Ногоҳ Самарқанддан, боз аниқроқ гапурсам, Маҳалладан, завжаи садоқатманд-у саодатмандимиз Жамила бонудан нома олдим. Меҳрубон заифамиз бадаз салом-алек, рўзғордаги сиҳатлик, хотиржамлик, фаровонлик, деҳадаги дигаргунликлар борасинда қалам тебратибдурлар. Бо ин жумла, Фотима кампир бирла чоллари бир кунда бандаликни бажо келтургонларини баён қилибдурки, бу нохуш хабардин, бисёр хомуш ўлдум.
Эмди Фотима кампир хусусинда сухан юритадурғон ўлсак, ул раҳматлининг бисёр хушфеъл, дили ва қўли очуқ, саховатпеша бўлғонини айтиб ўтмоқ ҳам қарз, ҳам фарздур. Апа шўролар замонида дўм эрдилар. Шабу рўз мардум ташвишини чекар эрдилар. Чоллари ( Худо раҳмат қилган бўлсун) рўзғор юмушлари бирла банд ўлуб, аёллари раият ташвишидан қайтгунга қадар, авқот пишириб, дастархон қилиб қўюр эрдилар. Локинда шундоқ хушфеъл, доно, хокисор эру хотунни Худо фарзанддан қисган эрди. “ Мани балаларим ўн уч минг деюрдилар”, Фотима апа. Боиси, думлик ҳудудида шу миқдорда бала бор эрди. Апа жамеки хонадонга кирур эрдилар, мадад ва меҳрибонлик кўрсатур эрдилар.
Қарангки, алар бир вақт ичинда бандачиликни бажо келтирибдурлар, валек маҳалла бундан бехабар қолибдур. “Аҳли улус бисёр жам бўлди, мардум кўюнди, то ҳаттоки, мурдашў ҳам аларни йиғлаб-йиғлаб ювди”, деб битғон эрди балаларимизнинг онаси бу хусусда.
“Эмди бас, Московдан қайтинг, ўлук бирла тирикка йўқдурсиз ва бу надоматдур. Балаларга либос харид этмоқни фаромуш қилманг. Боз маҳаллалик қилиб, Азим полвонга кўйлак иштон олмоқдан сақланинг”...
Хотуннинг бундоқ ишоралари ҳақдур. Соли гузашта хориж борғон, яънеки Чин юртини тамошо қилғон эрдим. Кичкина ўғулга жун матодан тўқулган кўйлак бирла иштон харид қилиб эрдим. Хотун кўруб, сарафроз ўлғон ва дегон эрдики: “Сувга кирса тор бўлмоғидан чўчурман.” Аммо буни кўрўнгки, баракс ҳафта кечмай катта ўлди. Акасига бердук – муддат ўтмай боз шундоқ ҳол. Хай, андоқ бўлса, ўзум киюрман, дедим. Аввол ёпишиб турғон либос, даме ўтмай шалвиради. Кўп фикр қилдук. Хотун ани исроф қилмай, ичига пиёз солди ва дарвозахонага авезон қилди. Вақт ўтуб, бу ҳолдан ўйга келадурғонлур чўчуйдигон ўлдилар. “ Калвак айвонигага бир баҳайбат бандани осиб қўйибдур, деган” ҳазил-у рост сухан зоҳир ўлди.
Деҳамизда Азим полвон отлиғ азимжусса рўзгурзонлик қиларди. Худо гавда бирла қувватдан берган, локинда ақлу фаросотдан андак қисғон эрди. Ул дедики: “Акаи Калвак шу либосни манга туҳфа қилинг”. Дедимки: “Кириб ол”.
Шундоқ қилиб, ўзум завжаи муҳтарамайнимизга нома битмоққа ўтурдум. Аввало жаме меҳру муҳаббатимни изҳор этмоқни қарор қилдим. Бундоқ фикр қилсам, бу дунёи бебақода андин меҳрибон ва маҳрам кишим йўқдур.
Ўсмирлик чоғим нон сотадурғон шаҳарлик тожик қизга меҳрим тушғон эрди. Худо ато этган кун ул дўсрўдан нон харид қилур эрдим. Хеш-у ақраболарга ҳам бот-бот пўлоти нон олиб борадурғон ўлдумки, андин ажабланур эрдилар. Бир кун ул соҳибжамоли яктога хавотир аралаш дедики, “Сансиз дунё манга қаронғудур, магарам рад қилсанг, уволимга қолурсан. Ман ўзумни осурман!“ Ул парипайкар жаҳлга минди ва дедики: ”Бозуд гум бўлинг, жинни бўлганим йўқ-ки, қишлоқига тегсам”. “Бизни қишлоқ ҳам шаҳар теграсинда”, зорландим. “Маҳаллами? Андиён. Сал бундоғроғ одамлар а? Кани, якта даф шавед”!
Йил кечди, дарди дилим жилла фаромуш ўлуб, ногоҳ, даштдан келғон талаба қиз дилимни “жиғ” қилди. Якчанд бор роҳ пойладим, хушомадлар қилдим. Арқасидан бордим. Бир кун дангал қилиб дедики: “Ман жинни бўлганим йўқки, шаҳарликка тегсам”. Жавоб қилдимки: “Ман шаҳарлик йўқман. Деҳамизни Маҳалла деюрлар”. У хандон кулди. “Ўша ҳардамхаёл, девоналар деҳасими? Афандилар арасига бало борми манга? Вой, ўлай, чукчахонага келин бўлурманми?! Елкамни чуқури кўрсун”...
Бунисига ҳам, бахтли бўлунг, демоқдин ўзга чорам йўқ эрди.
Аммо йиллар ўтуб, алар бобахт бўлмадилар. Шаҳарлик наввой қиз сандуқсозга тегди. Ул бадбахт эр ичадурғон ва хотунни дўппослайдурғон бадқилиқ чиқди.
Даштлик қизни бир бетавқиф амалдор бузди яъне бадном қилди, сўғун уни эр олмади. Ҳасрат, надоматлар ва боз бисёр пушаймонликлар ила оламдан барвақт кўз юмди.
Даштлик қиздан ҳам рад жавобини олиб, ғам-ҳасрат ичинда кўюнуб юрғон кунларим падари бузруквор меҳмонхонага чорлаб, дедиларки, фалончи намозхонни Жамила отлиқ қизи бор. Бундоқ ибратбахш рўзғордан ямон ожиза чиқмайдур. Бир тарафи хеш-у ақрабо ҳам. Илло, қиз балани яхши билурмиз. Иншооло, боимон, боодобдур. Бийингиз бирла кўп маслаҳат қилдук ва ани келин қилмоқни лозим билдук. Сиз шунга нима деюрсиз”? Одоб юзасиндан якчанд дақиқа сукут қилдим ва бад: “Нима десаларинг – розидурман”, дедим.
Жамила бисёр меҳнаткаш, меҳрубон ва эш чиқди. Хусусан, раҳматли бийижонимиз андин беҳад хурсанд ўлуб, шукри Худо қилур эрдилар. Йил ўтмай, волидаи муҳтарамайнимиз бандачиликни бажо келтириб қўйдилар. Бечора завжамиз шундоғам жиғибийрон бўлуб кўйдики, ҳадди йўқдур. Батамом бедорхоб бўлиб, сал уйқуси келса, йиғлаб ўйғонар ва волидамизни йўқлаб фарёд чекур эрди. Нафаси ўткур муллоларга дуо ўқуттурдимки, зора бу дарду ғуссалардин бо зуд халос ўлса.
Йилар кечди. Беш фарзанд кўрдук. Бир қизимизни Худо зиёда кўрди. Олиб бормаган духтур-у азойимхонимиз қолмади. Дардни хешлик оқибатига вобаста дедилар. Охир-оқибат, эр-хотун чун абри навбаҳор йиғлаб-сихтаб, норасидани тупроққа топшурдук.
Бора-бора шундоқ фикр қилдимки, муҳаббат бирла Лайли Мажнун бўлуб, бадазон эр-хотун бўлғондан, никоҳ ўқутуб, бад то охир муҳаббат қўймоқ устувор ва зебодур. Ва боз бу борада ато бирла анонинг ройишига қулоқ тутмоқ зарур, дағе жоиз эркан.
“Жамила, сан мани лакалав-у ландаҳур деб фикр қилма, ҳазил бирла битдим, аз ин жумла, анга битадурғон номамда, ўзунгни шимга дасмол босгонинг ёдимдан фаромуш бўлғони йўқ”.
Гап бундаки, келин бўлиб келган фасли либосимга дасмол бос, деб эрдим. Бадаз якчанд дақиқа яктагимни келтурди. Кўрсам, ярими силлиғ-у, қолғонига иссиқ тегмаган. Дедимки: “О, буни нима чалакорлик?” Дедики: “Буяғига уттугнинг сими калталик қилди”. Мана санга маҳаллалик...
Мактубнинг якунида ёздимки: “Насиб ўлса, тез кунларда борурман. Санга соч, лаб бўяйдурғон ранглар, атрлар олурман. Эмди балалар воядадурлар, пардоз-андоз қилиб, хушрў бўлуб юрадурғон замонинг келди. Мандан хавотир қилма, шайтонга ҳай бериб, ямон ўйларга йўл қўйма. Этагимга намоз ўқуса бўлурлигини фаромуш қилма.Бу дунёи бебақода санданда вафодор, садоқатманд ва хушрў заифа бўлмас ва бўлғонда ҳам анга қарамоқ каминаи камтарин учун гуноҳи азимдур.
Балаларни ўпуб қўй.
Паноҳи Худо”!
Калвак МАХСУМ 11*
Бузурглар ҳар юз йилда бир бор дунё кўрурлар. Камина Абдулло
Қодирий таъриф этган Калвак Махсуми 1 дан нақ юз йил кечиб, дунёга келдим. Муддаоим, оламни забт этмоқдур.
Комментариев нет:
Отправить комментарий