вторник, 1 марта 2011 г.

МОСКОВДАН НОМАЛАР. № 13

Оинаи жаҳонда безори ялтирбошлар ( алар скинхед деюрлар) хусусинда тамошо бошланди ва бу яввойилар ҳақинда тасаввур пайдо қилмоқ илинжи бирла диққат жамлаб, бошдан-аёқ кўрдум.
Аввол мардумлар ва мошинлар бисёр бўлғон бир бекатни намоён қилдилар. Боре одам ўз зиндалиги, ташвиши бирла банд эрди. Бир маҳал ва ногоҳ, сочи поку билан қиртиш қилиб олинган йигирма чоғли ўсмир бала пайдо ўлди. Алар калтак, пичоқ тутган ва хунхўр кўзлари алақ-жалақ эрди. Фурсат ўтмай, ҳа йўқ, бе йўқ, безори баччалар халойиққа ташландилар. Рўбарў бўлғонни бераҳмлик, бешавқатлик ила урур эрдиларки, айтғулик йўқдур. Ночор қолған мардум бақирар, мададга чорлар ё чор тарафга гурезон эрди. Даме ўтмай, қонга ташна бу олчоқлар ба мисли туман тарқалдилар, яъне қочиб қолдилар. Бад “тез ёрдам” ва инчунин, якчанд миршаб келди...
Хай, бу бир нохуш манзарани кўрдум. Ул поёнига етмай, оинаи жаҳонда етимхонани намоён қилдилар. Мажлисгоҳга шумтакаларни тўпладилар ва аларни олими бозарба, шоири зукко, хонандаи хушавоз бирла шинос қилдилар. Бу зоти олийлар балалар бирла учрашмоқ, аларни хушнуд этмоқ умедида ташриф қилғонларини айтдилар.
Илкинда олими яктога сухан бердилар. Ул таълим-тарбия хусусинда сўз очиб, бузурглар ундоқ, бундоқ деганларини таъкид-у такбир қилди. Ва инсон боодоб ўлса, ўқуса талай нимарсаларга эришмоғи муқаррарлигини исбот этиб, якчанд мисоллар баён этди. Анинг суханлари, илло рост ва зарур эрди.
Худди шу маҳал бир падарлаънат етимбачча нотиқнинг нақ пешонасига тухум бирла тушуруб қолди. Ғала-ғавур бўлди, олим қаҳр қилиб, башқа гапурмади.
Бадазон шоир минбар минди. Бир шеър қироат қилғон эрди, етимчалар диққат қилдилар, чапак урдилар. Шоир мамнун ўлуб, боз ўқуюнми, мазмунида савол айлаган эрди, балаларнинг атамани: “Бас қил, дурак”, деди. Шоир бисёр ҳижолат тортди.
Сўғун хонанда қўшуқ бошлади, шумтакалар чаққон туруб ўйунга тушдилар. Ҳофиз ашўлага якун қилиб, дигарини бошламоқ бўлғон эрди, қаҳр бирла бақирдиларки, боз ўшани такрор қилсун. Дағе пода ўлуб, ўйунга тушдилар. Бир ашўлани тўрт карра такрор қилди ва дедики, эмди бас, башқасини айтурман. Балалар анга таёғу тош отдилар...
Бад аз бу намойишлар оинаи жаҳонда сўҳбати чор бошланди. Олим, поп, етимхона роҳбари, миршаблар сардори мулоқот қилиб, мазкур воқеаларга шарҳ бермоққа, хулоса чиқармоққа киришдилар.
“Ана шу етимлар келгувсида ялтирбош безорига айланурлар, гап бошлади олим. Бир бўлаги, албатта. Қолғони еми турма бўлур. Алардан тузук одам етишмоғи душворки, ҳадди йўқ. Не боис шундоқ? Барига жамият, яъни сиз-у биз сабабмиз. Аларни тарбия этмоққа эътиборни оширмоқ зарурдур. Ҳар қандоқ бандани тарбияга тортмоқ мумкиндур. Сизлар гувоҳ – итга, маймунга, яввойи ҳайвонга тарбия ато этмоқдалар”...
Олим донолик ила якчанд мисоллар келтурди. Бадазон суханга эришган попга ҳам тан бердим.
“Бу сағирларнинг падар-модари ҳам, ўзлари ҳам Худони танимагани боис шундоқ бахтиқаро бўлдилар. Дилида Исо Масеҳ жой олған бандадан зинҳор ва зинҳор безори чиқмас, гунаҳкор чиқмас. Боиси, муқаддас китобларда инсонга озор етказмоқлик бисёр уволи азимлиги қайд этилгандур. Уруссияда қадим замонда балаларини етимхонага бермас эрдилар ва баракс аларнинг дастидан тутуб, черковга олиб борур ва дилига нури мунаввар солур эрдилар. Зарурки, бугун етимхоналарга поп ва пасторларни таклиф қилиб, етимчаларни Худо йўлига даъват қилсак. Дигар йўл йўқдур. Бадазон скинхед деганлари ўз-ўзидан барҳам топур”...деди.
Миршаблар сардори ҳам дилдан очуқ гапурди.
“Скинхедлар бисёр хавфли унсур. Алар шунчаки безори йўқ. Бу тўдада ғайриинсоний ғоя мавжуд. Яъни Уруссияни дигар миллатлардан, аз ин жумла ғайридинлардан тоза этмоқ режасидадурлар. Ялтирбошлар, янги фашистлардурлар. Бир замонлар Гитлер газандалари ўзларини олий ирқ, яъни орийлар деб эълон қилғони ва мағрур-у масрур ўлғони не оқибатларға келтирғонини инсоният яхши билур. Биз ялтирбошларнинг якчандини қўлға олғон эрдик. Аммо юқоридан ишоратлар бўлдики, бозуд озод этайлук. Демакки, баландда аларни қўллайдурғонлар, аз ин жумла ақча берадурғонлар ҳам анча”...
Якунга етимхона бошлуғига сухан бердулар.
“ Азиз биродарлар, сўз бошлади у, муҳтарам олимимиз бисёр рост айтдилар, балаларнинг анчаси биздан чиқиб, ялтирбош безорига айланмоқда ёки турмага тушмоқда. Боиси, жамиятда аларни қўллайдурғонлар, меҳрибонлик кўрсатадурғонлар йўқ ҳисоби. Бундан ямон кучлар истифода этиб, ўз сафларига қўшурлар. Олимимиз тарбияга зўр бермоқ даркор дедилар. Кўрдинглар, шу умедда олим, шоир, қўшуқчини олиб боргон эрдик. Ана оқибати.. . Муҳтарам поп ҳазратларининг ҳам айтғонлариға қўшилурман. Соли гузашта бир уламо бирла шарт қилдикки, ҳафтада экки бор келиб, балакайлар бирла дин йўлида суҳбатлар қурсун, аларнинг дилига иймон-у эътиқод солсун. Ҳафта ўтмай денг, етимчалар анинг муқаддас китоблар солиб юрадурғон папкасига йилонни қамабдурлар. Ўйига бориб, папкасига қўл суқса...Қўрқуб, бандачиликни бажо келтурди, шўрлик. Башқа попни айтдук – анга ҳам маош тайинладук. Балалар бобойнинг чакмони арқасига луччак заифани суратини ёпиштириб қўйибдурлар. Ул зот бу бебошликдан бехабар, шаҳар кезибдур. Шу тариқа етимхонага гашта қадам қўймади. Денг, боз нима қилайлук”.
Баҳсу-мунозара давом берди. Бад қўлга тушган якчанд кўзи бенур ялтирбошларни намоён қилдилар. Ва савол-жавоб айладилар. Қизиқ-ки, алардан бири бадавлат рўзғорда воя топгон экан.
“Уруссия унсур иллатлардан тоза бўлмоғи керак, гап бошлади, нокас. Биз дигар миллат бўлса ҳамки, заифалар, балалар, қарилар, чеченлар, яҳудийларга қўл кўтармаймиз. Шундоқ қасамёд қилгонмиз.”
Падарлаънатга савол бердилар: “Хуп, ана заифа, бала ва боз мўйсафедга шафқат қилурсизлар дейлук, чечен бирла жуҳудни не деб аяйсанлар?” “Бунга жавоб қилмоқни истамайдурман”, деди ҳароми пўнглик ила. Миршаблар сардори луқма қилди: “Буни биз билурмиз. Алар чечендан ўлгудак қўрқурлар, доҳийлари арасинда яҳудийлар бор сабаб, улар бирла муроса этурлар.”
Башқа бир ялтирбошга савол бердилар: “ Сан пушаймондурсан? Қамоқдан келсанг не юмуш бирла банд бўлурсан”? “Курашни давом берурман – ватанни тоза қиладурман”!
Мулоқот ва гуфти-гўйлар шу тариқа якчанд дақиқа давом этди. Бадазон тилвизорни учурдим ва хаёлға ғарқ ўлдум. Ҳазорон-ҳазорон шукрки, бизнинг Ўзбакистонда бундоқ хунга ташна унсурлар йўқдур.
Бағоят зарурки, биз келгувсида ҳам аларнинг рўёбга чиқишига йўл бермайлук.

КАЛВАК МАХСУМ ЎҒЛИ

Комментариев нет:

Отправить комментарий