суббота, 1 декабря 2018 г.

БИРИНЧИ ҚИСМ


БИРИНЧИ КИТОБ

 БИРИНЧИ ҚИСМ
БИРИНЧИ БОБ

САЛОМ, ҲАЁТ!

 Ниҳоят, бугун – 1970 йилнинг 1-июнь куни, нақ туш маҳали дунёга келдим. Қани, ҳаёт деганларини ҳам бир кўрайлик-чи, қанақа бўларкан?!
Илк бор ҳис этганим, вужудимдаги зирқироқ оғриқ ва мен ҳали кўникмаган совуқ муҳит эди. Овозим борича чинқириб йиғлай бошладим. Кимдир мени даст кўтариб олди ва илиққина сувда чўмилтирди. Фарёдимга эса ҳамон қулоқ солишмасди.

– Уч ярим кило, – деди мени тарозига қўйган ҳамшира шеригига.
Аслида мен сал кам тўрт кило эдим. Кўра-била туриб, тарозидан уриб қолишди-я! Дунёга келганим заҳоти оғриқ, совуқ ва қаллобликка дуч келаман, деб ўйламагандим. Бундай пайтда йиғламай куласанми киши?!
– Намунча бақиради бу, – деди жавобан доя опа жеркиганнамо қилиб, – истасанг шу...
– Буни ҳаёт дебдилар – чидаш керак, – давом этди иккинчиси. Сўнг мени оппоқ чойшабга ўрашди. Мазза қилиб ухладим.
Уйғонсам, бир талай чақалоқлар орасида ётибман. Уларни сизга таништирардим-у аммо номларини билмайманда. Зотан номларини бу нодон чурвақаларнинг ўзлари ҳам билишмайди. Чунки уларга ҳали ном қўйилган эмасда! Менинг исмим ҳам баҳслироқ. Уйимиздагилар ҳануз бир тўхтамга келолмай ҳалак. Агар ҳақиқатдан ҳам ўғил бўлиб туғилсам, бувим Иброҳим бўлишимни, дадам Зарафшон, ойим Улуғбек деб аталишимни исташади. Менга эса барибир.
Ажабо! Ёнимдаги қизалоқ нега чинқириб йиғлаяпти экан-а? Йиғлоқи. Бу ёнимдагиси ҳам бошлади... Демак мен ҳам кўпчиликдан четда қолмаслигим керак! Ҳаммамиз жўр бўлиб йиғлаётган эдик, доя опалар келишди-ю, бизни кўп кишилик аравачаларга юклашди. Сўнг номерларимизга қараб, ойимизга улашиб чиқишди...
Бемажолгина бўлиб ётган ойим мени авайлаб бағрига босди. Энтикиб кетди, қувончдан бўлса керак, кўзларига ёш олди. Мен мазза қилиб сут ичдим.
Она сути. Бу ҳароратли неъмат илк бор бўм-бўш ичакларим, ҳувиллаб ётган ошқозонимни тўлдирди. Назаримда олам мунаввар бўлиб кетди. Яна ухладим.
*  *  *
Бугун уйга кетармишмиз! Эҳ, нақадар соз! Ҳаммадан ҳам ойимнинг шодлиги беҳудуд.
Каминага рухсат беришдан олдин врач аллақандай ҳужжатларни тўлдирди. Кеча дадам олиб келган туғилиш гувоҳномамни очиб, эшитилар-эшитилмас уқиди ва дафтарига қайд эта бошлади.
– Раҳматов, Улуғбек Нусратович. Жинси–эр. Туғилган жойи – Самарқанд район, Даштаки боло қишлоқ совети. Ҳа, тузук.
Тузук эмиш. ғалати-ку бу– катталар. «Эр» деб ёзишганини ҳам кечириш мумкин. Аммо туғилган жо­йим масаласи ҳам чалкаш. Камина Самарқанд шаҳридаги биринчи туғруқхонада дунёга келганимни барилари балодай билишади-ку! Нега энди кўра-била туриб нотўғри ёзишади?
Майли, садқаи асаб!
Майли, хайр, киндик қоним тўкилган даргоҳ!
Хайр, оқ халатли меҳрибонлар!
Мени ҳамшира опа кутариб олиб, худди ўзи туққандай тантанавор йўл бошлади. Ойим ички бир ҳаяжон, беҳудуд бир энтикиш билан бизга эргашдилар.
Эҳ-ҳе, ташқари нақадар кенг, ёруғ, сарҳадсиз... Бўсағада бизни анчайин киши кутиб ўтирган экан. Энг аввал одмигина кийинган кампир (бувим бўлсалар керак) биз томон интилиб, ойимнинг пешанасидан ўпдилар, кейин каминанинг. Ҳамшира опанинг чўнтагига бўлса аллақандай увада қоғозни солиб қўйдилар. Дадам андак каловланиб тургач, қўлларидаги гулни ойимга тутқаздилар. Унинг ҳиди, дилкаш бўёқлари сержило эди. Шофёр амаки машинасини бизга яқин
тислаб, эшикни очди. Мени авайлабгина кўтариб олган бувим олдинги ўриндиққа, қолганлар эса орқага ўтиришди. Машина катта йўлга тушди. Кўча кенг, узун гавжум эди. Серташвиш одамлар, ғизиллаган машиналар бир-бирларига гал бермай саросималанишарди.
Кабинадагилар нуқул кулишади. Хазил-мутойиба қилиб, ойим билан каминага ҳамду санолар ўқишади? Назаримда ҳаёт деб аталган бу дунё жуда хушчақчақ қурилгандай. Омон бўлсак, кўраверамиз.
Мен узун йўл ҳақида ўйлайман: у олисмикин, қийинмикин?! Шу хушфеъл ва сертабассум одамлар менга ҳамиша ҳамроҳмикинлар?!
Уйимизда анча-мунча киши кутиб ўтирган экан. Улар ҳам хуррамлик ва ҳаяжон билан бизни қуршаб олишди, ойимни қайта-қайта муборакбод этишди, каминага ҳам ширинзабонликлар қилишди. Мен эса ўзимни уйқуга   уриб ётавердим. Шуниси маъқул. Тантаналардан талтайиб кетиш эркакнинг иши эмас.
Хонадонимизда чинакамига байрам бўлиб кетди.

ИККИНЧИ БОБ

МЕНИНГ БУВИЖОНИМ

Уйимизда бугун аллақандай маросим борга ўхшайди. Мўйлови эндигина сабза урган амаким, аммалар-у холаларим ҳам шу ерда.
Ниҳоят янги бешикни эринмай, хафсала билан жиҳозлагач, бувим пичирлаб узоқ дуо ўқидилар, сўнг каминани унинг оппоқ чойшаби устига ағанатдилар. Индамай ётаверардим-у аммо оёқларимни зичлаб боғлагандан кейин овозим борича чинқириб йиғлай бошладим. Ҳадемай қўлларимни ҳам боғлашди. Нақадар золимлик! Ахир, мен қўл-оёқларимни типирчилатиб ётишни хуш кўрардим-ку! Озодлик деб аталадиган ҳузурбахш туйғуга, эркка кишан солиш жаҳолат эмасми, ахир?! Ситамкорлар бешикнинг ёпинчиғини ҳам беркитишди ва мен зулмат қўйнида қолдим. Шу пайт кимдир бешик устига бир ҳовуч танга сочиб юборди: болакайлар қиқирлаб кулишганича пул теришга киришишди. Алам қиладида: сен зулматда кишанбанд бўлиб, қақшаб ётсанг-у бу хумпарлар пул тўплаш пайи­да бўлишса. Йиғлайверайчи, эҳтимол шафқат томирчалари ҳам тепиб қолар бу, бераҳмларнинг?! Анча-мунча тўполон қилардим-у аммо бувим шундай ёқимли алла бошлаб юбордиларки, қулоқ солмай иложим йўқ эди.
Алла айтай, шўхлик қилмай қулоқ солгин, чароғим,
Кўзмунчоқдай кўзларингни юмақолгин, чароғим.
Қўзичоқдай ширингина ухлаб олгин, чароғим –
Момонгни сен қувончи бўл,
Қароғи бўл, чароғим!
Чароғим-о
Чароғим-о
Чароғим...
Алла элитиб, ухлаб қолибман,

Эртаси ҳам, индини ҳам бу ҳол такрорланишини ҳали билмасдим. Ҳа, айнан такрор эди: эрталаб апил-тапил ишга жўнашади-ю, кечқурун остона ҳатлаш билан мен томон интилиб, дағал, гоҳида бадбўй қўллари билан нозик юзларим, қўлларимни силаб-сийпамоқчи бўлишади, дуч келган жойимдан ўпиб, озор беришади. Ҳарқалай бувим уларни койиб ҳайдайдилар-у жоним ором топади.
Менинг бувижоним! Уйимизда у киши билан ҳисоблашишади, гапларини икки қилишмайди. Бунинг устига у киши жуда зийрак: қорним андак очқаса ойимдан ҳам аввалроқ сезадилар. Кейин буйруқ оҳангида қорнимни тўйғазишни тайинлайдилар. Ойижоним ҳам итоаткорона кўкракларини тутадилар: қорним тўйгач, олам мунаввар бўлиб кетади. Кўзларимга уйқу тиқилганини ҳам баён этолмайман, аммо бувим юзимга енгилгина нигоҳ ташлашлари билан барини илғаб оладилар, бунга ҳам қаноат қилмай, енгилгина алла бошлаб юборадилар. Бу хиргойилар шу қадар дилкаш-ки, таърифга сўз ожиз. Сатрлар қатида илтижо-ю сеҳр, ҳазинлигу, юпанч, киноя-ю сархушликлар жамулжаму жобажо бўлади. Олис-олислардан милтиқ овози эшитилса, йиғи товуши қулоққа чалинса, бойқуш узиб-узиб нола қилса, мана бу аллани айтадилар:
Балолардан, қазолардан алҳазар,
Нохуш-нохуш сазолардан алҳазар!
Остонамни омон сақла, ўзгинанг
Ногоҳ туҳмат,
Жазолардан алҳазар!
Алҳазар-о
Алҳазар-о
Алҳазар...
Гоҳи-гоҳида эса юракни ўртантирадиган, ҳатто катталарни ҳам хомуш қилиб қўядиган маҳзун алла янграб қолади. «Қайларда қолдинг кечқурун», деган сўроқ такрорланиб турадиган бу қўшиқда қўшнининг чўлоқ ўғли сандал атрофида ўтиргани, подачи ошҳалол айтиб кетгани, саман тикка турганича мизғиётгани, аммо ҳамон чавандоз йигитдан дарак бўлмаётгани оғир дард билан куйланар, савол бот-бот такрорланарди:
Қайларда қолдинг кечқурун,
Қайларда қолдинг кечқурун?
*  *  *
Амаким мени кўчага олиб чиқдилар. Турфа товушлар ва буёқлардан кўзим қамашиб кетди. Ранго-ранг машиналар ғизиллаб ўтар ва мен улар ортидан ҳайрат билан тикилиб қолардим.
Диққатимни дарвозамиз олдидаги ариқ ва унинг соҳилига боғлаб қўйилган қўзичоқ тортди. Ариқчада зилол сув шилдираб оқар, унинг қўшиғи роҳатбахш эди. Соҳилда айқашиб ётган гиёҳлар ҳам бир-бирига ухшамасди. Қўзичоқ билан нигоҳларимиз тўқнашди: менга ўхшаб унинг ҳам дунёга келганига кўп вақт бўлмагани билиниб турарди. Меҳрим жўш уриб унга қўл чўздим–амаким муддаомни тушунди, шекилли, унга яқинроқ олиб борди. Лекин нодон қўзи биздан чўчиб қочмоқчи бўлганда, бўйнидаги арқон уни зарб билан тортди. ўалати. Нечун унинг нозик буйнига чилвир боғлашдийкнн?! Бу ўта баттоллик, золимлик эмасми?! Халоскор бувисими, амакисими йўқмикин бояқишнинг?! Азбаройи ачинганимдан унинг жингалак пўстинини силаб қўймоқчи бўлдим-у буни уддалолмадим.
Шу пайт эътиборимни бир новча амаки тортди: у дағал овоз билан менга мурожаат қилди:
Ўа, рижий! Кўчага чиқдингми? Ия, тишинг ҳам йўқ-ку, сан кемшикнинг?!
У шундай деди-ю қаҳ-қаҳ отиб кулди. Менга алам қилди: баралла йиғлаб юбордим. Нега камситади бу новча, найнов?! Сариқ бўлсам нима қилибди? Дадам билан аммамнинг ҳам сочлари сариқ-ку! Қолаверса, ариқ бўйидаги гуллар ҳам... Тишинг йўқ эмиш. Бувимнинг тишлари бўлмаса ҳамки, ҳаммадан яхшилар-ку! Мен суяк ғажирмидимки, куракдай-куракдай тиш керак бўлса?! Каллаварам! Вайсақи!
Овозимни эшитиб, бувим югуриб чиқдилар. Мени хавотирона ичкарига олиб кирдилар-у, амакимни роса уришдилар.
– Чилласи чиқмаган гўдакни кўчага олиб чиқасанми, нодон?! Ўалол бор, харом бор, нас бор...
Сўнг амакимни қўйиб, ўша қалтираган куйи ойимга ўгирилдилар:
– Қанақа лакалов, ландавур аёлсиз?! Болани бозорга олиб борса ҳам лаллайиб ўтираверасизми?! Аёл ҳам шунақа латтачайнар бўладими?! Агар шунга кўз-пўз тегса...
У киши узоқ жаврадилар. Амаким билан ойим ўзларини оқлаш учун бир нималар деб дудуқланишди. Бувим зудлик билан исириқ тутатдилар: ачимсиқ тутун томоғимга тиқилди, кўзимни ачиштирди, аммо йиғламадим.
Шу бўлди-ю кўча менинг орзу армоним, мақсад-муддаомга айланиб қолди. Дарвозадан чиқиб, сершиддат машиналарни, ариқдаги зилол сувни, кўзлари осмонранг қўзичоқни қумсайдиган бўлиб қолдим. Бувим бўлса муддаомни фаҳмлаб, енгилгина койиб қўярдилар.
– Бекорларни айтибсиз! Ўа, намоқул килибсиз! Сизга ҳали эрта!
*  *  *
Ойим ишга чиққанларидан бери ҳувиллаган ҳовлида бувим иккаламиз қоляпмиз. Энди қорним очқагудай бўлса, у киши сўргич кийдирилган шишани илитадилар-у аввал ўзлари татиб кўрадилар, сўнг оғзимга суқадилар. Бу таом гоҳида андак иссиқроқ ёки совуқроқ бўлиши устига чучмал ҳам. Шунга қарамай саркашлик қилмайман – шоша-пиша ошқозонимни дўппайтириб оламан. Чунки бусиз ҳам моможонимнинг ташвишлари оз эмас: молларга ем солиш, овқат пишириш, кир ювиш... Эҳ-ҳе! У кишининг олдиларига гоҳи-гоҳида Жамила момо деган, букчайиб қолган дугоналари келади. Салом-аликдан кейин келинидан ҳасрат қилади. Бувижоним ҳам маъқуллагандай бўлиб турадилар.
– Ўозир сиз айтган у келинлар йўқ.
– Ўаммаси нотавон, инжиқ, – жон киради Жамила момога, – ўғлимга айтаман: бундай зарбингни ўтказ, дейман.
– Э, ҳозиргилар хотинидан қўрқади. Бузоқнинг ўзи...
Ниҳоят ғийбат поёнига етади. Кейин Жамила момо бувимга ялинганнамо қилиб, китоб ўқиб беришни сўрайдилар. Бувижоним кўзлари яхши ўтмаслигини важ қилиб турсалар ҳамки, эринмай кўзойнакларини топадилар, сўнг устига уриниб кетган духоба ўралган китобни олиб, дуч келган саҳифадан ўнгдан чапга қараб, ҳижжалаб ўқий бошлайдилар.
«...алқисса, Ибройим Аҳтам сарбондан сўради: «Эй сарбон, Балхда не кечмишдур?» Ул жавоб айлади: «Балх­да қиёмат қойимдур – шаҳаншоҳи олампаноҳнинг яккаю ягона ожизалари Маликаи Хўбон оламдан кўз юммишдур». Ибройим Аҳтам зор-зор, чун абри навбаҳор йиғлаб, айтгони бутурур...».
Бу ёғини алла айтгандай хиргойи қилиб кетадилар. Жамила момо пиқ-пиқ йиғлай бошлайди. У кишининг кўз ёшларидан таъсирланган бувим яна ҳам чўзиброқ нола қиладилар.

УЧИНЧИ БОБ

Қ У М С А Ш

Чатоқ бўлди: бувимнинг қон босимлари ошиб, ётиб қолдилар. Докторлар у кишини обдон текшириб кўришди-ю, олиб кетишди. Мен чинқириб йиғлаганимча қолавердим.
Ўша куни менга қараш учун ойим ишдан қолдилар. Каминани боғчага жойлаштириш илинжида юрган дадамнинг ҳам ишлари ўнгидан келмади.
– Жой йўқ, деяпти, бюрократлар, – дедилар дарғазаб бўлиб.
Гапнинг оҳангидан фаҳмладимки, «бюрократ» – ёмон одам, дегани экан. Демак ҳаётда ёмон одамлар ҳам  бор  экан-да!  Ажабо!  Шундай  мунаввар  дунё­да-я?!
– Газетада ишлашингизни айтмадингизми, – сўрадилар ойим.
– Иш жойини пеш қилиш...
– Пеш қилманг,–илиб кетдилар ойим, ишхонангиздан қоғоз олиб келсангиз бас!
Шундай қилиб, болалар боғчасига борадиган бўлдим.
Бу ерда ўйинчоқлар бир талай экан-у, ҳадеганда болакайларга беришавермаскан. Боғча опалар анча жиддий ва калондимоғдай. Мен йиғламадим: энди жуда чурвақа эмасман – камина нақ олти ойлик ҳаётий тажрибага эга.
Биринчи куни болаларга унчалик қўшилолмаганимни таъкидлаб ўтишим керак. Сутли атала ичиб олгандан кейин бир қизалоқ билан танишишга шайланаётганимда, тарбиячи опамиз аллақандай зарда ва нописандлик билан ўрнимга ётқизди-ю пўписа қилди:
– А ну-ка, спать! Быстро!
Дилхуш алла айтишади, деб ўйласам... Тўтиқушлар! Лоақал бирорталари алла айтишни билишмаскан-а! Ўайф-ё! Бунинг устига уйдагидай кўтариб юришлар, шакаргуфторликлар қаёқда дейсиз?! Суф бунақа ҳаётга! Иштончанг ҳўлланиб қолса, жирканганнамо қилиб, бармоқларининг учи билан ечишади-ю, бир чеккага улоқтириб юборишади. Уйда... Шунинг учун кун бўйи уйдагиларни қумсайман. Бувижонимнинг қадрдон ҳидлари, меҳрибон, маъруф овозларига зор бўламан. Кечқурун ойимни кўришим билан хўрлигим келиб, йиғлаб юбораман, дийдаларим шашқатор бўлиб, у кишига талпинаман. Ўар кун уйга келгач, бувимнинг каравотларига умидвор боқаман. У мунғайиб тургандай бўлади.
Эрталаб дадам билан ойим гапга бориб қолишди. Сезиб турибман: айб папашада. Ўозиргача мени боғчага ойим олиб бораётгандилар. Бир гал дадамдан илтимос қилганларида шунча машмаша.
– Олиб бормайман, дедим-ку! – дағдаға қилдилар дадам.
Бу ғайирлик ва якровликка тоқат қилолмадим:
– Да-да-а! – дедим биринчи бор.
Ўзимга қолса, «дада, инсоф борми», деярдим-у, аммо забон чатоқ. Аммо ана шу ягона каломнинг ўзи ҳам бояқишларни беҳад қувонтирди. Машмашани йиғиштириб қўйиб, каминани эркалатишга киришиб кетишди.
– Тағин аввал «она» демай, «дада» дейди-я, – гиналаган бўлдилар ойим.
Аслида мен илк бор «она» деган каломни тилга олгандим. Бу табаррук сўз билан моможонимга мурожаат қилгандим. Шунда мен у кишини бир умрга «она» деб аташимни хаёлимга ҳам келтирмагандим. Ойижонимни эса аксар самарқандликлар сингари «бийи» дейдиган бўлдим.
Хуллас, мени дадам олиб борадиган бўлдилар. Ишқилиб, тағин ғижиллашиб қолишмасинда! Катталар ўзи тез ловуллаб кетадиган, бадфеълроқ бўлишаркан. Ўша куни боғча опа ҳам мудираси билан гапга бориб қолди. Мудира айрим ота-оналар пул тўлашмаганини ёдга солганди, бунисининг жони ҳалқумига келиб турган эканми, бақириб берди.
– Ташвишим ўзимга етиб ортади! Бир камим пул йиғиш қолганмиди? Буларнинг биттаси сийса, иккинчисининг қорни очиб турибди.
– Шунинг учун ҳам маош оласизда, азизим, – заҳарханда қилди мудира.
– Миннат қилмай қўяқолинг! Уйда ўтирсам ҳам эрим боқади. Айрим олғирларга ўхшаб, гўдакларнинг ҳақини ўмаргунча,  эрнинг топганига қаноат қилган минг бор яхши.
Бу гапдан мудира опа негадир ловуллаб кетдн. Назаримда боғча опа унинг анча ожиз томонига тегиб қўйганди. У тағин анча-мунча дағдағалар қилди-ю, чиқиб кетди. Аёллар тўпланиб олиб, уни роса ғийбат қилишди.
Ура! Бувим келдилар!
– Она-а! Она-а-а! – дедим бор вужудим билан у кишига талпиниб. Менга илк бор алла айтган табаррук инсоннинг ҳароратли қучоғига отилдим, у кишининг сархуш ҳидларидан энтикиб кетдим. Нурафшон чеҳраларидан ўпмоқчи бўлдим-у, ҳарчанд қилсам ҳам уддалолмадим. Юзларини ялаб қўяқолдим. У киши кула-кула сўлагимни артиб олдилар, кўзларидан ёш қалқиб кетди.
Бувимни кўргани қўни-қўшнилар, қариндошлар келишди. Аммо кун бўйи ҳеч кимга бормадим. У кишининг бағридан бир зум ажралсам ҳам ғарибга ўхшаб қоламан. У киши бошқа юмушларни қўйиб, мени қайта қучоқларига оладилар.
– Ўзим ҳам ҳаммадан кўра шуни кўп соғиндим, –дейдилар мени ҳар замон эркалаб.
Шукурларким, энди боғчага бормайдиган бўлдим. Бувим шундай дедилар.
Бас! Етар, тортган азобларим!
ТЎРТИНЧИ БОБ

О ҒР И Қ

– Во-ой, онажон! Бийижон, дадажон! Вой қорним! Оғриқ ҳам шунақа бешафқат бўладими?! Ёрдам беринглар!
Менинг фарёдимда ана шундай илтижо мужассам эди.
Ойим товуш чиқармай йиғлашга тушдилар. Бувижоним қорнимни оҳиста-оҳиста босиб кўрдилар-у, барини тушундилар.
– Бунинг қорни оғрияпти!
Ташхис аниқ қўйилганди. У киши мени андак овутгандан кейин ногаҳоний дарднинг сабабларини чамалашга киришдилар.
– Болага кинна кирганга ўхшайди. Уйга кимлар келувди? Аммачам бир неча кишини, жумладан, Лўли момони, Конторчи амаки деган солиқчини, монтёрни тилга олдилар.
 – Борасолиб, исириқ билан нон келтир, – буюрдилар у киши.
– Чиқ-чиқ-чиқ! Лўлидан кирган бўлсанг, чиқ! Чўлидан кирган бўлсанг, чиқ! Кантўрдан кирган бўлсанг, мантўрдан кирган бўлсанг – чиқ! Оғзидан кирган бўлсанг, кетидан чиқ! Бўрт этиб-чиқ, жўрт этиб чиқ!...
У киши бир лаҳза тин олдилар. Сўнг бурдаларни аммачамга тутқазиб, тайинладилар.
– Бунинг бирорта ушоғини туширмай, бузоққа элтиб бер!
У киши бурдаларни авайлаб териб олди-ю сўради:
– Бузоқнинг қорни оғриб қолса нима бўлади?
– Оғриса – садқаи сар, – овозларини зардалигина кўтардилар моможоним.
Аммо лаънати оғриқ заррача бўлса ҳам қўйиб юбормас, бураб оғритарди.
– Бунга нима бергандингиз, – синовчан нигоҳларини ойимга қададилар аллалари ҳам кор қилмаган бувим.
– Шишадаги овқатини.
– Аввал татиб кўрдингизми?
__ ...
– Ачиб кетган бўлсачи?! Сўрамайсизми бирорта гумроҳдан?! Сизга таълим берганлар кимёни ўргатишдан аввал болани овқатлантиришни ўргатишса бўлмасмиди?!
Дадам ғалвадан чўчиб, бувимни тинчлантирмоқчи бўлдилар, аммо жавобан боплаб дашном эшитдилар.
– Ўзи сани уриб кетган! Эркак деган зарбини ўтказмайдими бундоқ?!
Шундай қилиб, каминани докторга олиб борадиган бўлишди. Зум ўтмай машина ҳам ёлланди. Вужудим эса бураб оғрирди. Боя индамай кўз ёши қилиб ўтирган ойим энди дадамга таъна-ю маломатлар ёғдиришга киришдилар.
– Жонимга тегди, онангизнинг дашномлари! Бу қанақа ҳаёт?! Яшамайман бу ерда! Яшолмайман!
У киши қишлоғимизни ҳам роса ёмонладилар. Одамларни жоҳилликда айблаб, водопровод, телефон, газ йўқлигини ҳам пеш қилдилар.
Машина ҳар гал силкиниб кетганда оғриқ кучаяр, дарднинг бешафқат чангали вужудимга чуқурроқ ботгандай бўларди.
Қабулхонада талай ота-оналар дард чеккан фарзандларини овутиш билан овора эдилар. Аксига олиб, доктор опа жуда имиллаб ишларди. Мурғак вужудларга чанг солган дардни шартта улоқтириб ташлаш ўрнига узоқдан-узоқ қоғоз тўлдирар, шеригининг қулоғига алланима деб шивирлар, телефонда узоқдан-узоқ гап сотиб қоларди. Анча-мунча расмиятчиликлардан кейин мени қабул қилишди.
Сизга болалар боғчасидаги чеккан уқубатларим хусусида гапириб берган эдим. Лекин нафсиламбирини  айтганда бу ердаги азобларим минг чандон устун бўлди. Ойим иккаламизга аллақандай увада кийимлар кийгизишгач, ўнтача кичик кроват қўйилган бадбўй хонага олиб киришди. Мени кўздан кечирган доктор дарҳақиқат, овқатдан касалланганлигимни таъкидлади.
ўалати, жуда ғалати эди бу ердаги ҳаёт. Докторлар, ҳамширалар, фаррошлар зир-зир югуришар, бечора оналар кун бўйи уларга ҳам, болаларга ҳам илтижо қилишар, дард чеккан гўдакларнинг бири куйиб иккинчиси чинқирарди. Оналаримиз учун кроват қўйилмагани сабаб улар дуч келган жойга – кроватнинг остига, ташқаридаги диванга ётишарди. Ойим дадамга ҳасрат қилаётганда у киши ҳам юзларига солдилар:
– Қишлоғимизни ёмон дегандингиз. Мана сизга– мақтаган шаҳар
Неча кун ётганимни аниқ эслолмайман. Заҳардан тахир дорилар, уколлар... Лекин соғайганимдан ойим қанчалик қувонган бўлсалар, заҳматкаш шифокорлар ҳам шунчалик хурсанд бўлишди. Ўамшира опа бизни ховлигача кузатиб қўйиб, пешонамдан ўпди. Мен ҳам уни ўпмоқчи бўлдим у кейин фикримдан қайтдим: ҳарҳолда жиддийроқ  бўлган яхши.
Эҳ, уйимиздагиларнинг қувончини кўрганингизда эди! Барилари каминани эркалашади, ширинзабонлик қилишади. Бувижоним бўлса мени беланчакка боғлаб, ўша шакаргуфторлик билан гаплашиб кетдилар.
– Мирзо Улуғбек, сизга нима бўлди а? Қорнингиз оғридими? Сизнинг қорнингиз оғригунча мушукларнинг, ҳаккаларнинг қорни оғриса бўлмасмиди?! Сизнинг қорнингиз оғригунча...
Бу шоҳиста меҳрибонликдан ийиб кетаман, дилим беҳудуд завққа тўлади, алланималар дегим келади, аммо бўғзимдан:
– ўа-а-а, ға-а, – деган мавҳум, лекин эҳтиросли садо чиқаверади. Моможоним бундан сарафроз бўлиб, мулоқотни давом эттирадилар:
– Улуғжонга азоб беришибди-да! Ўаҳ, докторларнинг падарига қусур! Энди набирамга овқатни фақат ўзим бераман!
– ўа-а-а, ға-а...
– – Улуғбек ҳали хушқомат йигит бўладилар, қизлар у кишига ҳавас билан термуладиган бўлади. Мирзо Улуғбекнинг пуллари ҳам кўп бўлади. У киши раис бўладилар, райком бўладилар. Мошинлари билан мани Шоҳи зиндага, Баҳовуддин Балогардонга олиб борадилар.
– ўа-а-а...
Шу пайт мароқли суҳбатимизга шўлп этиб дадам аралашиб қолдилар.
– Райком секретари бўлса, олиб боролмайди–қўрқади.
– Санга гапирганим йўқ, – жеркиб бердилар бувим ва ўша умидвор ва маъруф оҳангда давом эттирдилар: Улуғ – улуғ одам бўлади. Бобосининг қабрини, мани қабримни зиёрат қилиб туради.,,
Санамдек бўлиб сўз юритаётган бувижонимнинг дийдаларида негадир ёш кўринди. Томоқларига тиқилган шўртаккина туйғу гапиришга монелик қилиб қолди. Шунинг учун бўлса керак, юзимни силамоқчи бўлдилар. Мен эса бармоқларини тутиб олиб, оғзимга суққандим, у киши қўлларини беозоргина тортиб олиб, каминани койиган бўлдилар.
– Бекор айтибсиз! Бекорларни айтибсиз!
БЕШИНЧИ БОБ

ЕҒОЧ  ОЁҚ

Дадам, ойим уччаламиз бобомни яъни ойимнинг дадаларини кўргани шаҳарга тушдик. Бобом бизни кўриб, одатдагидек беҳад қувондилар. Мени эркалаган бўлдилар. Ойим билан эса суҳбатлари поёнига етмасди.
– Қайнонанг яхшими?
– Тузук. Тўқмоқчадай.
– У кишини ҳурмат қил! Кексаларнинг дили нозик бўлади.
Ойим бош силкиб, маъқуллаб турган бўлдилар.
Бобомникидан қайтишда шундай бир аянчли ҳолнинг гувоҳи бўлдимки, у бир умр ёдимдан кўтарилмаса керак.
Биз автобуснинг олд эшигидан бир амаллаб кирдик. Ойимнинг кўзи жовдираб бўш ўрин излай бошлади, аммо жойлар банд эди. Бир амаки бизни кўриши билан газета ўқишга тутинди. Кутилмаганда кексароқ киши ўрнидан турди.
– Мана бу ерга ўтиринг!
Бийим отахонга бир сидра назар ташладилар-у негадир унамадилар. – Бўлмаса, болангизни беринг, – мен томон иккала қўлини узатди у киши. Авайлабгина қучоғига олгач, ўша дилкаш оҳангда сўради:
– Оти нима бу сариқвойнинг? Ойим жавоб бердилар.
– О зўр, жуда зўр,–алқаб қўйди отахон. Мен ҳам қизиқиш билан нотаниш отахонга разм сола бошладим. Қарасам, отахоннинг бир оёғи ёғочдан экан. Қизик! Болалигида қандай қилиб ланка ўйнадийкин? Рақсга тушгандачи?! Тавба!
Навбатдаги бекатда у киши тушадиган бўлди. Отахоннинг ўрнига ўрнашган ойим мени қучоққа олдилар. У киши бўлса оёғини ғич-ғич этказиб тушиб кетди. Дадам бошларини сарак-сарак қилиб қолдилар.

Ўша куни дадам иккита шеър ҳам ёздилар. Хоҳишингиз бўлса, ўқишингиз мумкин:
Ёғоч оёқ ғичирлайди,
ўичирлаб ҳазин –
Мардумларга баён этар ўуссасин, арзин:
Мен арғувон эди  бир замон
Сершарбат заминнинг чайир ўғлони.
Чорак аср аввал кесиб беомон ,
Чўлтоқ бир оёққа улашди мани!
Чорак аср мадад бўлдим-у аммо,
Оёқ бўлолмадим, бўлолмайман ҳам.
Чорак асрдирки, менга муаммо:
Мажруҳ этар нечун одамни одам?!
*  *  *
– Нега оёғингиз йуқ-а, бобожон?
Наҳот туғилгансиз шундай ногирон?!
Эҳ, бундай афтода бўлмасайдингиз,
Қирлар қучоғида чопардик чунон.
Нечун оёғингиз йўқ-а, бобожон?
Қирғин йилларида не-не қўл-оёқ
Жарроҳ столида қолганни
Болакайга уқдириш қийин...
ОЛТИНЧИ БОБ

И Л К  Қ А Д А М

Амаким одатдагидек, мени кўтариб олиб, боғ эшикдан далага олиб чиқдилар.. Мовий ўтлоқларда қўй-қўзилар ирғишлаб ўйнашар, оппоқ капалаклар бир-бирини қувар, қушлар чақ-чақ қилишарди.
Амаким мени сўқмоққа тикка қўйди, мувозанатни зўрға сақлаб, тик турдим. У киши андак орқага чекиниб, имлади:
– Қани, Улуғжон, келақол. Юр, ҳа юр. Юрақо-ол! Ўтириб олмоқчи бўлдим-у шу сарҳадсиз сўқмоққа олиб чиққани учун амакимнинг гапини ерда қолдирмадим: қўрқа-писа, оҳиста қадам босдим: сўнг яна, яна... У киши беҳудуд қувониб, мени бағрига босди, ўпди, кейин ҳовлиққанича уйга олиб чопди.
Ҳой, одамлар! Улуғбек юрди, ўзи юрди, еттита қадам босди!!!
Улар ҳам қувонишди, аммо ишонқирамай туришди.. – Улуғчик, буларга битта юриб бер. Давай!
Амаким мени уйнинг ўртасига қўйдилар. Гандираклаб бир неча қадам босгандим, у киши тағин тисландилар. Буриласолиб, ўзимни бувимнинг хароратли ва хушбўй қучоқларига отдим. Ҳаммалари қувонишди! Худди болаларга ўхшаб қувонишди!
*  *  *
Энди бемалол юраман, ғизиллаб югураман ҳам. Ҳовлидаги мусичаларни учириб юборишни, тупроқ ўйнашни хуш кўраман. Катталар ҳам деярли индашмайди, аммо бир лаҳза бўлса ҳам кўздан қочиришмайди. Оғзимга тупроқ солгудай бўлсам, уришиб беришади. Мен бўлсам, ноннинг мағзига ўхшаш ҳароратли, хуштаъм тупроқни олиб, эндигина ниш ураётган тишларим билан чайнашни хуш кўраман.
Йўлга кириб, талай қийинчиликларга дуч келяпман: айниқса, эшикни очиб-ёполмайман, чунки унинг дастаси жуда баландда. Пастроққа ҳам битта даста ўрнатишса, асакалари кетадими?! Ҳозирча қанча эшик кўрган бўлсам, барининг дастаси осмон-у фалакда. Ҳатто болалар боғчаси, поликлиникаси очғичини ҳам катталар ўзларига мослаштириб олишган. Ана шу биноларнинг зиналари ҳам баланд-баланд. Тушуниш қи­йин бу катталарга–улар бизга меҳрибон бўлиш билан бирга андак мағрур, бепарво ҳам кўринишади. Майли, болакайлар фикри, лаёқати билан ҳисоблашадиган замонлар ҳам келиб колар...              
ЕТТИНЧИ БОБ

МОҲИНБОНУ

Ногаҳонда ойим ғойиб бўлиб қолдилар. Бир-икки кунгача у кишини интиқлик ва инжиқлик билан кутдим-у кейин бувим жуда меҳрибонлик қилавергач, индамай қўяқолдим. Бирор хафта ўтар-ўтмас бийим жажжигина чақалоқ кўтариб келдилар: номи – Моҳинбону. Барилари унга парвона бўлиб қолишди. Чақалоқ бўлса кўзларини юмиб олгунча ўзини уйқуга солиб ётибди. Ҳар замонда тамшаниб ҳам қўяди. Бувим уни кўтариб олиб, ҳамду сано ўқий бошладилар.
– Кўзлари қоп-қора, қошлари камондай...
Мени эса батамом унутишди. Уларга яқинлашиб, турфа қилиқлар қилсам ҳамки хушламай тураверишди. Бунинг барига чақалоқ сабаб эканлигини ҳис этдим ва унинг юзига чанг солдим. Ҳаммалари бақириб, мени уриша кетишди. Овозимни баралла қўйиб, йиғлашга тушдим. Аммачам бўйнимга, осилган эмизакни оғзимга суқди.
– Ма, сигаретингни чак!
Зарда билан оғзимга суқилган резинани жаҳл билан пуфлаб ташладим-у тағин йиғлайвардим. Ҳарқалай, бувим мани тушундилар.
– Вой, мани боламга қарамай қўйишдими?! Эсдан чиқаришдими?! Бераҳмлар! Золимлар! Ҳаҳ, чақалоқ ёмон! Моҳинбону ёмон!
Мен ийиб кетдим, беихтиёр юзимни у кишига яқин тутдим-у киши меҳр билан ўпдилар.
Каминага шунинг ўзи кифоя эди.    
*  *  *
Момом мени чўмилтирмоқчи бўлдилар. Сувни шалоплатиб ўйнашни хуш кўраман-у лекин совун... Мени кўндириш илинжида у киши ҳамон шакаргуфторлик қилардилар.
– Қани тишингни кўрсат, қани... Бармоқларимни оғзимга суқиб, оппоқ тишларимни кўрсатаман.
– Балли, балли, – алқашда давом этадилар у киши,– Улуғбек – баҳодир йигит: у чўмилишдан чўчийдиганлардан эмас...
Тоғорага сув солиб, мени қип-яланғоч қилиб ечинтирдилар-у совун излашга кетдилар. Совун урилгандан кейин кўзимни юмиб ўтиришни ўйлаб, дилим андак хуфтон бўлди. Бир неча сония бўлса ҳамки мовий осмонни, яшил дарахтларни, бувижонимнинг нуроний чеҳраларини кўришдан маҳрум бўлиш... Таваккал қилиб қочдим.
Кўчада машиналар занжири узилмасди. Улардан заррача чўчимай, кўчанинг нариги томонига югурдим, аммо ўртага борганда гангиб қолдим. Машинадаги одамлар мени кўрсатиб, алланима дейишар, устимдан кулишарди.   Бир  шофёр кабинадан бошини чиқариб, бақириб берди:
Ҳой тирмизак, уйларингга жўна! – Нега бақиради бу ўпка?! Бирпас тўхтаса осмон узилиб ерга тушибдими?! Ахир, кўчадан мен – Инсон ўтяпман-ку! Бунинг устига мен боламан! Болалар ва кексалар, меҳмонлар ва беморлар, мажруҳлар ва болали аёллар ер юзининг барча қитъасида ҳам эъзозланмоғи керак! Улар мададга, эзгуликка муҳтож, дахлдор одамлар!
Майли, садқаи асаб! Шофёрлар ўзи андак бадфеъл бўлишади, шекилли. Кимдир мени даст кўтариб, кўчанинг нарёғига ўтказиб қўйди. Ёдимга совун тушди-ю тағин қочдим. Дуч келган бир эшикни очган эдим, қўзим чипор товуққа тушди. Мен уни тутмоқчи бўлиб қуваётганимда бувимнинг овозлари эшитилиб қолди. Роса танбеҳ эшитдим. Кечқурун дадамга шикоят ҳам қилдилар:
– Бу шатрама кўчага чиқиб қочди. Усто Субҳоннинг ҳовлисидан тутиб келдим.
Дадам юзларига жиддийлик суртиб, кўзларини олайтирдилар.
– Минбад шундай қилсанг...
Индамай қўяқолдим. Катталар билан ўчакишиш одобдан эмас.
САККИЗИНЧИ БОБ

М О М О К А Л О Н И М

Амакимни армияга жўнатадиган бўлдик. Шу сабаб бўлиб, уйимизга бир талай меҳмонлар келишди. Гулдиёр деган қизалоқ ҳам ойиси билан келди. Қошлари қоп-қора, юзи ҳам ширмондай. Унга конфет узатдим.
– Қучоқлаб ол, ўп, – дедилар амаким шивирлаб. Энди ўпаман деганда, бетимга чанг солди. Йиғлаб юбордим. Ойим мени овутар экан, Гулдиёрнинг онасига, яъни холамга ҳазил шаъмалар қилди:
– Вой, битта ўпса нима қилибди, осмон узилиб, ерга тушибдими?! Намунча шаддодлигу бедодлик...
У киши ҳам жим ўтирмадилар:
– Бу тирмизак иккига кирмай қизларни ўпса, келгусида нима бўлади? Бепул муччи йўқ!
Мен тағин бир оз йиғламоқчи эдим-у аммо дадам бақириб қолдилар.
– Жим бўл!
«Жим бўл! Ўтир! Тегма! Бас қил! Ташла!» Булар бари менинг кун бўйи эшитадиган танбеҳу дашномларим, кўп хоҳиш-иродамни-иштиёқимни чеклаб турадиган пўписалар. Уйдагилар ўқимасдан, ишламасдан туролмаганларидек, мен ҳам бақирмай, шўхлик қилмай, ўйнамай туролмаслигимнн билишмайди ёки билгилари келмайди бу калондимоғларнинг! Синглим–Моҳинбонудан ташқари ҳаммага бўйсунишимни талаб қилишади. Ваҳоланки, катталарнинг ўзлари гоҳида бир-бировларига қулоқ солишмайди. Мана сизга ҳаёт–катталар ва болалар ҳаёти!
Ҳадемай уйимизга бувимнинг ойилари – момокалоним келиб қолдилар. Ёшларини ҳам сал кам юзда дейишди. Дадам у кишини суяб машинадан туширдилар-у уйга олиб кирдилар. Ажабо, ёшлари шунча улуғ бўлса ҳам ўзлари юролмасканлар. У киши картга жойлашиб олгач, қўлларини дуога очдилар.
– Аскарбаччалар ой бориб, омон келсин, бизга қасд қилганлар паст бўлсин!
Каминадан ташқари ҳамма юзини силади. Уйимиздаги катта-кичикни, ҳатто оиламиз сардори бувимни ҳам аллақандай салобат босганди. Барилари оёқ учида юришар, шивирлаб гаплашишарди. Дадам мени даст кўтариб, у кишининг олдиларига қўйди.
– Мана – чеварангиз – Улуғбек.
У киши пайпаслаб (кўзларн ҳам яхши кўрмаскан) мени қучоққа олдилар. Оғизларига қарасам, ҳалигача тишлари ҳам чиқмаган экан.
– Бу бола нега бунча ориқ, – сўрадилар у киши.
– Жуда шўх, тинмайди, – жавоб қайтардилар ўзимнинг бувим.
– Шўх бўлгани яхши, – дедилар момокалоним ва сўрадилар, – келининг ишлайдими? Бувимнинг жавобларини эшитгач, тағин норози оҳангда давом эттирдилар: – Санга ҳам қийин экан–иккита бўлса булар, эмизикли бўлса...
У киши тағин алланималар дегач, амакимни йўқлаб, у кишига насиҳат қилабошладилар.
– Командирингни гапини икки қилма! Бошинг айланиб, ўша ёқлардан уйланиб қўйма.
Зум ўтмай у киши каравотнинг чеккасида муштдайгина бўлиб ухлаб қолдилар. Меҳмонлар ўзларини анча эмин тутиб, гапга киришиб кетишди.
– Дадам ҳам бу кишидан ҳайиқиб турардилар, – дедилар бувим, – ҳеч кимга бўйсунмаганлар.
– Ваҳоланки, у замонлар аёл зоти эридан ўлгудай қўрққан, – дедилар катта аммам.
– Ўшанда ҳам санга ўхшаган–гапи оғзидан тўкиладигани қўрққан, зарбини ўтказгани ўтказган.
Бувимнинг бу гапларидан сўнг негадир ойимга жон кирди.
– Тўғри, энди мен ҳам хўжайиннинг гапини гап деб лаллайиб ўтирмайман.
Бувим у кишини андак жеркиб, дадамга ҳамду сано ўқиб кетдилар. Улар шу алпозда узоқ саннашгач, дастурхон бошидан жой олишди.
– Лайлолар нега келишмади-а, – сўради кимдир ойимдан.
Лайло – камина илк бор танишган қизалоқ. Шунинг учун қулоғимни динг қилдим. Ҳийла танаффусдан кейин ойим чўчиброқ  жавоб қайтардилар:
– Улар ажралишди.
– Ўзи сақласин,–дедилар бувим дарҳол, – чумчуқнинг ҳам ини хонавайрон бўлмасин!
Ойим ҳам бир нималар дедилар, назаримда бор айбни Лайлонинг отасига юкладилар.
– Эҳтимол ундаймасдир, аёлдан ҳам ўтгандир, – қўшилмадилар дадам. Ойим тағин ўзлариникини маъқулладилар.
– Айб эрда ҳам, хотинда ҳам эмас, – якун ясадилар бувим, – гап ўша рўзғорда бирорта мўйсафиднинг йўқлигида. Чол-кампир бўлган даргоҳда файзу садоқат, аҳиллигу фароғат бўлади. Бўлмаса ҳозирги ёшлар оилани сақлаб қололмайдилар.
– Оила учун аса курашмоқ керак, – фалсафа суқдилар дадам.
Улар тағин эзмалик билан гапга киришиб кетишди. Аммаларим рўзғори бузилган қўшниларни бирма-бир тилга олиб, роса ғийбат қилишди.
Вокзалга чиқишдан олдин момокалоним дастурхонга фотиҳа ўқидилар: «...ширин обод, манзил озод, пайгамбар-у худога салавот. Эккан, теккан, олиб келган, еганга ҳасанот. Илоҳим олганларинг олтин бўлсин, аскарбаччаларнинг бурни ҳам қонамай, қайтиб келсин».
Вокзал. Қувончлар-у кўз ёшлар, ҳаяжон-у ғуссалар... Амаким поездга чиқадиган бўлдилар. Бувим у кишини қучоқлаб йиғлаб юбордилар.
– Нега йиғлайсиз, – ранжиганнамо сўрадилар амаким.
– Ёдимга укам тушди – Давронжон. Санинг ёшинг­да эди...
Поезд жилди. Дадам ғайритабиий ҳолда овозларини кўтардилар:
– Хат ёзиб тур! Эҳтиёт бўл!
Поезд кўздан ғойиб бўлгач, бувимга шафиқ оҳангда мурожаат қилдилар: «Юринг, ойижон, кетамиз! Хавотир тортманг, замон тинч!»
ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ

ХУМО  ҚУШИ

Шўхлик қилаверганим учун бўлса керак, айни туш маҳали бувим мени ухлатмоқчи бўлдилар. Пўписа қилиб ётқиздилар-у алла бошлаб юбордилар. Шунда ҳам кўзимни лўқ қилиб ўтираверганим учун бўлса керак эртак ҳам айтдилар.
– Жуда қадим замонда, қайсиям бир томонда бўғзидан ўт пуркаб турадиган аждарҳо пайдо бўлибди. У одамлар сув ичадиган булоқ бошида тураркан ва ҳар куни биттадан болакай инъом этишмаса, сувга заҳар солишга чоғланаркан. Шунда бир баҳодир майдонга чиқиб: «Бегуноҳ гўдакларни бу ёвузга берманглар, у билан ўзим жанг қиламан!» – дебди. Беаёв жанг бошланибди. Қирқ кеча-ю қирқ кун давом этибди кураш. Шунда қайданам ҳумо қуши учиб келибди-ю илоннинг оёғи остига тариқ сепиб юборибди. Аждар сирғаниб-йиқилибди. Ботир йигит уни тилка-пора қилибди.
Табиийки, бу ваҳимали ривоятдан кейин уйқум батамом учди. Умуман, кундузи ухлайдиган боқибеғамлардан эмасман! Ўрнимдан ирғиб туриб, ўзимни шавқли уйинлар бағрига отдим.
Шомга яқин уйимизга жуда башанг кийинган бир хола келиб қолди. Уни танимасам ҳамки қувондим ва истиқболига югурдим.
– Ас... ас..., – салом бердим, бувим ўргатганларидек қўлимни кўксимга қўйиб. Ҳалиги хола бўлса саломимга алик олмас, менга умуман эътибор бермасди. Ё кўрмай қолдими? Ундай бўлса Моҳинбонуни ҳам кўрмаганликка олди-ку. Уйимизга келган киши, одатда унинг жингалак сочларини силаб қўйишни канда қилмасди. Демак, болаларни хуш кўрмайдиганлар ҳам бўларканда бу ҳаётда?! Наҳотки?!
У ойим билан алланималарни келишиб олди-ю, ўша нописандлик билан чиқиб кетди.
– Ким бу ойимча, – ёқинқирамай сўрадилар бувим.
– А-эй, – дудмал қилдилар ойим.
– Бола-чақаси борми бу турқи совуқнинг?
– Йўқ.
– Тирноққа зор денг, – жон кирди момомга.
– Ўзи истамайди.
Бувим тағин давом эттираётган эдилар, бу ойимга ўтиришмади.
– Нима ишингиз бор?! Менинг одамларим сизга ҳеч ҳам ёқмайди.
Зиддият жиддиятга айланиб кетмаслиги учун дадам гап ўзанини бошқа томонга бурдилар ва гап охирида эртага ҳайвонот боғига боришимизни маълум қилдилар.
Кечаси нохуш тушдан уйғониб кетдим. Ҳовлимизга бир аждарҳо келганмиш. Унинг ярми бувим айтган илон эмиш-у қолгани кундузи келган аёлга ўхшармиш. Бувижоним фарёд солиб, одамларни ёрдамга чорлабдилар. Шунда ҳарбийча кийинган амаким пайдо бўлибдилар-у ҳалиги ёвуз билан жангга киришибдилар. Мен Хумо қушини излаётганда ўйғониб кетибман. Чинқириб йиғлаганим учун ҳаммалари ўйғониб, мени овутишга киришишди. Менинг эса ўксиб-ўксиб йиғлагим келарди.
Биринчи эртак ва биринчи туш ана шундай нохуш бўлди.
Эрталаб дадам билан ойим башанг кийиниб олишди, сўнг эринибгина менинг ҳам бежирим шимимни, янги туфлимни кийгизишди. Виз гавжум шаҳар сари йўл олдик.
О она Самарқанд! Серзавқ, сербўёқ маскан. Сен бизнинг ватанимизсан! Бобо ва бобокалонлар заминисан!
Кўчма ҳайвонот боғи шаҳар чеккасида экан. Кираверишда тўқайда юрган баҳайбат йўлбарс, шохдан-шохга сакраётган чаққон маймунлар акс эттирилган. Ичкарига кириб эса анчайин маҳзун манзаранинг гувоҳи бўлдим. Бу ерда жониворларнинг аксарияти жуда хомушдай эди. Айиқ полвон надомат чеккандай мунгли бош тебратар, оҳу одамларга илтижо билан мўлтираб тикиларди.
– Мана бу ҳумо қуши, – дедилар дадам қафасда елка қисиб ўтирган паррандани кўрсатиб.
Мен бахт қушини батамом ўзгача тасаввур этгандим. Назаримда у бағоят сармаст ва шиддаткор бўлиши керакдай эди.
Тушимга тағин шу қуш кирди. У ҳамон қафасда шалвираб ўтирган экан. Қафас эшигини очиб юборибман. Кимдир «чиқ-чиқ-чиқ», дебди. Халоскор парранда инкор маъносида хомушгина бош тебратибди. «Чиқ-чиқ-чиқ» дебди ҳалиги овоз. Уни учириб юбораман деб ўйғониб кетдим.
Ҳамма ширин уйқуда эди. Девор соат бир маромда «чиқ-чиқ-чиқ» этарди.
ЎНИНЧИ БОБ

К И Т О Б  К Ў Р Г А Н  О Д А М

Радиоприёмникнинг номини «долалай» дейман. Чунки уйдагилар унинг пластинкасини айлантириб юборишлари билан нуқул: «долалай, долалай», деб бақираверади. Шунда биз ҳам қўшиққа ҳамоҳанг тебранаверамиз. Елкаларимиз, тиззаларимиз ўзига хос оҳанг билан бир маромда қимирлайверади. Гарчанд катталарнинг гапларини ҳали тўла тушунмасам, ҳис қилмасам ҳамки бу куйнинг навозишлари вужуд-вужудимга сингийди. Озодликда юрган ҳумо қуши билан бирга парвоз этаётгандай, ариқ соҳилларидаги оппоқ капалакларни қуваётгандай, қип яланғоч бўлиб ариқ сувларида чўмилаётгандай бўламан. Шунинг учун ҳам ҳар гал қўшиқ охирига етиши билан уни такрорлашларини талаб қилиб бақиравераман. Айтганимни бажо келтиришмаса, чинқириб йиғлайман. Шунда дилкаш қўшиқ тағин янграб, ҳаммамизни ўз сеҳрига тортади.
Парен песню поет об девчонке одной,
В ком он влюблен, отгадай
А песня звучит под луной:
Долалай, долалай, долалай...
Бизнинг бу қилиқларимиз фақат бувимга унчалик ўтиришмайди.
– Тавба, – дейдилар у киши ўзларига хос заҳархандалик билан, – бу замоннинг тухумдан чиққани ҳам зукко. Ҳаё қолмади.
– Бу гапда жон бор, – дейдилар дадам бир оздан сўнг,– дарҳақиқат болаларнинг ўз қўшиқлари бўлиши керак.
– Бало! – овозларини андак кўтарадилар ойим норози оҳангда, – барча дўконларни кўрганман – унақаси йўқ.
Ниҳоят, рақсга тушишдан чарчаб, боққа қараб қочаман. Бу ерда Ёқуб, Қобил,Ўлмас деган жўраларим бор. Улар билан ўйнаш мароқли. Гоҳида ўчоқ бошидан гугурт ўғирлаб чиқаман ва катталарнинг кўзини шамғалат қилиб, уларни бир-бир ёқаман. Ўртоқларимдан ҳар хил гапларни, жумладан, сўкишни ҳам ўрганаман. Далалардан ҳориб келиб, эртароқ ухлайман.
Хаёл суриб ўтирганимда амаким оёғимнинг остини қитиқладилар, мен боплаб, русчалаб сўкдим: бувим шарақлаб кулиб юбордилар, бошқалар эса баракс дарғазаб бўлишди.
– Тарбияси бузиляпти.
– Бола бошболдоқсиз.
– Таъзирини бериш керак!
Бувим эса одатдагидек меҳрибонлик билан мени химояга оладилар.
– Бекор айтибсизлар! Боплайди барингни! Бери кел!
Итоаткорона у кишининг пинжидан паноҳ топаман. Ойим тутақиб бувимга, дадамга гап уқтирабошлайдилар. Бунақа тарафкашлик қилаверсак, келажакда бориб турган безори бўлишимни айтадилар. Момом эса барча овозларни босиб, алла айтиб юборадилар:
Оҳ укам, мулло укам,
Қайларда қолдинг кечқурун?!
ғам шудам, пурғам шудам,
Қайларда қолдинг кечқурун?
0ҳ укам, тилло укам
Қайларда қолдинг кечқурун?
Кечқурун-о
Кечқурун-о
Кечқурун...
*  *  *
Бувим китобларини олиб, кузойнакларини тақдилар. Мен эса фурсатдан фойдаланиб, ўзимни кўчага урдим. Ҳа демай мени каттароқ шумтака болалар ўраб олиб, гапга тутабошлашди.
– Улуғ, битта ўйин кўрсат! Давай, тез бўл! Мен индамайман. Рости гапки, бундай қилгим келмайди. Бошқа бир ўсмир унинг гапини илиб кетади.
– Даданг билан ойинг бир тушакда ётишадими а?
Тағин индамайман. Аниқроғи, уйимиздаги сир-асрорларни бу шилқимларга айтгим келмайди.
Шу пайт таниш дарвозадан Ўлмас деган танишим чиқиб қолди.
– Давай, иккаласини кураш олдирамиз,–деди ҳалиги шумтакалардан бири.
– Давай!
Дўстимни даст кўтариб, рўпарамга қўйишди. Шумтакаларнинг ярми у, ярми мен томонга ўтиб олишди.
– Бошланглар, – буйруқ берди бир ўсмир.
Биз нима қилишни билмай, анграйиб туравердик.
– Улуғ, ур, йиқит!
– Ўлмас, маҳкам бўл! Биз бормиз! Биринчи бўлиб, Ўлмас юзимга чанг солди. Мен бақириб йиғламоқчи бўлгандим, далдакорлар қўйишмади.
– Йиғлама, Улуғ! Эркаклар йиғламайди, жасур бўлади! Башарасига тушир!
Икки қадамча олдинга босиб, Ўлмасни итариб юбордим, у ўтириб қолди. Бунга ҳам қаноат қилмай, бир қўлим билан сочини юлдим, бир қўлим билан юзини тимдалаб олдим. У чинқириб йиғлашга тушди. Ҳалиги ҳангоматалаблар зум ўтмай тумтарақай бўлишди. Йўл бўйида Ўлмас иккаламиз қолдик. Унинг юзидаги қонни, шашқатор дийдаларини кўриб, ўзим ҳам ўксиб кетдим. Аста ўпдим, кўз ёшларини артиб қўйдим. Шу пайт Ўлмасларнинг дарвозасидан бир аёл чиқиб қолди. Дўстимни бағрига босди-ю менга бақириб берди, Ўпкам тўлиб тургани учун йиғлаб юбордим. Ҳалиги аёл бунга ҳам қаноат қилмай, иккаламизни бувимнинг олдиларига етаклаб борди.
– Набирангизни қаранг, нима қилибди?!
Ҳа, нима бўлибди, – киноя қилдилар бувим,–осмон узилиб ерга тушибдими?!
– Қарангда арзандангизга!
Ҳа, бу шунақа безори. Отаси арақхўрда...
Бувимнинг бу жавоблари ғалати эди. Чунки дадамнинг маст бўлганларини ҳеч ким кўргани йўқ. Ўлмаснинг отаси эса кўп ҳолларда ишдан гандираклаб келади. Момомнинг кесатишлари ҳалиги аёлга қаттиқ ботди.
– Сиз китоб кўрган одамсиз! Шу гап лозимми?!
– Китобга тил тегизманг, айланай, аммангизга ўхшаб, оғзингиз қийшайиб қолади, – дедилар бувим овозларини ҳийла кўтариб.
У алланималарни жавраганича чиқиб кетди.
Ҳа, дийдоринг қурисин, сан сатангни, – лаънатладилар бувим.
Бувижоним бу машмашани ойим билан дадамдан сир тутдилар.
ЎН БИРИНЧИ БОБ

МАҲАЛЛА

Энди кўчамиз, боғимиз, қишлоғимизнинг паст-баландликларини ҳам биламан. Дарвоқе, қишлоғимиз ҳақида ҳам андак сўз юритиш пайти келганга ўхшайди. Уни Кўтарма дейишади. Бир вақтлар бу ер паст­қам жой бўлган дейишади. Тупроқ ташлаб, сатҳини кўтаришган экан. Бу ерни унчалик обод деб бўлмайди. Дўкон, сартарошхона, новвойхона, темирчилик устахонаси, чойхонадан бўлак ҳеч вақо йўқ. Қишлоғимиз икки колхоз («Ленин байроғи» ҳамда Максим Горький номидаги) оралиғида ва бунинг устига шаҳар билан қишлоқ ўрталиғида бўлгани сабаб анча аросатда қолган. Ободончилик хусусида гап кетганда, раислар сансалорликдан нари ўтмагани устига юқори ташкилотларнинг мутасаддилари ҳам бу ерлар шаҳарга ўтиб кетиши эҳтимоли борлигини важ қилишаркан. Одамлар эса раҳбарларни болохонадор қилиб сўкишдан нарига ўтишмайди.
Ҳа, майли, булар катталарнинг ташвиши. Мен ҳам бошқа болалардек темирчилик устахонасини хуш кўраман. Галалашиб унинг олдидаги курсида тизилишиб ўтирамиз. Уста бобо бизларни уришмайдилар – у киши вазмин, хушфеъл. Ўртада гуриллаб олов ёнади. Уста бобо унга темирни тутиб, чўғдай қиздирадилар. Кейин ҳалигини сангдон устига қўйиб бирин-кетин савалашади. Темир парчаси кўз ўнгимизда кетмон, теша, ўроққа айланади. Сувга солинган темирнинг вижиллаши, чарх устидан учган учқунларнинг сочилишини кузатиш мароқли.
Чойхонадаги карт устига Тоҳир амаки деган бақалоқ киши, Ортиқ бобо, Полвон бобо деган отахонлар ўтиришади. Ортиқ бобонинг қаршисидаги кирланиб кетган халтада кунгабоқар пистаси бўлади. Саша деган шатрама бола у киши номоз ўқийдиган пайтни пойлаб, писта ўғирлайди. Отахон ўша топда номозни тарк этолмайдилар.
Полвон бобонинг асл отлари бошқача дейишади. Катта Фарғона канали қурилишида Охунбобоев деган отахон:
«Сиз ҳақиқий полвон экансиз» деганларидан кейин шунақа бўлиб қолганлар.
Тоҳир амаки билан Ортиқ бобо кўп гапиришади-ю, Полвон бобонинг овозларини эшитиш амримаҳол. Мен бир мартагина эшитганман. Қаттиқ шамол туриб, электр симларини узиб кетган кунлар эди. Монтер фақатгина пул чўзган кишиларнинг ҳожатини чиқара бошлади.
– Мантўр ука, – дедилар Полвон бобо, – бизди симни ҳам улаб беринг, ишингиз тушса...
– Ота, ўзлари нима иш қиладилар, – таъма билан сўради у.
– Гўрковман.
Ҳа, Полвон бобо гўрков. Одамлар у кишини ҳурмат қилади.
Сартарошхонада эса юзлари чуваккина, ўзи ҳам мўмин-қобил Мордухай амаки (Тоҳир амаки у кишини Мардивой дейдилар) шаҳардан қатнаб ишлайди. У одам бағоят сертакаллуф. Яқинда дадам билан кирганимизда бунга яна бир бор ишонч ҳосил килдим.
Мордухай амаки ишдан тин олиб, дадам иккаламиз билан қуюқ кўришди.
– Қани, Мулложон, марҳамат, – деди курси қўйиб. Сўнг таъзим ила чой узатди. Мен қизиқиш билан унинг ишини кузата бошладим. Уста курсидаги кишининг сочини ўткир устара билан тарашлаб олар, орада бот-бот дадамдан аҳвол сўрашни канда қилмасди. Охирида ҳалиги кишининг бошига фишиллатиб атир сепди, бошини икки қўли орасига олиб қисди. Ўалиги амаки ўрнидан туриб, тағин бир бор кўзгуга қараб олди-ю, пул узатди. Мордухай амаки кўзини сузиб: «Раҳмат, ака!» деди.
– Қани, қани Мулложон, марҳамат.–дадамга ўгирилди у.
– Йўқ, мана бунинг сочини оламиз,–дедилар папаша камина томон имлаб.
– Ие, шундайми? Улуғбекнинг сочлари ўсибдиларми? Ўе, балли, балли.
Сартарош шу куйи жавраганича креслонинг устига тахтача куйди, сўнг мени даст кўтариб, унинг устига ўтқазди. Кейин баббаравар ҳам ишга, ҳам гапга киришиб кетди. Идораси планни кўпайтирганидан ҳийла шикоят қилгач, овозини ҳавотирона пасайтириб, давом этди.
– Шу, Мулложон, анча вақтдан бери сизни би-ир кўраман, деб юргандим: нозиккина илтимос бор эди. Сиз ўзимизнинг одамсиз, мулложон.
– Эшитайлик, қўлдан келса...
– Келади, келади, сизнинг қўлингиздан келмайдиган иш бор эканми, – дадамнинг гапларини бўлиб, у кишига ҳамду сано ўқиди уста.
Сўнг нари берига аланглаб олгач, давом этди:–Жиянимиз ёмон иш қилиб қўйди, мулложон. Нодонлик қилди, бадбахт.
– Нима қилди, – хулосани эшитишга шошилдилар дадам.
– Шу десангиз, бир ҳамгузаримиз Исроилга кетган экан. «Борган заҳоти суратимни юбораман, деган экан у, тикка турган бўлсам, билки жаннат экан, ўтириб тушган бўлсам, балки адашибман». Кўп ўтмай ҳалиги сурат келибди. Жиян қараса, жўраси узала тушиб ётган эмиш. Иби, иби дебди жиянимиз, бу ер ётиб: нон ейдиган жой экан-ку! Аслида ундай эмас эканда.
– Жиян кетдими?
– Кетди-да.
– Энди қайтариш керакми?
– Ё уни қайтариш керак, ё мани ҳам унинг ёнига жўнатиш керак. Бўлмаса хор бўлиб ўлади, мулложон.
Сартарошнинг асл мақсадини тушунган дадам дудуқланиб, аллақандай идораларга мурожаат қилишни маслаҳат бердилар.


ЎН ИККИНЧИ БОБ

АРРА

Омадсиз кун бўлди. Эрталаб бир дона хуштакча устида Моҳинбону билан уришиб қолдим: ойим башарамга тарсакн тушириб, мени эшикдан ташқари қилди. Чинқириб йиглаётганимда дадам пўписа қилдилар: «Ўчир, овозингнн, хумпар!» Жаҳолатдан қўрқиб, ўзимни йиғидан зўрға тийдим. Куни бўйи қорним очиб юрди. Бунинг устига бувимга суйкалай десам, у кишининг ҳам тоблари йўқроқ.
Аммо кечга бориб, уйимизда чинакамнга байрам бўлиб кетди. Амакижоним армиядан келиб қолдилар! Қоронғида Монуни қучоқлаб, «Вой, Улуғжон, сени соғиндим», деяётганларида югуриб бориб, қучоқлаб олдим. Зум ўтмай одамлар тўпландилар. Аммаларим, қўни-қўшнилардан ташқари Тоҳир амаки, Ортиқ бобо, Полвон бобо ҳам келишди. Зудлик билан қўй сўйишди.
Орадан бирор ҳафта ўтгач, амаким бувимни койиб турганларининг гувоҳи бўлиб, жуда ажабландим.
– Болаларини боғчага топширишсин! Бунақада чарчаб, ётиб қоласиз.
Момом «жим» ишорасини қилиб, ётиғи билан тушунтиришга киришдилар.
Ҳа, қани бу кунлар ҳам ўтар. Сан уйлан, зора хотининг оғиримни енгил қилса. Бу келиндан барака топмадим –эрта кетиб, бир маҳалда келади ишдан. Лекин сен акангга у-бу деб юрма. Сенга уйда ўтирадиган бир келин топсайдим...
Амаким жаҳл аралаш тагин алланима дедилар. Бувим менга ҳавотирона буюрдилар: «Улуғ, югур, даданг­ни олдига бор».
Қарасам, дадам янги иморатимиз олдида икки киши тортадиган аррани ёғоч устига қўйганча, кўзлари тўрт бўлиб ҳамкор кутиб ўтирибдилар.
– Дада, бу ёғини мен тортай, – сўрадим илтижо оҳангида
– Йўқ!
Шундай дейишларини билардим. Ишонишмайди.
– Хўп, дадажон, бир марта тортай, – тағин илтимос килдим. У киши индамадилар. Сукут – аломати ризо: рўпараларига ўтиб олиб, обдон жойлашдим, сўнг бир оз чўчиброқ аррани тортдим. Кейин дадам, мен... Унинг ўткир тишлари ёғочга ботиб, ундан қипиқлар сачраши мароқли эди.
Ҳадемай амаким келиб, қўлимдан аррани олдилар. Аслида мен ҳали ишламоқчи эдим. Начора. Шунисига ҳам шукур!
ЎН УЧИНЧИ БОБ

СОВЧИЛИКДА

Бувим иккимиз йўл юрдик, йўл юрсак ҳам мўл юрдик. Не-не бедапоялар, боғлар ортда қолди. Ниҳоят, қадимий ўймакор дарвоза қаршисида тин олдик. Бувим маҳси-калишлари сиртидаги чангни артдилар, кейин хавотирона овоз бердилар. Жилла ҳаялликдан сўнг ичкаридан бувимдан ёшроқ аёл чиқди. Улар қуюқ сўрашишди.
Ҳовли кенг, шинам эди – тўрт томондан баланд деворлар билан ўралганди. Мезбон қат-қат кўрпачалар тўшади. Моможоним бу даргоҳга қут-барака тиладилар. Дастурхонга нишолда, новвот тортишди. Алламаҳалдан кейин бувим муддаога ўтдилар.
– Айланай, мен у ҳафта ҳам келгандим – энди ўзларингдан қолар гап йуқ. Суриштириб кўрган бўлсаларинг ҳам керак. Бола армияга бориб келган, ичмайдиган, чекмайдиган хилидан. Акаси редакцияда ишлайди, ўзи шофёрларга катта.
ўалати. Аслида амаким армиядан келгандан бери тузукроқ иш тополмай саргардон бўлиб юрганди. Буниси ҳам камлик килганидек, бувим бобо-ю бобокалонларимни ҳам роса мақтадилар.
– Билмасам, ойтимулло, – деди жимгина ўтирган ҳалиги аёл,–қизимнинг инъом ихтиёри бобосида. -У киши ҳали бирор нарса деганлари йўқ.
Улар жимиб қолишди. Сўнг мезбон аёл чиқиб кетди ва мункайиб қолган, панжалари бетиним қалтираб турадиган чолни етаклаб кирди. Мўйсафид биз томон ўгирилиб қарамади ҳам. Бурчакка ўтириб олиб, кўзини ерга тикканича сўради.
– Сизни танимай турибман: кимнинг қизисиз?
– Асли қўшмачитликман,–бувим ҳам бошларини кўтармай жавобга ўтдилар,–бадаллик Раҳматжон деганнинг аёли бўламан. Хўжайиним Сталиноборон, Қизиласкар колхозларида ҳосилот шўро, шофер бўлиб ишлаган. Раҳматлини мошин уриб кетди. Мозори Қадимга қўйганмиз. Отам – Истамбек, бобом–Искандарбек. Икковлари ҳам катта заминдор бўлишган. Улар Шоҳи Зиндага қўйилган.
Бувим боболари билан дадаларининг ажойиб ҳислатларини ҳам хотирга олиб ўтдилар. Сукут сақлаб ўтирган мўйсафид вазмингина гап бошлади.
– Бобонгиз бек эди. Яхши отлари кўп эди, аммо сургун бўлмайин деб отларини ҳукуматга топширди, қизини қаролига бериб, уни ишбоши қилиб қўйди. Ўай-ҳай!
Йиллар ўта елкага тушган бу дашном бувимга қаттиқ ботган бўлса ҳамки  меҳмондорчилик таомилларига озор етказмай, аввалги оҳангда давом этдилар.
– Ўа, энди бир ҳовуч тупроғим мусофир юртларда қолиб кетмасин, деганларда. Не-не азаматлар ватангадо-ю, кафангадо бўлиб кетди...
Чол индамади. Унинг ланж қиёфасидан бирор маънони ўқиб олиш ҳам амри маҳол эди. Сукунатни у қайтараётган тасбеҳ доналарининг бир маромда чиқиллаши бузарди. Кейин уни олиб чиқишди. Бир неча дақиқадан кейин кирган уй бекаси оиланинг сўнгги қарорини аён қилди.
– Ойтимулло, дилингизга қаттиқ олманг – бобоси рози бўлмадилар. Насибаси ўзга ерга сочилган эканми...
– Ўа, майли, совчига бир эшик ёпиқ бўлса, минг эшик очиқ, айланай, – ўкинганларини заррача билдирмай давом этдилар бувим, – сиз билан қуда бўлиш насиб этмаган экан, бошқаси билан бўлар. Энди кўнгилда!
Ташқари чиқиб, йўлга тушгач, бувим ҳалиги чолни лаънатладилар.
– Дийдоринг қурисин, сан босмачини!
Биз йўлда давом этдик. Кейин Мазори Қадимга кирдик. Оқ, қора мармарлардан менга мунг билан боқиб турган болакайлар, ўсмирлар, аёллар, чолларни кўриб алланечук бўлиб кетдим. Нохуш ва маҳзун эди.
Бир қабр қаршисида тин олдик. Бувим эзилиб-эзилиб йиғлашга тушдилар. Фаҳмлашимча, бу бобомнинг сағаналари эди. Аммо бувим бу нохушликларнинг бирорта асоратини уйга олиб келмадилар. Баръакс тантанавор ва нописанд ҳолатда эълон қилдилар.
– Ўе, падарига лаънат! Ўшанинг авлоди эканлигини билсам, даргоҳига оёқ босмасдим. Ўғлим кўчада қолгани йўқ.
ЎН ТЎРТИНЧИ БОБ

БАЙРАМ

Ура!
Бугун 1-Май! 1975 йилнинг сархуш баҳори! Саҳармардондан хонадонимиз қувончга тўлиб кетди. Ҳаммамиз янги, охори тўкилмаган либосларимизни киябошладик. Кичик синглим Дилафрўзни бувижонимга қолдириб, қадрдон шаҳар томон йўл олдик.
Кўчалар одамга лиммо-лим! Шовқин-сурон, қийқириқ! Болакайларнинг қўлларида сурнайчалар, байроқчалар! Регистоннинг сокин миноралари, нилий гумбазлари ёрқинроқ товланади. Ҳар ер-ҳар ерда турфа томошалар. Биз ана шу давралардан бирига яқинлашдик. Мени - дадам, Моҳинни - ойим кўтариб олдилар. Ўртада дадам тенги бир амаки уч баҳайбат айиқни турли куйларга солиб ўйнатарди. Жониворлар хўжасининг буйруғини сўзсиз бажарар, одамларга қувонч улашарди.
– Хўш, полвон, – деди ҳалиги амаки айиқларнинг йирикроғига, – мана бу биродари азизларга би-и-ир маст бўлиб беринг.
Айиқ гандираклаб давра айлана бошлади. Унинг кўзлари сузилар, лаблари тамшанар, хуллас ғирт алкашнинг қиёфасига кирганди. Атрофда шўх-шўх кулгилар янгради. Айиқ полвон қўлини бир силтади-ю, ерга ағанади, мастнинг сўкинишига монанд бўкириб қўйди.
– Полвон, нормадан ошибди-ку, – сўз қотди хўжаси.
Ҳа-а-а-а, – деди айиқ полвон бўкириб.
– Айб, айб!
У беихтиёр бу ёнбошига ағдарилиб ётди.
– Ана милиса, ана милиса,–пўписа қилди эгаси. Айиқ ўрнидан ирғиб турди, паноҳ излаб эгасининг пинжига тиқилди.
– Айб, айб, – такрорлади эгаси. Навбат иккинчи айиққа келди. У рақибини курашга чорлаётган паҳлавондай вазмин давра айлана бошлади, аммо шериги ҳадеганда курашга чиқавермади. Кутилмаганда одамлар орасидан бир маст довдираб ўртага тушди-ю, айиққа рўпара бўлди. Айиқ аввал унга бошдан оёқ разм солиб чиқди, сўнг кутилмаганда тарсаки тушириб қолди. Узала тушиб қолган мастни олиб чиқишди.
Гарчанд айиқ полвоннинг кайфияти бузилган бўлса-да, эгасининг буйруғига кўра умбалоқ ошиб, ҳар мақомда рақсга тушди. Учинчи айиқ бўлса қўлига эскигина телпак олиб, даврадагилардан пул йиғабошлади.
Нарироқда – шоирлар боғида баланд қилиб сим тортилганди. Карнайлар ғата-ғут қилиб ўзига чорларди. Ўртага мошгуруч соқолли, кексароқ киши тушди. У одамларга бир карра кўз ташлаб чиқди.
– Халойиқ, – деди ниҳоят, – ийду-айёмларинг муборак бўлсин! Сизларни фақат ана шундай хуррам кунларга етказсин! Биз Бухорои шарифдан сизларни хурсанд этгали келдик. Омин, муаллақ симга чиқадиган болаларимни ўзи паноҳида асрасин! Сизлар ҳам муроду-мақсадларингга етинглар!
Одамлар юзларига фотиҳа тортишди. Шу пайт мендан сал каттароқ болакай қўлига узун таёқ тутганича ғизиллаб симнинг устига чиқиб кетди. Одамлар ҳайратларидан ёқа ушладилар. Ҳалиги болакай сим устида нари бери бориб келгач, кўзини боғлашди. Сурнай билан ноғора мунгли оҳанг бошлашди, негадир юрагим шувиллаб кетди. Шундан кейин болакай оёғи билан симни пайпаслаганича юра бошлади. Симнинг ўрталарига келганда оҳанг ўзгарди. «Андижон полкаси» янгради. Бола сим устида кўзи боғланган ҳолда завқу шавқ билан рақсга тушакетди.
Катта кўчада бўлса турфа байроқлар, расмлар кўтарган гуруҳлар ўтар, рангларнинг мўл-кўллигидан, шодон қийқириқлардан кўз қамашар, қулоқ қоматга келарди. Ойим ҳам саҳий бўлиб кетдилар. Бизни музкаймоқ, шар ва яна алла-нималар билан сийладилар. Мен бирорта ғамгин   одамни кўрмадим.
Йўқ, кўрдим! Унинг соқоллари ўсган, кийимлари жулдур эди. Жуда хомуш эди бечора. Бизга яқинлашиб, дадамга илтижо килди.
– Бола-чақангизнинг умрини берсин, ғамини кўрманг! Садақа – радди бало, ихлосу холос, эътиқоду мурод...
Дадам унинг кафтига танга қўйдилар. Аммо менинг фикру хаёлим остин-устун бўлиб кетган эди. Шодон қийқириқлар, хушчақчақ болалар, мамнун айиқлар ва ниҳоят ғамзада амаки! Нега ундай бўлиши керак!? Гуноҳи нимада?! Нечун у шодон эмас? Нега у ана шу шодлик уммонидан бебаҳра?!
Кечга яқин биз уни тағин учратдик. Энди батамом бошқача ҳолатда эди у. Ахлатлар уюлиб ётган бурчакда маст ҳолда ағанаб ётар, одамларни бехаё қилиб сўкарди. Ё товба! Шу бахтиёр одамларни ҳақоратлаш инсофданми?!


ЎН БЕШИНЧИ БОБ

МАКТАБ

Бугун – 1977 йилнинг 1 сентябри! Мен мактабга бораман! Ўаёт йўлимда янги, нотаниш сўқмоқ бошланади. Катталарнинг куйинишларига қараганда бу йўл анча серташвиш, олис. Валекин у – зарурат.
Тўйдан кейиноқ дадам янги портфел олиб келган эдилар. Ойим алифбо, қалам-дафтарларни муҳайё қилдилар. Бугун ҳам ойим анча эрта уйғониб, янги либосларимга дазмол босдилар. Мактабга боришимни эшитиб, Моҳинбону пиқиллаб йиғлашга тушди.
– Манам бораман, манам борама-а-ан.
Катталар шунча уқтиришса ҳамки, ёши етмаганини тан олгиси келмасди нодоннинг! Ниҳоят дадам бақириб бердилар-у овози тинди унинг.
Алифбо ҳақида, мактаб хусусида анча-мунча тасаввур ва таассуротларим бор эди. Жумладан, алифбодаги ҳарфларни аллақачон ўрганиб олгандим. Тамара опа (бизникида яшайдиган студент қариндошимиз) Моҳинбону иккаламизга кўп ҳарфларни ўргатишга улгурганди. Бунга осонлик билан эришмаганди опамиз. Бўйсунмай қочаверганимиз учун бизни алдаб-сулдашнинг турли йўлларини ишга солганди. Бир куни иккаламизга ҳам эски газета-журналларни берди-ю «О» ҳарфининг ичини қизил рангга бўяб чиқишни тайинлади. Биз зум ўтмай бу ҳарфни топадиган бўлдик. Кейин «Н» ҳарфини яшил, «А» ҳарфини кўк рангга бўядик. «ОНА» сўзини шу тариқа ўргандик. Кейин «ДАДА», «ВАТАН», «ОЛАМ» сўзларини ҳам ўқийдиган бўлдик.
Фақат алифбо эмас, мактаб ҳам таниш эди менга. Бирор ҳафта муқаддам ойим мени у ерга олиб бориб, йўлни, синфимизни, буфет ва ҳожатхонани кўрсатган эдилар.
Йўлга тушар эканмиз, бувим узоқдан-узоқ дуо ўқидилар. Китобимни уч марта ўпиб олиб, уни эъзозлашимни тайинладилар. Мактабдан қочмаслигимни, муаллимларни ҳурмат қилишимни, катта кўчадан эҳтиёт бўлиб ўтишимни қайта-қайта уқтирдилар.
Йўлда бизга Ёқуб, Жамшид, Санжар, Қобил ва бошқа жўраларим ҳам ҳамроҳ бўлишди. Уларни ҳам ойиси, бувиси, опаси эргаштириб олганди. ўарқ пишиб ётган помидор пайкали орасидаги таниш йўлдан мактаб томон равона бўлдик. Жамшиднинг бувиси бу йўл қишда ботқоққа айланишини, болакайлар азоб чекишини гапириб надоматлар чекди. Ойимга ҳам жон кирди. Шаҳардаги ишларини ташлаб келганликларига афсус чекдилар. Мактаб йўлига тош тўкдирмаган,  водопровод ўтказмаган раҳбарларни лаънатладилар. Бир аёл эса эри нуқул ичиб келаётганидан зорланиб гапирди, қизига портфель ҳам ололмаганини айтиб кўз ёш қилди. Биз – болалар бўлсак ўз дардимиз билан овора-ю андармон эдик. Жамшид янги портфелини мақтар, Ёқуб бўлса ланкасини кўкларга кўтарарди. Мен бўлсам ойимнинг мактабимизда ишлашларидан фахрланиб қўярдим.
Қаршимиздан машиналар қатнаб турадиган катта кўча чиқди. Бувимнинг огоҳлантиришлари ёдимга тушиб, аввал чапга, сўнг унгга қарадиму, катталарга эргашиб ўтиб олдим.
Мактабимиз бир қаватли, эскигина. Айтишларича, у колхозлаштириш йиллари қурилган экан. Бир вақтлар Сталиноборон колхозининг идораси бўлган эмиш. Колхозлар бирлашиб кетиб, бу ер мактаб бўлиб қолибди.           
Мактаб ҳовлисида оломон одам эди. Биз – болакайларни бир сафга тизишди. Ота-оналар орқароққа бориб турдилар. Рўпарамизда учинчи синфнинг ўсмир болалари саф тортгач, мактабнинг казо-казолари нутқ ирод қилишди. Кўп гаплар ёдимда қолмади. Фақатгина бугундан эътиборан биз Самарқанд районидаги 37-ўрта мактабнинг биринчн синфига қабул қилинганимиз, мактабнинг тартиб-қоидаларига риоя қилишга мажбур эканлигимизни эслайман, холос. Кейин унинчи синф болалари бизга совға-саломлар улашди. Нури деган бир ўсмир менга чегарачилар ҳақида рангли китоб берди. Сўнг ёнимда турган қизалоқни ўртага олиб чиқиб, катта қўнғирок беришди. (Мен худди шунда қўнгироқни бир фильмда туя бўйнида кўргандим). Ўалиги қизалоқ бир амаллаб қўнгироқни чалиши билан биз синфга кирдик. Дадам тенги киши тўрга ўтиб, бизга мурожаат килди.
– Мен сизларнинг биринчи муаллимларинг, бўламан. Менинг фамилиям Жалолов, – деди. Сўнг портфелларимизни, китобларимизни кўздан кечирди.


ЎН ОЛТИНЧИ БОБ

ЛЎЛИ МОМО

Хонадонимизга кириб-чиқадиган кишиларнинг аксариятини тилга олиб ўтган эдим. Ўоҳишингиз бўлса, бугун шулардан бири – Лўли момо ҳақида бақамтироқ ҳикоя қилмоқчиман. Бу кампир ойда бир ёки икки бор келади. Қишда эса камнамо бўлиб кетади.
Мен ҳар гал бир нарсадан жуда ажабланаман: уйимиздагиларнннг бу аёлга бўлган муносабатларида киборларча нописандлик яққол сезилиб туради. Масалан, уйимизга балонли газ тарқатадиган киши келиб қолса ўзларини қўйишга жой топишолмайди. Тўрдан ўрин кўрсатиб, қуюқ илтифотлар қилишади. Бувим унга пул берадилар, дуо қиладилар. Дадам ҳам у билан ҳисоблашадилар. Солиқ йиғадиган Конторчи амаки ҳам бизнинг ҳовлида ўзини ҳокимдай тутади. Ўар гал томорқамизни ўлчаш зарурлигини шаъма қилиб қўяди. Шунда бувим нолиб қоладилар, ўғилларига иморат қуриш учун ер зарурлигини айтиб зорлангандай бўладилар, қимматчилик йиллари колхозда ишлаганликларини ҳам гап орасида қисдириб ўтадилар.
Лўли момо масаласида эса... айтмай қўяқолай. Ўринларидан ҳам туришмайди, калондимоғлар. Худди шундай бўлиши керакдай, Лўли момо ҳам пойгакроқда  ўтириб олади. Бувим каравот устидан туриб саломлашиб қўяқоладилар. Лўли момо кексаликдан шикоят қилади. Гуёки биз гиналаётганимиздай бедарак бўлиб кетгани учун узр сўраган бўлади. Сўнг ёшларни ғийбат қилади.
– Лўлини худо тиланчилик учун яратган. Локинда ёшларимиз урф-одатларимизни писанд қилмай қўйишди. Қизларимиз тожикларга, ўзбекларга тегиб кетишяпти. Худонинг қаҳри келади, қаҳри келади...
– Ўа, замонида, – дейдилар бувим юмшоқроқ қилиб. Унга жон киради. Ўғиллари топармон-тутармонлиги билан мақтаниб олгач, айрим қишлоқдошлари тўйига ароқ қўйганини, бир енгилтак аёл эркаклар даврасига тушиб рақс қилганини айтиб беради.
– Ўа, замонида, – такрорлайдилар бувим. Бир гал моможоним у кишига ўша Маликаи Хубон деган китобларидан бир неча вароқ ўқиб бердилар. Лўли  момо зор-зор йиғлади. Бувимнинг раҳмлари келиб, кетишда анчагина мева-чева бериб юбордилар.  
Бир воқеа бўлди-ю  уйимиздагиларнинг Лўли  момога муносабати ўзгариб қолди. Бир куни у киши анча башанг кийиниб келдилар.
– Кенжа ўғлимни уйлантиряпман, – дедилар тантанавор оҳангда, – сизларни тўйга айтгани келдим. Ахир, қирқ йилдан бери даргоҳларингга кириб-чиқаман! Ўабар қилмасаларинг ҳамки, бирорта тўй-маъракаларингдан қолганим йўқ.
Оҳирги жумладан дадам ҳижолат бўлиб кетдилар. Шунинг учун бўлса керак Лўли момонинг сўзини бўлдилар.
– Бўлди, бўлди! Ўаммамиз борамиз!   
Аммо тўй куни биринчи бўлиб бувим бош тортиб қолдилар.
– Келиб-келиб Лўлининг туйига борарканманми?! Кимсан Искандарбекнинг авлодиман. Ана шу колхозингни ярми дадамнинг замини бўлган. Ўар ким ўзига муносиб жойга борсин! Хеш ба хеш, дарвеш ба дарвеш. Борсанг, боравер, лекин бошимизни қотирма, – дедилар дадамга.
Ўзга гапга ҳожат қолмаганди. Аммо шунга қарамай дадам ўзларича ташвиқот қилакетдилар.
– Эски замонларда Лўлиларни камситишган. Ўозир улар ҳам ишлашяпти, ҳуқуқи тенг. Ўзбеклар, тожиклар қиз олиб, қиз беришаётган экан.
– Ўов, манга қара, – сўзларини бўлдилар бувим,– Лўли  момонг намоқул қилибди – ҳеч қайси ўзбек билан тожикнинг мияси айниган эмаски, қизини чиқариб лўлига берса! Майли ўғлинг катта бўлса, лўлидан уйлантир, лекин бизни тинч қўй!
– Сиз эски замоннинг одамисиз.–жеркидилар дадам.
– Ўа, тезроқ Лўлининг тўйига бор! Янги замон одами кечикмаслиги керак, – кесатдилар бувим. Дадам чиқиб кетгандан кейин ҳам у кишини роса айбладилар.
Дадам тўйдан жуда кеч, аммо аллақандай сархуш кайфиятда қайтдилар. Таассуротларини ойимга эҳтирос билан гапириб бердилар.                                 
– Мен у ерда Лўлилардан чиққан бир олим билан танишиб қолдим. Унинг айтишича, лўлилар аслида Покистоннинг Мўлтон шаҳридан келиб қолишган экан. Тажовузкор душман босиб олиб, мўлтонликларни ер юзига сочиб юборибди. Бир донишманд айтган экан: ватанидан айрилган – ҳамма нарсасидан ажрайди. Бу шўрликлар ҳам ҳамма нарсасидан ажралиб, тиланчига, фолбинга айланиб қолибди. Ўозир бир-ярим кексаларигина тиланчилик қилишаркан.
Дадам лўлилардан чиққан анча-мунча машҳур кишиларнинг номини тилга олдилар. Тўй зўр ўтганини роса мақтадилар. Эртаси бувимга ҳам бу тафсилотларни эҳтирос билан гапириб, у кишининг шафқат томирчаларини уйғотишга ҳаракат қилдилар. Бувим ҳам бу гал дадамни жеркимадилар – жимгина ўтирдилар. У кишининг ана шу сукутларида ички бир баҳсу-мунозара зоҳир эди.
Орадан бирор ой ўтгач, Лўли  момо тағин келди. Бу гал ҳаммалари ўзгача илтифот кўрсатишди. Бувим ҳам ўринларидан туриб, кўришиш учун қўл чўздилар. Лўли  момо ҳаяжонланиб қолди.
– Янги келин тузукми, хизмат қиляптими, – сўрадилар бувим.
– Хизмат қаёқда дейсиз, – одатдагидек шикоятомуз гап бошлади Лўли  момо, – фабрикада ишлайди. Би-и-ир маҳал кириб келади. Буниси ҳам майли: ўғлимга айтибдики, онанг у ёқ-бу ёққа чиқадиган бўлса, бу даргоҳни елкамнинг чуқури кўрсин!
Бу гал узоқ гаплашишди. Аммачам ҳам дастурхонни ўзгача қилиб безадилар. Ўайрлашиш олдидан эса бувим анча меҳрибон оҳангда илтифот қилдилар.
– Энди, тўйга боролмадик, айланай, қирқ йиллик қадрдонмиз. Мана бу – келинга совғамиз. Арзимас...
У киши шундай деб Лўли  момони қўлтигига қоғозга ўралган атлас қисдирдилар. Лўли  момо негадир йиғлаб юборди. Бувим буни гуё кўрмагандай, тез-тез келиб туришни, келинни ҳам олиб келишни тайинладилар.



ЎН ЕТТИНЧИ БОБ

БЕКЛАР АВЛОДИ

Мен ойимнинг хоҳишларига кўра биринчи  партада дўстим Ёқуб билан ўтираман. Ёқуб бағоят камсуҳан, қобил-мўмин бола. Гоҳида иккита жумлани ҳам жуфтлаб айтишда қийналади. Муаллим савол берса, лом-мим демай кўзини лўқ  қилиб ўтиради. Бунинг устига бурни ҳам... Бир куни муаллим ундан уйдан мактабгача нималар борлигини сўради. Мен пичирлаб помидор пайкали, ариқ, дарахтни тилга олдим. Лекин у эшитмади шекилли, лаллайиб ўтираверди. Аммо математика масаласига келганда калласи ишлайди, хумпарнинг! Мен дастлабки кунлар андак ўнғайсизланиб турдим-у, кейин ҳеч иккиланмай, хижолат тортмай кўчириб олавердим. Ундан кўчириб олишимга қарамай, ҳисоб-китобдан камина «беш» Ёқуббой бўлса «уч», нари борса «тўрт» оларди.
Баҳорга чиқиб мен мактабда бирдан танилиб қолдим. Йўқ, бунга шеърни яхши ёд олганим ёки математикани уддабуронлик билан кўчиришим туфайли эмас, шахматни билишим сабабли эришдим.
Бир куни физкультура ўқитувчиси йўлимни тўсди.
– Сан Улуғбекмисан?
Мен маъқуллаб бош тебратгач, катта синфга эргаштириб борди. Бу ерда юқори синф-ўқувчиларидан бир нечтаси шахмат ўйнашарди.
– Қани, мана бу билан ўйначи, – деди муаллим ўсмирлардан бирига. Биз зудлик билан тошларни тердик. Нақ тўрт юришда рақибимни мот қилгандим, ҳаммалари хушёр тортиб қолишди. Қаршимда ўнинчи синф­да ўқийдиган ўсмир ўтирди. Унинг тош теришиданоқ сустлигини билиб олдим. Ўзи ҳам иккиланиб, ҳавотирга тушиб тош сура бошлади. Ҳадемай вазирини бериб қўйди ва қўл кўтарди. Кейин муаллимнинг ўзи билан тош сурадиган бўлдик. Ҳалиги ўсмирлар қизиқиш билан бизни ўраб олишди. Ўйин жиддий тус олиб кетди. Муаллим ҳакикатан ҳам анча тадбир билан ўйнаркан. Лекин пиёдаларни кўпроқ қурбон қилиб қўйгани учун қийналиб қола бошлади. Ҳалиги ўсмирларнинг диққат билан кузатиб ўтиришини унчалик ёқтирмай, аллақандай надоматлар чека бошлади. Мен отимни унинг шоҳи билан вазири орасига «вилка» қилдим. ғалабага яқин қолганда, муаллим кўзимга жуда умидвор тикилиб, дуранг таклиф қилди. Мен кўниб қўяқолдим. Ўсмирлар бир-бирларига қараб маъноли жилмайиб қўйишди.
Бу гап мактабга яшин тезлигида таркалди. Танаффус пайтлари болалар зимдан мени кўрсатиб, алланималар дейишар, ўзимизнинг муаллим ҳам қуюқроқ илтифот кўрсатадиган бўлди. Танаффус пайтлари аллақандай ғурур билан юрадиган бўлдим.
Аммо бу беҳудуд шодлик узоқ давом этмади. Ўша куни мактабдан қайтишда шундай дилсиёҳлик бўлдики, асти қўяверасиз. Ёқуб, Қобил уччаламиз катта кўчани кесиб ўтган эдик ҳамки, кимдир тош отиб қолди. Сал нарида ўн чоғли бола бизга таҳқирона назар солиб турарди.
– Ур, кўтармаликларни! – деди улардан бири биз томон имлаб.
«Кўтармаликлар» биз эдик. Мен бу болаларнинг кўзида батамом бегона, совуқ нигоҳ кўрдим ва сесканиб кетдим.
Рақибларимиз (ҳа, уларнинг бегуноҳлардан интиқом олиш нияти рақиб қилиб қўйганди) лой, кесак итқита бошлашди. Биз ҳам ерга энкайдик. Ёввойи тўда бизга яқинлашди, Қобил қочиб қолди, Ёқуб иккаламиз саросимада қолдик.
Ҳе, онангни сани...
Ҳамширангни...
Шунақа беҳаё, бешарм сўзлар билан сўкишардики, ғазабланмай иложинг йўқ эди. Ҳе, йўқ, бе йўқ ўзимдан  сал катттароқ бола мен билан муштлашиб кетди. «Қорнига теп!», «Башарасига сол!» далда беришарди шериклари. У мени йиқитмоқчи бўлганда, билагини боплаб тишлаб олдим, рақибим чинқириб йиғлади. Шунда унинг тарафкашлари менга ташланиб қолишди. Аллақаерданам бир халоскор овоз чиқмаганда, бу кўнгилсизлик нима билан тугашини айтиб беришим қийин. Болалар тумтарақай бўлишди. Сўнг ўша одам келиб, мени ердан кўтариб олди. Бу – биринчи синфда менга чегарачилар ҳақида китоб тақдим этган Нуриддин ака эди. Хўрлигим келиб йиғлаб юбордим. У мени қучоғига олди, Ёқубнинг ҳам кийимларини тозалади. Ҳалиги безориларга тағин бир бор мушт ўқталиб, бизни эргаштириб кетди.
Бувим мени кўриб қўрқиб кетдилар.
Ҳа?!
– Болалар урди!
Тағин ўпкам тўлиб, йиғлаб юбордим. Бувим ҳам қалтираганларича аллакимларни лаънатладилар. Кейин зудлик билан кийиниб чиқдилар
– Юр, мактабингга борайлик! Муаллимларингни падарига... Олган ойлиги тешиб чиқсин!
Бунга муаллимларнинг зиғирча алоқаси йўқлигини тушунтиришнинг мавруди эмасди ҳозир. Чунки у киши ғазабланганда қулоқларига гап кирмасди.
Биз орқага қайтдик. Бувим ҳамон муаллимларни лаънатлардилар. Бир маҳал рўпарада ойим кўриндилар. У киши лойга ботиб, зўрға қадам ташлар, чарчаган, асабийлашган ҳолатда эди. Мен негадир чўчиб кетдим.
– Ассалом, ҳа, йўл бўлсин сизларга, – бувимнинг важоҳатларидан чўчиб, мулойим оҳангда сўрадилар ойим.
– Директорингиз борми, – саволга савол қайтардилар бувим.
– РайОНОга кетганлар.
– Ўринбосаричи?
Ойим бир лаҳза каловланиб қолдилар.
– Вой, ойижон, ўринбосар ўзимман. Бирор ой бўлди...
– Бошқа одам қуриб кетган эканми, – овозларини андак кўтариб, ойимнинг сўзларини кесдилар бувим.
Ойим ҳам жаҳлга миндилар, аммо пайкал орасида жанжаллашиб қолишдан чўчиб, вазминлик қилдилар. – Буни бетайин болалар урибди-ку, – давом эттирдилар бувим, – майиб қилибди! Кўзларинг қаерда?!
– Сани ким урди, – сўрадилар ойим мен томон энкайиб.
– Қўшмачитликлар!
Ҳа, энди қўшмачитликлар шунақа, – дедилар ойим бувимнинг ҳам ўша ердан эканликларини кесатиб, – улар беклар авлодида: бировларни камситишмаса, хўрлашмаса уйқулари келмайди.
Ойим авваллари умуман заҳарҳанда, пичинг қилишни билмасдилар. Бунақа сўз ўйинларини бувимдан ўргана бошлагандилар.
– Кимнинг тулпори урганини билсам бўлди–бориб ота-онасини шарманда қиламан, – дедилар бувим.
Лекин у безориларнинг кимлигини мен ҳам, ойим ҳам билмасдик. Ноилож орқага қайтдик. Бувим тағин муаллимларни айбладилар. Ойим эса индамай қўяқолдилар.
Эртаси мактаб йиғилишида ойим сўзга чиқиб, анча-мунча пўписалар қилдилар. Минбад кимдан-ким муштумзўрлик қилса, мактабдан ҳайдалишини айтдилар. Биз бир-биримизга меҳрибон бўлишимиз зарурлигини уқтирдилар.


ЎН САККИЗИНЧИ БОБ

БАҲРИ БОБО

Бугун – 1978 йилнинг 1 сентябри! Камина иккинчи синф толиби.
Китоб-дафтарларимни шайлаб қўйишганига ҳам бир неча кун бўлди. «Букварь» билан «Ўқиш китоби»ни қайта-қайта варақлаб чиқдим. Ёз бўйи боғларда дайдиб, мактабни, дўстларимни қумсаб қолгандим ўзим ҳам.
Биз одатдагидан барвақтроқ уйғондик. Нонуштадан кейин ойим янги либосларимни кийгиздилар, ўзлари ҳам башанг кийиниб, атрлар септилар. Биз йўлга тушдик. Бувижоним бизни мамнунгина кузатиб қолдилар. Ойижонимнинг кайфиятлари жуда яхши эди. Йўлда учраган кишилар билан ҳазил-мутоиба қилиб кулиб борардилар. Аммо мактабга бир неча қадам қолганда, у киши каттиқ ҳафа бўлдилар, руҳлари тушиб кетди. Мактаб дарвозахонасида латта этик кийиб олган, ўрта ёшлардаги чайир бир киши мактабимиз қоровули Баҳри бобо билан сану манга бориб қолганди.
– Йўқ бригадир, ўзингиз бундоқ ўйлаб кўринг, –деди Баҳри бобо ҳассасига таяниб, – ахир, бугун –биринчи сентябрь! Байрам! Шу бугун болакайларни ишга олиб чиқиш инсофданми?! Фронтда ҳам байрам кунлари биз ўйин-кулги қилардик. Ахир...
– Баҳри ака, – деди ҳалиги киши калондимоғлик билан кесатиб, – сиз мактабни қўриқланг, бу масалани раҳбарлар ҳал қилади. Директори бор, ўринбосари бор...
Ойим ўзларини тутиб туролмадилар.
– Биринчидан, Баҳри акага пўписа қилишдан уялинг, зарур бўлганда у киши Ватанни қўриқлаганлар! Сиз билан мени ҳимоя қилганлар! Иккинчидан, инсоф ҳам керак! Ахир, бугун биринчи сентябр-ку! Болаларни қаранг, бари янги либосларини кийиб безаниб келяпти.       
– Муаллима, – деди бригадир ҳам аллақандай заҳарҳандалик билан, – мен болаларни томорқамга олиб бормоқчи эмасман! Пайкалда помидор чириб кетяпти! План бор, мажбурият бор!
– Чириб кетса ҳам бугун чиқишмайди, – дедилар кескинроқ қилиб ойим.
Бригадир бир оз жим турди. Жўнаб кетар экан ғунғиллади.
– Майли, раис бор, райком бор – бир гап қилишар. Унинг гап оҳангида кимгадир ишонч ва аллақандай интиқом ёки пўписага ўхшаш маъно яширин эди. Мен дарсда негадир ойимдан ҳавотир тортиб ўтирдим. Шунинг учун ҳам танаффус пайти химия кабинетига югурдим. Ойимни районга олиб кетишганини эшитгач, дилимни ғусса босди. Уйга бориб, бувимни огоҳ этмоқчи бўлдим. Аммо улгуролмадим. Дарсда муаллим нималар ҳакида гапирганини билмайман. Қўнғироқ чалиниши билан ойимнинг кабинетларига қараб ўқдек югурдим. Ойижоним эшик олдида ўтириб олганча ўксиб-ўксиб йиғларди. Ўқитувчилар у кишига далда беришар, овутишарди.
Ўша куни юзга якин ўқувчи байрамона либослари билан помидор теришга жўнатилди.
*  *  *
Баҳри бобо менга меҳрибон бўлиб қолдилар. Мен ҳам эрталаб саломни канда қилмайман. У киши хурсанд бўлиб, роса алқайдилар. Мактабдан қайтишда ҳам қанақа баҳо олганим билан қизиқадилар, дадамга, бувимга салом айтишни қайта-қайта уқтирадилар.
Бир куни байрам муносабати билан у кишига сўз беришди. Баҳри бобо бир оз саросималаниб турдилар-у, кайвонича қилиб гап бошлаб юбордилар.
– Мен кўп ўлимлардан қолганман. Шунинг биттасини айтиб бераман.
Белоруссия ўрмонларида отишма пайтида мина ёрилди-ю, бир неча газ нарига учиб кетдим. Би-и-ир маҳал кўзимни очсам, тепамда тип-тиниқ осмон. Замин бир томонга қараб сурилиб кетаётгандай. Ёпирай, дедим. Қарасам, чанада кетаётган эканман. «Ким бор?» сўрадим аранг овоз чиқариб. Садо бўлмади. Яна сўрадим. Индашмади. Бошимни андак кўтариб қарасам, чанани бир овчарка судраб кетяпти.
Шу ерга келганда болалар гуриллаб кулишди. Баҳри бобо ҳам уларга қўшилиб кулдилар. Муаллимлар эса салгина жилмайишди. Баҳри бобо давом этдилар.
– Ўша пайтларда жуда гавдали эдим, сал кам юз кило чиқардим. Жонивор денг, увотлардан, ариқлардан ўтишида азоб чекиб, роса ғингшийди. Йиғлагандай бўлади. Ўзимнинг ҳам раҳмим келиб кетади. Кетавердик, кетавердик. Қанча йўл юрдик – худо билади. Бир маҳал госпиталга етиб келдик. Ҳамширалар мени тушириб олишди. Жонивор денг орқага қайтиб, ўқдай учиб кетди. Госпиталдан чиқиб ўша итни изладим. Аммо қайтиб кўролмадим – ярамас фашистлар отиб ташлашибди. Шундай итни-я! Эҳ! Эҳ!
– Сиз болаларга қандай қилиб ғалабага эришганимизни гапириб беринг, – у кишининг ҳаяжонли хотираларини бўлди муаллимлардан бири.
– Германияга киришимиз билан гражданларга озор бермаслик ҳақида Сталиннинг буйруғи чиқди. Лекин бизнинг ғазабимиз, интиқом олиш хиссимиз беҳудуд эди. Мен истеъфога чиққан бир немисни қундоқ билан туширдим. Командирим роса олиб бориб олиб келди. «Нега ундай қилдинг?» деди. «Ўша овчарка учун урдим» дедим.
Болалар тағин гуриллаб кулишди. Ҳалиги ўқитувчи тағин  ғалаба омиллари ҳакида гапиришни эслатиб ўтди.
Ҳа, энди айтдик-ку, ғазабимиз беҳудуд эди деб. Кўрдикда барини! Эҳ! Эҳ!
– Майли, майли, шу ёғи бўлади, – унинг сўзини бўлди мактабимиз директори.                                
Баҳри бобонинг уйлари ҳам шундоққина мактабга туташ. Пастаккина бир уй, бир даҳлиз. У кишининг умр йулдошлари ҳам мактабимизда фаррош. Жуда хушсуҳан аёл. Улар икковлашиб мактаб гулзорларини суғорадилар, ниҳолларни чилпийдилар. Баҳри бобо билан умр йўлдошлари бир-бирларига шунчалик меҳрибонки, асти қўяверасиз. Бир куни уйда ойим бу ҳакда ҳавас билан гапиргандилар, бувим ҳам у кишини маъқулладилар.
– Ҳа, Баҳрини кўп кутди у аёл. Қирқ еттинчи йили кириб келди. Ўша ёққа олиб қолишган экан. Кечикиб, мажруҳ бўлиб келди. Лекин укам...
Мен ҳарчанд қилсам ҳам бир жумбоққа фаҳмим етмайди. Мактабимиздан сал нарироқда бир терговчи яшайди. Унинг уйи икки қаватли. Бари пишиқ ғиштдан. «Волга»си ҳам бор. Нега энди Баҳри амакининг уйлари бир қаватли, пастаккина-ю... Ҳатто мактабимиз ҳам бир қаватли. Терговчининг дарвозасига ҳовлида қопонғич ит борлиги ёзиб қўйилган. Ҳатто итнинг расми ҳам бор. Аммо Қобилнинг уриб-енгишига қараганда бу ерда хеч қанақа ит йўқ эмиш. ғалати. Мен жуда ажабландим. Бир куни дадамдан сўрадим.
– Балки терговчи ўзининг расмини ёпиштириб қўйгандир, – дедилар дадам кулиб.
– Йўқ, итники, – дедим ҳеч нарсага тушунмай.
Ҳа, майли, – дедилар у киши, – улғайсанг, барини тушуниб оласан!
Қачон улғаярканман-а ?!


ЎН ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ

                                               БИБИ МУАЛЛИМА                                              
Муаллимимиз Эргаш ака Жалолов уйга бериладиган вазифани қалаштирар экан, одатдагидек шаҳодат бармоғи билан пўписа қилганича уқтирди.
Ҳозир рус тили ўқитувчиси киради. Нелла Караханидзе деган. Бирортанг одобсизлик қилсанг, онаизорингни кўрсатаман.
Эле                                                                                                                                  
ктр қўнғироғи шиддатли садо бериши билан жой-жойимизга ўтириб, янги муаллимамизни бесабр кута бошладик. Ниҳоят эшик очилиб, остонада тўлқин-тўлқин сочлари ярим яланғоч елкалари оша паришон сочилиб ётган, бағоят хушқомат, бағоят бежирим жувон пайдо бўлди. Енгил ҳаяжондан бўлса керак, юзига билинар-билинмас қирмизи ранг югурди. Рўпарамизга келиб, бир дақиқа тин олди-ю, бизни кузата бошлади. Ўз навбатида биз ҳам унга разм солдик. Нелла муаллиманинг юзи, қўллари сутдай оппоқ, беғубор эди. Либослари соғлом қоматига ёпишиб турарди. Мен жуда муаттар ҳиддан энтикиб кетдим. Осмон ранг қорачиқларида илиқ меҳр ялтираётган, табассуми дилкаш вужудга яқинроқ боргим келди. (Кўча-куйда ана шундай сермалоҳат жувонларни кўрганда, дадамнинг бир лаҳза анграйиб қолишлари негадир кўз ўнгимга келди).
– Здравствуйте! – салом берди муаллима андак эгилиб.
– Здравствуйте! – бирваракайига жавоб бердик биз. У тағин русчалаб ўтиришимизга ижозат берди. Сўнг тикка турганича журнални варақларкан, биз билан таниша бошлади. Ҳар бир бола ўрнидан туриши билан муаллима унга бошдан оёқ назар ташлар, енгилгина ҳазил-мутойиба қилиб, бизни кулдирарди.
– Ёқубжон, исминг жуда яхши экан-у, – деди у гап шеригимга келганда, аммо бурнинг андак...
Ҳангоматалаб болалар гуриллаб кулишди. Ёқуб бўлса ўрнидан турганича маҳзун бир дард билан ҳаёлчан, хомуш турарди.
– Эҳтимол рўмолчанг уйда қолиб кетгандир, – саволда давом этди муаллима.
Шеригим барибир миқ этмай тураверди.
– Балки рус тилини тушунмаётгандирсан? Қани болалар, саволимни унга тушунтириб берингларчи...
Йўқ, у барини балодай тушунаётган эди. Шу тобда Ёқубнинг ўзини, унинг ички туғёнлари, дардларини тушуниш талаб этиларди. Аввалари унинг чўнтагидан қати бузилмаган топ-тоза дастрўмол тушмас, кийимларига ҳам гард юқмасди. Бирор ойдан бери, яъни онажониси оғир ҳасталикка учраб ётиб қолгач, дўстим пала-партиш, бир оз иркит ва паришон хотир бўлиб қолганди.
– Тушунади, тушунади, – чувиллашди болалар.
– Хўш, бўлмаса нега гапирмаяпсан? Жавобан эса Ёқуб йиғлаб юборди.
– Ўтир, Ёқуб, ўтирақол, ҳечқиси йўқ, – унга далда берди муаллима ўз қилмишидан андак ўкиниб.
Ёқуб ўтирди, аммо йиғидан тўхтамади. Тирқираб чиқаётган кўз ёшларини мушти билан жаҳл аралаш сидириб ташлар, лекин дийдалари яна ва яна жўш ураверарди. У овоз чиқармай йиғлар, аммо ўксиб-ўксиб кетар, шунда гавдаси ҳам сесканиб тушарди. Мен унинг ана шундай ўпкаси тўлиб, беҳудуд ички бир дард билан йиғлаганини кўрмаган эдим. Ачиниб кетдим. Муаллима саросималанди. Болаларга савол назари билан тикилди.
– Унинг ўзи шунақа, йиғлоқи,–деди Марат деган маҳмадона, лакалов бола тилёғламачилик қилиб.
Мен чидаб туролмадим. Тартиб-таомилни бир чеккага йиғиштириб қўйиб, сапчиб турдиму унга пўписа қилдим.
– Сан жирилламай ўтир! Маҳаллалик.
Маҳаллалик, деб камситишга мажбур бўлганимнинг боиси шундаки, бу қишлоқ фуқаролари азал-азалдан анди, афанди табиатликлари билан ном чиқаришган. Улар ҳақида латифалар ҳам ботмонлаб ўқилган. Бувим ҳам бизга насиҳат қилаётганларида, кўпинча: «Бир маҳаллалик...» деб гап бошлайдилару кўпчиликка ибрат бўладиган латифанамо воқеани гапириб берадилар. Ҳатто мактабимизда ҳам маҳаллаликларнинг футбол командаси ўз дарвозасини мўлжалга олиш бўйича донг таратган.
– Сариқ, сан гариллама, – деди у ҳам жаҳлга миниб, – онанг муаллима бўлса ўзингга!
Мен унинг гирибонидан олмоқчи бўлгандим, муаллима шаштимни қайтарди.
– Тўхта-чи. Сани отинг Улуғбекмиди? Хўш, ўзи нима гап? Бундоқ тушунтириб берсанг-чи. Ёки менинг киришим мақбул бўлмаяптими сизларга?!
– Ёқуб бизнинг қўшнимиз бўлади, унинг онаси касал, – дедим бир амаллаб рус тилида. Сўнг ўзим ҳам йиғлаб юбормаслик учун лабимни тишладим.
Нелла муаллима ғалати бир ҳолатга тушди. Изтироб, надомат оғушида қолди.
– Ёқубжон, Ёқубжон, – илтижо қилди у томон интилиб, – кел, ўзим кўз ёшларингни артиб қўяй! Келақол, жигарим! У жажжи сумкачасидан оппоқ рўмолча чиқарди, Ёқубнинг кўз ёшлари, бурнини артди.
Ҳали ойижонинг тузалиб кетадилар. Биз сизларникига меҳмон бўлиб борамиз. Шунда сен: «Ана ойижон, жўраларим келишди», деб югуриб чиқасан. Шундай қиласан-а? Шундай қиласан-а?
Ёқуб ажабтовур илжайгандай бўлди. Елкамиздан тоғ тушгандай биз ҳам енгил тортдик. Муаллима ҳам беҳад қувониб, яна ўша ҳазил-мутойиба билан танишишда давом этди. Навбат ҳаммадан ортда ўтирадиган Бахтиёрга келди.
– А, дарвозабон, бу санми?! Молодец! Молодец! Тўртинчи синфдагилар билан ўйнаганингни кўргандим. Қойил қилгандинг!
Бу таърифу тавсифлар шунчаки ҳамду-сано эмасди. Бахтиёр деганимиз фақат дарвозабонлик ёки ҳимоячиликнигина эмас, хужумчиликни ҳам кифтини келтирарди.  Бошқа  командаларнинг  капитанлари  унга хушомадлар қилиб, ўзларига оғдириб олиш пайида бўлишарди. Юқори синфларнинг ўқувчилари ҳам бу масалада у билан ҳисоблашишар, қўшмачитлик калондимоғлар бўлса унчалик хушламас, баъзан ўйиндан чиқиб туришини шарт қилиб қўйишарди.
Нелла муаллима бағоят кўркам бармоқлари билан Бахтиёрнинг қоп-қора сочларини силаб, елкасига қоқиб қўйди. Ўзимнинг ҳам ҳавасим келиб кетди шу тобда хумпарга.
– Сани Тбилиси деган шаҳарга олиб бораман,–ваъда берди муаллима Бахтига, – ман-ман деган футболчиларга шогирд қилиб қўяман.
Бир партада ўтирадиган Фотима-Зуҳро билан алламаҳалгача суҳбатлашиб қолди муаллима. Уларнинг пуштиранг ленталари, оппоқ, силлиқ фартукларини ҳовучига олиб, сийпади, ҳавас билан мақтади. Меҳри тошиб кетганидан бўлса керак, энтикканича кўзларини юмди, бошини мастона тебратди ва қизалокларни ўпиб олди. Кимдир «пиқ» этиб кулди. Нелла муаллима беихтиёр ҳушёр тортиб, дарс беришга киришди. У Руставели ва Пушкин каби даҳолар, Москва, Тбилиси сингари гўзал шаҳарлар тўғрисида дил тўла ҳаяжон, бокира бир тиниқлик билан ҳикоя бошлади. Худди она тилимизда эртак эшитаётгандай миқ этмай ўтирдик.
Афсуски, кўнғироқ чалиниб, сархуш суҳбатимиз узилиб қолди.
Эртаси ҳам, индини ҳам рус тили дарсимиз мароқли, шавқовар бўлди. Биз авваллари қўнғироқ садосини интиқлик билан кутардик ва у чалиниши билан қувониб кетардик. Энди рус тили дарсида эса унинг садоси нохушлик касб этадиган бўлиб қолди. Биз нуқул тўймай, қониқмай қолардик муаллимамизнинг малоҳати, шакаргуфторлиги, саҳоватига. Нелла муаллимадан ўзимиз ҳам бегонасирамайдиган, хижолат чекмайдиган бўлиб қолдик. Биз холбақудрат русча гапирганимизда бирам қувониб кетардики... Яхши, жуда яхши эди буларнинг бари...
Аммо бу сархуш даврон узоқ давом этмади. Ногаҳонда топганимиз – мехрибон мураббиямизни йуқотиб қўйдик. Сўнгги дарсда у жуда паришонхотир бўлиб қолганидан ўзимиз  ҳам шубҳалангандик ўшанда. Уни суриштира бошладик ва катталардан аллақандай мавҳум жавоб эшитадиган бўлдик, «катта отпускага чиқди» дейишарди улар аллақандай дудмаллик билан.
Ниҳоят, рус тилидан София Саруҳанян деган бошқа аёл киришини аён қилишди. Аввалгисини жуда яхши кўрганимиздан бўлса керак, янги муаллима билан ҳали учрашмаёқ унга нисбатан дилимизда аллақандай нохуш ҳис уйғонди.
У синфга жуда бамайлихотир кириб келди. София муаллиманинг ёши нисбатан каттароқ, ўзи тўладан келган, қоп-қора сочлари жингала-жингала эди. Мен кўзойнак таққан муаллимани кўрмагандим, ажабланиб тикилдиму сабза урган муйлови ҳайратимни тағин оширди. Назаримда ғайри табиийдай эди у.                   
Муаллима биз билан совуққина саломлашдию қаршимизга ўтириб, алланималарни ёзабошлади. Назаримда, у имиллаб узоқ, жуда узоқ ёзгандай бўлди. Шунда... (начора, ҳаёт тасодифларга тўла) қоғоздан ясалган самолётча тепамизда ярим доира бўлиб айландию, муаллиманинг столи устига, авиаконструкторлар тили билан  айтганда, «юмшоқ» қўнди. Чўчиб кетдик. Ҳамсинфлардан бирортаси уни шеригига оширмоқчи бўлган-у, лаънати қоғоз... Ўқитувчи ҳалигини қўлига одди. Унинг қанотига чизилган беўхшов расмни кўриб, алланечук бўлиб кетди. Расмдагининг эркак ёки аёллигини билиб бўлмасди. Кичик кўзойнаги, жингала сочлари аёлларникига ўхшаса ҳамки, муйлови жуда ҳашамдор эди. Мўйловининг бир учи юқорига диккайтирилган, иккинчиси эса шалвираб ётарди. Кўзойнакнинг бир кўзи яшил, иккинчиси қизил қалам билан шошиб бўялган. Расм остида ёзув:
«Марат маҳалла, дадангга салом бер, бўлмаса талонингни тешади».
Маратнинг дадаси чорраҳада турадиган милиционер. Шопмўйлов, барваста, лекин эзмароқ. Бир куни дадам иккаламизни машинасига миндириб келганди. Йўлда икковлари роса аския қилишди.
– Сиз таёқчани кўтариб овора бўлиб юрманг, – ҳазиллашдилар дадам, – мўйловингизни паст-баланд қилиб, йўл кўрсатаверинг.
Ҳали тағин ўстираман, – деди у киши мўйловини енгилгина силаб,–учини қулоғимга ўраб қўядиган қиламан.
Ҳа, энди, маҳаллаликдан ҳар гап чиқиши мумкин. Улар қаҳ-қаҳ отиб кулишди.
– Одамлар маҳаллаликни мазах қилишади-ю, чорраҳага келганда унинг мўйловига қараб йўлларини топиб олишади, – деди амаки.
Улар тағин кулишди. Дадам давом эттирдилар.
– Бир қишлоқдошингизнинг ўғли армиядан хат ёзибди:
«Дадажон, ефрейторлик даражасига кўтарилдим». Дадаси зудлик билан жавоб қайтарибди: «Ундай бўлса қўл остингдаги генераллару адмиралларга зинҳор азоб берма!»
Хуллас, қоғоз самолётчани кимдир ана шу Маратга караб итқитгани аниқ. Аммо, начора, ҳозир катта самолётлар ҳам йўлини бот-бот ўзгартириб туради. Муаллима ғазабга миниб, ўша бебошни топадию, роса жазосини беради, деб ўйлагандик. Ленин ундай бўлмади.
– Марат қайсиларинг, – сўради хотиржамгина. Марат ҳурка-писа ўрнидан турди.
– Мана бу сенга тегишли экан, олиб қўй, – деди муаллима.
Бошқа ҳеч гап бўлмади. Кейин у дафтарларимизни кўздан кечиришга киришди. Биринчи бўлиб менинг дафтаримни кўрди-ю, ранжиб кетди. Бадхатлигимни юзимга солди, хатоларимни ўқлоғдай қилиб тузатди. Ҳижолат чекдим, Нелла муаллимани дард билан қумсадим. Ундан нуқул «беш» оладиган Фотима-Зуҳро ҳам ўша куни зўрга «уч»га илинишди. Навбат Бахтиёрга келганда ғалати бўлди.        
– Дафтар неча варақ бўлади, – сўради муаллима.
– Ўн иккита, – жавоб берди у, анча жим тургач, ҳайбаракаллачиларнинг мадади билан.
– Сеники ўнта-ку?!
– ...
– Чунки икки варағидан самолётча ясаб, Маратга отгансан-да! –
Бахти бошини ҳам қилганича (белида дарди борнинг оёғи қалтирайди) безрайиб тураверди.
– Шумтака.
Муаллима шундай деди-ю, қўшни партага ўтди.
Шумтака. Бу сўз Бахтининг лақабига айланиб қолишини ҳали ҳеч қайсимиз ҳам билмасдик. Бунга сабаб, унинг адашлари кўплиги билан бирга, бу сўз унинг табиатига мос келишида ҳам эди. Кейинроқ эса болалар шунчаки, Така деб қўяқоладиган бўлишди. Футбол ўйини пайтида ҳар томондан бақириб қолишарди: «Такага ошир!», «Така, бўш келма!».
Лелин София муаллима қалби ниҳоятда покиза ва ўз онамиздек меҳрибон бир мураббий эканлигига тобора кўпроқ ишонч ҳосил қилабошладик. У кўзимизга қараб, дилимиздаги гапни тезда, теран ўқиб оларди. Қаттиққўллик ва раҳмдиллик, пўписа ва шакаргуфторлик унинг табиатида бир-бирига уйғун, ҳамоҳанг эди.
Бир куни мактабга шошилаётганимда, Ёқубларнинг ҳовлисидан аччиқ фарёд эшитилди.
– Вой, бибижон, вой бибижон! Бизларни кимга ташлаб кетдингиз? Энди бошимизни ким силайди, бибижон?!
Бу – Ёқубнинг опаси эди. Мен ажабланиб, бувимга қарадим.
– Ёқуб жўрангни ойиси узилди,–дедилар у киши ҳомушгина.
Мен «узилди» деган каломнинг моҳиятини унчалик тушунмадим.
– Оламдан кўз юмди, ўлди, – аниқлик киритдилар бувим ва беихтиёр қўшиб қўйдилар. – Бор, жўрангдан дил сўра, ҳамдард бўл.
– Шартмасдир, бибижон, – эътироз билдирдилар ойим, – ўликхонада нима қилади – оёқ остида...
Ҳа, билганларингни қилинглар, – дедилар бувим зарда билан, – сизлар жуда зукко бўлиб кетган.
Мен аллақандай хавотир, иккиланиш билан мактабга жўнадим. Дилимни беҳудуд, мавҳум ғусса босганди. Ёқубнинг онажониси «узилганини» бир амаллаб Софя муаллимага тушунтирган эдим, у надоматлар билан бош силкиди-ю, оғир сукутга чўмди.
Ҳозир Ёқубларникига борамиз, – деди – биз у билан бирга бўлишимиз керак.
Нохуш хабар бизни маъюс ва бир-биримизга меҳрибон қилиб қўйганди. Ҳеч ким бир-бири билан ҳазиллашмас, кулмасди. Йўл-йўлакай ҳам жимгина жўнадик.
Тумонот одам тўпланганди бу ерда. Ёқубнинг опаси бизни кўриб, чандон фарёд чекди.
– Бибижон, Ёқубингизнинг жўралари келди, нечун садо бермайсиз?!
Муаллимамиз дарвоза олдидаги ғўла устига ўтириб олганича дилхун бўлиб йиғлай бошлади, ҳар гал ўксиганда, жингала сочлари енгилгина қалқиб кетар ва бундан бизнинг хавотиримиз ошарди. Ногаҳоний калхатдан ҳурккан жўжалардек, муаллимамизнинг пинжига тиқилгандик. Бу қонхўр калхат бошқаларнинг ҳам ойисига чанг солиши, одамларни доғда қолдириши мумкинлнгини хаёлга келтириш ваҳимали эди.
Ёқуб бизга пешвоз чиқмади. Эҳтимол ноўнғай бўлгандир, эҳтимолки, бу кўнглига ҳам сиғмас... Лекин муаллима чидаб туролмади.
– Ёқубни олиб чиқинглар, – деди йиғидан тўхтаб, бел боғлаган бир амакига, – уни кўргим келяпти.
Қора чопон кийиб, белини боғлаб олган Ёқубни эргаштириб чиқишлари билан муаллима уни бағрига босиб, ҳўнграб юборди. Русчалаб, арманчалаб алланималар деди. Мен тушунмадим, аммо барини ҳис қилдим. «Эй тақдир, шу норасидада нима интиқоминг бор эди?! Бу гўдакнинг кўзларидаги мунг тошдай бағрингга шафқат солмадими?! Эҳ, сўқир тақдир, бешафқат қисмат!».
Бу дунёда меҳрибон бувиси, меҳрибон ота-онаси, меҳрибон муаллимаси бор одамлар бахтиёрдирлар, деган хулосага келдим ўшанда.
Орадан қанча вақт ўтганини эслолмайман. Қўшмачитликлар билан хоккей ўйнаётганимизда Бахтиёр (Така)нинг оёғи лат еди. У майдондан судралиб чиқди-ю, оқсоқлана-оқсоқлана жўнаб қолди. Эртаси ундан дарак бўлмади. Учинчи куни кирган Софя муаллима бизга савол назари билан қаради.
– А где Бахтичка?
Болалар бир-бирига гал бермай, маҳмаданалик билан тушунтиришга киришишди.
– Қўшмачитликлардан таёқ еди.
– Айб ўзида.
Муаллима жиддийлашди. Бетартиб чуғур-чуғуримиз ёқинқирамаганди унга. Лекин дарсдан кейин тағин эслаб қолди уни.
– Бориб кўрдиларингми?
– Ўғил болалар қолишсин – бирга борамиз. Биз чуғурлашганимизча муаллимамизга эргашдик. Ўа демай мактаб, дала шийпони, шудгор ортда қолиб, дўстимизнинг ҳашамдор дарвозаси рўпарасида тўхтадик. Бизни кўриб, Бахтининг дадаси билан ойиси қувонишди, дарвозани ланг очишди, аммо дарвозахонада «Волга» тургани учун ичкари киришимиз мушкул эди. Биз болакайлар бир амаллаб ўтиб кетарди-гу, муаллимамиз қийналиб қолишидан чўчидик. Таканинг дадаси ҳижолат бўлиб, машинани зудлик билан йўлдан олди.
Ўртоғимиз ҳайхотдек уйнинг ўртасига тўшалган ўринда узала тушиб ётарди. У бизни кўриб ҳижолат чекди. Ўрнидан турмоқчи бўлганди, муаллима елкасидан енгилгина босди.
– Стул борми, стул келтиринглар, – деди унинг ёнида ўтириш илинжида.
– Унақаси бизда йўқ, – деди Бахтининг дадаси алланечук бўлиб.
– «Волга» олаётганда бирорта табуретка ҳам қўшиб ҳарид қилмаган экансиз-да, багажга ташлаб келаверардингиз.
Ҳа, ҳали камчиликларимиз кўп, – тан олди у киши.
– Бирорта каравот ҳам керак экан, болани ерга ётқизиб қўйибсизлар...
– Ота-боболаримиз ҳам ерда ётишган-ку, – ўзини оқламоқчи бўлди Таканинг дадаси.
Унинг оёғи эски, кирланган белбоғ билан боғланганди. Софя муаллима латтани ечиб, тўпиқдаги шишни кўрди-ю, жиғибийрон бўлиб кетди.
– Доктор кўрдими?
– Йўқ-а.
– Шу атрофда талефон борми?
– Йў-ў-ў-қ.
– Машинангизни мининг-у, больницага боринг. Докторни олиб келиш керак.
Таканинг дадаси хушламайгина чиқиб кетди. Ойиси дастурхон ёзиб нон, мураббо қўйди-ю, гапга киришиб кетди.
– Уят қилмайсизлар – ҳозир сезонимиз. Кўкатимиз етилиб қолди: ҳафта-ўн кунда саранжомламасак, шавел билан петрушка сарғайи-и-иб қолади. Кейин арманию жуҳудлар олмай қўйишади.
Муаллимамиз қизиқиш билан кўкатларнинг нархини суриштиргач, норозирок оҳангда давом этди.
– Бир кунлик даромадларингиз менинг ярим ойлигимга тенг экан.
Ҳе, азоби қурсин, – шикоят қила кетди аёл.
Ниҳоят докторлар етиб келишди ва Бахтини олиб кетишди.
Эртаси муаллима хоккей ўйнаган ўша болаларни тўплади.
– Бахтининг оёғига тепган бола бир қадам олдинга чиқсин!
Ҳеч ким ўрнидан жилмади.
– Барибир кўзига қараб топиб оламан, – таҳдидона такрорлади у хотиржам ва қатъий қилиб.
Тағин садо бўлмади. Унинг нигоҳларида ногаҳоний шиддат зоҳир бўлди, синчковлик билан синов қила бошлади.
– Сен олдинга чиқ, – деди Тош (аслида Тоштемир) деган болага.
Жавобан у йиғлаб юборди.
– Айб менда эмас, капитанда, – деди новча дўсти томон имлаб, – шу айтди, оёғига теп, деди.
– ... ебсан, – инкор этди у, – айб ўзингда, айб Такада!
– Эртадан эътиборан икковинг Бахтидан хабар олиб турасизлар, – баҳсга якун ясади муаллимамиз,–кунлик дарсни ҳам айтиб, ёздириб берасизлар.
Улар итоаткорона бош тебратишди.
Кейинроқ биз ҳам Софя муаллима билан дўстимизни кўргани шифохонага бордик. У анча соғайиб, ташқарига чиқиб юрган экан.
– Уйдагилар келишяптими, – сўради муаллима анча суҳбатдан кейин.
Ҳа.
– Қачон келишганди?
– Ўтган куни.
– Нима олиб келишди?
– Нон билан мураббо.
Софя муаллима сумкасидан ялтироқ банкалар чиқарди.
– Буниси паштет, буниси узумнинг шарбати. Ана шуларни еб, ичсанг, тез кучга кирасан.


ЙИГИРМАНЧИ БОБ

ТОҒ  САЙРИ

Тоққа борамиз! Тамара опамникига!
Бу хушхабар хонадонимизда қанот қоқиб юрганига ўн кундан ошди. Катталар сўз бериб қўйишди-ю, кейин турфа баҳоналарни қалаштирадиган бўлишди. «Дарёда сув кўп», «Ҳали лола очилганмас»...
Моҳинбону иккаламиз бўлсак уларнинг ваъдаларини бот-бот ёдларига солишдан чарчамасдик. Ниҳоят, якшанба куни жўнашимиз аниқроққа ўхшаб қолди. Амаким бир кун аввал анча-мунча ширинликлар харид қилиб келдилар.
– Сиз ҳам майда-чуйда олинг, – ойимга тайинладилар бувим, – тоғлик қизимнинг бола-чақаси кўп, ўзи камбағалроқ. Бевачилик қийин...
Шу билан қаноатланмай, ўзлари ҳам анча-мунча кийим-кечаклар танладилар (булар орасида бизга унчалик ўтиришмай қолганлари ҳам бор эди).
Якшанба куни Мону иккаламиз саҳармардондан уйғониб олдик. Дилафруз ҳам уйғонди. Аммо катталар жуда имиллашар, сусткашлик қилишарди. Мен бир нарсадан: улар фикрларидан айниб қолишларидан чўчирдим.
Амаким машиналарини тағин бир бор кўздан кечириб чиққач, Мону иккаламиз орқа ўриндиқдан жой олдик. Бувим олдинга ўтириб олиб, сафаримиз бехатар ўтиши учун дуо ўқидилар. Ойим билан аммам ёнимизга тиқилишди.
Аввал гавжум қишлоқлар, сўнг яккам-дуккам уйлар ортда қола бошлади. Кейин чўл бошланди. Лекин ана шу сарҳадсиз текисликда ҳам баҳорий бир уйғониш, нозик бир тароват мужассам эди. Бир лаҳза тушиб, лолақизғалдоқдан гулдаста ясагим келди. Лекин бу таклифим катталарга томдан тараша тушгандай бўлиб туюлишини ҳисобга олиб, индамадим.
Ҳадемай рўпарамизда мунғайиб турган тоғлар пайдо бўлди. Мен авваллари уларни нуқул узоқдан кўргандим. Шунинг учун пурвиқор салобати, сирли улуғворлигидан ҳайрат, ҳаяжоним ҳаприқиб кетди. «Нега қуёшга яқин бўлса ҳам қори эриган эмас? Нега улар беўхшов?». Бунга ўхшаш бир талай саволларимга табиат ҳақида китоб ёзган дадам ҳам дудмал, мавҳум жавоблар қайтарардилар. Ниҳоят, асфальт кўчадан ўнг томонга бурилдик ва баландликка ўрлаган ўнқир-чўнқир йўлга тушдик. Амаким йўлдаги чуқурлар, тошларни имкон қадар четлаб ўтишга ҳаракат қила бошладилар. Бир маҳал йўлимиз дарёнинг ёйилиб оқаётган соҳилига келиб тақалди. Амаким тормозни босдилар-у, пастга тушиб энсаларини қашлай бошладилар. Бувим хавотирга тушиб, дуо ўқидилар. Дадам бўлса, одатдагидек, амакимга ақл ўргатишга киришдилар.
– Мана шу ердан ҳайдасанг, ўтиб кетади. Қара, биздан олдин ҳам чорчархалар ўтган экан.
Мен катталар фикрларидан қайтишларидан чўчирдим. Шунинг учун жим ўтирмай, айни пайтдаги раҳнамомиз – амакимга ҳамду-санолар ўқий бошладим.
– Сиз бундан ёмон жойлардан ҳам ҳайдаб ўта оласиз! Бу нима бўпти?! Қўрқманг, амаки. Армияда танка ҳайдагансиз-ку!
У киши ўринларига чаққон ўтирдилару газни босдилар.
Дадам далда бердилар.
– Давай, газни бос! Моторга сув тегмасин!
Бир-бирини сарбасар қувиб келаётган тўлқинлар машинамизга келиб урилар, бизни итқитиб юбормоқчи бўларди. Лекин биз ҳам ожизмасдик. Бувимнинг илоҳий ишончлари, амакимнинг дадиллиги, дадамнинг далдакор ҳайбаракаллачилиги, ойим билан аммамнинг сукути, мен, Мону ва Дилафрўзнинг умидимиз... ҳаммаси, ҳаммаси жамулжам бўлиб, аллақандай қудратга айланганди. Гарчанд кабинамизга сув кириб, андак саросимага тушган бўлсак ҳамки, ўша куч мадад берди ва биз қирғоққа чиқиб олдик.
Эҳ, қариндошларимизнинг қувончларини кўрсангиз эди. Узун пахталик камзул кийиб, бошларига катта рўмолни беўхшов боғлаб олган хотин-халаж бизни ўраб олиб, ўпаверди, ўпаверди. Зум ўтмай туманот одам тўпланди. Ҳаммадан ҳам момомга кўпроқ таъзиму тавозе қилишарди улар. Сочларини тарашлаб олдирган, оёқларига қўпол кирза этик кийган болакайлар бир-бирларига бизни кўрсатиб шивирлашарди, кулишарди, завқланишарди. Мен бу одамлар орасида фақат Тамара опани танидим. Лекин у киши ҳам кўпчилик қатори бувимнинг теграларида гиргиттон эди. Аёллар момомнинг қўлтиқларидан суяб, айвоннинг тўрига ўтқазишди. Тамара опанинг ойиси негадир бувимнинг этакларидан ўпиб, кўз ёш тўкди. Момом ҳам атрофдагиларнинг бу итоаткорлиги, таърифу таъзимлари, тавозеларидан зарра хижолат чекмай, худи шундай бўлиши зарурдай аллақандай ғурур билан тасбеҳ қайтаришга киришдилар. Ўзларини тутишларида бекзодаларга, зодагонларга хос киборлик зоҳир бўлиб кетди. Ё тавба! Ё тавба!!
Айвондан давра бўлиб жой олдик. Зум ўтмай қий-чувурлар тинди, сукунат чўкди. Чунки Момом одатдагидек кўзларини юмиб, қўлларини дуога кўтаргандилар. Қулоғимга тоғ дарёсининг тошдан-тошга урилиб оқиши, зарғалдоқ овози эшитилди. Сўнг тағин қий-чув бошланди. Мону иккаламиз зерика бошладик, аниқроғи, тоққа чиқишга шошилардик. Мен Тамара опанинг укалари билан танишиб, ўшалар билан чиқишни режаладим. Лекин болакайларнинг кўзидаги бегонасирашми, ийманишми буларнинг барига монелик қилаётганини уқиб олдим. Ўар қалай, чой ичиб олганимиздан кейин дадам таклиф киритиб қолдилар:
– Бу ерда ўтирмаймиз – дайровотга борамиз. Сизлар майда-чуйдани ўша ёққа олиб боринглар. Унгача биз тоққа чиқиб келамиз.
Ура! Рози бўлишди! Молодец, папаша!
Дадам, ойим, аммам, амаким билан йўлга тушдик. Тамара опа билан укаси ҳам бизга ҳамроҳ бўлди. Ёлғизоёқ йўлдан қатор бўлиб кетар эканмиз, дадам одатдагидек зукколикларини намойиш қилмоқчи бўлдилар.
– Мана, бу ўт – қичитқи. Огоҳ бўлинглар. Буниси – пудина. Ҳидлаб кўринглар-а, қандай хушбўй. Буниси совунак. Совуннинг ўрнини босади. Ана у отқулоқ. Тузлаб есанг...
– Тоға, бу совунак эмасдир, – кутилмаганда одобу эҳтиром ила гапга аралашди Тамара опа, – марварак бўлса керак. Униси зубтурум. Тўғри, отқулоққа ўхшаб кетади.
Ойим қаҳ-қаҳ отиб кулдилар. Бу ҳузурбахш кулгида анча-мунча заҳарханда, киноялар зоҳир эди.
– Муаллим, андак адашдингизми, – шу ёғи етмагандай тағин ниш санчиб қўйдилар ойим.
Аммам дадамнинг тарафларини олиб, алланима дедилар. Сўқмоқ тағин бояги дарёга келиб тақалдию, мавзу тугади. Бу ерда сув ёйилиб оқмас, аксинча анчайин энсиз аммо шиддаткор эди. Ёлғизоёқлар ўтиши учун дарё устига терак қулатиб қўйилганди.
– Бу ердан ўтмайман, – дедилар ойим,– сувга оқиб ўлиб кетмайин.
Галалашиб у кишини овутишга, кўндиришга киришдик. Ниҳоят мойиллик пайдо бўлди. Ҳаммадан кейинда дадам икковлари қолишди. Сўнг бир-бирларининг қўлларини ушлаб олиб, ҳаваскор дорвоздай аста-секин қадам ташлай бошладилар. Ўртага келганда, дадам бармоқларини астагина чиқариб олиб, ўзларича интиқом олишга киришдилар.
– Хўш, муаллима, арзимас камчиликларимни тағин юзимга соласизми?
– Муаллим, тавба қилдим, намоқул қилибман!
– Мен...
– Сиз зўрсиз! Ботаникани, зоологияни яхши биласиз. Катта гапирмайсиз, олифталик қилмайсиз! Менга жуда меҳрибонсиз, сахийсиз...
– Бўлди, қўлни беринг, – ёқиб тушди дадамга ҳамду сано.
Қил кўприкдан ўтиш билан эса ойим тўнларини тағин тескари кийиб олдилар.
– Ўтакетган бағритош, қурумсоқ одамсиз!
– Қайтишимиз ҳам бор, – кўприк томон имладилар дадам.
– Сизга ялингандан кўра шу тоғларда қолиб кетаман! Мауглига айланаман! Сиз билан яшагандан кўра, бўрилар билан кун кўрган яхши!
Шўх кулгилар, ҳазил-мутойибалар билан ёнбағирга етиб келдик. Сандалдай-сандалдай харсанглар тепамизда осилиб тургандай эди. Асрий чўққилар сукут сақлар, унинг тўшидаги қорлар қуёшда ялтирар, кўзни қамаштирарди. Анча нарида шалола шовқин солар, баландликдан отилаётган сув ғалаён қиларди. Мен номларини билмайдиган қушлар, ҳашаротлар қўшиқ айтишар, умумий оҳангга жўр бўлишарди. Биз эса буларнинг баридан завқ олиб, юқорига тирмашардик.
Ҳадемай ойим чарчаб қолдилар. Моҳинбону иккаламиз ҳам қорлар ҳали жуда баландда эканлигига ишонч ҳосил қила бошладик. Дадам эса жуда сархуш эдилар. Чучмома-ю гулсафсарларни ҳидлаб, бошларини мастона тебратишдан, ҳовучлаб сув ичишдан чарчамасдилар.
– Тамара, нега тоғларда лола йўқ, а? – сўрадилар у киши бир маҳал надомат билан.
– Тоға, бу йил сув кам бўлди, – ҳозиржавоблик қилди опамиз.
– Сув кўп-ку, – ажабландилар дадам.
– Йўқ, дарёда сув оз. Авваллари кўп бўларди – шаҳарликлар ўтолмасди. Энди ўтиб лола билан ровочни ташиб кетишяпти.
Дадам яна алланималарни суриштирдилар. Ҳадемай қорнимиз очиб, кучимиз қочиб бораётганини ҳис қила бошладик.
Булоқ бўйида жой қилишибди. Дастурхон усти ноз-неъматга тўла. Бувим билан мезбонларнинг саволларига ҳам жавоб қайтармай ўзимизни овқатга урдик.
Қорнимиз-тўйгач, олам мунаввар бўлиб кетди. Ва деярли ҳаммамиз аллақандай дилкаш, қадрдон оҳангга эҳтиёж сеза бошладик. Бу талаб дақиқа сайин ошиб бораверди. Дадам атрофга аланглаб, магнитафон ёки радио излагай бўлдилар. Ойим Жўрабек Муродов, Шерали Жўраев каби ҳофизларни эслаб қолдилар. Шунда бизнинг дилимизни топиш учун гиргиттон бўлаётган Тамара опанинг ойиси жонимизга ора кириб қолди.
Ҳозир қизим сизларга чанқовуз чалиб беради.
– Давай, давай, – қувониб кетдилар дадам.
– Би-и-ир эшитайлик, – эшилиб кетдилар ойим.
– Кўп йилдан бери эшитганим йўқ, – дедилар бувим, – авваллари...
Тамара опа тоғли қизларга хос ийманди, негадир ёноқларига шафақ ранги кўчди. Нигоҳларида баҳорий безовталик, ногаҳоний интизорлик ва менга унчалик таниш бўлмаган туйғулар, аломатлар зоҳир бўлди. Кейин синглисининг жамалагидан миттигина чолғуни ечиб олди. Баримизнинг интиқлик ва интизорлигимиз ошиб бораётганига қарамай, опамиз алламаҳалгача иккиланиб турди. Сўнг чолғуни лабига босди. «Биё-ё-ё-ё, Би-ё-ё-ё». Жуда тиниқ ва сеҳрли садодан қушлар, сайроқи ҳашаротлар ҳам тин олгандай, ҳатто шалолар бир лаҳза сукут сақлагандай бўлди. Оҳанг осмонларга қадалган пурвиқор чўққилардан садо қайтараётгандай эди. Дадам кўзларини юмиб олиб, бошларини бир маромда тебрата бошладилар. У киши жуда қадрлайдиган бир оҳанг бор. «Би-ё-ёки зулфи кажу, чашми сурмасо инжост, Нигоҳи гарму адою, ки муддао инжост ай». Худди ўшани эшитаётгандай ҳузурбахш ҳаловат оғушида эдилар у киши.
Чанқовуз оҳангини андак ўзгартирди, шўхроқ лаҳжада сирли бир туйғу ҳакида ҳикоя қила бошлади. Аниқроғи, Тамара опамнинг орзу надоматларини таржима этишга киришди у. Дил тўла ҳаяжон ила боқий тоғлар ва улардан абадий муҳаббатни тараннум этарди чанқовуз. Гарчанд бу туйғу менга бир оз қоронғироқ бўлса ҳамки, унинг муқаддаслиги, баҳорийлиги, бағоят эзгулигига ишонч ҳосил қилдим. Титроқ симлар Тамара опамизнинг бедор тунлари, ҳаловатсиз кунлари, роҳатбахш лаҳзалари ҳақида сўзларди бизга.
У ногаҳонда тин олди. Ҳали куйга қониқмаган ташна дилларимиз мунғайиб қолгандай бўлди.
– Чал, чал, чал...
– Давай, давай...
Тамара опам чалмади. Ширин туйғуларининг қолганини сир тутишга аҳд қилганди: лекин бизни ҳам ранжишимизни истамасди.
– Энди энам чалалла.
У кишининг онаси алланечук бўлиб, эътироз билдирди. Бувим даъват этдилар.              
– Ёшлигингда яхши чалардинг...
 Орага сукунат чўкди.
– Майли, бибижон, сиз учун чалиб бераман...
Бу гал аллақандай машаққатли тоғ йўлини эсга соладиган куй янгради. Чеки кўринмас бу сўқмоқ йўловчининг мадорини, наинки мадорини, жонини оладиган қисматдай аччиқ. Оҳангда кураш ва надоматлар қат-қат эди. Тирикчилик деган боқий ташвиш ҳақида ҳикоя қиларди чолғу. Қизи бўйга етгани, болакайлари улғайиб қолгани ва ота деган улкан такягоҳнинг йўқлиги тобора кўпроқ аён бўлаётганлиги, болаларини итга қоптирмай, туяга тептирмай ўстирганини, рўзғор тебратиш оғир, анча оғир эканлигини дил тўла дард билан изҳор этар, такрорларди. Тоғлар залворли, дарёлар асов, одамларда эса саҳоват, мурувват аввалгидай эмас. Улар тоғларни топташади, дарёларни бўғишади. Оқибатдан эса чўчишмайди.
Мунаввар ва дилафрўз баҳор келди. Одамлар кўнгил очадилар, гул саралайдилар. Мен шўрлик бўлсам, келаси қиш ташвишидаман. Ризқи рўз учун дон, болаларим учун либос, молларим учун емиш ташвишини тортаман.
Эҳ тақдир, ҳеч бир остонани эркаксиз қолдирма! Чанқовуз тин олди. Биз ҳам тин олдик. Аччиқроқ эди бу оҳанг.
-–Энди сиз чалинг, бибижон, – чанқовузни бувимга тутқазди у киши хаёлчан.
Бувим сал хижолат чеккандай бўлдилар. Алланималарни баҳона қилдилар.
– Чалинг, чалинг...
– Давай, давай...
Чанқовуз аввал дудуқланди, сўнг кишини овутадиган, далда берадиган лаҳжада алланималар дегандай бўлди. Кейин қўшиқ бўлиб қуюлди.
Шабнамларга, шалолага омонлик
Гулсафсарга, гуллолага омонлик,
Ҳурриятга, зурриётга омонлик,
Яхши-ёмон сулолага омонлик,
Омонлик-о
Омонлик-о
Омонлик...
Боқийликда чўққиларга тараф йўқ,
Тиниқликда чашма эрур ягона
Етмиш – кетмиш, кечир гуноҳларимни
Яхши-ёмон кунларимга шукрона
Шукрона-ю
Шукрона-ю
Шукрона...

Биз тоғ сайридан кеч қайтдик.


ЙИГИРМА БИРИНЧИ БОБ

МАҲАЛЛАЛИКЛАР

Дадамдан ғалати ўйинни – ўрта бармоқни яширишни ўргандим. Жўнгина бўлиб туюлган бу ўйинда анчайин ҳийла-найранглар борлигини билмасдим. Мен ўрта бармоғимни яширсам, у киши ҳатто кўзларини юмиб бўлса ҳам топадилар. Мен бўлсам... Кейин синчиклаб тикилдим-у, масаланинг тубига етдим. Дадам беш ўрнига тўрт бармоқни юзага чиқарарканлар, холос. ғирромликларини юзларига солган эдим, тархашлик қилиб турдилар, кейин бешови ҳам кўринадиган бўлди лекин барибир ҳарифга айланиб қолавердим. Моҳин ҳам, ойим, Дили ҳам ўша сирли ўрта бармоқни топишолмади. Бу ҳам найранг экан. У киши ўнг қўл бармоқларини яширганда, ўрта бармоқ ўрнига чап қўлнинг номсиз бармоғини чиқарарканлар. Биз у кишини фокусчиликда айбладик.
Ана шу тадбирни қўллаб, синфдошларимни ҳайратга солмоқчи бўлдим. Дастлаб ажабланишди, қойил ҳам қолишди. Лекин галварс Така сирни англаб қолди-ю, оламга овоза қила бошлади.
– Улуғ – ғирром, Улуғ – ғирром...
Мен ҳам илжайиб туравердим. Аммо бу машмаша шу билан тинчиб кетмади.
Синфимизга шундоққина девордармиён биология кабинети бор. Юқори синф ўқувчилари бўлмаганда у ерга бот-бот кириб турамиз. Дастлаб эшикдан киришга ҳам чўчирдик. Тахтанинг теппасида қанотларини ёзганча чақчайиб турган қулоқли укки, узун шиша идишдаги сарғиш сувга солиб қўйилган илон тирикка ўхшаб кетар, ногаҳонда вужудимизни сескантирарди. Булар ҳам ҳолва. Тахта ёнида тиши тиржайиб турган скелет нохушгина эмас, ваҳимали эди. Кўп ўтмай буларнинг барига кўникиб кетдик, ана шу синфга кириб ўйнайдиган бўлиб қолдик.
Ўша куни қарасам, кимдир уккининг тумшуғига қоғоз қистириб қўйибди.
– Улуғ, ол, хат санга бўлса керак, – деди Така.
Мен ҳарчанд эътибор бермасликка ҳаракат қилиб кўрдим-у, аммо қизиқишим сўнмади. Курсига чиқиб, ҳатни олдим.
«Болалар! Мен жуда ғирром қушман. Менинг жўрам Улуғ ҳам ғирром. Биз иккаламиз маҳаллалик Маҳмадиёрга ўхшаймиз», деб ёзилганди унда.
Маҳмадиёр деган лақма ҳақида эса шунақа латифа бор. У одамларни қойил қолдириш учун тўтиқуш ҳарид қилиб жониворга: «Мулла Маҳмадиёрникига марҳамат!» деган каломни ўргата бошлабди. Қўшнисининг жуда бебош ўғли бор экан. Ўша шатрама тўтининг қулоғига: «Ҳамширангни...» деган бешарм ҳакоратни қуя бошлабди. Маҳмадиёр казо-казоларни меҳмонга чорлаб, паррандага ишора қилиб юборган экан, у: «Ҳамширангни... Мулла Маҳмадиёрникига марҳамат! Ўамширангни... Мулла Маҳмадиёрникига марҳамат!» дея такрорлашга киришибди.
Хулласи калом, мен бу бетгачопарлик ва ўхшатишдан тутақиб кетдим. Қоғозни Така қистирганига шубҳам йўқ эди. Баттол! Аввал гирибонидан олмоқчи бўлдиму, тағин андиша қилдим. Ўч олишнинг бошқа усулларини ўйлай бошладим.
Эртаси математика дафтарининг ўртасидан икки варақ суғуриб, боши одам, танаси эчкиникига ўхшаш расм чиздим. Остига: «Бу – менинг дўстим Така», деб ёздим. Уни скелетга тишлатиб қўяман, деяётганимда лаънатининг пастки жағи узилиб кетди. Саросимага тушиб турганимда кимдир билагимни шаппа ушладию, зарб билан етаклаб қолди. Кўз очиб юмгунча ўзимни ўқитувчилар хонасида кўрдим. Ўалиги киши менга таниш ва нотаниш ўқитувчилар орасида гуноҳларимни тўкиб солаётганда, бир аёл кесатиш, огоҳлантириш оҳангида унинг сўзини кесди.
– Бу–замдиректоримизнинг ўғли.
Мени судраб келган кишининг шашти бир парда пасайди. Койиган, огоҳлантирган бўлди-ю, эшикдан ташқари қилди.
Лекин нохушлик шу билан ҳам тугамади. Қилмишим қаерданам ойимнинг қулоғига чалинган экан денг, тутақиб кетганича роса олиб бориб, олиб кела бошладилар.
– Обрўйимни ер билан яксон қилдинг, шарманда қилдинг, – надоматлар билан бош тебратардилар, – Менга қара, менга қара, паъдарланат, ўша суяк ҳам бир вақтлар сендай, мендай, дадангдай одам бўлган. Лоақал шуни ўйламадингми, ярамас!
Негадир бу ҳакда ўйламаган эканман. Наҳотки шундай бўлса?! Нега бу хусусда ўйлаб кўрмадим экан? Ғалати. Лекин скелетни мазах қиладиган бир мен эмас-ку. Унинг бош суягига кимдир: «Бу қўшмачитлик бекларнинг бошлиғи», деб ёзганди. Кўкрагига эса: «Скелет+Жамила=Любовь» деб ёзишганди нокаслар. Бу ҳам ҳолва: ўтган ҳафта бешинчи синф ўқувчиларидан бирови математика ўқитувчисининг костюми билан шляпасини кийгизиб қўйибди унга. Роса излашди айб­дорни, аммо ҳамсинфлари бу бебошни сотиб қўйишмади. Шунда мактаб маъмурияти бизнинг Саруханян муаллимимизга ўша болани (кўзига қараб) топишни тайинлайди. Муаллимамиз синфга кириб, ҳалиги болани бир зумда топади, аммо номини ўзи ҳам сир тута бошлайди. Лекин ҳафта-ўн кун ўтар-ўтмас ҳалиги бола ўзини фош қилиб қўяди, яъни Саруханян муаллиманинг йўлини пойлаб ўтирадиган, автобусдан тушиши билан салом бериб, сумкасни кўтарадиган, ишдан кейин эҳтиром ила кузатиб қўядиган бўлади. Унинг ана шу ҳаракатларидан фаҳмлаб, чора кўришмоқчи бўлганда, муаллима бор айбни муаллимнинг ўзига тўнкайди. Маълум бўлишича, у дарс пайтида: «Пес песни қоронғуда танийди» деган мақолни ишлатган экан. Ҳалиги боланинг дадасида оқ доғлар пайдо бўлганини  қаердан ҳам билсин муаллим.                        
Бундай қараганда, менинг қилмишим ўша галварсларнинг  гуноҳи олдида арзимасдай эди. Шунга қарамай, ойим ҳамон жиғибийрон бўлиб, мени лаънатлардилар. Бу ҳам етмагандай кечқурун дадамга ҳам роса чақдилар. Мен ҳавотирланиб, ҳимоянинг жўнгина усулини қўлладим.
– Марат ҳам сигарет тишлатиб қўйганди, ҳеч ким индамаганди.
– Марат ким? – важоҳат билан сўрадилар дадам.
– Маҳаллалик, – мен учун қўрқа-писа жавоб қайтардилар ойим.
– Мўйловнинг ўғлими? А менга қара, гумрох, гўсала! Сан кўтармаликсан-ку! Нодон маҳаллалик ғунажинига тўқим урса санам...
Гап шундаки, бир маҳаллалик (қачонлигини ҳеч ким билмайди) ғунажинини сотиб, сигир харид қилмоқчи бўлади, У саҳарлаб оғилига киради-ю, қорон­ғида эшаги ўрнига ғунажинига тўқим уриб қўяди. Таш­қари чиқса... Кейин хатосини тузатади, лекин тағин лакаловлигига боради. Шаҳарга кирар-кирмас бир қаллоб жаллоб уни тўхтатади.
– Бу бузоқча неча пул, – сўрайди нописанд, – жониворнинг териси суягига ёпишиб қолибди-ку. Бозоргача етиб бора олармикан?!
Хуллас, шайтони лайин алдаб-авраб арзон-гаровга харид қилибди. Сўнг жониворни обдон ювиб, тараб, қорнини тўйғазиб, бўйнига тумор тақиб бозорга олиб чиқибди. Арқоннинг учини хотинига тутқазиб, ўзи соддадилроқ харидорни тузоққа тушириш ташвишига тушибди.  Бир  маҳал  қараса  ҳалиги  маҳаллалик  шу атрофда анқовсираб юрган экан, Суллоҳ жаллоб овозини андак кўтариб, ўзига хос калондимоғлик билан хотинидан сўрабди.
«Хола, сигир неча пул?». «Билмасам, айланай – ролга кириб, ўзини гўлликка солибди аёл, – кун кўрмагурлар эримни қамаб қўйишди. Туҳматга учради. Уйинг куйгур терговчи беш минг сўраяпти. Тишлаб турганимиз шу говмиш эди. Болаларимнинг насибасини қирқиб...» Аёл у ёғини айтолмай, йиғлаб юборибди. «Хафа бўлманг, хола,–далда берган бўлибди эри, – у эмас, бу эмас пешанада ёзилгани бўлади. Энди хўжа­йинингизнинг насибаси ўша ёқларга ҳам сочилган экан. Қўйинг, териб кесинлар. Ман сизга тўрт мингни санаб бераман, бор барака, деворинг!». «Билмасам, айланай,– зорланибди аёл, – яшшамагур терговчи беш минг деган эди-ку. Бу жониворнинг сути сут эмас, сепаратордан чиққан қаймоқнинг ўзгинаси. Энди бунақа бўлиб қолмаганда, тилло берса ҳам сотмасдим». «Сигирингизни ёмон деяётганим йўқ. Кўриниб турибди, буни олган барака топади, аммо мен ҳам тўрт мингни кўчадан супуриб олганим йўқ. Бола-чақам билан колхозда ишлаб... Ҳа, майли яна беш юз қўшдик! Ана. Ана-е! Бўлдими? Йўқми? Майли, ўзингиз биласиз. Ўйлаб кўринг, ўйлаб кўринг... Ўа, келинг, ана сиз учун яна икки юз қўшдим. Тўрт минг етти юз бўлди. Хўп денг энди...».
Шу ерга келганда маҳаллалик чидаб туролмабди. «Бор барака, беш минг», дебди. «Билмасам» – дебди аёл ва арқоннинг учини маҳаллаликка тутқазибди. Шундай қилиб, ўзи сотган ғунажинни икки баравар қимматга сотиб олибди ношуд.
Дадам мени ана шу каллаварам маҳаллаликка тенглаштирмоқчи бўлгандилар. Лом-мим демай туравердим. Чунки шарақлаб тарсаки тушиб қолиши ҳеч гап эмасди-да.
– Гапир, ярамас! Кекиртагингни узиб оламан!!!
Мен бувимнинг хоналари томон умидвор тикилдим, аммо аксига олиб, у кишининг қоралари кўзга ташланмади. Шунинг учун ноилож тағин бошқа болаларни айблай бошладим. Скелетнинг бошига, кўкрагига нималар деб ёзишганини гапирдим. Шукурларким, бу тадбирим анча иш берди. Дадамнинг важоҳатлари юмшагандай бўлди. У кишининг фикрлари бошқа ўзанга қараб бурилган эди.
– Бечора, бечора, – дедилар надомат билан, –балки бир замонлар ҳақиқатан ҳам бек бўлгандир. Эҳтимол Жамила деган соҳибжамолни мажнунона севган ошиқ бўлгандир.
– Йўқ, – масалани тағин аввалги ўзанга бурдилар ойим, – бебош боласига аввал ўдағайлаб, кейин бош­қа ёққа оғиб кетадиган, бебурд ота бўлган.
Бу киноя дадамнинг нозик жойларига бориб қадалди.
– Барига сизлар – муаллимлар айбдор! – мени қўйиб (ҳарқалай) ойимга дўқ урдилар дадам, – инсон хотирасини оёқости қилишга нима ҳакларинг бор?! Марҳумлар синф тўрида эмас, тупроқ остида ётиши керак. Газетага ёзаман сизларни...
– Бир шундай қилинг, муаллим, – бу гал зардалигина кесатиш қилдилар ойим, – зора мени шу ғалвали ишдан озод этишса.
Ҳарқалай бувимнинг овозлари эшитилиб қолди. Мен енгил тортдим. Дадам билан ойим ҳам жимидилар.


ЙИГИРМА ИККИНЧИ БОБ

МУЛМУЛКЕ

Менинг кузатишимча, айрим кишилар табиатан омадли бўлишади. Бундай кишиларни тақдир бот-бот сийлаб туради. Мана шу, Така ҳам омади чопганлардан. Тўғри, ўқиши айтарли эмас, аммо кўп масалаларда ошиғи олчи. Ҳисоблашишади бу хумпар билан. Фақат футболдамас, муштлашишда ҳам қўли баланд. Йўқ, безори экан, деб ўйламанг. Адолатсизлик, нохақлик ўтмаса, ҳеч кимга қўл кўтармайди.
Яқинда уйга кетаётганимизда қўшмачитлик бир довдир жуда калондимоғлик ва нописандлик билан бизни «келгиндилар» деб камситди.
Айтишларича, бизнинг Кутарма қишлогимиз фуқаролари бир замонлар турли жойлардан кўчиб келишган экан. Жумладан; бобом (дадамнннг дадалари) аслида қўшни Бадал қишлогидан («Ўзбекистон» колхози) бўлиб, ризқу-рўз сабабли келиб қолган эканлар. Таканинг авлодлари Помир томонлардан, Ёқубнинг бобокалони Самарқанд шаҳридан келишган. Ва ҳоказо. Бечора боболаримиз тирикчилик дея, зурриёт дея не-не азобларни бошдан кечиришса-ю, бу нон-емас, юз йиллар оша уларга таъна тоши отса, алам қилмайдими, ахир?!
Така портфелини елкасидан авайлаб туширди-ю, менга тутқазди. Ҳалиги бола ҳам баллон курткасини ечиб, муштлашишга шайланди. Унинг ёши катта, қўли узунроқ эди. Шунинг учун ҳам дўстимиз ҳужумга  ўтганда, рақиби андак орқага чекиниб, Такани ўзига йўлатмай мушт тушира бошлади. Қўшмачитликнинг икки-уч муштига дўстимиз атиги битта жавоб қайтарар, аммо мўлжали аниқ, зарби шиддатли бўларди. Ҳамқишлоқлари ҳалиги болага жиззакилик билан йўл-йўриқ кўрсата бошлашди. «Биқинига теп, сволочни», «Тишлаб олмайсанми?!».
Худди шу пайт Така рақибининг кўкраги ва пастки жағи аралаш калла қилиб юборди (Тўпни ҳам калла билан уришнинг кифтини келтиради, хумпар!). Ҳалиги боланинг кўзидан ёш чиқиб кетди. Тупуги қонга бўланганига қараганда тилини тишлаб олганди у. Така муштлашишнинг таомилларига зарра хиёнат қилмай, чеккароққа чиқиб турди. Рақиби кўз ёшларини артиб, бир неча бор тупуриб олгач, чапдастлик, шафқатсизлик билан мушт тушира бошлади. Кўп ўтмай ҳалиги ховлиқманинг ҳоли танг бўлиб қолди. Оёғи, тишини ишга солиши ҳам наф бермади. Дўстларидан мадад кутиб, уларга умидворлик билан жовдираб қарай бошлади. Лекин биз ҳам дўстимизни уларнинг оёғи остига ташлаб қўядиганлардан эмасдик. Бирортаси қўл чўзгудай бўлса...
Қўшмачитлик юзтубан йиқилди-ю, тепкидан чўчиб, бошини чангаллади. Йўқ, Така ноинсоф эмасди. У рақибини ўрнидан турғизиб, кийимидаги чангни қоқди ва тағин муштлашишга чорланаётганда ҳалиги довдир қочиб қолди. Така уни таъқиб қилмай қўяқолди.
Лекин ҳозир сўз дўстимизнинг муштлашиш борасидаги маҳоратида эмас. Эътиборингизни унинг тахтапуштида авайлаб кўтариб юрадиган ўша портфелига қаратмоқчиман. Портфелнинг ичида дафтар, қалам ва оддийгина гугурт қутиси бор. Аммо гап гугурт қутисида ҳам эмас, балки унинг ичидаги қўнғир қўнғизда. Бу жонивор данакдан ҳийла каттароқ, манглайида бир дона қайрилма шохи бор. Унинг лақаби «ғиж-ғиж». Бунинг боиси шундаки, қўнғизвойнинг шохига енгилгина нуқиб қўйсангиз, аллақандай  хушовозлик билан «ғиж-ғиж», дея нолиш қилади. Уни мулмулке ҳам дейишади. Бунинг боиси шундаки, Така қўнғизни бир пластинкага алмаштирганди. Уни радиолага қўйсангиз, нуқул: «Мулмулкена де мулмулке, мулмулкена де мулмулке» деган каломни бир маромда такрорлайверарди. Кейин Така негадир қароридан қайтиб қолди. Ўлмас копток бераман, деганда ҳам кўнмади. Менинг ўзим велосипеднинг насоси билан дадамнинг «Табиатни севасизми» деган китобчаларига айрибош қилмоқчи бўлганимда  ҳам рози бўлмади, қайсар.
Мулмулкега бунчалик жазман бўлиб қолганимиз бежиз эмас. Ақллига ўхшаб кетади, падарқусур. Гугурт қутиси у учун ҳам қафас, ҳам арава. Қути жониворнинг шохига ип билан боғланган. Така мулмулкенинг бошини сиз томон ўнглаб, «фалончига бор» деса бас, жонивор қирчанғи отга ўхшаб, имиллаганча йўлга тушади. Оёғингиз остига тақалиб келадию «ғиж-ғиж» деб огоҳлантиради. Хўжаси уни беҳуда юбормайди, албатта. Аравачадаги қоғозда конфет, кунгабоқар пистаси ёки шунга ўхшаш егуликларга эҳтиёж туғилганлиги қайд этилган бўлади. Гугурт қутисига ҳалиги ноз-неъматни ортиб бўлишингиз билан мулмулке орқага қараб йўл олади.
Авваллари бу воситачидан фақат танаффус пайтлари фойдаланардик. Муаллимимиз малака оширишга кетдию, мулмулке синф бўйлаб аравакашлик қиладиган одат чикарди. Чунки янги кирган муаллим жуда бепарво, лоқайд эди. Така биринчи куни бу одамга Носвой муаллим деб ном қўйди. Эртаси унинг нос чекканпни кўрдигу, ўзимиз ҳам Таканинг зукколигига тан бердик. Муаллим вазелин қутисини очиб, унинг қопқоғига эҳтиёткорлик билан нос тўкди, сўнг тарози палласидай салмоқлаб кўрди-ю, негадир тескари ўгирилиб тилининг остига ташлади.
Унинг ўзи эллик ёшлардаги ориқ заҳилроқ киши. Бу одамни кўрган кишининг дилида ногаҳоний нохуш, ҳатто  андак тушкун кайфият уйғонади. ғижимланган, сарғайган кўйлаги ичида унинг ўзи ҳам ғижимланган, сарғайгандай бўлиб туюлади. Доим шалвираб турадиган муйлови ҳам бадқовоқ, ҳорғин, ноумид ҳолатига, асабий ва қашшанг  қиёфасига мос бўлиб тушган унинг. Андак титраб турадиган бош бармогига негадир «МЭЛ...» деб ёзилган.
Муаллим йўқлама қилмади, биз билан танишмади ҳам. Қаршимизга жойлашиб олди-ю, китобнинг фалон саҳифасини очишимизни ва фалон-фалон мисолларни ечишимизни тайинлади. Кейин бошини ҳам қилганича жуда ҳам хўрлангани бу дунёнинг битмас-туганмас ташвишларидан тўйиб кетган кишидай бир нуқтага тиқилиб қолди. Унинг шу сукутида хаёлига келган ногаҳоний, нохуш фикрлардан ташвиш чекаётгани зоҳир бўлиб турарди.
Ҳалиги мисолларни одатдагидек, Ёқуб биринчи бўлиб ечган эди ҳамки, оёги остида «ғиж-ғиж» деган таниш садо янграб қолди. Қарасак, мулмулкенинг аравасида букланган коғоз. Ўқидик. «Ёқубжон, азиз дўстим! Мисоллар ечилган бўлса, биз ҳам солиштириб кўрайлик. Мулмулкени ноумид қайтармассан деган умидда, жўранг, Бахтиёр.».
Вой шайтон-ей! Топган гапини қаранг, фирибгарнинг «Ёқубжон, азиз дўстим...» эмиш. Нуқул мазах қилиб юрардию... «Солиштириб кўрайлик...» дегани нимаси? Дангалроқ қилиб: «Кўчириб олай», демайдими?!
Ёқуб ҳам хушомаддан ийиб кетди, шекилли, мисол ишланган коғозини буклаб, аравачага қўйди. Мулмулке орқага қараб анча илдам (мол эгасига ўхшамаса, ҳаром ўлади) жўнаб кетди.
Ҳаммамиз ўз юмушимиз билан андармон бўлиб ўтирганимизда, муаллим вазифани текшириб қолдику. Биринчи бўлиб Така дафтарини тутқазди-ю, жуда ҳокисор, мўмин боладай бошини бир томонга хиёл эгиб, жовдираб турди. Носвой муаллим– унга «беш» қўйди. Соддадил Ёқуб бўлса зўрға «уч» олди.
Кейинроқ мулмулке менинг оёғим остида сайраб қолди. Хатда шундай деб ёзилганди. «Улуғ, бричкада (гугурт қутисида) чет элдан келтирилган бужул бор. Шу таги-туби билан санга. Мулмулке қуруқ қайтмасин, десанг, бир дона жевачкангни дариғ тутма. Ўзимга эмас, Ўлмасга бераман». Ошиқ Ўлмасники эканлигини дарҳол танидим. У менга унчалик зарур бўлмаса ҳамки, олдиму ўрнига сақич солиб юбордим. Така уни тантанавор оғзига солди.
Эртаси мулмулке таниш нома келтирди. «Улуғ, бу соат кирмайман. Бекваччалар (қўшмачитликлар) дарвозада турсанг, бир сўм берамиз дейишди. Жўражон, мулмулке санда турсин».
Мен жониворни беозоргина кўтариб олиб, биринчи бор синчиклаб назар солдим. Унинг панжалари бақувват, кўкраги кенг, ягона шохи шамширдай ўткир эди. Мўйловининг ҳашамдорлигини айтмайсизми?! Бир жуфт кўркам елпиғичга ўхшаб кетарди. Мўйловини енгилгина силаб қўймокчи бўлгандим, тутқич бердирмади. Кейин мен ҳам ундан воситачи сифатида фойдаланмоқчи бўлдим ва биринчи хатни Маратга жўнатдим. «Бунинг муйловига қара, дадангникига ўхшаркан», деб ёзилганди илк номада. Кўп ўтмай мулмулке аравасини судраб жавоб хатини олиб келди. «Мулла-акангдан ибрат ол, найнов!».
Бу – маҳалламиз чойхоначиси Тоҳир амакининг гаплари. «Лекин бизнинг оилага, аниқрори дадамга алоқадор таъна. Тафсилоти эса қуйидагича.
Кунлардан бирида дадам ойим билан жанжаллашиб қоладилар-у (пул масаласида) зарда билан қўл силтаб, чойхонага чиқадилар. Тоҳир амаки одатдагидек ортиқроқ мулозимат кўрсатиб чой келтирадилар, қайта-қайта ҳол-аҳвол сўрайдилар, сиёсат ҳакида гаплашган бўладилар. Ҳатто дадамнинг хушфеъл, оилапарвар эканликларини таъкидлаб, мақтаб қўядилар. Дадам аллақандай хавотирланиш билан сир бой бермай турганда у киши мақсадга ўтади. «Мулложон, шу Мўмин найнов хотини билан ғижиллашиб қолибди. Пул масаласида. Бесавод. Нодон. Ёмон кўрганим – хотини билан уришган занчалиш! Энди бирров бориб, яраштириб келмасак, бўлмас. Рўзғори бузилиб, гўдаклари бўзлаб қолмасин. Ҳозирги ёшларни биласиз...».
Дадам рад этолмабдилар. Икковлашиб боришибди-ю, Мўмин амакини роса олиб бориб, олиб келишибди. Дадам ҳам бояқишни жоҳилликда, қолоқликда айблабдилар. Оҳирида Тоҳир амаки ҳалиги кишига дадамни кўрсатиб, насиҳатомуз уқтирибдилар: «Муллакангдан ибрат ол, найнов!».
Ўзига тўппа кесмаганнинг ўзгага ўгра кесганини кўр, деганларидек дадамнинг бу латифанамо насиҳатгўйликлари сир бўлиб қолмади. Ҳангоматалаб одамлар ундан воқиф бўлиб, дадамнинг устидан роса кулишди. Ҳатто маҳаллаликлар ҳам мазах қилишди у кишини.
Марат мактубида ана шунга шаъма қилганди. Мен ундан янада қаттолроқ уч оламан, деб турганимда, муаллим ўрнидан қўзгалди. Форточкани очиб, носни тупурди-ю, одатдагидек, «сабил» деди. Кейин дафтарларимизни текшириб, аксариятимизга «уч» қўйди.
Бахтга қарши, ўша куни дадам дафтарларимизни текшириб, тутақиб кетдилар. Қулоғимга қўл чўзишлари билан масаланинг рафтори нохушлигини сездим ва бор айбни муаллимга тўнкаб туравердим.
– Муаллиминг ким? – сўрадилар.
Мен унинг исми, фамилиясини ҳам билмасдим. Носвой муаллим десам, дадам баттарроқ ловуллаб кетишларини ўйладим.
– МЭЛ муаллим, – дедим, унинг бармоғидаги ёзувни эслаб.
Дадам савол назари билан ойим томон ўгирилдилар.
– Мели акани айтяпти, – хатоимни тузатдилар ойим ва шукурким, биринчи бор менга ён босдилар,– ўзи муаллимини уриб кетган.
– Нега ҳайдавормайсизлар?! – ҳаркалай мени қўйиб, ойимга ўшкирдилар дадам ва жуда ноёб фикр айтгандай, киборлик билан жавоб кутдилар. Ойим сукут сақладилар ва бу сукутда бу ишнинг жўн эмаслиги, бағоят чигаллиги, мураккаблиги зоҳир эди.
– Бу осон эмас, – дедилар ойим надомат ила, –бола-чақаси кўп. Бечоранинг ойлиги учма-уч бўлади. Уйинг куйгур раҳбарлар гўшт пули деб солиқ солганда, йиғлаб юборди.
Дадамнинг попуклари пасайди. Бизнинг бахсу-мунозараларимиздан ҳавотир тортиб келган бувижоним гап Носвой муаллим ҳакида эканлигига ишонч ҳосил қилгач, суҳбатга қўшилиб кетдилар.
– Бобоси катта заминдор эди. Буд-шудини топширса ҳам кечиришмади, сургун қилиб юборишди муйсафидни. Камсуқум, нуроний одам эди. Шўрлик Меливойнинг дадасига бир газ ер ҳам насиб этмади. Ўттиз саккизинчи йили уни ҳам «халқ душмани»га чиқаришди, имонсизлар. Ўткир одам эди, йигирма ёшида дўм бўлганди. Мактабларингга биринчи ғиштни қўйиб, ваъз айтгани ёдимда. Шапка кийиб юрарди ўзиям. Ўғлининг каттасига КИМ кичигига МЭЛС деб (кейин Мели бўлиб колган) ном қўювди. Эҳ, ўзинг кечир, тангрим! Шу норасидаларда нима гуноҳ бор эди. Халқ душманининг зурриёти деб мактабга ҳам қўйишмади.
Ҳа, Мели акага осон тутиб бўлмаскан, – бояги важоҳатдан ном-нишон қолмади дадамда, – на бобосининг қабри бор экан, на дадасининг...
Ойим қўллаб-қувватладилар.
– Куйдирги чиққур раис лоақал шу қисматларни ҳам инобатга олмади. Пулни бермасанг, Самарқанд районидан кўчириб юбораман, деди. Йиғлади, ишонасизми, йиғлади.
Бувим давом этдилар.
– Зада бўлганда, шўрлик. Гўри ўзга юртларда қолиб кетишини ўйлаган.
Дадам ҳам жим турмадилар. Бошларини надомат билан тебратдилар.
Ҳис-туйғуларини ўлдириб юборишибди, бечоранинг!!!
Улар шу тариқа гапга киришиб кетишди. Муаллимнинг томорқаси йўқлигини, катта ўғли ўқишга киролмай, қайтиб келганини... Ўзимнинг раҳмим келди бояқишга. Кейин унинг дарсида имкон қадар одоб сақлаб ўтирадиган бўлдим. Бошқалар эса намоқулчиликни тағин ҳам авж олдиришди. Мулмулке ҳамма билан иноқ бўлиб кетди ва ким иш буюрса бош тортмайдиган, бешарм, беҳаё хатларни кўпроқ ташийдиган воситачига айланди. «Москвич» харид қилишлари муносабати билан у Жаъфарга Ўлмасдан «Москвич –даданг билан ойинг зич», деган хат олиб келган экан, жавобан:
«Майдонга чиқ, номард», деган ёзув олиб кетибди.
Бу жумлада ҳам анча-мунча таънаю маломатлар бор. Эҳ катталар, катталар... Қанақа қилиқлар, бачканаликлар қилишмайди улар.
Ўлмаснинг дадаси мушттаккина, бечораҳол (хушёрлигида, албатта) одам. Маст бўлса...
Қишлогимизда Жума полвон, деган амаки бор. Тахтага қўли билан мих қоққанини, ариққа тиқилган машинани кўтариб юборганини ўз кўзим билан кўрганман. Одамларнинг айтишича, устидан енгил машина ўтказармиш, фалон пуд тошни тиши билан кўтарармиш. Ўлмаснинг дадаси кайф қилганда, ана шу полвоннинг дарвозасини муштлаб қоларкан. «Майдонга чин, номард!» деркан, нуқул. Полвон ҳижолат чекиб, ичкари яширинган сари у овозини кўтариб, гариллайвераркан.
Тоҳир амаки билан дадам бир неча бор (ҳушёрлигида, албатта!) панду насиҳат ҳам қилишган. У ҳар гал   тавба-тазарру қиларкан-у, ичиб олгандан кейин тағин...
Ўлмас дадасининг қилмишинн писанда-ю, маломат қилишларидан тутақиб кетади. Бу қилиқни Маратдан кўради, шеқилли, унга «Янгангни ушла» деган жумла ёзилган хатни жўнатади.
Мазкур каломни ҳам батафсилроқ шархлайдиган бўлсак, гапни анча ибтидодан бошлашга тўғри келади.
Маратнинг дадаси тоғ сайрига чиққанда чўпондан кўзи эндигина очилган кучукча олади. Ўмрови кенг, оёқлари йўғон бўлгани учун бўри деб лақаб қўйишади унга. Бўри улғаяди ва янгидан-янги нохуш қилиқлар чиқара бошлайди. Жумладан тонг билан бўрига ўхшаб увлайдиган бўлади. Қишлоқ мўйсафидлари бу жониворнинг отаси ёки онаси бўри эканлигини тахминлаб, ана шундай дурагайлар ҳамиша ҳам яхшиликка олиб келмаслигини хушфеъллик билан тушунтирадилар.
Маратнинг дадаси эътибор бермайди, аниқрори, бундай гапларни назар-писанд қилмайди. Кўп ўтмай маҳаллада бировнинг товуғи, бошқа бировнинг эса қуёни, қўзичоғи гум бўлади. Одамлар, табиийки, бўридан кўришади. «Қонун бўйича учта гувоҳ бўлиши керак», дейди мўйлов, бу тахминларни рад этиб.
Бир куни эрталаб, уларнинг рўпарасида яшайдиган қўшнилари қараса, ҳисори қўйининг нақ ярим думбаси йўқ. Қўйнинг ўзи ҳам рамақда жон бўлиб турибди. Жониворни ҳалоллайди-ю, бўридан қасос олиш пайига тушади. Орадан кўп ўтмай итни ўзала тушиб, офтобда мудраб ётган ҳолда учратиб қолади. Аввалдан уйлаб қўйган режасига биноан, унинг устига бир челак керосин сепади-ю гугурт чақиб юборади.
Ҳаётда қанақа тасодифлар, кутилмаган ходисалар бўлмайди дейсиз?! Ҳалиги қасоскор қўшнининг бостирмаси бор экан. Ловуллаб ёнаётган ит ўзини ўшанинг остига уради. Зум ўтмай хас-хашакка ўт кетади. Одамлар ҳай-ҳайлагач, ит у ердан ҳам чиқади-ю, эгасининг ҳовлисига киради. Жон азобидан бўлса керак, ховлини икки давра айланиб чиқиб, қочади.
Тасодифни қарангки, Маратнинг дадаси хотинини (пул масаласида, албатта) бир тарсаки туширган экан. Хойнахой, хотиним ўзига ўт қўйди, деб ўйлайди-ю, ёнаётган итнинг ортидан югурганича: «Янгангни ушла! Янгангни ушла!» деб бақиради. Бозордан қайтаётган уч маҳаллалик (уч гувоҳ) ҳам итга қараб бақира бошлашади. «Ўзингизни ховузга ташланг!», «Бола-чақангизга раҳм қилинг!».
Маратнинг дадаси пешанасига урганича, аччиқ қисматини лаъналаб, остонадан ҳатласа, хотини анграйиб турганмиш.
Хуллас, бу таънани ўқиб, Марат тутақиб кетади. Ўлмасдан интиқом олишни режалаб юрганда чатоқ бўлиб қолди. Биз ана шундай завқу-шавқларга сабаб бўлган қўнғизимиздан ажралиб қолдик. Эҳ! Аниқроғи, уни эҳтиёт қилолмадик. Бунга Таканинг ўзи сабаб бўлди. Қайсар дўстимиз:
Штирлиц ва Меливой
Бхай-бхай ҳойнаҳой.
Сабил қолгур носвой
Тарозида тортилсин,
Аравачага ортилсин...
деб шеър ёзади-ю, муаллимга юборади. Қўнғиз ҳарчанд сигнал берса ҳам Носвой муаллим уни илғамайди. Шунда шўрлик мулмулкенинг тоқати тоқ бўлиб, аравачасини кўтарганича муаллимнинг шимига ўрмалаб қолади.
Бир маҳал қарасам, жонивор муаллимнинг тиззасида юрибди. Ўзим ҳам нима қилишимни билмай, каловланиб қолдим. Шунда фалокат рўй берди. Носвой муаллим уни кўриб қолди-ю чўчиб кетди, зарб билан уриб «сабил» деди. Сўнг барини бегуноҳ Ёқубдан кўрди, шекилли, уни синфдан ташқари қилди.
Биз Ёқубнинг бадарға бўлишидан заррача ташвишланмадик, аммо мулмулкедан ҳавотир торта бошладик. Йўқ, мўйловининг бир томони узилганини ҳисобга олмаганда заррача талофат кўрмаганди у. Бақувват оёқлари, кенг кўкраклари шикастланмаганди.
Аммо шу кундан эътиборан шўрлик мулмулке батамом ўзгарди, овоз чиқармайдиган, арава тортмайдирган, яъни хат ташимайдиган бўлиб қолди. Ҳарчанд қилсак ҳам кун бўйи хомуш ва ғамгин ўтирар, нари борса бир жойда туриб айланиб қўярди, холос. Хафа бўлиб кетдик. Нақадар захматкаш, вафодор дастёр эди-я!
Кейин Така уни йигирма тийинга сотмоқчи бўлди. Аммо ҳиссиз, сезгисиз қўнғиз кимга ҳам керак?! Ке­йин ҳар эҳтимолга қарши мен уни дадамнинг «Табиатни севасизми?» деган китобчаларига алмаштириб олдим. Лекин ўша куни менинг ҳам бадимга урди ва ўтлоққа улоқтириб юбордим.
Орадан қанча вақт ўтганини эслолмайман. Бир куни Така ўзим берган китобчанинг қирқ иккинчи саҳифасини ниқтаб, ўқишимни илтимос қилди.
«Ҳеч бир жониворнинг мўйлови ўз эгасига ҳашаротникидек кўп хизмат қилолмайди. Уларнинг деярли барида мўйлов бўлиб, у кўриш, ҳид билиш, эшитиш функцияларини бажаради.
...ҳашаротни кўзидан жудо қилсангиз яшаши мумкин. Мабодо мўйловини юлсангиз, ҳис этиш қобилиятини йўқотиб, телбадай бўлиб қолади».
Ҳис-туйғудан маҳрум бўлиш бунчалик катта фожеа эканлигини тасаввур ҳам қилиб кўрмагандим.
Ваҳоланки у ҳашарот эди...
1.Коммунистический интернационал молодёжи
2.Маркс, Энгелс, Ленин, Сталин


ЙИГИРМА УЧИНЧИ БОБ.

БИР ЧИМДИМ ТУПРОҚ.

Қўшмачит. Катта Ўзбек тракти деб аталадиган шоҳ кўча бу қишлоқни нақ иккига бўлиб ўтади. Азимжусса машиналар бу ёғи Термизу Афғонистон, уёғи Тошкенту Москвага қараб қатнагани қатнаган. Қишлоқнинг қоқ марказида салобатли мачит бор. Унинг жимжима гулли ўймакор устунлари бағоят ҳашамдор ва ҳайратомуз. Бувимнинг нақл қилишларича, бу қадамжо бир замонлар жуда гавжум, обод жой бўлган экан. Зотан ҳозир (1978) ҳам одамларнинг қадамлари канда бўлгани йўқ. Чунки қишлоқ кутубхонаси билан маданият уйи ана шу собиқ мачитда жойлашган.
Аммо бугун гап Қўшмачит қишлоғи, ундаги мачит ҳақида эмас...
Ёдингиздами: бир маҳаллар Нури яъни Нуриддин ака деган ўсмир ҳақида гапиргандим. Биринчи қўнғироқ чалинганда менга китоб инъом этгани, кейинроқ безори болалар қуршовга олганда, барини тирқиратиб қувиб юборганини ёзгандим. Ана шу ердаги мўъжизагина ҳовлида яшарди у. Эътибор беряпсизми, «яшарди» деб ўтган замон феълини қўллаяпман.
У киши... Эҳ! Тили бормайди кишининг!
Биз ҳам бордик. Директоримиз – Убайдийнинг ўзлари айримларимизга гулдасталар тутқазиб чиқдилар-у, икки саф қилиб олиб бордилар. Дарвозанинг олди  тўс-тўполон эди. Менинг кўзимга илк бор сирти руҳланган темир тобут, унинг теграсида қаққайиб турган икки аскар ташланди. Бир аёл (Нури аканинг ойижони бўлса керак) сочларини юлиб, йиғлар, душманларни лаънатлар, темир сандиқни очинглар, деб зорланарди. Соқчилар совуқроқдай эди.
Халойиқ алламаҳалгача Самарқанд ҳарбий комиссариатидан бирор кишининг келишини кутишди, аммо улардан дарак бўлмагач, митинг очилди. Бир амаки сўз олиб, Нуриддин Ҳасанов қўшни Афғонистонда ўз бурчини адо этаётганда ҳалок бўлганини билдирди. Бошқалар ҳам сўз олиб, Нури аканинг ажойиб хислатларини тилга олдилар, ота-онасига сабру бардош тиладилар. Охирида мулла  ўртага чиқди – ҳаммаёқ сув қуйгандек жимиди.
– Муҳтарам жамоа, аҳли ислом! Бу бегуноҳ ўсмир мусофир юртларда, жангда нобуд бўлди. Буни ўша ёққа юборганлар ва жонига қасд қилганлар дўзахийдирлар. Иншооллоҳ...
Кейин қироат ила дуо ўқиди. Бизни мавҳум салобат босди. Кўп нарсаларга фаҳмим етмай қолди:
шундай  ажойиб одамнинг жонига қайси олчоқ қасд қилди;
нега бундай қабиҳлик, қотилликка қўл урди;
нечун  бошқалар ваъз айтганда ғала-ғовур тинмади-ю, мулла қироат бошлаганда сукунат чўкди? Нега? Нега?
Катталарнинг жавоблари дудмал, узуқ-юлуқ эди.
Мактабимизда шу воқеага бағишланган митинг бўлди. Котиб анча бурролик билан нутқ ирод қилган бўлса ҳам янги гап айтмади. Фақатгина дружинамизга Нуриддин Ҳасанов номи берилганини англадим, холос.
Сўнг шавкатли бурчак ташкил этиб, Нури аканинг суратини, унинг онасига, Баҳри амакига (мактабимиз қоровули) ва бошқаларга ёзган хатларини, айрим ашёларни қўйдик. Хоҳишингиз бўлса мактубларнинг айримлари билан танишишингиз мумкин.
«Соғинчлик салом!
Ҳурматли ва меҳрибон онажон! Ушбу тилсиз номани Афғонистонда солдатлик бурчини адо этиб юрган  ўғлингиз Нуриддиндан  деб билгайсиз.
Мен соғ-саломатман, ҳеч нимадан зориққаним йўқ. Биргина камчилик мусофирчиликдир.  Дўстларим, командирларим ҳам соғ-саломат. Мендан заррача хавотир тортманг. «Тушимда: аввалги жойингдан кўчган эмишсан», деб ёзибсиз. Дарҳақиқат, бизни Ҳирот шаҳрига олиб келишди.
Ҳирот жуда қадимий манзилгоҳ экан. Бизнинг Регистондаги манзилгоҳларга монанд обидалар бу ерда анчагина. Аммо улар хароб, қаровсиз. Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий (бу ерда у кишини Мир Алишер дейишади) қабрларини ҳам бориб кўрдим. Қабр атрофида чордона қуриб ўтирган тиланчиларнинг оҳу зори дилимни  ўртантирди. Улардан бирининг сердард байти хотирамга  ўрнашиб қолди:
... най ўзи андоқ ҳикоятлар қилур,
ва жудоликдан шикоятлар қилур.
Мусофир бўлса ажаб эмас, бояқиш.
Ойижон! Ҳиротда бир танишимизни учратиб қолдим. Ҳа, ҳайрон бўлманг. Ғалати бўлди.
Бозор йўлида қатор устахоналар, дўконлар бор. Темирчилик, заргарлик, тароқсозлик... Ўша куни мисгарлик дўконида илиб қўйилган ғаройиб чойжўш, чойкаш, офтобаларни тамоша қилаётганимда, ичкарида чой дамлаётган аёл аллақандай ийманиш била сўраб қолди.
– Эй сарбоз, ту Самарқанди нести?
Мен ҳушёр тортдим, Самарқандлик, аниқроғи, қўшмачитлик эканлигимни айтдим. Ҳалиги аёл ҳам, эри ҳам ҳаяжонланиб кетишди. Кейин илтифот билан бир пиёла чойга таклиф этишди. Андак иккиланиб турдим-у остона ҳатладим.
Маълум бўлишича, булар аслида қўшни – Мўлиён қишлоғидан бўлиб, колхозлаштириш йиллари оталари билан шу ёқларга келиб қолишган экан. Мисгар амаки энг аввал бобомнинг кимлигини суриштирди. Исмларини айтган эдим, қувониб кетди. Оламдан ўтганларига ўн йилча бўлганини айтгандим, у кишининг руҳларига дуолар ўқиди.  Кейин бошқа мўйсафидларни ҳам бирма-бир суриштирди. Алламаҳалгача суҳбатлашиб қолдик. Ҳалиги амакининг исмлари Исрофил, хотинларининг исми эса Зулхумор хола экан.
Ваъда бериб қўйганим учун эртаси кечқурун уйларига ҳам бордим. Жоме масжидининг ёнгинасида экан кулбалари. Ойижон. Исрофил амаки билан Зулхумор холага ҳавасим ҳам келди, ачиндим ҳам. Улар бир-бирларига шунчалик суяниб қолишган, шунчалик меҳрибонки, аста қўяверасиз. Афғонистонда кўпгина эркакларнинг уч-тўрттадан хотини бор ва аёлларни камситишдан ҳижолат чекишмайди, баръакс буни табиий ҳол деб билишади. Исрофил амаки бўлса, хотинларини сиз-сизлаб гапирадилар, ширинзабонлик билан ҳазил-мутойибалар қиладилар. Умр йўлдошларини кўпинча  ўғилларининг номи билан (Исроил) атайдилар. Зулхумор ая ҳам такаллуф ва таомилни жойига қўядилар. Исрофил амакига бегим, деб мурожаат қиладилар. Тушликда бир коса ёвғонми, кўча ошими пишириб, дўконга олиб борадилар. Сўнг чой қуйиб, дастурхон ёзадилар. Исрофил амакининг қўлларига сув қуйиб, сочиқ тутадилар. Чой қуйиб узатадилар. Эҳ, яхши... Исрофил амаки ишдан қайтганча, бирорта хушхабар топиб қўядилар. Фалончи  ўғлимизни учратиб қолибди, фалончининг хотини  ўғил туғибди ва ҳакозо. Ҳеч бўлмаса хонада бирор янгилик «яратиб» қўядилар. Жумладан чинни идишларни бу токчадан олиб, наригисига териб қўядилар, дарпардаларнинг  ўрнини алмаштирадилар.
Уларнинг кўп фарзандлари нобуд бўлган экан. Ҳар куни дастурхон бошида ягона  ўғиллари Исроилни эслаб, дуо қилишади. «Урушга кетган» деганларига қараб, уни афғон армиясига хизмат қилади, деб ўйлагандим. У бўлса аксилинқилобчилар билан кетиб қолган экан. Исрофил амаки билан Зулхумор ая  ўғиллари ҳақида, ҳунармандчилик, нарх-наво, яқинлашиб келаётган Наврўз байрами (бу ерда у ўзгача нишонланади) ҳақида гапиришади. Сиёсат масаласида эса оғиз очишмайди. Самарқанддек мукаррам Ватандан жудо бўлиб қолганликлари, ягона фарзандларининг саргардонлиги бари-барига негадир сиёсатни сабабкор деб билишади. Гоҳида уларга мамлакатимиз сиёсати хусусида ҳам гапириб бераман. Улар бўлишса гапимни бўлиб, Самарқанддаги Шоҳи Зинда, Хўжаи Хизир обидалари; одамларнинг тирикчилиги, миллат, урф-одатлар ҳақида суриштираверишади. Намоз маҳалигача саволлари тугамайди. Сўнг икковлари тоат-ибодатни бошлаб юборишади.
Ойижон! Исрофил амаки билан Зулхумор ая сизларга, қўни-қўшниларга кўпдан-кўп дуойи саломлар йўллашимни ўтиниб сўрадилар. Яна илтимос: дадам Мўлиён қишлоғига бориб, Ҳожи бобо деган киши билан учрашсинлар. Исрофил амаки билан Зулхумор аянинг сиҳатлигини билдирсинлар. Ойижон, Исрофил амаки кейинги пайтларда Мўлиён тупроғи билан Зарафшон сувини жуда қўмсаб қоладиган бўляптилар. Дадамга айтинг, иложи бўлса, бир чимдим тупроқ билан бирор шиша сув юборсинлар.
Ҳурмат ила,  ўғлингиз Нури».
*  *  *
«Ҳурматли Баҳри амаки!
Саломатмисиз, кайфиятларингиз яхшими?
Сизни ҳеч ким ранжитмаяптими?
Мендан ҳол-аҳвол сўрасангиз, шукур, яхши! Ҳеч қандай камчилик йўқ. Ҳамон таржимонлик қиляпман.
Бизнинг ҳарбий хизматимиз сизнинг жасоратингиздан батамом фарқ қилади. Сиз душманни олдингизга солиб, тўқайлар,  ўрмонлар оралатиб қувгансиз. Бу ерда эса дўсту душманни фарқ қилолмай хуноб бўлади киши. Бугун сиз билан оғиз-бурун ўпишган меров эртага пичоқ ўқталиб қолиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун бағоят тадбиркор ва ҳушёр бўлишга тўғри келади.
Баҳри амаки! Бир фрицни асирга олганингизни гапириб берганингиз ёдимда. Уруш охирлаб қолганига қарамай жуда нописандлик қилганини, сал танобини тортганингиздан кейин бурро бўлиб кетганини гапиргандингиз.
Яқинда бизда ҳам шунга ўхшаш ҳол рўй берди. Бир душман танкимизни портлатмоқчи бўлаётганда қўлга тушган экан. Ўшани сўроқ қилдик. Мен тенги-ю жуда зукко: Саъдию Ҳофиздан шеърлар қўшиб гапиради денг.
«Кимсан»? сўради офицеримиз. Мен ҳам ўша таҳдидона оҳангда таржима қилдим. «Қасоскорман» деди у нуфузталаблик, нописандлик билан. «Кимдан қасос олмоқчисан»? «Сизлардан!»
Хуллас, у десак бу деди, бу десак у. Кейин конвойга имлаб юбордик. Улар пўстагини сал қоқиб, олиб киришди. «Кимсан» сўрадик тағин. «Исроилман», деди у. Мен сесканиб тушдим. Исрофил амакини  ўғли бўлса... Жуда ноўнғай аҳволда қолдим. Кейин ўзимни тутиб олдим, асир билан ўзгача оҳангда алланималарни гаплашдим-у, офицерларга ёлғон гапирдим. Асир сўроқни эртага қолдиришимизни сўраяпти, дедим.
Горнизондан чиқдим-у, дадам юборган бир сиқим тупроқ билан шишадаги сувни олиб, Жоме масжиди томон йўл олдим. Гавжум номозхонлар орасидан яккакифт бўлиб ўтиб, тор кўчага бурилдим. Таниш боғдоди эшикни тақиллатишим билан рўпарамда Зулхумор хола пайдо бўлди. Унинг дийдалари шашқатор, ҳасрати ҳудудсиз эди. «Демак,  ўғли қўлга тушганини эшитган, бояқиш», ўйладим ўзимча. Шу пайт айвонда мўйлов қўйган новча йигит пайдо бўлди, менга нохуш (ҳатто совуқроқ) назар ташлади.
– Исроилжон, бу Самарқандлик жўранг, Нури, деди Зулхумор хола йиғидан  тўхтаб. Мен янглишганимга ишонч ҳосил қилдим. Демак, ўғли шу йигит экан. Ундай бўлса нечун бокира аёлнинг кўзларида ёш? Нега оила саросимада?
«Амакингиз жон беролмаяптилар, – саволимни тушунгандай давом этди Зулхумор хола, – ватан тупроғи, деб чунонам  тўлғанаяптиларки...»
«Мана!» дедим целлофан халтачадаги тупроқни узатиб. Ҳалиги бола гавҳари шамчироқни кўриб қолгандай, уни қўлимдан юлиб олдию, ичкарига отилди. Биз ҳам унга эргашдик. Исрофил амаки  ўртада чалқанча ётганича, нуқул  тўлғанарди.
«Дадажон, мана, мана Мўлиён тупроғи!» деди  ўғли.
«Мана – сув. Зарафшонники!» қўшимча қилдим.
Исрофил амаки бир лаҳза тин олди. Назаримда табассум қилгандай бўлди. Заиф овоз билан  ўғлига васият қилди. «Чироғимни  ўчирма!  Дўкон... хор...» Кейин ҳовучидаги тупроққа лабини босди-ю, бошини қайта кўтаролмади. Зулхумор хола зудлик билан шишадаги сувдан оғзига томизди. Исрофил амаки бир марта ютинди, холос. Кейин сув ўтмади. Оила фарёд чекишга тушди.
– Во бегам!
– Во кўҳи баландам, қиблагоҳам, падаржонам!...



ЙИГИРМА ТЎРТИНЧИ БОБ

ЯШАШ УЧУН КУРАШ

Бугун – 1978 йилнинг 12 ноябри. Бувижонимнинг иборалари билан айтганда, шом қўняпти. Мен телевизор қаршисида узала тушиб ётганимча, иккала муштимни жағимга тираб, экранга термул-и-иб ўтирибман. Кўзойнак таққан бир барваста амаки техникани сақлаш қоидалари хусусида куйиб-пишиб маслаҳат беряпти. Бу эзма насиҳатгўйликнинг каминага заррача кераги йўқ. Лекин сеҳрли қути рўпарасидан жилмай вақт ўтишини кутишим керак. Чунки ҳадемай «В мире животных» деган ғаройиб кўрсатув бошланади.
Талай ноҳушлигу норозиликларга қарамай ана шу кўрсатув билан «Ну, погоди»ни канда қилмай кўраман. Дастурдан бу шавқовар кўрсатувларнинг остини қизил қалам билан чизиб қўяман. Турфа эртаклар, урушлар ҳақидаги фильмлар, спорт мусобақаларига бағишланган кўрсатувларни эса қора қалам билан белгилаб, сўроқ (?) белгисини қўяман. Чунки уларни кўриш каминага ҳамиша ҳам насиб этавермайди. «Муаллим» билан «Муаллима»нинг кайфиятлари жойида бўлганда ёки бирор ёққа кетишганда, томоша қилиш мумкин бўлади. Акс ҳолда сийқаси чиққан буйруқ оҳангидаги таъна калламга бот-бот зарб билан урилаверади: «Тур, дарсингни тайёрла!», «Сенга айтяпмиз!».
Начора дангалроқ гапирганда, уларнинг ташвиш тортишлари ҳам бежиз эмас. Оилавий бўлиб зўр беришимиз, куйди пишдиларимизга қарамай лаънати «уч» кўпайиб кетяпти. Хатим ҳам дадамнинг таъбирлари билан айтганда, сиёҳдондан чиққан чумолининг изига ўхшаш. Бу йил табиатшунослик деган фан ҳам қўшилди. Ҳар қалай ундан мақтов эшитиб турибман. Муаллим жавобларимдан қувониб «беш» қўяяпти. Математика деган зиқна фандан ўнглаб кетишим амри маҳолга ўхшайди. Яқинда дафтаримдаги «уч» ни кўриб, дадам одатдагидек тутақиб кетдилар. Озмунча дилсиёҳлик бўлмади. Кейин (ўпкани босиб олгач) ёнларига ўтқазиб мисолларни ишлаб бердилар, ўзларича кўп сонли касрларни кўпайтириш ҳийлаларини ўргатган бўлдилар.
Эртаси муаллим дафтаримни «лолазор» қилиб ташлади-ю, одатдагидек каллалироқ қилиб «икки» қўйди.
– Шунга ҳам фаҳму фаросатинг етмадими, Улуғ?!– деди надомат билан, – яримни-яримга зарб уролмабсан-а!
Мен дадамни «сотиб» қўймадим. Бор айбни гарданимга олиб, гуноҳкорона бош  эгиб турдим. Лекин шу топда ички бир қониқиш билан дадамни ноўнғай аҳволга солиб қўйишни хаёлдан ўтказардим. Тили қисиқ одам эса беҳудага бақиравермайди.
– Дада, яримни-яримга кўпайтирса неча бўлади,– сўрадим киноямуз, уйга қайтгач.
– Би-и-ир, – хавотирона жавоб бердилар у киши.
– Қўшса бир бўлади, кўпайтирса...
– Икки, – хатони яна чуқурлаштирдилар улар.
   Нотўғри! – дедим, тантанавор, – ноль бутун юздан йигирма беш бўлади.
Дадам алланима деб ғулдираган бўлдилар.
Мен боксчиларга ўхшаб зарба устига зарба туширдим: ҳалиги хумкалла иккини қўлларига тутқаздим. Кейин ғолибона кузатиб турдим. Киши кўнглини ногаҳоний ғуссага тўлдирадиган нохуш баҳога дадам узоқ тикилиб қолдилар. Икки эканлигига шубҳалангандай, дафтаримни у ёқ-бу ёққа ағдариб ҳам кўрдилар. Қизариб, бўзариб муаллимимни, шу китобни ёзганни роса айбладилар.
– Улуғжон, – дедилар ниҳоят, ўзларини каминага имкон қадар яқин олиб, – бўлар иш бўлди, энди ойингга гапириб юрма. Биз эркаклармиз.
– Агар Штирлицни кўрсам, – дедим фурсатдан фойдаланиб.
Ҳа, майли, майли, бирга томоша қиламиз, – очилиб кетдилар у киши саховатпешалик билан.
Ноўнғайлик. У одамни гоҳида саросимага солади, гоҳида бачканалаштириб қўяди. Дадам кинони ҳам хотиржамгина кўролмадилар. Дарду ҳасратни кимгадир изҳор этиш эҳтиёжи ғолиб келабошлади. Ниҳоят ўртоқларидан бирига телефон қилдилар.
– Сало-о-ом! Ҳаёт қалай? Ҳа, ҳа... Штирлицни томоша қиляпмиз. Ничево, ничево. Идорангиздаги  Борман отпускага чиқиб кетибди. Табриклаймиз! Ҳа... Ҳм-м... Бизни табриклашингиз мумкин. «Икки» олдик. Учинчи синфдан–а! Чунонам алам қиляптики.. Ие, ўзлари ҳамми? Табриклаймиз. Тўртинчи синфдан? Ҳа, яхши...
Шу пайт ойим пайдо бўлдилар ва гапнинг оҳанги бошқа ўзангга бурилди.
Ҳа, ҳа, у ярамасда пул кўп. Самарқандни хор қилишди.
Шу-шу телевизор кўришим анча эмин-эркин бўлиб қолди. Гоҳида ўзлари ҳам таклиф қиладиган одат чиқаришди.
Ниҳоят, турналарнинг дилни  ўртантирувчи дилкаш хониши садо берди. Кейин уларнинг шўх-шодон рақс қилаётган силуетлари намоён бўлди. Таниш чорловни эшитган катталар ҳам келиб, диванда ёстаниб олдилар. Николай Дроздов деган қадрдон амакининг табассумига тўла таниш чеҳраси экранни тўлдирди. Беҳудуд қувончдан энтикиб кетдим.
– Бугунги суҳбатимиз, – деди у (рус тилида, албатта) одатдаги сокинлик билан, – табиатнинг яшаш учун кураш, деб аталадиган буюк ва бешафқат қонуни ҳусусида бўлади. Ҳар бир тирик мавжудот яшашга, зурриёт қолдиришга ҳаракат қилишини яхши биласиз. Бу қонун жониворларнинг бардошли, тадбиркор, курашчан бўлишини тақозо этади. Бугун сутэмизувчи ҳайвонлар ва умуртқасизларнинг айрим вакиллари мисолида бунга ишонч ҳосил қиласиз.
Экранда аввал дарёга туташиб кетган тўқайзор кўринди. Кўп ўтмай унинг ўрнини атрофни виқор билан кузтаётган баҳайбат бўри эгаллади. Дроздов шарҳлашда давом этди.
– Бу йиртқич сизга таниш. Дарҳақиқат, у итга ўхшайди. Гоҳида бўрини айрим немис овчаркаларидан фарқлаш қийин бўлади. Ит билан бўрини думига қараб фарқлаш осонроқ. Жамики ит зотлари думларини маълум даражада кўтариб юришади. Бўрининг эса думи қисилган бўлади. Фақат тез югургандагина танасига ҳамоҳанг ҳолда тикланиши мумкин. Чунки бундай пайт­да дум мувозанатни сақлашга ёрдам беради.
Мен бўрининг кўзларига тикилдим. Жониворнинг нигоҳлари андак ўксиган, аразлаган боланинг қарашларини эслатди менга. Дроздов давом этди. – Ҳа, унинг кўзларида надомат-у афсуслар бор. Эҳтимолки, уни «йиртқич», деганим қаттиқроқ ботгандир. Бу каломни ёмон ниятда ишлатганим йўқ. Зоологияда шунақа атама бор. Тирик ўлжа билан озиқланадиганлар йирт­қичлар гуруҳига киради. Биз, жумладан бургутни ҳам йиртқич қуш деб ҳисоблаймиз. Чунки унинг емиши қуён, тулки сингари жониворлар. Йиртқичлар ҳашоратлар орасида ҳам бир талай: бешиктебратарлар, ниначилар...
Оператор амаки қаҳрамонимизнинг кенг ўмровлари, йўғон тўпиқларини номоён қилди. Сўнг, эътиборимизни унинг саросар юрган шерикларига қаратди.
– Бўрилар, кўп ҳолларда гала-гала бўлиб юришади. Энг кучли тадбиркор қашқир тўда сардори яъни ҳокими мутлақ ҳисобланади. Сиз кўриб турган йиртқич ана шу тўданинг раҳнамоси. У барча шериклари тақдирига ҳам маъсул. Яшаш учун курашнинг қаттол қонуни улардан бирлашиб курашишни ёки ҳимоя қилишни тақозо этади.
Шунда бўрилардан бири олачалпак қорни бот-бот ҳидлаб кўриб, безовталана бошлади. Қолганлари ҳам беихтиёр унинг атрофини ўраб ўз тилларида алланималар дегандай бўлишди. Бу ногоҳоний саросималик қор устидан аллақандай ўлжалар ўтиб кетганлигидан далолат беради.
Буғи чиқиб турган луқма. Қаерда у? Меъдалари ҳувиллаб ётган бу очофотларнинг сўлаклари оқиб, баднафс иштаҳалари ошқозонларини баттарроқ таталай бошлади. Сардор эса хотиржамдай эди. Шериклари унинг атрофида айланиб, аллақандай даъваткор имо-ишоралар қилишса ҳам эътибор бермасди, вазмин сукут сақларди.
– Бу хотиржамлик ёки лоқайдлик эмас, – изоҳ берди. Дроздов, – балки саркарданинг ўзига хос тактикасидир. Дарҳақиқат, ҳовлиқиш чикора?! Узоқ йиллик машаққатли умри давомида кекса қашқир бунақа изларнинг озмунчасини кўрмаган, озмунчасини ортидан тушмаган. Лекин не-не умидлар саробга айланган; тўдани ҳолдан тойдиргани, иштаҳаларининг исён қилгани қолган, холос. Луқмаи ҳалолга етиш учун мавҳум изларнинг ўзи кифоя қилмайди. Умидбахш асослар, аниқ ҳисоб-китоблар, кўз етадиган режаларга эга бўлмай йўлга тушиш, меровликдан бошқа нарса эмас!
Сардор бошини осмонга кўтариб, ҳавони ҳуморона ҳидлаб кўрди. Шарқдан эсаётган элас-элас шабада узиб-узиб бўлса ҳамки, сайғоқ ҳидларини олиб келди. Улар бир неча соат муқаддам саҳрога қараб йўл олишган бўлиши мумкин. Сув ичгани, тўқайларда ўтлагани келишган бўлишса ажаб эмас.
Хуллас, қароқчилар йўлбошчиси изларни ҳидлаб-ҳидлаб олдинга тушди. Тўда унга итоаткорона эргашди. Демак, маршрут аниқ, энди эса ҳаракат, аниқроғи, марофонча пойга керак!
– Бу сўқмоқ бағоят олис, машаққатли ва мав­ҳум,– давом этарди Дроздов амаки, – сайғоқлар изини ёки ҳидини йўқотиб қўйиш ҳеч гап эмас. Кутилмаган фалокатларни айтмай қўяқолайлик. Сайғоқ деган маҳлуқ дарё-ю қўллардан шитоб билан ўтаверади. Бўрилар бундай қалтисликдан чўчишади. Йўлдан лоп этиб милтиқ тутган жоҳил овчи чиқиб қолиши ҳам мумкин. Лекин ноумид – шайтон. Қапишиб кетган қоринларини тўлдириш иштиёқи умид билан оёқларга зўр беришни тақозо этади.
Ниҳоят, уфқларга туташ жойларда ғимирлашаётган аллақандай нуқталар кўзга ташланди. Бу сайғоқлар подаси эди. Уларнинг бири қумтепа устига чиқиб атрофни кузатяпти. Қолганлари эса анчайин ўтлаб юрибди. Ажал деган боқий ва машъул куч яқинлашаётганидан саҳро маликалари батамом бехабар.
Қашқирлар ҳамон йўртиб боришарди. Ўтлоқлар сийраклашиб, яккам-дукка саксовуллар, қайрауқлар пайдо бўлишгач, қадамларини жадаллаштирдилар. Улар овоз чиқаришмас, аксинча мушукка ўхшаб андак писиб югуришарди. Кулранг таналари тупроққа, гиёҳларга, кўчма қумларга ҳамранг эди. Орадаги масофа дақиқа сайин қисқарарди.
Ниҳоят сардор таққа тўхтади ва ерга қапишиб олди. Қолганлари ҳам қумга сингиб кетгудай бўлиб бошларини ҳам қилишди. Ана улар – сайғоқлар! Баданларининг ялтираши жуда-жуда жозибали. Лоақал биттаси, биттагинаси қўлга тушса бас!
Кескин ҳужумга ўтишдан олдин нафасларини рост­лаб олишди, ҳужум тактикаси, стратегиясини чамалаб кўришди ўзларича. Кейин старт тўппончаси отилгандай, олдинга ташланишди. Ҳадемай бояги манзилгоҳлар ортда қолиб кетди.
Баднафс йиртқичлар андак ёйилиб олган ҳолда йўлнинг танобини тортишар, чунки ҳар бир дақиқанинг ҳар бир сонияси ғаниматдан ғанимат эди.
Баландликда турган соқчи сайғоқ оёғини шиддат билан ерга урди ва ўқ теккандек сапчиди. Қолганлари қуюндай бўлиб унинг ортидан эргашдилар. Олдинда сарҳадсиз уфқлар, ортда эса совуқ ўлим. Ўаёт-мамот жанги. Кимнинг мускуллари бақувват, кўзлари тийран бўлса, омад ўшанга ёр бўлиши муқаррар!
– Етолмайди, – ҳукм чиқардилар дадам, ўзларини билимдон кўрсатиб, – сайғоқ соатига етмиш-саксон километр югуради. Бунинг устига тез чарчамайди. Жайронми, оҳуми бўлса бошқа гап эди.
– Етиб олиши мумкин, – эътироз билдирди Дроздов, дадамнинг сўзларини эшитгандай, – чунки ҳар подада кексайиб қолганлар, касалланган ёки тажрибасиз жониворлар ҳам бўлади. Бунинг устига тасодифлар, хатолар...
Шавқовар, аммо қалтис пойга давом этарди. Ҳуркак сайғоқлар ягона вужудга айлангандай жипс бўлиб югуришар, ажал деб аталган машъум қора кучдан йироқлашишдан ўзгасини ўйламасдан, сарҳадсиз саҳрони ўқдек кесиб кетишарди. Чўл калтакесаклари, тўрғайлар жон талвасасида ўзларини чеккага олиб улгуришарди.
Бўрилар ҳам ер бағирлаб учиб бораётган калхатларни эслатишарди. Думлари андак кўтарилгани учун таналари узайиб кетгандай бўлиб туюлар, ритмни бузмай, бир маромда саҳро танобини тортишарди. Ҳар гал орқа оёқларнинг мушаклари пружинадай сиқилар, пайлар пўлат симдай букилар ва зилдай оғир гавдани олдинга итқитарди. Олдинги икки оёқ панжаларига қумга ботар-ботмас гавда яна ва яна зарб билан отиларди.
Олдинда кўзни ўйнатадиган мазали луқма, ортда эса ажалга ўхшаш очлик таъқиб этиб келаётгандай эди уларни.
– Нақадар гўзал ва мардона кураш, – давом этди Дроздов, – саҳро - сарҳадсиз, яшаш учун кураш – беаёв бўлгани учун биз бу тенгсиз пойгани томоша қилиш имконига эгамиз. Ўрмонда кучлилар яшайди, деган гапда жон бор. Табиатда кучлилар ва эпчиллар ҳамиша ғолиб бўлиб келишган, зотан ҳаётнинг ўзи ҳам мана шу саҳродаги боқий курашга ўхшаб кетади. Сайғоқлар бу қаттол қумликларда қорин тўйғазолмай, сув тополмай, дарё томон энишган. Ризқ излаб бориб, ажални эргаштириб келишларини қаердан билишсин, бояқишлар?! Албатта, бўриларнинг ҳам душманлари йўқ эмас. Бу жониворлар бир умр овчилардан чўчиб яшашади. Фақатгина инсон – ғолиб! Уни ҳеч ким таъқиб этолмайди!
– Нотўғри! – тағин қўшилмадилар дадам, – одамни ҳам турфа микробу бактериялар таъқиб қилиб юради.
Орадаги масофа андак қисқаргандай бўлди. Шунда ғуж бўлиб чопаётган сайғоқлар бироз ёйилиб олишди. Чунки бу алпозда орқадагилар йўлни яхши кўролмай, қоқиниб қолиши мумкин эди. Бўрилар ҳам ички бир инстинктга бўйсуниб, андак ёйилиб ва қониқиш, ишонч билан югуришда давом этишди. Уларнинг қанча йўл босишганини билмайман – бир маҳал қашқирлар саркардаси тўдадан чеккароққа чиқиб қолган сайғоқни мўлжалга олди. Ҳамроҳларидан йироқлаб кетиши тажрибасизлигини кўрсатиб қўйганди унинг.
Қумликлар, шувоқзорлар ҳамон шиддат билан ортга чекингандай бўлар, сайғоқлар бўлса уфқларни мўлжалга олиб, оёқларига зўр беришарди. Саҳро қароқчилари ҳалиги сайғоққа яқинлашиб қолишди. Аммо яқинлашиш, ҳатто тенглашиб олиш ҳам ҳали ғалаба деган гап эмас! Ажимжусса ва бақувват ўлжани қулатиш учун куч-қувватдан ташқари турфа ҳийлаю, найрангларни ҳам ишга солишга тўғри келади. Яна бир неча сониялик пойгадан кейин вазият ўзгарабошлади. Сардор ўз ўрнига бошқа бўрини қолдириб, ўзи ўлжасининг ўнг томонига ўтиб олди. Чунки уни аввал подадан батамом ажратиб олиб, яккалатиб, саросимада қолдириш талаб этиларди.
Рақиблар ҳамон бошларини адл кўтарганча уфқларни кўзлаб югуришарди.
Сайғоқ тўдага қўшилишдан умидини узиб, чапга қараб қочмоқчи бўлди, аммо бу томонда ҳам тиллари осилган бир ҳунрез йиртқичнинг қонли кўзларини кўрди. Нақадар қалтис, нохуш вазият. Энди бу ярамас жаллодлар уни исканжага олиши мумкин.
Сайғоқ жонини гаровга қуйиб бўлса ҳамки, энг сўнги чорани ишга солди: тезликни андак сусайтирдию, бор қувватини кейинги оёқларига тўплаб, мушукдай сакради. Кейин яна ва яна шундай қилди. Баттол рақиблар ортда қолиб кетишди. Шу тариқа шерикларига ҳам яқинлашиб қолди у. Энди... ҳудди шу лаҳза тажрибасизлиги тағин панд берди: ҳаяжонни босолмай, кичик хатога йўл қўйди – навбатдаги сакрашда мўлжални йўқотиб, қаршисидаги шеригига бориб урилди ва мувозанатни тиклолмай, қулади. Табиатда кичик хато ҳамиша катта қисматга сабаб бўлади. Эҳ, сўқир тақдир! Наҳотки сарҳадсиз саҳрони шу сержило ва сербўёқ оламни қуришдан бир умр маҳрум бўлиб қолса?!
У жон талвасасида ўрнидан ирғиб турди, аммо қувват тўплаш тезликни ошириш учун вақт керак эди. У бўлса кечикди. Атига бир сония кечикди. Қўймичига урилган ногаҳоний зарба уни учириб юборди. Яна турмоқчи бўлганда, кекирдагига ногаҳоний оғриқ ва бўйнидаги зилдай юк монелик қилди. Кейин, кейин тақдирга тан берди. Қизилўнгачидан отилаётган қонни, атрофдаги изғиб юрган очофат қашқирларни кузатиб турди. Нигоҳлари ҳам хиралашди, аммо қулоқлари бўриларни ғижирлашини, унинг этларини лахта-лахта қилиб узаётгани ва тапил-тапил ютинишаётганини эшитиб турди. Сўнг, сўнг кўз ўнгида майсалари барра бўлиб ётган ям-яшил ўтлоқлар, чўққилардан отилаётган шалола кўриниб кетди. Кейин боқий зулмат чўкди.
Сайғоқ шаҳид бўлган жойда, хадемай бир уюмгина суяк қолди , холос.
Биз таассуротларимизни сарҳисоб қилишга улгурмай экранда Николай амаки пайдо бўлди. Кўз ўнгимизда содир бўлган фожеани шарҳлаб, шўрлик сайғоққа ачинганини, аммо бўриларни ҳам тушунишимиз зарурлигини, табиатнинг яшаш учун кураш қонуни уларни ана шундай жиноят қилишга мажбур этишини уқтирди.
Ҳар бир бўри, – деди у, – суткасига беш килограмм атрофида гўшт ейиши керак. Бугунги рацион бор. Эртага тағин бир гап бўлар...
Бу гал экранда заҳматкаш чумоли пайдо бўлади. Дроздов ўзгача оҳангда давом этди.
– Энди, дўстлар, ҳашоратлар оламига сайёҳат уюштирамиз. Аниқроғи, чумолиларнинг тирикчилик тарзи билан танишамиз.
Чумоли омбори. Токчаларга турли гиёҳларнинг донлари тартиб билан териб қўйилган, омбор йўлаклари сарамжон-саришта. Бу даргоҳнинг ҳар бир аъзоси ўз вазифасини яхши билиши ва уни ситқидилдан бажариши сезилиб турибди.
Ундан кейин калтакесаклар хаёти ҳақида суҳбат бўлди. Дроздов бир қарич чамаси келадиган калтакесакни қўлига олганича, уни силаб-сийпаб, таърифлашга тушиб кетди. Ойим чўчиб кетдилар. Бу ҳол негадир дадамга ҳам ўтиришмади.
– Калтакалас, қурбақа, тошбақани қўлга олиш – ножоиз, – дедилар у киши, – табиатнинг ўзи инсон қалбига шунақа инстинктни солган, уларни эъзозлаш билан бирга орада маълум масофа ҳам сақлашимиз шарт!
– Нега?
– Буни кўрган болакайлар жониворларни тутишади, тирик бурчак ташкил этишади. Уларнинг қўлиги тушган ҳар қандай парранда ё дарранданинг ҳаётий тарзи бузилади, кўпинча нобуд ҳам бўлади. Чунки улар хали хонакилаштирилмаган.
– Сиз Дроздовга ҳасад қиляпсиз, – қўшилмадилар ойим.
Ҳа, ҳасад қиляпман! Биз ҳозир экранда мириқиб кўрган ғаройиб томошаларни қайсидир захматкаш оператор не-не уқибатларда лентага туширган. Эҳтимол, саҳрода ойлаб кезган, чодирда тонглар оттиргандир. Мен ўша одамни танигим, унинг ҳаяжонлариига шерик бўлгим келади.
Улар шу тариқа баҳслашиб олишди. Мен бошқа каналларга ҳам бураб, қизиқроқ кўрсатув йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, токни уздим.
Тушимда: бир талай микроб, бактериялар...
Майли у ёғини айтмай қўяқолай...
Бувижоним нохуш тушлар гапиришни ман қилганлар!