суббота, 1 декабря 2018 г.

ИККИНЧИ ҚИСМ 2


ЙИГИРМА САККИЗИНЧИ БОБ

ҲАЗОРАДАН  – ЯЛЛАМАГАЧА

Оиламиз ҳаётида  жиддийгина ўзгариш юз берадиганга ўхшаб қолди. 1982 йилнинг кузида Тошкентга кўчадиган бўлдик.
Киндик қони тўкилган тупроқни ташлаб кетиш, боболар заминидан, уларнинг қабрларидан андак бўлса ҳам узоқлашиш жаъмики кўникмалардан воз кечиш осон эмас, албатта. Бувим, амаким, ёр-қариндошлар, қўни – қўшнилар, қишлоқдошлар бунга рози эмасдилар. Ойим эса дадамга зорланарди.
– Муалим, машшохийлар, дарахт бир жойда кўкаради, дейишган.
Дадамнинг жавоби тайёр эди. Ўша машшохийлар «Кун кўрмасанг, кўчиб кўр» ҳам дейишган.

Лухтак лақабли ёқимтой итимиз, заҳматкаш асалариларимиз, эндигина ҳосилга кирган гилос ва шотутларимиз... Эҳ-ҳе, озмунча эмасди қадрдон бисотларимиз. Аммо начора. Ноиложлик.
Бундан бир йил муққадам дадам ишларидан ажралиб қолдилар. Бунинг сабаби менга қоронғу, албатта. Кейин нақ етти ой давомида иш излашга тўғри келди. Аммо она юртимиз Самарқандда у кишибоп бирорта юмуш топилмади. Рўзғоримиз учун серғусса кунлар эди ўша пайтлар.
Хуллас, кунлардан бирида дадам Тошкентга йўл олдилар-у у ердан мамнун қайтдилар.
Дадамни «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасига бўлим мудири қилиб олишибди.
Дилимиздаги мавҳум ғашлик, ногаҳоний ғусса чекингандай бўлди. Биз яна дастурхон устида ҳазил-мутойиба қиладиган, баралла куладиган бўлдик. Бувим бўлсалар ҳамон дадамни Тошкентга кетиш фикридан қайтариш пайида бўладилар.
– Қариган чоғимда мани ташлаб кетасанми? Набираларимни кўрмасам, ажалимдан олдин...
Дадам у кишини гапларини бўлиб далдалар берардилар.
*  *  *
Машинамиз гоҳ ўнг, гоҳ чап томонга вазмингина чайқала-чайқала шоҳ кўчага чиққач, амаким тезликни оширдилар.
Қувончларим беҳудуд ҳаяжонга айланди. Чунки ҳали ҳеч қачон бундай олис сафарга отланмагандим. Кўч-кўлонимизни Тошкентга олиб бориш амаким иккаламизнинг зиммамизга тушгани дилимга ғурур солди; мустақиллик туйғусидан энтикиб кетдим. Энг муҳими, бу узоқ йўлда менга нотаниш бўлган борлиқни томоша қилиш истаги дилимга тинчлик бермасди.
Қадрдон манзилгоҳлар  ортда қолабошлади. Йўл чекассидаги ёзувларни ўқишга зўрға улгурардим. «Мўлиён», «Обираҳмат», «Чўпон-ота»... ҳосили ярим-ёрти йиғиштириб олинган карам пояларда думбаси лорсиллаган семиз-семиз қўйлар, елини тўлишган говмишларни боқишаётган болаларни кўрдим. «Уларнинг бирортаси мендан узоқ сафарга чиққан эмас», деб ўйладим ва бундан аллақандай қониқиш туйдим. Ҳадемай машинамиз баландликка ўрлай бошлади. Қизил, сариқ «жигули»лар «жик» этганча бизни қувиб ўтиши ноўнғайроқ эди. Аммо тезда уларга эътибор бермаслик кераклигини тушиндим.
– Улуғ, ҳозир Зарафшондан ўтамиз, – огоҳлантирдилар амаким машинамиз пастга қараб энабошлагач.
Бу дарё ҳақида кўп эшитгандим. Гарчан харитада эгри-бугри, беўхшов чизиққа ўхшаб кетса ҳамки, бувимнинг бир ривоятларидан кейин у менга нариги соҳилни кўз илғамайдиган, ичидаги наҳанг балиқлар тирик мавжудотни комига тортадиган уммон бўлиб гавдаланганди. Ҳадемай узун ва сербар кўприк пайдо бўлди. Мен ҳаяжон билан пастга қарадим. Назаримда дарё каттароқ анҳорга ўхшаб кетди.  Ариқдагидан фарқли ўлароқ бу зилол сув беҳад ва беҳисоб шағал уюмлари орасидан оқарди. Негадир туйғуларим алдангандай бўлди.
Шу пайт эътиборимни кўприк бошидан турган амаким тенги киши тортди. Шляпасини бостириб кийган бу одам бизга қўл кўтарди. Кабинамизда жой бўлишига қарамай амаким тезликни сусайтирмадилар. Мен андак ажабландим. Автобус ҳайдаганларида, дуч келган хоҳишмандни миндириб олардилар. Тушиб кетаётганида у ҳам имкон ва инсоф доирасида мурувват қиларди.
– Амак, миндирмадингиз-ку, – сўрадим ажабланиб.
– Эй, қўй, безгакка ўхшайди.
«Безгак» деган калом у кишининг бисотларида йўқ эди.
Яқиндан бери хуш кўрмайдиган одамларни «безгак»ка чиқарадиган бўлиб қолдилар. Демак, халиги одам... ғалати.
Машинамиз пишқирганча йўлнинг танобини тортарди. Кенг, текис асфальт кўча, унинг икки томонидан бот-бот ўзгариб турадиган мавжудот серқирра ва бетакрор эди. Сербар тасмага ўхшаган қора асфальт ғизиллаб машинамиз остига кириб кетаётганга ўхшар, йўл чеккасидаги тут дарахтлари, сим ёғочлар аввал секин силжигандай бўлар ва сўнгги дақиқада шиддат билан орқага чекинар, бундай пайтда «шип»-«шип» деган овоз чиқарди. Айрим юк машиналари, тракторларни ортда қолдирганимизда дилимни ғурурга ўхшаш туйғу жўш урарди.
«Жомбой» деган ёзувдан ўтишимиз билан бекатда турган  тўрт-беш аёл ва бир эркак ҳам бизга қараб аллақандай иккиланиш билан бетартиб қўл силкиган бўлишди. Уларга эътибор ҳам бермадик, менимча амаким бу йўловчиларнинг миниш-тушиши сустлиги, бунинг устига сал йўл босмай, манзилга келганини айтиш эҳтимоли борлигини ҳисобга олган  бўлсалар ажаб эмас.
Ўнг томонда ястаниб ётган яхлит пахтазор пайдо бўлди. Бесўнақай машиналар жўяклар бўйлаб имиллаб юрар, якка-дукам одамлар кўзга ташланарди. Мен андак ҳаяжонландим. Гарчи телевизорда бундай манзарани ҳар куни кўраверганим учун бадимга урган бўлса ҳамки, амалда ҳақиқий пахтазорга биринчи бор дуч келаётгандим. Пахта териб юрган кишиларга ҳасадимми, ҳавасимми келиб кетди.
«Ҳазора» деган ёзувга ёнма-ён турган отахон анча узоқдан туриб қўл кўтарди.
– Оламизми, Улуғ, – сўрадилар амаким.
– Давай.
Бу одам мўйсафидларга монанд кийинган, оппоқ салла ўраган бўлса ҳамки, нисбатан ёшлиги, нари борса дадам тенги эканлиги кўриниб турарди. Чунки соқоли қопқора, юзлари ажинсиз, қомати мункаймаган, баръакс тик эди. Лекин бошини бир томонга хиёл хам қилиб туришида мўминлик, ҳокисорлик, зорланишга ўхшаш ҳолати зоҳир эди.
Машинамиз унинг ёнгинасига бориб тўхтади.
– Қаерга борасиз, – сўрадилар амаким мен эшикни очишим билан.
– Ассалому-алайкум, – деди у жавобан мен билан амакимни андак ҳижолатда қолдириб. – Насиб бўлса Ялламагача...
– Қаерда у –Яллама, – сўрадилар амаким.
– Тошкентга етар – етмас.
– Мининг.
У қулидаги тугунни ғайритабиий чаққонлик билан менга узатди ва «бисмиллоҳ» деб юқорига кўтарилди. Жойлашиб олар – олмас қўлини дуога кўтарди.
– Илоҳи омин! Йўлимизни равон, сафаримизни бехатар қилсин!
Амаким икки қўлларини рулдан узиб (чўчиб кетдим) юзларини силадилар. Мен иккиланиб қолдим.
– Қани бўталоғим, сен омин қилмадинг-ку, – мен томонга ўгирилиб, аллақандай гинаомуз насиҳатгўй оҳангда тергади у. Ва шу билан бирга мени ортиқча қистамай, ҳатто жавобимни кутмай ўша жарангдор, нимаси биландир зоҳиран ёқимли оҳангда давом этди. – Шу Ялламада денг бир савоби жаноза бўлиб қолибди. Ҳа, энди бир бориб келмасак бўлмас...
Эътиборимни йўлнинг икки томонидаги ҳадсиз-ҳисобсиз симёғочлар тортди. Ёз бўйи уларга осилганича ҳосил туккан токлар эндигина устига кўрпа тортилган  кишилардай  ярим-ёртироқ  кўмилганди ва бетон қозиқлар жажжи симёғочлар  галасига ўхшаб мун­ғайиб қолганди.
– Нима, уларнинг мулласи йўқми, – сўрадилар амаким, янги ҳамроҳимиз алланималарни уқтиргач.
– Бор, бор! Аввал денг ҳосилот-посилот бўлган баобрў одам. Лекин чаламулло. Араби имлога тиши ўтмайди. Бунинг устига қироат қиламан, дейди-ю мур­ғимаржонга ўхшаб, қулқуллаб қолади.
Худи шу пайтда, кутилмаганда машинамиз ҳам маржонтовуқдай қулқуллаб «йўталиб» қолди. Амаким асабийлашиб рулни ўнга бурдилар ва тормозни босдилар. Эрталаб ҳам бир бор шундай бўлганди. Кўчни ортиб бўлгандан кейин амаким роса уннагандилар. Қўллари қора мойга буланиб, аллакимни «безгак» дегандилар.
Тағин ўша  қисмини ечиб олиб, у ёқ бу ёғини роса пуфладилар-у шоша-пиша жойига қўйиб, винтларини бурадилар.
Мотор гуриллаб  ўт олди. У соатдай бир маромда ишлай бошлади. Катта кўчага бемалол тушиб олганимиздан кейин амаким ҳалиги кишига изоҳ берган бўлдилар.
– Мен ўзим дежурний автобус ҳайдайман, аввал беш йил мана шу машинани ҳайдаганман, кейин менга  автобус беришди.
– Бисёр хўб, бисёр хўб, – маъқуллаб турди у киши.
– Армиядан келиб, иш излаб юрган бир болани гаражга олиб бордим-у: «Жўра, дедим, мана шу машина саники. Яхши қара, ғилдираги айланиб турса, қуруқ қолмайсан». Безгакни қаранг, бир ой ўтмай карбюраторни ишдан чиқарибди.
Ҳалиги амаки бош тебратиб маъқуллади. Касбу корини ҳурмат қилган, эъзозлаган одам икки дунёда ҳам хор бўлмаслигини таъкидлади. Мен «икки дунё» деган жумла устида бош қотираётганимда янги ҳамроҳимиз амаким сари андак эгилиб мурожаат қилди.
– Иним, сўраганининг айби йўқ – исми – шарифлари...
Ҳикматулло.
– Бисёр хўб, бисёр хўб. Оллоҳнинг ҳикмати. Мани отим Муҳаммадризо. Локинда қишлоқда ҳам, ишхонада ҳам Қори ака дейишади. Бир куни ведомостга ҳам “Қори ака деб ёзишибди. Ўзлари ёзиб, ўзлари сарсон-у саргардон қилишди. Бизнинг авлодлар асли Самар­қандлик. Хўжа Аҳрори вали бобокалонимиз бўладилар. Хўжа Аҳрор қишлоғида аммавачаю – холавачамиз анчагина. Ҳар намози Жума борганимда қариндош-уруғларни  кўриб  келаман.  Тақдир,  нон-насиба дегандай падари бузрукворимиз бир замонлар туз тортиб Ҳазорага келиб қолганлар.
– У киши ҳам муллолик қилганларми?
– Шундоқ, иним. Бу бизга – ота касб.
– Бизнинг ҳам дадамиз шоферлик қилганлар, – унга ҳамдам эканлигини таъкидлади амаким.
– Локинда,– давом эттирди ҳалиги амаки, – бандасини тупроқ тортади, дегандай, дадамиз Хўжа Аҳрорга меҳмончиликка бориб, ўша ерда узилдилар. Васиятларини бажо келтириб, аждодлар пойига қўйдик.
У отасининг тағин бир талай хислатларини улуғлагач, гап оҳангини ва ўз ҳолатини заррача ўзгартирмасдан амакимга савол берди.
– Падари  бузрукворингиз ҳаётмилар?
– Йўқ...
– О-о, – нола чекди у киши ва жуда маъсум қироат, ички дард билан хиргийи қилди.
– Отоси ўлмаган ким бор.
Оноси ўлмаган ким бор?!
Бир лаҳзалик сукут чўкди. У киши тағин саволда давом этди.
– Волидаи муҳтарам бормилар?
– Шукур.
– Бисёр хўб, бисёр хўб. У кишининг дуоларини олинг. Кексалик ғанимат.  Ака– укаларчи...
– Акамиз Тошкентга ишга кетиб қолдилар. Кузовдаги кўч ўша кишиники. Кетманг, шу ерда юринг дедим. Бўлмади чоғимда.
Ҳа, энди нону насиба, иним нону насиба. Акангизнинг ризқ-насибалари ўша томонларга сочилган экан, уни териб емоқдан ўзга чора борму?! Оллоҳнинг иродаси.
– Энди анча ўрганиб қолган эдик-да, – ўкинганнамо бўлдилар амаким.
Қори амаки тағин бояги оҳангда хониш қилди.
– Най ўзи андоқ ҳикоятлар қилур.
Ул жудоликдан шикоятлар қилур.
Эътиборимни йўлнинг икки томонидаги қалин дарахтлар тортди. Унинг чеки кўринмасди. Лекин бу дарахтлар анча пакана эди. Яккам-дукам навдаларнинг учида дилдираб турган сарғиш, қизғиш, жигарранг барглар сўнгги дақиқаларга маҳтал эди. Ногаҳоний шамоллар йўл чеккасидаги ўт-ўланларни, шағал уюмларини бокира барглар билан юпқагина ўраб қўйганди. Кўчанинг нариги бетидан ўтаётган машиналар шамоли баргхазонларни зарб билан ҳавога кўтарар ва улар эрингандай сустгина пирпираб тағин паст­га тушишарди. Қори амаки эса худди монолог ўқиётгандай қизиққолик, эҳтирос билан гапида давом этарди.
... Каттаси Афғонистонда. Ҳар гал мактуб битганда қайта-қайта тайинлайман. «Ўғлим, сиз бизнинг қанотимиз, кунимиз битиб, дорулбақога йўл олганда, бел боғлайдиган, дилхун бўлиб йиғлайдиган зурриётимизсиз. Ўзингизни эҳтиёт қилинг! Зинҳор базинҳор командирларнинг гапини икки қилманг! Афғонлар даврасига тушиб қолганингизда Хўжа Аҳрори валидай бузрукворнинг авлоди эканлигингизни ёдга солинг. Зеро мусулмон оламида бобокалонингизни билмайдиган бандаи мўмин йўқдур...».
Орага бир неча дақиқалик вазмин сукунат чўкди. Уни амаким буздилар.
Ҳеч гапмас. Мен ҳам ўша ерда хизмат қилганман. Аввал танк ҳайдадим, кейин мошин. Бир грузин полковникни олиб юрардим. Жуда хушфеъл одам эди. Боя Жомбойда турган эркак  билан аёлларни кўриб, ўшани эсладим. Бир куни кетаяпмиз, денг. Ёмғир ёғаяпти. Йўлда бир эркак билан тўрт аёл қўл қўтариб қолди. Биттасининг қўлида ёш боласи ҳам бор. – «Ҳикматулло, деди командир, тўхта, шу болали аёлни олиб кетайлик». Мен машинани тўхтатиб, аёлни таклиф қилсам, ҳалиги эркак нима дейди денг: – «Эй, моторони шўрави. Ин чоҳораш ҳам ҳамсарам. Хуб мешавадки, ҳаммаи мо равем!».1
Шундай деб амаким қаҳ-қаҳ отиб кулдилар. Қори амаки ҳам кулгидан ўзини бир лаҳза тийиб, қўшиб қўйди: – «Ҳа, шариатда бу норавомас».
Амаким шавқовар ҳикояларини давом эттирдилар.
Ҳалиги афғоннинг гапини командирга таржима қилиб бергандим денг, қорнини ушлаб кулади. – Бизда фақат битта ўрин бор, дедим кейин афғонга тожикчалаб, кабинада бошқа юклар кўп. – «Ундай бўлса, ўзим бораман, дейди, безгак, булар йўлини топиб кетаверади. Полковникка тушунтириб бергандим, жаҳли чиқди. ...ебди, деди. Ҳайда!».
Улар тағин кулишди. Менинг эътиборимни эса нагоҳонда қаршимизда пайдо бўлган ва бир маромда ёниб-ўчаётган қизил чароқлар тортишди. Биз темир йўлга яқинлашгандик. Амаким тезликни сусайтириб бориб, тормозни босдилар. Мен гоҳ чап, гоҳ ўнг томонга бурилиб, интиқлик билан поездни кута бошладим. Чунки поездни ҳам фақат киноларда кўргандим, унинг ўзини томоша қилиш завқли эди, албатта. Кўп ўтмай дилни ваҳимага солувчи аюҳаннос чинқириш янгради ва баҳайбат паравоз пайдо бўлди. Мен зудлик билан унинг вагонларини санашга киришдим. Аммо ўн учтадан кейин адашиб кетдим. Чунки вагон деразасидан туриб менга тилини чиқарган бола эътиборимни тортди, чалғитиб қўйганди.
Поезд ўтиб кетгандан кейин ҳам алламаҳалгача йўлни очишмади. Темир йўлдан ўтиб олганимиздан кейин ҳалиги киши амакимга мурожаат қилди.
– Иним, фикри ожизимча, бу йигитча жиянингиз?
Сўнг суҳбатдошининг жавобини ҳам кутмай номимни, нечанчи синфда ўқишимни суриштирди. Жавобимни эшитиб, мамнун бош силкиди.
– Бисёр хўб, бисёр хўб. Ўқиш керак, бўталоғим. Замон – ўқиганники. Раҳматли дадам айтардилар. «Муҳаммадризо, мандан санга уч насиҳат: биринчидан, бировнинг ҳақига хиёнат қилма, иккинчидан, ёлғон гапирма, учинчидан, ўқи, ўғлим, ўқи!» Мана шу кишининг насиҳатларини бажо келтирдик – бир жойимиз кам бўлмади. Баръакс иззат-обрў топдик.
– Қаерда ўқигансиз, – сўради амаким.
– Мир Арабга бордигу киролмадик, – деди у ҳижолатомуз. Сўнг қўшиб қўйди: – Бухородаги мулловаччалар мактабини биларсиз.
– Чўзмагандирсизда...
– А, лаббай?
– Чўзмагандирсиз, – бу гал бош бармоқларини кўрсаткич бармоқларига енгилгина ишқаб ишора қилдилар амаким.
– Йўқ, йўқ, у даргоҳлар бисёр пок. Ўзи имло билан қироатдан йўқроқмиз, ўқиймиз-у шаррос эмас. Вақтида имкон бўлмади денг... Шунинг учун интернатдаги шумтакаларга тайинлайман. «Ҳай, харкаллалар! Ўқисаларинг бўлмайдими?! Эрта ўзингга асқотади-ку!» Йўқ, телевизор кўриш билан шумликдан бошқа гап йўқ.
– Хизмат интернатдами, – масалага равшанлик киритмоқчи бўлдилар амаким.
Ҳа, расадхона пойиди шум болалар интернати бор. Бир кори ҳол қилиб, шу ерга тушиб қолган етиму есирлар. Бойваччалари ҳам йўқ эмас. Балоғатга етгунча ушлаб туришади, кейин ё қаматишади ё озод қилишади.
Гарчанд Қори амаки «қаматишади» деган иборани одатдагидек беихтиёр тилга олган бўлса-да, дафъанат ҳушёр тортим: болакайларнинг қамалишини тасаввур қилиб кўролмасдим. Бу нохуш калом амакимни ҳам лоқайд қолдирмади.
– Нима, жиноят қилганлари борми?
Ҳа-да бир ишкал қилмаса, жазоламайди-ку. Энди одамларга пичоқ-мичоқ санчгани, зино-пино қилганларини суд қилишади. Енгилроқ бўлса, кечиришади.
– Сиз у ерда?...
– Қоровулман, иним. Бир кеча-кундуз постда тураман-у, бир кеча-кундуз озодман. Аввал «ҳонаи ғарибон»да турардим. Тинч эдим. Бир заифа санитар билан ғижиллашиб, муросамиз бузилиб қолди. Жуда бадгап, беандиша эди, гарданшикаста. Охиратни ўйламай, чолу кампирларни беҳурмат қиларди, жувонмарг! «Хонани саситибсизлар», «Полни кир қилибсизлар!», «Яхши одам бўлганларингда, бунақа хор бўлмасдиларинг»... Босмачининг додини берган, немисни қирган не-не одамлар ана шу дилгир, шаллақи олдида ожизу нотавон эдилар. Чунки бу дилсиёҳ дўзахи мададга муҳтож мўйсафидларни ҳар балога гирифтор қилиши мумкин эди. У хонасалот билан директор ҳам ҳисоблашиб муомала қиларди. Инсофу диёнат ҳам ҳамин­қадар эди, падарланатида. Ҳар куни халтасини тўлдириб кетарди. Бир куни денг, шаппа ушладим, хунасани. «Ойимтилло, дедим, бу дунёда увол деган нарса ҳам  бор – шу  ожиз-у,  нотавон  бандаларининг риз­қига ҳиёнат қилган одам дўзахнинг ўзгинасига тушади-ку!». У индамай гадой халтасини бўшатиб чиқди-ю, дадиллашиб: «Сан художўйни бу ердан қуритмасам, инсон эмасман!» деди. «Сан жипириқдан забон­кўтоҳлик жойим йўқ», дедим мен ҳам. Кейин устимдан ёзди. «Қори хизмат пайтида намоз ўқийди, бу кексаларнинг тарбиясига ёмон таъсир қилади» деб ёзибди. Бир кун директор чақирди. «Қори ака, энди нима қиламиз», деди чайналиб. Унинг шу сўроғидан: «Ё ариза ёзинг, ёки намозхонликни йиғиштиринг», деган маънони ўқиб олдим. Қўрқоқлигини қаранг, зан­ғар, занчалишнинг! Бор-ей, деб ариза ёздим. Бир куни чойхонада Турдивой деган танишим билан ҳамнишин бўлиб қолдик. Ўзи аввал амалдор эди, кейин урилганди – мен ҳозир ишлаётган жойда қоровуллик қиларди. «Қори ака, ўрнимга ишга бормайсизми, деб қолди, ариза ёзган эдим, катталар: ўрнингизга одам топинг, дейишяпти. Нима учун кетяпсиз?» сўрадим. Чунки ҳаммаси жойида бўлса, иссиқ жойни совутмайдида! «Ҳай бошқа иш топдим», деди мижғовланиб. «Мен хизмат пайтида намоз ўқийман-ку, буёғи қандоқ бўларкин», сўрадим ўсмоқчилар. «Буни ўзим гаплашаман!», деди.
Катталар тартиб ўргатишди: «Болаларнинг бирортаси чиқиб кетмасин!» «Бу ерга бегона одам кирмасин», «Кечаси ухлаб қолинмасин». Хўп дедим. «Мулло Турдивой, дедим паноғи худодан аввал, кўпни кўрган, кўпни сўраган одамсиз: о бу даргоҳнинг паст-баландини айтиб кетмайсизми?! Қўл-оёғимни боғлаб, сувга улоқтирмангда! Кимга қандай муомала қилишни сал шипшитиб кетинг!». У ўйланиб қолди, кейин айтдики: «Лагерда Юра деган бола бор. Шу ҳароми билан соз бўлиб олинг. Дордан қочган бу ярамасларнинг командири ўша! «Хўп, дедим, бу бошқа гап»!
Етти кунгача мен билан ҳеч кимнинг иши бўлмади. Менинг ҳам... Бир куни директор, тарбиячи, муаллимларни кузатиб, чой ичиб ўтирган эдим, ичкари эшик таққилаб қолди. Қарасам, ўғлимга ўхшаган елкалари келбатли бир ўсмир турибди. «Қани, бўталоғим, кир дедим, бир пиёла чой ич. Ўзим ҳам ким билан гаплашишни билмай, гунгга ўхшаб ўтиргандим». «Амаки, менинг номим Юра, деди у жойлашиб олгач, ўзбекчалаб». «Шундайми, дедим билдирмасликка олиб, бисёр хўб, бисёр хўб. Сан бўталоғим, ўғлимга жуда ўхшаркансан. Армиядан келса, таништириб қўяман.» Бир пиёла чойдан кейин қўйнига қўл солдим: «Юражон, нима жин уриб, бу ерларга тушиб қолдинг?» «Туҳматга учрадим, амаки», деди у. Биламан, гуноҳкор бандаки бор – бари шундай дейди. «Ҳа, майли, хафа бўлма, овутдим, худо хоҳласа, бари яхши бўлиб кетади».
Шу тариқа гаплашиб кетдик. «Амаки, мен художўй одамларни жуда ҳурмат қиламан», деди бир пастдан кейин.
Билмадим – ханнотлик қилаяптими, синаб кўраяптими?! – Бир амаким монах. Дадам тириклик пайтида кўргани боргандик. «Жигарим Юрий, деди бўйнимга осилиб, худони шафе келтириб айтаманки, сани бир бор тушимда кўриб, бўйнингга крест тақиб қўйдим». Устма-уст чўқинар, дадам иккаламизга қодир илоҳий қудратга сиғинишимизни қайта-қайта тайинларди. Хайрлашишимиз олдидан бўйнимга бут тақди: «Юрий деди бу соф олтиндан – уни эҳтиёт қил!». Мен бутни тўрт йил муалимлардан яшириб юрдим. Милисаларнинг қўлига тушгандан кейин, бутни юлқиб олишди.
Аввалига, бу бола мени алдаяпти, деб ўйладим. Кейин қарасам, кўзлари тиниқ. Дадаси қачон, нега ўлгани, милисалар қўлига тушиб қолганининг боиси билан қизиқсам ҳамки, сўрамадим. Ярасини янгилаб қўйишдан андишага бордим. Аввал руҳини кўтаришга аҳд қилдим. «Хафа бўлма, отагинам, дедим, кимки ёшлигида азоб чекса, улғайгач худо омадини беради. Ҳали ҳамманинг ҳаваси келадиган мулло йигит бўласан». Шундай қилиб олдимдан дили яйраб чиқиб кетди. Бу гал манти пиширтириб келдим. Бир болага: «Ҳай, ўғлим, Юра акангни чақириб юбор», дедим. «Юражон, дедим етиб келгач, бир ўзимнинг томоғимдан ўтмаяпти – ўтир, чой ичайлик!», «Қори амаки, сиз жуда хушфеъл экансиз, деди у, Турдиқул Насриқулович эшигини таққиллатсангиз, «Сен билан гаплашадиган гапим йўқ», деярди. «Нега у девона Насриқулович бўлиб қолди, сўрадим ажабланиб. «Болалардан бири, амаки, деган экан, мен сенинг амакининг эмас. Турди Насриқулович бўламан, дебди. Қайсар одам эди – ташқарига чиққани қўймасди. «Ҳа. Энди тартиб-қоида шунақада. Нима қилсин?» Сувнинг олдини боғладим. «Тўғри, тартиб қоида бор, лекин шароитни ҳам ҳисобга олиш керак-ку! Ота-оналар келишса, ичкари киритмасди. Панжарадан туриб гаплашишарди, зор-зор йиғлашарди». Мен индамадим: маъқуллашни ҳам, рад этишни ҳам билмай қолгандим. «Мана оқибат нима бўлди, – давом этди у, бир куни сигарет чекиб ўтирганда, папирос портлаб кетди». «Иби, иби, папирос ҳам портлайдими, ўғлим?!» «Болалар унинг ичига билдирмай милтиқнинг пистонини солиб қўйишганда. Бир оз тамакисини олишган-у... Бақириб юборди. Фантамас деган бола бор.  Шу ғилдиракли каламуш ясаган. Каламуши радио билан юради. Битта шоиримиз ҳам бор.Ўша шеър ёзди. Ҳалиги каламуш тирқишдан ўтиб, шеърни Турди Насриқуловичга олиб борди». «Унда нима деб ёзилганди», сўрадим.

Турди Насриқул,
Айтай ўзингга –
Сигарет портлади,
Навбат – ўзингга!
Шундан кейин ўрнига сизни топиб келди».
«Аммо Юражон, мен тамаки чекмайман-ку», тағин олдини олдим. «Лекин сиз дўзах азобидан қўрқасиз – бегуноҳ болаларга золимликни раво кўрмайсиз», деди у. Мен индамадим.
Юра кетгандан кейин дилтанг-у, дилғаш бўлдим. Бу шайтонлар билан гапимиз қочиб қолса, оқибати қандоқ бўлади, деб ўйладим. Якшанба куни эди – бир маҳал Юра уч болани эргаштириб келди. Бирови корейс қолган иккитаси ё ўзбек ё тожик». Қори амаки, деди Юра, мана шу уччови бир йилдан бери ота-онасини кўргани йўқ. Булар футбол ўйнаб, бир каттаконнинг деразасини синдириб қўйишгани учун ҳибсга олинган. Кўзларидан кўриб турибсиз: қўй оғзидан чўп олмаган мўмин-қобил болалар. Бир гап бўлса, ўзим – кафил». Ҳалигилар денг бўйингинасини қисиб, мўлтираб ўтирибди. Раҳмим келди: уччовининг ҳам пешанасидан ўпиб: Борақолинглар, болаларим», дедим. «Қори амаки, неча соатга жавоб беряпсиз?», – сўради биттаси. «Соати борми, болам, дедим, шом қўнмай келсаларинг бўлдида».  Дарвозани очиб, тағин сўрадим: «Кирапулларинг бўлмаса – берай». «Йўқ, дейишди, керак эмас». Кетишди. Кейин кун ботар-ботмас, Юра хавотир тортиб олдимга чиққан ҳам эдики, ҳалигилар ҳовлиқиб келиб қолишди. Эшикни очиб, ҳол-оҳвол сўрадим. «Яхши, яхши»,  дейишади-ю кўзлари Юрада. «Хўш, деди Юра болаларнинг бирига савол назари билан тикилиб. «Саккиз юзу қирқ», деди у ҳам жавобан. Дилимга ўт тушди. Шу пайт Юра корейс болага русчалади: «Стариком надо расчитатся!» У ҳам жавобан кистасидан битта юз сўмликни чиқарди-ю, каравотим устига ташлаб юборди. Қўрқиб кетдим. Улар ичкари равона бўлгандан кейин ҳам ҳаёлимни йиғиштиролмай ўтирдим. Кейин Юрага одам юбордим. «Ҳеч нарсадан ранжиганим йўқ, дедим, аммо мени алдайсан, деб ўйламагандим» Қори амаки, ҳозир барини айтиб бераман». «Бундан не ҳожат, унинг гапини бўлдим, айтчи, бу бадбахтлар қанақа кори бад қилиб келишди?» «Улар  -киссавур», деди беихтиёр. «Ваҳ-ваҳ дедим, одамларни қон қақшатиб келишибди-ку, нобакорлар! Бу гуноҳга ман бахтиқаро ҳам шерикман. Гуноҳи азимга ботдим. Садақаи садқисар қилиб берган мана бу пулни ол-у мен билан алоқани уз!» дедим. «Майли, ҳайдасангиз кетаман, лекин пулни олмайман», деди у. Умримда денг, қўлимга ҳаром пул тутмаган одамман. Бу киссамга солсам, – бунисини куйдиради, унисига солсам – унисини. Нима қилишимни билмайман. Кейин намози Жумага бордим-у мачитнинг назри-ниёз қутисига ташлаб юбордим.
Амаким қаҳ-қаҳ отиб кулдилар. Шу билан бирга диққат эътиборларини заррача сусайтирмай тезликни оширдилар. Турфа манзаралар бир-бирига яна ҳам зудроқ ўрин алмаштира бошлади. Чап томонга оппоқ ва совуқ мармарлари мунғайиб турган қабристон кўринди. Қори амаки қўлини дуога очди ва тушкун бир кайфиятда, шикаста оҳангда хиргойи қилди:

Томи йўқ, айвони йўқ, йўқ туйнуги.
Сан совуқ лахмда ётибсан, қиблагоҳ!

Ҳалиги пулни энди катта домла оладими, – сўрадилар амаким юз сўмликни эслаб.
– Зинҳор! Авваллари назр-ниёз мачитнинг ҳаражатига кетарди. Ҳамма бут бўлгандан кейин имомимиз билан мутаваллимиз ана шу пул устида андак ғурбатга бориб қолишди. Энди, ғийбат қилиш увол-у локинда эшитишимча, бир-бирларини айблаб, шикоятлар ҳам ёзишган экан. Икковларига ҳам яхшилик билан жавоб бериб юборишди. Энди, инсоф бор – барака! Шундоқ азиз жойда туриб, муросаю мадора қилишмаса... Бош имом ўрнига сиз тенги бир ургутлик йигитни тайинлашди. Мир Арабни битириб, Арабистонда хизмат қилган эканлар. Ўзлари ҳожи – Маккаи мукаррамда бир неча бор бўлганлар. Кўрсангиз – ҳавасингиз келади. Ана одоб-у, ана заковат. Қурон қироат қилганларида, баданингизга ларза киради. Шу киши келганларидан бери назр-ниёз пули тинчлик фондига ўтадиган бўлган. Бир куни ул ҳазратга учраб, айтдимки: «Ман хонаи ғарибонда хизмат қиламан. Мачит ҳисобидан шу мўйсафидларга андак назр қилсак, савоб бўлур». Табассум қилиб дедиларки: «Улар совғани олиб, устимиздан шикоят битишмасмикин?» Йўқ, йўқ, дедим. Оллоҳу аълам, улар бисёр хокисор одамлар. Хаёл суриб дедиларки: «Бу андак нозикроқ ва бизга ножоиз».
Машинамиз ҳамон пишқирганича олдинга талпинарди. Қори амаки тин олмасдан, завқу шавққа тўлиб, алланималарни ҳикоя қилар, амаким эса кула-кула у кишини тағин гапга соларди. Қори амаки увол ва савоб хусусида гап юритаётганда йўлнинг икки чеккасида азимжусса тераклар пайдо бўлди. Уларнинг бирига оқиш кўкимтир от боғлаб қўйилганди. Отнинг бадани терак билан шунчалик ҳамранг эдики, ҳа деганда уларни фарқлаб бўлмасди. Икки томонидаги терак шоҳлари йўл теппасида бир-бири билан айқашиб, узун, кенг ғорга ўхшаб қолганди. Машинамиз ана шу «ғор» ичига кириб кетди. Кейин бетартиб оломон кўринди. Одамлар қўй эчкиларининг арқонидан тутиб туришар, аллакимлар уларнинг қўлларини ғайритабиий силкирди. Қори амаки сукунатни бузди.
– Иним, фикри ожизимча, бу ерда бозор йўқ эди-ку.
Ҳа-а, – дудмал жавоб қайтардилар у киши.
Қори амаки хиргойи қилди:

О-ов, бугун бозорга ўхшайди,
Етимлар зор қақшайдиёв-в...

– Етимлардан, гапиринг, етимлардан – дедилар амаким, – Юра билан соз бўлиб олдингизми?.
Ҳа, ота-бола бўлиб кетганмиз. Яхши гап билан илон инидан чиқибди, иним. Меҳрибонлигимни, ширинсуханлигимни дариғ тутмадим. Бола аввал мендан ҳижолат чекадиган бўлди. Киши ўз қилмишидан ҳижолат тортдими – билингки, дилида нури мунаввар бор. Бир куни келган эди, сардафтарини варақладим.
«Дадамнинг бошлиғи уни командировкага жўнатиб, ўзи уйимизга келарди. Ойим икковлари дилхушлик қилишарди. Мен нима қилишимни билмасдим. Дадам сирлигини жон берди. Лекин насиҳати кечагидай ёдимда: «Юра, деди ғамгузор оҳангда, уйдан чиқаётганингда, бу дунёда қамоқхона, қабристон дарвозалари ҳам борлигини унутма, болам».
Кейин ойиси ўша ўйнашига тегадиган бўлибди. Юра тўй куни бошини олиб қочибди. Бола дуч келган поездга миниб, Самарқандга келиб қолибди.
– Бечора бола, – надомат чеккан бўлдилар амаким.
– Юра бу ерга келиб, денг қиморвозларнинг қўлига тушиб қолади. Қимор ўйнайди. Кейин ўғрилик қилади. Машина ғилдирагини ечиб олаётганда, қўлга тушади.
– Афсус...
– Нимасини айтасиз, бирам қўли гул болалар борки... Бир куни денг, ўша каламушини чоптириб юрадиган Фантамас лақабли болани чақириб, гапга солдим. «Бўталоғим, дедим мани фаҳмим кўтоҳлик қиляпти, айтчи, бу касофат каламушинг қандай қилиб юради. «Уни радио билан йўлга соламан», дейди. «Ё нав­замбиллоҳ!, дедим, локинда ҳар чанд қилсам ҳамки, тагига етолмадим. «Қори амаки, деди Фантамас бироздан кейин, хонангиз совуқ экан, агар рози бўлсангиз, иситиб берардим». «Яна бирор кори ҳол қилиб қўймайсанми, бўтам? Сўрадим шубҳаланиб.
«Йўқ», деди ҳижолат бўлиб. «Ундай бўлса, майли», дедим.
Қори амаки бир оз ўйланиб қолди. Алланимани эслашга уринди. Кейин амакимга мурожаат қилди.
– Деразага қўйишади-ку – ёзда салқин беради. Оти нима?
– Конденсатор.
Ҳа, шуни ичини очди-ю, бир нималарини алмаштирди. Сим топиб келиб улади. Кейин токни улаган эди, иссиққина шамол берадиган бўлди. Зум ўтмай, уйчам ҳаммомдай исиди. «Менга қара, Фантамасжон, дейман иккиланиб, бу ҳам Турдивойнинг папиросига ўхшаб портлаб кетмайдими?» У менинг соддалигимдан мазза қилиб кулди. «Йўқ, амакижон, хавотир тортманг, мен сиз айтган ёмон болалардан эмасман». «Фантамасжон, дейман, кўнглим бузилиб, қўли гул бола экансан. Ота-онанг борми?» Дадам ҳам ойим ҳам борлар, дейди – байрамда кўргани келишади. Сиз уларни ичкарига киритасизми?» «Нега киритмайин, болам», дейман. Хўш айтчи, нега сени бу ерга олиб келишди?» «Ётоқхонадаги холодилникни бузиб қўйганим учун» дейди у. «Вой, ноинсофлар-ей, битта холодилник деб...». «Биттамас, тўртта», дейди соддадиллик билан. «Нега бундай қилдинг», сўрайман. Унинг орқасида суюқлиги бор. Ўша керак бўлиб қолди. Гапига қараганда, ҳаводан сув оладиган ускуна ясамоқчи бўлган экан. Фаҳмим етмагани учун роса тушунтирди. «Мана, қаранг, деди ҳеч тушунмаганимдан кейин ойнангизда томчилар пайдо бўлди-а. Бу қаердан?» деди. «Ҳа, энди ойна терлаяпти-да» «Ойна тирик эмас, у терламайди» деди у. «Ҳа, бўлмаса қаердан муждо бўлди» сўрадим. «Бу ҳаводаги сув, деди у, хоначангиз исиди, ойна эса совуқ. Ойнага теккан буғ дарҳол сувга айланади. Шу тариқа саҳрода ҳам тоғда ҳам сув олиш мумкин. Бунинг учун совуқ сатҳ керак. Мен холодильник совуқлигини олдим-у, мослама ясадим, лекин у ҳаммаси бўлиб бир кунда икки стакан сув берди, холос. Кейин тағин бир холодильникни бузишга тўғри келди.
– Аломат, – ҳайратларини яширмадилар амаким.
Мен ҳам ажабландим. Дарҳақиқат, шу усул билан сув олса бўладигандай эди.
– Шофёрларга, чўпонларга, геологларга ана шунақа аппарат ясаб беришса аломат бўларди, – дедилар амаким.
Қори амаки давом этди.
– Фантамасжон, – дедим хайратлашатуриб, мана бу пулни ол, керак бўлади. Ҳеч кўнмайди денг. Эҳ, дунёи бевафо, деганлари шу экан-да. Кексалар уйида чол-у кампирлар боланинг овозига зор, бу ерда болакайларни бошини силайдиган одам йўқ. Фарқи шуки, бу ерда болакайлар ўн саккиз ёшга кирадиган кунга интизор. У ерда эса кексалар охирги кунини кутиб ўтиришибди. Эҳ, худо нохуш дарвозаларининг бунча кўп бўлмаса?! Ҳаммамиз жимиб қолдик. Қори амаки тағин давом этди.
Ҳозир денг шатрамаларнинг бари мени ҳурмат қилади. Локинда хаммасининг дилида дард бор. Андак камситсангиз, калондимоғлик қилсангиз, қаттиқ ботади. Бир кун денг, интернатимизга шоирлар келадиган бўлиб қолишди. Юрага айтдим-ки, шоирлар – бисёр улуғ одамлар. Ҳаммани сафарбар қил, чароғим, токи Тошкентдай жойдан келиб, биздан дилранж бўлиб кетишмасин, булар, тарбия кўришмаган, дейишмасин. Болалар клубни роса тозалашди, йўлакларни супуришди. Директор хонасида дастурхон безадик. Кейин директор, ўринбосар, мен, Юра тўртталамиз остонага чиқиб, меҳмонларни кутиб олдик. Уч киши бўлиб келишди. Ҳалиги шоири калон директор, ўринбосар билан кўришди-ю, мен билан Юрага эътибор бермади. Андак нописандлик қилди, баччағар. Ҳа, майли, дедим – катта одамлар. Аммо Юрага қаттиқ ботди. «Қори амаки, нега улар сизга қўл чўзишмади?» деди. «Эй, ўғлим, қўй, бундай гапларга эътибор берма», дедим. Залга кирдик. Шоири калон сўз олди. «Сизлар киноларда, телевизорларда шоирларни бот-бот кўриб турасиз. Бугун эса ҳақиқий тирик шоирларни кўриш шарафига муяссар бўлиб турибсиз! Биз ўз шеъримиз билан сизларни тарбиялашга жилла ҳисса қўшолсак, ўзимизни бахтиёр деб билурмиз», деди. Ҳавойироқ экан: ўзини мақтади – камина ундоқ, камина бундоқ. Казо-казолар билан ҳамнишин бўлганини, Оврупада ҳам нуфузи баландлигини гапирди. Шерикларини ҳам Саъди-ю Навоийнинг шогирдлари қилиб кўрсатди. «Энди, деди сизга «Куррага пахта керак», деган шеъримни ўқиб бераман». Жазавага тушиб, ўқиб кетди. Ҳар тўрт қатордан кейин такрорлайди. «Куррага пахта керак», «Куррага пахта керак». Бир маҳал денг, баравж ўқиётганда, пешонаси бурни аралаш мушдай бир помидор келиб урилди-ю, қарсиллаб ёрилди.
Шу ерга келганда, амаким қаҳ-қаҳ отиб кулиб юбордилар. Қори амаки ҳам қўшилиб кулди. Мен аввал кулдим, кейин кўз ўнгимда юзи помидор шарбатидан қизарган, уни шоша-пиша артиб олаётган киши гавдаланди. Ачиндим.
– Ким қилди, ким қилди, деб қолди директор. Топиб бўладими, энди уни?!
– Юра қилгандир-да, -аниқлик киритмоқчи бўлдилар амаким.
– Йўқ, йўқ, у менинг ёнимда қўйдайгина бўлиб, беозор ўтирганди. Локинда битта-яримтасига имлаб юбормадимикин, деб хавотир тортдим. Яхши бўлмади! Меҳмонлар жуда оташин бўлишди. Аразлаб чой ҳам ичишмади. Директор қўли қалтираб, уларнинг талай қоғозларига муҳр босди. «Сизлар садқаи шеър кетинглар» деди ҳалиги шоир болаларга қараб. Ҳовлига чиқсам, меҳмонларнинг машинаси бор-у, шофёри кўринмайди. Бир маҳал ошхонадан топишди. Жиннига ўхшаб, хоҳалаб кулди, денг, маст десак, мастга ўхшамайди. Шоири калон ғазабга минди. Кейин билсак, болакайлардан қай бири унга наша чектириб қўйган экан. Шоири калон жаҳл билан калитни юлиб олди-ю, эшикни очди. Қарасак, кабинада билакдай илон кулча бўлиб ётибди.
Амаким тағин мириқиб кулдилар. Менинг ҳам кулгим келди. Қори амаки жим тургач, давом этди. Шундай қилиб, шоирлар аразлаб пиёда кетишди.
Йўлдаги текисликлар, боғлар, пайкаллар ўрнини ўркач-ўркач қирлар эгаллай бошлади. Улар мен аввал кўрган тоғлардан яссироқ, яланғочроқ эди. Қори амаки тағин эътиборимни тортди.
– Мулло Ҳикматулло, биласизми – инсонга энг зарур нарса нима? Ногаҳонда бундан саволни кутмаганлари учун бўлса керак, амаким бир лаҳза иккиланиб турдилар.
– Билмадим. Соғликдир...
– Сиҳати тан керак, лекин ундан ҳам зарурроғи-чи?
– Пул! Пул бўлса, ҳамма нарсага эришиш мумкин. Ишга кириш ҳам, ўқишга жойлашиш ҳам...
– Йўқ, кескинроқ эътироз билдирди Қори амаки, – бандаси учун энг зарур нарса – руҳ!
– Руҳ? – бу сўзнинг моҳиятини тушунмай, савол бердилар амаким.
Унинг нималигини мен ҳам билмасдим. Қизиқиш билан қулоқ тутдим.
Ҳа, руҳ, – давом этди Қори амаки, – Шунинг учун ҳам ҳамиша инсоннинг руҳини кўтармоқ керак. Сиз ўзини осган, отган одамларнинг бирортасини эслайсизми? Ўша кишиларнинг сиҳати жойида бўлган, пули ҳам... Локин руҳлари тушиб кетган, дунёдаги умидлари узилган, диллари озор тортган. Бу – жуда ёмон. Шоир дегани – бамисоли гавҳари шамчироқ – ўша озор тортган дилга нури мунаввар, қувваи ҳофиза ато этмоғи керак. Бу дунё-ю у дунёда энг катта гуноҳ – инсон фарзандига озор етказмоқ, дил шишасини синдирмоқ, кўнгилни чўктирмоқ. Мавлоно Саъдий ёзадилар:

Май бинуш, мазҳаб бисўз-у оташон дар Каъба зан.
Сокини бутхона бош-у, мардумозори макун!

Яъни: май ичсанг ҳам майли, ҳатто мазҳабингни ёқсанг, Кабъага ўт қўйсанг, бутхонага чўқинсанг ҳам майли. Локинда, локинда инсон фарзандига озор етказма. Ҳа, энди қадимги шоирлар улуғ бўлган – улар бисёр ҳикматли гапларни айтишган. «Куррага пахта керак», деб хашаки ғазал битишмаган.
Аввал Қори амаки, сўнг амаким кулишди.
– Хонаи ғарибонда, – давом этди у киши, Инқилоб она деган кампир бор эди.
Қори амаки шундай деди-ю, жуда муҳим нарса ёдига тушгандай тин олди. Сўнг эҳтиёткорлик билан амакимдан сўради.
– Мулло Ҳикматулло, қулоқлардан нечта?
– Қанақа қулоқлардан, – тушунмадилар амаким.
– Чурвақалар, насибахўрлар...
– Болаларми? Ҳа, учта.
– Бадавлат экансиз, бадавлат. Худо умрини берсин! Сизга ўхшаб савобталаб бўлишсин! У киши тин олди ва гапнинг оҳангини ўзгартириб, давом этди.
– Шу – шўрлик Инқилоб ая бефарзанд эди. Ёшлигида босмачи билан жанг қилган, ўттиз еттинчи йили турмушга чиққанда ғаламислар  тўй куни куёвни «халқ душмани», деб олиб кетишган. Кейин уни кутган. Шундай қилиб, умр ўтган. Бир куни шеригим: «Инқилоб ая оғирлашиб қолди, васият қиляпти», деб қолди. Кори савоб деб, хонасига кириб бордим. Ш ўрлик кампир муштдеккина бўлиб қолибди. Қарасам, дили чўкиб, руҳи тушиб кетган. Бир оз шакаргуфторлик, ҳазил-мутойиба қилиб кулдирдим, уйимга меҳмон бўлишини сўрадим. Эртаси ҳийла ишлатдим. Шу сизнинг жиянингиз тенги (у мени имлаб кўрсатди) бир ўғлим бор. Шунга пича пул бериб, тайинладим: мана бунга гул сотиб ол, кейин Инқилоб аянинг хоналарига кирасан-у, у кишини яқинлашиб келаётган байрам билан муборакбод қиласан! Мани мактабимиз кашшофлари юборди, дейсан. Босмачилар билан курашларингизни ўрганиб, тасанно айтдик, сизни мактабимизга таклиф этгани келдим, дейсан. Ҳозирги болаларни биласиз – саллани ол деса, каллани олади. Айтганимдан ҳам оширибди: кампир денг, ўғлимни қучоқлаб, ҳўнг-ҳўнг йиғлармиш. Эртаси бутун хонаи ғарибонда дув-дув гап бўлиб кетди. Нима дейсанки, Инқилоб онани мактабга фахрийликка сайлашибди, бутун мактаб жамоаси у кишининг соғайишига интизор эмиш. Санитар ҳам энди кампир билан ўзгача муомала қилаётганмиш. Хуллас, Инқилоб она тузалди. Мана сизга – қувваи дил!
«Мулло Муҳаммадризо, деди Инқилоб она мени кўриб, соғайишинга интизор бўлган одамлар борлигини билсанг, бу дунёда касал бўлиш ҳам мароқли экан. Пионерлар денг хизматларимни ипидан игнасигача  ўрганиб чиқишибди. Мадорга кирсам, ўзим бориб, гапириб бераман». Кейин йиғлади, дилхун бўлиб йиғлади. Майли, дедим, дарди дили енгил тортсин.
– Бечора кампир, – ачиндилар амаким, – вақтида хизматни қилган-у...
Қори амаки у кишининг гапини бўлди.
– Тағин бир мисол. Хонаи ғарибонда бир муйсафид пайдо бўлди. Ўзимизнинг ўзбеклардан. Қарасам, отахон асабий. Ҳеч ким билан гаплашмайди. Сездимки, дилида дарди – беҳудуд. Овқат емайди. Нон, сув, тамом... Энди бизнинг ошпазлар гоҳида чўчқа гўштини ҳам пишираверарди. Шунинг учун отахоннинг кўнгли тортмаяпти, деб бир икки бор овқатга ҳам чақирдим – йўқ, келмади. Билдимки, кўзига ҳамма нарса балодай бўлиб кўринади. Хуллас, бу ёруғ оламдан кўнгли узилган. Битта яримтадан суриштириб, бир  ўғли борлигини, тарғиботда ишлашини билиб олдим.
«Тарғибот»нинг нималиги менга қоронғу эди. Ҳарқалай Қори амаки изоҳ бериб қолди, яъни: рўзномаларда одоб-аҳлоқ ҳақида ёзаркан, давраларга чиқиб, шу хусусида ваз айтаркан. Таваккал қилиб, ўша одамникига йўл олдим. Бундан муддао: агар у рози бўлса, отахонни қишлоққа олиб кетмоқчи эдим – чойхонамизга шунақа бир хокисор одам дараклаб юргандик. Хуллас, сўраб-суриштириб топдим. Анча ҳаялликдан кейин бир  ўрис аёл чиқди. «Киринг, киринг», деди ўзбекчалаб. Кирдим. Зудлик билан кўрпача ташлади, дастурхон ёзди. Дилим равшан тортди. Сездимки, одобли заифа экан. Сўрайвермаганидан кейин ўзимни таништирдим, муаллимни излаб келганимни агар у киши кўнса, отахонни... Аёл жавобан йиғлаб юборди. Дийдалари шашқатор бўлиб йиғлади. Равшан бўлишича, бобойнинг ўғли бошқа бир бевага уйланиб, бу хонадонни тарк этган экан. Ўғли кетгандан кейин у билан бормабди-ю, хонаи ғарибонга қараб йўл олибди.
«Сиз у нокаснимас, менинг отам бўласиз, кетманг, деб зор-зор йиғладим, деди аёл, аммо ғурурлари йўл бермади – кетиб қолдилар». Иккаламиз ҳам хаёлга толиб қолдик. «Синглим, дедим, агар сиз моне бўлмасангиз, хўжайинингизнинг олдиларидан бир ўтсам – отахон у кишига керак бўлмаса, бизга керак! Аёл ўйга толиб, сўради: «Сиз самарқандликми?», «Ҳа, самар­қандликман», дедим. Қўяқолинг, у самарқандликларни унчалик хуш кўрмайди, деди. «Нима, самарқандлик арпасини хом  ўрибдими ёки бирортанинг думини босиб олибдими». Шаҳри ёқиб, ўзи ёқмагани ғалати-ку жаҳлга миндим. Ҳа, энди хотин,  бола-чақани, отани қадрламаган нонкўр бошқаларга меҳр қўярмиди, деди аёл ҳам. У ҳам менга ўхшаб, у ерлик, бу ерлик деган айирмачиларни жинидан баттар ёмон кўраркан. Қисса кўтоҳ, боришимга маслаҳат бермади. «Ўша бева аёлнинг ўғли билан муштлашиб, судлашиб юрибди, қўйинг, дилингизни хуфтон қилади», деди. Локин отахонни олиб кетишимга ҳам рози бўлмади. «Эртага бориб, ўзим олиб келаман, набиралари жуда ҳам соғинган, деди. Фақат, сиз бирга бўлинг, кўндиришга кўмаклашинг», деди.  Аммо эртаси борсак – кечикибмиз – отахон саллани шундай сиртмоқ қилиб, ўзларини ҳожатхона бутоғига осиб қўйибдилар. Ўша  ўрис аёлникидан чиқардик. Отасининг тазиясига ҳам келмади, ҳароми.
У киши тағин тин олди. Атрофимиздаги тоғлар ҳам аллақандаё ғуссалардан озор тортгандай бўлиб кўриндилар. Ҳадемай тоғлар силсиласи орасидан бир дарё отилиб чиқди ва худи пойга тушгандай биз билан ёнма-ён чопа бошлади. Кейин бу пойгага дарёнинг нарёғида пайдо бўлган поезд ҳам қўшилди. Бизнинг машинамиз сингари дарё билан поезд ҳам торгина дарага қараб қисилиб борарди. Улар бора-бора тўқнашадигандай эди назаримда. Кейин тош дара кўринди. Йўл тор ва қалтис эди. Аммо амаким бутун диққат-эътиборини йўлга қадаб, машинани моҳирлик билаш бошқарардилар. Мен гоҳ дарёнинг, гоҳ поездни, гоҳида эса тепамизда осилиб турган тош қояларни аллақандай ваҳима ва ташналик билан томоша қилардим, ҳайратланардим.
Биз дарадан ўтиб олдик. Хавфу хатарлар ортда қолгач, катталар тағин гапга киришиб кетишди.
– Бизнинг қишлоқда ҳам шунга ўхшаш бир гап бўлганди, – дедилар амаким, – Маннонча деган ўзини осиб қўйганди. Кожзаводда ишларди. Ўша ердан спирт олиб чиқиб,  тўй марака қиладиганларга сотарди. Бир қўшниси именение қилмоқчи бўлган экан, беш литрча олиб келиб берибди. Тошкентдан бир амалдор ҳам укаси билан келган экан ҳалиги  тўйга. Зиёфатдан бориб, иккаласи ҳам касал бўлиб қолибди. Докторга олиб боришибди – фойда бўлмабди. Бир хафтадан кейин иккаласининг ҳам кўзи кўр бўлиб қолибди.
– Қудратингдан, – ёқасини ушлаб, бошини сарак-сарак қилди Қори амаки.
– Кейин десангиз, Москвадан доктор чақиришибди. Ҳалиги катта доктор шундай палатага кирибди-ю: «Булар заҳар ичишган», дебди. Ваҳима бўлиб кетди. Гумонлар, шубҳалар дегандай. Ҳалигиларнинг акаси  ўринбосаридан кўрибди, укаси бўлса ўйнашидан. «Йўқ, дебди ҳалиги доктор, бир вақтда бир хил заҳар ичгансизлар». Кейин улар қаердан нима ичишганини бирма-бир гапириб беришибди. Докторлар бир маҳал Маннонча олиб келган арақнинг юқини текшириб кўришса, бориб турган заҳар бўлиб чиқибди. Шўрлик қоронғуда адашиб, спиртнинг  ўрнига бошқасини ўмариб чиққан экан. Тергов кунлари қўрққанидан ўзини осиб қўйди, шўрлик. Қурилишнинг кранига...
Ҳа, ҳа, биламан, таъзиясига боргандим. – илиб кетди Қори амаки, – жасадни  баланддан туширолмай роса овора бўлишди. Бола чақалари чирқиллаб қолди. Насби бад – коиши жон. Унинг акаси билан жўрачилигимиз ҳам бор.
– Маннон ака биланми?
Ҳа, салатпуруш. Жўрамиз бўлса ҳам жуда корчаллон одам. Шайтонлиги бор, бадбахтнинг. Каминани бир бор боплаб туширган. Ёдимга тушса, гоҳ кулгим келади, гоҳ аччиғим. Намангандан – азиз жойларни зиёрат қилиб келаётгандим. Бир маҳал стансада биров қучоқлаб ўпа кетди. Қарасам– ўша. «Ҳа, дедим, салатпуруш, нима гап?» «Ҳа, энди Қори ака, нону насиба». Кўзлари аланг– жаланг. «Сизни худонинг ўзи етказди», деди. «Иби», дедим. «Бу ёққа юринг». Иккаламиз телефон қутисига кирдик. «Ўн бочка салат олиб келган эдим, барини сотиб бўлдим. Лекин орқамдан одам тушди. «Милисами», сўрадим. «Йўқ, милиса бўлса, ўттиз-қирқ бериб, қутилардим. Киссавур. Ана биттаси қараб ўтирибди. Тағин иккита шериги бор. Ҳозир пулни сизга бераман, маҳсини бўрвойига жойлайсиз», деди. «Киссавурлар оёғимни кесиб кетсачи?». «Йўқ, улар: пул манда деб ўйлашади». Рози бўлдим. Бир маҳал автобус келиб қолди. Энди ҳалиги киссавурлар ҳайрон: пул кимдалигини билишмайди. Тиқилинчда минаётган эдик, Маннонча: «Қори ака, қўлтиқнинг тагига эҳтиёт бўлинг», деб бақирди. Ҳайрон бўлдим. Каломи Шарифни шаполоқдай халтачага солиб, қўлтиққа тумор қилиб юрадиган одатим бор эди. Шу пайт ҳалиги занғар киссавур чопонни даст кўтарди-ю, туморни шартта узиб, қочди. Ҳайрон бўлдим. Автобус йўлга тушгандан кейин денг, Маннонча қотиб-қотиб кулади. «Ҳа», десам – ҳалиги киссавурлар  тўморни пул деб ўйлашди, боплаб чалғитдим, ж...ларни! дейди.
Шу гапдан кейин амаким ҳам кулиб юбордилар. Қори амаки давом этди.
– Вой, ман соддақулни қаранг – лаққа тушиб, ишониб ўтирибман.
Биз шип-шийдим чўлга чиқдик. Тўрт томонда бирорта тоғ ёки дарахт кўзга ташланмасди. Уфқларда туташ осмон шишадай беғубор ва бокира эди.
– Жанозага соат нечада боришингиз керак, – сўрадилар амаким тезликни сусайтириб.
– Тўртда чиқаришади, – деди Қори амаки.
Ҳа, улгурар эканмиз. Мен ярим соатда карбюраторни очиб, тозаламасам, йўлда подвадит қиладигандай.
– Майли, майли, иним, мен ҳув чеккага чиқиб, намози пешинни ўқиб оламан, – деди у киши итоаткорона.
Амаким машинани сарғайган ўтлоқлар устига олиб, тормозни босдилар. Қори амаки белбоғини олиб, анча ичкари кирдилар, уни ёйиб, намоз ўқишга киришдилар. Амаким ўтиргични кўтариб, алланималарни излашга киришдилар. Мен ҳам сал иккиланиб турдим-у, пастга тушдим. Бу ерда хониш қилиб ётган қора чигирткалар бисёр эди. Уларнинг бири қўйиб иккинчиси дард билан хазонрезгилик ҳақида хазин қўшиқ айтгандай бўларди. Беихтиёр чўл бағрига қараб одимлаб кетдим. Кўчадан ўтаётган машинадагилар чўнқа­йиб намоз ўқиётган Қори амакига қараб кулишарди. Чўл шамоли мен номларини билмайдиган турфа ўсимликларни илдизи билан қўпориб, яланглик бўйлаб ғилдиратиши завқли эди. Ана шу сарҳадсизлик сингари бу ердаги ўсимликлар, қушлар, ҳашоротлар ҳам мен учун янги бир олам, сирли борлиқ эди. Уларнинг аксариятини биринчи бор кўраётгандим. Янада ичкарироқ одимладим, жумбоқларга лиммо – лим чўл табиатини мириқиб томоша қилгим келди, лекин узоқлашиб кетсам, амаким ховотирга тушишларини ўйлаб, орқага қайтдим.
Биз тағин йўлга тушдик. Ҳадемай бир оҳангда гувиллаган овоздан уйқум келабошлади. Мен уйқу исканжасидан қутулиб чиққаним сари у сирли бир фароғат бахш этар, аллалар ва киприкларим ўз-ўзидан қисилаверарди. Ҳадемай Қори амакимнинг гаплари қулоғимга узуқ-юлуқ ярим ёрти бўлиб кира бошлади. «... ҳукумат сағирпарвар бўлгани учун» ... «аввалги бойлар мачит, кўприк қурдирганлар», «... мурувват керак».
Мен кўзимни очаман. Бир оҳангдаги овозлар ва сарҳадсиз йўл мени шавқовар  қудрат билан аллалайди, қулоғимга узуқ-у булуқ жумлалар киради.
– Дилингда нима бор?
– Руҳи мунаввар.
– Тилингда нима бор...
Тушимда варрак учираётган эмишман. У бир маромда гувиллармиш. Ипни амакимга тутқазибман. У киши кимнидир «безгак» дебдилар. Сўнг уйқу аралаш «шип-шип» деган овоз қулоққа  чалина бошлади. Баджаҳл санитар аёл негадир ҳарбийча этик кийиб олганди. У мададга муҳтож чоллар, кампирлар, болаларни қамчи билан «шип-шип» эткизиб саваларди. Унинг қўлини ушлайман, деб уйғониб кетдим. Чап томонда қатор дарахтлар. Улар ёнидан ўтганда, шипиллаган овоз чиқади Ўнг томонда қовун чош қилиб ўтирган амаки бизга умидвор тикилади. Кўзларим тағин қисилади.
– Улуғ, тур, ана Сирдарёга келдик, – дедилар амаким.
Кўзимни очдим – бояги дарахтлар ўрнини қора темир панжаралар эгаллаганди. Икки томонда ёйилиб оқаётган сув улуғвор ва ваҳимали бўлиб кўринди. Соҳилда ўтирган қатор балиқчилар пўккакларидан кўз узмай, умидвор тикилиб ўтиришарди.
– Акамга тушгача етиб бораман дегандим, анча кечикдим, – хавотирландилар амаким.
Қори амаким бир далдакор гап айтмоқчи бўлдилар-у, индамай қўяқолдилар. Тағин бироз юрганимиздан кейин Тошкентдаги азиз жойлар, яхши одамларни эслаб, уларга ҳамду сано ўқидилар.
Қанча йўл юрганимизни эслолмайман – йўл чеккасида қатор машиналар кўзга ташланди. Амаким тезликни сусайтириб, уларнинг ёнидан эҳтиёткорлик билан ўтиб кетаётганларида, қаршимизда милиционер пайдо бўлди. Унинг ишораси билан амаким машинани бир чеккага олиб, тўхтатдилар. Мен ўнг томондаги пахтазор, унда сочилган одамларни томоша қилаётганимда, милиционер етиб келди ва эндигина пастга тушган амакимдан ҳужжатларни суриштирди. Амаким шоша-пиша ва қўрқа-писа ҳужжатларини чўздилар. У қоғозларни синчиклаб ўқигач, юкнинг нималиги билан қизиқди. Амаким тағин аллақандай қоғоз чўздилар.
– Энди, – деди у ҳужжатларни сумкасига солар экан, – уччовларинг ҳам тушиб, мана бу пайкалдан бир соат пахта терасизлар.
Мен қувониб кетдим. Чунки умримда пахта термагандим, уни чаноқларидан ўз қўлим билан олишга иштиёқим баланд эди. Аммо бу ногаҳоний таклиф амаким билан Қори амакини қаттиқ ташвишга солиб қўйди.
– Акам эрталабдан бери йўлимга қараб ўтирибди, тушунсангизчи, – дедилар амаким.
Қори амаки ҳам зорланди:
– Укажон, болаларингизнинг ҳузурини кўринг. Мен жанозага боряпман – нақ ярим соатдан кейин чиқаришади.
– Ничево подобного, – деди милиционер кескин, сўнг чеккада пахта тераётган бир неча кишини кўрсатиб, зарда билан уқтирди, – ана шу кишилар райкомда ишлашади. Мажлисдан қолиб, пахта теришаяпти. Жаноза эмиш...
Менинг ортимдан улар ҳам хомушгина пахтазорга киришди. Пахта оз эди, айрим чаноқларида осилиб қолганини ҳисобга олмаганда, теришга ҳам арзимасди. Фикри-зикрим пахта теришда бўлгани учун бу ердаги ҳолат ва манзара ҳам тушимдагидек узуқ-юлуқ эди. Қори амаки жимиб қолди. Анча нарида турган одам телбагоҳ оҳангда бақириб, сўради: «Ўша ерда Синдор йўқми-и?» Мен ажабланиб, Қори амакига қарадим. У киши Синдорнинг кимлиги, бор-йўқлиги билан қизиқмасданоқ, инкор маъносида қўл силкитдилар. Ҳалиги киши бошқа томонга ўгирилиб, тағин ўша саволни такрорлади. Ёнимдаги одамлардан бири сипойироқ (амалдор бўлса керак) эди. Шериклари унга алланималарни тушунтиргач «Ҳа, Фалончи Фалончиевич докладларида буни айтганлар», деди. Кўп ўтмай худди шу каломни айнан такрорлади.
– Юринглар, нарироқ борамиз, – дедилар амаким, – у ерда пахта кўпроққа ўхшайди. Безгаклар...
Бир неча қадам нарига ўтдик – бу ерларда ҳам шумшайиб турган ғўзапоялардан ўзга ҳеч вақо йўқ эди. Нарироқда – тележкада пахта чош этилганди. Унинг устида бир бола атрофга олазарак алангларди. Пайкалга тартибсиз сочилган одамлар гап сотишар, нималарнидир муҳокама қилишарди. Мен ҳадемай зерика бошладим. Бундан кўра йўл шавқовар ва сербўёқ эди.
Амаким устма-уст соатга қараб олгач, терган пахтамизни жамлаб,  тележка томон олиб кетдилар. Қори амаки иккаламиз машина томон йўл олдик. Кўп ўтмай амаким ҳам етиб келдилар – биз йўлга тушдик. Аммо Қори амаки батамом жимиб қолганди. Амаким бир-икки бор гап қўшганда ҳам маъқуллаб қўйишдан нарига ўтмадилар. Назаримда у кишининг руҳи батамом тушиб кетганди.
Остидан темир йўл ўтган баланд кўприкка етишимиз билан «Яллама» деган ёзув кўринди.
– Мен етиб келдим, – дедилар Қори амаки ўксик оҳангда.
Амаким машинани бир чеккага олишлари билан, у киши чўнтакларига қўл чўздилар.
– Йўқ, йўқ, қўйинг, керак эмас, – ранжиганнома рад этдилар амаким, – дуо қилсангиз бас!
– Дуо ҳам қиламан, локинда буни ҳам оласиз, – дедилар у киши ва пулни амакимга чўздилар. Амаким тағин тархашлик қилгач, пулни менинг кўкрак чўнтагимга чаққонгина суқиб, бизга равон йўл, узоқ умр, боқий омад тиладилар.
Биз йўлда давом этдик. Йўлнинг бу ёғида ҳам манзаралар ранго-ранг эди, аммо назаримда, Ҳазорадан Ялламагача бўлган бўёқлар бундан кўра қуюқроқдай таассурот қолдирганди манда.
Ҳадемай, «Тошкент» деган ёзув кўзга ташланди.
ЙИГИРМА ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ

ТАНИШИНГ: РОМЭН

Бугун 1982 йилнинг сўнгги куни.
Янги йилни биринчи бор Тошкентда кутиб оляпмиз. Она юртимиз – Самарқанддан йироқдалигимиз, бу муъжаз тантанада меҳрибон моможонимиз, амаким, янгамулломнинг йўқлиги дилдаги зоҳирий бир кемтик бўлса ҳамки, уни хаспўшлашга,  сир бой бермасликка ҳаракат қилардик. Ўтаётган йил ҳақида сўз кетганда, дадам бот-бот  унинг некқадамлигини такрорлардилар, жумладан, Тошкентдан янги уй олганимиз, укам Феруз дунёга келганлигини эсга солардилар.
– Юринглар, қўшниларни табриклаб чиқамиз, – деб қолдилар бир маҳал дадам.
Ногаҳоний бу таклифда ҳалиги кемтикни тўлдириш ва янги қўшнилар билан ҳамжиҳатликни, қадрдонликни мустаҳкамлашдек яширин, эзгу бир туйғу мужассам эди. Буни биз ҳис этдик ва беихтиёр у кишига эргашдик.
Эшигимиз қаршисида – Маратларнинг уйи. Марат эса – укам Мирзонинг тенгдоши. Унинг дадаси Муҳаммадрасул амаки қайбирам институтда математикадан дарс берадилар. (У куни алгебрадан мураккаб вазифани бир зумда ечиб, обдон тушунтириб ҳам бердилар.)
Биз сигнал тугмачасини устма-уст босдик. Аммо акс-садо бўлмади.
– Булар оталариникига кетган, – дедилар ойим аллақандай ўкинч билан.
Бу ўкинчда биз ана шундай имкондан маҳрумлигимизни ёдга солиш туйғуси, аниқроғи, ғуссаси мужассам эди. Дадам бунга эътибор бермагандай бўлиб, учинчи қаватга йўл олдилар. Ўнг томонда Аббос муаллим (дадам у кишига шундай деб мурожаат этадилар) яшайди. Бу қўшнимиз дадамдан анча ёш. Ўзи баҳоят дидли, хушфеъл. Биринчи учрашувдаёқ, Аббос амаки менда яхши таассурот қолдирганди. У қўл бериб кўришгач, дадамнинг сиҳатини суриштириб, салом айтишимни тайинлади. Кафтимда эса сафсар гулникига ўхшаш муаттар ҳид қолганди ўшанда ва ундан алламаҳалгача сархуш бўлиб юргандим. Аббос муаллимнинг юксак дид билан кийиниб юришини ҳам таъкидлаб ўтишим керак.
Шимининг чизиғи ҳамиша тиғдай бўлади, туфлисига гард ҳам юқтирмайди, мўйловчаси ихчам гавдасига мос тушганини айтмайсизми?!
Эшикни уй бекаси Бэла муаллима (ғоят хушбичим ва шакаргуфтор аёл) очди ва бизни кўриб беҳад қувониб кетди. Аббос муаллимга озорбойжончалаб алланима деди, ойимнинг қўлидан Фирузни олиб, бағрига босди, мастона бош тебратди. Аббос муаллим ҳам ҳаяжон оғушида қолди-ю, дадамни бир неча бор ўпди, ойимга эҳтиром ила таъзим бажо келтирди.
Стол байрамона безатилганди. Аммо менинг эътиборимни, энг аввал рангли телевизор тортди: уни илк бор кўраётгандим. Диктор аёлнинг гилосранг лабларига, байроқларнинг алвон бўёғига ҳайратланиб боқдим.
Мезбонлар ҳам бизга гиргиттон эдилар. Қайта-қайта дастурхондаги турфа неъматларга таклиф этишар, бизга ҳамду сано ўқишарди. Аббос амаки дадамга гоҳида, «гардаш», гоҳида «Нусрат ака», деб мурожаат этар, ташрифимиздан беҳад хурсандлигини яширмасди. Лекин шу билан бирга, негадир «мусофир» деган каломни, аллақандай дард билан бот-бот тилга оларди.
Дастурхон атрофидан ўрин олдик. Бир неча дақиқали суҳбатдан сўнг менга шу нарса аён бўлдики, Аббос муаллим йигирма етти ёшида Боку шаҳри яқинидаги паррандачилик фабрикасига директор бўлган экан. Кейин ишида аллақандай чалкашликми, ноҳақликми содир бўлиб, бу ёққа келиб қолибди. Бу ерда паррандачилик фабрикасига ветврач бўлиб жойлашган экан, тўрт ойдан кейин директор ўринбосари қилиб тайинлашибди.
Ҳали ёшсиз, тағин кўтарилиб кетасиз, – дедилар дадам.
Бу гап Аббос амакига жуда ёқиб тушди ва ўзбек халқини улуғлаб қўйди. Улар омадлар учун қадаҳ уриштиришди. Шундан кейин дадам йўлагимиздаги бошқа қўшниларни ҳам бирров табриклаб чиқишни таклиф қилиб қолдилар. Аббос амаки андак тархашлик қилиб турди-ю, кейин рози бўлди.
Учинчи қаватда Аббос амакидан ташқари Тўлқин амаки деган киши яшайди. Тўлқин амакини биринчи бор кўрган киши унинг ғайритабиий семизлигидан ажабланиши турган гап. Тўлқин амаки ўзининг «Москвич»ига минса, унинг бир томони майишиб қолгандай бўлади. У кишининг хурраги бизнинг уйга баралла эшитилиб туради.
Эшик очилиши билан шовқин солганча гуриллаб ичкари кирдик. Телевизорда «Баригал» янграб турган экан. Кимдир биринчи бўлиб куйга ҳамоҳанг хиромон этиб кетди. Қувончдан энтиккан Тўлқин амаки ҳам лапанглаб давра айлана бошладилар. Кейин дадам, бийим. Аббос амаки... Гавжум давра сархуш қийқирар, болалардай беғубор қувонарди.
Ўрмонда кучлилар яшайди, деган нақл бор. Бу – табиатнинг бешафқат қонуни. Ожизлар ўзларини бир чеккага олишга мажбур. Ана шу қонун табиатдагина эмас, жамиятда ҳам амал қиларкан. Айни лаҳзада даврадагилар ўзларини бирин-кетин чеккага олабошладилар. Чунки, Аббос муаллим бу борадиги беқиёс маҳоратини намоён қилиб қўйган эди. Вой-бўй, ҳозиргина бир неча киши сармаст рақс қилаётган саҳн эндиликда унинг бир ўзига ҳам тору танг бўлиб қолганди. Аббос муаллим гоҳ қулочини кенг ёйиб, гоҳ муштини тугиб давра айланиб қолар, юз-кўзларида ҳам турфа ифодалар такрорланарди. Эҳ, гўзал эди буларнинг бари! Бэла муаллима таърифлаб бўлмас бир ибо билан бошини андак хам қилиб турар, яноқларига пушти ранг югурганди.
Аббос муаллим ўзининг шакаргуфторлиги, юксак дидлиги, самимий эҳтироми билан қўни-қўшнилар дилидан жой олган эди. Бугун эса бетакрор рақси билан катта-ю кичикни ром этди.
Дунёнинг ишлари ғалати: айрим кишиларда не-не ноёб хислатлар мужассамлашган бўлади-ю, бошқа бировларда шимилдириқ ҳам йўқ. Ҳа, майли.
Кейин иккинчи қаватга тушдик. Бу ерда Абдусаттор амаки билан Мўмин амаки яшашади. Биз Абдусаттор амакиникига кирсак, қолган қўшнилар шу ерда жамланишган экан. Катталар янги йилни ана шу доргоҳда пешвоз оладиган бўлишди. Мен сирғаниб чиқиб, юқори кўтарилдим.
Тушимга амаким кирибдилар. Иккаламиз машинада кетаётган эмишмиз. Олдимиздан оҳулар тўдаси ўтиб кетибди. Шу пайт амаким Аббос амакига айланиб қолибди. Лекин мен бундан заррача таажжубланмай, завқ-шавқ билан гаплашиб кетаверибман.
*  *  *
Дадам ишга шу қадар берилиб кетдиларки, ҳатто уйга ҳам даста-даста хат кўтариб келадиган бўлдилар. Кун бўйи у кишига маҳтал ва интиқ бўлиб ўтирсак ҳамки, биз билан суҳбат қурмай, алламаҳалгача ўша мактубларни ўқийдиган, таҳрир қиладиган одат чиқардилар.
Ана шу жонсиз номаларда инсон тақдирининг ғалати шодликлари ва ғуссалари, турфа орзулари ва надоматлари жамулжам эди. Эҳ-ҳе, нималар хусусида ёзишмасди одамлар. Чигал тақдирлар, талаб-у эҳтиёжлар, пўписа-ю пичинглар... Биров ўзини даволаган врачга ҳамду сано ўқиса, ўзга биров докторлар дори-дармонни рўйирост пуллашаётганидан тажанг. Кимдир қадимий обидалар ер билан яксон бўлаётганини дил тўла дард билан куйиниб ёзса, бошқа биров рус қизига уйланган ўзбекнинг бугунги бахтиёр ҳаётини ҳафсала ва ҳавас билан таъриф этган бўларди.
Дадамнинг ижозатлари билан улардан бирини эътиборингизга ҳавола этмоқчиман. Хатга «Ота-онамни излайман», деб сарлавҳа қўйилган. Уни дафтарга тушириб, газетага йўлланган ўсмирнинг саргардонликлари ва изтироблари кишини ҳаяжонга солмай қўймасди.
Ана шу сардафтарни варақлашга иштиёқингиз бўлса, марҳамат! Лекин, дадам уни тер тўкиб «рандалаганликларига» қарамай, у газетада анчайин қисқариб, ярим-ёртироқ бўлиб чиққанини ҳам айтиб қўйишимиз керак.
Хуллас...

Ҳурматли редакция!
Менинг номим Ромэн, фамилиям Шомуродов. 1962 йили Жиззахда туғилганман. Уч ойки, ота-онамни излайман. Даракламаган жойим қолмади. Ҳамкасбларим бу хусусда газетага ёзишни маслаҳат беришди.
Менга ёрдам беришларингизни илтимос қиламан.
Мен ақлимни таниб, ётоқхонамизнинг бетон деворларини эслаб қолганман. Уйдан бош олиб кетишимгача нақ тўрт манзилгоҳга кўчганимизни ҳам айтиб ўтишим ортиқчалик қилмас. Аммо турли-туман қурилиш ташкилотлари ёки янги совхозлар тасарруфида бўлган бу бошпаналар бир-биридан деярли фарқ қилмасди. Қўшнилар ҳамнишин бўлиб қолганда, гапни бетон кулбаларининг совуқлигидан бошлашарди. Ёзда эса тош деворлар ҳил берганда, одамлар пахса кулбаларини қумсаб қолишарди. Баҳор юз кўрсатган чоғи уйнинг олдидаги шағал аралашган бир қаричгина намчил тупроқни тимдалаб, не-не умид-ла гул, ниҳол қадашарди. Аммо даштдан кўчиб келган бефаҳм қўшниларнинг моллари уларни бир ҳафтадаёқ кемириб, хоку туроб  қиларди. Шўрдан емирилаётган деворлар, файзсиз балконлар, қўланса ҳидлар...
Лекин бу дунёда ана шундай ночор кулбаларга ҳам зор одамлар йўқ эмас-ку!
Опам (ойим) билан дадамдан доимо ачимсиқ бўёқ ҳиди анқиб турарди. Чунки улар кўчма коллоннада бўёқчи бўлиб ишлашарди. Тузуккина топишарди ҳам. Гоҳида чакана ишларга ёлланишарди. Ойим бир умр пул жамғариш, кичикроқ ҳовли сотиб олишни, унинг ваннаси бўлишини орзу қиларди. (Биз яшаган уйларнинг бирортасида ванна бўлмаган, ҳожатхона ҳам ҳовлида эди.)
Мана энди орадан йиллар ўтиб, ўйлайман: хўш, ҳаққимиз йўқмиди бунга?! Бор эди! Аммо, нафсиламбирини айтганда, бунинг учун оилавий ҳамжиҳатлик, ўзаро эҳтиром оқсоқ эди. Энг ёмони, уларнинг иккови ҳам (ота-онани ёмонлаш – гумроҳлик, лекин кимларгадир сабоқ бўлиши учун ҳақиқатни гапирган маъқул) арақ ичишарди. Андак кайф қилгандан кейин эса эртадан кечгача бўёқ суртишдек чиркин ва машаққатли меҳнат, қафасга ўхшаб инсонни исканжага оладиган деворлар, бефаҳм ва жоҳил қўшнилар... хуллас, турмуш деб аталган оғир араванинг шавқсиз, истиқболсиз, ҳолдан тойдирувчи сиртмоғидан атиги  бир дақиқа бўлса ҳамки озод бўлишар, болаларга ўхшаб қийқиришарди. Бундай сершавқ лаҳзаларда ойим она шаҳри – Уфани қумсаб қолар, ҳар гал: «...Кўзларимга ёш кила», деган татарча ҳазин қўшиқни куйлар ёки бўлмаса олинажак уйимизнинг оппоқ қилиб бўялган, шинам хобгоҳларини, меҳмонхоналарини кўз ўнгига келтириб, ўзи ҳам энтикиб кетарди,  бояқиш! Дадамнинг ҳам сўник кўзларида аллақандай ёлқин пайдо бўлар, Фориш тоғлари бағридаги она қишлоғини, унинг бахмал ёнбағирлари, ойнакўз булоқларини таърифу тавсиф этиб кетарди. Негадир миллий ғурури ҳам андак жунбушга келиб, ўзбек халқини улуғлаб қоларди.
Лекин, эрталаб уйқудан туриб, улар ўзларини оппоқ қилиб бўялган шинам хобгоҳларда ёки ёнбағирдаги булоқ бўйларида эмас, шўрдан емирилаётган бетон катакларда кўришарди. Ишхонада эса уларни одатдагидек чапланиб кетган жомакор, бадбўй бўёқлар, қўрс ва нопок амалдорлар, асабий ҳамкасблар кутишарди.
Йўқ, менинг уйдан кетиб қолишимга уйимизнинг ноўнғайлиги, дадам билан ойимнинг арақ ёки вино ичиб валдирашлари ҳам сабаб бўлгани йўқ. Оилада ёлғиз фарзандлигим, болаларга қўшилиб кетавермаслигим ўқитувчиларнинг пўписа-ю дашномларига ҳам чидаса бўларди. Барига аблаҳ прораб сабаб бўлди.
Кейинги пайтларда уйимизга бот-бот келадиган бўлиб қолди у. Пули кўп эди, бу корчалоннинг. Ҳар гал ташриф буюрганда, арақ, коньяк ва яна аллақандай неъматлар кўтариб келар, негадир менинг ҳам кўнглимни олиш пайига тушарди. Уни кўрганда, дадамнинг авзойи бузилар, ойим эса, аксинча очилиб кетар, яноқларига қизиллик югурар, гаплари пайдар-пай бўлиб қоларди. Эзма прораб икки нарса билан фахрланишдан чарчамасди. Биринчидан, жиззахлик машҳур арбобнинг жияни эканлиги,  иккинчидан,  Самарқандда  аллақандай инс­титутни битирганини гап орасида ҳуда-беҳуда тиқиштиргани тиқиштирган эди. Дадам эса ўзига хос қайсарлигидан қолмасдан ҳар гал арбобнинг жияни эканлигига ҳам, институтни битирганига ҳам ишонмаслигини юзига солаверарди. Ойим бу нохуш ва ноўнғай вазиятни юмшатиш пайида бўлар, дадамга танбеҳ берар, бошлиқларни ҳурмат қилиш лозимлигини уқтирарди. Меҳмон бўлса, ана шу гаплар учун ҳам қадаҳ уриштиришни таклиф қилиб қолар ва улар якдиллик билан ичишарди. Кўп ўтмай, дадамнинг кайфи ошиб, алланима деб валдирар, ғўлдираган бўлар кейин жимиб қоларди. Меҳмон худди шуни кутаётгандай учиб қолган дадамни икки қўлтиғидан олиб, қўшни хонага ўтқазиб ётқизар ва мени «арақ олиб келишга юбориш» пайига тушарди. Ойимнинг ҳам шунга мойиллигини кўриб, наф­ратларим жўш урар ва ҳар гал бу даргоҳдан батамом бош олиб кетиш фикри менга тинчлик бермасди.
Мен арақ олиб келмадим, бош олиб кетадиган манзилим ҳам йўқ эди. Шунинг учун Жиззах-Зарбдор марш­рутида автобус ҳайдайдиган таниш шофёрга ёлланиб, йўловчилардан пул йиғардим. У хушфеъл ва сахий эди – смена охирида икки-уч сўм чўзарди. Лекин ишнинг охирлаб қолишини сира  истамасдим, чунки уйга бориш мен учун дўзах азобига тенг бўларди. Ойим билан дадамнинг мендан хижолат чекиб, сохта мулозимат қилишидан ижирғаниб кетардим.
Кузнинг аёзлигина кунларидан бири эди ўшанда. Экранда Самарқанд обидалари намойиш қилинаётганди. Осмонўпар миноралар, нилий гумбазлар, гавжум бозорлар ва энг муҳими, жуда ҳам бахтиёр бўлиб кўринаётган сертабассум одамлар дилда ҳавас уйғотарди. Шу пайт алланималарни қўлтиқлаганича прораб келиб қолди. Майда-чуйдаларини столга қўйиб, ойимга қандайдир совға узатди-ю, эътиборимизни экранга қаратди.
– Мен ўқиган институт ана шу мадрасанинг ёнгинасида. Ҳа, беш йил. Лекин Самарқандда яшаш учун ё пул кўп бўлиши керак, ёки тожикчани билиш зарур. Чунки Самарқанд – иккинчи Бомбей. Биз тожикчани ўрганолмадик, лекин пул ўшанда ҳам бор эди: институтдан ҳам стипендия олардик, отецдан ҳам.
Менинг ғашим кела бошлади. Ҳадемай уйда ўтиришим ҳам ортиқчалик қилишини ўйлаб, ғурурим таҳ­қирланиб кетди. Сирғаниб ташқари чиқдим ва қисматга қасдма-қасд биринчи автобусга миниб, Самар­қандга жўнадим.
Энди ўша дақиқаларни эсласам, анчайин ғўрлигим, журъатсизлигим, нўноқ ва лакаловлигимга ўзим ҳам ишонч ҳосил қиламан. Автостанцияга тушгандан ке­йингина мени нохуш ўй босди: бугун қаерда тунайман, эртага қанақа тирикчилик қиламан деган ваҳимадан ўксиб кетдим. Ўз гўшасини илк бор тарк этган, тақдирнинг қоронғу кўчасида адашиб қолган мендек – бир мусофир ўсмирнинг шу топдаги ҳолати, кечинмаларини тасаввур қилиб кўриш қийин эмас, албатта. Бунинг устига ярамас прораб таъкидлаганидек, менда пул ҳам кўп эмасди, тожикчани ҳам билмасдим. Гувиллаб ётган, одамлар ўз тирикчилиги билан банд бўлган бу шаҳри азимда хору хасдек беқадр эканлигимни илк бор ҳис этдим ва йиғлаб юбормаслик учун пастки лабимни қаттиқ тишладим.
Автобекатга кираверишда деворга ёпиштирилган эълонда ғишт заводи ва суперфосфат комбинатига ишчилар кераклиги, уларга яхши маош, ётоқ берилиши ёзилганди. Ана шу эълон тақдиримнинг нажот нуқтаси бўлиб туюлди менга. Таваккал қилиб ғишт заводини танладим.
Бу пастқам ва бефайз жойларни қадим-қадимдан Маховхона дейишаркан. Заводнинг катта ҳовлисига киришингиз билан пишиқ ғиштдан пастгина қилиб қурилган ва бир-биридан фарқ қилмайдиган хумдонлар, ҳар ер-ҳар ерга уйиб қўйилан ғиштлар, бир маромда ғувиллаб ётган механизмлар эътиборингизни тортади. Мен кимга учрашиш, гапни нимадан бошлашни ҳам билмасдим. Алламаҳалгача қўпол коржома кийган ва қайноқ хумдонлардан ғишт ортилган аравачаларни зўр бериб тортиб чиқаётган одамлар билан мулоқотда бўлишни ўйлай бошладим, аммо улар ўз юмушлари билан шунчалик банд эдиларки, менга эътибор беришни ҳам эп кўришмасди.
Бўш хумдонларнинг бирига бош суқиб, ним қоронғуда бир неча киши ивирсиб юрганини кўрдим.
– Киравер, навқирон дайди, уялма, – деди жингалак сочли киши ичкаридан русчалаб.
Мен бу ногаҳоний таклифдан қувониб, ичкари кирдим ва вужудим роҳатбахш ҳароратни ҳис этди. У ўзини Гена деб таништирди.
Йўқ, энг аввало, хумдонда мен кутмаган манзарага дуч келганимни таъкидлаб ўтишим керак. Чапроқда лўлилар давра қуриб ўтиришар, шовқин солиб, карта ўйнашарди. Ундан нарироқда бир оёғи мажруҳ чол алланима ясарди.
Гена мени гапга солди. Уйдан бош олиб кетганимни, шу ерга ишга кирмоқчи бўлганимни айтдим.
– Менга тилло берса ҳам ишламасдим шу заводда, – деди у.
– Нега? – ажабландим.
– Оловнинг ичига кириб, ғишт ортиш жўн иш эмас! Хумдонни тўлдириб хом ғишт териб чиқишади. Пишгандан кейин... Қара, мана шу хумдонни бўшатишганига бир ҳафтадан ошган. Лекин ҳали ҳам ҳаммомдай исиқ. Маошлари бўлса икки юзнинг нари-берисида. Мардикор бозорида бўлса ҳар куни ўн-ўн беш сўм бор. Яна иззат-икром...
Мени жилла таскин топдим: шу одамнинг этагини тутсам, хор бўлмайман, деб ўйладим.
– Бу одамларнинг ҳаммаси шу ерда ётадими, – сўрадим гарчанд бунга ишонч ҳосил қилган бўлсам-да.
Ҳа, бизнинг Узоқ Шарқда: «Қаер иссиқ бўлса – ўша макон инсоннинг ватани» деган нақл бор. Бу ер иссиқ. Пулсизлар, дайдилар учун бундан қулай жой топиш амримаҳол. Пул, паспорт талаб қилишмайди.
Тез орада шеригимнинг анчайин эзмалигига ишонч ҳосил қилдим. Гапи тугаб қолгудай бўлса, ўқиган китобларини ҳам бир бошдан айтиб беришдан тоймасди. Одоб юзасидан унинг монологини тинглаб ўтирганимда, икки лўли жанжаллашиб, бир-бирининг гирибонидан олиб қолди. Шунда бир лўли аёл ғайритабиий чаққонлик билан улар томон отилди-ю, иккаласининг ҳам юзига тарсаки тортди. Ҳалиги баджаҳл эркаклар шаштларидан қайтишди. Улар тин олиши билан, хумдон тўридан сурнайга ўхшаш чолғунинг ҳазин овози янграб қолди. Оҳангида шарқона оҳу нолалар билан билан бирга европача шўхроқ, дилкашроқ овозлар уйғунлашиб кетганди. Дилимда ҳаяжон пайдо бўлди. Лўлилар ҳам тин олишди.
– Аблямит чаляпти, – деди Гена ғамгузор оҳангда.
Мен Аблямитнинг кимлиги, сердард ноласининг боиси билан қизиқсам ҳамки, бу ҳақда сўрашга, негадир дилим дов бермади; чунки илк дақиқадаёқ бу ғарибхонада бир-бирининг сардафтарини титкилаш ёки ярасига туз сепиш таомилига тўғри келмаслигига ишонч ҳосил қилгандим. Бу бандаларнинг аксарияти ҳам, инчунин, ўзимдек тақдир деган сўқир ҳақиқатнинг қалтис ҳазили ёки ногаҳоний зарбаси билан шу гўшага келиб тушишгани ҳеч кимга сир эмасди.
– Аблямитни кўргим келяпти, – дедим шеригимга.
– Борақол, – акаларча меҳрибон оҳангда жавоб берди Гена.
У ўрта ёшлардаги, новча киши эди. Кўзларини ярим юмганича, бошини бир оҳангда мастона тебратиб чаларди. Унинг эскигина йиғма каравоти атрофида давра бўлиб ўтирган беш-олти чоғли киши ҳам жисман шу ерда, хаёлан эса аллақандай хотиралар оғушида эдилар. Бу ногаҳоний навода тоғларнинг сирли сукунатидан бошлаб, қалтис қисматнинг ачиқ сабоқларига мужассам эди.
Бояги ногирон чол бир неча қадам нарида ўтириб олиб, сўрғичдан йирик нақшин олма ясарди. Бунинг учун сўрғичнинг учини ип билан боғлаб, тескари ўгирар, кейин велосипед насоси билан дам берарди; сўрғич кўз ўнгингизда йирик олмаган айланиб қоларди. Чол унинг орқа томонини ҳам зичлаб боғлагач, озгина қирмизи ранг югуртириб юборарди. Ёнида ана шунақа ўйинчоқлардан бир талайини уйиб қўйганди.
Аблямит тин олгач, ҳамма ўз юмушига қараб йўл олди. Фақат чап билагига «1953» рақами ёзилган барваста ва бадқовоқ киши ҳалиги мўйсафидга русчалаб сўз қотди.
– Чол, роса пул йиғяпсан-а?!
– Қўйсангчи, Артур, – инжилди у.
– Бир стакан мурувват қилсанг бўлармиди.
– Уялсангчи – сендай пайтимда ...
– Ёлғон! – унинг сўзини кесди Артур, – сен жанг қилмагансан, – ўзингни ўзинг отгансан!
– Артур!!! Худо ҳақи ҳақорат қилма!
– Ундай бўлса, томоғимни тақиллатма-да, қурумсоқ чол!
– Ишонсангчи...
– Чиқар!
Чол чўнтагидан, ноилож «Чашма» чиқарди. Қўли қалтираб, стаканни яримлатди.
– Қўли қалтирашини қаранг, бахти қаро чолнинг, норози бош тебратди Артур ва таҳдидона буюрди: – тўлдир, ярамас!
– Артур, – яна зорланди чол.
– Қўй, қанжиқ! Биқинингга тепаман!
Артур дегани тўлдириб қўйилган винони шашт билан бир неча қултум қилиб ичди-ю, лабини сидириб ташлади ва хумдондан чиқиб кетди. Мен ўта қўпол бу муомаладан дилгир бўлиб кетдим. Генага Артурнинг суллоҳлиги ҳақида гапиргандим, у қўл силтади. 
– Эътибор берма! Хумдоннинг ўз қонунлари бор! Умуман яқинлашма у – иблис рецидивистга!
– Шу ерда яшайдими, – хавотирланиб сўрадим.
– Йўқ, ўйнашлари, гумашталари лак-лак. Мабодо сенга сўз қотса, русчани билмайман, деб туравер.
Гена бошқа ҳамхоналар ҳақида ҳам ҳол-бақудрат маълумот берди. Жумладан, Аблямит дегани Улуғ ғалабадан кейин дадасини кутиб ўтирганда, Қримдан буёққа кўчириб юборишган экан. Ҳозир ҳам, ҳар йили кекса онасини ўша ердаги уйига олиб бораркан. Бечора онаси остонада ўтириб олиб, ўксиб-ўксиб йиғларкан. Ичкаридан бир семиз аёл чиқиб, уларни роса уришиб бераркан.
Гена  хумдондаги тартиб-қоидалар ҳақида анча гап сотди. Бирор ҳафтадан кейин, шолча кўрпаларни кўтариб, қўшни хумдонга ўтарканмиз. Бу ер совиб қолармиш. Гўшамизни милиция босиб қолиши хавфи ҳам эҳтимолдан ҳоли эмаслигини айтгач, пул билан ҳужжатларни ишончли жойга яшириб қўйишни тайинлади.
– Пулим ҳам, ҳужжатим ҳам йўқ, – ростини айтдим.
У кулди. Бизнинг жамиятимизда пулсиз ва ҳужжатсиз киши – дайди итдай беқадр эканлигини исботлашга киришиб, бирор соат чамаси эзмалик қилди-ю, сўнг ухлаб қолди.
Менинг эса киприкларимга сира уйқу қўнмасди. Таассуротларим шу қадар айқаш-уйқаш ва остин-устун бўлиб кетгандики, уларни ўйлаб, охирига етолмасдим. Атрофни зулмат қоплагач, уйимиздагиларни кўз ўнгимга келтириб, дилимни ғусса босди. Балки саросимага тушиб, мени излашаётгандир, бояқишлар. Эҳтимол айбни бир-бирларига тўнкашаётишгандир. Майли, дейман ўзимча, инсоннинг иззат-нафсини паймол қилиш нималарга олиб келишини билиб қўйишсин.
Биз саҳарлаб апил-тапил ювиниб олдиг-у, Регистон томон жўнадик. Ҳадемай тонг ғира-ширасида хўмрайиб турган миноралар кўзга ташланди. Тан олишим керак, улар мени ҳеч қандай ажаблантирган ёки ҳаяжонга солгани йўқ. Телевизорда кўрганимдек бўёқлари ҳам тантанавор ва байрамона эмасди. Менинг фикру зикрим бошқа томонда: бугун пул топиш, тирикчилик ўтказиш учун қўйилган илк мустақил қадамим ҳақида эди. «Хўжайиним» ким бўлади, неча сўм беради, деб ўйлардим.
«Гўзал» деб номланган дўкон билан мадраса оралағида тўпланиб турган оломон мардикорлар эканлигини дарҳол сездим. Уларнинг аксарияти асабий, серзарда одамлар бўлиб туюлди менга. Мардикорларнинг кўпчилиги тинмай арзон сигарет чекар, баҳслашишарди. Худди бизникидек, уларнинг ҳам кийимлари эски, ғижимланган эди. Бу одамлар орасида болакайлардан тортиб, олтмишларни қоралаб қолган даққи эркакларгача учрар; уларнинг ёшигина эмас, тоифаси, миллати ҳам турли-туманлиги сезилиб турарди. Азбаройи боласини боқиш учун келган деҳқондан тортиб, бир замонлар киборлар жамиятининг арзандаси бўлиб, кейин баднафслик ёки ичкилик сабаб шу кўйга тушиб қолган сипойи амалдоргача, ногаҳонда стипендиядан маҳрум бўлган студентдан тортиб, бетайин мусофиргача бор эди, бу тонгги анжуманда.
Хўжайинлар (бу ерда уларни «сойбикор» дейишаркан) озчилик, лекин дарҳол кўзга ташланишади. Сойбикорлар, назаримда, андак такаббурроқ, нописанд. Улар кўп ҳолда тожикча гап бошлашсада, русча, ўзбекчани ҳам равон гапиришади. Хўжайин яқинлашиши билан мардикорлар уларга пешвоз чиқишар, қиёфаларига хокисорлик ва меҳнаткашлик хислатларини беришга уринишарди. Сойбикорлар эса кўп ҳолларда, гавдаси йирикроқ, мускуллироқ мардикорларни излашарди. Бу ўринда шуни айтиб ўтишим керакки, мен Генадан анча ёш бўлсам ҳам гавдам у билан тенг эди. Лекин шунга қарамай, бизга эътибор беришмасди, падарқусурлар. Сермурувват хўжайин излаётган турли қаланғи-қасанғилар сойбикорга эргашиб кетар, Гена бўлса бу омадсизликдан танг бўлар, бетоқатланарди. Ёнимиздаги икки студентни бир аёл ўн беш сўмдан ёллаб, том шувоққа олиб кетгач, бир бақалоқ амаки мен томон анча дадил юриб келди-ю, ҳа йўқ, бе йўқ, сўради:
– Пахта теришга борасанми?
Мен нима дейишни билмадим ва савол назари билан Генага боқдим. Мен буёқда қолиб, сойбикор Генага тушунтира кетди. Унинг ўрнига пахтага борсам, кунига ўн сўмдан тўлармиш. Мен қувондим, чунки ойлаб пахта териб, шимилдириқ ҳам ололмаган кунларим кўп бўлганди, аммо кутилмаганда, Гена рад этиб қолди. Сабабини эса айтмади ҳам. Бу гал бир мўйсафид Генага харидор бўлди.
– Мен билан ўтин ёрасан – ўн беш сўм бераман. – деди.
– Иложи йўқ, – деди Гена бу гал ҳам ва мен томон имлаб, қўшиб қўйди, – укам бор, уни ташлаб кетолмайман.
Чол индамади. Гена уни қўлдан чиқармаслик илинжида давом этди: «Иккаламиз ҳам борайлик, майли, унга ўн сўм берақолинг. Ташлаб кетгим келмаяпти». Отахон жавоб қайтаришни ҳам лозим топмай, бошқа мардикор излаб кетди. Шундан кейин биз томон бирор киши йўламади. Одамлар ҳам сийраклашиб қолдилар. Гарангсиб турганимизда, дўппи кийган (буниси ҳам бақалоқ) бир киши келди-ю, сал нарида туриб, ариқ қазиш учун тўрт киши кераклигини эълон қилди. Гена иккаламиз ҳеч иккиланмай, унга яқинлашдик ва хайрихоҳ илжайдик. Бизга бир деҳқон билан студент ҳам қўшилди. Хўжайин ўн сўмдан бермоқчи бўлди – биз индамадик. Сукут эса машойихлар айтганидек, аломати ризо.
Хўжайиннинг эски маркадаги «Волга»си бизни шаҳардан ташқарига олиб чиқди. Кейин магистрал кўчадан ўнгга бурилиб, анча йўл юрдик. Ниҳоят, бақалоқ тормоз босди. Бу ер чойхона, дўкон, сартарошхонага эга бўлган кичик бир қишлоқ эди. Машинадан тушгач, бир-биримиздан ва атрофдаги одамлардан бегонасираб, нимадандир андак хижолат чекиб турдик. Сойбикор қадимги бойларга хос виқор билан қаршимиздаги ариқни кўрсатиб, «ремонт» қилишимиз зарурлигини уқдирди. Биз ариқнинг у ёқ-бу ёғидан ўтиб ишимиз кўламини чамалаган бўлдик. Бақалоқ чойхонада ивирсиб юрган кишилар билан биргаликда кетмон, белкурак дараклади.
Ниҳоят, биз ишга киришдик. Азбаройи ишнинг кўзини билишидан бўлса керак, деҳқон беихтиёр ишбоши бўлиб қолди. У студент иккаламизга ариқнинг икки рошини текислаб кетишни тайинлади. Гена икковлари бўлса, унинг остини тозаламоқчи бўлишди.
Гарчанд белкуракларимиз занглаган бўлса-да, студент иккаламиз ғайрат билан ишга киришиб кетдик. Анчайин узоқлашганимиздан сўнг деҳқон билан Гена ниманидир гаплашиб олишди-ю, бизни чақиришди.
– Бунча тез ишлаш шартмас, – деди деҳқон меҳрибон оҳангда, – бундайига ўзларингни чарчатиб қўясизлар.
Биз шаштимиздан тушиб, уларга кўмаклаша бошладик. Тупроқ остидан эски калиш, целлоффон халта, чинни синиқлари сингари бало-ю баттарлар чиқар ва биз уни тупроққа қўшиб, нари улоқтирардик. Чойхонада ҳам  ёш-яланглар тўпланишиб, қозон илишди, карта ўйнашга киришишди. Бақалоқ ялпайиб ўтириб олганича, сабзи тўғрай бошлади.
Бирор соатлар чамаси ишлагандик, шекилли, қайданам жиккаккина бир чол пайдо бўлди ва чойхонада ўтирган кишиларга алланималар деб дашном бера бошлади. Мен қизиқсиниб қулоқ солдим.
– ... йилдан бери ҳашар қилиб қазирдик. Сув ичадиган ариқларингни ҳам мардикор тозалаб берадиган бўлса... суф-ей!
Чойхонадаги бекорхўжалар ноўнғай бўлишди, шекилли, гапни ҳазил-мутойибага буришди. Бақалоқ отахонга кампирлар ҳақида гапириб, зўрма-зўраки аския қилди. Бошқалар кулган бўлишди: чол жавобан, яктагини шартта ечди-ю, дарахтга илиб, олдимизга тушганича ариқ қазишга киришди. У кетмонни аниқ мўлжалга урар ва зилдай лойни чаққонлик билан нарига улоқтирарди. Отахон биз билан бирор оғиз ҳам гаплашмади, аксинча нохуш қовоқ уйиб, кетмон ураверди. Унинг бир ўзи ҳам ариқнинг ёнини текислар, ҳам остини тозалар ва энг хижолатлиси, тўртталамиздан кўпроқ юмуш бажарарди. Ноўнғай бўлиб, андак ғайрат қилдик. Деҳкон отахондан ниманидир сўраган бўлди, лекин саволи бежавоб қолди.
Ҳар қалай мўйсафид тин олди. Кейин қўлини асабий силтаб, яктагини кийди. У жўнаб кетиши билан биз ҳам чойхонадагилар сингари дафъатан енгил тортдик. Ҳалигилар мўйсафидни бир оз ғийбат қилишди; давранинг тўрида ўтирган зиёлинамо киши, ҳатто файласуфона гап ҳам қилди.
– Бу чол ойнага қараса ҳам, аввал ундаги доғни кўради.
Одамлар гапнинг охирини ҳазилга буриб, мўйсафидни уйлантириб қўйиш зарурлигини таъкидлашди.
Тушликка бизни чойхонага чақиришни унча эп кўрмаган бўлишса ҳамки, таомил, одамгарчилик юзасидан ош бериб юборишди. Аммо шундан кейин ишимизда унчалик унум бўлмади. Имиллаб, тезроқ кеч тушишини кута бошладик.
– Ўн кун ишласак, юз сўм бўлади, – деди Гена хумдонга қайтар эканмиз, – кейин квартира оламиз – одамлардай яшаймиз.
Аммо тонг билан уйғотганимда, ялқовланиб, фикридан қайтиб қолди.
– Бугун дам олақолайлик, Ром, – деди лоқайдгина, – пулимиз бўлса – бор.
Биз бир эмас, икки кун давомида шаҳарда санқиб юрдик. Жамғармамиз тугаб, тирикчилик ваҳимаси босгандан кейин нажот маскани ҳисобланган – мардикор бозорига боришга қарор қилдик. Бу гал бизнинг харидоримиз серсавлат, калондимоғ амаки бўлиб чиқди. У ҳам «Волга»сига таклиф этди. Биз, негадир савдолашмадик ҳам.
Дастлаб уни катта амалдор деб ўйлагандим. Кейин билсам, шунчаки врач экан. Унинг ҳовли-жойи жуда серҳашам, дабдабали эди. Мен тўласинча ганчкорлик қилинган айвонни, бир-бирини такрорламайдиган қимматбаҳо қандилларни, зарҳал суви билан жимжимадор қилиб бўялган устунларни биринчи бор кўраётгандим.
Ҳовли ўртасида ёзлик айвон. Унинг томи рухли тунука билан қопланган, ёғочлари зўр дид, ҳафсала билан ўймакорлик қилинган.
Карниз ва шипдаги бўёқлар гаммаси ҳақида гапирмасам ҳам бўлади.
Хўжайиннинг таклифи билан Гена иккаламиз ана шу айвон ўртасига қўйилган стол атрофидан жой олдик. Лекин, қимматбаҳо столларга ўтиргач, ўзимизни ноўнғай сеза бошладик. Кейинроқ ўйлаб кўрсам, ўшанда бизни бунчалик ноқулайликка солган нарса – хўжайин билан орамиздги тавофут экан. Атрофдаги ҳамма нарса: муомаладаги нописандликдан тортиб, ногаҳоний ҳашамгача сени хору хасдан беқадр эканлигингни ёдингга солаверса, ўзингни эркин тутиб бўбсан!
Хўжайин рус тилида анча чайналиб, айвон ёнидан ёмғир суви учун чуқур қазишимиз кераклигини айтди. У ноўнғайликдан чиқиши, учун атайин ўзбекчалаб кетмон, белкурак сўрадим. У тағин русчалаб ҳамма нарса топиб берилишини, фақат яхши ишлашимиз зарурлигини, тутила-тутила тушунтир-ю, ишига жўнаб кетди. Биз енгил тортдик.
Шу кетишда тушдан кейин пайдо бўлди ва ўзича ишимизни кўздан кечирди. Унинг ланж қиёфасидан ишимиздан мамнунлиги ёки норозилигини англаб олиш қийин эди. Айвондаги креслога эндигина ялпайиб ўтириши билан икки киши кириб келди. Ногаҳоний меҳмонларнинг ёши каттароғи ҳазил-мутойиба қилиб гапиришдан – хўжайинга анча яқин, синашта эканлиги, иккинчисининг эса ҳуркиб туришидан бу дабдабали даргоҳга биринчи бор қадам ранжида қилганлигини англаб олиш қийин эмасди. Энсангизни қотирадиган сохта табассумлар, ясама ҳолпурсликлардан кейин меҳмонлар сардори муддаога ўтди.
– Бу киши – (у шериги томон имлади) қўшнимиз. Иккаламизни Тожикистонга тўйга айтиб кетишган. Энди боргандан кейин, бир кун-икки кунда қайтиш мушкул. Уларни биласиз – жуда меҳмондўст халқ.
– Тушунарли, тушунарли, – сохта ҳиринглаб, унинг сўзини кесди хўжайин.
– Бир ҳафтага...
– Бир ҳафтаси нима бўлади, – деди хўжайин яна мижғовланиб, – ўн кун.
У ҳиринглаб папкасини очди, иккита касаллик бюллетени варақасини суғуриб олди. Суҳбатдошларига аллақандай пайдар-пай саволлар бериб, жавобларини қоғозга туширди. Меҳмонларнинг ёшроғи иккала бюллетенни ҳам олди-ю, стол чеккасига ийманибгина пул қўйди.
Булар сермулозаматлик билан хайр-хўшлашиб чиқиб кетгач, пижама кийган икки киши кириб келди. Улар кўп вақт кўришмай бир-бирини соғинган қадрдонлардай ўпишиб кўришишди. Хўжайин мамнун жилмайиб, уларни столга таклиф этди. Зум ўтмай дастурхон устида Тошкент суви, коньяк, турфа газаклар пайдо бўлди. Гаплари, ҳазил-мутойибаларидан улар қўшни – хўжайиндай серсавлати терговчи, қоқсуяроғи қайбирам институтда домла эканлигини тахминладим. Меҳмонлар ўқтин-ўқтин бизга қараб қўйишаётгани учун бўлса керак, хўжайин изоҳ берди.
– Билмадим, қақшамагур эгаси бу ҳовлида қандай яшаган экан. Обпартови йўқ. Эрталаб Регистонга тушиб, шу иккаласини олиб келдим. Бу ҳовли ҳали кўп пул ейдиганга ўхшайди. Элликка олгандик, тағин ўн кетди.
– Зато биздай қўшниларни топдингиз, – кўкрагига урди домла.
Ҳовли олма, қўшни ол, – жим ўтирмади терговчи ҳам ва беихтиёр қўшнисига ҳамдардлигини изҳор қилакетди, – мос тушдик, мос тушдик. Локинда биз ҳам доғда қолганмиз: жуҳуд нақ олтмишни санаб олиб, Исроилга жўнади. Йигирмага расмийлаштиргандик яна шунча кетади-ёв!
Хўжайин билан терговчи асосан пул ҳақида гапиришарди. Чувак домла бўлса, уйимизни бузган ҳалиги иблис прорабга ўхшаб, гап орасига Жиззахдан чиққан машҳур арбобнинг номини қистириб ўтар, у кишининг жияни эканлигига урғу берарди. Ўзи бошқа ёқдан келган бўлса керак, самарқандликларни камситишга мойилроқ эди.
Гап бошқа ўзанга бурилди: вилоятнинг нуфузли бир мансабдори ногаҳон сирли жон бергани ҳақида баҳслашиб қолишди.
– У ўладиган эмасди, – деди домла, – ўлдиришди. Самарқандда мафий бор. Бундан кўз юмиб бўлмайди.
Хўжайин домланинг гапини маъқуллади. Аллақандай обком котиби билан савдо идорасининг бошлиғи ҳам ваннада сирли жон беришганини, бундан жуда ажабланганини гапирди.
– Билишимча, – деди терговчи – ўша мафий бўлажак қурбонни кузатиб юради. У ваннага кириши билан, ташқаридан туриб, трубага ток тегизади.
Улар узоқ баҳслашишди. Домла терговчиларни латтачайнарликда айблади. Хўжайин унинг гапини кесиб, қадаҳ таклиф қилди. Кейин улар латифанома саргузаштларни айтишга ўтдилар.
– Биттасига яхшилик қилсам, «Духтуржон, яхшилигингизни қандай қилиб қайтаришни билмай қолдим», деди, қақшамагур. «Инсон пулни кашф этгандан бери бунақа саволга ўрин қолмаган», дедим.
Хўжайиннинг бу гапидан мазза қилиб кулишди. Терговчи наша сотувчи бир лўли ҳақида ҳикоя қилди: тергов бошланиши билан ҳалиги лўли бориб, жиннихонага ётиб оларкан. Булар чора кўролмай халак бўлишаркан.
Домла яҳудий билан чукчи ҳақида латифа айтгач, андак кайфи ошиб, хиралик қила бошлади. «Зато бизнинг авлоддан унақаси чиқмаган», деган каломни уч марта такрорлади. Кейин ҳатто қўшниларига ҳам нописандлик қила бошлади. Терговчи хавотирга тушиб, ўтиришга якун ясашни таклиф қилди – улар қўзғалдилар.
Хўжайин кечга яқин иккаламизга ўттиз сўм бериб, совуққина хайрлашди. Мен йўл-йўлакай нуқул ана шу одамлар ҳақида ўйладим. Чунки бунақа тоифаларни аввал учратмаган эдим. Назаримда уларни ёмон одамлар деб бўлмасди, аммо аллақандай ғайритабиийликми, жумбоқми бор эди бу нусхаларда. Бу хусусда Генанинг фикри билан қизиқдим.
– Ёмон одамлар эмас, дейсанми, – ҳатто жаҳлга минди Гена, – улар бориб турган буржуйлар, наҳанг бўлиб кетган порахўрлар! Кўрдингми, пора олишни салкам фазилат деб билишади, зулуклар! Ихтиёр менда бўлса, барини ғишт заводга ишга қўярдим. Шунда билишарди...
Кечаси билан «буржуйлар» ҳақида ўйлаб ётдим. Дарҳақиқат, мана шу хумдонда ётган ёки ўтхонадан ғишт ташийдиган одамлар билан уларнинг орасидаги фарқ нимада? Ҳамма ҳам инсон фарзанди-ку? Бу ерда ақлга сиғмайдиган аллақандай тенгсизлик, адолатсизлик борга ўхшар, нимадир нотўғри қурилгандай бўлиб туюларди. Нега терговчи уларни фош қилмайди? Нега райком, обком...???
Эртаси, индини ишга чиқмадик. Ҳаммомга кирдим, уйга хат ёздим. Сиҳат-саломатлигимни билдирдим-у, адресимни сир тутиб қўяқолдим. Учинчи куни қўшни хумдонга ўтиб, обдан жойлашиб олганимизда фалокат рўй берди: хобгоҳимизни милиция босди. Биз саросимага тушдик: одамлар пуллари, ҳужжатларини яшира бошладилар. Чиқиб қочишнинг иложи йўқ эди: ҳар бир эшикда баджаҳл соқчи турарди.
Ҳалиги ногирон ўрис чолдан ўзга ҳеч ким қаршилик кўрсатмай, милициянинг машъум қора машинасига чиқа бошлади. Чол эса ўзича исён қилиб, милиционерларни «фашистлар», «газандалар» деб атади.
– Биз суварак эмасмиз-ку, – деди у милиция капитанига тик боқиб, – этик билан эзғилаб кетаверсанг! Инсонмиз!
Капитан ғазабга минади, деб ўйлагандим. Аммо ундай бўлмади. Ўша совуққонлик билан чолга танбеҳ берди.
– Валдирама, қари шайтон! Инсондай яша, деб олиб кетяпмиз-да!
Ўн беш чоғли одам миндик. Лекин машина ҳамон жилмас, милиционерлар тағин аллакимни излашарди. Кўп ўтмай улар Артурни дараклашаётгани маълум бўлди. Лекин табиийки, уни топишолмади.
– Гена, – сўрадим такроран, – бизни қамаб қўйишмайдими?
– Йўқ, уйга жўнатишади, дедим-ку, – жеркиб берди у.
Баримизни бир хонага қамаб, сўроқ бошлаб юборишди. Капитаннинг тортмасида бир талай суратлар бор эди. Ҳар биримиз билан гаплашганда, ҳужжатларни суриштирар ва суратларга қараб-қараб қўярди. Чолни кексалар уйига юбормоқчи бўлишганди, у тағин жанжал кўтарди.
– Бормайман, у – қамоққа! Хумдонда яшайман! Мен Брест учун...
Милиционер уни зарб билан олиб чиқди.
Генага эса икки кун давомида Самарқанддан чиқиб кетишни таклиф қилишди, акс ҳолда ёмон бўлишини таъкидлашди.
– Отинг нима, қаердансан, – сўради бошлиқ мендан, у билан юзма-юз бўлишим билан.
Гена айтгандай қилиб, батамом бошқа ном ва жойни тилга олдим. Капитан ёнидаги милиционерга маъноли имлади. У мени қўшни хонага олиб кирди.
– Нега ёлғон гапирасан, найрангвоз, – деди у иккаламиз ёлғиз қолганда, кимни лаққиллатмоқчисан?!
– Ёлғон эмас! – рад этдим.
Шу пайт милиционер столни (атайин) тебратиб юборди. Унинг устидаги ручка ғилдираб тушиб кетди.
– Ол, – деди буйруқ оҳангида ручкага имлаб.
Мен энгашиб уни оламан, деганда, аблаҳ биқинимга шундай зарб билан тепиб юборди-ки, азбаройи нафасим ичимга тушиб кетди.
– Итдан тарқаган, бродяга, – деди жаҳл билан.
Мен сал нафасимни тиклаб олиб, башарасига туширишни мўлжаллаб турганимда, у зарб билан судраб, тағин бошлиққа юзма-юз қилди. Бу гал ростини айтдим. Мени Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармаси ихтиёрига топширишга қарор қилишди.
Қарасам, ишнинг рафтори нохуш. Эртаси ҳожатхонага кириш баҳонасида навбатчи милиционернинг кўзини шамғалат қилиб, жуфтакни ростлаб қолдим. Лекин кечқурун хумдонда эски танишлардан ҳеч ким йўқ эди. Тимирскиланиб юрган икки-уч киши билан гаплашгим ҳам келмади. Мардикор бозорига эртароқ йўл олиш илинжида барвақт ухладим.
Бу гал ўттиз ёшлардаги хушқомат киши мени Регистон – Боғибаланд автобуси билан шаҳарнинг бошқа томонига олиб кетди.
– Лойхоналарни кўмасан, – деди, нима иш қилишимни сўрагач.
Аммо пул масаласида гап бўлмади.
Биз унча катта бўлмаган дарвозадан ичкари киришимиз билан, тахминан йигирма беш ёшлардаги бир жувон истиқболимизга чиқди; уни гўзал, сулув, шоҳиста дейиш камлик қиларди. Ҳис-туйғўлари ўтмаслашиб қолган эркак ҳам бу сиймони кўрганда, табиат шу келинчакка келганда бор маҳоратини ишга солганига ишонч ҳосил қилиши турган гап эди.
Хўжайин унга тожикчалаб алланималар деди. Жувон эҳтиром ила унинг гапини маъқуллаб турди. Жувоннинг нозик табассуми билан маъқул ишорасини қилиб, бош тебратиб туриши ҳам бетакрор эди.
Ҳовли каттагина бўлиб, тўрда янги уй қурилганди. Усти шиферланган, деворлари лойшувоқ қилинган бу уйнинг чор атрофида бир нечта лойхона бор эди.
– Ана шу лойхоналарни кўмиш керак, – деди хўжайин, – тупроқни мана бу дўнгликлардан оласан. Бу ерда ўн-ўн беш кунлик иш бор.
Иш бошлайман, деб турганимда бека янги уйнинг ҳали қоқилмай, лопиллаб турган тахталари устига дастурхон ёзди: нон, пиёлада мураббо қўйди, кейин бир коса ширчой олиб келди. Мен унинг малоҳатидан хижолат тортиб, нигоҳларимни олиб қочдим, андак каловландим.
Хўжайин ишга жўнаб кетиш олдидан шарт-шароитларни тағин бир бор тушунтириб берди.
– Бугун янгамуллонг шу ерда – нима керак бўлса, айтавер.
Беканинг шу атрофда бўлиши, негадир дилимга илинжлик солди. У кўрсатган замбилғалтак билан кетмонни олиб, шаҳд билан ишга киришиб кетдим.
Бир маҳал эндигина йўлга кирган болакай мувозанатини зўрға сақлаганича, тебрана-тебрана келиб қолди, «амақ, амақ» деди ва замбилғалтакни имлаб кўрсатди. Бола оппоқ, соғлом бўлиши устига бели зич қилиб боғланган қирмизранг курткаси, шу рангга ҳамоҳанг туфлиси ўзига жуда ярашиб тушган эди. Болакайни меҳр билан бағримга олгандим, у тағин замбилғалтак томон имлайверди. Кейин замбилғалтак устига шолчани тушадим-у, болани авайлабгина кўтариб унга ўтқаздим. Йўлга тушишимиз билан, у аввал хурсандлигидан қиқирлаб кула бошлади, сўнгра бу хушчақчақлигидан ўзгаларни ҳам воқиф этгиси келди, шекилли, ойисини чақиришга киришди. Кўп ўтмай, янгамулло пайдо бўлди. У сезилар-сезилмас хавотирда бўлса ҳамки, чинни лабини табассум тарк этмаганди. Беканинг ана шу нимтабассумида қат-қат қувонч барқ уриб турарди. Мен ундан нигоҳларимни олиб қочдим, сўнг ўғлига сўз қотаётганидан фойдаланиб, қоматига кўз ташладим. У семиз ҳам, ориқ ҳам эмасди, бўйи ҳам шу ёш, шу ҳуснда худди шундай бўлиши керак эди. Бу қоматда мувозанат ва мутаносибликлар заррача бузилмаганди. Либослари-чи, либослари, Тивитдан қўлда тўқилган свитер, гумбаз кўйлак ва атласи лозимага бунчалик уйғун бўлишини тасаввур қилиб кўриш ҳам қийин.
Болакайни авайлаб туширмоқчи бўлгандим, норози бўлиб инжилди.
– Отинг нима, отинг, – сўрадим уни жаҳлидан тушириш ва танишиб олиш умидида. Болакайнинг ўрнига янгамулло жавоб қайтарди:
– Номи – Рафиқжон, амакиси.
Ниҳоят, бека ўғлини бағрига босиб, уйи томон жўнади. Мен унинг ортидан бир дона қилиб ўрилган қоп-қора, узун ва бўлиқ сочига, беназир қоматига ҳавас билан қараб қолдим.
Кечқурун иш ҳақимни (ўн сўм) олиб, қадрдон ётоғимга жўнадим ва хумдонда тахминан қирқ ёшлардаги гапга чечан бир киши билан танишиб қолдим.
– Отим – Бекмурод, лекин Ўзбекистонда ҳамма мени Бек, деб атайди, ҳатто газетага ҳам Бек деб ёзишди, – деди шеригим андак мақтанчоқлик билан.
Шеригимнинг очиқ кўнгиллиги, дангалллиги дастлаб менга ёқиб тушганини тан олишим керак. У яқинда қамоқдан чиққанини, тақдир уни кўп балоларга гирифтор қилганини ҳам яширмади. Нима учун қамоққа тушганини ўзи гапирмагани учун, мен ҳам сўрамадим.
– Бола-чақаларингиз ҳам бўлса керак-а, – сўрадим шеригим ҳақида тўлароқ тасаввурга эга бўлиш илинжида.
– Бола бор-у, чақа йўқ, – деди у ҳазилга йўйиб, сўнг Каттақўрғонда хотини, икки ўғли борлигини айтди. Ўғиллари ҳақида гап кетганда, андак фахрланиб ҳам қўйди.
– Айниқса, кичиги жуда шустрий. Ўзимга ўхшайди.
Мен ҳам жиззахлик эканлигим, ҳозир мардикорлик қилаётганимни яширмадим. Шу тариқа бир-биримизга изҳори дил қилдик. Кейин гапимиз тугаб қолди ва Бекнинг таклифи билан, беихтиёр карта ўйнашга қарор қилдик. Шеригим ёнидан карта чиқарди, кафтига қўйиб, чапдастлик билан аралаштирди. Унинг илтимоси билан карта тахламини икки марта буздим. Карта аралаштириш, сузишдаги чаққонлигини кўриб, Бек бу машғулотнинг кифтини келтиришига ишончим комил бўлди. Маҳоратига тан берганимни айтганимда у хижолат чеккан бўлди.
– Қартада устамонликдан кўра тасодиф, омад кўпроқ қўл келади. Ишинг ўнгидан келса...
Уч-тўрт қўл ўйнагандан кейин, у машғулотимиз шавқлироқ бўлиши учун, йигирма тийиндан тикишни таклиф қилди. Мен рози бўлдим. Нўноқроқ ўйнасам ҳамки, қўлим баланд келаверди ва бундан ўзим ҳам ажабланиб, қизиқишим ортаборди. Шунинг учун бўлса керак, Бек эллик тийиндан тикишни таклиф этганда ҳам, ҳеч иккиланмай рози бўлдим. Ўйин охиригача гоҳ қўлим баланд келиб, гоҳ омадим чопмай турди ва беш ярим сўм ютдим. Ютуқни шеригимга қайтармоқчи бўлгандим, у рад ишорасини қилиб, босиқлик билан изоҳ берди.
– Қимор – мардлар ўйини!
Эрталаб Бек ҳам мен билан бормоқчи бўлганда, андак иккиланиб қолдим: хўжайин билан бека менинг бу ўзбошимчалигимга қандай қарашаркин? Аммо бари бир унинг таклифини рад этишга журъатим етмади.
Эр-хотин ишга жўнаш тараддудини кўришаётган экан. Бекни қайтариб юборишмасин деган, ниятда дарҳол изоҳ беришга киришдим: ишни тезлаштириш ниятида уни олиб келганимни уқдирдим. Лекин хўжайиннинг юзидан бирор ифодани ўқиб олишим қийин бўлди.
– Майли, майли, – жонимга оро кирди бека.
Янгамуллонинг ишга киядиган либослари, аниқроғи, ана шу кийимларни танлашдаги юксак диди ҳақида гапирмоқчиман. Йўл-йўл юбкаси ва унга ҳамранг костюми унчалик қимматбаҳо матодан тикилмаган бўлса ҳамки, соғлом, дуркун қоматига жуда ярашиқ, кузги-қишки туфлисининг ранги ҳам ана шу либосига монанд эди. Причёскасини таърифламай қўяқол. Сочини орқага таранг тортиб турмаклагани учун бўлса керак, оппоқ пешонаси янада кенгроқ бўлиб кўринарди. Юбкасининг бели зичлаб боғланганидан, кўкси бўлиқроқ бўлиб кўзга ташланарди.
Улар енгилгина хайрлашиб, чиқиб кетишди. Беканинг гўзаллиги шеригимни ҳам лоқайд қолдирмади.
– Ром, – деди бир оздан кейин, – дунёда гўзал аёллар ҳам кўп-а?! Хўжайинники мазза экан!
Уйда мен тенги ўсмир қолди. Кейин билсам, у хўжа­йиннинг укаси экан. Бу бола кўзимга анчайин олифтанамо бўлиб кўринган, ишимизни бот-бот назорат қилаётган бўлса-да, кейинроқ яқинлашиб қолдик. Тушликда биз билан бирга ўтирди. Акаси қишлоқ хўжалик техникумида дарс беришини, янгаси эса гинеколог-врач эканлигини айтди. Ўзи бўлса -шофёрлик қиларкан.
Биз ғайрат билан ишладик. Бир кунда иккита чуқурни кўмиб, устини текислаб қўйдик. Жўнаб кетишимиз олдидан Бек мени сал хижолатга қолдирганини ҳам айтиб ўтишим керак, албатта. Хўжайин иккаламизга ҳам ўн сўмдан чўзганди, у андак ялтоқланиб, тағин беш сўм қўшишни таклиф қилди, хўжайин айтганини бериб, қўшиб қўйди.
– Эр-хотин иккаламизнинг бир кунлик даромадимиз ўн беш сўмга етмайди.
– Сизларда малохо1  бўлиши керак, – илжайди шеригим.
Хўжайин жавоб қайтаришни лозим топмади. Жавобан менга ҳам беш сўм узатди.
– Йўқ, – дедим, – шу ёғи етарли.
Йўлда Бек мени роса койиди: бошқа мардикорлар йигирма сўм олишини айтиб, мени нобакорликда айблади. Индамай қўяқолдим.
Кечқурун тағин (бу гал менинг таклифим билан) қарта ўйнадик. Ўн сўмлар чамаси ютгач, омадим қочди. Зум ўтмай, буд-шудимни ютқизиб қўйдим. Лекин қарта ўйнашга  бўлган иштиёқим оловланиб қолаверди.
– Бўпти, – дедим, – эрта давом эттирамиз.
– Бугун-чи?
– Пулим қолмади.
Ҳечқиси йўқ, қарзга ҳам ўйнаш мумкин.
Биз тағин давом эттирдик ва чамаси икки соатлар давомида мен шеригимдан эллик сўм қарздор бўлиб қолдим.
Эртаси Бек Боғибаландга боришдан бош тортиб қолди. Негадир уни боришини ўзим ҳам хушламай турган эдим. Дилимда эса ҳамон икки орзу оловланарди: биринчидан, бекани кўриш, унинг беҳудуд гўзаллигидан баҳраманд бўлиш, иккинчидан, тағин қарта ўйнаб, омадимни синаш эди.
Бугун беканинг янгидан-янги қирраларини кашф этгандай бўлдим. Унинг қирра бурни, ҳадемай узилиб тушадиган шабнам томчисига ўхшаган марварид халқаси, бир дона олтин тиши ва сутдай оппоқ юзига ярашиб тушган икки кулгичига, негадир аввал эътибор бермаган эканман. Буларнинг бирортаси бўлмаса, унинг ҳуснидаги кемтиклик сезилиб қоладигандай эди. Олтин тишининг гилосранг лабларида акс этиши, кулгичининг нозик ҳаракати, батамом табиий эди. Яна шуни сезиб қолдимки, янгамулло лабини сира бўямас, юзлари, кўзларига бўёқ тегизмас экан. Андак пардоз берса, яна очилиб кетадими ёки унинг жозибасига путур етадими, буни айтишим қийин эди.
Мен тупроқ ва девор кесакларини бирин-кетин замбалғалтакка ортаман ва зарб билан суриб кетаман. Мечкай чуқурлар уларни комига тортади. Айниқса, янгамуллонинг қораси кўрингудай бўлса, ғайратим ўз-ўзидан жўшиб, бор кучимни ишга соламан.
Кечқурун хўжайин ҳаяллади. Пулга жуда зориқиб турган бўлсам ҳамки, бекага сир бой бермадим.
Бек хумдонга мендан кейин келди. Унинг кайфи бор эди.
– Қалайсан, мардикор, – сал димоғдорлик билан савол берди у ва негадир янгамуллони суриштирди: – Нозанин юрибдиларми?
Менинг сал ғашимми, рашкимми келди.
– Юрибди, – дедим хушламайгина.
– Оёғи жуда гўзал экан, – деди андуҳ билан, – эҳ, менинг ихтиёримда бўлса, кечаси билан ухламасдим. Уни ҳам ухлатмасдим.
– Нима, қарта ўйнаб чиқармидингиз, – ҳазилга бурдим.
– Эҳ, қоқвош, боласан, – деди у ва нописанд қўл силтади.
Биз йигирма бир ўйнадик ва мен тағин эллик сўм қарздор бўлиб қолдим. Ҳарқалай, шеригим ўйинни давом эттиришдан бош тортди. Лекин ижарага кўчиб чиқиш ниятида эканлигини, пул зарур бўлиб қолаётганини ҳам гап орасига қистириб ўтиб, дилимни ғаш этди.
Мен Бекнинг кўзга кўринмас сиртмоғига илиниб қолганимни кейинроқ фаҳмладим. Ҳафта давомида ҳар бир тийинни тежашга тўғри келди. Автобусда билет олмай, кечқурун овқат емай, хўжайиндан олган эллик сўмни Бекка бердим. Аммо қолган қарзни ҳам тезроқ узиб, у билан алоқани камайтиришим кераклигини чуқурроқ ҳис қила бошлагандим. Чунки шеригим мени бўлар-бўлмас ишга югуртирадиган бўлган, измимни батамом қўлга олиш пайига тушганди.
– Бугун ишга бормай қўяқол, – деди у бир куни, – шаҳар айланамиз ишдан бой бўлса, ҳўкиз бойиб кетарди.
Биз кўчага чиқдик, негадир, беихтиёр янгамулломни қўмсаб қолдим. Нигоҳларим ўшанга ўхшаган аёлни излай бошлади. Лекин, афсуски, бозорда ҳам, дўконларда ҳам унақаси йўқ эди. Тўғри, айрим жувонлар нимаси, биландир унга ўхшаб кетарди, аммо яқинроқ борганда, бирининг бурни катта, яна бирининг оёғи ингичка ёки юзига бўёқ чапланган бўлиб чиқарди.
Янгамуллодай бир соҳибжамолни излаётганимни Бек ҳам сезиб қолди.
– Юр, – деди, – янгангга ўхшаган – бир кетворганини кўрсатаман.
Мен унинг ортидан мамнун эргашдим. Сиёб бозоридан чиқишимиз билан бир-бирига ўхшаш қатор қандолат дўконлари бошланди. Уларнинг ташқи кўринишигина эмас, сотиладиган ширинликлари ҳам бир-бирига монанд эди. Целлофан халтачаларга солинган конфетлар, қотиб кетган печеньелар, кекслар...
Биз худди шундай дўкончалардан бирининг қаршисида тин олдик. Бу ерда харидор қўшни дўконлардагидан ҳийла кўпроқ эди. Лекин уларнинг аксарияти асабийроқдай бўлиб туюлди менга.
Мен дўконга назар ташладим ва арзонгина бахмал дўппи кийган кекса яҳудийни кўрдим. Очиғини айтганда, у беўхшов одам эди. Қошлари ўсиб, кўзини тўсиб қўйган, бурни жуда узун, бадқовоқ бир одамни кўз ўнгингизга келтириб кўринг-а. Яҳудийнинг кийимлари ҳам уриниб кетган ва шу ўхшовсиз рўдаполар орасида ўзи ҳам роса ғижимланиб кетган одамга ўхшарди.
Шу пайт дўконнинг орқа эшигидан тахминан ўн етти ёшлардаги бир қиз кириб келди. Унинг жемпири ҳам, бошидаги телпаги ҳам оддийгина эди. Қизни кўриб, пештахта рўпарасидаги кишилар жонланиб қолдилар, уларнинг юзидаги анчайин тунд ифода ўрнини, аллақандай илиқлик эгаллади.
Мен бу қизда, дафъатан янгамуллонинг ёшлигини кўргандай бўлдим: қизнинг кенг пешонаси, оппоқ бўйни ва ҳали яхши етилиб улгурмаган нозик кўкрагини тасвирлаш учун менда сўз ва маҳорат етишмаслигини тан олишим керак. Лекин янгамуллодан фарқли ўлароқ, бу қиз жилла бўлса ҳамки табассум қилмас, бисотида ширин сўз ҳам камчилдай эди. У ҳангоматалаб харидорларнинг ҳожатини тезроқ чиқаришдан ўзгасини ўйламасди.
Биз ҳеч нима харид қилмай йўлда давом этдик. Ҳа, у гўзал эди, лекин буни ҳис қилмас ёки чиройидан ўзи мамнун эмасдай туюларди.
– Бу жуҳуд қизини фақат ойнинг охирида дўконга олиб чиқади, – изоҳ берди Бек.
– Нега? – қизиқдим.
– Шундай қилмаса, плани бажарилмай қолади.
Хаёлларим билан банд бўлиб кетаётганимда, ҳеч қачон ёдимдан кўтарилмайдиган нохуш бир ҳол, аниқроғи, номаъқулчилик юз берди. Шоҳизинда қабристони қаршисида кўзи ожиз қаландар дўнгроқ жойга ўтириб олганича, бу бебақо ва бевафо дунёдан ҳасрат-надомат ўқирди. Унинг олдида белбоғ тўшалган, йўловчилар анча-мунча танга, ҳатто ғижимланган бир сўмликларни ҳам ташлаб кетишганди. Биз индамай ўтиб кетдик. Аммо нарироқ боргач, шеригимнинг нияти бузилди.
– Ром, – деди сирли ва хавотирона – ҳозир орқага қайтамиз. Мен қараб тураман, сен гадойнинг пулини оласан. У кўрмайди. Бирор гап бўлса мен...
– Ундай қилолмайман, – дедим чўчиб.
Бек индамади. Лекин бу жоҳилнинг ана шу сукутида ҳам беҳад интиқом ҳисси намоён эди. У орқага қайтди. Мен ҳам ноилож унга эргашдим. Баттол, заррача иккиланмай гадойнинг қаршисида чўнқайди-ю, қоғоз пулларни олиб, чўнтагига солди. Қаландар эса ҳамон одамларни инсоф, диёнатга чорларди.

«....бировнинг ғийбатин қилманг
Ва ёлғон сўзламанг ҳаргиз!»

Шеригим энди тангаларни териб олишга киришганда, қори унинг билагидан шаппа ушлади. Бек жон талвасасида қаландарни тепиб юборди ва қўлини чиқариб олиб, ўзини одамлар орасига урди. Менинг ҳайратимни бундан ҳам оширган нарса шу бўлдики, қори ўрнидан сапчиб туриб, ғизиллаганича рақибини қувиб кетди. Унинг қалбаки кўрлигини ўйлаб ҳам кўрмаган эдим. Во ажаб! Аммо Бек барибир тутқич бермади.
Кечқурун шеригим мени беҳудуд нафрат билан қаршилади.
– Сен аблаҳ, сволочни сўйиб ташлайман, – деди қаҳрга миниб.
– Нима қилдим, – дедим, аламим бўғзимга тиқилиб.
– Нима қилдим, дейди-я, шўрпешона, дайди ит! Солмайсанми башарасига онангни... кўрни! Ҳамроҳини ёлғиз қолдиришни, сотқинлик дейишади. Кўрнамак!
Мен индамай қўяқолдим. Шу тобда қарзни қисталанг қилса, нима дейман?! Лекин шукурларки, қарзни таъна қилмади, баттол.
Эртаси Бек ишга боришимга монелик қилди.
– Бир ерга меҳмондорчиликка борамиз, – деди сирли илжайиб, – ҳаммомга кириб, тузукроқ кийиниб олишимиз керак.
Ноилож рози бўлдим. Ҳаммомдан чиққач, у ўзига янги шим сотиб олди. Кечга яқин Регистон-Хишрав автобусига миндик. Анчайин қизиқсам ҳамки, ҳамроҳим борадиган манзилгоҳимизни сир тутди. Автобуснинг сўнгги бекатидан кейин ҳам анча пиёда йўл юришга тўғри келди. Кейин йўлни яқин қилиш ниятида шудгор орасидаги ёлғизоёқ йўлга бурилиб, яхлит ва кимсасиз майдон ўртасидаги дала шийпони қаршисида тин олдик. Бу ерда бир нечта «Жигули» ва «Волга» турар, ўрта ёшлардаги киши сихкабоб пиширарди. Шийпон айвонида давлат арбобларининг портретлари, аллақандай мажбуриятлар, сиёсий докладчилар ва атеистлар рўйхати. Ичкаридан эса ғала-ғовур эшитилиб турибди.
– Бизлар Саъдуллонинг жиянлари бўламиз, – деди шеригим кабобпазга салом-аликдан кейин.
– У киши шу ерда, – деди кабобпаз хайрихоҳ оҳангда.
Ана шу гаплар уларнинг пароллари эканлигини ўшанда хаёлимга ҳам келтирмагандим.
Биз ичкари кирдик. Уйчада ўн чоғли киши берилиб қарта ўйнарди. Уларнинг тагига қалин кўрпачалар тўшалган, ёнларига парёстиқлар қўйилган. Мезбонлар бизнинг саломимизга анча совуқ жавоб қайтаришгани, ҳатто ўринларидан ҳам жилишмагани менга ғалати бўлиб туюлди. Тўрда ёнбошлаб ётган, чеҳрасида зукколик аломатлари зоҳир бўлган киши (кейин билсам Саъдулло дегани шу экан) шеригимдан ҳол сўраган бўлди.
– Бек, қалайсан?
– Юрибмиз. Тупроқ устида.
– Бу бола? – у савол назари билан менга синовчан назар ташлади.
– Бу қоқвош – шогирдим бўлади, – жавоб берди Бек.
Саъдулло жавобан шеър ўқиди.
«Бе пир марав дар амони,
Магар ту Искандари замони»1
Ўзини бағоят эркин тутиши, одамларга дашном беришидан ҳам Саъдулло шу давранинг норасмий атамани эканлигини билиб олиш мумкин эди.
Даврадагиларнинг барча диққат-эътиборлари ўртадаги пул билан қартада эди. Сокингина бўлиб кўринган ана шу даврада чигал ички ғалаёнлар, исёнлар давом этаётганини тахминлаш қийин эмасди. Бу мўъжиза майдони кишининг қўлини ғолибона кўтариб юбориши ёки зум ўтмай хону монини куйдириб, кафангадо қилиши мумкинлигини тасаввур ҳам этолмагандим ўшанда.
Улар бир-икки қўл ўйнагач, Бек қўшилишга иштиёқ билдирди. Даврадагилар савол назари билан Саъдуллога қарашди.
– Сан ғирромсан-да, жўра, – деди сардор норози оҳангда.
Шеригим тавба-тазарру қилган бўлди ва ўртага ўн сўм ташлади.
– Майли, қартани янгиланглар, қозилашган қариндош бўлмас, – деди Саъдулло, гарчанд унинг оҳори тўкилмаган бўлса-да.
Сардорнинг ёнида ўтирган жиккак корейс қартанинг янги пачкасини очиб, чаққонлик билан суза кетди. Мен бу ҳолнинг асрорини кейинроқ тушундим.
Айрим қаллоблар қартанинг орқасига, қиррасига тирноқ билан белги қўйишлари ва ғирромлик қилишлари мумкин экан. Шу билан бирга ўзимнинг ҳам лақмаларча алданганимни ҳис этдим. Ахир, қўйнидаги ҳар бир карта олчоқ Бекка таниш бўлиши мумкин-ку!
Аламимни тийиб, атрофдагиларга разм сола бошладим. Саъдулло ўша лоқайд ҳолатини бузмаганча, бепарво қарта танларди. Ютадими, бой берадими – гуё унга бари бирдай эди. Атрофдагиларга тожикча, ўзбекча, русча сўз қотар, бот-бот интизомга, ҳалолликка даъват этарди. Унинг ёнидаги Лигай бўлса ички туйғуларини унчалик ҳам жиловлолмасди. Қўли баланд келиб банкни, яъни ўртадаги чошни йиғиштириб олаётганда, беҳад қувонар, бой берганда бесаранжом бўлаверарди. Лигайга ёнма-ён ўтирган ака Бухор эса ўзини жуда ночор, бечораҳол тутар; нуқул омадсизликдан нолирди. У ҳатто ўртага эга бўлганда ҳам қувонмас, гўёки шундан ҳам нарозидай бўлиб туюларди. Эллик ёшлардаги кўзи қисиқ, ўзи асабийроқ амаки (даврадагилар унга «поччо», деб мурожаат қилишарди), бир-бирига ўхшайдиган икки бойвачча жуда берилиб кетган эдилар. Уларнинг айримлари қарта ва пулдан кўзларини узишга қизғаниб, ўртадаги сихкабобни ҳам пайпаслаб топишарди.
Ўйин охиригача шеригим эллик сўм ютди ва бундан беҳад қувонди. Унинг ютуғи менинг ҳам дилимга аллақандай илиқлик солганди. Қўлимга пул тушса, шу ерга келиб, омадимни синаб кўришга қарор қилгандим, назаримда бу одамлар анчайин мард, ҳалолдай эдилар.
Эртаси Рафиқжон мени кўриши билан одатдагидек, «амақ, амақ», деганича югуриб келиб, бағримга отилди. Янгамулло ҳам мени кўриб қувонди, ҳаяллаб кетишимнинг боисини суриштирди. Мен дам олганимни айтган эдим, у қониқмаган оҳангда давом этди:
– Мен бўлсам, ота-онангизни кўргани кетгансиз, деб ўйлабман.
Бу жувонга ота-онам ҳақида айрим узуқ-юлуқ, дудмал гапларнигина айтган эдим. Уларни деярли соғинмаётганимни тан олганимда, бу жувон надомат билан мени бағритошликда айблаб, дашном берганди. Тағин таъна-маломатлар қилишидан чўчиб, зудлик билан ишга киришиб кетдим.
Ўша куни бир нохуш воқеа рўй берди-ю, бу бокира аёлда ўзига хос ўктамлик ҳам борлигига ишонч ҳосил қилдим. Янгамулло магазинга чиқиб, бир ўзим қолганда, қаерданам Бек пайдо бўлди. Уни кўриб, дилим ғашланди. Шеригим муддаога ўтмас, нуқул хўжайинларни суриштирарди. Уйда ҳеч ким йўқлигини эшитиб, мамнун жилмайди, сўнг пул зарур бўлиб қолганини айтиб, машъум қарзни қувлик билан ёдга солди.
– Шу ҳафта ичида узаман, – қатъий сўз бердим.
Ҳафта ичида, деб юрма, – маслаҳатомуз гап бошлади у, – мен сенга осон йўлини кўрсатаман.
Мен индамадим. Чунки у кўрсатган йўл нуқул нохуш бўлишини яхши билардим.
– Мен атрофга кўз-қулоқ бўлиб тураман, – давом этди у, – ичкари кир: тақинчоқми, янги либосми бўлса олиб чиқ. Боғ эшикдан чиқамиз-у, жўнаб қоламиз. Қорамизни ҳам топишолмайди, аблаҳлар!
Рости гапки, қўрқиб кетдим. Ҳамроҳим буйруқ оҳангида давом этди.
– Анқовсирама! Тез бўл! Шустрий бўлиш керак! Бирортаси келиб қолмасин. Сандиқларни, бўхчаларни оч – аёллар атлас-патласга ўч бўлишади.
– Йўқ! – бош тортдим, – кирмайман!
Унинг қовоғи баттар осилди. Атрофга бот-бот асабий ва хавотирона назар ташлай бошлади. Ҳозир ишни қўйиб, ўзи уйга кириб кетса, қандай йўл тутаман, деб турганда баттол мени бурчакка тиқиб борди-ю, бўйнимга пичоқ тиради. Ҳозир ўлиб қоладигандай даҳшатга тушдим.
– Кирасанми, йўқми, сволоч, – таҳдидона сўради у.
Мен розилигимни бўйнимга олиб, бош силкидим. Шу пайт кутилмаган ҳол содир бўлди. Жаллод шеригим пичоғини ғилофига солишга улгурмай, остонада бека пайдо бўлди. Ўзи ғазаб оғушида эди, қўлида белкурак бор эди.
– Нима гап? Қаҳрли нигоҳларини Бекка қадади у.
– Пулимни бермаяпти, – айбни менга тўнкамоқчи бўлди шеригим.
– Пул? Қанча?
– Юз сўм.
– Ёлғон, эллик сўм, – дедим ўпкам тўлиб.
Янгамулло бир лаҳза иккиланиб турди. Сўнг юмшаган бўлди.
– Мен ҳозир топиб келаман, – деди ва шошилинч чиқиб кетди. Бек хавотирга тушди.
– Бу ойимтилла милицияга кетган бўлмасин, тағин?!
Мен индамадим. Кўп ўтмай янгамулло тағин остонада пайдо бўлди. Унинг овози ҳамон қалтирарди. Менга пулни чўзиб (билишимча қўшни аёлдан қарз олиб чиқди) шеригимга беришни тайинлади.
Бек пулни санаб олди-ю, сирғаниб чиқиб кетди. Янгамулло ҳамон қаҳридан тушмаганди. У ташвиш билан у Бекнинг кимлиги, у билан алоқамни суриштирди.
Кечқурун ишни битириб, хумдонга қайтиш тараддудини кўраётганимда, янгамулло мени йўлдан қайтарди.
– Кетманг! Шеригингиз ёмон одам экан. Мана бу хоналардан бирини жиҳозлаймиз, шу ерда яшайверасиз.
Лойсувоғи батамом қуриб улгурмаган, поллари лопиллаб турган уйчага майда чўян печка ўрнатдик. Бека каравот, кўрпа-тўшак топиб берди. Шу тариқа бу даргоҳнинг ўз одами бўлиб қолдим.
Энди мен янгамуллонинг гўзаллигига эътибор беришдан умуман хижолат чекадиган бўлгандим. Чунки у меҳрибон опамдек, менга яқин бўлиб қолганди. Уйимиз, хумдонни ҳам бора-бора унута бошладим. Аммо дала шийпони сирли бир сароб янглиғ, ҳамон хаёлларимдан кетмас, ўзига чорлагани чорлаган эди. Мени ногаҳоний омад кутаётгандай бўларди ўша кўримсиз, лекин мўъжизакор шийпонда.
Бир куни янгамулло хушчақчақ кайфиятда кириб келди. Анчайин майда-чуйда кўтариб келишидан, бугун маош олганлиги сезилиб турарди. У мендан ўзгача бир оҳангда ҳол-аҳвол сўрагач, бешта ўн сўмликни узатиб, тайинлади.
– Ромэнжон, мана буни олинг-у, майда-чуйда харид қилиб, уйингизга бориб келинг. Ота-онанинг қадрига етиш керак.
Мен бош силкиб маъқулладим ва беихтиёр ота-онамни ўйладим. Дарҳақиқат, бечораларнинг гуноҳи нимада? Нега ҳаётда бунчалик азият чекишлари керак улар? Дарҳақиқат, уларни топиш – менинг фарзандлик бурчим.
Эртаси йўлга отландим. Аммо Регистонга бориб, лаънати шийпон янада сеҳрлироқ куч билан дилимни ўртантира бошлади. Сўнг Жиззахга борадиган машинани кутмай, яна Хишрав томон йўл олдим.
Қозон бошида бир шопмўйлов киши уннаётган экан. У менга гумонсираб тикилди.
– Мен Саъдулло аканинг жияни бўламан, – таниш каломини қўлладим.
У хайрихоҳ жилмайди.
Давра мени одатдагидек, совуққина қаршилади. Бу гал менга таниш кишилардан ташқари аллақандай орден тақиб олган бир амаки ҳам бор эди. Одамлар унга «амак» деб мурожаат қилишарди. Ўйин авж пардада давом этарди.
Бир давра ўйиндан кейин ўртага ўн сўм ташладим. Банкир1  менга ҳам тўртта қарта тутқазди. Қўлим ўртача бўлса-да, умид билан ўйинга шўнғиб кетдим. Ҳадемай шавқовар ҳангома мени ўзининг сеҳрли оғушига олди.
Икки ўйинда Лигайнинг қўли устма-уст баланд келди. Мен гоҳ бой бериб, гоҳида ғолиб келиб, ўйин охиригача ўттиз сўм ютдим. Бу – ака Бухорнинг ўша кунги даромадига (у икки минг сўмдан кўпроқ ютуқ соҳиби бўлганди) нисбатан денгиздан томчи бўлса ҳамки, дилимга катта қувват ато этганди. Бугун ўттиз сўм ютдимми, демак келажакда ўттиз минг ҳам олиб кетишим мумкин, деган далдакор умид қанот ато этганди менга.
Уйга қайтгач, янгамуллога ёлғон тўқидим:
– Ойимлар кўчиб кетишибди. Қаёқа кетишганини қўшнилар ҳам билишмаскан...
Ёлғон гапимни дадиллаш учун анча қийналганимни гапириб, ундан маслаҳат сўраган бўлдим.
– Мантиқни мададга чақириш керак, – деди у сирли сукунатдан кейин.
– Қандай, – мағзини чақолмадим унинг гапини.
– Уларни излаб топиш керак!
Тағин икки кундан кейин сармоям уч юз сўмдан ошди. Олам кун сайин кўзимга мунаввар бўлиб борарди. Ҳатто янгамулломнинг ҳам янгидан-янги жозибаларини, дилни ўртантирувчи ноёб қирраларини кашф эта бошладим. Менинг назаримда, унинг оппоқ юзи, қирра бурни, адл қомати европача эди-ю, кийиниши, андиша ва ҳаёси осиёча эди. Ана шу мужассамлик, уйғунлик уни яна ҳам мукаммал қилиб юборганди.
Ўша куни айвонда Рафиқжонни ўйнатиб ўтиргандим. Қўшни аёл боғ эшигидан кириб, одатдагидек: «Дўсрў келин, дўсрў келин», деб чақирди. Янгамулло югуриб чиқди ва улар қувонч билан ўпишишди. Бу қўшни аёл ҳам ёшлигида сулув бўлганлигини англаб олиш қи­йин эмасди. Аммо шафқатсиз йиллар ўз ишини қилганди: унинг ёноқларида ажин пайдо бўлган, кўз остилари андак салқиганди. Ростини айтсам, бу ҳол дилимга мавҳумгина ғашлик солди. Қамчидай қарсиллаб юрадиган янгамуллом ҳам вақти келиб, анча шу аёлдай сўлиб қолади, деган нохуш хаёлдан ўкиниб кетдим.
Ҳадемай беканинг завқ-шавққа тўлиб гапга киришиб кетиши мафтун қила бошлади мени. Йўқ, уларнинг нима хусусда гапиришаётгани мени заррача қизиқтирмасди. Ана шу мулоқот пайтида беканинг жозибаларга лиммо-лим нозик ҳаракатлари, имо-ишораларидан батамом сеҳрлангандим. У гапга киришиб кетгач, гоҳида монолог ўқиётгандай завқ-шавқ билан тўлиб-тошиб гапираётгандай, гоҳида ним табасум ила бошини мастона тебратар, шакаргуфторлик қиларди. Бу ҳол ҳам узоқ давом этмас, ҳадемай лабларини чуччайтирар, ногаҳонда қорачиқлари оловланиб кетарди. Нималарнидир маъқуллаб ёки инкор этиб, оппоқ нозик бармоқларини ҳаракатга солганда, рақс тушишга тараддуд кўраётган соҳибжамолга ўхшаб кетарди. Суҳбатдошини лутф билан тинглаганида, ҳам юпқа ва ҳақиқ лабларига туташ кулгичлари яққол кўзга ташланиб, табассумида ўзгача бир малоҳат ва самимият барқ урарди. Шу тобда бу вужудга четдан зоҳиран назар ташлаган киши беканинг бағоят хушқилиқлик билан бир меъёрда бот-бот бош тебратишини кўриб, суҳбатдошини тинглай билиш ҳам ўзига хос санъат эканлигига ишонч ҳосил қилар, ундан алланималарни ўргангиси, таассуб этгиси келарди.
Гўзал, ҳам гўзал эди буларнинг бари. Бу жозиба олдида, ҳатто «гўзал» деган каломнинг ўзи ҳам андак ғариб ва қашшоқдай бўлиб туюларди.
Бу гал шийпонга катта умидлар билан тўлиб-тошиб келгандим. Аммо таасуфлар бўлсинким, бу балои азимлар зуд ўтмай, буд-шудимни ютиб олишди. Алам суяк суягимдан ўтиб кетди. Ҳатто чойхоначини ҳам рози қилолмадим.
Шундан кейин бу ярамас шийпонга қадам қўймасликка қарор қилдим. Паспорт олиш, ишга жойлашиш, ота-онамни топиш сингари инсоний бурчларни адо этиш истаги юзага қалқди. Лекин бу дунёда ақл бовар қилмайдиган ва ақлга бўйсунмайдиган ҳолатлар озмунча эмас: кўп ўтмай, ўша бадбахт шийпон сеҳрли бир маскандай, жавоҳир тўла афсонавий ғордай ўзига чорлай бошлади. Иштиёқим кундан-кун оловланар, пулсизлик сиртмоғи янада шафқатсизроқ исканжасига оларди.
Батамом пулсиз қолган дамларингизни ўзингиз ҳам бир эсланг-а. Муҳтожлик, деб аталадиган, малъун қора куч силлангизни қуритади, ҳиқилдоғингизни бераҳмлик билан бўғади. Мен учун эса пул фақат ночорликдан қутқарувчи халоскоргина эмас, балки бири – минг бўлиш эҳтимоли бўлган омад калити эди. Мен янгамуллонинг чиройига эътибор ҳам бермай қўйгандим, миямнинг миллионлаб хўжайралари бир фикру зикр – пул топиш билан банд эди.
Гоҳида кўнглим нохуш кўчаларга кирар, бирор нарсани ўмариб, пуллашни ҳам режалаштириб қолардим. Аммо бу қилмишимдан бека воқиф бўлса, ғурурим ер билан яксон бўлишини ўйлаб фикримдан қайтардим.
Шундан хомуш кунларнинг бирида дилимда умидбахш нур йилтиллаб кетди, хўжайин эллик сўм чўзиб, ота-онамни дараклашни маслаҳат бериб қолди. Бу ўзининг гапи эмас, хотинининг қистови эканлигини дарҳол фаҳмладим. Лекин шу топда менинг отам ҳам, онам ҳам қарта ўйнаш эканлигини тасаввур қилиб кўролмасди у.
Бу гал фантомас ўйнайдиган бўлдик. Мен учун нотаниш бўлган ана шу ўйиннинг сир-асрорларини обдан ўрганиш учун алламаҳалгача индамай одамларнинг ҳис-ҳаяжонларини кузатиб ўтирдим. Фантомас деган ўйинда учтадан карта улашишаркан. Кимнинг қўли баланд бўлса, яъни тасарруфидаги карталарнинг умумий йиғиндиси салмоқли чиқса, банк ўшаники экан. Жуда жўндай. Шундай эмасми? Аммо, бу ўйиннинг нозик томонлари кўплигини ҳам фаҳмлай бошладим. Чунки қўли анча баланд ўйинчи ҳам доғда қолиши ҳеч гап эмас экан-да. Масалан, учта ўнлик келса-ю, рақибингизнинг кафтида шунча еттилик тушиб қолса, у ғолиб чиқаркан. Учта тузи бўлган қиморбоз эса, уларнинг иккаласини ҳам доғда қолдириб кетаркан. Шунинг учун ҳам бу ўйинда асосан омадга суяниш мумкин экан.
Одатдагидек, Саъдулло қарта улашиши билан асаблар таранглашиб, ҳазил-мутойибага чек қўйилди. Очкўз, харис нигоҳлр карталарга қадалди. Йўқ, бу ҳаннотларнинг юз ифодаларига заррача ишониб бўлмасди: кишининг раҳми келадиган даражада бечораҳол бўлиб ўтирган мана шу ака Бухорнинг қоқсуяк бармоқлари орасида нуқул тузлардан иборат катта ютуқ яширин бўлиши ҳеч гап эмас. Сохта табассум қилаётган Бек, Лигай ёки почча жар ёқасида турган бўлиши, ҳадемай хонумони куйиши жуда ҳам мумкин.
Даврада ўша асабий, қисқа каломлар бир оҳангда янграйди. «Ё жамшид!», «Гарткам», «Давай», «Навбати ки?!» Қарта ёки банкни олаётганда, бармоқлар ва овозларнинг қалтираб кетиши, ногаҳоний зарбадан надомат билан тебранган бошлар, дард билан инграшлар ёки ногаҳоний қаҳ-қаҳалар.
Ўртага мен ҳам ўн сўм ташладим. Ҳадемай бор пулни Саъдулло йиғиштириб олди. Бу гал ҳам қўлимга тузли карта тушмади. Давра тахминан уч-тўрт бор айланганда, менга ўнлик, валет (қарға) ва еттилик тушди. Бу – энди чинакам омад эди. Ўртадаги  саксон сўм сўзсиз – меники! Лекин омад шундай юз кўрсатганда, саксон сўм билан қаноатланиб қолиш бориб турган гумроҳлик бўлур эди.
Ҳаяжонимни яшириш учун бошимни хам қилиб олдим. Нима бўлса ҳам қўлим билан чўнтагимни бу қашқирлардан сир тутишим шарт эди. Ҳадемай кураш майдонида Лигай, амак ва ака Бухор тўртталамиз қолдик.
– Ўтдим! – деди ака Бухор ва ўртага юз сўм ташлади.
Мен, негадир сесканиб кетдим. Лекин банкдаги улуш кўпайганидан қувондим ҳам. Наҳотки, бу ипирисқининг қўли меникидан баланд бўлса, деган шубҳа келди хаёлимга. Кейин кутилмаганда, Лигай ҳам, амак ҳам юз сўмдан қўшишди. Менинг чўнтагимда эса сариқ чақа ҳам қолмаганди. Дилимни нохуш ғусса босиб келабошлади. Қўлим шундай баланд келиб турганда, наҳотки...
– Биродарлар, – илтижо қилдим, – мени қарздор қилиб туринглар! Худо хайрларингни берсин!
Улар заҳарханда қилишди.
– Иби, иби, – деди ака Бухор, – о, қартани пули бор одам ўйнайди-да, дардингни олай!
Ярамас Бекнинг пичинги ундан ҳам ошиб тушди.
– Ром, пулинг бўлмаса, янгангни тикиб қўяқол. Бизга ўша жонон ҳам бўлаверади.
Вой, тубанлар-эй! Оғзим ошга текканда, ўйиндан чиқариб юборишди-я! Қўли меникидан анча паст бўлса ҳамки, бор пулни Лигай йиғиштириб олди.
Шу ярамас шийпонни унутиб, ишга, ўқишга киришга; ота-онамни топишга қатъий қарор қилдим бу гал. Лекин тезда шу ҳақиқатни англадимки, «иккинчи Бомбей»да омад дарчаларини бирма-бир очадиган қудрат фақат пул ва яна пул экан. Паспорт учун рўйирост беш юз сўм сўрашди. ВАЗ устахонасига ишга жойлашиш учун ҳам тахмина шунча «малахо» чўзишга тўғри келаркан.
Аммо, айрим тасодифлар сабаб бўлиб, ҳаётимда силжишлар бўла бошлади. Янгамулло бозорга сабзи, пиёз харид қилгани юборганди ўшанда. Бозордан шундай чиқдим-у, гўшт дўконида Саъдуллони учратиб қолдим. У гўштни лахта-лахта қилиб кесиб, қанорага илиб қўйганди. Пештахтада эса кўзлари олайиб қолган буқанинг беўхшов боши. Харидорлар гавжум эмасди,  лекин бу билан юзма-юз бўлганларини, деярли қўлдан чиқармасди. Харидор кўз қирини ташлаган жойидан лахми узунасига кесиб, кўз-кўз қилганича тарозига қўяр, унинг салмоғи ҳам кўпинча, мўлжалдагидай бўлиб чиқарди.
Ҳа, жўра, кел, – ниҳоят мен томон юзланди у, қўли андак бўшаши билан.
Мен нима дейишимни билмай, дудуқландим. У орқа эшик томон имлади.
– Шийпонга келмаяпсан, – қизиқди ичкари кириб, курсидан омонатгина жой олишим билан.
– Чатоқ... чўнтак.
У индамай, тағин гўшт сотишда давом этди. Саъдулло ўз ишини обдан биладиган, қадрлайдиган қассоблардн эканлиги сезилиб турарди. Саранжом-саришта ишлар, гўштни сариёғдай текис ва осон кесар, катта суякларни ҳам болта билан бир уришда мўлжалдагидай иккига бўларди.
– Менга қара, жўра, – деди бу гал харидорлар санжомлашгач, – бирор ҳафталик ёрдамнинг керак. Харкалла1  шогирдим ўқишга кетиб қолди.
– Нима иш қиламан, – қизиқдим.
– Бозордан мол олиб келамиз, сўямиз.
Мен дарҳол рози бўлдим ва у билан салкам ўн кун астойдил ишладим. Саъдулло билан бўлган кунларимни батафсил ёзиш унчалик шарт эмасдир, аммо шуни таъкидлаб ўтишим зарурки, бу қиморвоз қассоб валломатлиги, жўмардлиги билан менга ёқиб қолди. Паспорт олиб, ишга жойлашиш учун минг бир андиша-ю ҳижолатвозлик билан беш юз сўм қарз сўраган эдим, вазиятини зарра ўзгартирмай, тортмасидан бир пачка пул олиб берди.
– Бойиб кетсанг, қайтарарсан, – деди қўл силтаб.
Негадир, кўзларимга ёш қалқди. Ҳаёт йўлимни топиб олишда шу бир пачка (минг сўм) пул нақадар асқотишини айтиб ўтишим ортиқча. Лекин шуниси жуда ғалатики, орадан бир кун ўтгач, паспорт ҳам, иш ҳам ҳаётим учун иккинчи, учинчи даражали вазифага айланиб қолди. Бу пул билан шийпонда масрур ўтириб, тағин омадни синаб кўриш орзуси пайдо бўлди менда.
Одатимга кўра, бу гал ҳам дарҳол қўшилиб кетмадим. Банкдаги пул уюми кўпайиб, даврада шовқин кучайгач, ўртага улуш қўшдим. Иккинчи қўлда саксон сўм меники бўлди. Ваҳоланки қўлимдаги қарталар унчалик мақтанадиган эмасди. Ишончли қарталарга эса ўйин охирларида эга бўлдим. Икки еттилик ва валетдан иборат эди улар. Қўлим ҳамманикидан устунлигини дилдан ҳис этдим.
Одамлар бирин-кетин чекина бошладилар. Даврада Саъдулло, Амак, Лигай тўртталамиз қолдик. Навбат менга келганда, ўтдим ва юз сўм ташладим. Ёнимда ўтирган Амак жонланди. Билмадим, менинг бу ҳаракатим ҳамиятига тегдими ёки қўлига ишондими, ҳайтовур андак писанда билан юз сўм қўйди. Қолганлар ҳам ўзларини четга олишмади. Шу тариқа давра икки-уч айланганда, Саъдулло қарталарни очишни таклиф қилди. Мен салкам уч минг сўмлик хирмонни йиғиштириб олдим.
Ўйиндан ташқари бўлса ҳамки, ака Бухоро одатдагидек зорланди:
– Иби, о бизани кафангадо қилдинг-ку, дардингни олай.
Бек ҳам ялтоқланиб, қўлимга оч эчкидай умидвор боқди.
Ана шу сармоя бир ҳафтадн кейин ўн уч минг сўм олиб келишини хаёлимга ҳам келтирмагандим ўшанда,. Менинг кўзимга картадан бўлак ҳеч нарса кўринмайдиган, ҳатто тушларимга ҳам шудгор ўртасидаги ўша сеҳрли шийпон бот-бот кириб турадиган бўлди.
Галдаги ўйинлардан бирида нима бўлди-ю, бефаҳм почча билан ярамас Бек жанжаллашиб қолишди. Фикру зикрим картада бўлгани учун улар нима боисдан ғижиллашиб қолганини англолмадим. Ниҳоят, Бек қизишиб кетиб, поччанинг иззат-нафсига тегди.
– Сен, аблаҳ келгинди, тожиклардан қолган хотинни олиб юрибсан.
– Ярамас, – ўшқирди поча ҳам; унинг гапини бўлиб, – сен манглайи қора инсон бўлмаганингда, синглингни қиморга тикиб, ютқазиб қўймасдинг!
Бек пичоғига қўл чўзди. Унинг билагидан тутиб қолишди. Мен зимдан Саъдуллога разм солдим. У ўзини бепарво тутишга ўринаётган бўлса ҳамки, бу ҳолдан ғазабга минганини англаб олиш қийин эмасди.
– Жўралар, – деди икки жанжалкаш тин олгач, – энди тирамогача1  танаффуз қиламиз. Колхозчилар далага чиқишади. Шийпон уларга керак.
Қартавозлар норозиликларини яширишмади. Аммо сардор гапидан қайтмаслигини улар яхши билардилар. Шунинг учун бўлса керак, кўплар почча билан Бекка заҳарларини сочишди.
Шундан кейин мен бекор қолиб, бошқа юмушлар билан шуғулландим. Паспорт олдим, ВАЗ устахонасига ишга жойлашдим. Лекин белимга боғланган ўн беш минг сўм кўп ўтмай, мени турфа кўйларга солишини тасаввур ҳам қилиб кўролмасдим. Хаёлимдан эндигина унут бўлган туйғуларим тағин жумбушга келиб, янгамуллони беҳудуд дард билан қўмсайдиган, излайдиган бўлиб қолдим. Зотан энди менга завқ-шавқ ато этадиган ўзга машғулот ҳам қолмаганди. Қарта ўйнаш шавқидан маҳрум эдим, ишимни ёқтирмасдан, ота-онамни эса деярли унутгандим. Бунинг устига мазкур даргоҳнинг мардикори эмас, анча эрка меҳмонига айланиб қолгандим. Уйга майда-чуйда олиб келишдан ташқари, икки бор мардикор ҳам келтириб, йўлакларга бетон ётқиздирдим. Мендаги бу ўзгаришлардан янгамуллонинг ҳайрати ошган сари менинг унга бўлган меҳрим ҳам ошиб борарди. Аниқроғи, мен уни севиб қолгандим. Гоҳида туни бўйи у билан бирга бўлишни ўйлаб чиқардим. Назарида беканинг ўзи ҳам бунга мойилдай эди.
Бир куни ҳовлида ёлғиз қолдим ва ўша гўзал сиймони дард билан қўмсай бошладим. Бу истак дақиқа сайин оловланди ва лоақал унинг либосларини кўриш, ўзига хос муаттар ҳидидан баҳраманд бўлиш ниятида сирғаниб, хобгоҳига кирдим. Хона хийла торлиги учун бўлса керак, қўшкаравот уйнинг нақ ярмини ишғол этганди. Крахмалланган чойшаблар шу қадар оппоқ ва силлиқ эдики, қўл тегизгудай бўлсангиз, мутаносиблик бузилишидан хавотирга тушардингиз. Тошойна олдида атр, упа, тароқ. Жажжигина биллур қадаҳга солинган тилло тақинчоқлар. Мен саркаш туйғуларимни жиловлолмай, алланимани излашга киришдим. Лекин нимани излаётганимни ўзим ҳам билмасдим.
Ниҳоят, тошойнанинг пастки тортмасидан беканинг оппоқ сийнабандини топдим. У жуда оппоқ ва каттагина эди. Мен энтикиб кетдим. Шаҳвоний туйғўларим исён қила бошлади. Қаршимда каравотда ярим яланғоч ҳолда ётган сертабассум янгамулло гавдаланди.
Ҳа, мени бунчалик айблашга шошилмаслигингизни сўрардим. Ҳали бирорта аёлни оғушига олмаган бўйдоқнинг ҳис-тўйғўлари, эҳтирослари сиз учун бегона бўлмаса керак?
Кейин нимадандир чўчиб кетдим ва хижолат тортиб, ташқарига чиқдим. Бу бачкана ҳаракатимдан ҳижолат бўлиб юрдим: бебошликларимни тийишга қарор қилдим.
Аммо унинг рухсори яна тинчимни ола бошлади. Бу соҳибжамол менинг ягона саробимга айланиб қолганди. «Ўн беш минг сўм пулим борлигини билса, менга майл қўяр». Бу фикр бошимга бежизга келган эмас. Юз эллик сўм маош учун саҳармардондан ишга отланадиган, ўзининг камалакранг жозибасини ҳам унутиб, кун бўйи меҳнат қиладиган аёл учун ўн беш минг ҳазилакам пул эмас-ку, ахир?!
Паришон хаёлларим билан сарбасар бўлиб юрган ана шундай кунлардан бирида, янгамулло қоматига чиппа ёпишиб турадиган чарм камзули (коженкаси)ни кийганича, ўғлини етаклаб, хонамга кириб келди. Мен бир лаҳза каловланиб қолдим, лекин ўзимни тутиб олиб бойваччалигимни билдириш учун ўнғай вазият излай бошладим. Бека эса қизим сенга айтаман, қобилида иш тутиб, ўғлига шакаргуфторлик қиларди.
– Рафиқжон, катта йигит бўлсанг, сен ҳам шу амакингга ўхшаб мен билан дадажонингни ташлаб кетмайсанми, а?
– Янгамулло, – унинг сўзини кесдим, – маошингиз ҳали ҳам юз эллик сўмми?
Томдан тараша тушгандай, ногаҳоний саволимдан у ажабланди. Индамагач, давом этдим.
– Менда ўн беш минг бор. Керак бўлса, марҳамат!
Белбоғимни ечиб, унинг қаршисига ёзиб қўйдим.
– Қаердан олдингиз? – кўзлари катта очилиб, хавотирона оҳангда сўради у.
Мен унинг юзига боқиб, ўта жиддийлашганидан, чеҳрасидаги кулгичлари батамом йўқолганини кўрдим.
– Қиморда ютдим.
Беканинг авзойи баттар бузилди. Мен кутган ҳолнинг батамом акси рўй берганини кўриб, ўзим ҳам ноўнғай ҳолга тушдим. У индамай чиқиб кетди ва шу дақиқадан эътиборан мен учун етти ёт бегонага айланиб қолди.
Кечқурун хўжайин ҳам мен билан ўзгача оҳангда сўзлашди. Унинг наздида бетайин ва шубҳали бир одамга айланиб қолган эдим. Жуда алам қилди. Тўғри, хўжайин кўчиб кетишимга шаъма ҳам қилган эмас, аммо бир неча дақиқалик суҳбатдан кейин бу даргоҳдан насибам узилганига ишонч ҳосил қилдим. Мавҳум ва тушкун бир ҳолатда қолгандим. Зотан севган машғулоти, меҳр қўйган одами даргоҳидан жудо бўлиб, қўли ҳар томондан узилиб қолган кишининг ҳолатини тасаввур қилиб кўриш унчалик қийин эмас.
Шаҳардан квартира дараклаб юрганимда, янгамулло тағин жонимга аро кирди.
– Сизнинг ўрнингизда бўлсам, Амэт бобонинг ҳовлисини сотиб олиб, ота-онамни кўчиртириб келардим, – деди.
Амэт бобнинг ҳовлиси автобус бекатининг шундайгина тўғрисида. Чол Қримдан ҳовли харид қилгани, бу ердаги уйини сотишга қўйгани қулоғимга чалинганди. Аммо уни сотиб олиш хаёлимга келмаганди. Фикрим анчайин паришон бўлгани учун индамай қўя қолдим. Ҳарорат бўлса, тупроққа тушган уруғ, албатта, униб чиқади. Назаримда менинг дилимда ҳам аллақандай илиқлик бор экан, шекилли, янгамулло яхши ният билан сочган уруғ ниш ота бошлади. Бояқиш ота-она ҳақида яна бош қотирадиган бўлдим. Ёлғиз ўғил сифатида аллақандай надоматлар мени қийнай бошлади. Бечора ойим ўз ҳовлиси бўлишни, унинг топ-тоза ваннасини дард билан орзу қиларди.
Хуллас, ҳовлини савдолашдик ва буд-шудимни санаб бериб, Жиззах томон йўл олдим. Аммо уйга келиб, дилимдаги ҳудудсиз ҳаяжон ўрнини ногаҳоний ғусса босди. Ота-онам бу даргоҳдан аллақачон кўчиб кетишган экан. Қўшнилардан тайинли жавоб ололмагач, уларнинг ишхонасига бордим. Кадрлар бўлимидаги аёл дадам билан ойим ажрашиб кетишганини айтиб, дилимни баттар хуфтон қилди.
Ҳурматли редакция! Мана, уч ойки, уларни излайман. Бормаган жойим, даракламаган одамим қолмади, десам ишонаверинг. Ишхонамдагилар бу хусусда газетага ёзишимни маслаҳат беришди. Мен саргузаштларимни дафтарга тушириб, сизларга юбордим.
Ота-онамнинг даракларини топиш ва фарзандлик бурчимни адо этишимга ёрдам берарсизлар деган умиддаман
Эҳтиром ила: Ромэн Шомуродов. Самарқанд.