Кўча кезар эрдим, бир маҳал кўрдумки, аламон якчанд қизил ялавларни бардор-бардор қилиб, саф тортиб юрур ва аларнинг кети кўринмайдур. Ё навзанбиллоҳ, тушумми, ўнгум: сафнинг пеш қаториндағилар доҳий Ленин, Сталин суратларини кўтариб олғон эрдилар. Ёзувларни ўқудум: “ Яшасун коммунизм!” “Дунё пролетарлари бирлашинглар” ва дигар. Лоп қилиб, ёдимға балалигим тушди.
Ийд кунлари Регистондан парад ўтур эрди, аҳли шаҳр худди шундоқ ялавлар ва шиорлар тутур эрдилар. Алар ҳам Ленин, Сталин бирла экки серсақол бобойни суратини олиб ўтур эрдилар. Ва роҳ-бароҳ “Яшасун! Яшасун!!!” деб авоз берур эрдилар.
Ҳайрон қолдимки, Московда ҳозир ҳам шундоқ йўл тутур эрканлар. Ҳайратим ҳамда завқим чандон авж олиб, алар бирла ёнма-ён йўл босдим.
Аламон бир майдонга келиб, тўхтади. Бадазон авози бисёр дағал бир мардак минбар миниб, гап бошлади. Кўп суханини чақмоққа фаҳмим ожизлик қилди, аммо ўтган замон бисёр яхши бўлғонлиғини таъриф қилди. Нон фалон, сариёғ фалон пул эрди, яъни бисёр арзончилик замони эрди, деди.
Юраги отнинг калласидак чоғи, бу ҳукумат борини расво-ю радди қилди, деди баччағар зарра чўчумай. Бад ғала-ғавур қўбди, минбар аҳли эҳтиром кўрсатиб, роҳ бердилар ва минбарга...ё навзанбиллоҳ, ўнгумму, тушум доҳий Сталин чиқдилар.
Дилим фаҳмлаб турубди, сиз бовар қилмаябсиз, бу авсар Калвакнинг кўзига инсу-жинс кўрунган, ё шўрлук девона бўлган, деган хаёлдасиз. Бисёр бад кўрганим қасамхўрлик, аммо ялғон гапурсам, майли шу хобгоҳим чаппа бўлсин-у, ман такка қолай.
Эмди доҳий Сталинни салобатларини билурсиз. Мўйлабларини аста тоб бериб, оғур қадам қўйуб чиқдилар.
Бир замонлар калхозимиз ҳам, мактабимиз ҳам шу зотнинг номларида бўлуб, экки жойда ҳайкаллари муҳайё эрди. Идора рўпарўсидаги ҳайкал, шу шапкалари, шу либослари бирла қўл узотиб турур эрди. Аммо таажжуб этардикки, доҳий не боис қиблага ишора қилмай, Тўлқуни тўқумнинг ўйини кўрсатур. Мактабимиздаги ҳайкалларида белдан пастлари ҳам, қўллари ҳам йўқ эрди ва мардуми нохонда бундан таажжуб этарди.
Қисса кўтоҳ, доҳий Сталин минбар минишлари билан аламон жимиди. Шивир-шивир қилдилар. У киши хатман дона-дона қилиб, зеру-забарни жойига қўйуб гап бошладилар.
“ Иншоллоҳ, биз шўролар давлати ва боз ҳукуматини қайтадан бунёд этурмиз. Сарҳадларимиз бо тағин буяғи Афғонгача, буяғи Оврупо киндигигача борадур! Шундоқ боқудрат мамлакатни барбод этганлар қонун олдида жавоб берурлар! Биз боз мактаблар, духтурхоналарни бепул қилурмиз! Яшасун ишчи-деҳқон фирқаси!”
Одамлар “Яшасун! Яшасун!!!” деб авоз кўтардилар.
Доҳий Сталиндан кузумни узмайманг, денг. У иши ўтурдилар. Башқаси чиқди. Бу юзунг қурғур бетамиз сасиди. “ Ўзи нима гап? Москов Осиёдан келғон японғи ясонғи саҳройилар билан тўлуб кетди. Қандоқ ночор, нобарор ҳукуматки, бу чиркинакларни чиқориб пеш қилмайдур?! Далой, далой”
Во занғар, ифлос. Ҳиқилдоғинг кесилгур! Машойихлар демишларким: эгри мўридан тўғри тутун чиқмайдур! О сан ҳароми ўйлаб кўр – бозорларингни алар фаровон қилсалар, ўй қуриб берсалар, мошин ҳайдасалар...шу бўлдими яхшиликка ямонлик. Ўзунг майнўшлик ила банд ўлсанг. Ҳамшираи зорингни кўрай сани...Фикр қилдимки, бобомиз Сталин шу дам анинг оғзига урурлар. Аммо ул зоти олий ўша вазминликлари бирла ўтурдилар.
Бир маҳал денг, Сталин жойларидан туруб, панага ўтдилар. Тикилиб турдим. Воажаб, у киши уяқ-буяққа ўғрунча қарадилар-у мўйлабларини узиб олдилар. Бадазон сочларини ҳам бир ҳавуч қилиб олдилар, либосларини янгиладилар. Қарасам бинниси қизорган бир урус. Вой, хуноса, вой сани бетингга аёғим, дедим. Шундоқ ҳам алдайдурми одамни. К...фурушни андоқ нафратладимки, ҳадди йўқ
Хонамга кайфияти тирриқ бўлуб қайтдим.
Калвак МАХСУМ
Комментариев нет:
Отправить комментарий