суббота, 11 декабря 2010 г.

МОСКОВДАН НОМАЛАР. № 6

Эшитдимки, шаҳар илкиндаги деҳқон бозорда якчанд бародарлар тижорат бирла банд эрканлар. Рўзи чаҳоршанбе, бисмиллоҳ деб ул тарафга равона ўлдим. Такси тутғон эрдим, соҳиби хўжа аҳрорлик тожик бала чиқди. Гапзанон қилиб бордик. Якчанд сана бул шаҳарда шу юмуш бирла бандлиғини боз анинг шарофатинда рўзғор тебратиб турғонини изҳор қилди ва каминани даме ўтмай бозор эшигига рўпара этди.
Ё, навзанбиллоҳ! Бу Масков бозорими ё Ургутнинг Жумабозори?! Боре одамлар, яъне даллолдан - ҳаммолгача, қаравулдан - фаррошгача ўзимизнинг мусулмонлар бўлуб, алар ўзбеки ёки тожики гапурурлар эрди. Якка-якка қалтироқ урус кампирлар, инчунин кафкозликлар ва диган ғайридинлар ҳам воқе эрдилар.
Раста аралаб борадурғон маҳалим, ногоҳ Ғиёсбойтойни кўруб қолдим ва бисёр сарафроз ўлдум. Ул мусофир ҳам бағр очиб келди.
Бу қиёмати бародаримнинг асли номи Ғиёсбой, аммо қайси кун мўйлаб қўйди, мардум Ғиёсбойтой деб атайдурғон ўлди. Боз бир лақаби , Жўражондур. Ким биланки, гапзанон қилди, каттами кичик Жўражон деб гапирур. Калхоз маҳали амалдор эди. Калхоз барҳам топти ва ул савдо идорасига ўтди. Аммо бу идора ҳам барҳам бўлди. Бадазон Ғиёсбойтой ноилож Москов йўлини олди.
Бадаз гарму-жўшон вохўрлик шу нимарсалар аён ўлдики, бу одам алафчафурўшлик ( уруслар зелен, деюрлар) бирла банд бўлуб, савдогарлар Ўзбакистондан кўкат келтурур ва булар ани боғча қилиб сотур эрканлар. Экки қулоч келадурғон пештахтани бир озорбойжондан қиммат-қирон ижора олғонини гапурди. Ул жойда заифа савдо қилур эрди, жуфти ҳалоли бўлса лозим. Пештахтада кўкпиёздан тортиб шибитгача, райҳондан - отқулоққача ҳар не гиёҳлар воқе бўлуб, савдо ҳам чапдаст эрди. Бу ғайридинлар алафни бамисли эчки хуш кўришларидан гаранг ўлуб, яқонгни тутасан.
– Жўражон, бултур шу ҳисобдан бир “Нексия” олдим. Бизнинг мошин Тошканд-у Самарқанддан Московда экки баравар арзон. Бо ин сабаб Московдан харид қилдим. Аммо сарҳаддан ўтишда бисёр ақча олдилар, жўражон. Икки ўн беш - бир ўттуз бўлди.
Шу фурсат денг, сўхтаси савуқ бир миршаб рўпарамга тўхтаб, на салом ва на алик : “Юз рубл бер”, деди ўзбекилаб. Боз тожикилаб ҳам қўшиб қўйди. “ Сад рубл деҳ”.
Иби, деди ўзумча, онангни ҳаққи бор эрдими манга, хотинталоқ! Аммо Ғиёсбойтой чаққонлик ила киссасидан пул чиқориб, ҳолиги муттаҳамга узотди.
– О, нимага ман учун ақча бердингиз,-сўрадим.
– Эй, жўражон, қалпоқни киссага солиб қўйунг. Бу занғарлар қалпоқ кийгандан мазахўрак бўлиб қолғонлар. Боре милисаси бисёр бадфеълдур ва дағи ҳар балога гирифтор қилурлар. Шу пул садқаи сар,- жавоб берди ул.
Боз шуни фаҳмладимки, бизнинг мардумлар миршаблар бирла кавкозликлардан қўрқуброқ рўзгурзонлик қилур эрканлар. Алар бирла ҳисоб-китоб қилмағонларнинг бошига бисёр кулфатлар ёғилур эрмиш.
- Қавушмоғимиз оқсоқ. Бўлмаса урус мамлакатида бозорчилар, биносозлар, боз мошин ҳайдайдиғонларнинг бори – бизнинг мардумлар. Алар бўлмаса, бу даюсларнинг жами юмушлари тўхтаб қолғон бўлур эрди, жўражон. Боиси: ўзлари майнўшлик бирла бандлар.
Бир маҳал денг, ногоҳ носфурушлар растасига ғавғо қўпди. Экки чапани одам ( лаҳжаси хоразми) сақол қўйган, бисёр хушфеъл кўринадурғон, художўй мусулмон мўйсафедни гирибонидан тутуб, ҳақ талаб қилур эрдилар. “ Ё навзанбиллоҳ, деюрди отахон, ман аппоқ сақолим билан шундоқ қиладурманми? Мусулмонлар, бу қандоқ бедодлик?”
Одамлар арага тушдилар ва экки хоразми надомат тортиб кетди. Таажжуб бирла Ғиёсбойтойга қарадим.
– Бу ҳожини Асрори кафт, деюрлар. Нос савдоси бирла банддур. Ўзбакистону, Тожикистондан носни қопи бирла келтуруб, майдалаб соттирур. Ургут-у, Самарқанд-у, Московда ҳам ўй-жой солдирғон. Хотун ҳам Аълло-ҳу аълам, учтадур, жўражон. Уч бор ҳаж қилди. Аммо бир бедаво касали борки, зинҳор ва зинҳон андак воз кечмас. Яъне носни кўтара харид қилиб, пул санаб берадурғон маҳал кафаки қилур. Мазмуни бундоқдур: пулни харидорға кўрсатиб, ҳаввор санайдур ва узатодурғон маҳал, морбозлик қилиб, минг рублдан ками икки юзини кафтига қисиб қолур. Кўзбайлоғуч ҳам бунинг олдида ожиздур. Магарамки, харидор олғон пулини боз санайдурғон ва камомадни фаҳмлайдурғон ўлса, “ Э, шундоқ бўлибдурми, гумроҳлик каминадан ўтибдур” деб пулни қўлга олур, киссасидан намойиш қилиб икки юз чиқориб қўшур ва узотадурғон маҳал дағи кафаки қилур, харидорни қақшатур.
Жўражон бирла гапзанон қилдук. Етти киши – зану мард кавакдак хонада ётур эрканлар.
– Топишим яхши, жўражон, аммо балалар Самарқандда, аларни кўрганимга йил ўлди,- ҳасрат қилди бояқиш.
Кетар маҳали аравача тортиб борадурғон одамға ишора қилди. Аравасига қавун, каду, тўрба ортилғон эди, ёнидағи урус кампир жеркиб йўл ишора қилурди.
– Бўлмайдурғони экки дунёда ҳам шулдур. Бу хуноса куни бирла пишқириб арава тортур, ақча топур, бад бориға майнўшлик қилур ё фоҳишага борур. Самарқандда бала-чақам бор, деб хаёл қилмас, жўражон.
Пеш аз паноҳи худо қилмоқ Ғиёсбойни тилифонини ёзиб олдим ва биз хайр-хуш қилдик.
Тушимда шўрлик Ғиёсбойтой кучук азобинда аравача тортиб борур эрди. Раҳм қилиб лаб жуфтладим: “Жўражон, юртга қайтмоқ жоиздур. Эмди зинҳор ва зинҳор йигитча эмасдурсиз. Ватанни севмоқ иймондандур.” Дебдики: “Бояд, ватан ҳам биз ғарибларни севсун.” Бадазон урус кампир авоз кўтариб, бизни саҳройи, текинхур, деб ҳақорат қилибдур. Шу фурсат денг, аравача “Нексия”га айланибдур ва Ғиёсбойтой бирла кампир анга миниб, равона бўлибдурлар.
Ҳарчандки зўр бердим, туш таъбирини фикр қилолмадим.

Калвак ибн Махсум.
Битдим: ҳижрий 1431, мелодий 2010, бегоҳи якшанба. Москов, Ғарибхона.

Комментариев нет:

Отправить комментарий