Вақти нонушта Марямхон илтижо оҳанги бирла дедики: “ Акои Калвак, хоҳиш қилур эрдимки, бугун кулбамизда бўлсангиз: ман дўкон чиқадурман ва мактабхон балалар келадур, аларни андармон қилиб турурсиз. Ладнами”? “Ладна”, жавоб айладим.
Бадаз якчанд соат, аввол уч ва дақиқалар кечмай дағи экки ўзбек бала ташриф қилди. Ишни алар бирла танишмоқдан бошладим. Балакайлар Хоразм, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятидан эрдилар. Хоразмли экки бала онаси сабаб Москов келгонини ва волидаси фаррошлик бирла бандлигини гапурди. Отаси хусусида савол бермоққа андеша қилдим. Эккови ҳам ўндан ошган бўлуб, мактаб бормас эканлар. Бу жойга урус забонида ўқимоқ ва ёзмоқ илинжи ва умеди бирла қатнар эрканлар.
Қолгон балалар дадалари бирла боҳамро Москов келғонларини ва падари бузрукворлари якчанд юмушлар бирла банд бўлғонлиғини гапуришди. Марямхон таъкид этгонидек, алардан вазифа сўрадим. Дафтарлариға якчанд руси суханларни битған бўлуб, мазкур калималарнинг мазмунини ҳолба-қудрат ҳикоя қилдилар ва бундин сарфароз ўлдум. Ёши жилла каттароқлари урус тилинда рўзгурзонликлари хусусинда чала-чулпа гаплар битган эрдилар. Ҳаяжон, ҳасрат ва имловий хатоларға сероб ушбу баёнларни ўқуб, аларнинг тириклик тарзи хусусида хулосалар ясамоқ мумкин эрди. “Бир хоначада саккиз киши ётадурмиз. Вақти саҳар турурмиз ва кечаси ишда бўлғонлар бу жойга келиб ётур,” деб қоғоз қаролаған эрди балалардан бири. Дағи башқаси скинхедлардан қўрқуб, куни бирла хонадан чиқмаслиғини ошкор этғонди.
Ман аларни ўқуб, надоматларға тўлуб турган маҳалим Марямхон пайдо ўлди ва бу юмушни ўз ихтиёрига олди.
Бир пиёла чой ичадурғон фурсат ўтар-ўтмас қунғироқ авоз берди ва хонамизга келишган, сертакаллуф бир мардак кириб келди. Қиёфаси ё ўзбек ёки тожиклигидан далолат берур эрди. Бадаз салом-алек аён ўлдики, бу банда хўжандлик тожик ўлуб, акои Сафар дер эканлар. Ва бизнинг асл самарқандликлар мисол ўзбеки, тожикини равон гапирур экан. Ул неча йиллар давоми Московда рўзгурзонлик қилғонини, якчанд муддат пеш ани Кастрома отлиғ шаҳарга тожикистонлиқ мусофирлар сардори этиб тайинлағонларини гапурди. То ин сана фарзандиға Марямхон савод ўргатур экан, кетар маҳали аёлимиз (таъбир жойиздур) бирла ҳисоб-китоб ва хайр-у хуш қилмоқни ният қилиб, эшик қоқибдур.
Суҳбат асносида шу нимарса аён ўлдики, тожикистонлик мусофирларнинг (уруслар гастербайтер деюрлар) ҳар бир шаҳр ва вилоятда ўз уюшмалари мавжуд ўлуб, алар ҳамватанларини муҳофаза қилмоқ бирла банд эрканлар. Бирор банда тожик балаларга зидди қонун фармойишлар берса, ҳақини уруб қолса, золимликка йўл қўйса, булар аралашур эканлар. Аларнинг касаба уюшмалари мавжуд ўлуб, ёрдам, нафақа масалаларини гарданига олғон экан.
Акои Сафар дегонимиз бисёр равшанфикр, алалхусус, сиёсат ва дунёбинлик бобида серандеша, доно мардак чиқди. Алламаҳал анинг пурмаъно гапларига қулоқ тутуб ўтурдим.
“Ўзбакистон бирла Тожикистон бозуд дўст бўлмоғи, бирлашмоғи зарурдур. Овруподан ибрат олмоқ вақти келди. Бу не кўргуликки, сарҳадларимиз занжирбанддур, тўй-азага бориш имкони йўқдур. Тарихимиз, дарёларимиз, йўлларимиз бирдур, то наздик бир мамлакат фуқаролари эрдик. Аммо шайтонга қулоқ тутдук, бир-биримизға ало кўз ташлайдурғон нохуш ҳол пайдо қилдук. Рудакий, Алишер Навоий киби фозил-у комил боболарнинг доно ўгитлариға нописанд бўлдук ва рақибларимиз бундан хушҳол ўлуб, гиж-гиж қилмоққа зўр бердилар.
“Бизнинг Ўзбакистон бисёр бой жумҳур, жим турмадим, жаъмики йўллар бизнинг ҳудуддан ўтур, боз газга соҳибмиз. Даркорки, иззат-ҳурмат шунга яраша бўлса. Ҳукуматимиз раҳнамолиғи шарофати бирла иқтисодий буҳрон ҳам бизни четлади ва бунга жаҳон тан берди”
“Акаи Калвак, сиз ҳақ, давом берди янги шиносим. Аммо, бародарлик – баробарлик, деюрлар. Ёдда тутунг: қўлида бир ҳавуч тиллоси бор ялғуз бандадан, якчанд бародари бўлғон киши бахти чопғон ҳисобланур. Эмди сиз таъриф этғон бўҳрон хусусида. Бизнинг ва сизнинг кишварга иқтисодий буҳрон таъсир этмагайдур. Боиси: экки жумҳур то ҳануз бозор иқтисодига батамом ўтмади. Сизларда қандоқ англамайдурман, аммо бизда пахта, чорвони, тоҳаттоки обуна қилмоқликнинг ҳам плони бор. Шўролар замонида бир латифа бор эрди. Экки вилоят сардори рў-барў бўлуб қолибдур. Бири дебдурки: “Бизда жун плони ижро бўлмай қолди ва зану-мард баданимиздаги тукларни тарошлаб топшуришга мажбур ўлдук.” Униси хомуш тортиб дебду: “Сизларга осон кечибдур, бизга тухум плони тўлмай турубдур”.
Деҳқон-у, чорводорнинг аҳволи ночор эрди ва бугун ҳам бизда тузук ўлмади. Фалон фоиз халқ пахса ўйда яшайдур. Энг ямони: Уруссия ва дигар юртларда нобуд бўлаётган балалар сони шўролар замонидаги Афғон урушига нисбат кўпдур”.
Ман дағи ани инкор қилдим. Бизнинг жумҳурда тириклик чандон тузуклигини гапурдим. Шу тариқа узоқ мубоҳаса - сўҳбат қурдук ва охир-оқибат, тилифонларимизни хатга тушуруб, хайр-хуш қилдук.
Соат ўтмай боз эшик қунғироғи авоз берди. Очсам, баласини қўлидан тутган бир ҳабаш турубдур. Алар шу қадар қаро эрдиларки, бандаси сесканиб кетур эрди. Меҳмон Марямни дараклади ва камина эҳтиром кўрсатиб, аларни ичкари киритдим.
Аён ўлдики, бу занги ўғлига урус тилидан сабоқ берадурғон муаллим дараклаб юрғон маҳали қайбир мўмин бизнинг эшикка ишора қилибдур. Гапзанон асносида аён ўлдики, ҳабашбачча ўз она забони бирла англисини билур экан. Ва алар якчанд сол муқаддам қалам, дафтардан воз кечиб, наубок отлиғ мўъжиза воситаси бирла билим олмоқни таомил қилибдурлар.
“Ҳукумат мактабға борадурғон ҳар бир хонандаға наубок савғо этадур. Анда жамики дафтар ҳам, китоб ҳам муҳайё”, деди меҳмон ва боримиз бу гапдан ҳайратга тушдук. “Надомат бўлғайким, ман бу асбоб бирла сабоқ беролмасман” гарданига олди завжам.
Занги бу гапдин зарра ранж топмади ва хайр-хушни қуюқ қилиб, эшик ёпди.
Калвак МАХСУМ
Комментариев нет:
Отправить комментарий