четверг, 1 марта 2012 г.

САРҲИСОБ-5

   Рухсора  иккаламиз ёлғиз қолиб, беихтиёр,  бу ёруғ дунёни ногаҳонда ва  барвақт тарк этган  қадрдонларни хотирлаб қолдик.   Мўмин Шерқулов, Фазлиддин Султонов, Холкарим Расулов ва бошқаларни эҳтиром ила ёдга олдик, уларнинг олийжаноб хислатларини сифатладик.
   Номини тилга олган биродарларимнинг бари мендан тахминан ўн ёшлар катта эди. Ўзимдан ёши анчайин катта  кишилар  билан бунчалик дўстлашиб қолганим сабабларини  эса ҳозир ҳам айтиб беролмайман. Лекин худди тенгдош  дўстлардек эдик бу жаннати инсонлар билан.
    Бугун шулардан бири - Мўмин Шерқулов  ҳақида ёзгим келди.
   Бу ашраф инсон  билан агрофакда бирга ўқиганмиз. Ўқишнинг дастлабки ҳафталари,  анчайин деҳқонча кийинган, ёши катта бу ҳамкурсимизга жилла мавҳум ва нописандроқ муносабатда бўлганмиз. Бир куни декан ўринбосари уни ўрнидан турғизиб,  саволлар берди.
    Шерқулов қизилтепалик эканлиги,  курсни битириб,   колхозда бош агроном бўлиб ишлагани, билим ва диплом олиш зарурати уни институтга етаклагани;  хотини, тўрт нафар боласи билан  келиб,  ижарада яшаётганлигини гапириб берди.

   Бора-бора бу ҳамкурсимиз ҳаётий тажрибада  ҳаммамиздан устунлигини намоён қилди ва унга нисбатан ҳурматимиз ошаборди. Ҳар гал амалиётга чиққанимизда, декан у кишини бизга  раҳбар қилиб тайинларди.
    Институтни битиргандан кейин Мўмин акани институтнинг ёрдамчи хўжалигига агроном қилиб қолдиришди. Кўп ўтмай,  у ерга раҳбар бўлди. Бир неча йилдан кейин эса “Боғизоғон” совхозига директор қилиб тайинлашди.
   Мен бу орада совхозда агроном-энтомолог бўлиб ишладим, кейин вилоят газетасига ишга олишди. Лекин Мўмин ака қаерда бўлса, бориб турардим. У киши билан оилавий борди- келдимиз  ҳам бор эди.
   Раҳматли Мўмин ака бағоят самимий одам эди. Самимий кишилар эса  ишонувчан, беғубор  бўлишади.  У киши  совхозда директор бўлганда мен “Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг Самарқанд,  Бухоро вилоятлари бўйича мухбири эдим. Бир куни совхозга борсам, директор машина-трактор паркида эканлигини айтишди. Ўша томонга  йўл олдим. Биродарим ташрифимдан қувонди ва қилган ишларидан кўра режалари ҳақида кўпроқ гапирди. “Молдавиядан токарлик  станоги олаяпмиз, қўшни хўжаликлар техникасини ҳам  ўзимиз таъмирлаб берамиз”, деди  у киши.  Кейин борона бўяётган икки киши томон имлаб:  булар ўша ердан келган вакиллар эканлигини, станоклар келгунча бекор туришни истамаганликларини  гапирди.
  Мен ҳам ҳеч нимарсадан шубҳаланмадим ўшанда. Орадан бирор ҳафта ўтгач, вилоят газетасида  ишлайдиган ҳамкасбим, анчайин ташвиш билан: “Цыганлар бародарингизни катта пулга  тушириб кетибди, бари қаллоблар экан” деб қолди.
   Аён бўлишича, ҳалиги борона бўяётганлар  лўлилар экан. Мен бориб-келгандан кейин уч кунлар ўтиб,  уларнинг хотин-халаж, бола-чақалари идорага бостириб келишибди. Лўлилар атамани қўлидаги ойболтани ўйнатиб, директорга юзма-юз бўлибди ва ҳисоб-китоб қилишни талаб этибди. “Тезроқ бўл, ҳақимизни тўла, дебди. Вақтимиз зиқ, бизни Бухорода кутишаяти. Тўламасанг, хотин-халажга айтаман, дабдалангни чиқаришади, булар жуда шалаққи” қўшиб қўйибди. “Қанақа ҳақ,” ажабланибди Мўмин ака. “Фалон минг сўмга шартнома тузилиб,  ҳар икки томон имзо чеккан  пул”,  деб қоғозни кўрсатибди. “Ҳақимизни тўламагани учун бир директорни болта билан чопиб ташлаганман, менга ҳеч нима дейишмади, чунки қонун мен томонда эди” дебди.
    Қарангки, Мумин ака  “Биз молдавиядан келган меҳмонлар” деган гапга ишониб, оғзаки шартнома тузган ва уларнинг таклифи билан тўлдирилмаган қоғозга имзо чекиб юборган экан. Булар шартномани ўз ихтиёрларича  тўлдириб, директорни катта қарзга ботириб қўйишибди.
   Районга -  прокурор,  милицияга сим қоқишибди. Райкомни хабардор қилишибди. Бир маҳал прокурор билан милиция бошлиғи кириб келса, икки лўли аёл қўлидаги боласини зудлик билан уларга тутқарибди. Болакайлар бўлса худди ўргатилгандай зум ўтмай, қонун ҳимоячилари кўйлагини ҳуллаб қўйибди. “Сизлар қонунни ҳимоя қилинглар, дейишибди аёллар, золим директордан пулимизни ўндириб беринглар.”   Прокурор билан милиция бошлиғи болаларни эгасина топшириб, зўр келса, қочмоқ ҳам ҳунар, деганларидек, жуфтакни ростлаб қолишибди. 
   Бир вақт масалани ҳал  қилгани бағоят  зебо кийиниб юрадиган, нуқул русча гапирадиган райижроком раиси  келибди. Бу бева аёлни айнан ана шу хислатлари учун ижроком раиси қилиб тайинлашган бўлишса ажаб эмасди ўшанда.
  Лўли хотинлар уни кўришлари билан ўраб олишибди “Сен директорнинг хотини ёки ўйнашига ўхшайсан, дебди улардан бири, унга айт ҳақимизни берсин”.  Бу билан қаноатланмай ижроком аёлнинг, тилла занжирини тортиб олишибди.
   Кейин обкомнинг иккинчи котиби келибди. “Буларни жазолаш мумкин эмас, дебди у Шерқуловга, пулни топиб беринг!”  Директор бунча пули йўқлигини айтган экан, у ўзича ёрдам берибди. “Биз банкдан қарз олиб берамиз, сиз кейин маошингиздан тулайсиз”.
   Шундай қилиб, лўлиларни ҳам кўндиришибди. “Энди сизларни автобус билан қўшни Қашқадарё вилояти худудига элтиб  қўямиз,”  дебди обком котиби. “Биз  у ердан яқинда келдик, яхшиси, Бухоро вилоятига борамиз, дебди атаман.  У ердаги раҳбарлар билан тузилган шартномалар бор”.
   Шундай қилиб, кутилмаган, ногаҳоний ва беор меҳмонларни ясама иззат-ҳурмат билан қўшни Бухоро  вилоятидаги  колхозга тушириб келишибди.
   “Боғизоғон”га ҳол сўраб борганимда, Мўмин аканинг кайфияти тузук эди. “Ҳеч қиси йўқ, деди у киши сигирни сотдик, икки-уч ойда қарздан қутуламиз.”  “Пул берай десам, ўзим ҳам ойликдан орттирилмайман” дедим. “Лекин сиз бошқа бир иш қилишингиз мумкин, деди  киши. Лўлиларни қўшнининг ерига қўйиб келиш доно иш эмас. У ерда ҳам бу масхаравозлар кимларнидир қақшатиши аниқ. Газета  орқали хўжалик раҳбарларини огоҳлантириш керак, токи ҳушёр бўлишсин, менга ўхшаб чув тушишмасин.”
     Кўп ўтмай  “Қишлоқ ҳақиқати”да “Огоҳ бўлинг: қаллоблар” деган мақолам босилди.   Муҳаррир атайин сим қоқиб, мақола “юқори”га маъқул тушганини, қишлоқ хўжалик вазирлигининг топшириғи билан  жойларда ўрганилаётганлиги айтганди.  Бу - мен учун қувончли эди, албатта. У вақтларда газетанинг тиражи катта, мавқеи баланд эди.
   Мўмин Шерқулов совхозда кўп ишламади. Самарқанд туманига, ҳалиги бева аёлнинг ўрнига ижроком раиси бўлди. Бир йилдан кейин эса саркотибликка сайлашди. Туманга раҳбар бўлиб ҳам нақ бир йил ишлади. Уни  ишдан олишди. Биродаримга қўйилган айбни гапирсам, Худо ҳаққи кулгингиз келади.
   Ўша пайтларда мафкура бўйича котиба Р. Абдуллаева миллий урф-одатларимизга, жумладан наврўз байрамига ҳам қарши чиққан пайтлар эди. Ёдимда: Тошкентда Ёзувчилар уюшмаси йиғилишида у наврўзни, форсийзабон халқларнинг байрами, унинг бизга алоқаси кам,  деди. Ёш шоир Мирзо Кенжабек: “Бу қандай гап, байрамнинг ҳам миллати бўладими”  деди.
   Хуллас, бу аёл катта йиғилишда  Мўмин акани қаттиқ танқид остига олди.  Аён бўлишича, у киши  совхозда директор бўлганида, қишлоқдаги бир қабристонни обод қилган экан. Бу қабристонда бир авлиё кишининг ҳам қабри бор экан. Табиийки,  шу  вайрона жойга ҳам қувур тортиб, сув келтиришибди, қабр ғиштларини қайта териб,  атрофига гуллар экишибди.
   Абдуллаева бу ҳолни очиқчасига ашаддий хурофот, сиёсий кўрлик, коммунистик ғоялардан чекинишга  йўйди. Шерқуловни ишдан олишди.
   Шундан кейин Мўмин ака Зарафшон дарёси соҳилларидан руслар арзон-гаровга сотиб кетаётган бир неча дала-ҳовлиларни харид қилиб, токзор, боғ барпо  қилди, иссиқхона қурди. Аёли билан ўша ерга кўчиб борди. Мен Рухсора билар, гоҳида эса бола-чақаларни олиб борардик. Жомакорни кийиб олган бародаримиз ташрифимиздан беҳад қувонар, бизни мева, сабзавот билан сийлаш ташвишида бўларди. Суҳбатимиз эса поёнига етмасди.
   Аммо бу ҳол ҳам узоқ давом этмади. Ҳукуматда ўзгаришлар бўлгач, Мўмин Шерқуловни тағин совхозга директор қилиб тайинлашди. Бир йилдан кейин эса Тайлоқ туманининг ҳокими бўлди.
   Мўмин Шерқулов 75 ёшида инфарктдан жон берди.
   У кишининг оиласи билан  борди-келдимиз ҳозир ҳам давом этади.


Комментариев нет:

Отправить комментарий