вторник, 27 декабря 2016 г.

РОМАН УЧУН БОБ

                                                                                                          
                                                                                     Ҳикоя

                          


  Агар бизнинг орамизда яхши одамлар бўлсалар, булар бошлаб мактаб муаллимларидир. Агар бизда фойдали одамлар бўлса, булар ҳам муаллимлардир...
  Шараф сизга, муҳтарам ўқитувчилар! Мусулмонларда ғурурланмоқ учун бирор нарса бўлса, булар ҳам сизлар! Сизнинг фидойи меҳнатингиз қадрига етмаганимиз учун, сизни фақирликда, муҳтожликда қолдирганимиз учун бизларни, ўқитган болаларингизнинг оталарини кечирингиз!”
           Исмоилбек Гаспринский
                          *  *  *
“Илоҳо, у азиз ва фаол бандаларинг ҳурматиға бизга басират эт. Эшитар қулоқ, англар ақл бер...
Эй Оллоҳи азим-у шон! Бу магар сенинг ғазабингмидур? Афу эт, биз-инсонларни; ҳидоят эт! Ер юзинда сулҳ ва салоҳи умуми ато айла, инсонларға инсоният бер. Золимларни қаҳр эт, маҳв бўлсун зулм. Яшасун адолат ва ҳаққоният! Омин...”

      Маҳмудхўжа Беҳбудий

          

                           Ҳозирги китобхон анчайин инжиқ, нозиктаъб – у руҳиятга боғлиқ тафсилотларни, табиат тарҳлари чизилган саҳифаларни хушламайди; киноя ёки муаммолар моҳиятига етиш учун бош қотиришни эп кўравермайди. Лекин ҳақиқат ёки чўпчаклигини  фарқлаб бўлмайдиган воқеалар; охир-оқибат, гуёки, адолат зам-зама қиладиган, ўз ибораси билан айтганда: “қизиқ” олди-қочдилар бўлса, шунда ҳам аввал “чўқилаб кўриб”, дилига ўтиришса ўқийди, бўлмаса, телевизор тугмачаларини бирма-бир босиб (ахир, унинг ихтиёрида талай каналлар; бунга компьютер ҳам келиб қўшилди) юборади ва шўрлик ёзувчи не-не умидларда битган қораламалар қўли осилиб, ноумид  бўлиб қолаверади.
         Начора, ёзувчи ҳам бунга қасдма-қасд ўлароқ, ногаҳоний илмоқлар, янги-янги ноанъанавий шакллар, шунингдек, ғаройиб ўйдирмалар, юмор билан йўғрилган эртакнамо ечимлар ўйлаб топишга мажбур бўлади.
    Менинг ушбу қораламам ҳам шулар жумласидандир. Ундан ғоявий хато изламаслигингизни ёки  жилла бўлса ҳам шаккокликка йўймаслигингизни сўрайман.
         Ижозатингиз билан илк ҳикоямни афсонадан бошламоқчиман. Юқорида публицистик жанрга нописанд бўлмаслигингизни сўраган эдик. Афсона ва ривоятлар эса ундан ҳам қадрлидир. Энг қадимги юнон ва форс эртакларини оласизми,”Минг бир кеча”ни назарда тутасизми,  ўзимизнинг “Гўрўғли”, “Алпомиш”ни айтасизми, бари-бари дастлаб жўнгина бўлиб туюладиган ривоятлардир.
         Ҳамма нарса вақтдан қўрқади,  дейишади. Назаримда вақт ҳам афсона ва ривоятлардан чўчиса керак, чунки улар Азроилга қасдма-қасд яшайверади, яшайверади.
Хуллас, эзмалик чикора ...
Бир бор экан, бир йўқ экан, жуда ... (дарвоқе, қайси замонда бўлганининг аҳамияти йўқ ҳам) қадимий Самарқанд томонда болакайларга ўқиш, ёзишни ўргатадиган хокисоргина Муаллим рўзгурзонлик қиларкан. Ҳайтовур, муаллимлик – ота касби бўлганиданми ёки бошқа сабабми – мактабни, болакайларни жуда яхши кўраркан. “Афсуски, биз алдам-қалдам замонда вояга етдик, деркан у ёшларга бот-бот; тугал ва комил бўлолмадик. Энди ҳамма умид сизлардан!”. Фақат сўздамас, амалда ҳам интилувчан, равшанфикр экан; мактабда кўпинча биринчиликни оларкан; маъмурият буни эътироф этиб, байрамларда мукофотлар бераркан унга.

Муаллимларнинг маошига кун кечириш мушкул бўлиб қолганда, унинг аксар шериклари бошқа соҳалардан насиба излаб кетиб қолишибди. Лекин у шунда ҳам қаноат қилиб, болаларга меҳр билан сабоқ беришни канда қилмабди. Кун бўйи ўқитиш билан кифояланмай, уқувсизроқ болаларни олиб қолиб, тағин такрор этаркан. Ота-оналар билан юзма-юз бўлганда, уйда бола билан ишлашни илтимос қиларкан, жамоа жойларида эса дунё янгиликлари, маънавий курашлар, эзгу урфлар тўғрисида гапираркан. Шу билан бирга, уйга келиб, бола-чақаси билан томорқа тирнаркан.
Замонлар ўтибди – подшолар, тузумлар ўзгарибди, аммо бечора Муаллимнинг косаси оқармай қолаверибди. Унинг бояқиш хотини гоҳида энтикиб, иморат қуриш, халққа тўй бериш, хуллас, қўни-қўшнилардек фаровон яшаш сингари эмин, устивор орзулар хусусида сўз очиб қоларкан. Лекин начора осмон – узоқ, ер – қаттиқ. Қандай қилиш керакки, осмон – яқин, ер – юмшоқ бўлсин?! Хўш, шундай бўлганда ҳам бундан Муаллимга не фойда?
Отаси қишлоқнинг биринчи ўқитувчиси бўлган экан унинг. Аммо жадидлар билан борди-келди қилгани сабаб “халқ душмани” бўлиб кетган эмиш. Унга эҳтиром кўрсатиб юрган талай одамлар ҳам ўшанда бечорани айблашга ўтиб олишибди: ўзгача рафтор қилганини айтиб, кулишибди ҳам. “Одамнинг чап елкасида жаҳолат, ўнг елкасида маърифат юки бор, деркан, отаси бот-бот. Жаҳолат жами иллатларнинг бошидир. Ва, магарам у ошиб кетса, бахтиқароликлар бошланади. Шунинг учун маърифат юкини ошириб туришимиз шарт!”
Муаллимнинг қўшнилари ...
... улардан бири полвон экан. Тиши билан фалон ботмон тошни кўтариб, ирғитиб юбораркан. Тўй-ю тантаналарда кураш тушиб, буёғи Кавказ, буёғи Руссиядан келган полвонларни мағлуб этаркан. Чайир мускуллари туфайли данғиллама иморатлар қуриб, етти иқлимга тўйлар, зиёфатлар берган экан. Хуллас, ўқимаган бўлса ҳамки, фаровон яшаркан.
Тағин бир қўшниси ...
... унинг номи Шамшариддин бўлса ҳамки, Қашамшам дейишаркан. Бу занғар ҳам жуда бой экан, кайфи ошганда: “Полвондан кучим ҳам, пулим ҳам кўп”, деб кариллашни хўш кўраркан. Бир бор мастликда полвонга қўл ҳам кўтарганмиш. Лекин полвон (табиатан бефаҳмроқ бўлса-да) оғирлик қилибди.
Қашамшам ақлу заковати ёки полвонга ўхшаб ёввойи кучи туфайли эмас, хотини туфайли кўкрак кериб юраркан. Чунки, муқим эр кўрмаган бу тантиқ жувон катта амалдорнинг қизи экан: пул дегани баргхазондай беписанд экан у ярамасда. Тегирмонда туғилган сичқон сахий бўлади, деганларидек, улар бот-бот данғиллама тўйлар қилишаркан.
 Хуллас, кўз ёши ва пешана тери таъмини татиб кўрмаган ношуд бандалар!
Полвон билан Қашамшам муаллимга анчайин нописандлик билан қарашаркан: гоҳида ноўрин кесатишлар, хунук ҳазиллар қилишаркан. “Оч баччағардан, қоч, баччағар”, деган нақлни такрорлаб туришдан ҳижолат тортишмас экан, бу бедаво башаралар. Муаллим бундан жаҳлга минмай, кечириб қўяқоларкан.
Ўттиз икки тишнинг ўттиз икки иши бор, дейишади. Муаллимнинг маоши камлик  қилгани сабаб, томорқа тирнаб ҳам, рўзғор кам-кўстларни тўлдириб тураркан.   Ўша куни томорқасида роса меҳнат қилиб, увотдаги кекса тут соясига дам олишга чиқибди. Қараса, йириккина қанотли бир чумоли мажруҳ бўлиб, бир жойда айланиб ётган экан. Жониворни авайлабгина қўлга олибди; чангини пуфлаб юборгач, синчиклаб назар солса, бир оёғи синиб, шалвираб ётган эмиш шўрликнинг. “Сени қайси золим босиб кетди”, кўнгил сўраган бўлибди Муаллим ва жомакоридан бир қат ип суғуриб, игнадайгина хасни иккига бўлибди-ю, ҳафсала билан уни чумолининг мажруҳ оёғига ўлчаб, суянчиқ қилиб боғлабди. Жониворни денг, дарахт танасига қўйган экан, ғизиллаб ўрмалаб кетибди. Қилган ишидан ўзи ҳам зоҳиран мамнун бўлиб турганда, чумоли тилга кирибди.
− Эй шафиқ инсон, сен бағоят сершафқат, сермурувват экансан: менга яхшилик қилдинг. Тила – тилагингни!
Муаллим бир муддат каловланиб қолибди.
 Сен, сен ...
− Мен чумолилар подшосиман: истагингни бажо келтираман!
− Эй, қумурсқалар сарвари, - дебди Муаллим ниҳоят, - мен нима ҳам сўрардим?! Бола-чақаларинг, фақиру фуқароларинг бошида омон бўлсанг бас!
Чумолилар подшоси унга қуллуқ қилиб, барглар орасига ғойиб бўлибди. Деҳқон тарқоқ хаёллари билан овора бўлиб қолибди.
Орадан бир неча дақиқа ўтгач, фикри бошқа томонга чалғий бошлабди: “Худо, ол қулим, деганда бирор нимарса сўрасам бўлармиди? Шу ордона қолгур томорқага жўяк олишга кўмаклашиб юбор, десам, асакам кетармиди?!”
Хаёллар ғалаёнида қўли ишга бормай қолибди шўрликнинг. Уйига келиб, воқеани хотинига гапириб берган экан, у аввал ажабланибди, сўнг зардаси қайнабди.
− Бошингизга Хумо қуши қўнганда, анқаймай, айтиб юбормайсизми – оғизга сиққанини?
− Нима сўрашни билмай, довдираб қолдимда,- дебди у гуноҳкорона. Томорқа юмушини айтсам бўлармиди? Бир-икки ношуд ўқувчиларим бор эди шуларни қўлла, десам ҳам ...
Аёл баттар жаҳлга минибди.
− Кир ювадиган машина ҳаммада бор ... Иморатимиз томига тунуками, шиферми қоқилмаган.
− Балиқчи чолнинг кампирига ўхшама,- зарда қилибди муаллим.
− Сиз бўлсангиз, Хўжаи Хизирни таниб қолган кулолнинг ўзисиз.
Гап шундаки, ҳар бандаи мўмин умри давомида атиги бир бор Хўжаи Хизирга дуч келармиш. Шунда каловланмай, нима талаб қилса, ўша муҳайё бўларкан. Бир кулол, иттифоқо, у кишини таниб қолибди. “Тила-тилагингни” деса, “Уйда мунди йўқ эди”, дермиш.
Лекин таассуфки, шунча бурролик билан хотини ҳам нима зарурлигини айтиб беролмабди. Муаллим ўйга чўмибди: “Олтин сўрасам, нима бўлади? Йўқ, йўқ, хаёлан жавоб қайтарибди ўзига ўзи. Қашамшам билан полвон ҳидини сезиб қолса, хиқилдоғимга тутиб беришлари турган гап”. У ҳарчанд бош қотирса ҳам хаёлларининг поёнига етолмасмиш. Кейин барини ёддан чиқариш илинжида фикрини зўр бериб, бошқа томонга чалғитаверибди. Аммо ҳирсми, ҳавасми ички бир дард бўлиб, юрагини таталайверибди,  таталайверибди.
Муаллим фақат болакайларни эмас, жониворларни ҳам дўст тутадиган, раҳмдил одам экан. Шунинг учунми ёки бошқа сабабми, хайтовур, уларнинг тилини билишга аҳд қилибди. Эрталаб кекса тутга юзма-юз бўлиб, чумолилар шоҳини чақирибди.
− Эй, қудратли подшоҳ, - дебди, - овора қилганим учун кечир! Мен жониворлар тилини билиш истагидаман: бемалол бўлса, мурувватингни дариғ тутма.
− Эй шафиқ инсон, - дебди чумоли маслаҳатомуз, - ўйлаб кўр: улар бағоят сержағ – тинчингни ўғирлаб қўйишади. Баринимас, дастлаб бирорта жониворни танласанг кифоя.
− Ундай бўлса, чумолилар тилини ато эт!
− Айтганинг келсин ...
У каломини тугатар-тугатмас, атрофда шовқин-сурон бошланиб кетибди. Муаллим ногаҳоний ғала-ғовурдан ҳушёр тортиб, атрофга алангласа, бу – чумолилар шовқини экан. Худди бозордаги оломондай ғувиллашаркан улар. Муаллим диққатини тўплаб: “Кўтар”, “Тез бўл”, “Лаллайма” деган ибораларнигина илғаб олибди, холос. У чумолилар инидан хавотирона нарироқ тисарилибди. Шовқин тингач, ўзини босиб олиб, тағин чумолиларнинг таниш сўқмоғига яқинлашибди. Аммо бу гавжум йўлакдаги заҳматкашлар озиқ ташиш билан шу қадар банд эканларки, бир-бирларига сўз ҳам қотишмаскан. Бир маҳал уч чумоли ўзларидан ўн чоғли йирик чигирткани бир азобда судраб келиб, унинг рўпарасида тин олибди. Нафасни анча ростлагач, жуссалироғи кичигига иш буюриб қолибди.
− Югуриб бориб, учта чаққонни эргаштириб кел!
Ҳалиги ғизиллаб жўнаши билан қолган иккови йўлни бўшатиш учун азимжусса ўлжани чеккароққа судраб чиқишибди.
− Бу одам нега бошимизга келиб, қоққан қозиқдай қаққайиб қолди,- сўрабди бояги йирик чумоли шеригидан, муаллим томон ишора қилиб.
У алланечук бўлиб кетибди-ю, аммо сир бой бермай тураверибди. Ҳарқалай гап ўзанини бошқа томонга буришибди улар.
− Нега бу шўрлик чигиртка ҳаётдан кўз юмди экан-а?
− Ўз ажали билан ўлмаган кўринади, - дебди униси, - заҳарланган чоғи.
− Кимёвий қуролни одамлар кўсак қурти, ўргимчаккана, ширинчага қарши қўллаганини биламан, лекин чигиртка ...
− Ажал уруғи танлаб таъсир этмайди-ку, қоқвош, - дебди иккинчиси,- тирик вужудки бор – жонини суғуради. Чигиртка нари турсин, одамлар бир-бирини ҳам кимёвий қурол билан қираябди-ку!
Униси надомат билан сарак-сарак бош тебратибди.
− Бирорта чумоли бундай қабоҳатга қўл урмасди.
Улар бир лаҳза тин олишибди. Шўрлик муаллим ҳижолат чекиб турганда, чумоли давом этибди: - Бунинг гўштини еб, болакайларимиз заҳарланиб қолишмасмикан?
− Начора, ҳозир заҳар инмаган неъмат йўқ; шунинг учун чумоли оиласида гўдаклар ўлими кўпайиб кетди, зурриёт нимжонлашди.
Шу орада ҳаллослаганча бир неча чумоли етиб келибди ва улар ўлжани шахдам судраб кетишибди.
Муаллим девонавор бир ҳолатга тушибди, албатта. Чунки назарногир бу митти жониворларнинг фавқулодда зукколигини тасаввур қилиб ҳам кўрмаган эканда. Хаёллари алғов-далғов бўлиб, уларнинг гуфти-гўйига қулоқ тутишдан юраги зириллаб қолибди. Негаки, чумолилар жуда қалтис гапни айтиб юборадигандай ва бундан у маломатга қоладигандай бўлибди. Ишга қўли бормай, уйга паришонҳол қайтибди. Хотини, болаларига бирорта чумолига озор бермасликни тайинлаётганда, деворда ўрмалаб юрган қумурсқа шеригига сўз қотибди.
− Эшитаяпсанми, муаллимнинг гапини? Чумолига озор бериш – гуноҳи азим, деяпти.
- Ҳалол одамда, муаллим; шафқат томирчалари ҳавор тепади. Чунки сўқир эмас. Қани-ку, ҳамманинг  ҳам нигоҳи шунақа нурафшонроқ бўлса ...
− Ҳа, бунақалар жуда оз; аксар одамлар авлодимизнинг ашаддий душманига айланиб қолишди. Виждони қилт этмай, эзғилаб кетаверади-я, нобакорлар!
− Заҳар пуркагани, инимизни сувга бостирганини гапирмай қўяқолай.
− Худо одамнинг қорнини катта, бошини кичик қилиб яратган. Биз эса аксинча: бошимиз катта, белимиз ингичка. Негаки, Инсон – баднафс, нуқул қорнини ўйлайди. Биз бўлсак, каллани кўпроқ ишлатишимиз, белни зич боғлаб, меҳнат қилишимиз зарур.
− Одамлар хотираларининг пастлиги, пулларининг камлигидан нолишади-ю, лекин бирор бор омиликлари, ақлларининг пастлигини тилга олишмайди. Бир-бирларини нуқсонлари учун эмас, фазилатлари туфайли балоларга гирифтор қилишади.
­− Бир эртак эшитгандим: шунда айтилишича, одамни маймундан яратишган экан. Маймун дегани бефаҳм, жоҳил маҳлуқ. Агар Одамни яратишда, жумладан Хумо қушининг, Асаларининг, Мусичанинг қонидан ҳам қиттак-қиттак қўшилганда мурод ҳосил бўларди. Инсонда Хумо қушининг ашрафлиги, Асаларининг меҳнаткашлиги ва интизоми, Мусичанинг хокисорлиги намоён бўларди.
− Яхши эртак экан,-  бошидан эшитсак бўладими, - илтимос оҳангида сўрабди шериги.
У ҳам ўзини тарозига солмай, эртак бошлаб юборибди.
                           *  *  *
− Муаззам кунлардан бирида Парвардигори оламнинг амри ҳоҳиши билан, албатта, ер юзидаги тирик мавжудотларнинг катта анжумани бўлибди.
“Сизларни йиғишдан муддао, сўз бошлабди анжуманга раислик қилувчи Жабраил алайҳиссалом, айрим муаммоларни ҳал қилиб олишдан иборатдир. Мана, ерда ҳаёт пайдо бўлганидан бери неча асрлар-у замонлар ўтди. Кимнинг пешонасига нима деб битган бўлсак, ўша бўлаяпти; кимнинг насибасини қаерга сочган бўлсак, ўша ердан топиб еяпти. Ҳозиргача Арши Аълога бирорта ҳам шикоят тушмагани жаҳолат ва адолатсизлик, очкўзлик ва ҳасад, разолат ва мунофиқликка йўл қўймаганимиздан; нурафшон ҳаётдан далолатдир. Ҳеч ким бошпана ёки егуликдан танқислик кўргани йўқ. Тўғрими?”. “Тўғри, тўғри” дейишибди пастдагилар. “Тўғри бўлса, гап шундаки, давом этибди раис, энди ораларингдан кимгадир, албатта Оллоҳнинг розилиги билан андак онг ато этмоқчимиз. Бу ишнинг жилла қалтислигини биламиз, лекин турғунликда яшаш ҳам яхши эмас. Тасарруфимиздаги ана шу зиғирча онгни кимга беришни маслаҳатлашиб олсак, ёмон бўлмасди. Ҳозир ошкоралик пайти – сизларнинг мулоҳазаларингизни ҳисобга олган ҳолда иш тутамиз. Хўш, кимда қанақа таклифлар бор? Ҳатто ўз номзодини кўрсатадиганлар бўлса ҳам, марҳамат!” Аммо ҳеч кимдан садо чиқмабди. Шундан сўнг Жаброил алайҳиссалом давом этибди: “Биз торроқ даврада маслаҳатлашиб олдик; сизлар ҳам қўшиларсизлар: шу Чумолини ақлли қилиб қўйсак, нима дейсизлар? Чунки бу азамат жуда меҳнаткаш, ҳеч ким билан иши йўқ”, - дебди. Шунда бизнинг вакилимиз сўз олиб, ётиғи билан рад этишга киришибди. “Ишончларинг учун раҳмат! Аммо, лекин менга онг ато этсаларинг, турмуш тарзим ишдан чиқиб кетиши турган гап. Илтимос, тирикчиликдан қолиб кетмайин. Кейин: жуссам ҳам русчасига айтганда, унчалик салидний эмас, мен, масалан, ўрнимга Асаларини таклиф этардим: интизомли, озода, тадбиркор”. “Бўлмайди, - қўполлик билан унинг гапини кесибди Айиқ полвон, унга ақл ато этилса, мен болдан бенасиб бўлиб қоламан. Шунинг учун ўз номзодимни тавсия қилмоқчиман – савлатим ҳам бор, давлатим ҳам. Тағин нима керак?!” “Бўлмайди, бўлмайди – у ўлгудай қўпол”, - дебди Тулки. Мен, масалан, онг Арслон акамизга берилиши тарафдориман. У кишининг обрўлари баланд. “Розимасман”, - дебди Арслон ўтирган жойида ва ўрнига Бургутни тавсия этибди. Паррандалар шоҳи эса Илоннинг номзодини кўрсатибди. “Менимча, дебди жимгина минбарга кўтарилиб олган Илон, биз қиттай саросималанаётганга ўхшаймиз. Бу – бағоят жиддий масала. Шунинг учун ҳам уни жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилиб олиш керак. Тасаввуримча, онг ато этилган жонивор батамом ғайритабиий бўлади; мадомики шундай экан, у бизга нисбатан нописанд бўлмаслигига ким кафолат бера олади? Ҳеч ким! Энг ёмони, бора-бора уни бошқариш ҳам мушкуллашиб қолиши мумкин. Хуллас...”  “Таклифингизни айтинг,” унинг сўзини бўлишибди ҳайъатдагилар. “Мен барини айтдим”, - дебди енгил зарда билан. “Энди таклифни мен айтаман, дебди Жаброил жилла жаҳлга миниб, ўша ақлни Илонга бериб кўрамиз. “Тўғри, тўғри”, - маъқуллашибди ҳайъатдагилар. “Мен рози бўлардим-у, дебди Илон, аммо биласизлар: тилим – заҳар! Жаҳл келганда, ҳар қандай ақл қочади. Сизлар ато этган тафаккур заррасидан тўғри фойдалана олмасам, келажак авлод мозоримга ўт қўйиб, мени бадном қилиши мумкин”. Шунда Маймун минбар миниб, масаланинг анча ўнғай тарзини ўртага ташлабди. “Мадомики, бирор жонзодга ақл-заковат ато этиш зарурат экан, бунинг учун янги тур яратиб, ўшани тажрибадан ўтказиш керак. У асосан гиёҳлар, уларнинг мевалари билан озиқланадиган, ожизроқ бўлгани тузук – ўтхўр бўлса, жониворлар оламига озор етказолмайди. Жуда ҳаддидан ошса, қатағон қилиб юбориш мумкин!” Ногаҳоний бу таклиф кўпчиликка ўтиришибди. “Хўш, дебди раислик қилувчи, ўша турнинг қайси оилага мансублигини ҳам белгилаб олишимиз керак-ку!” “Маймунлар оиласидан”, бақирибди биров. “Йўқ, йўқ, бизда бирорта вакант жой қолмаган”, -  дарҳол эътироз билдирибди Маймун. “Кўнгилни кенг қилинг: штатни биз топиб берамиз” – дебди раис. Шошилинч овозга қўйишган экан: кўпчилик маъқуллабди. Мамонт, Шохдор она буғу, Денгиз сигири, Архар, Илон қарши овоз беришибди; От, Ит, Сигир, Қўй бетараф қолишибди. Қисса кўтоҳ Яратувчининг “Инвентарлар” деган дафтарида “Homo saрiens” деган ёзув қайд этилибди. Кейинчалик уни неандертал ёки ғор одами, деб қўя қолишибди. Чунки шўрлик, асосан ғорларда яшаб, ўсимлик мевалари, илдизлари билан рўзгурзонлик қиларкан-да.
Алҳол, кунлардан бирида мавжудот оламининг эволюцияси давомида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган дилозорлик содир бўлибди: ғор одамлар галалашиб, Мамонтга ташланишибди – шўрликни тошбўрон қилишибди. Албатта, Мамонт ҳам зудлик билан Арши Аълога шахсан ...нинг номига хат ёзиб, “заказной”қилиб юборибди. Бу ташвишли нома Такягоҳнинг қўлига шахсан текканми, йўқми – бунга ҳеч ким кафолат беролмайди. Лекин бирор ойдан сўнг текшириб, чора кўриш учун мактуб ҳайвонлар сардорига юборилганлиги – ҳақиқат. Шикоятнинг бир бурчагига негадир русчалаб: “Арсланову! Проверить, принимать меры”, деб ёзилган экан. Арслон аввал айбдорни чақирибди. У билан нималар хусусида, қай оҳангда гаплашгани, ҳозирча кўпчиликка қоронғу. Аммо Одамдан кейин Арслоннинг кабинетига кирган Мамонт сардорни юмшоқ диванда оёғини чалкаштирганича, коняк ичиб ўтирган ҳолда кўрибди. Бадазон, дуч келганга: ана шу конякни Арслонга Одам олиб келган, деб овоза тарқатибди. Бу лақмаликдан Арслоннинг тепа сочи тикка бўлганини айтиб ўтишнинг ҳожати бўлмаса керак. Орадан маълум муддат ўтгач, юқорига шундай жавоб йўлланибди: “Шикоят текширилди. Фактлар қисман тасдиқланди. Айб икки томондан ҳам ўтганлигини таъкидлаб ўтиш керак. Акс ҳолда, жабрдийда фуқаро М.М. Мамонтов бир йўла юқори инстанцияга эмас, ўзимизнинг маҳаллий қўмитага мурожаат этган бўлур эди. Шуларнинг барига қарамай, сут эмизувчилар йиғилишида Одамга нисбатан хайфсан эълон қилинди”.
Шу орада ёз бошланиб, еттинчи осмондаги фаришталар ва малойиклар денгиз соҳилига  дам олишга кетишибди. Вазиятдан фойдаланган Одам зудлик билан ўн саккиз минг олам сарварига сажда қилиб, тавба-тазаррусини бошлаб юборибди. “Эй мурувватли Парвардигор! – дебди бағоят ҳокисорлик ва илтижо билан кўз ёшларини артиб, ҳазорон ва ҳазорон шукур: ризқим – бут, таним – соғ! Заррача нолишим йўқ! Аммо арзимайдиган муаммолар бор. Ғорларда яшаш жонга тегди: уйлар, шаҳарлар қуришга ижозат берилармикин? Кейин: ўзимизни ҳимоя қилиш учун қурол зарур ... Бизга ҳеч қанақа маблағ, фонд керак эмас – хўжалик ҳисобига ўтганмиз: барини ўзимиз топамиз!”
Худо эса раҳмдил, сермурувватдир!
Шу билан бирга Одам гуноҳлардан чўчимай, анча хурмача қилиқлар ҳам чиқарибди: жумладан, биргина Мамонтни эмас, Шохдор она буғу, Денгиз сигири, Архар, Илонни ҳам ўзининг ашаддий душмани, дея баёнот эълон қилиб юборибди. Ратсионида кўзда тутилмаган бўлишига қарамай, жониворларнинг гўшти билан озиқланишга ўтиб олибди. Нафақат сут эмизувчилар: паррандалар, сувда яшовчилар орасида ҳам норозиликлар бошланибди.
Азроил дам олишдан қайтиб, иш бошлаган куни унинг номига келиб, тўпланиб қолган телеграмма, хатларни фаришта қиз олиб кирибди. Биринчи кун эмасми, эринибгина бир телеграммани олибди: хаккадан экан. Қани, бу ўпка нималарни валдирабди, деб ўқишга киришибди. “Арши Аълога ... шахсан ўзларига .. ерда аҳвол .. шошилинч чора кўриш керак. .. Одам хунрезлик ва хунхўрлик қилмоқда!” Бошқа мактубни олса, тағин шунақа хасрат: “Шошилинч комиссия юборинг! Сўнгги ва ягона умидимиз ўзингиздан! Тустовуқ, Каклик, Қора бовур”. Азроил сергакланиб, конвертларни қайчилашга киришди. Улардан бири маймундан экан.
“Ўн саккиз минг олам такягоҳига ёзиб, маълум ва равшан қиламанки, бизнинг Одам билан муносабатларимиздаги зиддиятлар жиддиятга айланиб кетди. Мен у нобакорга: “Иккаламиз бир оиладанмиз, тенгдошмиз; баски шундай экан, сенга отилган таъналар менга ҳам тегади. Ҳамма жойда инсон деганни катта ҳарф билан ёзиб, Худони, жами жонзотларни кичик ҳарф билан ёзишинг калондимоғликдир. Ваҳоланки, ҳозирча аксинча бўлиши керак, дегандим, тутиб, темир қафасга солди, бадкиркор! Бу ҳам етмаганидек, энди панжара атрофида тўпланиб устимдан кулишмоқда”.
Айниқса, балиқнинг оҳи зори Азроилнинг дийдасини чун абри найсон шашқатор қилиб юборибди. “Бу банда тухумимни нонга суйкаб ейдиган хунук одат чиқарди; ўзимни ҳам роса дудлаб, пивога газак қилмоқда. Денгиз сигирининг батамом қирилиб кетиши сувда яшовчиларнинг нохуш қисматидан далолатдир”.
Азроилнинг тоқати тоқ бўлиб, бош фаришта Жаброил алайҳиссалом ҳузурига кирибди; Исрофил, Маккоил ва Нўҳ ҳазратларини ҳам таклиф этишибди. Улар маслаҳатлашиб олгач, зудлик билан ҳайвонлар сардори Арслонни чорлабдилар.
“Бу гаплар ҳақ,-  дебди Арслон, Одам деганингиз сизлар ўйлагандек,  бандаи мўминмас, шайтони лайин чиқиб қолди. Унинг дастидан қон қақшамаган тур йўқ! Беназир табиатимизни оёқ ости қилиб юбораяпти у. Бу қонли жангда бизнинг Мамонтлар батамом қирилиб бўлишди.” “Нега қирилади? Нима учун сизни ҳайвонлар сардори қилиб қўйибмиз?!” “У тулпорингиз менга ҳам буйсунмай қўйди. Милтиқ ясашга рухсат берилган экан, каминани ҳам ўққа тутяпти!” “Лакалов раҳбар экансиз, жаҳлга минибди Жаброил, сизга хуқуқ берилган!” “Бўпти, - дебди Азроил, ерга бориб, бадбахт одамларнинг жонини олиб келганим бўлсин! Ўзимиз хато қилган эканмиз – ўзимиз тузатамиз!” Ўша куниёқ унинг командировка қоғозига имзо чекилиб, муҳр босилибди. Одамлар қилмишларига яраша жазо ола бошлабдилар. Аммо орадан бирор ҳафта ўтгач, Азроил Арши Аълога сим қоқибди: “Одам деганимиз шунақа кўпайиб кетибдики, - дебди у, бориб, болтани чархлаб келмасам бўлмаяпти. Кейин еттинчи осмондагилар ўзгача йўл тутишибди: аниқроғи ўн саккиз минг оламдан фақат биттасида − ерда нотинчлик бошланганига айнан одам сабаб, деган  тўхтамга келиб, уларни йўқотиб юборишга қарор қилишибди. Шу  мақсадда ерга вабо тарқатишибди,  зилзилалар қилишибди, энг ёмони, улар тирикчилик қиладиган заминни сувга ғарқ қилабошлашибди. Шўрлик Одам қирғинбарот бўлаверибди.
Эндиги гапни ҳайвонлар подшоси – Арслон, паррандалар шоҳи − Бургут, сувда яшовчиларнинг қаттол императори – Акуладан эшитинг. Улар қарашса, фожиа нохуш тус олаяпти. Ўзаро маслаҳатлашиб, Худога илтижо қилибдилар: “Эй раҳмдил Оллоҳ! Шафқат қил. Одам деганнинг ёстиғи қуриб кетаяпти. У ҳам ўзимизнинг укамиз. Шунча яхшилар орасида ... Барининг кўзи мошдай очилганга ўхшайди: ерда ибодатхона, мачит, черковлар очиб,  тавба-тазарру қилишаяпти”.
Ўзингизга аёнки, Парвардигор кечирувчи ва мағфират этгувчидир ...Нўҳ пайғамбарга осмондан ваҳи келибди, унда одамнинг зоти зурёдини сақлаб қолиш вазифаси юклатилган экан.
Жиришни бузиб қўйган, лаббайгуй Одам ўзининг тушунтириш хатида гуноҳларини бўйнига олиб, минбаъд бундай қабоҳатга қўл урмаслигини ёзиб берибди. “Шу билан бирга, қайд этибди у, Ит, От, Тўти, Сигир, Қўй сингари мададга муҳтож жониворларни кулбамга олиб келиб, топганимни улар билан баҳам кўраман!”
Лекин орадан кўп ўтмай, аҳвол аввалгидан ҳам баттарлашибди. “Менга ғамхўрлик қиламан, деб уйига олиб кетган эди,- деб дийдаларини шашқатор қилибди Ит, аммо занжирбанд қилиб, ювиндиси билан боқмоқда.” Отнинг хасратидан дуд чиқармиш: “Устимга миниб олиб, роса қамчилайди, кейин ваҳшийларча сўйиб ейди. Мана сизга ака-укачилик!”
Тағин катта мажлис чақирилибди. Ҳамма ҳозир бўлса ҳамки, бош айбдор – Одам келмабди. Кейин билишса, алдам-қалдам қилиб, бюллетенга чиқиб олган экан. Бу йиғилишда асосан Илон гапирибди:
  “Айримлар ўйлагандек, ҳамма иллат онгда эмас, одам деган тулфор  онг билан бирга ақл ва маърифатдан бенасиб қолдирилгани оқибатида ундан бир томонлама, нотўғри фойдаланишидадир. Одам деганнинг  кўнглида ҳеч қайси жониворда учрамайдиган ҳасад бор. Гарчанд Одам мени ўзининг ашаддий душмани, деб эълон қилган бўлса ҳамки, унга нисбатан тариқча хусуматим йўқ. Индамаса, ғинг деган − номард! Лекин қўл кўтарса, заҳар солишим аниқ. Фақат бир ҳолатга ачинаман: Одам фақат жониворларни эмас, ўз-ўзини ҳам ўлдиришга ўтди. Бунақа бедодлик, мунофиқлик эволюция тарихида ҳам бўлмаган. Жаҳолат! Ёпирай, - деб ёқа ушлайман гоҳида: улар Тангри таолога сажда қилиб, гуноҳларини афу этишини сўрашади-ю, турасолиб, қон тўкишади. Аслида аҳвол сизлар тасаввур қилгандан ҳам ташвишлироқ. Одамларда энг муҳим нарса: маърифат, эзгулик, зиё етишмаётир. Шунинг учун улар ақли қосирларини қирғин қуроллар яратишга сафарбар этишмоқда. Ёвуздан рўшнолик умид қилиш, бориб турган лакаловлик, овсарликдир. Аҳвол шу тариқа давом этса, улар Арши Аълога ҳам кўз олайтириши ҳеч гап эмас. Мени ваҳима қилаяпти, деб ўйламанглар: уларнинг кирдикорларидан хабардорман. Яқинда бир намойиш ўтказишди.  Талаблари, кўтариб олган шиорлари ақлга сиққулик эмас: “Биз юқоридан туриб, раҳбарлик қилишга чек қўямиз; ўз-ўзини бошқаришга ўтамиз!”, “Бизга Ер шари кифоя эмас, коинотдаги ҳаққимиз ажратиб берилсин!”, “Биз буюк зотмиз, олам гултожимиз!” ва ҳакозо. Булар бари Халлоқи оламга шак келтириш эмасми?! Бизнинг энг катта хатомиз − ўз хатоларимизни такрорлаб туришимизда. Одам  бир бор лойдан ҳам бунёд этилганди; иккинчи бор, жаннатдан ҳайдалган гуноҳкорлар уларни кўпайтиришди. Ер юзини музлатиб ёки сувга бостириб, уларни нес қилишдан  ўзга чора топилмаганди ўшанда.   Хўш, бу хато нечун такрорланди? Тағин: у энг ибратомуз жониворлар ирсиятидан эмас, бадбахт Маймун генидан вужудга келтирилди. Энди нима қилиш керак? Билмадим, билмадим, билмадим ... Лекин такрорлайман: аҳвол шу тариқа давом этса, бир-бири билан зиддияти кучайиб, ўзаро қирғинларни бошлаб юбориши турган гап”.
  “Биз уларни миллатларга бўлиб ташлаймиз – бир-бирини тушунмай, ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади”-  луқма ташлабди Жаброил. “Унда одамлар миллатчилик қилишади”,  ҳозиржавоблик қилибди Илон. “Ер юзига сочиб юборамиз!”  “Унда маҳаллийчилик қилишади!”
Шундан сўнг сўз олганлар Илонни (гарчанд у жониворлар орасида доно деб эътироф этилган бўлсада) андишасизликка, бетгачопарликка айблашибди. Ва фикр-мулоҳазаларини ҳам баён этишибди. Биров одамни жазолашни таклиф этса, бошқаси кечириш, тарбиялаш масаласини кўтарибди. Ниҳоят, Бош фаришта хулоса учун сўз сўрабди.
“Одам ҳақиқатан ҳам олам гултожи бўлиши учун яратилган. Бу фақат каминанинг фикри эмас, Оллоҳнинг ҳоҳиши ҳам. У маънавий комил ва ашраф бўлиши шарт! Биз Инсонга инсоният берамиз! Келинглар, уларни ҳозирча афу этайлик, ҳидоятга чорлайлик. Бундан кейин одамларга кўпроқ маърифат, зиё улашмоқ лозим; бу нури мунаввар уларни эзгуликка етаклаши тайин ...”
“Кечирасиз, тағин маҳмадоналик қилибди Илон, одамлар ўша маърифат, зиё тарқатувчилар: муаллим, жадид, демократларни ҳам тинч қўйишмайди, ўзгача фикрлайдиганлар, уларнинг табиатига зид. Бундайларни жиннихона, қамоқхонага ташлашади; бошларини кесишади, сургун қилишади!”
“Бунга йўл қўймаймиз: маърифатпарварларга душманлик қиладиганларни дўзахи, деб фатво берамиз!”
Шу билан мажлисни тугатишибди.
Фақат мажлисмас, чумолининг шавқовар эртаги ҳам поёнига етибди шу ерга келганда.
                                *  *  *
Бу ибратли афсона таассуротида Муаллимнинг хаёллари анчагина алғов-далғов бўлибди. Кейин чумоли, умуман тирик мавжудотга нописанд бўлган дақиқаларини эслаб, ҳижолат чекибди. Шундай доно қумурсқага озор етказиш бориб турган омилик эканлигига имон келтирибди. Отаси айтган ҳикматни эслаб, руҳида ширин бир ҳаловат сезибди: “Одамнинг чап елкасида жаҳолат, ўнг елкасида маърифат юки бор. Жаҳолат жами иллатларнинг бошидир. Ва, магарам, у ошиб кетса, бахтиқароликлар бошланади. Шунинг учун маърифат юкини ошириб туришимиз керак”.
“Хўш, муаллимларни қийнаётган дўзахилар кимлар”, ўзига-ўзи савол берибди ва кўз ўнгига негадир, аввало бундан эллик йил муқаддам қурилган, афтодаҳол мактаби келибди. Юқоридан келган жайдари комиссия “авария ҳолатида” деб акт тузганларига қарамай, жон ҳовучлаб кириб-чиқиб юрганини, садақа тенги маошини кўз ўнгига келтирибди.
Эртаси анча-мунча режалар тузиб, Қашамшамникига йўл олибди. Бир пиёла чойдан сўнг маърифатчи-жадидлар ҳақида сўз бошлабди. Аммо таассуфки, қўшниси бу каломни биринчи бор эшитиши экан. Муаллим таажжубини яшириб, улар анчайин камбағал бўлишса ҳамки, мактаблар, кутубхоналар қуришганини ҳикоя қилибди. Шу билан бирга, агар имкон бўлса, мактабга саховат қўлини чўзишини сўрабди. Ахир, Қашамшамнинг ҳам икки боласи ўқирканда шу мактабда.
− Муаллим,- дебди у жавобан енгил жаҳлга миниб, -ақлингиз жойидами? Нега энди топган пулимни мактабга берайин?! Ахир ...
Муаллим эртаси, негадир юраги зириллаб полвонга учрашибди. Аммо инсоннинг фазилатини фақат жисмоний қувватда деб биладиган бу бадавий муаллимни жеркиб берибди.
Бу гал Муаллим томорқада ишлаётган пайтда икки чумоли уни бағоят хавотирли гапдан воқиф қилибди.
− Қашамшамнинг хотини пулларини қутига солиб, жийданинг остига кўмди.
− Бу бевафолик оқибати. Эр бошқа билан дон олишади, хотин ...
− Чумоли ҳеч қачон бундай тубанлик қилмасди.
− Назаримда, аёл ўйнашининг йўриғи билан пулларни яширган. Улар бугун кечқурун Қашамшамга заҳар беришмоқчи. Аввалги эрининг ҳам ҳаётини катта пулга суғурта қилдириб, шу тариқа йўқотган ва маблаққа соҳиб бўлган экан. Эҳтимол бунисини ҳам...
Бу гапдан кейин Муаллимнинг ҳаловати батамом йўқолибди. Анчайин мулоҳазалардан сўнг қўшнисининг жимжимадор дарвозасини тағин қўрқа-писа тақиллатибди. Кўп ўтмай, ичкаридан пижамага ўралган Қашамшам чиқиб келибди-ю, муаллимни ичкарига ҳам таклиф этмай, “эшитаман”, дебди совуққина. Муаллим дудуқланиб қолибди, чунки ҳалиги гапни бу алпозда айтиш довдирликдан ўзга нарса эмасда! Ҳар қалай, Қашамшам уни истар-истамас уйга олиб кирибди. Бир пиёла чой ичиб, гапни нимадан бошлашни билмай турганда, икки коса мошхўрда олиб келишибди.
− Қўшнижон, - дебди муаллим қўрқа-писа,- сизга бир гапни айтгани келган эдим.
− Кейин гапирасиз,- унинг сўзини бўлибди қўшни,- ошни ичиб олайлик.
Муаллим пул ёки кечагидай ёрдам сўраб келган-у, гапини айтолмаяпти, деб ўйлабди-да у. Қарз берувчи − арслон, қарз олувчи − сичқон,- деганларидек, муаллимнинг пул ёки мадад сўраб келган пайтлари ҳам бўлган экан-да.
− Йўқ,- дебди Муаллим,- буни ичгандан кейин иккимиздан биримиз забондан қолишимиз мумкин.
− Нега? -  ҳушёр тортибди Қашамшам.
− Ақли кўтоҳимча, таомга заҳар солинган.
− Ким солади?
Қашамшам саросимага тушиб, атрофга аланглабди. Ўзининг ҳам кўнглидан нохуш гумонлар ўтиб юрган бўлса керак, дарҳол итини чақириб, овқатни унинг олдига тўкибди. Ит мошхўрдани ичибди-ю, кўп ўтмай ғингший бошлабди; кейин икковларининг кўз ўнгида зир югуриб, ҳовли бурчагида жон берибди. Муаллим ноўнғай бўлиб, ўзини ташқарига олибди.
Биринчи машмаша поёнига етмай, иккинчиси рўй берганини ҳам айтиб ўтиш керак. Полвоннинг олти яшар ўғлини ток урибди. Болакай жуда келбатли, одобли экан; Муаллим ўз фарзандидай яхши кўраркан уни. Шунинг учун қаттиқ куюнибди. Аҳли маҳалла жамики расм-русумлар, таомилларни  ўрнига қўйиб, болани тупроққа ...
... йўқ, йўқ, қабрга қўйиб, энди тупроқ тортамиз, деганда лаҳатдан ўрмалаб чиққан бир чумоли жиғибийрон бўлиб, гапирибди:
− Жуда калтабинда, бу довдирлар,- боланинг юраги ҳали уриб турибди-ку!
Қолган гап Муаллимнинг қулоғига умуман кирмабди. – ўзини тўхтатолмай, бақириб юборибди: “Тўхтанглар! Бола тирик экан!”
Зудлик билан кафанни йиртиб, нафас олдиришган экан, Полвоннинг ўғли кўзини  очибди; ҳамма ҳайратга тушибди. Болани кўмишга борган тобуткашлар уни эргаштириб келганини бир тасаввур қилиб кўринг-а!
Шундан кейин Муаллимнинг мавқеи ошиб, атрофдагилар унга ўзгача илтифот кўрсатадиган бўлибдилар.
Аммо бу оламда ҳамма нарса нисбий ва яна нисбий. Шу орада унга суддан чақирув қоғози келибди. У умр бўйи суд ёки терговчига юзма-юз бўлмаганидан мамнун бўлиб юраркан. Шунинг учун ҳам бу сарғиш қоғоз кўзига аллақандай  бадбахтлик ёрлиғи бўлиб туюлибди.
− Қашамшамнинг хотини устингиздан арз ёзган, -дебди жиноят кодексининг даққоқ нозири, - эрининг косасига заҳар солган − сиз экансиз. Қашамшам ҳам сизни, кўнгли кир, нотавон, деб ёзиб берди, оиламизни бузмоқчи бўлди, -деди.
Қайтишда бу мунофиқликни Полвонга гапириб берган экан, у саҳрои бефаҳм кўнгил кўтариш ўрнига, Муаллимни қоралашга киришибди.
− Уни билмайман-у, лекин менга ёмонлик қилдингиз: ўғлимнинг тириклигини билиб, қабрга киргунча тил тишлаб турдингиз!
“Тўхта, дебди Муаллим ўзича, сен даюсларни ...”
У тунда туриб жийда остидаги пулни топибди-ю, сайисхонасига яширибди. Эрталаб бир дастасини Қашамшамга тутқазган экан, у дарҳол: “Даъвомиздан кечдик” – деб ёзиб берибди. Мактаб қурилиши ҳам бошлаб юборилибди; ғишт, цемент келибди; пул бўлгач, уста топиш ҳам осонлашибди.
Лекин қўшниларнинг дилидаги разолат тобора йириклашиб, йиринглашиб бораётган экан. “Муаллимнинг кароматлари нега тўғри чиқаяпти?”, “У даста-даста пулни қаердан олаяпти?” Бунақа ғаразли, ҳасадли саволлар уларнинг дилини мушук бўлиб таталар, сичқон бўлиб кемираркан. Ниҳоят, қўшнилар муаллимни касал (руҳий) деб эълон қилишибди. Албатта, дабдурустдан шундай деб бўлмайди-ю, маккорлик билан иш кўришибди-да. Жумладан, Қашамшам билан хотини Муаллимнинг ўзи биланми, аллақандай чумолилар биланми гаплашиб юришини уч-тўрт даврада айтиб, сарак-сарак бош тебратиб қўйишибди. Полвон эса Муаллимнинг жониворлар билан гаплашганини гапириб,  уни рўйи-рост жиннига чиқарибди.
Турфа найранглар кор қилавермагач, ҳалигилар юқори ташкилотларга хат ёзиб, руҳий касалликка дучор бўлган бир меҳнашкашга ёрдам кўрсатиш масаласида айрим идоралар масъулиятсизлик қилаётганини билдиришибди.
Хатга тушдинг – ўтга тушдинг. Шикоят ёзилгач, текширилиши, чора кўрилиши шарт. Кунлардан бирида участка милиционери Муаллимни авраб, докторга олиб борибди. Врач узундан-узоқ маълумотларни эзмаланиб сўраб олгач, тилини кўрсатишни, шапалоғини капкирдай тебратиб, уни кузатишни сўрабди. Муаллим барини бекаму-кўст бажаргач, икковлашиб, пайдар-пай савол бера бошлабдилар.
− Хўш, қаерингиз оғрийди?
− Бир оз бел оғриғи бор.
  Эшитишимча, сиз чумолиларни яхши кўраркансиз?
− Энди, қумурсқа дегани ҳам одамдай гап,- тошиб кетибди Муаллим, -у ҳам сиз-у бизга ўхшаб дунёга келади, яшайди, зурриёт қолдиради. Лекин одамларимиз бефаҳмроқ, жониворларни ажалидан бурун эзғилаб кетишади. Чунки дунёбинлигимиз, қобиғимиз тор; тафаккуримиз қосир. Нури мунаввар етишмайди бизда ...
− Сиз чумоли билан гаплашасиз-а, сўзини кесибди доктор шеригига кинояли нигоҳ ташлаб олгач.
− Ҳа, гоҳи-гоҳида, - негадир ҳижолат чекибди у.
− Нималар ҳақида гаплашасизлар?
− Кўп гапларни айтишади – мен қулоқ солиб ўтираман.
− Қўнғизлар, итлар, дарахтлар билан ҳам гаплашиб кетаверсангиз керак-а?
− Йўғ-ей, - рад этибди Муаллим, - биттасининг тилини тушуниш бошимга шунча маломатлар келтиряпти-ю ...
− Айтинг-чи,- қизиқибди бу гал милиционер, - чумолилар қўшниларингиз ҳақида ҳам у-бу гапларни етказишадими? Масалан, Полвон ҳақида нималар дейишади?
− Худо мускулдан бериб, фаросатдан қисган, дейишади.
Бу таҳликали ва саросар гуфтигўй бир муддат давом этгач, доктор негадир унинг отасини суриштирибди. Муаллим, гарчанд андак жаҳлга минаётган бўлсада, барча саволларга босиқлик билан, муфассал жавоб қайтарибди. Суҳбатдошларининг нигоҳларидан эса ғайритабиий, совуқ носамимийлик манаман, деб турган экан. Улар ташқари чиқиб, маслаҳатлашиб келгач, доктор насиҳатомуз сўз бошлабди.
    Энди сизни бир жойга олиб борамиз – бел оғриғи бор, дегандай бўлувдингиз...
Палатада тўртта каравот қўйилган бўлиб, уларнинг бирида хомсемиз киши юз тубан бўлиб ётган экан. Муаллим учун эшик олдидагисини жиҳозлашибди. Докторлар чиқиб кетгач, дилига ногаҳоний, мавҳум ғусса чўкибди, бечоранинг. Кимлар биландир, нималар ҳақидадир ҳамдардлик қилгиси келибди, лекин атрофга аланглаб, бирорта суҳбатдош учратаолмабди. Сукут сақлаб ўтирганда, кўзлари дарвишона  боқадиган, қоқсуяккина киши кириб келибди ва салом ҳам йўқ, алик ҳам, тикка турган ҳолда, куркага ўхшаб қулқуллаганча,  шанғи,  нохуш овозда шеър ўқий бошлабди. Бу бемантиқ, бетутуруқ шеърни тинглаб туриб, Муаллимнинг дили ҳудудсиз ғуссага тўла бошлабди, қоп-қора балчиққа ўхшаш ана шу дилсиёҳлик вужудини ўз қаърига тортиб, ҳиқилдоғига келгандай бўлаверибди. Катта гирдобга тушиб қолган ёки кемаси ҳалокатга учраган кишидай атрофга умидвор аланглабди. Кейин эса нима бўлганини обдон ҳис этиб, одамларнинг басирлигидан титраб кетибди ва ўзини каравотга ташлаб йиғлай бошлабди.
− Эй тангрим,- зорланибди ўзича, - одамларга эшитар қулоқ, англар ақл бер!  Инсонларга инсоният ато эт!
Туни билан ғусса чекиб, кўзига уйқу келмабди. Тонг маҳали андак мизғиган экан, тушига парвозга шайланаётган оққушлар кирибди. Уларнинг ўзларидан кўра болалари шоҳистароқ экан. Беихтиёр паррандалар интилиб, қўлини узатган экан, бир оққушча тумшуғини чўзибди; кейин кафтини, билагини, елкасини беозор чўқишга киришибди.
Бундан ҳаловат топаётганда, уйғониб кетса, кимдир дарҳақиқат, елкасига секин туртаётган экан. Қараса: оқ халат кийган ёшгина ҳамшира.
− Ташқарида бир аёл сизни йўқлаяпти,- дебди у негадир гуноҳкордай.
Муаллим эшик олдида дилдираб турган хотинини кўриб, хўрлиги келиб кетибди.
− Менга қара,- дебди саросимали салом-аликдан кейин, - мен разолат чангалига тушиб қолдим. Сен уйга бор: сайисхонада, беда остида пул бор; бир дастасини олиб, каттароқ каламушларга тутқаз – мени озод қилишсин; чиқиб олсам, уёғи – беҳбудлик!
Эртаси уни озод қилишибди. Бояқиш уйига ҳам кирмай, тўғри тут томон равона бўлибди.
− Эй чумолилар подшоси, - дебди илтижо билан, - садо бер!
− Гапир, шафиқ инсон.
− Мени чумолилар тилини билишдан маҳрум эт,- дебди зорланиб, - бошимга беҳисоб маломатлар ёғилди.
− Айтганинг келсин, - дебди чумолилар шоҳи.
Муаллим дафъатан енгил тортиб, ажабтовур табассум қилибди.

                                            
                                              

Комментариев нет:

Отправить комментарий