среда, 11 сентября 2013 г.


                ЎТМИШДАН ЭРТАКЛАР 4
     2011 йилнинг 25 сентябр, якшанба куни Рухсора ( янгангиз) билан Пастдарғомга, набирамиз Сарвинозни кўргани борганим ёдимда..
Унинг пахта теримига кетганига ўн беш кундан ошганди.
Коллежни сафарбарликка эълон қилишганда, атиги 200 доллар билан теримдан қолдириш мумкинлиги аён бўлганди.  Аммо набирамиз, дугоналаридан четда қолмасликни зорланиб сўрагач,  кўниб қўяқолдик. Дадаси юкларини машинага ортиб, чиқариб кузатиб ҳам қўйди ва у ўша куниёқ, кечки маҳал телефон қилиб, Пастдарғомдаги бир мактабга жойлаштиришганини, кайфияти яхшилигини билдирди.
Биз хотиржам бўлдик.

Ундан кейин у деярли ҳар куни телефон қилиб турди. Норма – 70 килограмм эканлигини, аммо у 50 килодан оширолмаётганидан нолиганини ҳисобга олмасак, бошқаси жойида эди.
Бугун у билан боғланиб, кўргани бораётганимизни маълум қилганимизда, кеч соат еттигача далада бўлишларини билдирди ва шу сабаб кўп ҳам барвақт келмаслигимизни тайинлади.
Самарқанддан чиқишимиз билан фақат шаҳар эмас, унинг атрофлари ҳам жуда обод бўлганлигига гувоҳ бўларди киши. Пастдарғомга кета-кетгунча икки томонлама кўча бунёд этишибди, унинг атрофида шундай муҳташам бинолар қад кўтарганки, қойил қолмай иложингиз йўқ.
Бу кўчалардан аваллари ҳам ўтганман. Йўллар уйдим-чуқур, атрофда, аксар ҳолда пахсадан тикланган пастак уйлар бўларди. Эндиликда текис, кенг асфалт кўчада машиналар бир-бири билан пойга ўйнаётгандек, шиддат билан ўтиб кетарди. Уларнинг деярли бари ўз юртимизда ишлаб чиқарилганини туйиш дилингга ғурур ато этарди. Шу пайт рулда гўзал келинчак ўтирган “Спарк” ҳам бизни ортда қолдирди.
- Ўзбечкалардан ҳам шоферлар кўпайиб қолди а,- қўзғаб қўйдим хотинимни.
- Ҳа, айниқса, сўнгги уч йилда кўпайди, гапимни тасдиқлади у.
- Лекин ярашади,- дедим.
Ҳадемай пахтазорлар ҳам бошланди. Ғўзалар пастак бўлса ҳамки, оппоқ бўлиб очилганди. Узоқда ҳашарчи болалар кўзга ташланарди.
Рухсоранинг баҳри-дили очилиб кетди.
- Вой, бу пахталарни қаранг: оппоқ бўлиб очилибди. Тезроқ териб олиш керак. Ёмғир-помғир ёғмасдан...
- Энди, болаларга тердирмаслик керак-да, - норозилигимни яширмадим. - Ўзлари теришсин, аввалгидай машиналарни ишга солишсин.
- Ҳеч бало урмайди,- фикримга қўшилмади хотиним. - Бу курорт-ку. Мусофирликни кўради, чиниқади...Ўзимизни ҳам икки ойлаб олиб кетишарди. Совуқларда қолиб кетардик. Бир жойимиз кам бўлмади.
- У шўролар замони эди,- мен ҳам уни инкор этдим. Эндиликда болалар ўқиши керак.
Туман марказидан ўтиб ҳам анча йўл босдик ва ниҳоят чап томонга бурилдик. Шўролар даврида ётқизилган асфалт йўл ўйдим-чуқур бўлиб қолганлиги сабабли  тезликни сусайтириб, уларни эҳтиёткорона четлаб ўтиш пайида бўларди
м. Кейин илма-тешик асфалт тугаб, тош тўшалган йўл пайдо бўлди. Тағин икки-уч километрдан сўнг у ҳам охирига етиб, тупроқ кўча бошланди. Айрим жойларда тупроқ қалинлиги бир қаричдан паст эмасди. Ҳар қанча суст ҳайдасак ҳам ортимизда қуюқ чанг қолабошлади. Шу пайт қаршимизда трактор пайдо бўлди. Унинг тележкасига пахта ортилганди. Трактор ўтиб кетгач,  алламаҳалгача ҳавода муаллақ бўлиб осилиб қолган чангнинг тарқалиб кетишини кутишга тўғри келди.
Ниҳоят манзилга ҳам етиб келдик. Пештоқига қизил ҳарфлар билан “Пахта штаби” деб ёзилган мактабнинг йўлига тош тўшалган, сув сепилган эди. Ёрдамчилар шу мактаб синфларига жойлаштирилган экан. Кейинроқ менга аён бўлишича, бу ерда айни пайтда фақат тўртинчи синфгача бўлган болалар ўқишаркан. Қолганлар теримга сафарбар этилган экан.
Биринчи учрашган кишимиз ошпаз аёл бўлди
- Сизлар
иккинчи курсдаги  Сарвинознинг одамларими,- қувониб сўрашди биз билан. – Қизларингиз жуда одобли, яхши тарбиялагансизлар. Менга ёрдамчи бўл, дедим - кўнмади. Теримга чиқиб кетди.
Опа кечки овқат учун макарон шўрва пишираётган экан. Бизни такаллуф билан столга таклиф этиб, олдимизга чой қўйди. Дилимизда унга нисбатан илиқ меҳр ўйғонди. У киши шўролар даврида ҳам шу даргоҳга ошпаз бўлиб ишлаганини айтди. Бу ерда шогирдлари билан ўқувчиларга овқат тайёрларкан. Шунингдек, директорини сифатлаб қўйишни ҳам унутмади.
- Қизларимизнинг оёғига тикан ҳам кирмасин, дейди. Қўшни коллежларнинг директорлари пахта сотиб олиб, мукофотларга эга бўлишади. Ҳокимиятдан тазйиқ қилишади-да. Бу киши унақамас. Майли, гап эшитсак ҳам, бизга кейинги ўрин бўлаверади, дейди.
- Пахта сотиб олиш ҳали ҳам бор экан-да,- қизиқиб, тергаб қўяман.
- Ҳа, ўғлим институтда ўқийди. Уларда норма саксон кило. Бажармасанг, сотиб ол, дейишаркан. Ҳар ўн кунда юз минг кетаябди. Учинчи курсдан бир студент домласини пичоқлаб ташлабди. Зулм қилган бўлса керак.
Соат еттидан ошиб, қоронғу тушди, аммо болалардан ҳамон дарак йўқ эди.
- Бугун узоққа олиб кетишган,- деди опа. - Йўлда бир соат вақтлари кетади. Аввал солдатлар келади, кейин улар. Шўрлик аскарларга қийин – нормалари юз кило. Уддаламаганини золим командирлар ҳар балога гирифтор қилишади.
Аён бўлишича, қўшни далада аскарлар ҳам пахта теришаётган экан.
Ҳадемай, қоронғуликдан қадам товушлари эшитилди ва чанг, тупроқ орасидан елкаларига фартук тақиб олган, ҳорғин аскарлар сафи кўринди. Улар ёруғликка, тош тўшалган йўлга чиққач, сергак тортиб, биргаликда қўшиқ бошлашди.
“ Олға бос, олға бос, эй ўртоқ, Биз учун муқаддас бу тупроқ...”
Аскарлар ўтиб кетгач, чанг орасидан қизлар сафи кўринди. Уларнинг олдида аскар либосидаги сарбон ҳам бор эди. Куни билан пахта териб, шунча йўлдан пиёда келаётган ёшгина-ёшгина қизларга дафъатан ачиниб кетдим, беихтиёр қаҳрим келди. Бир тарихий фильм кўрган эдим: олдинда ва орқада милтиқ кўтарган соқчилар назоратида саф тортган маҳбусалар маҳзунгина қадам босишарди. Уларнинг орасида ёш қизлар ҳам бор эди ва тақдирга тан бериб, тиззагача лой кечган ҳолда орқага қолмасликка ҳаракат қилишарди. Шуни эслаб, муштимни туйган маҳалим, хотиним авзойимдаги ўзгаришни сезди.
– Тағин сариқлигингиз тутаябди-а? Ҳеч бало урмайди, қайтамга чиниқади. Кўпга келган тўй...
Аён бўлишича, булар -
учинчи курс қизлари экан. Улар ўтиб кетгач, ёдимга ургутлик бир таниш шоирнинг шеъри тушди.
Ўзбекистон!
Асра болаларингни.
Улар улғайишар
Ва даволашар
Сенинг кўп йиллик
Яраларингни!
Ўзбекистон!
Дардингни олай!
Асрагин,
Асрагин,
Болаларингни...
Набирамизни  кўриб, нохуш хаёлларим ўз-ўзидан тарқалиб кетди. У  қуёшда андак қорайган, кайфияти яхши эди. Ётоқларини кўрдик. Эшик, деразалар ичкаридан илгаклади. Озода...
- Кечки овқатга бориб юрма,- деди
бувиси, ош дамлаб келганмиз. Дугоналарингни ҳам чақир.
Ҳадемай радиокарнай хириллади ва гапга кирди. “Муҳтарам ўқувчилар! Мустақиллигимизнинг йигирма йиллигига йигирма тонна пахта териш мажбуриятини олган иккинчи “Б” бугун маррага етиб келди. Уларни муборакбод этамиз! Бу азаматлар ватан хирмонига йигирма тонна “оқ олтин” бўшатдилар. Ана шу ватанпарвар қизлар мавсум охиригача тағин йигирма тонна пахта теришга сўз бердилар. Иккинчи “Б”дан ибрат олинглар!. Шунингдек...”
Қизлар билан бирга ўтириб, ош едик. Уларнинг аксари шаҳарлик ўзбек, тожик қизлар эди. Қизларнинг ўзини тутиши, одоби дилимизга ўтиришди ва бу ҳолдан ҳам таскин топдик..
- Биз сени олиб кетмоқчимиз,- дедим,
набирамизга, дастурхонни йиғиштиргач.
- Мен бормайман,- деди
 у, андак сукунатдан кейин, аллақандай хавотирлик билан – Охиригача тераман!
- Нега?
- Кетсам, дугоналаримга қийин бўлади,- деди ва негадир кўзида ёш айланди. - Терганимиз ҳали ўн беш тоннага ҳам етгани йўқ.
Биз уни ортиқча қистовга олмадик.
Пахтазордан кеч қайтдик.


                    
 



                 ЎТМИШДАН ЭРТАКЛАР 5
   1978 йилнинг кеч куз маҳали таҳририят  (“Қишлоқ ҳақиқати”) дан сим қоқиб, эртага қўшни  вилоятдаги “Нарпай” совхозига боришим ва у ердан мақола тайёрлашимни буюришди. Шунингдек,  бугун совхоз планни бажариши ва  у ерга Шароф Рашидов боришини ҳам қўшиб қўйишди.
   Етиб борганимда, идора олдидаги кенг йўлакнинг икки томонида гул тутган ўқувчилар, ўқитувчилар, янги либосларини кийиб олган турли тоифадаги амалдорлар саф тортиб туришарди. Ундан кейин эса янги яктаклар кийган муйсафидлар  муҳтарам  меҳмонга пешвоз қилиб қўйилганди. Ноябр  ойининг сўнгги кунлари бўлганлиги боис  ҳаво андак совуқ, булутли эди.
  Мен,  ноилож муйсафидларнинг ортларига бориб турдим. Ҳасратларидан дуд чиқарди уларнинг. “Агар ҳозир ёмғир ёғса, бу болаларнинг кийими ивиб бари касал бўлади”,  деди улардан бири. “Шунча қараб ўтирарканмиз-а, бригадир сигирни оғилга киритиб боғлашимга  ҳам кўнмади. Энди бузоғи эмиб қўяди, кампир  тағин жаврайди” “Бизнинг участкада пахтанинг бир чигити ҳам қолмаган, аммо терасан,  дейди. Пахта сотиб олиш учун бир марта солиқ солган эди, энди тағин тўлайсан дейди, эноғорлар.... Амир замонида ҳам бунақа зулм бўлмаган...”
  Бир маҳал йўл бошига бир неча қора рангдаги енгил машиналар келиб тўхтади. Одамлар ҳушёр тортиб, кийим бошларини тартибга солган бўлдилар. Шароф Рашидов қўлини кўксига қўйганича, табассум ила,  одамларга салом бериб секин одимларди. Халойиқ руҳиятида ўзгариш содир бўлди, ҳамма қувончдан қарсак чалабошлади. Тасодифни қарангки, бизга яқинлашганда, ногаҳонда муйсафидлар билан кўришгиси келиб қолди у кишининг. Ҳаммалари  билан бирма-бир қўл бериб саломлашди. ( Камина ҳам у кишининг уч бармоғини ушлаб қолишга улгурганман  ўшанда) “Хуш, ҳаёт қалай, турмуш қалай”деб сўради муҳтарам меҳмон. Отахонлар бир- бирларига гал бермай ҳаёт билан турмушни мақтаб кетишди. Бунақа фаровон, тўкин ҳаёт ер юзида йўқлигини, ҳали далада пахта мўллигини, Ўзбекистоннинг келажаги буюклигини қаторлаштиришди. Баландқадр меҳмон бу ҳамду санолар тугамаслигини ҳис этди, шекилли уларнинг сўзини кесди: “Биздан нима талаблар бор?”  “Соғ-саломат бўлсангиз бас!” Сизга,  Ўзбекистонга кўз тегмасин”,  алқаб кетишди, дуолар қилишди  улар.
   Арбоб хайрлашиб кетгач, чоллар ўз ролини қотириб бажарган  актёрлардек дафъатан енгил тортишди. Улардан бири,  негадир мендан ҳижолат тортди шекилли:  “Ҳа, энди замонасозлик қилмаса бўлмайди” деб қўйди.
   Кейин йиғилиш бўлди. Сўзга чиққанлар замонга беадад шукроналар айтиб, тағин фалон тонна пахта топширишга сўз бердилар.
  Мен муйсафидларнинг бояги ҳолатларини айблаш фикридан узоқдаман, албатта. Ўша дамда  Шароф Рашидов менга мурожаат қилганда ҳам,  ҳаёт билан турмушни кифтини келтириб мақтаган бўлардим.  Биз асрлар давомида амирлар, шоҳларга таъзим бажо келтириб яшаган халқмиз ва бу ҳол суяк-суягимизга сингиб кетган.
    Лекин тан олмоқ керакки, подшолар, давлат арбобларининг ўзига хос салобатлари ҳам бўлади.
   Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” асарида шундай эпизод бор. Катта дарёдан кечув жойини мулжаллаб бораётган Наполен бир жойга келиб тўхтайди ва чамалайбошлайди. Шу пайт  гвардиячилар отларига қамчи босиб, сувга  сапчийдилар ва нобуд бўладилар. Подшога садоқатларини намоён қилиш, унинг салобатидан эсанкираш туйғулари уларни ҳалокатга олиб келади. Ана шу жараённи маҳорат билан тасвирлаган буюк ёзувчи бир ўринда: “Подшолар наздида тиз чўкиб турганимиз учун  ҳам улар биздан баланд бўлиб туюладилар. Агар ўрнимиздан турсак, улар ҳам ўзимиз қатори банда  эканлигига ишонч ҳосил қилган бўламиз”, дейди. Зеро,  оташнафас Машраб таъбири билан айтганда: “...агар аслингни билсанг, қатраи оби ҳаромдурсан”...
   Майли, подшолар ўз йўли билан.  Сўнгги пайтларда айрим ҳокиму ҳокимчалар ҳам одамларни руйи-рост дўппослайдиган, тепадиган ғайриинсоний одат чиқариб қолишди. Одамлар орасида таёқ еб, хўрланган банданинг муте бўлиб туришини эшитсам, қон босимим муқарар ошади менинг.  Ахир нега у ҳам жавоб қайтармайди, бажарасига туширмайди ярамас амалдорнинг?
   Нахот биз тамаддуд тараққиётининг шунчалик ибтидоий босқичида бўлсак, нахотки то ҳануз миллат сифатида шаклланмаган бўлсак,  деган саволлар каминани ўйга чўмдиради гоҳида.


           ҚИСМАТ
    Инсон қисматининг ранглари   бир-биридан батамом фарқланади...
    Куёвим  билан Хўжа Аҳрор қишлоғидан ўтганимиздан кейин,  ўнг томондаги  эшик олдида бел боғлаб турган, серғусса одамларга кўзим тушди.  “Шу ерга бирров кириб чиқайлик,  деди куёвим тормозни босиб,  биродаримнинг аёли ўзини осиб қўйди...”
   Биз баланд қилиб қурилган айвонга кирдик.  Мулла қироат қилди. Сўнг қирқ-қирқ беш ёшлардаги ғамгузор  кишига ҳамдардлик билдирдик.
   “Бунинг аёлига нима ситам ўтган?”,  сўрадим йўлга тушгач.  Куёвимнинг жавобидан шу нарса аён бўлдики, эркак  тадбиркор экан. Аниқроғи, паррандачилик фабрикасидан бир кунлик бройлер жўжаларни олиб, атиги йигирма кун боқарган ва табака пиширувчиларга ўн баравар қимматига сотаркан. Аввал юзта жўжадан бошлаган бўлса, ҳозир мингтадан ҳам оширибди. Хотини ҳам шу корхонада ҳисобчи бўлиб ишларкан.  Жўжа туфайли  рўзғор  фаровон бўлибди.
    Аммо фожианинг бунга алоқаси йўқ. Ҳаёт сенга берган жилла  омад ва қониқиш учун гоҳида катта ҳақ талаб қилиб қолиши тўғрисида.
   Уларнинг икки қизи бор экан: каттаси ўн икки, кичиги икки ёшда. Эр- хотин ўғил беришини сўраб Худога нола қилишибди, азиз жойларга хайр эҳсон улашишибди.  Қисса кўтоҳ, кунлардан бирида аёл тағин ҳомиладор бўлибди. У  УЗИга борса,  лакалов дўхтир унинг қорнидагиси  тағин қиз эканлигини аён қилибди.  Аёл болани аборт қилишга аҳд қилибди ва эрининг қаршилигига қарамай...
      Шу ўринда мавзудан жилла чекиниб, Гиппократ қасамёди ҳақида  гапиргим келиб қолди.  Қадимги юнон олими ёзган қасамёднинг асл нусхаси йўқ. Чунки  турфа замонларда арбоблар ва турфа табиблар уни ўзларига мослаб олиш пайида бўлишган. Масалан Шўролар замонида унинг номи “Совет врачининг қасамёди” эди ва  тузум ғоялари сингдирилганди. Ҳозирги врач қасамёдида ҳам асл нусхадан оз боблар қолган. Мен қадимги нусхалардан бирини ўқигандим ва мана бу сўзлар хотирамда михланиб қолганди. ...” Ҳеч қачон қулларни бичмайман, аёлларнинг боласини олиб ташламайман!”  Албатта, қўлчилик тугатилгандан кейин унинг биринчи қисмини олиб ташлашган, иккинчиси ҳам ноўнғайлик туғдирган. Ҳозир уйларида ғайриқонуний аборт билан шуғулланадиган чаласаводлар анчагина.
   Хуллас, аёл ана шундайлардан бирига бориб, боласини олдирса, чақалоқ ўғилча бўлиб чиқибди.
    “Демак, аёл шунинг учун ўзини осган”, хулосани тинглашга шошиламан.
  “Йўқ”.
  “Хўш?”
   “Уёғини айтсам, давлениянгиз ошиши мумкин”
    “Гапиринг, чўнтагимда “Энап Н” бор...
   Ҳа, қисматнинг давоми анча фожиали экан. Аёл қизларини қайнонасига қолдириб, докторга жўнаган  ва улардан эҳтиёт бўлишни қайта-қайта тайинлаган экан. Кампир қизларга қараб турганда,  қўшникига совчи келиб қолибди  ва бир зум меҳмонлар олдида ўтишини ўтиниб сўрашибди. Қайнона, ноилож  укасига эҳтиёт бўлиб туришни катта набирасига  қайта- қайта тайинлаб қўшниникига  чиқибди. 
    Бир оздан кейин қизалоқ укасини овутиш илинжида уни кир ювиш машинасига солиб,  айлантириб юборишини ким ҳам хаёлига келтирибди дейсиз.. Бир маҳал машина ичида қонни кўрибди ва қўрқиб кетиб,  бувисини чақиргани югуриб чиқса, бечорани машина уриб кетибди.
     Аёл уйига келгач,  ўзини осибди...
   Одамлар нега ўзларини осадилар, отадилар?
    Бу бебеақо дунёдан бор умидини узиб, қўли шалвираб қолганларнинг бундан бошқа иложлари бўлмайди чамаси... 


Комментариев нет:

Отправить комментарий