Январ якунига етди. Деярли, ҳеч нимарса
ёзмадим. Экранга қарасам, кўзим ёшланадиган бўлди. Аммо ф.букда кўриниб турдим.
Унда шоирлар кўпроқ фаол. Айниқса, тожикистонлик ўзбек шоирлари яхши шеърлар
ёзишаябди. Аммо ўзбекистонлик тожик шоирларининг овози эшитилмай қолди.
Афсус...
Саҳифаларимизда насрий машқлар: ҳажвиялар, хотиралар, кичик
ҳикоялар ҳам кўпайишини истардим, албатта. Шукурларким, ф.бук бизни
бирлаштираолди. Камина, масалан Дадахон Ўзбек, Давронбек Тожиалиев, Одил Икром,
Ҳасан Ғойиб, Юсуф Расул, Қурбаной Кемал, Марямбону Фарғоний,
Беҳзод Расулов,
Ҳамидбек Юсупов, Гулнора Раҳмонова, Ғолиб Раҳмон, Мақсуд Жонихонов, Шукуржон
Исломов, Танқидчи бола, Неъматулло Иброҳим, Мавлон Шукурзода, Акмал Набиев, Муслимбек
Мусалламов, Абдуқодир Маматов, Мирасрор Аҳроров, Раҳимжон Раҳмат, Дилмурод
Бозоров, Холбиби Саъдинова, Сайёра Хўжаева, Насриддин Хўжаев, Баҳодир Чориев ва
бошқа бир талай биродарлар билан умуман учрашмаганман. Аммо уларни қалбимга
яқин тутаман, оёқларига тикан ҳам қадалмасин дейман. Мадомики, бирор бор
учрашмаёқ шунча меҳр қўйган эканман, саломлашиб юрган биродарларимга бўлган
эҳтиромим хусусида гапирмай қўяқолай. Ф.букни баримизни бирлаштириб турган
дастурхонга ўхшатаман ва ундаги дўстларим 500га яқинлашганидан мамнунман. Ўзини билган−билмаган одам бу даврада
маҳаллийчилик, миллатчилик, нописандлик сингари иллатларга йўл берса,
надоматлар чекаман.
Ф.букда дилга яқин шеърлар эълон
қилинаётганлигини айтдим. Ҳозирги пайтда китобча ҳолида чиқаётган шеърлар эса ҳамон
жўн. Ҳамма ёқ ватан ҳақида ёзилган шалдироқ ашъорларга тўлиб кетган. Аслида бу
қаламкашларнинг аксарияти ватан билан давлатнинг фарқига бормайдиган
лакаловлар. Аммо йўлини топиб, ана шу
бетамиз китобчаларни коллежлар, корхоналарга сотиб, бизнес қиладиганлар ҳам пайдо бўлаябди.
Бундан ўн йилча муқаддам бир танишим уйидаги сигирини сотиб, шунақа китобча
чиқаргани ёдимда. Биттасини каминага ҳамду санолар битилган дастхат билан
тақдим этиб, бирор жойда чиқиш қилишимни
сўраганди. Мен китобчани варақлаб, сарфланган қоғозга, меҳнатга ва энг муҳими,
рўзғорни тўкин қилиб турган соғин сигирга жуда ҳам ачингандим. Ҳозир ҳам шунақа
китобчаларни тақдим этиб туришади. Начора, ҳамма замонларда ҳам бунақаси
бўлган. Эндиликда ўқийдиган нарсалар ҳаддан ташқари кўп. Айниқса, Интернет
завқовар асар, видео, фотоларга сероб. Ўқувчиларни ҳайратга тушириш, эҳтимол
шунинг учун эса тобора қийинлашиб бораётгандир. Надоматлар бўлғайким, ҳозир
Толстой, Достоевский, Қодирий, Ойбекларни ҳам кам ўқишади. Шундай бўлгандан
кейин хашаки шеърларга вақт ажратиш, бориб турган андилик бўлур эди.
Беҳбудийнинг таваллуд кунларини нишонладик, ҳайкал пойига
гуллар қўйдик. Айниқса ф. букда яхши хотирлашди. Афсуски, ТВ ва газеталаримиз
жадидлар сарварини ёддан чиқаришди.
Блогимга (nusratrahmat.blogspot.com) янги мақолалар жойладим.
Миршариф, Тошпўлат билан одатдаги оилавий
ўтиришимиз бўлиб ўтди. Менинг ёшимда қониқмаслик, дилғашликлар кўп бўлади.
Дўстлар билан дилкаш суҳбатларгина уларга чек қўйиши мумкин. Уч йилдан бери қишни шаҳарда, кичик ўғлим Ферузнинг Гагарин кўчасидаги “дом”ида
ўтказаябмиз. Қишлоқда газ, свет чатоқ. Бу ерда ҳам газ босими паст, светга
ишонч йўқ. “Дом”да бир оз зерикаман, ўғлимнинг вет.аптекасига бориб ўтираман,
таниш−нотанишлир билан гаплашаман. Бу ерда ҳам домдагидек, свет бот−бот ўчиб
туради. Гоҳида шаҳардаги светофорларнинг бирортаси ҳам ёнмай қолади.
Яқин қишлоқларда яшайдиган кишиларнинг кичик
бизнес билан шуғулланишаётганидан мамнун бўламан. Улар бу аптекадан атиги бир
кунлик бройлер жўжаларни 2400 сўмдан харид қилишади ва 20 кун боқиб, табака
пиширувчиларга 15−18 минг сўмга сотишади.
Автоулови бўлганлар бирайўла мингтагача жўжа олишади. Бройлер жўжаларга
витамин, оқсил ва минераллар билан бойитилган махсус ем берилса, улар тез ва соғлом бўлиб вояга етади. Бу ерда шунақа ем ҳам сотишаябди. Аммо талаб
ошиб бораётганлиги сабаб, у етишмай қолаябди. Хуллас, бу юмушнинг рафторини олганлар яхши пул топишаябди. Худо зиёда
қилсин!
Ўзбекистон
ТВсини кўрганимизда ватанпарварлик қилган бўлардик, албатта. Аммо, оилада катта
ёшдагилар Россиянинг “Пятница”; болалар
эса “Карусель” каналларини кўришга кўникишган.
Эндиликда Интернат ҳам кўпроқ лотин имлосига ўтаябди. Уларни, қийналиброқ бўлса ҳамки, ўқийман.
Давронбек сайтларида (“Ziyo istagan
qalblar
uchun”) кириллдан кўра лотин имлосидаги асарларимни кўпроқ сақлаб
олишаябди. Бу ҳол дилимга шавқовар умидлар солади. Демак, келажакда (мен бўлмаганимда ҳам) ўқишар экан, деган
зоҳирий ва ширин умиддан энтикаман. Ўтган ойда “Фожиа”, “Нохуш хаёллар”,
“Санаторияда”, “Омадсизлик” сингари ҳикоялар; “Фарзандга ўгитлар”, “Калвак
махсум номалари” китобларимга қизиқиш ортган. Ўзингиз солиштириб кўришингиз
мумкин. Лотин имлосидаги ҳикояларни сақлаб олувчилар сони эълон
қилинмаётганлиги сабабли, фақат кириллдаги ҳикояларни эълон қиламан.
Комментариев нет:
Отправить комментарий