среда, 11 сентября 2013 г.

САРҲИСОБ 32


             САРҲИСОБ 32
   Август ойи давомида уйда  (Фирузнинг янги иморатига) уста ишлади. Пол, потолок дегандай. Лекин бемалол бўлди. Аввалгидай уларга  тушлик қилмадик  − пули берилди.
   Ногаҳонда Ашрафнинг ошқозон  яраси очилиб, қон кетди.  Қони  − 3 бўлганлиги боис донор топиш мушкул кечди. Уни муқаррар бир ўлимдан сақлаб қолишди. Инсон умри қил устида эканлигига ишондим.
   Ўғилларнинг иши анчайин ривожда. Чўпонотада янги ангарлар қуришди, Суперфосфат томондан  мулк харид қилишди.
   Соғлиғим яхши:  қон босими безовта қилмаябди. Жамоага қўшилябман. Бир неча таъзиялар ва тўйларда бўлдим. Ёзмаябман. Ҳар куни фаесбукни очиб ўқиябман, айримларига коммент қолдираябман. Умр беҳуда ўтаётганидан баъзан дилим ғаш бўлади.
      Бирайўла икки набирам – Дониёр билан Райҳонани биринчи синфга кузатдик. Ота−оналари уларни негадир рус синфларига беришди. Монелик қилмадик.



 Cентябрга келиб эса фаесбукда кичик ҳикоячалар эълон қилабошладим. Уларни қизиқиб ўқишаябди. Комментлар ва шарҳлар сони 20 дан ошаябди. Қуйида уларнинг айримларини эълон қиламан.
                                         
                     КЎЧА  ГАПЛАРИ
    Биз томонларда  (Самарқанд тумани) совуқ тушиши билан газ ва электр таъминотининг оқсоқлиги асосий мавзуга айланади. Чойхоналар, маракаларда бор газнинг Хитойга берилаётганлигига урғу беришади,  ҳеч чўчимай, “таппи ёққан ўзбегим”  деган мисраларни такрорлашади.
     Шу кеча-кундузда эса турли-туман ва ғаройиб  ўғриликлар ҳақида  гап сотадиган бўлишган.  Фалон жойда ундоқ бўлибди, бундоқ бўлибди, эҳтиёт бўлиш керак ва ҳакозо...
     Аслида, “кўча гаплари”га ҳам нописанд бўлмаслик керак,  зеро, улар  бежизга айтилмайди ва батамом  тўқима эмас.
   Бизга қўшни Қозиқўрғон қишлоғида Илҳом милиса деган  биродаримиз яшайди. Узоқ йиллар милицияда хизмат қилган, эндиликда маҳалла  қўмитасининг раиси. Илҳом ака хотини билан санаторияга кетган экан. Қайтиб келса, уйи шип−шийдим, кийим−кечак, жиҳозлар...Сейфи бор экан денг, унинг қулфи арраланган. Шунча йиллар давоми ўзи билан хотинининг топган- тутганидан ташқари, қизи АҚШга кетатуриб, олтин буюмларини келтириб, шу сейфга  яширган экан...  Милицияга хабар беришади, албатта. Исковуч ит  роса ҳид олиб, қабристон томон йўл олади. Қизиқувчан халойиқ ҳозир муъжиза рўй берадигандай унинг ортидан эргашадилар. Овчарка катта дарахт тагига бориб сийади ва одамларга қараб, тилини чиқариб  тураверади.
   Қўшни туманда Ҳоживой деган ўпка овсар мардикорчилик қилиб кун кўраркан. Бола пақир ногаҳонда бойиб кетабошлабди. Қасрмонанд иморатлар қурибди, ресторанларда таниш билишларга зиёфат берабошлабди.  (Кўрмаганни кўргани қурсин)  Милиция қизиқса...аниқроғи андак сиқувга олса, Илҳом милисаникидан ташқари ҳам ўттиз кишининг уйини урганини бўйнига олади, бояқиш,  бориб ўша даргоҳларни кўрсатади ҳам. Терговда у, Илҳом милисаникида ҳожатхона учун чуқур қазиганини айтиб,  унинг набирасидан бор гапни, жумладан, яқинда эр-хотин санаторияга кетишаётганини ҳам  сўраб олганини  айтиб беради.
                                 *  *  *


    Биздан нарироқдаги қишлоқда бойгина оилага  айни туш маҳали ҳижоб ўраган ( бизда уларни “монашка” дейишади) икки жувон кириб келишади. Қуюққина салом-аликдан кейин кампирга мурожаат қилиб, шу даргоҳда пешин намозини ўқиб олишга рухсат сўрашади.
    Хонадонга яқинда келин тушган экан. Онахон келинни чақириб, меҳмонларга жойнамоз тўшашни буюради. Улар келинни жиҳозланган хонасига киргач, ҳалиги “монашка”лардан бири, кутилмаганда мезбонга пичоқ ўқталиб, олтин буюмларнинг жойини сўрайди. Қўрқиб кетган келин итоат этади, албатта.  Кейин келинни ётқизиб, оғзига латта суқишади ва кўрпага ўраб қўйишади. Уйдаги бор бисотни сумкага солгач, улардан бири кампирни овунтириб туради, дугонаси ҳамиша  намозни икки карра кўп ўқишини айтиб, нолиган бўлади. Шу орада иккинчи “монашка” юкларни уйдан олиб чиқади. Улар қуюққина хайр-хушлашиб кетгач,  шундай хушфеъл ва художўй меҳмонларни кузатиш учун чиқмагани сабаб келинни койигани уйга кирса... Бечора келиннинг нафаси қисилиб, ўлиб қолган бўлади. Одамлар тўпланишади, милиция деганларидек... Исковут ит бу гал катта кўчага чиқиб изни  йўқотади.
   Бу жиноятнинг содир бўлганигаа бир  неча ой бўлди, аммо у очилганича йўқ. Сиз томонда қандайлигини билмайман, аммо бизда  ички ишлар идораларида хизмат қиладиганлардан маълумот олиш мушкул.  Ҳатто суддан кейин ҳам ўзларини мулоқотдан четга олишади. Гоҳида кўрсатгич бармоқлари билан сирлигига юқорига ишора қилишади, холос.
Бундай пайтда “Яшасин, батамом эркин фикрли − кўча гаплари”, дейсан ва уларга  таянасан киши.
     Тағин бир латифанамо гап. Икки  жўқчи гап сотиб боришаётган экан. “Абдурайим, дебди улардан бири, шу уври дегани сапсем жўғолди-я?”  “Жўғолгани жўқ, дебди шериги, увриларди бари идарага кириб кетган”.  Кўп идораларда  “сокрашение” бўлаябди. Улар тағин аввалги касбларига қайтишмадимикин, деб ўйлайман гоҳида. Ёки амнистия туфайли озодликка чиқиб,  эски касбни давом эттиришаябдимикан?
    Ўзимиз ҳушёр эмасмизми? Ёки милиция лакаловми? Билмадим, билмадим...
          

                                    ЎТМИШДАН ЭРТАКЛАР  3
      Сталин оламдан ўтган − 1953 йилнинг 5 март кунини яхши эслаб қолганман.
   Қишлоқда фақат биз ва раиснинг уйида “Родина 49” маркали радиоприёмник бор эди. Туш пайти қишлоқ хўжалик ходимлари учун эшиттириш бериларди. Худди шу пайтда  таниш−билишлар Тамарахоним,  Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов сингари санъатимиз дарғаларини тинглагани келишарди.
   Кейин буларнинг бари барҳам топиб, ўрнига биз учун бегона Оврупоча ғамгин музикалар янграйдиган, сухандон  рус, ўзбек тилларида ўртоқ Сталиннинг бетоблигини ғамзада овозда бот−бот такрорлайдиган бўлди.  Мактабдан муаллимлар навбат билан келиб, бу ташвишли ахборотни тинглашар ва жамоага етказишарди.
    Россиядан келган ёшгина муаллима, айнан 5 март куни ҳунграб йиғлаганича,  мактаб томон югурганини кўриб қолдим. Сталин ўлган эди!
   Одамлар, худди душман бостириб келаётгандай, анчайин хавотирли ҳолатга тушишганди, ташвишли нигоҳлардан: “Энди қандай яшаймиз?” деган сўроқни уқиб олиш қийин эмасди.
  Ҳокимият тепасига Хрушчев келгач, Сталин шахсини танқид қилди ва кўпчилик буни ўта адолатсизликка йўйди. Кейин собиқ доҳийнинг ҳайкалларини олиш бошланди. Мактабимиз ҳовлисида Ленин билан Сталиннинг ёнма−ён ўтиришган ҳайкаллари бўларди. Бир кун келсак, Лениннинг  ўзи ёлғиз ўтирибди. “Сталин Хрушчев билан гаплашиб қўйгани кетган”,  деб ҳазиллашди муаллимлар.
   Қўшни колхозда  “халқлар доҳийси”нинг ўлкан ҳайкали бор эди. Тунда уни қулатаётганда, колхоз қоровули босиб, шўрликни ўлдириб қўйибди.   Кейин ҳайкал яқинига йўлашдан чўчиб, бир неча кун унга йўлашмабди ҳам. Ниҳоят, раис катта қути ясатиб, ичига  похол тўшатибди ва ҳайкални унга солиб,  сомонхонага элтиб қўйибди.  “Сталин барибир оқланади ва мен уни биринчи бўлиб тиклайман” дебди умид билан.
  Лекин кўриб турганингиздек,  этикдўз Жугашвилининг ўғли  қайта оқланмади.  

Комментариев нет:

Отправить комментарий