суббота, 4 декабря 2010 г.

МОСКОВДАН НОМАЛАР. № 5

Бегоҳи якшанба денг, хобгоҳимда гардуни дуннинг ногаҳоний кўргуликлари хусусинда хаёл суриб ўтириб эрдим, берун тарафда шавқун сурон қўпди. Елкамга яктак ташлаб, андак хавотир ила чиқсам, кулбамдан тўрт-беш эшик ростда авж ғала-ғавур. Бир нимарса фаҳмламай, наздикрок бордим. Қарасам, серсақол бир урус мард бирла заифа Одам Ато бирла Момо Ҳаво кийгизиб юборган либосда, яъне қип луч эрдилар. Эркак экки қўли бирла авротини ёшуруб турур, заифанинг ҳар бири ялтирбош ҳокимимизнинг калласидак келадурғон аппоқ сийналари авезон эрди. Алар ваҳм ва ҳижолатдан дағ-дағ ларзон эрдиларки, ҳеч бир ҳисоби ёинки таққоси йўқдур. Бир заифа раҳм қилиб, аёлнинг устига чойшаб пана қилди, дигари эркакка яктак тутқозди. Локинда шу муддат бир шаддод вайсоқи ва беандеша заифа аларнинг устидан чойшаб бирла яктакни юлиб отди, бир нималарсалар деб авоз кўтарди, жанжол қилди.
Шу фурсат денг, бир эркак шитоб бирла аларнинг хонасига кирди ва даме ўтмай узунлиги, Аллоҳу аълам, экки қулоч, ғафслиги ҳам одам пойидек келадурғон газандани кўтариб чиқди. Мардум ваҳм қилиб чекинди, ғайридинлар чўқунуб олдилар. Бад ул мардак зарра қўрқмай, ваҳшатли йилонни тўрбага тиқди ва бозуд жўнади. Бадазон миршаблар пайдо ўлдилар ва каминаи ғариб хатга тушушдан хавотир олиб, ўзумни кулбамга урдим.
Урус бобойни танидим. Ул художўй ҳар якшанба заифаси бирла шу кулбага келиб ётур эрди. Қайбирам урусмачитнинг ( алар черков деюрлар) имом-хатиби ( алар поп ёки пастор деюрлар) бўлғони сабаб ғайридинлар бисёр иззат кўрсатур эрдилар. Айрим заифалар, домонлари, қўлларини ўпур эрди. Рўзи шанбе “Эртага ҳазрат завжалари бирла келурлар” деб тараддуд кўрур эрдилар, бо ин жумла хоналарини сидқидил тозалар эрдилар.Аммо нечун бундоқ нохушлик, дилсиёҳлик юз курсатди, фаҳми ожизим ноқис эрди.
Якчанд соат ўтуб, хонамга фаррош заифа кирди ва уни аста гапга кирутдим.
- Юзи кўйсун аларнинг: ул мочахар заифа хотунчаси бўлмай ўйноши эркан,- гап бошлади у.
Ғийбат борасинда урус аёллар ғам ўзумизникидан қолишмайдур. Эмдики жавради, бу лаққи ҳисоби йўқ. Ул сержоғнинг баёнидан шу нарса аён ўлдики, ўйнош заифа ҳам тарки дунё қилиб, монастир деб аталадурғон жойда рўзгурзонлик қилур экан. Шундоқ табаррук жойда туруб, серсақол поп бирла дон олишиб қолибдур. Ва алар ҳар якшанбе келиб, бу ерга шаҳват ва зино қилур эрканлар. Ҳолиги, аларни дуои бад қилиб, жанжол қўптурган заифа попнинг никоҳдаги хотуни эрмиш ва аларнинг бу ҳаром-ҳариш қадамларидан воқиф бўлуб, ғазаб отига минибдур. Бадазон таниш морбозни тутуб дебдики: “Алар кўрпага кирган маҳал, сан йилонингни тиризадан киргизиб юборурсан. Ман санга фалон рубл берурман.” Морбоз рози ўлуб, йилонни хонага равона қилибдур ва даме ўтмай, ошиқ-маъшуқлар қўрқуб, ташқари отилмишдурлар.
Во, макри минг туяга юк бўладурғон хотунлар! Магарам ашўлаларда аларни хушфеъл, меҳрубон деб алқасалар ҳамки, баракс бисёр қасоскор, маккор ҳамда бераҳмдурлар алар!
Эй эркак зоти, магарам ўйношга борадурғон ўлсанг, зинҳор ва зинҳор бу намоқулчиликни исини чиқорма. Баракс попдак шармандаи шармисор бўлурсан!
Боре гап шу. Бадазон ўйқум келмади. Начора, уламолар аросинда ҳам чапга кетадурғонлари бўлур эканда. Биз бандаи ожизлар нима ҳам дердук. Одам Ато бирла Момо Ҳаво шу бемаъниликни қилғоч дигарлардан не умед?
Мачитимизнинг ҳам бир имом-хатиби бўлур эрди. Одоб хусусинда ваз айтса, тукингга жон кирурди. Ўзи ҳам пайғамбар ёшидан ошгон бўлуб, мардум бисёр ҳурмат кўрсатур эрдилар. Шундоқ одам иславотхонага бориб, бир фоҳишнинг устида бандачиликни бажо келтурди. Фоҳишага ақчалар бериб дедиларким, тилингни тишла. Аммо гап чиқиб кетди. Ҳай, ҳай, ҳай... Шуноқа гаплар.
Попнинг ҳам айтгонини қил, қилганини қилма,- деса раво бўлур, фикр қилдим ва устимға кўрпа тортдим.

Калвак Махсум.
Москов. Ғарибхона. Ҳижрий
1431, мелодий 2010.

Комментариев нет:

Отправить комментарий