суббота, 1 декабря 2018 г.

ТЎРТИНЧИ ҚИСМ


ТЎРТИНЧИ ҚИСМ
ЎТТИЗ БЕШИНЧИ БОБ

Омонат тақдирлар

Бугун – сентябр (1986) ойининг олтинчи куни. Мана, бир ҳафтадирки камина – ўнинчи синф толиби.
Мукаррам Самарқандда дам олиб, Тошкентга қайтиб келганимизга эса ўн беш кунлар чамаси бўлиб қолди. Дадам гарданимизга арқон солгудай қилиб, тўртинчи қаватдаги бетон кавакка судраб келдилар. Тош деворлар мисли хумдон ҳид берарди. Жўмракларни бурасангиз, ташналикдан оҳ тортгандай бўларди. Шунинг учун ҳам сувни пастдан ташиб, хоналарни тозалашга тўғри келди.
Эртаси синфдошим – Ҳусниддинни кўриб қолдим ва иккаламиз алламаҳалгача суҳбатлашдик. Қаттол ёзни, у шўрлик тандирдай қизиган ана шу жазирама уйда ўтказганини эшитиб, шафқат томирчаларим жадалроқ тепгандай бўлди – беихтиёр ачиндим.

Биринчи сентябр завқ-шавқлари, ҳаяжонларининг тафсилоти хусусида эзмаланиб ўтиришим унчалик шарт эмасдир. Бундай дақиқаларда ҳамма ҳам ўз таассуротларини андак кўпчитиб гапиришга, бўяб-бежаб кўрсатишга мойил бўлишини яхши биласиз. Ўша кунги муҳим воқеалардан бири – синфимизнинг янги раҳбари – Айдар Алимович билан танишишимиз бўлди. Одатдаги тантанали йиғилишдан кейин синфга кириб, бир-биримиз билан ҳазил-мутойиба қилаётганимизда, ўттиз-ўттиз беш ёшлардаги келбатли, сокин киши кириб келди; назаримда совуқроқ саломлашгандай бўлди. У рўпарамизга савлат билан ўтириб олиб, хотиржамгина журналга кўз югуртира бошлади. Мен ҳам ўз навбатида дўстларим қатори «янги раҳнамомиз»га (пичинг – меники) разм солдим. Унинг елкалари кенг, мускуллари чайир эди. Муаллимдан кўра, кўпроқ тренерга ўхшаб кетарди. Сочини орқасига ташлагани, негадир ёдимга Максим Горкийнинг ёшлигини солди. Юзидаги сокин, хотиржам ифода нописандликдай, калондимоқликдай бўлиб туюлди. Дилимнинг аллақаерида унинг соғлом вужуди: бақувват бармоқлари-ю тоғдек елкаларига нисбатан ғайирлик, ҳасадга ўхшаш нохуш туйғу ўйғонди. Синфда ҳамон мавҳум бир сукунат ҳукм сурар ва у тағин андак давом этгудай бўлса, шатрамароқ дўстларимдан бирортаси «пиқ» этиб кулиб юбориши ёки ҳазил-мутойибами, нозикроқ аскиями қилиши турган гап эди. Чунки уларнинг дилида ҳам: бу одамнинг «мен»дан устун эмаслигини намойиш қилиш истаги (айниқса, қизлар наздида) жунбўшга келаётганди. Муаллим буни дафъатан ҳис этгандай бошини илкис кўтариб, бизга нигоҳ ташлай бошлади. Бургут нигоҳлари менга қадалганда эса, ботиний бир шиддат ҳис этгандай бўлдим – дилимда бу одамга нисбатан ҳадиксираш аралаш ҳурмат уйғонди: бебош, сарсари туйғуларим тиниқлашгандай бўлди.
Кейин муаллим йўқлама қилди. Ҳар бир ўқувчи ўрнидан қўзғалган заҳоти синчков нигоҳлари билан бир сидра «пайпаслаб» чиқди ва рўпарасидаги янги таниши ҳақида муайян хулосаларга келди. Ўзи ҳақида эса заруратдан ҳам мухтасарроқ маълумот берди: фамилияси, номини, физкультурадан дарс беришини айтди, холос. Сўнг эса совуққина хайрлашиб чиқиб кетди. Мавлон билан Ҳусниддин унинг «так» деган сўз бот-бот такрорлашини мазах қилишди. Суриштириб, муаллимимиз ҳақида тағин талай маълумотларни, жумладан, миллати татар эканлиги, енгил атлетикадан спорт мастери бўлганлигини билиб олдик.
Биз тағин уч кундан кейин – физкултура дарсида учрашдик. Ўзига ярашиқ спорт либослари вужудига шиппа ёпишиб турган Айдар Алимовичнинг мускуллари тағин ҳам бўртиброқ намоён бўлганди. У бизни спорт майдончасига эргаштириб борди-да, баримизни сафга тизди, зоҳирий бир қизиқиш билан бўй-бастларимизни нигоҳдан кечирди, кўзларимизга синовчан назар ташлаб чиқди. Сўнг кутилмаганда буйруқ берди.
– Сигарет чекадиганлар икки қадам олдингга чиқишсин!
Жуда ноўнғай эди бу фармойиш. Биз (чекувчилар) бир-биримизга сирли назар ташлаб олдик, аммо ҳеч ким ўрнидан жилмади. Ҳангоматалаб қизлар бизнинг андак ожиз ҳолатимиздан мийиғларида кулиб, бу савол-жавобнинг оқибатини кутабошладилар.
– Чиқинглар, чиқинглар, – давом этди Айдар Алимович ўша хотиржамлик билан – мард бўлиш керак!
«Мард бўлиш керак!» Бу гап, энг аввало, Мавлоннинг ғурурини қитиқлаб қўйди. Топшириқни қойил қилиб қўйиб, орден олишга шошилаётган шахдам сарбоздай икки қадам олдинга чиқди. Эҳтимол тўғри ҳам қилгандир – у бизга ўхшаб яшириб чекмас, бунинг устига кўп йиллик «стаж»га эга эди. Лекин хумпарнинг ҳозирги «жасорати» бизни таҳликага солиб қўйди: ўрнимизда тураверишни ҳам, олдинга чиқишни ҳам билмай гарангсиб қолдик.
Иккинчи бўлиб Ҳусниддин чиқди. Кейин Лёша (аслида Алишер), Аҳмад, камина...
– Тилаб чекувчилар ҳамми, – қўрқа-писа сўради Вали.
– Чиқ, – буюрди муаллим.
Қизлар, чекмайдиган олифталар қиқирлаб кулишга киришдилар. Шу пайт Норқул бир қадам олдинга чиқиб, биз билан чекмовчилар оралиғида туриб олди. Унинг бу қилмишидан ажабланиб турганимда, Айдар Алимович сўради:
– Бошловчимисан?
– Йўқ, нос чекаман.
Гарчанд нос чекишини баримиз билсак ҳамки, гуриллаб кулдик. Бундай пайтларда кишининг бошқалардан кулишга мойил бўлишининг сабаби – ўзига хос ҳангоматалаблик ва ўз гуноҳини енгиллаштиришга уриниш бўлса ажаб эмас.
– Барибир, кашандасан, – деди Айдар Алимович, – так вот «геройлар» сафида тур.
Етти кишига етдик. Муаллим биринчи бўлиб Мавлонга мурожаат қилди.
– Неча йилдан бери тортасан?
– Бешинчи синфдан бери.
– Ота-онанг билишадими?
Ҳа.
– Индашмайдими?
– Аввал уришишарди.
Жилла паузадан кейин Айдар Алимович Ҳусниддинга юзланди.
– Сен?
– Икки йилдан бери чекаман. Тилаб...
– Уйдагилар?...
– Билишмайди.
– Аданг чекадиларми?
– Гоҳи-гоҳида.
– Тилабми?
Ҳа.
– Сен? – ниҳоят навбат менга етиб келди.
– Бир йилдан бери чекаман, уйдагилар билишмайди, – мухтасар қилдим енгил зарда билан.
Жаҳлга минганимнинг боисини эса ўзим ҳам айтолмайман. Муаллимнинг сен-сенлаб мурожаат қилиши ўтиришмадими ёхуд биринчи куниёқ сир-асроримизни билиб олиши зуғум бўлиб туюлдими – номаълум. Шу билан бирга ўқитувчи бу асрорни уйдагиларга айтиб қўйишидан енгил хавотир ҳам тортабошладим. Йўқ, бу одам пўписа қилмади, қилмишимни юзимга солмади, аксинча гуноҳларимизни ҳатто андак енгиллаштиргандай бўлди.
– Бу савилни бир вақтлар ўзим ҳам чекканман, – деди надомат оҳангида, – кейин қарасам – бўлмайдиган: ташладим. Ундан воз кечиш учун фақат бир нарса керак.
У сукут сақлади. Биз дилтанг бўлиб, ўша «бир нарса»ни кутабошладик. Ажабо, нима бўлди экан у. Садо бўлавермагач, тоқатим тоқ бўлди.
– Айдар Алимович, нима у: «бир нарса»?
– Ирода, – жавоб берди муаллим бепарвогина.
Ундан кейин муаллим турникда осилиб туришимизни талаб қилди; ўзи эса соатига тикилиб турди. Аввал биз – чекувчилар осилдик. Рости гапки, муаллим бирортамиздан ҳам мамнун бўлмади.
– Так, еттовинг жаъми бўлиб, беш минут-у йигирма секунд турдиларинг, – деди ҳафсаласизгина, – мен бир қўлим билан олти минутдан кўпроқ тураман.
Биз исбот талаб қилмадик. Ишониш мумкин эди унинг бу қудратига. Кейин узоқликка, баландликка сакрадик. Шукурларки, у бошқалар, яъни чекмайдиганларнинг ҳам бу борадаги натижаларини мақтамади.
Кейин ноўнғайликка барҳам бериш, дилимиздаги ғашликни йўқотишнинг сай-ҳаракатида бўлди; ҳазил-мутойибалар қилиб, латифанамо саргузаштлардан ҳикоя қилди. Аммо биз – кашандаларнинг тилимиз андан қисиқ бўлиб қолганди – кўнглимизга ҳатто вақтичоғлик ҳам сиғмасди. Қизлар пичинг-у киноялар қилиб устимиздан кулаётганда, Айдар Алимович ариқ бўйида тин олиб, уларни саволга тутиб қолди.
– Қани қизлар, ким айтади – сув оққанда нега шалдираган овоз чиқади?
– У тошларга урилиб, садо чиқаради, – деди ғолиб бўлишни истаган ойимтиллалардан бири.
– Қани, бу ерда тошдан ном-нишон йўқ-ку, – деди Айдар Алимович ўша совуққонлик билан.
Мен ҳам зўр бериб ўйлайбошладим: нега бу жўн ҳақиқат ҳақида ҳозиргача бош қотириб кўрмадим экан-а?! Овоз сувнинг қаеридан, қай тариқа чиқаркан?
Синфдошларим чулдираб бир-биридан мантиқсиз, пайдар-пай жавоб қайтараётганда, Гули деган аълочи қизимиз бу ҳодисани ўзича илмий жиҳатдан исботламоқчи бўлди.
– Сув – кўзга кўринмас майда молекулалардан иборат бўлган модда; у ҳаракатга кирганда, ана шу заррачалар бир-бирига урилиб, овоз чиқаради.
Айдар Алимович унинг жавобини охиригача диққат билан тинглади-ю, мийиғидиа кинояомуз кулиб қўйди. Бу – жавобнинг ғўрлигидан далолат эди. Ке­йин ўзи тушунтиришга ўтди.
– Сув оққанда унинг орасига кўплаб ҳаво кириб қолади-ю, беҳисоб пуфакчалар ҳосил қилади. Ҳаво сувдан енгил бўлгани учун бу пуфакчалр юқори кўтарилиб, бирин-кейин «портлайверади»; так, натижада шалдираган овоз чиқади.
Биз индамадик. Чунки инкор этиб, бўлмасди унинг мантиқий далилларини. Баримиз интиқлик билан унинг янги саволларини кутабошладик.
– Менинг укам туғилган йилни оёғини осмондан қилиб ёзсанг ҳам мазмун-моҳияти ўзгармайди. Так, у нечанчи йили дунёга келган?
– Саккиз юз саксон саккизинчи йили, деди Мавлон шошиб ва мантиқсиз жавобидан ўзи ҳам хижолат чекди.
Айдар Алимович дадамдан тақрибан ўн ёшлар кичик (дадам 1941 йилда туғилган) эди. Шунинг учун мен муаллимни 1951 йилда туғилган деб тахминладим ва ундан кейин келадиган рақамларни бирма-бир ўнг ҳамда тескари ҳолатда кўз ўнгимага келтира бошладим. «1961» рақамига келганда қувониб кетдим.
– Укангиз бир минг тўққиз юзу олтмиш биринчи йили туғилган.
– Молодец, Улуғбек, – деди у.
Мен дафъатан енгил тортдим.
Ўша куни ўқитувчимиз булардан ташқари ҳам бир талай жумбоқлардан воқиф этганини таъкидлаб ўтишим керак, албатта.
– Бундан кейин, – деди муаллим хайрлашиш олдидан, – ҳар шанба куни дарсдан кейин экскурсия уюштирамиз.
Бу хушхабарни маъқуллаб турганимизда, у давом этди: – Келаси шанба куни сизларни «Пахтакор» стадионига олиб бораман. Командамиз «Даугава» билан майдонга чиқади.
Мен «Пахтакор» стадионини, умуман футболчиларни фақатгина телевизорда кўрган эдим. Стадионнинг бунчалик салобатлиги, гавжумлигини тасаввур ҳам қилмагандим. Айдар Алимович ҳамон мурғак тасаввурларимизни бойитиш билан банд эди.
– Бу стадион минг тўқиз юзу эллик олтинчи йили қурилган; унга эллик беш минг томошабин сиғади. Ўзим ҳам икки йил тўп тепганман бу ерда.
– Нега ташлаб кетдингиз, – сўради Ҳусниддин.
Муаллим бу саволни негадир жавобсиз қолдирди. Аксинча гап ўзанини бошқа томонга буриб, насиҳатомуз давом этди.
– Бизнинг ҳар биримиз ўз ўлкамизнинг шаҳару қишлоқларига, хиёбону биёбонларига, шу жумладан, футбол командасига ҳам меҳр қўйишимиз керак. Бразияликлар, энг аввало, ўз ватанларини севишгани учун ҳам футболда ғолиб.
Шу пайт ўйин олдидан янграйдиган таниш оҳанг бизни ҳушёр торттириб, дилимизни илиқ ҳаяжонга тўлдирди. Ҳар иккала томондан рақиблар чаққон югуриб чиқиб, бир-бирларига эрмак тўпи ошира бошлашди. Сўнг стадион бўйлаб Ахбор Имомхўжаевнинг таниш овози янгради.
– Диққат! Диққат! Ҳурматли футбол мухлислари! Бугун марказий «Пахтакор» стадионида Тошкентнинг «Пахтакор» ва Риганинг «Даугава» командалари ўртасида бағоят масъулиятли учрашув бўлиб ўтади. Учрашув шунинг учун масъулиятлики, «Даугава» жадвал пешқадами, бизнинг «Пахтакор» эса, афсуски, охирги ўринда. Демак, меҳмонлар ғалаба қозонишса, улар олий лигага йўлланма олишади. Бизнинг команда эса иккинчи лигага тушади. «Пахтакор» ғалаба қозонса, ҳар иккала команда ҳам биринчи лигада қолишади. Шунинг учун бугун ҳар бир ўйинчи бор куч-қувватини ишга солиб ўйнаши табиий.
Мен ўйин тафсилотини тўла тасвирласам, эзмалик  бўлиб кетар. Ўйин иккию ноль ҳисобида «Пахтакор» ғалабаси билан якунланганини айтиб ўтишим керак, албатта. Биринчи таймда анча лоқайд ўтирган бўлсам ҳамки, иккинчисида бир неча бор ҳаяжонландим. Аммо одамларнинг бақириши, ўрнидан туриб кетавериши, негадир ғайритабиий бўлиб туюлди менга.
Қайтишда Айдар Алимович бирма-бир бугунги таассуротларимизни суриштирди. Мавлон бундан кейин бирорта ўйинни қолдирмай томоша қилишни айтди. Ҳа, бугунги кураш унга, дафъатан таъсир этганини нигоҳларидаги ҳаяжондан ҳам англаб олиш қийин эмасди. Мен бўлсам, бирор хулосага келолмаганим учун жавобим мужмалгина бўлиб қолди. Шунинг учун бўлса керак, уйга қайтиб, дадамнинг бу борадаги қарашларини қитиқлаб кўрдим.
– Дада, нега сиз ҳеч футболга бормайсиз? Ахир, Ўзбекистонни севиш учун «Пахтакор»ни ҳам яхши кўриш керакку?!
– Футбол одамларнинг энг қимматли вақтларини ўғирлайди. Ана шу минглаб одамлар кечқурун бола тарбияси билан шуғулланганларида ёки китоб ўқиганларида жамиятга ва ўзларига кўпроқ наф келтирардилар.
– Бу сизнинг шахсий фикрингиз, албатта, – эътирозга чоғландим ва муаллимнинг боя йўлда айтган мулоҳазаларини қурол қилиб, ҳужумга ўтдим: – Минглаб одамлар қимматбаҳо ана шу кечки вақтларни базмларда  валақлаб ўтказадилар ёки бетайин ишлар билан шуғулланадилар. Бундан кўра футболга боргани маъқул-ку уларнинг!
Дадам бу фикрларни шахсан каминаники деб ўйладилар, шекилли, тин олиб, менга разм солдилар ва маълум даражада муросага бордилар.
– Назаримда иккаламиз ҳам сал максималистлик қилганга ўхшаймиз. Биров футболга ишқибоз бўлса, бошқа биров... Мени биласан: бўш вақтимда боққа чиқиб, дарахтларга термулишни хуш кўраман.
– Мен эса дарахтда бирор мўъжиза кўрмаганман, – дедим, – дарахт-дарахтда! Келаси шанба куни муаллимимиз ботаника боғига олиб бораман деганда, кўпчилигимиз ундан кўра ҳайвонот боғи маъқул, деб туриб олдик.
– Кейинчи?
– Бир тўхтамга келаолмадик.
– Бизнинг Тошкентда ҳайвонот боғининг ҳам, ботаника боғининг ҳам аҳволи – ночордан ночор, – дедилар дадам чинакамига куюниб, – газеталарда неча бор танқид қилдим нафи бўлмади. Иккаласини ҳам хароб қилишди, хароб!
Тошкент ботаника боғи бир неча бўлимлардан иборат экан. Мен бу ерда илк бор талай дарахт-у буталарни учратдим. Лекин улар ҳам (масалан сарв, липа, қуббадор эман) одатдагидек тана, шох ва барглардан иборат жўн мавжудот бўлиб туюлди.
– Мана бу дарахтнинг номи, – давом этди Айдар Алимович, – ботқоқлик сарви; ватани – Америка. Ўз ватанида бундан ботқоқликларни қуритиш учун фойдаланилади. Минутига юз йигирма литргача сув буғлатади. Қаранг: баландлиги ўттиз метрдан кам эмас. Сувни ана шу баландликка кўтариб беришнинг ўзи бўлмайди-ку! Энди илдизларига қаранг: уларнинг бир қисми ер юзига чиқиб ётибди.
Ҳа, мен бундай ҳолни кўрмагандим,  йўғон ва бе­ўхшов илдизлар ер устига чиқиб ётар; шу кўринишда бир қўлини ер бағрига суқиб, иккинчисини осмону фалакка кўтарган инсонга ўхшаб кетарди. Самарқанддаги истироҳат боғида дадам ботқоқлик сарвини кўрсатган эдилар. Ўшанда, негадир унинг илдизларига эътибор бермаган эканман.
– Меваси борми, – савол берди қизлардан бири Айдар Алимовичга.
– Умуман мевасиз дарахт бўлмайди, – давом этди муаллим, – фақат айримларининг ҳосили иштаҳамизга тўғри келмайди. Масалан, бу дарахтнинг меваси олмахонлар, паррандалар учун энг тансиқ таом. Ундан аллақандай дори ҳам тайёрланади, ёғочидан ажойиб мебеллар ясашади. Барглари ҳам ҳар қандай дарахтдан кўп кислород чиқаради. Хўш, Америка қаерда-ю, Тошкент қаерда?! Шунинг учун ҳам ана шу дарахтни олиб келиб, бизнинг шароитимизга мослаштириш жасоратдир. Биз денгиз ортидан картошка, помидор, маккажўхори олиб келганмиз. Бугун дастурхонимизни ана шу неъматларсиз тасаввур этиш мушкул. Ботқоқлик сарвига ҳам худди ана шу нуқтаи назардан қараш керак. Чунки у Ўрта Осиёдаги ягона дарахтдир.
– Айдар Алимович, – унинг сўзини кесишга мажбур бўлдим, – бунақа дарахт бизнинг Самарқандда ҳам бор.
– Ундай бўлиши мумкин эмас, – тан олмади у бир неча дақиқали мушоҳададан кейин, – буни бизда иқлимлаштирган киши катта мукофотларга сазовор бўлганди.
– Ўз кўзим билан кўрганман.
У сукут сақлаб қўяқолди. Кейинроқ Кавказ флорасини томоша қилаётганимизда, оқ халат кийган аёлга назокат ила мурожаат қилди.
– Кечирасиз, мана бу рижий ўқувчим билан баҳслашиб қолдик; ҳамон бир тўхтамга келолмаяпмиз. Бот­қоқлик сарви Ўрта Осиёда ягона дарахт дегандим, у рад этиб турибди.
Ҳа, Самарқандда ҳам бор экан, – деди у ийманибгина, – Америкадан олиб келдик, деб бизни роса лақиллатибди.
Муаллим андак ноўнғай бўлди.
Икки томонини турфа дарахтлар қоплаган тоза ва намчил асфалт йўлак бўйлаб алламаҳалгача сайр қилиб юрдик ва охирида келаси ҳафта отчопарга ёки ҳайвонот боғига сайр уюштиришни таклиф қилдик. Муаллим бош тебратиб маъқуллади. Аммо жума куни ногаҳонида фикридан қайтди.
– Эртага судда қатнашамиз, – деди тантанавор оҳангда.
Судда? Нима учун? Шу дақиқадан эътиборан баримизнинг хаёлимизда ана шу савол чарх урабошлади.
Суд биноси – шундоққина мактабимиз йўлида. Икки қаватли турар-жой биносининг хоналарини жиҳозлаб, суд биносига айлантиришган. Мен гарчанд ҳар куни унинг олдидан икки бор (мактабга боришда ва қайтишда) ўтсам ҳамки, бу сирли катакларда инсон тақдири ҳал бўлишини тасаввур қилиб кўрмаганман. Гуноҳкор бандаларни шу хоначаларга қамаб қўйишади, деб ўйлардим. Кейин билсам, бу ерда ҳукм чиқаришаркан. Аммо суд ҳақидаги тассавуротим ҳам ҳаминқадар эканлигини кейинроқ ҳис этдм.
Хуллас, суд бошланишидан олдин кириб залнинг поёнига ўтдиг-у, писинибгина ўтириб олдик. Мени ажаблантирган, ҳатто кулгимни қистатган биринчи ҳолат – ҳайъатидаги уч кресло суянчиғининг ҳаддан ташқари баландлиги бўлди. Ажабо, нега у тиш докторининг ўтирғичидай баланд, масхаравознинг курсисидай бесўнақай. Балки креслоларга ўтирадиган кишилар жуда серсавлатдирлар, эҳтимол, улар нималари биландир тиш доктори ва тағин алланималари билан масхаравозга ўхшаб кетишар.
Энди мени ўйлантирган иккинчи жумбоқ хусусида сўз юритмоқчиман. Бу бинонинг остонасидан хатлаган киши негадир бирдан жиддий тортиб қолар, шивирлаб гаплашар, тиржаймас; аксинча одамовига ўхшаб қоларди. Биз стадионда, ботаника боғида бўлганимизда бир-биримизга сўз бермай, Айдар Алимовичга саволлар ёғдирардик, баҳслашардик, ҳазиллашардик. Бу биқсиқ бинога киргач, шундай жасур муаллимимизнинг ўзи ҳам қийналиб имтиҳон топшираётган ўқувчидай пешонаси тиришибгина ўтирди. Бошқалар ҳам ҳуркак бир ҳолатда эдилар. Қора либос кийган икки аёлнинг нигоҳларида аллақандай армон, мунг намоён эди. Улар кўз ёшларининг аччиқ таъмини роса татиб кўрганликлари сезилиб турарди. Ҳассага суяниб олган биз тенги ўсмир ҳалиги аёлнинг саволларига бош тебратиб жавоб қайтарди-ю, нарироқ бориб ўтирди. Оғриқдан бўлса керак, юзи буришиб кетди. Кейин пайдо бўлган турфа тоифадаги эркакларнинг юзидан ҳам жилла илиқроқ бирор туйғу илғаб ололмадим. Улар негадир намоз ўқиётган кишилардай жиддий эдилар. Бир маҳал елкасига автомат илиб олган икки сарбоз қирқ ёшлардаги қорачадан келган ўрта бўйли, кўринишидан бечораҳол амакини олиб киришди ва панжаралар  билан  тўсилган  курсига  ўтқазишди. Бу тадбирда ҳам мен ғалати бир номувофиқликни, мантиқсизликни кўргандай бўлдим. Руҳи тушиб кетган судланувчи кўринишдан хоксор; ожиз нигоҳларида хижолат, илтижога ўхшаш туйғу акс этган бўлса ҳамки унга бўлган муомала давлат хоини ёки ашаддий хунхўр одамкушга бўлган муносабатга ўхшаб кетарди. Мадомики, автомат тутган соқчилар бўлмаса ҳам, бу одам бир оғиз сўз билан шу машъум панжара орасига кириб ўтириши муқаррардай эди, назаримда. Демак бу ерда ё соқчилар, ё панжара ортидаги одам рол ижро этаётганлигига шубҳа йўқ.
– Туринглар, суд келяпти!
Гув этиб ўрнимиздан турдик. Дилимиздаги ҳайиқиш, хавотирланиш ошди: қизил чарм папка қўлтиқлаган дадам тенги ориқроқ киши бепарвогина кириб келди-ю, ўртадаги креслодан жой олди. Унинг бўйи кресло суянчиғидан анча паст эди. Бу одам судя эканлигини таъкидлаб ўтишим шарт эмас, албатта. Унинг мен тасаввур қилгандек серсавлат бўлмаганлиги дилимга ўтиришмади. Суд раисининг ўнг томонидан жой олган мўйсафиднинг кўксидаги нишон унинг жангда  қатнашганлигидан далолат берарди. Чап томонида ийманибгина ўтирган, катта рўмол боғлаб олган аёл (ке­йин билсам, сут соғувчи экан) ҳам худди судланувчидай бошини ҳам қилиб олганди. Биринчи қаторга папка қўлтиқлаган казо-казолар (терговчи, оқловчи, қораловчи дегандай) келиб ўтиришди.
Айблов фикри жуда узундан-узоқ, ғализ эди. Унда «Ўзбекистон ССР Жиноят кодекси», «судланувчи», «жабрланувчи», «гражданин», «жиноят» деган иборалар ҳар бир гапда икки-уч мартадан тилга олинарди. Бунинг устига, айбномани ўқийдиган киши шанғиллаб овоз чиқарар, кишини бездирарди. Лекин воқеанинг ўзи ғалати экан. Шунинг учун мен бу тафсилотни ҳужжатларнинг расмий тилидан анча ҳоли ҳолда ҳикоя қилиб бермоқчиман.
Тошкент – Назарбек йўлининг еттинчи километрида «Жигули» (2106) маркали машина КРАЗ автомашинасига бориб урилади. Бунга эса енгил машинани бошқариб бораётган (айни пайтда залда ҳасса суяниб ўтирган) ўсмирнинг тажрибасизлиги – кўча қоидасини бузиши, тезликни ошириши сабаб бўлади. Ўн саккизга ҳам кирмаган бу бола ҳали машина ҳайдаш ҳуқуқига ҳам эга эмас экан. Кабинада ўсмирдан ташқари унинг онаси ҳам бўлган. «Тез ёрдам» уларнинг иккаласини ҳам клиникага олиб кетган. Аёл ўша ерда ҳаётдан кўз юмган.
Қора курсида мунғайиб ўтирган (уни шартли равишда П. деб атайман: чунки суд ҳукм чиқармасдан айбдорнинг номини элга ёйиш ножоиз экан) одамнинг бу воқеаларга ҳозирча заррача алоқаси йўқ. У жараёнга кейинроқ қўшилиб қолади ва бу хусусда батафсилроқ тўхталишга тўғри келади.
Хуллас, марҳумани уйга олиб келгандан кейин яқинлари аёлнинг чап қўли билагидан узилганини кўриб, дарду аламлари баттар ортади. Бу саволга ўзларича турли жавоблар ҳам топишади, тахминларни ўртага ташлашади: «Қўл авария пайтида узилиб кетгандир». «Илиниб турган бўлса, докторлар...» Ҳа, буни ўсмир ҳам тасдиқлайди. Ойисининг чап қўли шалвираб қолганини, боши ёрилганига гувоҳ бўлганини айтади. Аммо аёлнинг эри исён кўтаради. «Хотинимнинг бармоғида йигирма минг сўмлик қимматбаҳо кўзли узук бор эди.  Унинг панжаларини шунинг учун қирқиб олишган. Қўлини топиб беришмагунча, тупроққа қўймайман!»
Зудлик билан тегишли жойларга хабар беришади. Марҳуманинг одамлари бунга ҳам қаноат қилмай «Тез ёрдам» ҳайдовчиси, врачининг гирибонидан олишади. Улар эса бунда айбсиз эканликларини, яъни чалажон беморни клиникага топширганда қўли, ўз ўрнида бўлганлигини исботлаб беришади. Клиникадаги хирург­лар группаси ҳам худди шундай гапни такрорлашади. Улардан бири қўлни тикмоқчи бўлаётганда, бемор жон берганини ва ўликхонага жўнатилганини айтади. Демак қўл моргда қирқиб олинган, деган хулосага келишади. Аммо у ерни роса ағдар-тўнтар қилиб, излаган нарсани топиша олмайди.
Худди шу пайтда клиника йўли бўйидаги акас остида дам олиб ўтирган бошқа бир бемор ўтлоқ орасидаги қонли қўлни кўриб, дод деб юборади. Текшириб кўришса – аёлнинг панжалари. Бу йўлдан морг машинаси ўтганлиги аён бўлади ва унинг санитари П. қўлга олинади.
Қора курсида ўтирган П. ҳақида аввал гапирган эдим. Қўшимча қилиб шуни таъкидлаб ўтишим керакки, П. жамики айбларни: узукни суғуриб олмоқчи бўлгани, аммо бармоқлар шишганлиги сабабли бунинг иложи бўлмагани – қўл узилиб кетганини, сўнг изни яшириш илинжида шу йўлни тутганини бўйнига олади.
Бор гап шу!
Йўқ, бор гап шу эмас! «Айблов фикри» деб аталган машъум қоғозда ёзилишича, П. ҳали болалигидаёқ бир амалдорнинг кўксидаги Олтин юлдузни (У Социалистик Меҳнат Қаҳрамони экан) юлиб қочган. П. бу айбни ҳам бўйнига олган. Ўша Олтин юлдузни бир дўкондорга арзон-гаровга сотгани, кейин участка милиционери  уни  қайтариб  олиб,  эгасига тақдим этганини гапириб берди.
Аммо П. бўйнига олган тағин бир айб ҳақида сўз кетганда, ўйлаб қоласан, шубҳага бериласан киши.
Қадимий археологик ёдгорликларга туташ жойдан канал қазиётган экскваторнинг беўхшов панжалари юқорига кўтарилганда, ундан қуёш нурларида ялтираганича шариллаб олтин тангалар тўкилиб кетади. Экскваторни бошқараётган Гумбадзе тормозни босиб, саросималаниб тушади-ю, ҳалиги жойда мажақланган кўзани кўради. «Бунинг барини териб, давлатга топширишимиз шарт», дейди шериги Никитинга жиддий қиёфада. Улар лойда сочилиб ётган қадимий тангаларни бирма-бир териб олиб, целлофан халталарга солишади ва Гумбадзенинг эскигина жомадонига жойлаштиришади, сўнг топилмани обдон «ювишади». Бир маҳал Никитин ўзига келса, шип-шийдам чўлда бир ўзи ётибди. У кечгача шеригига умидвор бўлиб ўтиради, аммо унинг қораси кўринмайди. Шунда Никитин қонни қизитадиган бирор нима ичгиси («пахмел» қилгиси) келади. Пули бўлмагани учун боя танга тўкилган жойларни титкилаб, экскваторнинг тишлари орасидан бир дона олтин танга топиб олади. Кейин қувонч билан ҳалигини кўтариб, сойликдаги қишлоқ дўконига равона бўлади. Бир шиша «чашма» билан балиқ консерваси сўраб, пули йўқлигини, иложи бўлса, эвазига ҳалиги тангани олишни илтимос қилади. Дўкондорнинг ва бундан воқиф бўлган харидорларнинг кўзлари ўйнаб кетади.
Никитин хароба вагонеткасига қайтиб роса кайф қилади. Эрталаб уйғонса, шеригидан ҳамон дарак йўқ. Никитин дўкондан у-бу олиш илинжида қазилмани роса титкилаб, тағин уч дона танга топади. Энтикиб, қишлоқ томон йўл олаётганда, иттифоқо шалоқроқ «Москвич» билан сотувчининг ўзи ташриф буюриб қолади. «Муҳтарам дўсти»га арақ, иссиқ овқат олиб келганини маълум қилади. Никитин ҳам ийиб кетиб, уч дона топилмани корчалон сотувчига тутқазади. Ойни этак билан ёпиб бўлмайди, деганларидек, бу гап қулоқдан қулоққа ўтиб, тегишли жойга етиб боради ва Никитиннинг оёғини ерга тегизмай олиб кетишади. У шўрлик ҳам бор гапни оқизмай-томизмай гапириб беради. Сотувчининг хиқилдоғидан олишлари билан у олган омонатини қайтариб беришга мажбур бўлади. Прокурор Гумбадзени топиш вазифасини эса ўта жиддий жиноятларни очувчи терговчи Балаяннинг зиммасига юклайди. Орадан икки йил ўтса ҳамки, грузин йигитдан ном-нишон топилмайди. (Балки олтинни олиб, чет элга равона бўлгандир, эҳтимол ҳужжатлари-ю қиёфасини батамом ўзгартириб юргандир).
Хуш, бу гапларни: олтин кўза-ю, грузиннинг; бугунги суд жараёнига нима алоқаси бор, деб сўрарсиз. Ҳа, алоқаси йўқ! Лекин айблаш фикри муштини тираб, алоқаси бор, деб турибди.
Тасодифни қарангки, П. ни ҳам ўша Балаян деган киши тергов қилади ва: «Мен икки йилдан бери излаб юрган, Гумбадзе ҳам мана шу. У ҳужжатларини ўзгартириб олган,» деб туриб олади. Бахтга қарши, расмий қоғозлар, айрим гувоҳлар ҳам бу фикрни тасдиқлайдилар. Терговчи хулосасида бу хусусда шундай ғализ жумлалар бор.
«... гражданин П. қадимги металл (олтин) тангаларни давлатга ўз ихтиёри билан топширишдан атайин бош тортиб, жиноий ҳаракат содир этган ва 1984 йилнинг 12 апрел куни Тожикистон ССР Ленинобод шаҳар поликлиникасининг тиш доктори Муборакшоевга тўрт дона танганинг ҳар бирини 300 (уч юз) сўмдан сотади ва Жиззах шаҳрига келиб фамилияси, номи, миллати ўзгартирилган қалбаки паспорт оладики, бунинг Муборакшоев ва паспортний бўлимнинг ишдан олинган паспортисткаси ҳам тасдиқлайди. Ўзбекистон ССР ЖК сининг 114 ҳамда 148ст. билан айбланувчи гражданин П. ўз изини адаштириш учун 15 (ўн беш) ой давомида Помир тоғларига яшириниб юради ва бундан 6 (олти) ой муқаддам бойлик орттириш ниятида ўликхонага санитар бўлиб жойлашиб олади ва ...»
Тафсилотнинг давоми сизга аён. Аммо бу айбномадаги жумбоқлар, гумонлар ҳам озмунча эмас. Булардан аввалроқ эса мени ажаблантирган тағин бир ҳолат ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.
Суд жараёнида бир талай саволларимга жавоб излаб, ҳайъатдагилар ва пастда ўтирган кишиларга бирма-бир назар ташладим: уларнинг юзидаги ифодалар барометрини кузатдим ва ажабландим. Масалан, мен ҳалокат тафсилоти, ўтлоқ орасидаги топилган қўл, унинг юлиб олинишини тинглаганимда, вужудим жимирлб кетди. Ёнимда ўтирган синфдошларим, Айдар Алимович ҳам бундан лоқайд қолишмаганини ҳис этиб турдим. Аммо, бугунги анжуманнинг бош ҳаками – суд раиси дастлабки дақиқаларда қандай ланж ва лоқайд ўтирган бўлса, охиригача бу ҳолатини зарра ўзгартирмади. Ўта расмий мажлисларга раислик қиладиган ўзи ҳам ғирт расмий бўлган кишини бир лаҳза кўз ўнгингизга келтириб кўринг-а! Бу тоифадаги одамларга анжуманнинг ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам ойнадай равшан. Ерга суқилган таёқдай қаққайиб турсанг бас – бошқалар таомилни бузишмайди.
Ҳар ҳолда, айнан шундай бўлмаса ҳамки, шунга ўхшаш бир мешчан фалсафа унинг ғоясига, аниқроғи иш тутумига айланиб қолганди. «Сих ҳам куймасин, кабоб ҳам» деган нақлни бот-бот такрорлаши – ишни тезроқ ва силлиқроқ якунлашга шошилаётганидан далолат берарди. Йиллар ўтиб, унинг кўксидаги юрак бир парча гўштга айланиб қолгандай эди.
«Сиз аввал узукни олиб, кейин қўлни юлдингизми ёки..» сўрашди айбдордан. «Узукни олаётганимда, қўл узилиб кетди», деди у. Суд раиси лабининг бир чеккаси билан илжайиб қўйди. Назаримда унинг хаёллари батамом бошқа ёқда эди. Аслида инсон тақдири ҳал бўлаётган дақиқаларда, бундан кўра муҳимроқ масала бўлиши мумкинми?! Аммо йиллар ўтиб, бу одамнинг ҳис-туйғулари ўтмаслашиб кетганми ёки ўзи туғма тўқимтабиатми, айтиш қийин. Ким билсин, айни пайт­да хаёлига келган нарса бундан мароқлироқдир. Балки бугун маош олгандир, эҳтимол, бошлиғи мақтаб, ўпкасини қитиқлаб қўйгандир.
Раиснинг ёнидаги отахон ҳам негадир тумшайиб ўтирар, хомушроқдай эди. Жангда орттирган жароҳати қақшаётгандир балким?! Балким нафақасининг жуда камлигидан дилтанг-у дилкаш бўлаётгандир?!
Воажаб! Ҳатто П.нинг ўзи ҳам айтилаётган гапларнинг барига беэътибордай: суд уни отиш ҳақида ҳукм чиқарадими ёки мукофотлайдими – барибирдай эди. Судя раисига ўхшаб, бу машмашаларнинг нима билан тугашини аниқ биладигандай саволларга истар-истамас жавоб қайтарар, ўзини оқлашга заррача ҳаракат қилмас, айбларни ҳам рад қилмай, бўйнига оларди. Гоҳида жавоблари шунчалик жўн ва сар-сари чиқиб қолардики, бундан ўзи ҳам хижолат чеккандай бўларди. «Олтин тангаларнинг қолган қисмини аввал йўлда йўқотдим, дедингиз, кейин эса уйдан ўмариб кетишибди, дедингиз», савол беришди унга, буларнинг қайбирига ишонмоқ керак?! «У дудуқланиб турганда, Балаян ўрнидан турди-ю, русчалаб узоқ изоҳ берди. Унинг таъкидлашича, тангаларнинг аксарияти – мис экан, аммо ўша куни П.нинг кайфи борлиги учун қаерга қўйганини яхши эслолмас экан. «Сиз грузин тилини биласизми», деб сўрашди. У негадир «ҳа» ям демади, «йўқ» ҳам. Руҳинг тушиб кетса, отинг ҳам яхши чопмайди, деганларидек унинг қолган жавоблари ҳам маъюс ва мантиқсиз чиқди. Тағин анча гаплардан кейин, адвокатга сўз беришди. Бу одам жаъми жумбоқларга аниқлик киритиб, сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиб ташлайди, деб ўйлагандим, аммо ундоқ бўлмади. Терговчи шўрлик П.ни бориб турган жиноятчи қилиб қўйган бўлса, буниси қўй оғзидан чўп олмаган бегуноҳга, беайб фариштага чиқариб қўйди. «Муҳтарам суд ҳайъати, азиз биродарлар, деди охирида куйи­ниб, шундай мўмин-қобил одам жиноятга қўл уриши мумкинми?! Ҳеч қачон! Узукни олган ҳам, олтин тангаларни олиб қочган киши ҳам мутлақо бошқа киши»...
Булар бари самимийлик ниқоби остидаги мазахга, кинояга ўхшаб кетади. Шундай эмасми?!
Берилиб монолог ўқиётган адвокатдан нигоҳимни узиб, тағин суд ҳакамига, пастдаги казо-казоларга, П.га кўз югуртираман, аммо уларнинг ҳиссиз қиёфасида тариқча ўзгариш кўрмайман, нималардандир қониқмай қоламан. Адвокат моддаларни енгиллаштиришни, жарима солиш билан кифояланишни таклиф этганда, беихтиёр енгил тортдим. Аммо бу таклифдан қувониб турганимда П.нинг ўзи сўз олиб, ҳафсаламни пир  қилиб  юборди.  «Ёшлик  қилдим,  деди бошини гуноҳкорона хам қилиб, хотиним, бола-чақам борлигини ҳисобга олиб (у иккинчи қаторда болаларини пинжига қисиб ўтирган аёл томон имлади) адолат қилишларингизни сўрайман. П.нинг иқроридан тағин шу нарса аён бўлдики, айбномада таъкидлаганидек, икки йил давомида Помир тоғларида бошқа мақсадда юрган экан. «Геология техникумини битиргандан ке­йин ўша ёққа ишга юборишди, деди у бу хусусда гап кетганда, лекин болалар катта бўлиб қолишди – қайтиб келдим».
Унга тағин бир талай саволлар бериб, дудмал, пайдар-пай жавоблар олишди.
– Судланувчига саволлар борми, – сўради раис машмашага тезроқ якун ясаш мақсадида мижғовланиб.
Ҳеч кимдан садо чиқмади. Ваҳоланки, қўйиб берса ўзим ҳам бир талай жумбоқларни сўраб олардим. Гуржи шундай қисқа вақтда ўзбекка айланиб қолиши мумкинми? Помирга қочиб кетганми ёки ўзи айтгандай – ишлаганми? Нега айбдор учун ҳам терговчи жавоб бераверади?
Шундай тумтарақай хаёллар оғушида ўтирганимда, Айдар Алимович қўлини кўтарди.
– Прокурорнинг рухсатлари билан мен бу ерга юқори синф ўқувчиларини олиб келганман. Так, вот уларнинг кўпчилиги ана шундай (у сўз излаб қолди. Аслида анжуманни, демоқчи эди)... нимани биринчи бор кўряпти. Бу ёшлар адолат тантанасини, қонунларимизнинг нималигини ... (устиворлигини, демоқчи бўлди) кўргани келишган. Шунинг учун ҳамма нарса ойнадай равшан бўлишини истардик. Мумкин бўлса, мен судланувчининг хотинига бир-икки савол бермоқчи эдим.
Аввал судя раиси, кейин бошқалар андак ҳушёр тортишди. Муаллим давом этди:
– Кеннойи, тўрт йил аввал тўйларингиз бўлган экан, ўшанда хўжайинингиз нима иш қилардилар?
Аёл бир лаҳза саросималаниб турди-ю, жавоб берди.
– Техникумни битириб, иш дараклаб юрган эдилар.
– Миллатлари ўзбек бўлган, албатта а?
– Вой!
– Энди мен қонунларимиз қўриқчиси – суд раисига мурожаат этмоқчиман. Хўш, ҳужжатларга қараганда, бу одам тўрт йил муқаддам эксватор ҳайдаган, миллати грузин бўлган. Қоғозларга ишониш керакми, аёлга? Ҳарҳолда, аёл ҳақиқатни гапираётганини сезиб турибмиз-ку...
Айдар Алимович тағин сўз излаб қолди. Бундан фойдаланган терговчи Балаян ўрнидан ирғиб турди. Рус тилида бурро қилиб бегона одамлар савол бериб, жамоатчиликни чалғитиши қонунга зидлигини гапирди, бизнинг залдан чиқиб кетишимизни талаб қилди. Аммо прокурор ўринбосари бизга ён босгач, Балаян бояги ҳужжатларни зарда билан варақлаганича гапларини далиллашга киришди.
– Энг муҳими, ҳужжатлар ҳам, аёлнинг гапи ҳам эмас, – деди иддао билан, балки айбдорнинг иқрорида. мабода у бор айбларни бўйнига олган экан ҳеч қандай провакацияга ўрин қўймаслик керак!
– Кечирасиз, – русчага ўтди Айдар Алимович ҳам овозини бир парда кўтариб, – ўша – ўттиз еттинчи йили «халқ душмани» деб айбланган кишилар ҳам «айбларини» бўйинларига олишган.
Ногаҳонда ҳақиқат ва адолат эпкини эсгандай бўлди. Ғала-ғовур бошланди. Кимдир Сталиннинг номини тилга олиб, экспертиза ва сўроқлар қиёмига етмаганини айтди. Иш чигаллашиб кетгани учун бўлса керак, судя раиси ўнғайроқ йўлни танлади.
– Иш терговга қайтарилсин! Хом жойлари кўп.
Терговчи норози бўлиб, ачиган сутни ҳидлаган кишидай юзини бужмайтирди, одамлар ҳам норози оҳангда ғала-ғовур қилабошладилар. Мажлис ёпиқ, деб эълон қилинди.
Айдар Алимович баримизнинг нигоҳимизда кўп нарсаларга қодир, адолатпеша, халоскор бўлиб кўринди. Шунинг учун ҳам уни саволларга кўмиб ташладик. Муаллим алламаҳалгача жимгина одим ташлаб борди-ю, сўнг ўзига хос орифлик ва маъруфлик билан мулоҳазаларини баён этишга киришди.
– Назаримда бу одам ўша узукни олган. Так, бунга муҳтожлик сабаб бўлган. Лекин олтин тангаларга алоқаси йўқдай...
– Бўйнига оляпти-ку, – рози бўлмади Мавлон.
– Мажбур қилишган, – фикримни айтдим, мен
– Йўқ, менингча, мажбур ҳам қилишмаган, – эътироз билдирди Айдар Алимович, – терговчи П.ни алдадган бўлса керак. «Шу жиноятни ҳам бўйнигга ол, кейин ёрдам бераман», деган П. ҳам лаққа тушган. Чунки бу иш терговчининг бўйнида «осилиб қолса» – минусда. Унга нима бўлса ҳам «мураккаб ишни очди» деган мақтов керак. Менингча, шундай! Бу каззоб тугунни бир қўл билани ечиб ташламоқчи. Кўзбойлағичга ўхшаб...
– Наҳотки П. шунча лакалов бўлса, – ажабландим.
– У кўринишда муте. Бу тоифадаги кишилар қилич излагандан кўра қафасга киришни афзал деб билишади. Чунки одамлар уларни оёқости қилишга мойилликларини яхши билишади.
Мен ажабландим. Инсон тақдирининг бу тариқа омонатлиги, беқадрлиги, бозаволлиги дилимни ғаш қилди. Йўл-йўлакай одамлар орасидаги муносабатларнинг мураккаблиги, чигаллиги ва чалкашликлари ҳақида ўйлаб кетдим.


ЎТТИЗ ОЛТИНЧИ БОБ

Безабон номалар

1987 йилнинг январ ойида дадамни нашриётлари («Меҳнат») томонидан Москвага қирқ кунлик малака оширишга жўнатишди. У киши баримиз билан ўпишиб хайрлашдилар-у аэропортга қараб равона бўлдилар. Дилимиз мўнғайибгина қолди.
Кўп ўтмай, Москвадан мактуб олдик. Дадам, одатдагидек, ҳазилкашлик қилиб, хатни эски ўзбек тилида битган эдилар. Биз бу безабон номани ўқиб, роса кулдик. Ойим ҳам жавобан жўнгина хат ёзмай сатрлар орасига кимёвий формулалар, илмий атамаларни (у киши кимё ва биологиядан дарс беришларини унутмаган бўлсангиз керак) ва нозик шаъмаларни атайин тиқиштирдилар.
Ана шу ёзишмаларнинг айримларини андак қис­қартириб, эътиборингизга ҳавола этаман.

Московдан мактуб

Бисмиллоҳи-р раҳмони-р раҳим!
Ушбу номаи безабонни узоқ Москов шаҳринда мусофирчилик ситамин тортиб турғон Абу Улуғ ибн Раҳматулло ва дағи Нусратилло Самарқандийдан деб биладурсизлар.
Аллоҳу таолога ва боз Муҳаммад ибн Алайҳиссаломга минг қатла шукроналарким, аларнинг муборак паноҳларида сиҳат-саломат рўзгургонлик қилиб юрибдурман. Илло, ҳеч нарсадан зориқиш йўқдур; яккаю ягона муҳтожлик гўдаклар ва қавмларнинг дийдорларидур. Зеро, машойихлар (аларнинг руҳини ўзи боқий қилгай) инчунин демишларким, мусофир бўлмасанг, мусулмон бўлмағайсан!
Қисса кўтоҳ, эмди Москов шаҳрин таърифу тавсиф этадурғон ўлсам, анинг бисёр серғалва ҳамда нотинчлигини битмоғим ҳам қарз, ҳам фарздур. Уруссия шаҳарлари арасинда қўҳандур; урусмачитлар (алар черков деюрлар) кунжак-кунжакдан жой олғон бўлиб, савобталаб бандалар ижобат истаб, зўр бериб чўқинурлар, магарким ғайридиндурлар, бисёр хокисор, мўъмин; мурчага озор етказмаслар.
Шаҳр кесиб наҳр ўтур – отини Москов река деюрлар, чиллада ҳам яхбаста эмасдур: ичинда оҳанин қайиқлар сузур.
Бу қаттол шаҳарнинг савуқини ман қоғозга битмай, сизлар ўқуманглар. Шабу рўз изғирин эсар, қор ёғар, локинда чапдаст фаррошлар пешма-пеш бартараф этурлар. Савуқдан бандаси дилхун бўлиб, озор кўрур; танкўчадаги жаниворлар ғужанак тортиб кетур. Ўзбакистон афтобининг қадри чунон ўтурки, ҳеч нимарсага баробар эмас.
Дарахтларини қаламга оладурғон бўлсам – эман, арча, акас, қарағай; паррандалари – чумчуқ, зоғ, қарға, қаро кабутар.
Кўчалари бефайзроқ, мардумлари мудом саросар, мусофир бирла иши йўқ; гоҳинда бадмаст бандалар ҳам учраб турур ва фақир бундой пайтда, алҳазар деб ўзимни бир кунжакка олурман.
Шаҳарда одам бисёр. Хаёл қилурсанки, замин ёрилган-у, бандалар юзага чиққан. Тупроқ тагинда ҳам равон йўллар бордурки, аларни, метро, деюрлар. Кўрмушнинг кавогидай чор тарафга лахмча қилиб кавлаб кетаверганки, поёни бесарҳаддур. Яқо тутиб, ё навзанбиллоҳ, демоқдин ўзга имкон топмагайсан.
Алқисса, хобгоҳим хусусинда экки оғиз калом. Ул шаҳар илкиндаги ғарибгина мусофирхона бўлиб, мисли кафтархона, бандаи мўъминлр кириб-чиқиб ётурлр. Каминаи камтаринни еттинчи қаватга чиқориб, катакдек уйчани лозим кўрдилар. «Пажалиста» деди, хизматчи хотун калит тутқозиб. Ман ҳам хушодоблик таомилини бузмай «спасиба» дедим: бисёр сарафроз ўлди. Хобгоҳга экки каравот қўйилган бўлиб, (авахтага ўхшаб) таҳоратхона-ю, ҳожатхона ҳам ушбу катакдадур. Пастга назар солсам, одамлар бамисоли мўрча – зир-зир югурурлар.
Ялғуз қолиб, хаёл ғарқинда бўлдим, валлоҳу-аълам, сизларни ўйладим. Тирикчиликларнинг не кечмишдур, ўғулларнинг таҳсили нечукдур, қиз балаларнинг одобичи? Сиз – жуфти ҳалол, озор чекмадингизму?
Хулосаи калом, ҳамхона пайдо бўлмади ва мисоли маҳбус ялғуз тонг оттурдим. Туш кўрсам, ўғулларим Мирзо ибн Нусрат бирла Ферўз ибн Нусрат шашқатор ёш тўқуб йиғлар эрдилар. Бисёр дилғаа-шу, дилтанг бўлдим. Баъд кўча кезиб, бир фолбин жўгига дедимки, гап шундоқ-шундоқ. Таъбирини гапурсанг, бир сўлкавой санга – садқаи сар. Бу маҳмадона заифа қўлумни тутиб, таъбир айтмоққа киришди. Бисёр ва беҳудуд жаврашидан шу нарса аён бўлдики, кўз ёши – рўшнолик экан. Фақир хотиржам бўлдим.
Саҳармардонда чалахоб уйғотиб, «по автобусам» деган авоз бердилар. Камина, иншооллоҳ, қўл-бетимни ювиб, аломонга қўшулдим. Йўл юрдик, йўл юрсак ҳам мўл юрдик. Охир-оқибат бир пурҳашам саройга олиб кирдилар. Кофирми, мусулмонми мисли қўй бир қироатхонага қамадилар. Камина улуғлар насиҳатига амал қилиб,  миён жойдан ўрун олдим. Баъдазон бир оқсоч мўйсафид, қайсики, бармоқлари ларзадан тин олмас эрди, минбарга чиқиб, ваз айтди. Фақир сукут бирла қулоқ бердим, локинда ҳарчанд зўр берган бирла ҳеч нимарсанинг фаҳмига етмадим. Фикри ожизимча, ул зот ислоҳот хусусинда (алар перестройка дерлар) кўйиб-пишиб сафсатавозлик қилар эрди.
Вақти шом хобгоҳимни ихтиёр этиб, бисмиллоҳ, дея остона ҳатласам, не кўз била кўрайки ҳамсоя, каравотда бир муғулбашара, ҳирстабиат, махлуқсуроб одам нимлуч бўлиб ётибдур. Бефаҳмликни кўрунгки, на салом бор-у на алик. Э санга одоб ўргатганнинг зорини... Ўамшира ғар! Гирдидан нари ўтдим, бери ўтдим – мисли мурда садо бермайди денг. Бадазон дедимки, кел шу занғарни бир гапга солай – не дарди бордур? «Как дела?» дедим ҳолпурслик ила. У шукрона изҳор қилди, экки кунлик юмуш бирла сафари Москов ихтиёр этганини аён айлади. Исми-шарифи Александр аталмоғини айтгач, Искандар деб атамоққа ижозат сўрадим. Бетавфиқ рози ўлди. Боз Узоқ Шарқдин неча шабу рўз йўл юрғонини, бисёр мушкулларга гирифтор бўлғонини изҳори дил қилди. Алҳол Москов келиб тажанг бўлгонини, сабабики, дўконларда ҳеч вақо йўқлигини, тижорат издан чиққонини, куни бирла санқиб, бир қулт  шароб топмагонини ҳасрат этди. «Саники Узоқ Шарқдан, маники яқин Шарқдан – Тошкантдан», дедим. Бу ҳазилимдан ул тўқумтабиат ҳамроҳим андак нимтабассум қилғон бўлди. Тошканда мардумларнинг тириклиги не кечгонлигини савол айлади: дўконлардаги бода-ю ширинликларни дараклади. Дедимки, шу кунларда андак тахчилроқдур.
Аммо-лекин, бу алвастисуроб шундоқам хурраккаш чиқдики, то саҳар мижжа урган бўлсам, харна бўлай! Во, ҳиқилдоғинг кесилгур! Во овозинг ўчгур! Сизларга ялғон, худога чин – зорағарнинг хуррагидан хона ларзага кирар эрди. Нохуш овози аввал ҳирсга, бад ҳўкизга, палангга менгзар, аларга тақлид қилур эрди. Хурракашликни шу тариқа авж пардага кўтариб, бадазон тўп отқондек, «пақ-пақ» қилур эрди. Ўаромининг авози бир фурсат сўнар ва дилим таскину фароғат топар эрди. Локинда бу шодлигим кўпга бормас, дақиқа кечмай, ул бетафқиф боз садо берур эрди.
Вақти саҳар ул барзангига дедимки, бу қандоқ ҳамхоналик бўлдики, шаби дароз каминага озор етказдинг?! Хижолат чекди дедики: Фақирни авф эт! Боз дедики, пишакдек жимгина ётур эрдим, валекин бунинг учун бир қултум оби зам-зам. яъни майи ноб зарурдир. «Жавоб айладимки: Айтганингни пайдо қилурман, каминани уйқудан бенасиб қилмасликка онт  ич». Ўаромивачча бу суханни эшитиб, бо мисли қўйган калла кулди, бадазон бисёр қасамхўрлик қилди.
Эй хотунжон! Машойихлар демишларким, бошингга ҳар не келибдур, қилмишингдандур. Таҳсилдан озод бўлиб (бугун ҳам калламга бир калом кирган бўлса, мусулмон бўлмайин) шароб сўроқладим ва бисёр саргардон бўлдим. Московдек шаҳри азимда бу сабил қолгур бамисли анқоннинг уруғи, камёбу камчил эркан. Не-не ғирром дўкончилар-у, бадбахт қаравулларга, худонинг зорини қилдим – инсофга келмади. Бозор тушиб сўроқладим: бир нобакор, нокас фалон пул берсанг, топурман, деди. Ани рози қилдим.
Қўлтуғимдаги ҳишшани кўруб, ғайридиннинг кўзи ўйнаб кетди. Қўлларимни ўпди, аёғимга йиқилди. Бир пиёла тўлдуриб, айтдимки: «Буни заҳру маҳрингга ичгин-у, ўлукдек бўлиб ёт!» Боз қасамхўрлик қилиб, дедики: «Санга озор етказсам, ичгоним ичимга кетсун!» Мисли ташна туя бир қултум қилди-ю, айтдики; «Сан ҳам андак «попробуй». Жавоб бердимки: «Тоат-ибодатимни бир пул қилма!» «Андоқ бўлса, деди, тағин бир мисқол тўк, ман ётурман». Бажо келтурдим. Бадазон зум кечмай савол бердиким: «Ты меня уважаеш?» Бу ҳирсбашара, нокасни ҳурмат этмоқ фақир учун ҳўкизга илтифот кўрсатмоққа борабардур. Валек муросаи мадора дегонларидек, бош кўтармай: «Иззат қилурман», дедим. «Ундоқ бўлса, бамисли меҳрибон ҳамтабақлар ўпишурмиз», деди. Айтдимки: «Эй Искандари девона, нари кетки, жаҳлим тез, муштумим бозарбадур». «Майли, деди, истасанг ман ғарибни ур, аёқинг тагига ол, локинда бир пиёла гулобингни дариғ тутма». Ўай, сан баднафснинг жиғилдонинг тешилсун. Боз бир пиёла узотдим. Фурсат кечмай, ўзи ҳам ором олмай ва каминага ҳам ҳаловат бермай, мисли маймун қилиқлар қилиб, тархашлик кўрсатди. «Во сани ҳолангни... дедим жаҳлга миниб, маюс ўтурмасанг, башарангга солурман сан гарданшикастанинг!» Бадазон ул бефаҳм сукут қилди, бечораҳол бўлуб кўзига ёш олди. Бунга ҳам тоқати бардош бермай, дилхун бўлиб йиғламоққа киришди. Ўзум ҳам бисёр ноўнғайлик чекдим. Худои таоло дилимға раҳму шафқат солиб, савол бердимки; «Эй ҳамхонаи ғариб, нечун дилхунсан?» Жавоб бердики: «Дарди дилим беҳаду беҳудуддир!» Дедим: «Изҳори дил қил – енгил тортурсан». «Дедики: «Сардафтаримни кўзламоқ бўлсанг, май узот. Дигар йўл йўқдур». Узоқ мулоҳаза қилдим ва садқаи сар қилиб, бир пиёла май узотдим. «Локинда, дедим, эмди каминани саргардон қиладурғон ўлсанг, онаизорингни Учқўрғондан кўрсатурман!»
Ичди, бетавфиқ! Энди десанглар, бу нокаснинг нохуш қилиқларини бирма-бир тасвир этмоққа қаламим ҳам номус қилур. Девона мисол қаҳ-қаҳ отур, овоз қўйиб ашўла айтур ва зум ўтмай кўз ёши тўкиб қолур эрди. Парво қилмадим, дедимки: «Баттар бўл, баччағар!» Бад дедики: «Эй ҳамхонаи саховатпеша, бир қулоч чилвирму, арқонму топилурму?» Дедим: «Ушбу буюмларга не ҳожат?» Жавоб айладики: «Ўзимни осурман – токи бу дунёи бақаламўннинг беҳад азобларидан фориғ ўлай!» Дедим: «Девона бўлма! Иншооллоҳ, тириклик шукрини қил». «Йўқ, ман, тирик мурдаман, надомат чекди, занғар, бундоқ ночор рўзгурзонлик этмоқдин кўра савуқ гўрда ётмоқ устундир!» Ул десам, бул деди, бул десам, ул. «Ихтиёр ба дасти Бахтиёр, деди бир муддат фурсат кечгандан сўнг, магарким арқонни дариғ тутсанг, ўзимни тиризадан отурман!» Дилимга ўт тушди, фикр айладимки, бу ... фурўш бир кори-хол қилса, маломатга қолмагайманму?! Қавму қариндоши, хешу-ақрабоси, гўдаклари бордур – қақшаб қолмасунлар. «Искандарқул, дедим, ҳишшадаги манабу сабилнинг юқини ютгил-у, хоби ғафлатга кет!»
Мурдор ичди, локинда хомуш бўлмади. То саҳар ҳар на балолар деди, қилиқлар қилди. «Эй карами олам, дейман, дард чекиб ўзумча, бундоқ азобларинг ҳам бор эрдими-у?!»
Саҳар чоғи падарлаънат ҳушёр тортди. Гина қилиб, дедимки: «Мани дилранж айладинг». Бош эгиб, айтдики: «Извини, земляк!» Бадазон паноҳи худо қилдик.
Экки кун ҳамхона бўлмади.  Андак ёлғузлик тортиб,  навбатда турадурғон хотунга дедимки: «Бир мўмин-мусулмон ҳамро бўлса. гурунг қилиб ётур эрдим». Деди: «Харашо, ман койиш қилурман». Кулбаи танг-у, торимга ўтуруб, бедаво Искандарни ёдга олиб турғон маҳалим эрдики, эшик очилиб, бояги хотун бир алвастисуроб, яввойибашара одамни етаклаб келди. Ани кўруб, нафасим ҳиқилдоғимга тиқилди. Анинг соч-сақоли поки кўрмаган, ўзи сарлуч, камзули ҳирснинг пўстидан, чоруғи ҳам, оллуҳу-аълам, бирор махлуқникидур. Ўзи пакана, чўққисақол, абгор бўлиб қолганлардан. Хотираларингда бўлса, бултур саратон маҳал бола-чақа бирла шаҳар тушиб, «Дерсу Узала» деган бир кинони тамоша қилиб эрдик. Бу мўйсафид ўша Дерсу Узала деган чолнинг қўйиб қўйган нусхаси эрди.
«Бу киши сизга ҳамхона бўладилар», деди, навбатчи заифа манга. Бадазон ул алвастисифат мўйсафидга ўқдурдики, интизом бисёр қаттолдур, бу жойни Москов деюрлар, зинҳор ва зинҳор Тайгадаги тўқай эмасдур. Магарким издан чиқса, бисёр нохушликлар бўлғай. Боз каминага ишора айлаб айтдики: «Бу одам ҳамхонадур, жумбоқки бордур, санга айтар ва дағи кафилдурсан». Иллоҳ, кайфим учди. Ул заифага дедимки: «Меҳмон хурракаш йўқдур, боз шаробга мойил эмасдур?» Ул хотун авоз кўтариб, савол айлади, бисёр ишоралар кўрсатиб, саъй-ҳаракатлар қилди. Локинда бадбахт чол забонни тушунмоқдин ожиз эрканми, чулдираб арзу дод изҳор қилди. «Маники Тайга, маники Тайга», деди. Заифа бу яввойидан зудлик билан қутулиш пайида хайру хушни ҳам насия қилди-ю, эшикни ёпди. Ўамхонаи ногаҳон ҳамон қаққайиб турур, ундан бадбўй ҳид келур эрди. «Сан – Осиё?» алқисса савол айлади у шаҳодат бармоғи бирла қорнимга ниқтаб. Маъқул ишорасида бош тебратдим. Бадазон забонга кириб, тахминимча исму шарифини, авлоду аждодини, пушту камарини гапурди. Хотири ожизимга бир калом ҳам қолмади. «Сан – Дерсу Узала?» дедим ҳазиломуз кулиб. Ул бадбашара мамнун бўлди, кулиб маъқул ишорасини бажо келтирди. Турфа ишоралар ва чалазабонлик ила гуфтигу қилмоққа киришдик. Сўроқ айладимки, не дард бирла Москов сафарин ихтиёр этмишдур. Пайдар-пай калом ҳамда имо-ишора ила сардафтарини очди; дилхунлик, дилтанглик ила сухан юритди. Фаҳми ожизимча, арзу дод бирла подшоҳ ҳазрати олийларига кирмоқ ниятинда экан. Дунёга  келгандан то бугунги рўзгача бешазорларда, дарёлар яқосинда умргурзонлик қилғонини, шаҳар деб номланмиш аждаҳо комига илк бор рўбарў бўлганини арз қилди. Подшоликка не арзи бор – ҳарчандки такрор қилди – фаҳмига бормадим. Ўарибу нотавонлигидан надомат тортиб, шанғи овоз бирла гап берар, танаффус қилмасди. Камина андак дилтанг­лик-у, дилранжлик тортиб: «Эмди сукут сақла, ором олур вақти етди», дедим. Локинда ул вайсоқи жаврашдан даме олмасди. Дарду ҳасратини тўкадурғон ҳамхонага муштоқ эканму, шўрлик боз баланд пардаларда гўфтигу қилар, лекин фаҳмига етмоқ ҳамон мушкул эрди. Фақир бу дарди бедаводан андак халос ўлмоқ илинжида чаппа ёнбош тортган эрдимки, елкамга уруб: «Эй Осий, эшит», деб ғалча забон бирла надоматлар тўкур эрди. Бу бадбахт баччағардан кўзумни олмасам ҳамки, андин халос бўлиш мўлжалини ўйлар эрдим. Локинда осмон – олис, замин бўлса – қаттиқ. «Дерсу Узала оға, дедим юмшоқ оҳангда, эмди ювиниб, ухламоқ фурсати етди». Бад бу калтафаҳмга тартиб-қоидаларни бир-бир гапурдим. Аммо тирикликнинг бу тарзи анинг табиатига ёт эрди. Бир маҳал ҳожатхонага кирди ва ҳаял ўтмай чиқиб, мани чорлади. Фикр қилдимки, бирор жумбоқнинг фаҳмига бормади. «Эй Осиёлик деди, унитаз устиндаги ипга ишора айлаб, сан бу ипни тортиб тур, мен қуйидан су ичурман». «Эй, бадбахти бефаҳм, дедим, қайсиям тўқумтабиат бу жойдан су ичур?! Бу жой ҳаромдур!» Бадазон пиёлага тўлдируб су бердим. Начора, ул дилшикаста шўрликка гуноҳ йўқ. Бедаво сержоғ боз сафсата сотмоққа киришди. Фаҳмимча айтдики: Рўзғорга шайтон бир арвоҳлар аралашдилар: қут-барака учди, ўғил-қизлар ғарибни тарк этдилар. Дарёдан лаққа бирла зоғора тутиб, рўзғор тебратар эрдим, эмди балиқлар ҳам ман бадбахтдан юз ўгурдилар. Ушбу ноомадликларнинг жами, шайтонлар бирла арвоҳларнинг қаро қилмишидур». «Эй гумроҳ, дедим, шайтону арвоҳга бало борму?! Эмди алар йўқдур!» Дедики: «Осиё­лик –  сан соддасан – билмагайсан. Алар бисёрдур, валек бу кунларда одам қиёфасинда юрурлар. Бу унсурларнинг аксари идораларға кириб олганлар ва боз усталшиндурлар». Во эмди гапга кўнсачи. «Дерсу Узала, дедим сабр косам тўлуб, ухламоқ фурсати етди: дам олмоқ жоиздур. Боз саҳармардонда турурмиз. Алқисса рози бўлди. Локинда каравотнинг устига ётмай, анинг тагига кирмоқ ташвишга тушди. «Эй саҳройи, дедим, бунинг устига ётурлар – таомил шундоқдир. Айтдики: «Сан устига ёт, мен такка. Боисики, заминжунбуш бўлса, тирик қолурман. Боз: панага кирсам, арвоҳи лаинлар мани тополмай чекинурлар – балои қазодан ҳоли бўлурман.
Саҳар турсам, ҳамхонамдан ному нишон йўқ, ҳайрону лол бўлдим. Андин қайта дарак бўлмади. Дуо қилдимки, худои карим корига кушоиш берсун!
Пайшанба бирла жума ўтди. Аввал худога шукроналар ўқуб, бундоқ фароғатдан бенасиб қилмагайсан, ямон ҳамроҳ, ҳамхона офати жондур, андин ўзинг сақла, дедим, аммо билурсизларким, бандаси беқаноатдур, ношукурдир. Уч шаби рўз кечган эрди зиқ бўлдим, дилим косаси ҳасратга тўлди. Тағин тангрига илтижо этдим: «Москов шаҳринда забони узилган гунгга, қулоғи қирқилган карга айлантириб қўйма. Ўариблик бирла мусофирлик азоби устихондан ўтди. Бир сўфитабиат ҳамроҳ юборким, ул мўмин бирла адолат, диёнат ва охират ҳақинда суҳбатлар қурайлик». Иншооллоҳ, оҳу-зорим осмону фалакка етди чоғи, эшик нозиктаъблик бирла тақиллади. Бирор заифа келдиму, номаҳрамлик бўлмасун деб, яктагимни елкамга олдим. Магар заифа бўлса, қандоқ муомила қилурман, деб андишаларга бордим, то ҳаттоки шайтони лайн каминани ножоиз йўлларга бошламоқ пайида ҳам бўлди, лек гуноҳга юз ўгурмасликка қарор айлаб эшик очдим. Остонада денглар, эмди қиличдай хушқомат бир йигит турур эрди. Эҳтиром сақлаб: «Ассалому алайкум, устози муҳтарам», деди. Ўзга осмон тагинда она каломни эшитмоқ – бисёр ҳузурбахш ҳамда серҳаловат эрди; дилим завқ олиб, қарочуғимда ёш айланди. «Ваалайкум ассалом!» дедим фақир ҳам қироат бирла. Ногаҳоний шогирд қучоқ очиб, каминани бағрига босди. Дедики: «Сиз муҳтарам зотни фалон йилдан бери билурман ва эҳтиромим бисёрдур. Зеро, сизни кўрмоқликдан сарбаланд-у сарафроздурман!» Бисёр ва боз бисёр мамнунлик топдим. Ана дейман заковат; боз тағи орифлик бирла маъруфлик! Анинг ўзи бисёр эмин, суханронлиги шоҳис­та эрди. Мисоли юз йиллик қадрдондек апоқ-чапоқ бўлдик. «Мани Шарқий деюрлар, давом берди шогирдим, заковатпешалик бирла, тўлуғ номим – Шарқий ибн Ота Араб Бухорий». «Бундоқ бўлса, асли Бухорои шарифдандурсиз?», савол айладим. «Бале, деди, зукко ва аълофаҳм устозларнинг садағаси кетсанг арзир».
Гапдан гап чиқиб, шу нарсалар аён бўлдики, (магар деганлари чин бўлса) падари бузруквори араб, модари муҳтарамайин тожик, ўзи бўлса ўзбек экан. Тағи дедики; «Етти тилни билурман, уч забонда шеър битурман». Бир маҳал денглар, Қуръони шарифдан шундоқ сураъ қироат қилдики, тукларимга жон кирди. Ўай, ҳай, дедим сани тарбия қилгоннинг падарига раҳмат! Бухорои шарифда ҳам, Тошкану Московда ҳам уйи бор эмиш. Ўзи олими бозарба, шоири зукко (гапини шеър қилиб айтади) экан. «Эй шогирди камолрас, дедим, андак андеша тутиб, магарким уй учта бўлса, хотун ҳам...» «Эй устози пурҳавас, деди бош эгиб, бир қошуқ қонимдан кечинг, эмди, вақтида шундоқ гуноҳ қилганмиз». Фатво бердимки, бу шариатда раводур, хижолат тортмоқ чикора?! Гуфтигўйимиз авжига чиқди. Аён бўлдиким, казо-казо зотлар ва пешволар бирла ҳамнишин-у ҳамроз бўлган экан. Жайхун бирла Сайхун аролиғинда ани билмайдурғон киши чиқмоғи амри маҳол эмиш. Шарқий фақат ўзини улуғламай бот-бот каминани ҳам сифатлар, ҳамду сано ўқурди. Бу ҳолдан сарафроз ўлмоқни ҳам, ҳижолат чекмоқни ҳам билмасдим. Ўа, тиллотабиат эрди бу одам. Чунони бамисли Искандар хуррак тортмас, шаробни оғзига олмас; Дерсу Узаладек сержоғ-у бефаҳм эмасди. Гапини етти ўлчаб гапирар, иззат-одобни жойига қўйиб қўярди.
Устозу шогирд то нисфишаб суҳбат қурдик. Бевафо умрнинг бебақо ташвишлари, пул топмоқ, рўзғор тебратмоқ хусусинда ҳасрату надоматлар бўлди. Шар­қий– Саъдий, Ҳофиздан байтлар, рубоийлар ўқуб, нопок амалдорларга нафрат ўқирди. Аён бўлдиким, ҳақиқатгўйлиги сабаб, бисёр мусибатлар чеккан экан. Зукколик ила миллат хусусинда жонсўзликлар қилар, ғайридинларга нописандлик кўрсатарди. Нопок эркаклар, қаллоб шогирдлардан андоқ нафратландики, ҳадди йўқ.
Вақти саҳар таҳсилга йўл олдим. Рўзи дароз вазхонликдан дардисар бўлиб кулбамга ихтиёр этсам, шогирд шеър бирла пешвоз чиқди.
Эй устоди меҳрдор,
Шарқий сизга интизор!
Дедимки: «Зукко ҳамда ҳозиржавоб шогирднинг садағаси кетсанг. Бундоқ жаннати одам бирла ҳамхонаю ҳамсуҳбат бўлмоқ...» у суханимни кесиб, давом берди: «... савобларга тўлмоқ». Зуд ўтмай, ул садоқатманд шогирд чой келтурди ва камина ҳаловатдан ийиб кетдим. «Мулло Шарқий, дедим, сизни каминага худонинг ўзи юборди; баръакс дилхуну дилранж бўлур эрдим. Экки банда ҳамхона бўлди – ман қон қақшадим. Деди: «Сизга озор етказган нонкўрга худо жазо берсун! Неки хизматларингиз бордур каминаи камтарин камарбастадур!» Жавоб айладим: «Шу каломнинг ўзи кифоя ва андин сарафрозман.»
Бадазон хушчақчақлик қилдик. Шеърхонлик, латифгўйлик бўлди. Бир маҳал савол айладимки: «Эй шогирди баркамол, хотун учта деган эрдингиз, бала-чақачи?» «Бала -бор-у, чақа йўқ, чақа бор-у ақча йўқ», суханбозлик қилди у. Эй дедим, офарин сандай зуккога. Шарқий бўлса шакаргуфторликда давом этарди:
Устоз отадан улуғ,
Дили шафқатга тўлуғ.
Шарқий шудир ҳақ йўли
Табаррук устоз пули!
Во баччағар, дедим ичимда, бу нимага шаъмаю ишора қилди? Ё шаҳри мусофирда камхарж бўлиб, пулга зориқиб қолдими?! Боз андак танаффус ўтказиб, савол айладим: «Эй шогирд, пул дегани қўлнинг киридур ва ул бебақо-ю бесамардур. Магарким, бесармоядурсан – ранж тортма!» Деди: «Аълофаҳм устозларнинг қурбони бўлсанг арзир.» Жомадонимни шартта очдим-у, бойламадан фалон сўмни олиб, қўлига тутқаздим. Дили равшан тортиб, кифригига нам олди. Қўлимни ўпмоққа харчанд азм қилди – имкон бермадим. «Устози бузруквор, ушбу саховатингиз ўн бўлиб қайтгай», деди.
Айни шом маҳали фалаки бебақонинг кечмишлари борасинда гуфтигўй қилиб турган эдикки, эшиб очилиб, остонада экки жонона юз кўрсатди. Ушбу жувонларни таъриф этадурғон бўлсам, уларнинг ҳар бири бир парипайкарга баробар эканлигини таърифлаб ўтмоқ ҳам қарз, ҳам фарздур. Ана ҳақиқ лаблар-у, ана хипча беллар! Яноқларнинг гулгунлиги, чеҳраларнинг беғуборлиги, кўкракларнинг баркамоллигини бирма-бир таъриф этадурғон бўлсам, гуноҳга ботишдан чўчурман. Вой сани... Кўзларнинг хуморлиги, гилосранг лабларнинг ташналигини кўруб, хаёл қилдимки, бу ҳам оллоҳнинг бир инояти ва биз бегуноҳ бандаларга кўрсатган кароматидур.
Алар ўзларини ичкари олиб, Шарқий бирла гарму жўшон кўришдилар, ҳолпурсликлар, шакаргуфторликлар қилдилар. Англадимки, қўҳна ўйношлардур. Бадазон икковлон Шарқийни силаб-сийпашга, ялаб-ясқашга киришдилар. Камина бу ножоиз ҳолдан андак ҳижолат тортиб, каловланиб, бо дағи эсанкираб қолганимни гарданига олмоғим жоиздур. Бир замон алар мандан тариқча ҳам тап тортмай, бир-бирларига андак бешарм-у беҳаё гапларни айтишга киришдиларки, фақир бисёр дилтанглик тортдим. Жувонларнинг серишваси шогирдимга савол айлаб қолди. «Шарқий, бу амаки кимдур?» Илло унинг сўроғидан: «Нечун бу бефаҳм чиқиб кетмайдур», деган сўроқни ўқудим. Ўамхонам хориж тилинда бепарво жавоб айлади: «This is mai costrate negvо1  Тушунмаган бўлсам ҳамки ани хотирга олдим. Беҳаё заифалардан бири нимлуч бўлғоч, тоб беролмай, ташқари равона бўлдим. Фикр қилдимки, Искандар бирла Дерсу Узала бу бетавқиф шогирддан чандон устун эрдилар. Қайтиб кулбамга кирмоққа юзим чидамади ва шаби дароз совуқ кўчаларда дарбадар бўлиб юрдим. Эй Карими қудратнок шу ситаминг ҳам бор эрдими, деб зор-зор, чун абри навбаҳор йиғлаб, илтижо этгоним бутурур.
Не гуноҳлар қилган эрдим, эй тангрим,
Кўча-куйда бани сарсон қилдинг-о.
Устихондан ўтди Москов савуғи
Мусофирни зору гирён қилдинг-о!
Садо бергил умматингга Муҳаммад,
Ман – фақирни мисли хазон этдинг-о,
Зор қақшарман эмди билсанг то саҳар
Қақшатдинг-у, тағи ҳайрон этдинг-о!
Саҳарда ҳам уйимга кирмай, сабоқхона томон йўл олдим. Лекин дилим беҳад ғаш эрди, кўзимни уйқу босарди. Шарқийнинг бундоқ беандишалигидан надоматлар тортдим. Бир маҳал луғат варақлаб, ҳалиги суханни таржима қилсам, шуноқа гап. Жоним халқумимга тиқилди. Вой сен ҳаромининг ҳамширангни... дедим. Санақа бетамиз шогирдни ҳиқилдоғингдан буғиб, тавба-тазарру қилдирмасам, номимини башқа қўюрман!
Жаҳлга миниб, хонамга келсам, бу ноодами нокас хайр-хушни ҳам насия қилиб, думини тугиб қолибди. Вой сен ипирисқининг башарангга аёғим! Лаҳатга кўндаланг бўлгур! Шайтони лаинга берган пулим садқаи саркуя, жомадонимдан ҳам талай заруратларни ўмарибди, падарлаънат! Қайдин ҳам топурман эмди – бу жўгибаччани?!
Ўа майли, бош ёрилса, қалпоқ тагида дерлар. Тани-жон соғдур-бунинг ўзи давлатдур! Бу ҳол сабоқ бўлур ва бадазон хушёрлик қилурман.
Шу бирла номам охир!
Хонадонга сиҳатлик ҳамда хушёрлик истаб, Нусрат ибн Раҳмат. Имзо чекдим. Мелодий саксон етти, чилла маҳали. Бегоҳи пайшанба. Москов. Ғарибхона.