Агар мендан: «Адабиёт ўладими?» деб сўрашса, «Йўқ, у ўлмайди, аммо сайтларга кўчади, яъни шакл-у шамойилини ўзгартиради», деб жавоб берган бўлардим.
Хўш, унда китоб нима бўлади?
Китоб ҳам яшайди. Бир замонлар инсон чироқни кашф этганда, энди шамга ҳожат бўлмайди, дейишган. Фотография дунёга келганда, рассомлик санъати тугайди, деб башорат қилишган. Аммо, кўриниб турибдики, буларнинг бари яшаябди ва яшайди!
Инсониятнинг бебаҳо кашфиёти бўлган ва минг йиллаб умр кўрган китоб йигирманчи асрга келиб, икки кучли рақобатчи билан юзма-юз келди. Бунинг биринчиси, ТВ эди ва у кўплаб китобхонларни ўзига оғдириб олди. Иккинчиси эса, компютер бўлиб, у фақат китобхонларни эмас уни бунёд этадиган ижодкорларни ҳам ўзига оғдирди.
Бугун, китобни ўпган, унинг муқаддаслигини таъкидлаган ҳолда, компютер афзалликларини эътироф этмаслик якравлик бўлур эди. Бутун бошли бир кутубхонани гугурт қутисидан ҳам кичикроқ флешкага жойлаштириш, ёзганингни зум ўтмай дунёга тарқатиш имкони, қоғозсиз адабиётнинг юзага келганлиги муъжиза эмасми, ахир?! Уйда ўтириб, ер юзасининг истаган қитъасидаги ёзувчи, шоир, олимнинг асарини зум ўтмай муҳайё қилишни қандай баҳолаш керак? Булар бари, электрон адабиётнинг муъжизаларидан бир қисми, холос.
Ҳеч кимга сир эмас, бугун китоб чиқариб, нашриёт ҳам мамнун эмас, муаллиф ҳам. Нашриёт фойда ололмай хуноб, қалам пулидан умидвор бўлиб юрган муаллифга шимилдириқ ҳам йўқ. Қалам пули нари турсин, ўртача ҳажмдаги китоб учун миллион сўм атрофида пул тўлашга тўғри келаябди.Шунда ҳам ўрта ҳисобда уч минг атрофида китоб чиқади ва у Тошкентдаги тўрт-беш дўконда сотилади. Вилоятларга, деярли етиб бормайди.
Адабиётимизга озми кўпми хизмат қилиб юрган қаламкашларни бу ҳол қониқтирмаслиги табиий эди. Улар аста-секинлик билан ўзларини бир чеккага олдилар. Ва бўш қолган бу муқаддас жойга графоманлар армияси кириб келабошлади. Улар истеъдодсиз бўлиш устига сурбет эдилар, пул топишлари ҳам қийин эмасди. Бу “ёзувчилар” «романлар» эълон қилабошладилар, минбарларда ижод аҳли номидан гапирадиган бўлдилар. Биз эса, ҳозиргача улар билан курашиш механизмига эга эмасмиз.
Нодавлат газеталар кўпайди ва уларда ишлайдиган мухбирлар ҳам чучмал воқеанависликни касб қилабошладилар.
Булар бари адабиёт, китоб учун навбатдаги зарбалар эди.
Узоқни кўрадиган шоир ёзувчилар ўшандаёқ сайт ёки блог очиб олишни афзал деб билдилар.
“Ўз АС”нинг шу йил 19 сентябр сонида эълон қилинган мақоламдан кейин узоқ яқинлардан анчагина мактуб ( буни компютер тилида «комментария» дейишади) ёғилиб келди. Булар орасида «Даракчи» газетасининг бош муҳаррири Анвар Намозов, Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон ва бошқалар бор эди.
Хуршид матбуотда кўринмай қолгани сабаб, зоҳирий бир ачиниш билан уни ТВ ишига ўралашиб қолган, деб ўйлардим. Шукурки, ундай эмас экан. Хуршиднинг сайт очганига тўрт йил бўлибди. Унинг сайти
анчайин мукаммал. Бош саҳифа Афросиёбнинг қазилма деворларидан топилган расмлар билан безатилган ва ёшликдаги сурати берилган. Сайт бир неча файллардан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири расмлар билан безатилган. Мен шоирнинг рус тилига таржима қилинган шеърларини биринчи бор ўқидим ва қувондим.
Унинг янги асарлари ҳақида алоҳида тўхталиш ниятидаман.
Умумун интернетда ўзбек адабиётига бағишланган русча ва ўзбекча расмий ҳамда норасмий сайтлар жуда кўп.”Ўзбек адабиёти” “Ўзбек совет адабиёти”, “Ўзбек адабиёти саҳифаларида” сингари сайтлар мукаммал ёзилган. Аммо айрим сайтларни андак ўзгача фикрдаги рус кишиси тайёрлаган, деган фикрга ҳам келади киши.
Майли, бу хусусда ҳам кейинроқ сўз юритармиз.
Хуллас, кўз нурингни оппоқ қоғоздан кўра, осмонранг экранга тўкишнинг афзалликлари ҳақидаги гапимизни давом эттирадиган бўлсак, компютер хислатларини санаб охирига етиб бўлмайди. Эрталаб сайтни очганингизда, энг аввало, тунда дунёда бўлиб ўтган воқеаларга кўз югуртирасиз. Шунинг ўзи сизни эрталаб газета излаш, ТВ кўриш, радио тинглаш ташвишидан озод этади. Сайт ёки блогингизга ҳар куни неча киши кирганини қайд этилишини айтмайсизми?!. Кейин эса почтангизга йўлланган комментарийларни ўқишга киришасиз. Булар бари ҳамду санодан иборат эмас: аноним хатлар ҳам анчагина ва улар баъзан ҳаддидан ошади. Аммо шунга қарамай, бу андишасиз ўпкаларга ҳам қулоқ солиш зарурлигини ҳис этасиз.
Компютерда чалғитувчи омиллар кўплигини ҳам тан олмай иложингиз йўқ. “Сичқон”нинг бошига енгилгина туртишингиз билан сизни афоризмлар, қизиқали латифалар, нозанин соҳибжамолларга юзма-юз қилишини биласиз. Аммо ҳаммаси меёри билан бўлиши зарур.
Интернетнинг бағоят адолатли ҳакам эканлиги, чалкаш муаммоларни ҳал қиладиган ҳақиқатгўйлигига бир мисол келтирай. Бу ҳам бизнинг маданиятимиз ва маънавиятимизга алоқадор воқеа.
Ўтган йил ЮНЕСКО дунёнинг етти муъжизасини эълон қилгандан кейин « Бекажон» таҳририяти билан норасмий бўлса ҳамки, Ўзбекистоннинг етти муъжизасини аниқламоқчи бўлдик. Газетада сўроқнома ва купон эълон қилинди, бу борада ўз аргументларимизни ҳам тавсия этдик.Тарихий ёки табиий обиданинг қадимийлиги, бетакрорлиги, ҳозирги ҳолати ҳисобга олинишини таъкидладик.
Таҳририятга келган хатлар, телефон қўнғироқлари ва каминанинг қўл телефонига тушган СМСларни жамлаб, ҳар ойда натижаларни эълон қилабошладик. Аммо тезда шу нарса аён бўлди-ки, республикамизда яшайдиган ва масалага муносабатини билдирадиган фуқаро, энг аввало, ўз ҳудуди: вилояти, туманидаги ёдгорликни тавсия қилар экан.
Бу ҳол реал хулоса чиқариш имконини бермас экан. Шунда бир интернетнга мурожаат қилдик ва чет мамлакатлардан ҳам сўровномага иштирок этиш имконини яратдик. Натижага эътибор беринг: энг кўп овозни
Самарқанддаги Регистон мажмуаси олди.
Иккинчи ўринга эса, кутилмаганда Бухородаги Исмоил Сомоний мақбараси сазавор бўлди.
Кейин Шоҳи Зинда мақбараси;
тўртинчи ўринда Бухородаги Минораи Калон;
сўнг Биби Хоним масжиди;
Хивадаги Ичан Қалъа мажмуаси ва
еттинчи ўринни Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги ўзбек Давлат академик опера балет театри биноси олди.
Такрор айтаман, булар норасмий тадқиқот эди ва агар расмий жиҳатдан ўрганилганда ҳам, шунга жуда яқин натижа чиқиши табиий.
Ундан кейинги ўринларда Бухоро арки, Улуғбек расадхонаси, Гўри Амир мақбараси, Интерконтинентал меҳмонхонаси, Тошкент телеминораси ва ҳакозолар эканлигини ҳам айтиб қўйишимиз ортиқчалик қилмас.
Компютер деган муъжизанинг ана шундай хислатлари беқиёс эканлигига қарамай, бизнинг у билан дўстлигимиз жуда суст. Мен гоҳида ўз тенгдошларим, дўстларимни кузатаман. Улар компютерчининг олдига бориб, худди барини сув қилиб ичгандай кибр билан буюришади. “Фалон материални чиқариб бер!” “Почтани оч қани, нима гап?” ва ҳакозо. Шуни унутмаслик керакки, токи бармоқларингиз клавишлар устида югурмас, “сичқон”нинг елкасини авайлаб силашни билмай экансиз, компютердан узоқдаги одам бўлиб қолаверасиз.
Аммо бош муаммо бу ҳам эмас. Сиз менинг сайт- очиб кўрсангиз комментарийларнинг атиги ўндан иккитаси ўзбекча эканлигига ишонч ҳосил қиласиз. Қолганлари рус ва инглиз тилларида ёзилган бўлиб, кўпроқ реклама характерига эгадир.
Дастлаб бу ҳолдан андак мамнун ҳам бўлганман. Аммо норозилигим ошиб борди. Биз не-не умидларда сайт ва блоглар очсак, ўзимиз қадрлаган асарларимизни унга жойлаштирсаг-у, буларнинг баридан фуқароларимиздан кўра чет элликлар кўпроқ баҳраманд бўлса…Бундан не фойда?
Масаланинг туб илдизига қарайдиган бўлсак, буларнинг бари аҳолимизнинг компютер саводхонлиги пастлигига бориб тақалади. Бугунги кунда касбу коридан катъий назар ҳамма компютерни ўрганиши зарар бўлиб қолди. Компютерни билмаган ўқитувчи, ёзувчи, амалдор ёки бошқа касб соҳиби тўлақонли ишлаши мумкин эмас! Бу зарур юмушни мактаблар, коллежлардан бошлаш лозим. Бунинг учун ҳар бир идора, ташкилотнинг компютерлаштириш дастури бўлиши шарт. Биз ижод аҳли жойларда бўлганимизда, ўқув даргоҳларига киришимиз, бу борадаги аҳволни ўрганишимиз, қўлимиздан келган ёрдамни аямаслигимиз зарур. Надоматлар бўлгайким, ҳали компютер клавишига бармоғини тегизмаган болаларимиз анчагина. Жумладан, Самарқанд вилоятида мактабларнинг атиги 30 фоизи компютер билан таъминланганлиги бунга мисол бўлаолади. Статистик маълумотларга қараганда, республикамизда ҳар минг кишидан саксон бир киши интернетдан фойдаланар экан. Тараққий этган мамлакатларда бу кўрсатгич 600-700 кишига етади. Миллатнинг цивилизация даражаси, келажакда ана шу кўрсатгич билан ўлчанишини унутмасак бўлгани.
Компютерни ақлли машина, дейишади.Аслида у жуда ҳам ақлли мавжудот. Мадомики, компютер, шахмат бўйича жаҳон чемпионларини мат қилаётган экан, унга эҳтиром кўрсатишимиз, яқинлашишимиз, фарзандларимизни унинг ихтиёрига топширишимиз зарурдан зарурдир.
Комментариев нет:
Отправить комментарий