воскресенье, 25 марта 2012 г.

Сарҳисоб 10



                              


     Бугун - 2012 йилнинг 13-марти. Наврўзга, атиги бир ҳафта қолди. Аммо ташқарида ҳамон қор, совуқ. Қишнинг бундай чўзилиб кетишини фақат 1969 йилда кузатган эдим.
  Ўзбек ТВсининг деярли ҳамма каналларида баҳорни мадҳ этиб, яшил ёнбағирлар, сумалак пишираётган аёллар, барг ёзаётган ниҳолларни кўрсатишаябди. Боғда “Баҳор валси” оҳангида рақс қилаётган қизларни намойиш этишдан чарчашмайди. Табиийки, булар бари аввалги йиллар олинган тасвирлар. Начора,  биз табиат ҳодисалари масаласида ҳам қўшиб ёзишга, яъни ёлғон гапиришга кўникиб қолганмиз.
   Рухсора билан тузган талай режаларимиз орқага сурилаётганидан дилтанг бўлиб, кеча машинам (“Лада-Калина” собиқ “Жигули”)га янги аккумлятор ўрнатдим ва эрталаб уни ҳайдаб чиқдим.
   Аввал қишлоққа бордик. Бу ердаги иссиқхонада юмушлар тўпланиб қолган эди.  Надоматлар бўлғайким, лимонларни совуқ урибди. Аммо поясидан янги куртаклар чиқар, деган умидда, уларни кесмадим. Икковлашиб, бу ерга кўкат экдик, бодринг уруғларини қададим.

   Бир неча йилдан буён бодринг кўчатларини шу  ерда ўстириб, кейин очиқ майдонга олиб чиқаман. Сим тортиб, ҳар тубга ип боғлайман ва юқорига қарата ўстираман. Бодринг ҳосилини ҳаммадан барвақт етилиши ва кўзни қувонтириб, осилиб ётишидан завқланаман. Набираларим ёғилишиб келишади ва бодринг сўрашади. “Сен ана унисини ол”. “Сан кеча “беш” олдинг,  иккита олақол”,  деб кўрсатма беришни, шатрамаларини бодрингсиз қолдириб  жазолашни хуш кўраман.
  Аслида   ҳукмфармолик  қилиш, кимнидир сийлаш,  бошқа бировни жазолаш инсонга мавҳум ва ҳузурбахш ҳаловат, қониқиш ато этади. Одамлар амалдорларни ёмонлаган ҳолда амал курсисига интилишларининг боиси ҳам шу табиий инстинкт бўлса ажаб эмас.
    Режамизга кўра сил касалликлари ва онкологик диспансерга бориб, у ерда ётган қавмларни кўришимиз керак эди. Аввал сил касалликлари шифохонаси томон йўл олдик. Бу ерда Рухсоранинг жияни, яъни марҳум опасининг набираси Шарофат даволанаётганлигини эшитган эдик. Шарофат университетни битириб, аллақандай фирмада ишлаётган эди, аммо нима бўлди-ю, эри билан Россияга ишга кетиб қолди. У ерда ўпкаси шамоллаган экан. Вақтида даволанмагани боис, касаллик авж олган бўлса ажаб эмас.
   Бу шифохона  шаҳарнинг ўн беш километр чамаси шарқида, Самарқанд-Қарши йўлининг ёқасида жойлашган бўлиб, Шўролар даврида Мичурин номидаги қишлоқ-хўжалик техникуми жойлашган эди.  Анчайин чеккада бўлганлиги, боис ўқувчилар келмай қўйишди. Тўрт-беш йил илгари сил касалликлари шифохонаси, одамлар ибораси билан айтганда: “туберкулёзный болниса”ни шу ерга кўчиришди.
    Рухсора жиянини дараклаб кетди, мен совуқ  коридорда санитар аёл билан гаплашиб қолдим. “Ҳалиги қаттиқ совуқларда қандай яшадиларинг бу бинода?” “Касалларни уйига жавоб бериб юборишганди, яқинда чақириб олишди. Газ бўлмагани устига, свет ҳам бўлмади-да...”  Бояқиш аёл бирор дардкаш дараклаб юрган эканми, ҳасратларини тўкиб солабошлади. Аввалги бинолари эски бўлса ҳамки, унинг голландча печкаларида  кўмир ёқиш мумкин экан. Бу бино эса батамом газга мослаштирилгани боис, уни илитишнинг иложи бўлмабди.
   Санитар аёл ўзбекчада қийналиб гапираётгани учун тожикчалаб сўз қотдим. У алламаҳалгача жим турди-ю, кейин кўзига ёш олди. “Бешта қўйимизни бўри ёриб кетди, деди тожикчалаб, тишлаб турганим ўшалар эди. Одамдан қўрқмай қўйди, сабил қолгурлар: Марям кампирнинг қўйини кўз ўнгида ёриб, кўтариб кетибди. Итини ғажиб ташлаган”. “Нима, қишлоқда эркаклар йўқми”,  сўрайман негадир зарда билан, гўёки барига шу аёлнинг ўзи айбдордай.. “ Ёшлар  Россияга кетган, қолганларда милтиқ йўқ. Милисага ҳам айтдик...”
    Менинг асабим бузилди.  Шу пайт Рухсора чиқиб келди. Унинг ҳам бармоқлари енгил  қалтираётганидан асаби қақшаганини фаҳмлаш қийин эмасди. “Кетдик”, деди буйруқ оҳангида. “Шарофатни кўрдингизми?” қизиқдим. У маъқул ишорасида бош силкиди. Биз шошилинч пастга тушдик. Иккаламизнинг ҳам бу дардкаш манзилдан тезроқ ва узоқроқ кетгимиз келиб қолган эди. Шу боис хотинимга ортиқча савол бермадим.
   Онкологик диспансерда эса  катта синглимнинг хўжайини Сиддиқ почча даволанаётган эди. Ўзи мен тенги бўлиб, бир умр колхозда тракторчи, механик бўлиб ишлаган содда, тўпори одам.
  Шифохона Хўжа Абду Дарун қабристони ёнида жойлашган. Бу ерда ҳам газ  йўқлигини, электр эса суткасига атиги тўрт-беш соат берилаётганинини эшитган эдим. Шу боис дилғашлигим ошиб борарди.
   Сиддиқ почча мени кўриб йиғлаб юборди. “Рак бўлибсиз, дейишди, ўксиганча ҳасрат қилакетди у киши, лекин нотўғ-рига ўхшайди”.  Икковлашиб зўрға овутдик. Рухсора тумбочка устидаги рентген тасвирлари ва аллақандай қоғозларни кўздан кечириб,  маккорона дағдаға билан савол берди. “Ким айтди сизни рак деб?”  “Одамлар...” дудуқланди у киши. “Бекор айтибди, ўша одамлар. Мана бу ерда ёзиб қўйибди: ичак ва жигар яллиғланиши деб”. Бояқиш поччамиз ишонди ва мамнун жилмайди. “Ўзим ҳам шундай деб ўйлаган эдим” деди.
   Негадир ёдимга: “Эҳ, макри минг туяга юк бўладиган аёллар”,  деган ибора  тушди.
   Даволовчи врач Абдулатиф деган ўзбек йигит экан. У билан учрашиб, ўзимни таништирдим. Дилкаш доктор экан, мен билан бақамти ўтириб, саволларимга обдон, батафсил жавоб қайтарди. Унинг ахборотига кўра касаллик, яъни хавфли ўсма, ичакдан жигарга ўтган, янада медицина ибораси билан айтганда, бемор тўртинчи стадияни бошдан кечираётган экан. “Хўш, сизнингча энди нима қилиш керак?” қизиқаман. “Химиятерапияга ўтиш керак, аммо ўғиллари бунга рози эмасдай”. “Нега?”  “Барибир кетадиган бўлса, нима ҳожати бор”, деган фикрга келган чоғи улар. “ Сизнинг фикрингиз қандай?” “Химиятерапия унинг умрини ҳеч бўлмаганда бир- икки ойга узатишига ишонаман. Бу дунёда лоақал бир кун бўлса ҳам кўпроқ яшаб қолиш ғанимат-ку! Нега инсон фарзанд ўстиради...”
   Мен тағин палатага қайтдим. Сиддиқ почча химия олиш тарафдори экан. “Иккита химия олсам, тузалиб кетаман, бу ўғилларимиз пулдан қочаётганга ўхшайди”, деди надомат билан. “Мен гаплашаман” ваъда бердим.
   “Химиятерапиянинг бир сеанси неча пулга тушаркин, ишингиз тушмаганми” сўрайман Рухсорадан. “Олти юз мингдан-бир миллионгача” совуққина жавоб беради у. Бу усул касал бошланган пайтдагина фойда беради. Поччангиз ўтказиб юборган. “Бу дунёда лоақал бир кун бўлса ҳам кўпроқ яшаб қолиш ғанимат-ку”,  докторнинг гапини эслатаман. “Шунча пул бериб, тағин бир кун азоб чекиш шартми?  Бу ерда докторларнинг манфаати ҳам яширинган бўлиши ҳам эҳ-тимол!”
   Кечқурун поччамизнинг ўғли, яъни жиянимизга сим қоқдим. “Дадангни химия олишга хоҳишлари бор экан: монелик қилма. Харажатнинг ярмини мен тўлайман” дедим. “Тоға, гап пулда эмас...”   Мен унинг гапини кесдим:  “Барибир, қилиш керак”.  У кўнди.
   Тушимда бўрилар галаси оҳулар тўдасини шиддат билан қувиб кетаётган эмиш. Кейин,  ҳалиги санитар аёл минбарга кўтарилиб,   қулочини кенг ёйганича, алланима дебди.
    Мен тушга ишонмайман. Шунинг учун унинг таъбирини тахминламадим ҳам. Аммо аёлнинг қулочини қанотдай ёйиб гапириши ёдимга бошқа ҳолатни туширди.  Яқинда Тошкентда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг анжумани бўлганда, унинг бошлиғи минбарга чиқиб: ”Ўзбек модулини жаҳонга ёямиз”, деганди. Ўша аёлча “жаҳонга” деган калимани тилга олганда қулочини худди шундай қилиб ёйган эди.   Эртаси у Самарқандга ҳам келди. Аёл Гўри Амирни зиёрат қилди, аммо, надоматлар бўлғайким, бирорта шифохонага бош суқмади. Амир Темир совуқ қотмаслиги аниқ, аммо беморлар  қоронғуликда дилдираб ётганидан воқиф бўларди, баччағар!
   Эҳтимол, барини балодай билар, локинда ҳафта давоми меҳмон бўлиб, совға-саломлар олиб, икки оғиз лутф қилмаса инсофдан бўлмас...
  Билмадим, билмадим...
  Ҳарҳолда, эҳ макри минг туяга юк бўладиган аёллар, деган ибора бекорга айтилмаган

Комментариев нет:

Отправить комментарий