понедельник, 19 декабря 2016 г.

Дўрмон ҳангомалари




                                                        ШОДМОН ОТАБЕК
      
                        ДЎРМОН  ҲАНГОМАЛАРИ

                         НУСРАТ РАҲМАТ БИР КУНИ…



Публицист, ёзувчи ва журналист Нусрат Раҳмат 1941 йилнинг 3 июл куни Самарқанд туманидаги Қўшмачит қишлоғида туғилган.
“Ленин йўли” газетасида ишлаган, “Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг Самарқанд, Бухоро вилоятлари буйича мухбири бўлган. Кейин Тошкентга кўчиб “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “ Меҳнат” нашриёти, Ўзбекистон табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитасида хизмат қилган.
“Агар табиатни севсангиз” деган илк китобчаси 1975 йили нашр этилди. Кейин “Чанқовуз”, “Олис-олис сўқмоқлар”, “Дашт”, “Замондош ўйлари”, “ Селекция муъжизаси”, “Сўқмоқлар ва сабоқлар” сингари йигирмадан кўпроқ ҳикоя ва очерклардан иборат китоб ва китобчалари босилган.
    “Тақдимот” шеърлар, “Фожиа” деб номланган ҳикоялар тўплами, “Буни ҳаёт дебдилар” романи,  шунингдек,  “Мен редакцияданман”, “Энг ашаддий каллакесар“, “Асқад Мухтор дедилар” сингари китоблари; газета, журнал ва адабий ҳамда ижтимоий сайтларида юздан ортиқ мақолалари чоп этилган. Интернетда ўзининг веб сайти бор.
    Нусрат Раҳмат  Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудийга ҳайкал ўрнатиш ташаббускори бўлди, буюк бобомизга бағишлаб “Жадид” романини ёзди. 2006 йилда “Бекажон” газетаси жамоаси билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг етти муъжизасини аниқлаб, матбуотда эълон қилди.
  У 2004 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонини олган.
                                     
                                 
                            ВАЛЬТЕР СКОТТ КИМ? 
    Бу – 1966 йилнинг гапи. Ўшанда Нусрат ака қишлоқ хўжалик институтининг охирги курсида ўқирган. Давлат имтиҳонига кирай деса, Гринберг деган декан ўринбосари йўлини тўсибди. “Қарзинг бор, фалон ойдан кейин келасан”. Зорланиб сўраса ҳам, имтиҳонга киритмабди.

   Нусрат ака анча вақтдан кейин орқа эшикдан суқулиб кириб, бир бурчакка писиниб олибди. Ленинграддан келган комиссия раиси Сергей деган студентни саволга тутаётган экан. Қайси фандан сўраса ҳам, у бурролик  билан жавоб қайтараркан. Охирида “скотоводство” яъни қорамолчиликка оид фандан  саволлар бериб ҳам, унга қойил қолибди. Шу билан бирга, бугунги мутахассис  адабиёт, санъатдан ҳам хабардор бўлиши зарурлигини гапириб, унга савол берибди
  “ Кто такой Вальтер Скотт?” ( Вальтер Скотт ким?)
  “Мы такого скота не изучали” ( Биз бунақа қорамолни ўқимаганмиз)
   Бу жавобдан кейин Нусрат ака ўзини тутолмай, баралла кулиб юборибди. Одамлар  ўгирилиб унга қарашибди, декан ўринбосари эса ғазабга миниб, бу ердан зудлик билан чиқиб кетишини талаб қилибди. Нусрат ака, ноилож чиқиб кетаётганда, ҳалиги комиссия раиси уни тўхтатиб:
   “Сиз нега қаттиқ кулдингиз?” дебди
  “Вальтер Скотт - инглиз ёзувчиси” жавоб берибди Нусрат ака.
  Профессор Нусрат аканинг фамилиясини сўраб, журналдан  унинг аввалги баҳолари билан қизиқибди.
     “Майли, чиқаверинг, дебди охирида, мен сизга “беш” қўйдим.”
                    
                                 
                              “МЕН КЕЛДИМ”

     Нусрат ака институтни битириб, Пайариқ туманида агрономлик қилаётган экан. Ўшанда йиғим-терим пайти бўлгани сабаб, мажлис чўзилиб, тун ярмидан оққандан сўнг ётоғига - пахтазордаги дала шийпонига йўл олибди. Қараса, эшик зулфи бузилган, хавотирланиб ичкари кирибди ва  ҳайратдан қотиб қолибди. Каравотида балоғат ёшидаги гўзал қиз ярим яланғоч ҳолда ётган экан, пастда ҳам қизлар...
    Ёлғиз  ва бўйдоқ йигитнинг бу пайтдаги эҳтиросларини эса тушуниш қийин эмас.
   Нусрат ака ана шу жозибани бир неча дақиқа томоша қилиб тургач, ҳалиги қизни ўйғотмоқчи бўлиб, астагина нўқибди ва “мен келдим” дебди.  Қиз кўзини очиб, бирдан бақириб юборибди. Қий-чув бўлибди, қўшни хонадаги чапдаст йигитчалар Нусрат акани ушлаб, қўлини боғлашибди, албатта, бир- икки тепишибди ҳам. Унинг гапига эса ҳеч ким қулоқ тутмас эмиш.
   Маълум бўлишича, булар университетнинг ёрдамга келган талаба қизлари бўлиб, жой топишолмагач, Нусрат аканинг хонасига жойлаштиришган, улар эса ёмон ниятли киши деб хаёл қилишган экан.
   Бир зумда раҳбарларни чақиришибди.
  “Бу киши бизнинг агрономимиз, дебди, етиб келган бош агроном. Нега у кишининг хонасига кирдиларинг? Бу нима номаъқулчилик! Дарҳол чиқинглар, бу ердан!”
    Нусрат акадан бирин-кетин кечирим сўрашибди.

                  
                            МЕҲМОН ТОЖИКЧАНИ БИЛАДИЛАР
   Нусрат ака “Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг мухбири бўлганда, Ромитан туманига пахта териш машиналарининг  тайёрлигини текширгани борибди. Райкомдан колхоз раисига телефон қилишиб, Тошкентдан мухбир  боришини, унинг ҳурматини жойига қўйиш зарурлигини таъкидлашибди.
  Раис ҳам стол безаб ўтирган экан, иззат-икром кўрсатибди. Аммо кўп ўтмай у,  ўша ерда хизмат қилиб юрган гумаштасига тожикчалаб:
   “Аз ин пурс кани, дилаш чи мехоҳад?”деб қолибди ( Бундан сўрагинчи, кўнгли нима истайди)
   Нусрат ака тожикчани мукаммал билади. У киши Абу Али ибн Сино, Хўжа Аҳрори вали сингари алломаларнинг асарларини форс-тожик тилидан ўзбекчага ағдарган.
   “Қандай сўрайман, жаҳлга минса нима қиламан”,  жавоб берибди ҳалиги одам
   “Сўра, сўра жеркиб гапирибди раис, тошкентлик мухбирлар нима учун келишини мен яхши биламан”.
   Шунда, Нусрат ака тоқат қилолмай, тожикчалаб гапирибди.
  “ Бошқаларни билмайман, аммо мен техникани текширгани келганман”.
  “Иби, иби, дебди, ноўнғай вазиятда қолган раис, тожикчани биларкансиз.  Кечирасиз, кечирасиз...”  У ҳижолат чекиб, алламаҳалгача, қайта-қайта узр сўрабди.
   Эрталаб меҳмонни  трактор паркига олиб боришибди. Терим машиналари бир сафга тизилган, ҳар биринг ёнида комбинзон кийган ҳайдовчи худди танкчидек,  қаққайиб тураркан. Раис туни билан одамларни сафарбар қилиб, техникани бўятгани, ҳолба-қудрат таъмирлатганини сезиб қолган Нусрат ака биринчи машина олдига бориб, моторни ўт олдиришни буюрибди. Тракторчи моторни ёқибди.
   “Энди бункерни кўтаринг”,  буюрибди Нусрат ака.
   Аммо ҳарчанд қилса ҳамки, пахта бўшатадиган мослама ўрнидан силжимас эмиш. Раис яқин келиб, пастроқ овозда изоҳ бермоқчи бўлибди.
   “Акамулло,  пахтаси тўлмагунча у кўтарилмайди.”
   “Мен бу билан пахта терганман”, дебди “акамулло” жавобан.
   Навбатдаги машинанинг эса шпиндел барабанлари жойидан жилмас экан. Учинчи машинани кўришга ўтишаётганда, раис тан олибди.
   “Ҳожати йўқ, ҳали уларга аккумлятор ўрнатмаганмиз. Аммо айб бизда эмас, “Узселхозтехника”да”.
   “Айбдорни чақиринглар”,  дебди Нусрат ака.
    Ҳадемай “Узселхозтехника” бошлиғи етиб келибди. Салом-аликдан кейин, тожикчалар раисдан гилалабди.  
   “Шу гапни дарҳол мухбирга етказиш керак эдими. Энди бу гапни у оламга ёяди”.
   “Меҳмон тожикчани биладилар”, огоҳлантирган бўлибди раис.
   Дарҳақиқат, Нусрат ака фелъетон ёзиб, бор гапни оламга ёйган экан.


                            
                                ИККИНЧИ ВОҚЕА
   Нусрат ака “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига ишга келиб,  Ваҳоб Рўзиматов билан ҳамхона бўлиб қолади. Ваҳоб ака ўз ишини пухта биладиган, билимли киши бўлса ҳамки, заҳарханда,  пичинг, киноя қилишни ошириб юборадиган, ўз ибораси билан айтганда “тили заҳар”эди. Шунинг учун бўлса керак, бу одам билан ҳамхона бўлганлар, кўп ўтмай бошқа ҳамроҳ излаб қолишарди. Аммо Нусрат ака буларнинг барига чидаб келди.  ( У ўзининг “Нохуш хаёллар”   ҳикоясига Ваҳоб акани прототип қилиб олган)
     Ваҳоб Рўзиматов олтмиш ёшга тўлган куни Нусрат ака дўкондан гул келтириб, стол устига  қўяди,  у киши кириб келиши билан  табриклаб, ёмғирпўшини елкасидан олиб, михга илади. Чолнинг бесўнақай соябонини бир чеккага олиб қўяди ва беихтиёр ҳазиллашади.
   “ Ваҳоб ака, шу зонтигингиз қозоқларнинг ўтовига ўхшаб кетади-я”
   Аммо бу ҳазил Рўзиматовга ўтиришмабди.
   “Йўқ, окоси,  гўрнинг устига қуришадику, гумбаз дейди,  шунга ўхшайди”.
    Пичингни  илғамаган Нусрат ака қаҳ-қаҳ отиб кулибди
   “Ҳа, ҳа, ўшанга ҳам ўхшаркан”.
   Улар жимиб қолишади.
   “ Окоси, дебди ниҳоят Ваҳоб ака. Олтмишга кирган куним сиздан шу гапни эшитаман, деб ўйламаган эдим. Бу нима деганингиз?...Тезроқ гўрга кир деганингизми?”
   Нусрат ака ҳижолат чекиб, узр сўрабди. Ва бироздан кейин отахоннинг эътиборини тортиш учун бўлса керак, гулдастани унга қараб андак силжитибди.
   “Бу хашакни менга олиб келганмидингиз”,  дебди Ваҳоб ака аллақандай зарда билан
   “Бу хашак эмас, гул”, шошиб, эътироз билдирибди Нусрат ака. Аммо синчиклаб қараса, дўкончи гулдастани катта-кичик барглар билан тўлдирган, орасига уч-тўрттагина гул солиб қўйган экан. У тағин ҳижолат чекибди. Тушгача жим ўтиришибди. Ҳеч ким табриклагани кирмагани, телефон қилмаганидан ҳижолат чеккан Нусрат ака:
   “Ҳа, энди табрикловчилар тушдан кейин киришади”,  дебди.
   “Нусратилло, дебди Ваҳоб ака, бу гал ўкинч билан, тушдан кейин ҳам киришмайди.  Барига ўзим, мана бу заҳар тилим сабаб”, дебди.
   Дарҳақиқат кечгача ҳеч ким кирмабди. Жўнаш олдидан у тағин Нусрат акага мурожаат қилибди.
   “Нусратилло, олмиш йиллигимда содир бўлган энг катта воқеа - сизнинг менга гул олиб келишингиз бўлди. Буни олиб кетаман, қизимга кўрсатиб, “мана, мени табриклашди дейман. Жуда қувонади. Хотиним ўтгандан кейин шу қизим билан қолганман. Ман бадбахтни тергаб туради”,  дебди.
   Нусрат ака ёмғирпўшини унинг елкасига ташлаётганида, меҳрибонона оҳангда ҳазиллашибди ҳам.
    “Гулдаста биринчи воқеа эди, буниси иккинчиси бўлди”.


                          
                            “АЛБАТТА БОРАМАН,  УСТОЗ”

   1990  йили  Нусрат ака Самарқандга кўчиб кетишидан олдин, дўстларни йиғиб зиёфат беради, аниқроғи, у вақтларда жуда танқис бўлган табака билан сийлайди.  Бу  даврада бошқалар қатори Камол Матёқубов ҳам бор экан.
     Орадан ўн йил ўтиб, Нусрат ака Тошкентга келганида, ўша дўстларни тўплаб “ҳақ” бермоқчи бўлади. Камолга сим қоқса, у қўрслик билан:
  “Кимсиз, нима дейсиз”, дейди.
   Нусрат ака ўзини таништирмоқчи бўлса,  тағин ўша оҳангда савол беради. “Кимсиз, деябман?”
   “Мен нақ ўн йил илгари сизга табака олиб берган одамман”,  дейди Нусрат ака.
   Камол у кишини таниб қаҳ-қаҳ отиб кулади ва қўшиб қўяди: “Табака емай, ман ўлай”.
   Таклифни эшитгач, мулойим оҳангда, “албатта бораман, устоз”, дейди.


                                
                           РЕАКТОР КЕРАКМИ?
    1969 йили “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Нусрат аканинг “Реактор керакми” деган мақоласи босилгани ёдимда. Муаллиф Тошкент шаҳрида ядро реактори  қурилгани хато эканлиги, шундан бери атрофда радиация даражаси баланд бўлиб қолаётганлиги, мутасаддилар Бўстонлик тоғларига радиоактив чиқиндиларни кўмиб, жиноятга йўл қўйишаётганини ёзганди. Шу билан бирга, бу ерда авария содир бўлса, тошкентликлар бошига катта мусибатлар ёғилишидан ташвиш билан огоҳлантирган эди..
   Мақола кўпчиликка маъқул бўлди. Аммо институт олимлари ва УзТАГ мухбирлари унга қарши чиқдилар. Юқори ҳам уларга ён босди. УзТАГ биносида бўлган йиғилишда олимлар реакторнинг оламшумул аҳамияти ҳақида гапириб, ўша ерда иштирок этаётган Нусрат акани калтабинликка айблашади. УзТАГ  раҳбарларидан бири  мақолани халқни норозиликка чорлайдиган энг провакацион мақола деб баҳолайди.
   Хабарим бор, ўша кунлари Нусрат ака жуда хафа бўлиш билан бирга, охири нима бўларкин деб, қўрқиб ҳам юрди. Аммо ҳаммаси тинчиб кетди.
   Орадан нақ 27 йил ўтгач, аниқроғи 2016 йилиннг ёзида  Президентимиз Ислом Каримов ўзининг сўнгги  фармойишига имзо чекади. Бу - Ядро физикаси институти ва ядро реактори фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги қарор эди. Тасодифни қарангки, бунга бир вақтлар  Нусрат ака айтган сабаблар асос қилиб олинганди.
   Буни эшитиб, Нусрат аканинг яқин дўсти Миршариф  Хўжаев у кишига сим қоқибди.
   “Нусрат ака, қойил! Вангани ҳам ортда қолдирдингиз. Ўша ҳам йигирма етти йилдан кейинги воқеани каромат қилолмасди. Бир вақтлар СЖКга қарши чиққанингизда ҳам сизни роса савалашган эди. Аммо орадани уч йил ўтиб, ўзлари бу препаратни тақиқлашди. Реактор масаласи эса анча чўзилиб кетди. Эзопнинг ўз хўжасига айтган гапи ёдга тушади: “ Майли, мени ур, аммо гапимга қулоқ сол!”

        
                         ШУ ТИЙРАН КЎЗЛАР

          Нусрат ака бир вақтлар шеърлар ҳам қоралаган, “Тақдимот” деб номланган шеърлар тўплами ҳам бор. Мазкур тўпламга кирган “Шу тийран кўзлар” деган шеър анча машҳур. Чоғроқ бу шеърда, она ўзининг кўр фарзандига иккала қорачуғини ҳам берганлиги таъсирли тасвирланган. Бу шеърни ёд олганлар, ёшлар орасида анчагина, аммо кўпчилик унинг муаллифи кимлигидан бехабардирлар.(Шеър билан муаллиф сайтидан танишиш мумкин)
  Ёш режиссёр Сайфиддин Файзиев ҳам болалигида бу шеърни ёд олган экан. Кейин  шу асосда қисқа метражли фильм олиб, бош ролни ўзи ижро этади. Унга Гулбаҳор Дадамирзаева, Фатхулла Маъсудов сингани таниқли актёрларни ҳам таклиф этади. Аммо муаллиф кимлигини билолмайди.
   Фильм сотувга чиққандан кейин Нусрат аканинг невараси - Парвина режиссёрга телефон қилиб қолади.
   “Инсоф борми? Бу бобомнинг шеърлари-ку...”
   Улар Нусрат аканинг телефони ва манзилгоҳини ёзиб олиб, эртасиёқ Самарқанд туманига - муаллифнинг ҳузурига етиб келадилар.
   “Устоз, дейди Сайфиддин, кечиринг, шундай бўлиб қолди. Фамилиянгиз...
   “ Фамилиям бор, унинг гапини бўлади Нусрат ака, Фильмда иштирок этганлар рўйхатининг охирида  “...ва бошқалар” деган ибора бор экан. Ўшанда мени назарда тутгансиз”.
   Улар беғубор кулишади.

                        


                            ҚЎШИҚ ВА ҚОШИҚ
    Нусрат ака ҳовлисидаги каттагина хонани ёғоч қошиқлар музейига айлантирган. Бу ерда турли миллат ва элатларнинг икки юздан кўпроқ қошиқлари жамланган. Эҳтимол, бу жаҳонда ягона бу соҳанинг музейидир. Деворда Хитой императорининг темир дарахтдан ясалган, гуржиларнинг орнамент ва бўёқларга бой, яҳудийларнинг илк санчиқ-қошиқларини учратиш мумкин. Шунингдек, чиғаноқлар, кокос ёнғоғидан ясалган қошиқлар ҳам бор. Деворнинг бир томонида рубоб ва ҳажми рубобдан ҳам каттароқ ёғоч қошиқ.
   “Ҳозир ҳамма халқлар темир қошиққа ўтиб, бу санъат асарларини ёддан чиқаришди. Уларни сақлаб қолиш менинг зиммамга тушганга ўхшайди, дейди Нусрат ака ва рубоб томон имлаб қўшиб қўяди: қўшиқ - ишқ рамзи, қошиқ - ризқ рамзи.”
                                                                                28.09.2016

Комментариев нет:

Отправить комментарий