четверг, 15 марта 2012 г.

22. МУЛМУЛКЕ



                "Буни ҳаёт дебдилар"



Менинг кузатишимча, айрим кишилар табиатан омадли бўлишади. Бундай кишиларни тақдир бот-бот сийлаб туради. Мана шу, Така ҳам омади чопганлардан. Тўғри, ўқиши айтарли эмас, аммо кўп масалаларда ошиғи олчи. Ҳисоблашишади бу хумпар билан. Фақат футболдамас, муштлашишда ҳам қўли баланд. Йўқ, безори экан, деб ўйламанг. Адолатсизлик, нохақлик ўтмаса, ҳеч кимга қўл кўтармайди.
Яқинда уйга кетаётганимизда қўшмачитлик бир довдир жуда калондимоғлик ва нописандлик билан бизни «келгиндилар» деб камситди.

Айтишларича, бизнинг Кутарма қишлогимиз фуқаролари бир замонлар турли жойлардан кўчиб келишган экан. Жумладан; бобом (дадамнннг дадалари) аслида қўшни Бадал қишлогидан («Ўзбекистон» колхози) бўлиб, ризқу-рўз сабабли келиб қолган эканлар. Таканинг авлодлари Помир томонлардан, Ёқубнинг бобокалони Самарқанд шаҳридан келишган. Ва ҳоказо. Бечора боболаримиз тирикчилик дея, зурриёт дея не-не азобларни бошдан кечиришса-ю, бу нон-емас, юз йиллар оша уларга таъна тоши отса, алам қилмайдими, ахир?!
Така портфелини елкасидан авайлаб туширди-ю, менга тутқазди. Ҳалиги бола ҳам баллон курткасини ечиб, муштлашишга шайланди. Унинг ёши катта, қўли узунроқ эди. Шунинг учун ҳам дўстимиз ҳужумга  ўтганда, рақиби андак орқага чекиниб, Такани ўзига йўлатмай мушт тушира бошлади. Қўшмачитликнинг икки-уч муштига дўстимиз атиги битта жавоб қайтарар, аммо мўлжали аниқ, зарби шиддатли бўларди. Ҳамқишлоқлари ҳалиги болага жиззакилик билан йўл-йўриқ кўрсата бошлашди. «Биқинига теп, сволочни», «Тишлаб олмайсанми?!».
Худди шу пайт Така рақибининг кўкраги ва пастки жағи аралаш калла қилиб юборди (Тўпни ҳам калла билан уришнинг кифтини келтиради, хумпар!). Ҳалиги боланинг кўзидан ёш чиқиб кетди. Тупуги қонга бўланганига қараганда тилини тишлаб олганди у. Така муштлашишнинг таомилларига зарра хиёнат қилмай, чеккароққа чиқиб турди. Рақиби кўз ёшларини артиб, бир неча бор тупуриб олгач, чапдастлик, шафқатсизлик билан мушт тушира бошлади. Кўп ўтмай ҳалиги ховлиқманинг ҳоли танг бўлиб қолди. Оёғи, тишини ишга солиши ҳам наф бермади. Дўстларидан мадад кутиб, уларга умидворлик билан жовдираб қарай бошлади. Лекин биз ҳам дўстимизни уларнинг оёғи остига ташлаб қўядиганлардан эмасдик. Бирортаси қўл чўзгудай бўлса...
Қўшмачитлик юзтубан йиқилди-ю, тепкидан чўчиб, бошини чангаллади. Йўқ, Така ноинсоф эмасди. У рақибини ўрнидан турғизиб, кийимидаги чангни қоқди ва тағин муштлашишга чорланаётганда ҳалиги довдир қочиб қолди. Така уни таъқиб қилмай қўяқолди.
Лекин ҳозир сўз дўстимизнинг муштлашиш борасидаги маҳоратида эмас. Эътиборингизни унинг тахтапуштида авайлаб кўтариб юрадиган ўша портфелига қаратмоқчиман. Портфелнинг ичида дафтар, қалам ва оддийгина гугурт қутиси бор. Аммо гап гугурт қутисида ҳам эмас, балки унинг ичидаги қўнғир қўнғизда. Бу жонивор данакдан ҳийла каттароқ, манглайида бир дона қайрилма шохи бор. Унинг лақаби «ғиж-ғиж». Бунинг боиси шундаки, қўнғизвойнинг шохига енгилгина нуқиб қўйсангиз, аллақандай  хушовозлик билан «ғиж-ғиж», дея нолиш қилади. Уни мулмулке ҳам дейишади. Бунинг боиси шундаки, Така қўнғизни бир пластинкага алмаштирганди. Уни радиолага қўйсангиз, нуқул: «Мулмулкена де мулмулке, мулмулкена де мулмулке» деган каломни бир маромда такрорлайверарди. Кейин Така негадир қароридан қайтиб қолди. Ўлмас копток бераман, деганда ҳам кўнмади. Менинг ўзим велосипеднинг насоси билан дадамнинг «Табиатни севасизми» деган китобчаларига айрибош қилмоқчи бўлганимда  ҳам рози бўлмади, қайсар.
Мулмулкега бунчалик жазман бўлиб қолганимиз бежиз эмас. Ақллига ўхшаб кетади, падарқусур. Гугурт қутиси у учун ҳам қафас, ҳам арава. Қути жониворнинг шохига ип билан боғланган. Така мулмулкенинг бошини сиз томон ўнглаб, «фалончига бор» деса бас, жонивор қирчанғи отга ўхшаб, имиллаганча йўлга тушади. Оёғингиз остига тақалиб келадию «ғиж-ғиж» деб огоҳлантиради. Хўжаси уни беҳуда юбормайди, албатта. Аравачадаги қоғозда конфет, кунгабоқар пистаси ёки шунга ўхшаш егуликларга эҳтиёж туғилганлиги қайд этилган бўлади. Гугурт қутисига ҳалиги ноз-неъматни ортиб бўлишингиз билан мулмулке орқага қараб йўл олади.
Авваллари бу воситачидан фақат танаффус пайтлари фойдаланардик. Муаллимимиз малака оширишга кетдию, мулмулке синф бўйлаб аравакашлик қиладиган одат чикарди. Чунки янги кирган муаллим жуда бепарво, лоқайд эди. Така биринчи куни бу одамга Носвой муаллим деб ном қўйди. Эртаси унинг нос чекканпни кўрдигу, ўзимиз ҳам Таканинг зукколигига тан бердик. Муаллим вазелин қутисини очиб, унинг қопқоғига эҳтиёткорлик билан нос тўкди, сўнг тарози палласидай салмоқлаб кўрди-ю, негадир тескари ўгирилиб тилининг остига ташлади.
Унинг ўзи эллик ёшлардаги ориқ заҳилроқ киши. Бу одамни кўрган кишининг дилида ногаҳоний нохуш, ҳатто  андак тушкун кайфият уйғонади. ғижимланган, сарғайган кўйлаги ичида унинг ўзи ҳам ғижимланган, сарғайгандай бўлиб туюлади. Доим шалвираб турадиган муйлови ҳам бадқовоқ, ҳорғин, ноумид ҳолатига, асабий ва қашшанг  қиёфасига мос бўлиб тушган унинг. Андак титраб турадиган бош бармогига негадир «МЭЛ...» деб ёзилган.
Муаллим йўқлама қилмади, биз билан танишмади ҳам. Қаршимизга жойлашиб олди-ю, китобнинг фалон саҳифасини очишимизни ва фалон-фалон мисолларни ечишимизни тайинлади. Кейин бошини ҳам қилганича жуда ҳам хўрлангани бу дунёнинг битмас-туганмас ташвишларидан тўйиб кетган кишидай бир нуқтага тиқилиб қолди. Унинг шу сукутида хаёлига келган ногаҳоний, нохуш фикрлардан ташвиш чекаётгани зоҳир бўлиб турарди.
Ҳалиги мисолларни одатдагидек, Ёқуб биринчи бўлиб ечган эди ҳамки, оёги остида «ғиж-ғиж» деган таниш садо янграб қолди. Қарасак, мулмулкенинг аравасида букланган коғоз. Ўқидик. «Ёқубжон, азиз дўстим! Мисоллар ечилган бўлса, биз ҳам солиштириб кўрайлик. Мулмулкени ноумид қайтармассан деган умидда, жўранг, Бахтиёр.».
Вой шайтон-ей! Топган гапини қаранг, фирибгарнинг «Ёқубжон, азиз дўстим...» эмиш. Нуқул мазах қилиб юрардию... «Солиштириб кўрайлик...» дегани нимаси? Дангалроқ қилиб: «Кўчириб олай», демайдими?!
Ёқуб ҳам хушомаддан ийиб кетди, шекилли, мисол ишланган коғозини буклаб, аравачага қўйди. Мулмулке орқага қараб анча илдам (мол эгасига ўхшамаса, ҳаром ўлади) жўнаб кетди.
Ҳаммамиз ўз юмушимиз билан андармон бўлиб ўтирганимизда, муаллим вазифани текшириб қолдику. Биринчи бўлиб Така дафтарини тутқазди-ю, жуда ҳокисор, мўмин боладай бошини бир томонга хиёл эгиб, жовдираб турди. Носвой муаллим– унга «беш» қўйди. Соддадил Ёқуб бўлса зўрға «уч» олди.
Кейинроқ мулмулке менинг оёғим остида сайраб қолди. Хатда шундай деб ёзилганди. «Улуғ, бричкада (гугурт қутисида) чет элдан келтирилган бужул бор. Шу таги-туби билан санга. Мулмулке қуруқ қайтмасин, десанг, бир дона жевачкангни дариғ тутма. Ўзимга эмас, Ўлмасга бераман». Ошиқ Ўлмасники эканлигини дарҳол танидим. У менга унчалик зарур бўлмаса ҳамки, олдиму ўрнига сақич солиб юбордим. Така уни тантанавор оғзига солди.
Эртаси мулмулке таниш нома келтирди. «Улуғ, бу соат кирмайман. Бекваччалар (қўшмачитликлар) дарвозада турсанг, бир сўм берамиз дейишди. Жўражон, мулмулке санда турсин».
Мен жониворни беозоргина кўтариб олиб, биринчи бор синчиклаб назар солдим. Унинг панжалари бақувват, кўкраги кенг, ягона шохи шамширдай ўткир эди. Мўйловининг ҳашамдорлигини айтмайсизми?! Бир жуфт кўркам елпиғичга ўхшаб кетарди. Мўйловини енгилгина силаб қўймокчи бўлгандим, тутқич бердирмади. Кейин мен ҳам ундан воситачи сифатида фойдаланмоқчи бўлдим ва биринчи хатни Маратга жўнатдим. «Бунинг муйловига қара, дадангникига ўхшаркан», деб ёзилганди илк номада. Кўп ўтмай мулмулке аравасини судраб жавоб хатини олиб келди. «Мулла-акангдан ибрат ол, найнов!».
Бу – маҳалламиз чойхоначиси Тоҳир амакининг гаплари. «Лекин бизнинг оилага, аниқрори дадамга алоқадор таъна. Тафсилоти эса қуйидагича.
Кунлардан бирида дадам ойим билан жанжаллашиб қоладилар-у (пул масаласида) зарда билан қўл силтаб, чойхонага чиқадилар. Тоҳир амаки одатдагидек ортиқроқ мулозимат кўрсатиб чой келтирадилар, қайта-қайта ҳол-аҳвол сўрайдилар, сиёсат ҳакида гаплашган бўладилар. Ҳатто дадамнинг хушфеъл, оилапарвар эканликларини таъкидлаб, мақтаб қўядилар. Дадам аллақандай хавотирланиш билан сир бой бермай турганда у киши мақсадга ўтади. «Мулложон, шу Мўмин найнов хотини билан ғижиллашиб қолибди. Пул масаласида. Бесавод. Нодон. Ёмон кўрганим – хотини билан уришган занчалиш! Энди бирров бориб, яраштириб келмасак, бўлмас. Рўзғори бузилиб, гўдаклари бўзлаб қолмасин. Ҳозирги ёшларни биласиз...».
Дадам рад этолмабдилар. Икковлашиб боришибди-ю, Мўмин амакини роса олиб бориб, олиб келишибди. Дадам ҳам бояқишни жоҳилликда, қолоқликда айблабдилар. Оҳирида Тоҳир амаки ҳалиги кишига дадамни кўрсатиб, насиҳатомуз уқтирибдилар: «Муллакангдан ибрат ол, найнов!».
Ўзига тўппа кесмаганнинг ўзгага ўгра кесганини кўр, деганларидек дадамнинг бу латифанамо насиҳатгўйликлари сир бўлиб қолмади. Ҳангоматалаб одамлар ундан воқиф бўлиб, дадамнинг устидан роса кулишди. Ҳатто маҳаллаликлар ҳам мазах қилишди у кишини.
Марат мактубида ана шунга шаъма қилганди. Мен ундан янада қаттолроқ уч оламан, деб турганимда, муаллим ўрнидан қўзгалди. Форточкани очиб, носни тупурди-ю, одатдагидек, «сабил» деди. Кейин дафтарларимизни текшириб, аксариятимизга «уч» қўйди.
Бахтга қарши, ўша куни дадам дафтарларимизни текшириб, тутақиб кетдилар. Қулоғимга қўл чўзишлари билан масаланинг рафтори нохушлигини сездим ва бор айбни муаллимга тўнкаб туравердим.
– Муаллиминг ким? – сўрадилар.
Мен унинг исми, фамилиясини ҳам билмасдим. Носвой муаллим десам, дадам баттарроқ ловуллаб кетишларини ўйладим.
– МЭЛ муаллим, – дедим, унинг бармоғидаги ёзувни эслаб.
Дадам савол назари билан ойим томон ўгирилдилар.
– Мели акани айтяпти, – хатоимни тузатдилар ойим ва шукурким, биринчи бор менга ён босдилар,– ўзи муаллимини уриб кетган.
– Нега ҳайдавормайсизлар?! – ҳаркалай мени қўйиб, ойимга ўшкирдилар дадам ва жуда ноёб фикр айтгандай, киборлик билан жавоб кутдилар. Ойим сукут сақладилар ва бу сукутда бу ишнинг жўн эмаслиги, бағоят чигаллиги, мураккаблиги зоҳир эди.
– Бу осон эмас, – дедилар ойим надомат ила, –бола-чақаси кўп. Бечоранинг ойлиги учма-уч бўлади. Уйинг куйгур раҳбарлар гўшт пули деб солиқ солганда, йиғлаб юборди.
Дадамнинг попуклари пасайди. Бизнинг бахсу-мунозараларимиздан ҳавотир тортиб келган бувижоним гап Носвой муаллим ҳакида эканлигига ишонч ҳосил қилгач, суҳбатга қўшилиб кетдилар.
– Бобоси катта заминдор эди. Буд-шудини топширса ҳам кечиришмади, сургун қилиб юборишди муйсафидни. Камсуқум, нуроний одам эди. Шўрлик Меливойнинг дадасига бир газ ер ҳам насиб этмади. Ўттиз саккизинчи йили уни ҳам «халқ душмани»га чиқаришди, имонсизлар. Ўткир одам эди, йигирма ёшида дўм бўлганди. Мактабларингга биринчи ғиштни қўйиб, ваъз айтгани ёдимда. Шапка кийиб юрарди ўзиям. Ўғлининг каттасига КИМ кичигига МЭЛС деб (кейин Мели бўлиб колган) ном қўювди. Эҳ, ўзинг кечир, тангрим! Шу норасидаларда нима гуноҳ бор эди. Халқ душманининг зурриёти деб мактабга ҳам қўйишмади.
Ҳа, Мели акага осон тутиб бўлмаскан, – бояги важоҳатдан ном-нишон қолмади дадамда, – на бобосининг қабри бор экан, на дадасининг...
Ойим қўллаб-қувватладилар.
– Куйдирги чиққур раис лоақал шу қисматларни ҳам инобатга олмади. Пулни бермасанг, Самарқанд районидан кўчириб юбораман, деди. Йиғлади, ишонасизми, йиғлади.
Бувим давом этдилар.
– Зада бўлганда, шўрлик. Гўри ўзга юртларда қолиб кетишини ўйлаган.
Дадам ҳам жим турмадилар. Бошларини надомат билан тебратдилар.
Ҳис-туйғуларини ўлдириб юборишибди, бечоранинг!!!
Улар шу тариқа гапга киришиб кетишди. Муаллимнинг томорқаси йўқлигини, катта ўғли ўқишга киролмай, қайтиб келганини... Ўзимнинг раҳмим келди бояқишга. Кейин унинг дарсида имкон қадар одоб сақлаб ўтирадиган бўлдим. Бошқалар эса намоқулчиликни тағин ҳам авж олдиришди. Мулмулке ҳамма билан иноқ бўлиб кетди ва ким иш буюрса бош тортмайдиган, бешарм, беҳаё хатларни кўпроқ ташийдиган воситачига айланди. «Москвич» харид қилишлари муносабати билан у Жаъфарга Ўлмасдан «Москвич –даданг билан ойинг зич», деган хат олиб келган экан, жавобан:
«Майдонга чиқ, номард», деган ёзув олиб кетибди.
Бу жумлада ҳам анча-мунча таънаю маломатлар бор. Эҳ катталар, катталар... Қанақа қилиқлар, бачканаликлар қилишмайди улар.
Ўлмаснинг дадаси мушттаккина, бечораҳол (хушёрлигида, албатта) одам. Маст бўлса...
Қишлогимизда Жума полвон, деган амаки бор. Тахтага қўли билан мих қоққанини, ариққа тиқилган машинани кўтариб юборганини ўз кўзим билан кўрганман. Одамларнинг айтишича, устидан енгил машина ўтказармиш, фалон пуд тошни тиши билан кўтарармиш. Ўлмаснинг дадаси кайф қилганда, ана шу полвоннинг дарвозасини муштлаб қоларкан. «Майдонга чин, номард!» деркан, нуқул. Полвон ҳижолат чекиб, ичкари яширинган сари у овозини кўтариб, гариллайвераркан.
Тоҳир амаки билан дадам бир неча бор (ҳушёрлигида, албатта!) панду насиҳат ҳам қилишган. У ҳар гал   тавба-тазарру қиларкан-у, ичиб олгандан кейин тағин...
Ўлмас дадасининг қилмишинн писанда-ю, маломат қилишларидан тутақиб кетади. Бу қилиқни Маратдан кўради, шеқилли, унга «Янгангни ушла» деган жумла ёзилган хатни жўнатади.
Мазкур каломни ҳам батафсилроқ шархлайдиган бўлсак, гапни анча ибтидодан бошлашга тўғри келади.
Маратнинг дадаси тоғ сайрига чиққанда чўпондан кўзи эндигина очилган кучукча олади. Ўмрови кенг, оёқлари йўғон бўлгани учун бўри деб лақаб қўйишади унга. Бўри улғаяди ва янгидан-янги нохуш қилиқлар чиқара бошлайди. Жумладан тонг билан бўрига ўхшаб увлайдиган бўлади. Қишлоқ мўйсафидлари бу жониворнинг отаси ёки онаси бўри эканлигини тахминлаб, ана шундай дурагайлар ҳамиша ҳам яхшиликка олиб келмаслигини хушфеъллик билан тушунтирадилар.
Маратнинг дадаси эътибор бермайди, аниқрори, бундай гапларни назар-писанд қилмайди. Кўп ўтмай маҳаллада бировнинг товуғи, бошқа бировнинг эса қуёни, қўзичоғи гум бўлади. Одамлар, табиийки, бўридан кўришади. «Қонун бўйича учта гувоҳ бўлиши керак», дейди мўйлов, бу тахминларни рад этиб.
Бир куни эрталаб, уларнинг рўпарасида яшайдиган қўшнилари қараса, ҳисори қўйининг нақ ярим думбаси йўқ. Қўйнинг ўзи ҳам рамақда жон бўлиб турибди. Жониворни ҳалоллайди-ю, бўридан қасос олиш пайига тушади. Орадан кўп ўтмай итни ўзала тушиб, офтобда мудраб ётган ҳолда учратиб қолади. Аввалдан уйлаб қўйган режасига биноан, унинг устига бир челак керосин сепади-ю гугурт чақиб юборади.
Ҳаётда қанақа тасодифлар, кутилмаган ходисалар бўлмайди дейсиз?! Ҳалиги қасоскор қўшнининг бостирмаси бор экан. Ловуллаб ёнаётган ит ўзини ўшанинг остига уради. Зум ўтмай хас-хашакка ўт кетади. Одамлар ҳай-ҳайлагач, ит у ердан ҳам чиқади-ю, эгасининг ҳовлисига киради. Жон азобидан бўлса керак, ховлини икки давра айланиб чиқиб, қочади.
Тасодифни қарангки, Маратнинг дадаси хотинини (пул масаласида, албатта) бир тарсаки туширган экан. Хойнахой, хотиним ўзига ўт қўйди, деб ўйлайди-ю, ёнаётган итнинг ортидан югурганича: «Янгангни ушла! Янгангни ушла!» деб бақиради. Бозордан қайтаётган уч маҳаллалик (уч гувоҳ) ҳам итга қараб бақира бошлашади. «Ўзингизни ховузга ташланг!», «Бола-чақангизга раҳм қилинг!».
Маратнинг дадаси пешанасига урганича, аччиқ қисматини лаъналаб, остонадан ҳатласа, хотини анграйиб турганмиш.
Хуллас, бу таънани ўқиб, Марат тутақиб кетади. Ўлмасдан интиқом олишни режалаб юрганда чатоқ бўлиб қолди. Биз ана шундай завқу-шавқларга сабаб бўлган қўнғизимиздан ажралиб қолдик. Эҳ! Аниқроғи, уни эҳтиёт қилолмадик. Бунга Таканинг ўзи сабаб бўлди. Қайсар дўстимиз:
Штирлиц ва Меливой
Бхай-бхай ҳойнаҳой.
Сабил қолгур носвой
Тарозида тортилсин,
Аравачага ортилсин...
деб шеър ёзади-ю, муаллимга юборади. Қўнғиз ҳарчанд сигнал берса ҳам Носвой муаллим уни илғамайди. Шунда шўрлик мулмулкенинг тоқати тоқ бўлиб, аравачасини кўтарганича муаллимнинг шимига ўрмалаб қолади.
Бир маҳал қарасам, жонивор муаллимнинг тиззасида юрибди. Ўзим ҳам нима қилишимни билмай, каловланиб қолдим. Шунда фалокат рўй берди. Носвой муаллим уни кўриб қолди-ю чўчиб кетди, зарб билан уриб «сабил» деди. Сўнг барини бегуноҳ Ёқубдан кўрди, шекилли, уни синфдан ташқари қилди.
Биз Ёқубнинг бадарға бўлишидан заррача ташвишланмадик, аммо мулмулкедан ҳавотир торта бошладик. Йўқ, мўйловининг бир томони узилганини ҳисобга олмаганда заррача талофат кўрмаганди у. Бақувват оёқлари, кенг кўкраклари шикастланмаганди.
Аммо шу кундан эътиборан шўрлик мулмулке батамом ўзгарди, овоз чиқармайдиган, арава тортмайдирган, яъни хат ташимайдиган бўлиб қолди. Ҳарчанд қилсак ҳам кун бўйи хомуш ва ғамгин ўтирар, нари борса бир жойда туриб айланиб қўярди, холос. Хафа бўлиб кетдик. Нақадар захматкаш, вафодор дастёр эди-я!
Кейин Така уни йигирма тийинга сотмоқчи бўлди. Аммо ҳиссиз, сезгисиз қўнғиз кимга ҳам керак?! Ке­йин ҳар эҳтимолга қарши мен уни дадамнинг «Табиатни севасизми?» деган китобчаларига алмаштириб олдим. Лекин ўша куни менинг ҳам бадимга урди ва ўтлоққа улоқтириб юбордим.
Орадан қанча вақт ўтганини эслолмайман. Бир куни Така ўзим берган китобчанинг қирқ иккинчи саҳифасини ниқтаб, ўқишимни илтимос қилди.
«Ҳеч бир жониворнинг мўйлови ўз эгасига ҳашаротникидек кўп хизмат қилолмайди. Уларнинг деярли барида мўйлов бўлиб, у кўриш, ҳид билиш, эшитиш функцияларини бажаради.
...ҳашаротни кўзидан жудо қилсангиз яшаши мумкин. Мабодо мўйловини юлсангиз, ҳис этиш қобилиятини йўқотиб, телбадай бўлиб қолади».
Ҳис-туйғудан маҳрум бўлиш бунчалик катта фожеа эканлигини тасаввур ҳам қилиб кўрмагандим.
Ваҳоланки у ҳашарот эди...
1.Коммунистический интернационал молодёжи
2.Маркс, Энгелс, Ленин, Сталин

Комментариев нет:

Отправить комментарий