"Буни ҳаёт дебдилар"
Дадамдан ғалати ўйинни – ўрта бармоқни яширишни ўргандим. Жўнгина бўлиб туюлган бу ўйинда анчайин ҳийла-найранглар борлигини билмасдим. Мен ўрта бармоғимни яширсам, у киши ҳатто кўзларини юмиб бўлса ҳам топадилар. Мен бўлсам... Кейин синчиклаб тикилдим-у, масаланинг тубига етдим. Дадам беш ўрнига тўрт бармоқни юзага чиқарарканлар, холос. ғирромликларини юзларига солган эдим, тархашлик қилиб турдилар, кейин бешови ҳам кўринадиган бўлди лекин барибир ҳарифга айланиб қолавердим. Моҳин ҳам, ойим, Дили ҳам ўша сирли ўрта бармоқни топишолмади. Бу ҳам найранг экан. У киши ўнг қўл бармоқларини яширганда, ўрта бармоқ ўрнига чап қўлнинг номсиз бармоғини чиқарарканлар. Биз у кишини фокусчиликда айбладик.
Ана шу тадбирни қўллаб, синфдошларимни ҳайратга солмоқчи бўлдим. Дастлаб ажабланишди, қойил ҳам қолишди. Лекин галварс Така сирни англаб қолди-ю, оламга овоза қила бошлади.
– Улуғ – ғирром, Улуғ – ғирром...
Мен ҳам илжайиб туравердим. Аммо бу машмаша шу билан тинчиб кетмади.
Синфимизга шундоққина девордармиён биология кабинети бор. Юқори синф ўқувчилари бўлмаганда у ерга бот-бот кириб турамиз. Дастлаб эшикдан киришга ҳам чўчирдик. Тахтанинг теппасида қанотларини ёзганча чақчайиб турган қулоқли укки, узун шиша идишдаги сарғиш сувга солиб қўйилган илон тирикка ўхшаб кетар, ногаҳонда вужудимизни сескантирарди. Булар ҳам ҳолва. Тахта ёнида тиши тиржайиб турган скелет нохушгина эмас, ваҳимали эди. Кўп ўтмай буларнинг барига кўникиб кетдик, ана шу синфга кириб ўйнайдиган бўлиб қолдик.
Ўша куни қарасам, кимдир уккининг тумшуғига қоғоз қистириб қўйибди.
– Улуғ, ол, хат санга бўлса керак, – деди Така.
Мен ҳарчанд эътибор бермасликка ҳаракат қилиб кўрдим-у, аммо қизиқишим сўнмади. Курсига чиқиб, ҳатни олдим.
«Болалар! Мен жуда ғирром қушман. Менинг жўрам Улуғ ҳам ғирром. Биз иккаламиз маҳаллалик Маҳмадиёрга ўхшаймиз», деб ёзилганди унда.
Маҳмадиёр деган лақма ҳақида эса шунақа латифа бор. У одамларни қойил қолдириш учун тўтиқуш ҳарид қилиб жониворга: «Мулла Маҳмадиёрникига марҳамат!» деган каломни ўргата бошлабди. Қўшнисининг жуда бебош ўғли бор экан. Ўша шатрама тўтининг қулоғига: «Ҳамширангни...» деган бешарм ҳакоратни қуя бошлабди. Маҳмадиёр казо-казоларни меҳмонга чорлаб, паррандага ишора қилиб юборган экан, у: «Ҳамширангни... Мулла Маҳмадиёрникига марҳамат! Ўамширангни... Мулла Маҳмадиёрникига марҳамат!» дея такрорлашга киришибди.
Хулласи калом, мен бу бетгачопарлик ва ўхшатишдан тутақиб кетдим. Қоғозни Така қистирганига шубҳам йўқ эди. Баттол! Аввал гирибонидан олмоқчи бўлдиму, тағин андиша қилдим. Ўч олишнинг бошқа усулларини ўйлай бошладим.
Эртаси математика дафтарининг ўртасидан икки варақ суғуриб, боши одам, танаси эчкиникига ўхшаш расм чиздим. Остига: «Бу – менинг дўстим Така», деб ёздим. Уни скелетга тишлатиб қўяман, деяётганимда лаънатининг пастки жағи узилиб кетди. Саросимага тушиб турганимда кимдир билагимни шаппа ушладию, зарб билан етаклаб қолди. Кўз очиб юмгунча ўзимни ўқитувчилар хонасида кўрдим. Ўалиги киши менга таниш ва нотаниш ўқитувчилар орасида гуноҳларимни тўкиб солаётганда, бир аёл кесатиш, огоҳлантириш оҳангида унинг сўзини кесди.
– Бу–замдиректоримизнинг ўғли.
Мени судраб келган кишининг шашти бир парда пасайди. Койиган, огоҳлантирган бўлди-ю, эшикдан ташқари қилди.
Лекин нохушлик шу билан ҳам тугамади. Қилмишим қаерданам ойимнинг қулоғига чалинган экан денг, тутақиб кетганича роса олиб бориб, олиб кела бошладилар.
– Обрўйимни ер билан яксон қилдинг, шарманда қилдинг, – надоматлар билан бош тебратардилар, – Менга қара, менга қара, паъдарланат, ўша суяк ҳам бир вақтлар сендай, мендай, дадангдай одам бўлган. Лоақал шуни ўйламадингми, ярамас!
Негадир бу ҳакда ўйламаган эканман. Наҳотки шундай бўлса?! Нега бу хусусда ўйлаб кўрмадим экан? Ғалати. Лекин скелетни мазах қиладиган бир мен эмас-ку. Унинг бош суягига кимдир: «Бу қўшмачитлик бекларнинг бошлиғи», деб ёзганди. Кўкрагига эса: «Скелет+Жамила=Любовь» деб ёзишганди нокаслар. Бу ҳам ҳолва: ўтган ҳафта бешинчи синф ўқувчиларидан бирови математика ўқитувчисининг костюми билан шляпасини кийгизиб қўйибди унга. Роса излашди айбдорни, аммо ҳамсинфлари бу бебошни сотиб қўйишмади. Шунда мактаб маъмурияти бизнинг Саруханян муаллимимизга ўша болани (кўзига қараб) топишни тайинлайди. Муаллимамиз синфга кириб, ҳалиги болани бир зумда топади, аммо номини ўзи ҳам сир тута бошлайди. Лекин ҳафта-ўн кун ўтар-ўтмас ҳалиги бола ўзини фош қилиб қўяди, яъни Саруханян муаллиманинг йўлини пойлаб ўтирадиган, автобусдан тушиши билан салом бериб, сумкасни кўтарадиган, ишдан кейин эҳтиром ила кузатиб қўядиган бўлади. Унинг ана шу ҳаракатларидан фаҳмлаб, чора кўришмоқчи бўлганда, муаллима бор айбни муаллимнинг ўзига тўнкайди. Маълум бўлишича, у дарс пайтида: «Пес песни қоронғуда танийди» деган мақолни ишлатган экан. Ҳалиги боланинг дадасида оқ доғлар пайдо бўлганини қаердан ҳам билсин муаллим.
Бундай қараганда, менинг қилмишим ўша галварсларнинг гуноҳи олдида арзимасдай эди. Шунга қарамай, ойим ҳамон жиғибийрон бўлиб, мени лаънатлардилар. Бу ҳам етмагандай кечқурун дадамга ҳам роса чақдилар. Мен ҳавотирланиб, ҳимоянинг жўнгина усулини қўлладим.
– Марат ҳам сигарет тишлатиб қўйганди, ҳеч ким индамаганди.
– Марат ким? – важоҳат билан сўрадилар дадам.
– Маҳаллалик, – мен учун қўрқа-писа жавоб қайтардилар ойим.
– Мўйловнинг ўғлими? А менга қара, гумрох, гўсала! Сан кўтармаликсан-ку! Нодон маҳаллалик ғунажинига тўқим урса санам...
Гап шундаки, бир маҳаллалик (қачонлигини ҳеч ким билмайди) ғунажинини сотиб, сигир харид қилмоқчи бўлади, У саҳарлаб оғилига киради-ю, қоронғида эшаги ўрнига ғунажинига тўқим уриб қўяди. Ташқари чиқса... Кейин хатосини тузатади, лекин тағин лакаловлигига боради. Шаҳарга кирар-кирмас бир қаллоб жаллоб уни тўхтатади.
– Бу бузоқча неча пул, – сўрайди нописанд, – жониворнинг териси суягига ёпишиб қолибди-ку. Бозоргача етиб бора олармикан?!
Хуллас, шайтони лайин алдаб-авраб арзон-гаровга харид қилибди. Сўнг жониворни обдон ювиб, тараб, қорнини тўйғазиб, бўйнига тумор тақиб бозорга олиб чиқибди. Арқоннинг учини хотинига тутқазиб, ўзи соддадилроқ харидорни тузоққа тушириш ташвишига тушибди. Бир маҳал қараса ҳалиги маҳаллалик шу атрофда анқовсираб юрган экан, Суллоҳ жаллоб овозини андак кўтариб, ўзига хос калондимоғлик билан хотинидан сўрабди.
«Хола, сигир неча пул?». «Билмасам, айланай – ролга кириб, ўзини гўлликка солибди аёл, – кун кўрмагурлар эримни қамаб қўйишди. Туҳматга учради. Уйинг куйгур терговчи беш минг сўраяпти. Тишлаб турганимиз шу говмиш эди. Болаларимнинг насибасини қирқиб...» Аёл у ёғини айтолмай, йиғлаб юборибди. «Хафа бўлманг, хола,–далда берган бўлибди эри, – у эмас, бу эмас пешанада ёзилгани бўлади. Энди хўжайинингизнинг насибаси ўша ёқларга ҳам сочилган экан. Қўйинг, териб кесинлар. Ман сизга тўрт мингни санаб бераман, бор барака, деворинг!». «Билмасам, айланай,– зорланибди аёл, – яшшамагур терговчи беш минг деган эди-ку. Бу жониворнинг сути сут эмас, сепаратордан чиққан қаймоқнинг ўзгинаси. Энди бунақа бўлиб қолмаганда, тилло берса ҳам сотмасдим». «Сигирингизни ёмон деяётганим йўқ. Кўриниб турибди, буни олган барака топади, аммо мен ҳам тўрт мингни кўчадан супуриб олганим йўқ. Бола-чақам билан колхозда ишлаб... Ҳа, майли яна беш юз қўшдик! Ана. Ана-е! Бўлдими? Йўқми? Майли, ўзингиз биласиз. Ўйлаб кўринг, ўйлаб кўринг... Ўа, келинг, ана сиз учун яна икки юз қўшдим. Тўрт минг етти юз бўлди. Хўп денг энди...».
Шу ерга келганда маҳаллалик чидаб туролмабди. «Бор барака, беш минг», дебди. «Билмасам» – дебди аёл ва арқоннинг учини маҳаллаликка тутқазибди. Шундай қилиб, ўзи сотган ғунажинни икки баравар қимматга сотиб олибди ношуд.
Дадам мени ана шу каллаварам маҳаллаликка тенглаштирмоқчи бўлгандилар. Лом-мим демай туравердим. Чунки шарақлаб тарсаки тушиб қолиши ҳеч гап эмасди-да.
– Гапир, ярамас! Кекиртагингни узиб оламан!!!
Мен бувимнинг хоналари томон умидвор тикилдим, аммо аксига олиб, у кишининг қоралари кўзга ташланмади. Шунинг учун ноилож тағин бошқа болаларни айблай бошладим. Скелетнинг бошига, кўкрагига нималар деб ёзишганини гапирдим. Шукурларким, бу тадбирим анча иш берди. Дадамнинг важоҳатлари юмшагандай бўлди. У кишининг фикрлари бошқа ўзанга қараб бурилган эди.
– Бечора, бечора, – дедилар надомат билан, –балки бир замонлар ҳақиқатан ҳам бек бўлгандир. Эҳтимол Жамила деган соҳибжамолни мажнунона севган ошиқ бўлгандир.
– Йўқ, – масалани тағин аввалги ўзанга бурдилар ойим, – бебош боласига аввал ўдағайлаб, кейин бошқа ёққа оғиб кетадиган, бебурд ота бўлган.
Бу киноя дадамнинг нозик жойларига бориб қадалди.
– Барига сизлар – муаллимлар айбдор! – мени қўйиб (ҳарқалай) ойимга дўқ урдилар дадам, – инсон хотирасини оёқости қилишга нима ҳакларинг бор?! Марҳумлар синф тўрида эмас, тупроқ остида ётиши керак. Газетага ёзаман сизларни...
– Бир шундай қилинг, муаллим, – бу гал зардалигина кесатиш қилдилар ойим, – зора мени шу ғалвали ишдан озод этишса.
Ҳарқалай бувимнинг овозлари эшитилиб қолди. Мен енгил тортдим. Дадам билан ойим ҳам жимидилар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий