четверг, 28 апреля 2011 г.

МОСКОВДАН НОМАЛАР. № 19

Ногоҳ киссамдаги тилифон соз чолди. “Тағо, деди шинос авоз, сиҳатмисиз? Жиянингизман, Қўчқорман”. Биз пурси-пос қилдук. “Бир кўрушайлук, гап бор”, таклиф қилди у. “Тузук бўлур эрди”, жавоб айладим. “Ётоқдасизми?” “Йўқ, башқа жойда?” “ Қаёнда?” “Хитой горадок тамонда”, жавоб қилдим ва хавотирим чандон ошди. Бу тамонларда нима юмуш бирла юрганимни сўраса, қандоқ жавоб этурман”, деб хаёл қилдим. Хусусан, Марямнинг ўйида, ул заифа бирла боҳамро рўзгурзонлик қилишимни фаҳмлаб қолишидан бисёр қўрқар эрдим. Шукурки, жиян савол бермади. “Сиз метро яқинида турунг, ман етиб борурман”деди у.
Борғонимда, жиян ташриф этиб, каминаға интизор бўлуб турғон экан. Анинг чорчархасидан жой олдим ва тоғо-жиян шиддат бирла қибла тамон равона бўлдук.
“Вилоятга чиқурмиз, муддаога ўтди Қўчқорбой, у жойда рўзгурзонлиқ қиладурғон ҳамюртларни кўрадурмиз. Сиз аларни рўйхатга олурсиз”. “ Бу нимага лозим,” савол айладим. “Фақат шаҳармас, деҳада ҳам ишлайдурғон кишиларимизни билмоғимиз жоиздур”.
Равон кўчанинг экки тамони сарҳад билмас бешазор. Хаёл қилурсанки, тикка қад берган дарахтлар бошиддат арқага чекинурлар. Бир маҳал катта қурилиш қошида тўхтадук. Бу жойда батамом бизнинг мардумлар меҳнат қилур эрдилар. Аларнинг сардори жиян бирла қўҳна шиносга ўхшайдур, чаққон келиб, салом-алек қилди, эҳтиромлар намоён этди. Бо ин жумла, камина бирлан ҳам муқаддам шиносдек, пурсу-пос қилди. Аларнинг гапзанонидан шу нимарса аён ўлдики, бу жойга бир бой учун дуқавата ўй қурур эрканлар.
Жиянимиз шартнома қоғозлари дарак қилди ва даме ўтмай ани муҳайё этдилар. Қўчқорбой аҳдномани варақлаб, нуқсон топмади хаёлим, бир сухан демади. Шу фурсат ичинда ман бу жойдаги фуқароларни бозуд қоғозга тушурдум. Алар йигирмадан зиёд ўлуб, Қашқадарё, Сурхандарё, Андижон вилоятиндан келғон мусофирлар бўлуб чиқди. “ Ихтиёрингизга Московдан дағе йигирма киши юборурман, деди жиянимиз сардорға, аларға иш ўргатурсиз”. “Кўплук қилмасму”, андешаға борди устобоши. “ Инчунин, сиздан ўн беш устони олиб, Литвага жўнатурмиз. У жойда мактаб қурмоқ лозим. Урусларга нисбат экки баравар кўп ҳақ тўлайдурлар. Алар бисёр боинсоф, бодиёнат мардум.”
Сардор ва анинг ақраболари масалага оид якчанд сўроқлар бердилар ва жавобдан қаноат ҳосил қилдилар. Даме фурсат кечмай, биз хайру-хуш қилдук ва дағе йўлда давом бердук. Йўл юрдук, йўл юрсак ҳам мўл юрдук ва ниҳоя, эски бир сарой рўбарўсида тин олдук. Бу жой аввол калхозга тобе бўлғон чамаси, эски, бузуқ мошин-у, трактурлар паришон сочилиб ётур, нари тамон равон дала бўлуб, замин шундоққина пленка бирла ёпилғон эрди. Бу жойнинг сардори ҳам Қўчқор бирла шинос чиқди. Анинг ўзи ҳам ва жами одамлари Бухоро атрофидан бўлуб, бир гекторча жойга алафча, яъне кўкат экар эканлар. Самарқандлик, Ургутлик олиб-сотарлар кўтара харид қилурларини аён қилдилар.
Ман рўйхат қилмоққа тушдум. Заифу мард ўттуздан кўп эрдилар. Ҳар ой ўйга фалон доллардан юборурмиз, дедилар. “Қандоқ муаммолар бор” савол айлади жиянимиз. “Боз ярим гектор замин бўлса, одам олар эрдим.” “Ман ҳал қилурман”, ваъда берди жиян. Аммо-локин беш-олти мардакни юборурман, аларга иш ўргатурсиз. Дигар шаҳарлар теграсида ҳам зелен етиштирмоқни жорий этурмиз”.
Бухоролик банда розилик билдури.
Қайтар маҳали, роҳ-бароҳ Қўчқорни жоғи очилди. “Уруссиядаги жами фуқароларимизни рўйхат қилиб чиқадурмиз ва алар бизнинг муҳофазада бўлурлар. Ҳар бир вилоятда сардоримиз, касаба уюшмамиз, марказда “Юртдош” деб номланадурғон газитимиз бўлур.”
“Манга қара, сан не боис ватанга қайтиш, юртни обод қилмоқ хусусинда гапурмайсан, ҳаракатлар қилмайдурсан. Бизга ҳам ўйлар, мактаблар қурадурғон, кўкат етиштирадурғон ҳунармандлар зарур-ку”, дедим ниҳоят. “Ул жойларда одам бисёр, туғулуш кўпроқ. Шукурки, шундоқ. Мадомики, аҳвол шу тариқадур, бир қисм фуқаро нон топмоқ илинжи бирла четга чиқур. Уруссияга нафақат Ўзбакистон ё Тожикистондан, инчунин Чин, Украин, Молдов, Арабдан ҳам келиб ишлайдурлар. Қаёндаки инсон озод бўлса, пул ва имкон топса, ўша маскан анинг ватанидур”, жавоб берди жиян. “Аммо бизнинг ватан, Ўзбакистондур,” анинг ақидаси дилимга ўтурмади. “Тағо,Ўзбакистон - бизнинг давлатимиз, ватанимиз – Маҳалла, деди у. Сиз ҳоли-ҳамон шўролар мафкураси оғушидасиз”. “Нодуруст, қўшилмайдурман!” андак авоз кўтариб, анинг суханини кесдим. Жилла жаҳл отиға минганимни фаҳмлаб, тил тишлади.
Шаҳарга кеч кирдук. Хайри-хуш қилур маҳали киссамга пул солди. Тархашлик қилмадим. Тушуб санасам, минг доллар теграсинда. Зудлик бирла
нақ ярмини Маҳаллага – хотуннинг номига жўнатдим, қолгонини
вақти шом илтифот ила Марямга бердим.
Бул заифамиз ҳам бисёр сарафроз ўлди.
Калвак МАХСУМ

Комментариев нет:

Отправить комментарий