Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида “Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг вилоятлараро мухбири бўлиб ишлаганимда, анча−мунча доно, тадбиркор раисларни билардим. Жомбойлик раис уруш (1941−1945) иштирокчиси бўлиб, фронт таассуротлари, концлагер азобларини сўзлаб беришни ёқдирарди.
Машъум “Ўзбеклар иши” билан кўп раислар, жумладан жомбойлик биродарим ҳам қамоққа олинди. Шундай кунлардан бирида колхозга бориб, идора олдида тўпланган анчайин одамларни кўрдим. Партком уларнинг айримларига жиҳозланган юк машинасига минишга рухсат берарди. Билсам, бу одамлар Каттақўрғон қамоқхонасига, раис бобони кўргани, аниқроғи, унинг овозини эшитгани ва йўл-йўриқ, маслаҳат олгани жўнашаётган экан.
Раис қамоқхонанинг пастки қавати − ертўласига ташланган бўлиб, у ердан чиққан вентиляция қувурига оғиз қўйган ҳолда, аҳвол сўрашар, маслаҳат олишар экан. Овоз ҳам зўрға
эшитиларкан.
Парткомнинг ҳикоя қилишича, раис кеча пахтанинг аҳволи билан қизиқибди. “ Сув йўқ, ғўза қовжираб кетябди, дебди инженер. “Менга қара, лакалов бўлма, дебди раис, чашмани сувини беркитиб, насос қўй! Халқнинг насибаси...”
Бу гал Жамила хола деган сут соғувчи сут соғувчи аҳвол сўрамоқчи бўлган экан, раис унинг гапини бўлиб: “Жамила, эна, тўйингни қилдингми?” деб сўрабди. Опа бўкириб йиғлаб юборибди.
Аммо қўрқа-писа гаплаширакан Ҳар замон қоровул келиб, сўкиб, ҳайдаб ҳам юбораркан.
Партком, шу билан бирга, айрим кишиларнинг тапшириғини ҳам қоғозга туширарди. “Сутни райондан кўра шаҳарда анча қиммат олаётган экан, раис боводан сўранг қани бу ёққа топшириш мумкинми”. “Мени терговчи қамайман, деябди, раис боводан сўранг, маслаҳат берсин”...
У киши қамоқдан чиққач, кўргани боргандим. Аммо бечора раис батамом бошқа одамга айланганди. Руҳи пажмурда, андак одамови, биров билан гаплашишга тоби йўқ.
“Эй домла деди, концлагерда фашистлар ҳам бунча азоб бермаганди мени.”
Кўп ўтмай жанозага ҳам иштирок этгандим.
Қўшиб ёзиш. Надоматлар бўлғайким, бу одатдан ҳамон холос бўлолмаяпмиз.
АДОЛАТСИЗЛИК
Бу шавқовар пойгани бундан ўттиз йиллар муқаддам ТВда кўргандим.
Краснодар ўлкасида мамлакат отларининг катта пойгаси бўлаётган эди ўшанда. Ҳашамдор ва салобатли ипподромни турфа дулдулларнинг безовта кишнаши, минглаб томошабинларнинг қийқириғи тутиб кетганди.
Ниҳоят, чавандозлар отларни олд чизиққа сафлашди ва кўп ўтмай старт топпончаси отилди. Ғалабага ташна чавандозлар юганларни бўшатиб юбордилар. Уфқларни кўзлаганча, оёқларига зўр бераётган жониворлар ортида енгилгина чанг кўтарилди.
Бир маҳал, кутилмаганда, чавандозлардан бири йиқилиб тушди. Унинг йўрғаси ҳам тўхтаб, орқага қайтди, соҳибини ҳидлаб кўрди, енгилгина кишнади. Аммо жонивор кутганидек, чавандоз ирғиб ўрнидан турмади ва эгарга сакраб минмади, аксинча оқсоқланиб чеккага чиқди. Дулдул ажабланиб бир олдинлаб кетаётган отларга, бир содиқ чавандозига кўз ташлади ва сўнг ҳеч иккиланмай, тўда ортидан ўқдек учиб кетди. Оломон унга ҳайрихоҳ бўлиб, бир овозда олқишлаб қолди.
Ажабки, кўп ўтмай, жонивор тўдага етиб олди. Шундан кейингина шарҳловчи бу отнинг лақаби “гир−кок” эканлигини эслатди. Демак, у ғиркўк, тахминладим ўзимча, балки ўзимизнинг отдир. Аммо илҳақ қолишимга қарамай, шарҳловчи унинг қайси республикага қарашли эканлигини айтмади.
Ғиркўк энг аввало, Болтиқбўйи республикалари тулпорларидан ўзиб кетди. Маълумки, бу ўлкаларда ва умуман Оврупода пойгадан кўра, отларни тўсиқлардан сакратиш мусобақасини хуш кўришади. Чўл ва саҳроларда вояга етган отларгина бундай пойгаларда ғолиб келади. Шунинг учун ҳам туркман ва араб отлари жаҳон пойгаларида ҳамиша ғолиб келади.
Донғи кетган отлар бирин−кетин ортда қолабошлагач ва ипподром ягона овозда “гир−кок”, “гир−кок” деб уни олқишлагач, шарҳловчи бу қорабайир зотли от эканлигини эълон қилди. Юрагим ҳиприқиб кетди. Мен унга Худодан зафту зафарлар тилай бошладим.
Дулдуллар ҳамон қуёшни кўзлаганларича учиб боришарди. Узангида тик турган чавандозлар шамол қаршилигини енгиш учун энгайиб олишганди.
Олдинда эса рус рисаги, қозоқ, кавказ йўрғалари, туркман ахалтикаси бор эди. Бунинг устига ана шу отлар жаҳон мусобақаларида бир неча бор қатнашиб, ўз юртлари ва чавандозларига шарафлар ёғдирган эдилар. Ғиркўк бақувват ва азимжусса рус рисагига тенглашиб олди. Жониворлар бурун тешикларини охиригача очиб, соғлом ўпкаларига мул−кўл кислород олиш пайида бўлишарди. Ғиркўк ҳам йўлда йиқилиб қолган чавандози, юртининг шарафи, ор−номуси учун бор кучини оёқларига тўплагандек эди.
Тулпорлар ҳамон қуёшга қараб, бир маромда югуришар, уларнинг гавдаси чўзилиб, ерга қапишиб кетган, пастлар учаётган лочинларга ўхшаб кетарди. Эҳ, завқли, ҳаяжонли эди буларнинг бари!
Ғиркўк рус отини ортда қолдириб, қозоқ, кавказ йўрғасига ҳам етиб олди. Анчайин илгарида эса машҳур араб чопқирларига монанд оёқлари, бўйни ингичка, туркман оти бор эди. Марра яқин қолгани учун чавандозлар юганларни силтай бошладилар.
Улар ҳамон қуёшга қараб, учиб кетишарди.
Минглаб томошабинлар ҳамовоз бўлиб ғиркўкни олқишлашар, унга омадлар тилашарди.
Шундай мароқли пойгани бизга мерос қилиб қолдирган боболармизга бот−бот тасаннолар айтгиси келарди кишининг.
Ғиркўк маррага қаҳрамон туркман ахалтикаси билан баббаравар етиб келди.
Аммо ҳакамлар жониворнинг ғалабасини инобатга олишмади. Маррага чавандозсиз келганлигини важ қилишди.
Минглаб томошабинлар норози оҳангда гувиллаб қолишди.
МАРДЛИК
Бундан ўн беш йиллар муқаддам бошланган ва узоқ давом этган рус−чечен урушини руслар: “Терроризм, сепаратизмга қарши юриш”, деб аташган бўлса; чеченлар “Озодлик ва мустақиллик учун кураш”, деб аташди. Оз сонли дала командирларининг душманнинг қудратли армиясига қарши узоқ давом этган, мардонавор кураши ҳайратомуз эди.
Бу ҳолни ўшанда ТВда кўргандим. Рус аскарлари овуллар оралаб борар, шубҳали кишиларни ўққа тутишарди. Ҳар ер−ҳар ерда бахти қаро чеченларнинг жасадлари кўзга ташланар, уйлар ёнарди. Оператор, атайин русларининг жасоратли юришларини намоён қилар, уларни олқишларди.
Шунда кексатоб бир аёл икки қўлини ёйганича, кўкрагини кериб душман қаршисида пайдо бўлди. “Мени отинглар, хитоб қилди у, мен сизларнинг оналаринг бўламан!”
Албатта, аёлни отишмади, аммо у ана шу хитоби билан бутун рус жамияти юрагини мўлжалга олаолган эди.
Назаримда Худо бу муслим халқни инсоният эрк ва озодликнинг қадрига бориши учун тимсол сифатида яратгандай бўлиб туюлади. Лев Толстойнинг 1851 йил воқеалари ҳақида ёзганларига эътибор беринг.
* * *
“Садо овулга қайтиб, ўз уйини батамом вайрона ҳолда кўрди: том ўпирилиб тушган, эшик, айвонларнинг устунлари ёндирилган ва уйнинг ичи булғатилган эди.Унинг ўғли, ўша музаффар Ҳожимуродга шодона тикилиб турган, чиройли, ялтироқ нигоҳли ширин фарзандининг жасади устига чопон ёпилган ҳолда, отда, масжид ёнига келтирилганди. Унинг елкасига найза санчилгани аён бўлди. Ҳожимурод келган вақтда, унга хизмат қилиб турган хушқомат ва хушрўй аёли энди мусибат дардидан кексайиб қолгандай. Ёқаси йиртилган кўйлагидан, буришган кўкраги кўриниб турарди. Тўзиб кетган сочлари билан ўғлининг бошида турар, юзини қора қонга бўяб юларди ва тинмай фарёд чекарди.
Садо қариндошлари билан бирга теша ва белкурак олиб, ўғлига гўр қазишга кетди.
Боғчадаги икки ғарам пичан ёндирилган, чол ўтқазган ва кўкариб чиққан ўрик, олча кўчатлари синдирилган, куйдирилган асалари билан бирга уларнинг қутиларига ўт қўйилганди. Аёлларнинг оҳу-нолалари бутун уйлар ва тағин икки ўлик келтириб қўйилган майдонни эгаллаганди. Наврасида болалар оналари билан бирга бақириб йиғлардилар. Каттароқлари ўйнамас, балки қўрқиб кетган, мунгли кўзлари билан катталарга ҳайратона термулиб турардилар.
Сувлоқ атайин нажасланган бўлиб, ундан сув олиш мумкин эмасди. Худди шунингдек, мачит ҳам нажасланган, имом-хатиб шогирдлари билан уни тозаламоқда эди.
Ўрисларга бўлган нафрат ҳақида ҳеч ким гапирмас; кичигидан тортиб каттасигача жаъми чеченлар томонидан идрок этилаётган туйғу ҳар қандай нафрат ва интиқомдан кучлироқ эди. Йўқ, бу туйғу нафрат туйғуси эмас, бу – ўрис итларини, ўша бедаво, манфур, ғаддор башараларни одам ўрнида эътироф этмаслик ва шу махлуқларнинг ахмоқона шафқатсизлиги, қабоҳатига жавобан беҳисоб ғазаб ва ҳайрон қолишлик туйғуси эдики, худди каламушларни, заҳарли ўргимчакларни, бўриларни қириб битириш истаги сингари, уларни қириб юбориш истаги, худди ўз-ўзини сақлаш истаги янглиғ табиий бир ҳол эди. Чеченлар олдида ё шу ерда қолиш ва не-не машаққатлар эвазига бунёд этилган, аммо кўз очиб юмгунча ваҳшиёна тарзда хоку туроб қилинган вайроналарнинг барини ва энг ёмони, тағин шундай вайрон қилиниши мумкинлигини билган ҳолда, куч сарфлаб, бошқадан тиклаш ёки вазиятга ҳамда ўрисларга нисбатан беҳудуд нафрат, интиқом ҳиссини жиловлаб, уларга буйсунишдек икки йўл турарди.
Муйсафидлар намоз ўқидилар ва ундан кейин Шомилдан мадад сўраб, унинг олдига вакиллар юборишга қарор қилдилар ҳамда шу замониёқ вайроналикларни тиклашга киришиб кетдилар”.
ДЕМАК, ҒОРЛАРГА ҚАЙТМАЙМИЗ
Ҳоким ва ҳокимчаларнинг кичик чиновникларни, гоҳида фермерлар, деҳқон ва чорвадорларни одамлар орасида сўкиши, уриши, йиқитиб олиб, тепкилаши миллатимиз учун ор бўлган, бағоят хунук одатдур. Халойиқ орасида қадру−қиймати тупроққа қориштирилаётган ҳалиги мутенинг бош эгиб, тиржайи−иб туриши ундан ҳам хунукдир. Эҳтимол, ана шу кичик амалга пора бериб илашгандир, ҳалиги катта итдан тил қисиқлиги бордир, балки топшириқни бажармагандир ва ҳакозо. Лекин нима бўлганда ҳам, қаршилик кўрсатмагани, жавобан катта амалдорнинг гарданига туширмагани ҳезалакликдан бошқа нарса эмас. Шўролар даврида бундай ҳолни тасаввур қилиб ҳам бўлмасди. Атрофимиздаги − Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистонда ҳам инсонни бу қадар камситиш, хўрлашга йўл қўйилмас экан. Тасаввур этинг: рус кишисини бошлиғи кўпчилик орасида сўкса ёки урса, индамай, бош эгиб туроаладими? Грузин, озарбайжон, ҳабашчи... Ҳатто (кичик ҳарф билан ёзиладиган) неандартални урсангиз ҳам чўқмори билан башарангизни бузиб қўяди. Биз эса катта ҳарф билан ёзиладиган... Наҳотки, тағин ғорларга қайтаётган бўлсак...
Бу ҳолдан изтироб чекир юрганимда, Мавлоно Муқимий: “Шерсиз эмасдур бешалар...” деганларидек, матбуотда мард эркаклар ҳақида умидбахш муждалар пайдо бўлабошлади.
Чирчиқ шаҳар ҳокими, қайбирам корхона ходими Шуҳрат Назаровни бураб сўкаётганда, у бир калла қилиб, катта ҳокимнинг бурун суягини мажақлаб ташлабди. (Зидан рақибини калла қилиб қулатганини кўз ўнгингизга келтиринг). Докторлар, ҳокимни, миршаб Назаровни олиб кетибди. Аммо кўп ўтмай иккаласини ҳам чиқариб юборишибди. Назаримда, айбдорнинг устидан жиноий иш қўзғатишса, гап чувалашиб кетишини ҳисобга олишган.
Наманган вилоятидан Эргашев деган ҳоким ўринбосари фермерни дўппослаган экан, у юқори ташкилотларга мурожаат қилибди. Ҳозир ҳоким ўринбосари устидан жиноий иш қўзғатишган экан.
Қаршилик кўрсатиш ҳоллари жуда оз, албатта. Аммо бошланганга ўхшайди.
Демак, ғорларга қайтмаймиз!
2013
Комментариев нет:
Отправить комментарий