вторник, 11 февраля 2014 г.

САРҲИСОБ 37


                                          
     
    Ҳарҳолда, биринчи бўлиш шарафли. Тарих Колумб, Гагарин, Амстронг сингари биринчиларни унутмайди ва шарафлайди.
  Биринчи бўлиш бағоят қалтис ҳам. Бу номаълум сўқмоқларда сени нималар кутайтганини қаердан ҳам биласан, ахир?!
   Мабодо, менинг “Буни ҳаёт дебдилар” деган романимни ўқиган бўлсангиз, асар ўғлим − Улуғбекнинг паррандачилик фабрикасидан кетиб, хусусий ветеринария дорихонаси очиш ҳаракатига тушгани билан хотималангани ёдингизга тушади. У Самарқандда биринчи бўлиб, шундай дорихона очди. Аммо ишини ўнглаб олиши учун ўн йиллар ўтиб кетди.
  Ҳозир бу дорихонани кичик ўғлим Фируз бошқаради. Улуғбек хусусий корхона очди;  у ветеринария дори-дармонлари, товуқлар учун комбикорм ишлаб чиқариш билан банд.
   “Дом”да зериккан пайтларимда Фирўзнинг дўконига чиқиб ўтиришимни, таниш-нотанишлар билан гаплашишимни айтган эдим. Бунинг устига, ҳавонинг кескин совиб кетиши, светнинг бот-бот ўчиши ўта нохуш эди.
    Назаримда бизда энергия кризиси бошланаётганга ўхшайди. Чунки электр таъминоти йилдан-йилга оғирлашаябди.

    Зеро бу − алоҳида мавзу...
    Тингловчидан кўра гапирувчи, ўқувчидан кўра ёзувчи кўпайган ҳозирги шароитда, эҳтимол, пайт пойлаб, жимгина кузатган киши ютиб чиқар... Аммо умр ўтиб кетаябди. Ҳаёти  кимгадир ибрат ёки сабоқ бўладиган бандалар шу бадбўй дорихонага ҳам киришади-ку, ахир.
    Фарангларда шундай       нақл бор:  “Дунёдаги ҳамма  аптекаларнинг ҳиди бир хил”.  Бунда  медицина дорихоналари кўзда тутилган бўлиб, аслида, “Хўроз ҳамма жойда бир хил қичқиради”, дегандек,  маъжозий  маъно касб этади.  Аммо ветеринария дорихоналари уларга нисбатан  анчайин бадбўйроқ.  Чорва молларига мўлжалланган  баъзи  препаратлар аллергияга ҳам  сабаб бўлиши мумкин.
   Майли, мавзудан четлаб кетмайлик.
   Душанба куни ўрта ёшдаги бир эркак кириб, тўғри мен томон одимлади ва  эски танишлардек, қуюқ саломлашди .  “ Мен Пармоновнинг укаси бўламан, деди у, жанозага борган эдингиз...”
    Маматкарим Пармонов биз билан институтда ( СамҚХИ) бирга ўқиганди. Фамилиясини Фармонов деб ёзишса, “Йўқ, документ ҳисоб деб, “Ф” ўрнига“П” ёзиб қўярди. У ветфакни битирди. Иқтидорли бўлганлиги  боис институтга олиб қолишди, кейин  фан кандидати, доктори бўлди. Бир неча йил юқумли касалликлар кафедрасига мудирлик қилди. Уч йилча муқаддам  миясида шиш пайдо бўлиб... Булунғурлик эди, раҳматли.
    “Булунғурлик экансизда, дедим, акангиз ажойиб инсон эди...”  “Ҳозир жиззахлик бўлганман. Акамнинг маслаҳати билан Жиззахда биринчи хусусий вет аптека очгандим.
   “Яхши, яхши! Биринчи бўлганларга омад ўнг қўлини чўзади”, дедим, далдакор оҳангда. Биз жимиб қолдик. Унинг кўзларидаги хомушлик мени ҳушёр торттирди. “Аммо менга чап қўлини чўзди”, деди,  суҳбатдошим, жилла сукутдан  сўнг  зоҳирий надомат билан.
    “Дилда дардинг бўлмаса, сардафтаримни кўзлама” дейди Машраб. Ногаҳоний танишимнинг ярасини янгилашдан хавотир тортиб, сукут сақлаб турдим. Русларда:  “а”ни айтингми, “б”ни  ҳам гапир”, деган нақл бор. У мени ўзига яқин тутиб, қолган дардини ҳам аён этди.
   “Бутун вилоятни дори-дармон билан таъминлардим. Кейин тўрттала ўғлим ҳам ёнимга киришди. Машина олдик, иморатлар қурдик, бозожойдан икки қаватли офис ҳам тикладим. Падарига лаънат, ўша вакцина сабаб бўлиб, тўртталасини ҳам олиб қамашди. Каттасига ўн бир йил беришди. Укаларига тўрт-беш йилдан...”
   Надомат ила бош тебратдим. “Вакцина иши” эса каминага таниш.
   Лекин, аввал вакцина ҳақида умумий маълумот берай. Бу турдаги препаратлар медицина ва ветеринарияда катта кашфиёт эди. Ҳозир ҳам чақалоқ туғилганда, туғруқхонада ўпка сили, буғма, ўлат сингари касалликларга қарши эмлашади, яъни организмига вакцина юборишади.. Шу билан бола бир умр мазкур касалликларга чалинмай яшайди. Бу – фандаги инқилобий мўъжиза, албатта!
  Чорва молларининг ҳам бир талай юқумли касалликлари бор. Чорвадорлар эса вакцинанинг қадрига борадиган бўлишган.
  Хуллас, чет элдан дори−дармон келтирадиган тошкентлик йирик савдогарлардан бири қўйларнинг талайгина касалликларига қарши катта  миқдорда вакцина олиб келади. Олиб-сотарлар дорихоналарга кўтара беришади. Улардан эса фермерлар, чўпонлар сотиб олишади.
  Ҳафта ўтмай, қўйлар қирилабошлайди. Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд вилоятларида ўн минглаб қўйлар ҳаром ўлади. Текшириб кўришса, ҳамма иллат ҳалиги вакцинада бўлиб чиқади. Айбдорларни ҳиқилдоғидан олишади. Гарчанд ҳужжатларда вакцина Германиядан келтирилгани қайд этилган бўлсада, бу исботланмайди. Қонуншунослар буни қўпорувчилик, аниқроғи давлат иқтисодини издан чиқариш учун қилинган душманлик,  деб ҳисоблашади. Чунки вакцина таркибига атайин заҳарли модда қўшилгани аён бўлади-да.
   Ана шу душманни топишдими йўқми – менга қоронғу. Лекин  Самарқанддан ҳам бир неча дорифурушларни қўлга олишганини биламан.
   Фирўзга ҳам катта миқдордагисини, арзон нархга таклиф этишган экан. Аммо препаратнинг айнан арзонлиги акасини шубҳага солибди ва харид қилишмабди. 
   Болаларимни Худонинг ўзи сақлабди!
   Огоҳ бўлиш керак: демак, душманларимиз йўқ эмас!
  “Жиззахлик бир хил фермер, чўпонлар номардлик қилишди, давом этарди сўҳбатдошим, юзта  қўйи ўлган бўлса, беш юзта деб туриб олди. Буни исботлаб бўладими энди. Бировнинг бошига тушган қора кун ҳисобига пул ишлаш  номардлик-ку!”
    Бечоранинг қисматига мен ҳам айбдордай, изтиробга тўла қарашларидан нигоҳимни олиб қочдим. Бисотимни титкилаб, унга далда берадиган сўз излайбошладим. “Кичик ўғилларингизга амнистия теккандир, келиб қолар...” “Ҳа, иккитаси баҳорда тағин ёнимга киради. Аммо билсангиз, битта буйрак билан яшаябман. Духтур оғир юк кўтаришим, асабини бузишим, дори дармонлардан узоқроқ юришимнни тайинлаган. Аммо...”
    У бир ўзи қолганлиги боис бадбўй дори солинган оғир қутиларни кўтариб юришга ва ҳар куни асаби юз боралаб бузилишга маҳкум этилганини айтмоқчи бўлди-ю, аммо нолишдан наф йўқлигини эслаб ўзини тийди.
   Бояқишнинг кўнглини кўтариш учун акасининг ажойиб хислатларини гапирдим. У мамнун жилмайди.
      Бу ҳолдан ўзим ҳам енгил тортгандай бўлдим.
                                             
                                               *  *  *

     Эр-хотин − қўш ҳўкиз, деган нақлнинг мағзини чақиб кўрганмисиз?!   Бир қўшиқда куйланганидек, ҳаёт ҳамиша ҳам она бўлолмайди, у ногаҳонда ўгай онага  ҳам айланиши мумкин. Омочга қўшилган қўш жонивор машаққат билан ерни ағдаришмас экан, ўзлари сомонсиз,  хўжайин эса нонсиз қолиши табиий.
  Ҳозирги шиддаткор замонда ҳар бир эркак, у  ким бўлишидан қатъий назар,   андак ишбилармон; жилла деҳқон, чорвадор; озгина монтёр, сантехник, пазанда бўлиши шарт.  Шундай бўлгандагина ўзи,  оиласи, ҳатто жамият учун ҳам наф келтираолади, ҳаёти шавқовар бўлади.
  Эр нобарор, дангаса, боқибеғам,  маишатчи бўлиб чиққанда, бор оғирлик бояқиш аёл зиммасига тушганига кўп гувоҳ бўлганман.
   Бугун аптекага ташриф буюрган ва эшик олдида ҳуркибгина турган аёл ҳам шулар жумласидан бўлиб чиқди. У Фирузни сўради ва уни топгач, ийманибгина гап бошлади. “Жўжа олмоқчи эдим...”
   Фирўзнинг иши кўп экан, шекилли,  ўтган йил институтни битириб, аптекага ишга келган, асли нуроталик Алишер  деган жилла қўрсроқ йигитчага опа билан гаплашишни буюрди. Мен уларни кузатдим.
   “Бир ҳамсоямиз сизлардан юзта жўжа олиб кетган экан. Ҳар куни етмиш-саксонта тухум олаябди, рўзғори бут...”   “Жўжа боқишга шароитингиз борми”, унинг сўзини бўлди Алишер тавозесиз. “Ҳа, қайнатамдан қолган тўққиз болорли уйимиз бекор турибди, ҳовлимиз катта”. “Газ, свет борми?” “Газ йўқ, лекинда ўтин бор, иситса бўлади, свет ёниб-ўчиб турибди...” “Хўжайинингиз борми?” “Шукур, борлар...”  ” Нега ўзи келмади?”
    Унинг саволлари терговчининг сўроқларига ўхшаб кетаётганлиги, аниқроғи, даштона тўпорилиги  дилимга ўтиришмаса ҳамки, гапга аралашмай қўяқолдим. “Бунақа ишларга тоблари йўқ, айланай”, деди аёл  ноўнғай бир оҳангда. “Майли, давом этди Алишер, сиз айтган жўжалар уч ярим ойдан кейин тухумга киради. Яхшиси,  бройлер жўжалар олақолинг, бир ойга етмай, катта товуқ бўлади. Харидори кўп”
   Таклиф аёлга маъқул бўлди. Шоша-пиша тағин алланималарни суриштиргач,  илтижо оҳангида сўради. “Жўжаларни бугун олиб кетсам бўладими?”  “Йўқ, аввал сиз бориб, товуқхонанинг остига арра қипиғими, сомонми тўшанг;  печкани,  катта−катта  лампочкаларни  ўрнатинг, кейин яхшилаб дизенфекция қилиш керак. Биз дорисини бериб, тартибини  тушунтириб берамиз”.
    Бир ҳафтадан кейин аёл ўша ҳуркаклиги билан кириб келди. У билан бирга эри ҳам бор эди.   Бу одамга таъриф берадиган бўлсак, тўйиб ухлаган, тўйиб овқат еган,  иккала юзи сигирнинг елинидан таранг, ўртабўй эркакни кўз олдингизга келтиришга тўғри келади. “У  умри  давомида эркатой бўлган ва ҳеч қачон пешона тери ёки кўз ёши таъмини татимаган бўлса керак”,  ўйладим ўзимча.
     Мен бу одамни бориб турган галварс деб тасаввур қилган эдим. Йўқ, у анчайин улфат ва хушчақчақ ҳам бўлиб чиқди. Ҳамма билан қўл бериб кўришиб чиқди. Мен берироқ сурилиб, дивандан жой бердим. У беихтиёр гапга киришиб кетди.
    “Ҳай, бу ( у хотини томон имлади) жонимга тўйдирди, товуқ боқамиз, деб. Жур, дедим ўзим бориб кўрай...”
  Биз уёқ-буёқдан гаплашган бўлдик. Ёши эллик бирда эканлиги, отаси ДАН ходими бўлганлиги, ўзи ягона ўғиллигини гапирди. “Бу жўжаларга тўғри келган донни бериб бўлмайди. Махсус комбикорм берилади. Донни ташиш учун мошин керак бўлади...” дедим. “Пахандан қолган мошин турибди, тузатиб оламиз”
    “Дизенфекция қилдингизми?” сўради Алишер аёлдан. Ўрнига эри киборона жавоб берди. “Ҳамма ёқни саситиб юбордику, бу!”
   Аёлга жўжа боқиш тартиб−қоидаларини обдон тушунтиргач, савол беришди.
   “Хуш, жўжаларни қандай  олиб кетасиз?”
 “Билмасам, айланай”, деди у ва ноиложликдан маюс тортди.
    “Сиз адресингизни қолдириб кетинг, эртага олиб боришади”, уни ноўнғай вазиятдан чиқарди Фируз. Бунга жавобан эри енгил тортиш ўрнига, хотинини койиб берди. “Иложи бор экан-ку, кечадан бери минғирлаб, бошимни қотирдинг!”
   Аёл айбдордай,  унинг гапини маъқуллаб қўяқолди ва негадир енгил тортиб, эрига эҳтиром ва эркалатиш оҳангида мурожаат қилди: ”Хўжайин, юринг, энди  кетамиз...”
   Мен аёлнинг нигоҳларида эрига нисбатан озгина бўлса ҳам нохушлик, норозилик сезмадим. Аксинча,  боқибеғам бўлса ҳамки, болаларимнинг бошида отаси бор,  деган шукроналик, ҳавасни пайқагандай бўлдим.
” Бу гўсалани аввал отаси эркатой қилган, энди хотини”,  ўйладим ўзимча.

                                         *  *  *

      Кутилмаганда дорихонамизга  қўшни Қўшмачит қишлоғида яшайдиган Давронбеков кириб келди. Ҳаммамиз билан қуюқ  саломлашди.
  Бу одам узоқ йиллар вилоятдаги тош-тарозиларни назорат қиладиган идорада бўлим бошлиғи бўлиб ишларди. Анча сертакаллуф, мағрурроқ инсон. Биз анча мунча гаплашиб ўтирдик. Кетишда эса бирайўла тўрт қутича “Аlezan” деган доридан ( ёдингизда қолсин, вет аптекага кирсангиз, қизиқиб кўрасиз) харид қилди.
    У жўнаб кетгандан кейин, беихтиёр ўша дорини олиб томоша қилдим. Қутичанинг юза қисмига от чоптириб кетаётган чавандоз акс эттирилган бўлиб, Россияда ишлаб чиқарилган мазкур суртма 13 хил гиёҳдан тайёрлангани ёзилганди. Бу махсус ва ноёб  маз эканлигини, пойга отларининг оёқларига суйкалишини, умуман, мускулларнинг оғриғини олиш, даволашда бебаҳо эканлигини айтишди. Давронбековда эса от нари турсин, эчки ҳам йўқлигини билардим. Ажабо, нимага керак бўлдийкин?!
  Феврал совуқ келганидан хабардорсиз.  Иссиқхонамиздаги
лимон дарахтчаларни совуқ уришидан хавотирланиб,  қишлоққа боргандим. Баллонли газ билан илийдиган печка  ўрнатиб, укамга қараб туришни тайинладим. Қайтишда қўшматчитлик танишларни учратиб қолдим ва гап орасида, беихтиёр Давронбеков нима юмуш билан шуғулланаётгани билан қитмирона қизиқдим.
   “ Иши зўр, жавоб берди улардан каттароғи,   табиб бўлган; тоғ гиёҳларидан  тайёрлаган дориси бор:  бел, оёқ,  қўл, кўкрак оғриғи дейсизми, қақшаш дейсизми момент қолдиради. Бошқа областлардан ҳам одамлар излаб келадиган бўлишган”.
   Бу от дорисининг шарофати эди, албатта!  Аммо индамай қўяқолдим. Аптекага келгандан кейин Алишерга айтган эдим:  “Фойдаси тегаётган бўлса, нимаси ёмон”,  деди у.
   Ўзим эса ҳали бирор тўхтамга келганимча йўқ.   

Комментариев нет:

Отправить комментарий