганимда анча андиша, мулоҳаза билан, – тоғанг бошингни боғлиб қўяйлик, деяпти. Ҳозир нон синдириб қўйсак,  кейинроқ тушириб оламиз. Ҳадемай тамакининг пулини бериб қолишар.
Гап шундаки, боягина лўли хола келганди, ойим иккаласи алланималарни узоқ гаплашишганди. Мен катталарнинг бу хайрли ишларидан қувондим, аммо ўзимни имкон қадар оғир тутиб, жавоб беришга шошилмай турдим.
– Тоғанг уч-тўрт кишини юбормоқчи. Бир олдингдан ўтайлик, дедик.
«Бунга Ҳанифа қандай қараркин. Ҳар ҳолда бояқиш қизни огоҳлантириб қўйиш керак-ку».
– Лўли хола розими, – сўрадим беихтиёр.
Ойим эшитмадими, тушунмадими қайта сўради. Саволимни такрорлаганимдан кейин ажабланиб қолди. Негадир дилимда ногаҳоний ғусса пайдо бўлди ва томоғимни буққандай бўлди.
– Тоғам кимникига одам юбормоқчи?
– Қайнотасиникига, ўғлим. Янгангни синглисини кўргансанку. Тахтапушти сочи билан битта.
– Керак эмас! – Бўғзимдан отилиб чиқди бу садо.
Ойим қўрқиб кетди, ранги қув учди, атроф-теваракка аланглади. Саросимланиб, менга илтижо қила бошлади.
– Жон болам, бу гапни тоғанг эшитмасин!
– Эшитса ҳам майли, мен Лўли холанинг қизи – Ҳанифага уйланаман! Бошқаси керак эмас!
Ойим изиллаб йиғлашга тушди. Менинг азму қароримдан воқиф бўлган тоғамнинг одатдагидек, бўйин томирлари бўртиб чиқди. Муштини тукканича атрофга қасоскорона аланглай бошлади.
– Сезгандим барини! Кўнглимдан ўтувди. Энангни... лўлилар бу болани иссиқ-совуқ қилган. Бу лакалов, довдирнинг хабари йўқ. Вой онангни...! Вой хамширангни ...сан тиланчиларни!.
– Сўкманг, уларни! – биринчи бор овозимни кўтариб, тоғамнинг юзига тик қарадим. Бу важоҳатимдан сесканиб тушди у ва анча насиҳатомуз давом этди.
– Йўқ, бундай каллангни ишлат. Келиб-келиб лўлига уйланасанми?! Тиланчигая?! Одамлар нима дейди?! Менинг устимдан кулишадику. Ўйлаб кўр!
– Барини ўйлаб кўрганман, – мухтасар қилдим, – гапим – битта!
Ҳа, майли, ўзинг биласан, – деди зарда билан, – лекин сени инс-жинс қилишгани аниқ! Лўли дегани кўзи билан макрлаб қўяди одамни. Кўрганки, ўқиган бола...
Бир маромда сокингина умргурзонлик қилаётган хонадонимиз зум ўтмай тус-тўполон бўлиб кетди. Янгам алланимани таъна қилиб улоқтирди. Ойим бўлса уларга қараб хавотирона жовдирарди. Мен бўлсам бу ноҳуш холатни енгишни, унга барҳам беришни ўйлардим. Эртаси Ҳанифа билан учрашиш, у билан ЗАГСдан ўтиб қўйиш режаларини ўйладим. Унинг дилида заррача шубҳа уйғотмаслик учун, бугунги дилсиёликларни ундан батамом сир тутиш керак эди. Чунки у хонадонимизнинг эрка ва бокира келини бўлажагини қасамлар ичиб айтганман. Қизнинг бу ишончига осонлик билан эришганим йўқ, албатта. Бунинг учун не-не изтироблар чекмадим?!.
Тоғам одатдагидек, чопонини елкасига ташлаб аллақаёққа чиқиб кетди. Оиладаги машмашалар ҳам тинди. Кейин туни билан кўзимга уйқу келмади. Режалар ва гумонлар калламда айқашиб ётарди. ЗАГСдан ўтгач, Ҳанифани шаҳарга олиб кетишни, квартирада яшаш, уни ҳам ўқитишни аввалданоқ бўйнига қўйган эдим. Агар Ҳанифа ҳамшира бўлиб олса, иккаламиз умримизни ҳамқишлоқлар саломатлигига бахш этишимиз мумкин бўлади. Медпунктни кенгайтирамиз, янги бўлимлар очамиз. Фарзандларимизни ўқитамиз.
Эрталаб шошилинч тўқайга йўл олдим. Аммо бу ерда жуда мунгли ҳолнинг устидан чиқдим. Қадрдон чодирнинг ўрнида ҳеч вақо йўқ эди.
Улар куч-кўлонни шошилинч кўтаришган бўлишса керак, латта-путталар тартибсиз ва паришон сочилиб ётарди. Мен талвасага тушгандай бўлиб, бир парча хат ёки ёдгорлик излай бошладим. Гарчанд ҳеч вақо тополмаган бўлсам ҳамки дилимдаги умид сўнмади. «Улар узоққа кетиб улгуришмагандир», деган шуур билан югуриб тепаликка чиқдим. Уфққа туташиб кетган сўқмоқ ғарибона ҳувиллаб ётарди. «Эҳтимол улар мачитга кўчишгандир, шундай қилишган. Бир қадам бўлса ҳам одамларга яқинлашиш, уларнинг меҳр-оқибатларидан баҳраманд бўлишни ўйлашган. Бунинг устига салқин ҳам тушиб қоляпти».
Мен мачит томон девонавор ҳолатда югурдим. Назаримда Ҳанифа, ҳа ўша ғамгузор ва сеҳргар Ҳанифам қадимий мачитнинг ўймакор устунига суяниб, мени кутяпти. Менинг телбадай ҳолатимни кўриб, қаҳ-қаҳ отиб кулиши аниқ.
Эҳтимол, дадаси ҳам қиблага қараб намоз қироат қилаётгандир.
Мен ҳаллослаб югурардим. Одамлар ортимдан ажабланиб кузатишарди. Мажнунона ҳолатимнинг боисини билишмасди.
Мачитга келиб, энг аввал заҳарли кимёвий моддалар ва минерал ўғитлар уюмини кўрдим. Уларнинг қўлланса ҳиди гуп этиб димоғимга урилди. Дилимни беҳузур қилди. Майда ўймакорлик билан безатилган устунлар мунғайиб тургандай эди.
Мен карахтланиб қолдим. Энг сўнгги умидим, илинжим ҳам сароб бўлиб чиққанди мен бахтиқаронинг! Нима қилишимни, қаерга боришимни билмасдим. Бир вақтлар мана шу айвонда намоз ўқиётганда роса калтакланган бегуноҳ чолдай афтодаҳол ва пажмурда бўлиб  қолгандим. Дилим лахта-лахта қон эди!
Кейин бир кори ҳол бўлиб уйга қайтдим. Эртаси ҳам индини ҳам изладим. Лекин улар сувга тушган тошдай бедарак эдилар.
Ҳанифа қаерда бўлса ҳам бир энлик хат йўллар, деган умид бир йилгача дилимга қувват бўлиб юрди. Аммо бояқиш почтачи ҳам умидвор нигоҳларимдан кўзини олиб қочар, мен сўрамасимданоқ елка қисарди.
Сўнг ўзимни ўқиш, иш билан овутадиган бўлдим.  Дипломимни олгач, медпунктга бош врач қилиб қўйишди. Зарур медикаментлар, ашёларни жамғаргач, қурилишга зўр бердим. Колхознинг, соғлиқни сақлаш идораларининг  мадади  билан  терапевт,  нервопотолог, педиатр кабинетлари ишга тушди. Бир йил орасида медпункт амбулаторияга айлантирилди.
Гоҳида ярим тунгача ишлашга тўғри келарди. Ҳанифанинг ҳажри дилимни ўртаганда ёки ҳаддан ташқари чарчаганимда ҳеч кимга кўрсатмай бир оз спиртга сув аралаштириб ичиб юбордим. Шунда томирларим бўйлаб сархуш бир туйғу югургандек бўларди.
Аммо бу масалада ҳам омадим келмади.
Обкомга болалар ўлими олдини олиш масаласи муҳокама қилинган экан. Шунда бизнинг район раҳбарларини ҳам роса дўппослашибди. Чунки болалар ўлими бўйича бизнинг район биринчи ўринда экан-да.
Таомил бўйича обком йиғилишининг қарори районда ҳам муҳокама қилинди. Биринчи котиб, район соғлиқни сақлаш бўлимининг мудирини, колхоз раҳбарлари, врачларни хумордан чиққанча танқид қилди. Ана шу машъум рўйхатга менинг ҳам фамилиям тушиб қолган экан. Казо-казолардан кейин менга сўз беришди. Аслида мен ҳам бошқаларга ўхшаб: «Танқид тўғри, барини бўйнимизга оламиз, камчиликларни тузатамиз», деганимда ҳеч гап бўлмас экан. Мен ношуд бўлсам негадир ҳақиқатни гапиришни лозим топди.
– Колхозимизда болалар ўлими камаяяпти, аммо унинг проценти ошмоқда.
Менинг бу гапимдан ҳайъатдагилар ажабланиб, бир-бирларига маъноли назар ташлашди. Бир лаҳза тин олдим-у гапимни рақамлар, фактлар билан исботлашга киришдим.
– Авваллари бизда болалар ўлими унчалик ҳисобга олинмаган. Атайин яширилган. Энди биз тўғри регистрация қиляпмиз. Шунинг учун аввалги йилларга таққослаганмизда...
– Баҳона изламанг, – сўзини кесди биринчи.
– Лекин болалар ўлимини камайтириш фақат биз – докторларга боғлиқ эмас.
Ҳа, кимга боғлиқ? – биринчининг саволида нохуш зарда бор эди.
– Тамаки майдонларини кенгайтиришяпти. Ҳатто боғча болаларини ҳам тамаки тизишга олиб чиқишяпти, унинг зарарли шираси овқат билан ошқозонга тушяпти. Эмизикли аёллар қўлларини ҳам ювмай болаларига сут, овқат беришади.
– Сиз гапни айлантиряпсиз, – овозини андак кўтарди биринчи таҳдид билан, – айбингизни соқит қиляпсиз. Таклифингизни айтинг!
– Тамаки майдонларини қисқартириб, боғ-роғларни кўпайтириш керак!
Менинг бу таклифим анжуман аҳли учун томдан тараша тушгандай ғайритабиий бўлиб туюлди. Айримлари устимдан кулишди, бошқалар залдан туриб луқма ташлашди. Биринчи котиб қовоғини баттароқ уйиб, шаҳодат  бармоғи билан мени кўрсатганча, бошлиғимга негадир русчалаб буйруқ берди.
– Снять!
Севимли машғулотимдан айрилиб қолгандан кейин тағин илк муҳаббатимни беҳудуд бир дард билан қумсайдиган бўлиб қолдим. Унинг ҳушқомат рухсори кўз ўнгимдан кетмай қолди. Негадир унинг кўкрагига бош қўйиб, ўксиб – ўксиб йиғлагим, ғамгузор дардлардан фориғ бўлгим келарди.
Кўп ўтмай рентген хонасини очиб мени ўшанга мудир қилиб қўйишди. Ойимнинг оҳу воҳлари, қистовларга чек қўиш учун қўшни қишлоқда бир (қари) қизга уйландим ҳам. Бояқиш аёл тўйдан кейин кўп ўтмай ер олиб, тамаки экиш зарурлигини миямга қуя бошлади. Дарҳақиқат, биз моддий масалада қўни-қўшнилардан анча кейинда қолиб кетган эдик.
Шунақа гаплар. Мен қоронғу хонага яшириниб олиб, одамларнинг кўкрак қафасини суратга тушираман. Тамаки чекиб ўпкасини хасталантириб қўйган, ароқ ичиб, меъдаларини ишдан чиқарган қишлоқдошларимни койиб қўяман. Ишдан қайтиб, хотиним ва қизим Ҳанифанинг ёнларига чўнқайиб оламан-у тамаки тизаман. Кейин қонни қиздирадиган нарсаларнинг бирортасидан бир-икки қултум ичиб юбораман.
Бир вақтлар лўли қизни мажнунона севиб қолганимни одамлар ҳазил-чин аралаштириб, ҳамон юзимга солишади, ҳазил-мутойиба қилишади. Мен индамай қўя қоламан. Бу гаплар энди унчалик таъсир этмайди. Тақдирга тан берганман.
Менга кейинроқ аён бўлган бир аччиқ ҳақиқат ҳақида ёзмоқчиман: маълум бўлишича, ўшанда тоғам, ҳамқишлоқларим бориб, Ҳанифаларни сўкиб-сўкиб, ҳайдаб юборган экан. Ана шу гапни эшитиб, дилимда ногаҳоний исён пайдо бўлди. Кейин бехудуд ғазабимни босиш учун бир пиёла тоза спиртни ичиб юбордим.
Уйга лўлилар келиб қолишса, хотиним, одатдагидек, ҳазил аралаш киноя қилади:
Ҳанифа, тур қизим, дадангнинг уруғларига қарашвор. Бу киши ўксиб юрмасинлар.
Бу танъа ҳам менинг дилгир ва ғаш қалбимда ҳеч қандай ҳис уйғотмайди. Фақатгина бир маҳаллар бозорда менинг тақдиримдан фол очган лўли аёлнинг кароматлари тўғри чиққанидан ажабланиб қўяман.
*  *  *
Дадам шоша-пиша унга жавоб хати ёздилар. Кейин негадир ҳаммадан бирдан Лўли момони эслаб қолишди. Бедарак бўлиб кетганидан хавотирг

Комментариев нет:

Отправить комментарий