Биз
Шоҳи зинданинг беш асрдан бери очилиб ёпиладиган боғдоди эшигидан киришимиз
ҳамоно, дадам Американи кашф этган Колумбдай ҳаяжонга тўлиб, завқ-шавқ билан
монолог ўқишга киришдилар.
–
Дунёнинг бирор қитъасида бунақа обида йўқ. Бу ерда еттинчи асрда арабларга қарши
куращда қурбон бўлган суғдий билан кечагина, яъни йигирма биринчи аср арафасида
овқатдан заҳарланиб ўлган йигитча ёнма-ён ётишади. Уларни асрлар ҳам, мазҳаблар
ҳам ажратолмайди. Мана бу зиналарни санаб чиқиб, санаб тушинг – адашиб
кетмасангиз, гуноҳлардан ҳолисиз.
Рости
гапки, мен бу сафсаталардан зерикабошлайман. Чунки аввал келганимда ҳам шунга
ўхшаш таъкидларни тинглашга тўғри келган. Бир-бирига ўхшаш ялтироқ қошинлар, соқов
мақбаралар, тору танг йўлаклар, баланд-баланд зиналар ҳам файзли эмас. Булардан
кўра шортик кийиб олган чет эллик чолларни кузатиш мароқлироқдай. Уларнинг
ёшига ярашмаган чаққонлик билан, ҳовлиққанча фото ва кино аппаратларини ишга
солишлари, туршакдай бужмайиб қолган кампирларнинг алланималар деб чулдираши,
таржимонга бот-бот мурожаат этиши; ғужанак бўлиб олган афтодаҳол гадо ғалатироқдай.
Чет
элликлардан нигоҳимни узиб, дадамнинг бугунги меҳмонларига разм соламан. Боя
ҳикояни ўртасидан бошлаганим учун уларни таништириш имкони бўлмай қолганини тан
олишим керак, албатта.
Меҳмонларнинг
сарғишроғи – Москвадан – таржимон, иккинчиси-Тошкентлик. Дадамнинг нақл қилишларича,
журналист экан; бир маҳаллар бирга ишлашган эмиш.
Улар
ҳайрат оғушида эдилар. Москвалик таржимон бошини батамом орқага ташлаганича
кадимий, ўймакор устунга, беҳисоб вассаларга тикилиб қолган эди. Ногаҳоний
мўъжиза билан юзма-юз бўлиб қолгандай гажакдор нақшларни оҳиста пайпаслаб
кўрар, қониқиш ила бошини сарак-сарак тебратарди. Тошкентлик меҳмон эса
вужудлари қулоққа айланиб, дадамни тингларди. Бундан руҳланган дадам янада
ҳаволаниб, баланд пардаларда давом этардилар.
–
Мана бу – Қозизода Румий мақбараси. Қўш гумбазли. Бўёқларига қаранг – беш асрдан
бери зарра хиралашгани йўқ. Кимёгарларимиз унинг таркибида ўттиз хил элемент
борлигини аниқладилар. Тадқиқот эса давом этяпти. Қозизода Румийни Жалолиддин
Румий билан чалкаштириб юбормаслик керак. Бу киши шоирлик қилмаганлар; асосан
математика, астрономия билан машғул бўлганлар. Аввал Амир Темур саройида бош
мунажжимлик, кейин Улуғбек расадхонасига раҳбарлик қилганлар, Қори Ниёзийнинг қайд
қилишларича, Қозизода Румий билан у кишининг шогирди Али Қушчи Нютон биномини
ўша пайтлардаёқ ёзиб қолдиришган экан. Айрим манбаъларга қараганда, машҳур Зижи
Кўрагонийни ёзишда ҳам бу киши иштирок
этганлар. Ўзлари асли римлик – шунинг учун Румий дейишади.
–
Энциклопедияда Қозизода Румийни Туркиянинг Бурса шаҳридан деб ёзишган, – деди
Тошкентлик меҳмон. – Амир Темур Боязид Султонни мағлуб қилгач, у ердан бир
талай олимларни ҳам олиб келган.
Улар
уччовлашиб, шу масалани муҳокама қилакетишди. Лекин англашимча, бир тўхтамга
келишаолмади. Менинг эътиборимни эса Қозизода Румий қабри қаршисида чўнқайиб
олиб, тиловат қилаётган икки отахон тортди. Улар ховучларини очганларича узоқ
дуо ўқишди.
–
Бу ерда ўнлаб мақбара ва гумбазлар бор, аммо уларнинг бирортаси иккинчисини
такрорламайди, – давом этдилар дадам ва ўнг томондаги обидани кўрсатдилар, –
мана бу сағана кимники эканлиги маълум эмас. Қайсибирам бетавфиқ унинг –
устидаги мармарни қўпориб кетган. Бу ерда
шоир ётибдими, жаллодми, маликами – билиб бўлмайди. Аммо гумбазга қаранг,
гумбазга – у саккиз қиррали. Эрон усталари қурган деб тахмин қилишади. Чунки
Теҳронда ҳам шунақа мақбаралар бор экан-да.
Биз
Қусам ибн Аббос қабрини зиёрат қилаётганимизда дадам тўтиқушдай тағин ўша
машҳур афсонани такрорладилар.
–
Бу қабрдан йилнинг маълум фаслларида сирли садо янграйди. У темирчининг
сандонга муттасил болға ураётганини эслатади. Эмишки, бир замонлар душман мўру
малахдай бостириб келганда, суғд лашкарлари шу ерга кириб яширинганмиш. Ҳозир улар қилич ясаётганмиш– қачонлардир чиқиб,
душманга зарба беришармиш.
Мен
астойил қулоқ тутдим, аммо ҳеч қандай садо эшитмадим. Меҳмонлар ҳам бу овозни
илғашмади.
–
Мен бир неча бор эшитганман, – дедилар дадам, андек иккиланганимизни сезиб.
Қадимий
чорпаҳил ғиштлар қалашиб ётган тор йўлакдан ўтиб, устини хас-хашак босган,
айримлари чўкиб кетган қабрлар оралаб юрдик. Бир маҳал асфальт йўлак бошланди. Унинг
икки томонидаги қабрлар анчайин серҳашам эди. Қора, оқ мармарлардан боқиб
турган эркакларнинг қиёфасида амалдорларга хос виқорми, замзамами намоён эди.
Дадам
тушунтирищда давом этдилар.
–
Ўн бешинчи асрда аристократиянинг қабристони алоҳида бўлганидек, ҳозир ҳам улар
киборликларидан қолганлари йўқ.
–
Ҳатто қабрда ҳам, – қўшиб қўйди меҳмонлардан бири.
–
Мана бу одам ўн йилдан кўпроқ амалдорлик қилди, – дедилар дадам – қора мармарга
ишора этиб,– мамлакатда қайта қуриш бошланиши билан сирлигина вафот этди.
–
Қандай сирли, – қизиқди москвалик меҳмон.
–
Ҳали-вери ўладиган эмасди-да, – дедилар дадам, –
беҳосдан...
–
Одамнинг жони омонат нарса, – деди суҳбатдошлари , – чирт этиб узилиб кетиши
ҳеч гап эмас.
–
Эл оғзида бу одам ҳакида турфа ривоятлар юрибди.
–
Хўш?
–
Гўёки у тирик эмиш. Ўрнига бошқа марҳумни кўмдириб, ўзи жуфтакни ростлаб қолганмиш.
Бу
жавоб фақат меҳмонларнигина эмас, мени ҳам қизиқтириб қолди. Ажабландим: бир
бойвуччанинг ўрнига бошқа бегуноҳ қамоққа олинганини ёки пул аралашиб, ўзга бир
ўсмир Афғонистонга жўнатилганини эшитган эдим. Аммо нариги дунёга...
–
Нега ундай қилиши мумкин, – ажабланди меҳмон.
–
Металл* жамғариб қўйган бўлса, ажралиб қолмайин;
дегандир-да. – ўсмоқчилади Тошкентлик меҳмон.
Улар
шу мавзуда бир муҳлат баҳслашиб олишди. Дадам меҳмонларнинг мунозараларини
бўлиб, узилиб қолган каломларини давом
эттирдилар.
–
Хуллас, бир ҳамшаҳаримиз бу одамни вафотидан олти ой ўтгач, Чита шаҳридаги
бозорда учратиб қолади.
–
Йўқ-ей, – ажабланди меҳмон.
Мен
тафсилотни эшитиш илинжида қулоғимни динг қилдим.
–
Ха, ҳалиги ҳамюртимиз ўша ёққа майиз олиб борган экан, кўриб қолибди: мужикка
ўхшаб соқол қўйворган, кийимлари ҳам алланечук эмиш. Овозидан, қадам олишидан
таниб қолибди. Ҳеч сир бой бермаса ҳамки,
шубҳага тушибди, баччағар. Майиз харид қилмаёқ, туёғини шиқиллатибди.
Меҳмонлар
тағин баҳсу мунозарага киришиб кетишди. Мен эса ҳангоманинг давомини
эшитишга илхақ бўлиб турдим. – Орадан уч ой ўтгач, университетда ишлайдиган бир
домла «марҳум»ни Москвадаги меҳмонхонада кўриб қолади. Андак лакаловлик қилиб,
салом беради-ю, бориб кўришади. Бир маҳаллар «Жигули» олишга кўмаклашганини
айтиб, миннатдорлик изҳор этади. Ишонасизми, шу одам Самарқандга келиб,
сирлигина ўлиб қолди.
Меҳмонлар
кулишди. Мен эса ачиндим. Кўз ўнгимга сабил қолган «Жигули» келди.
–
Демак, мафия аниқ ишлаган, – деди тошкентлик меҳмон.
–
Лекин бу кўча гаплари бир-бирига унчалик қовушмайди, – давом этдилар дадам, –
биров уни тоғдаги қишлоқда муллалик қилиб юрганини айтса, бошқаси Эронга ўтиб
кетганини тахмин қилади. Балки булар бари сафсатавозликдир, ҳангомадир...
–
Аммо бу одам шаънига самарқандликлардан илиқ гапларни ҳам кўп эшитганман, –
деди тошкентлик меҳмон ва марҳумни анча сифатлади.
Биз
совуқ мармарлар оралаб йўлда давом этдик. Бир қабр устига мўъжазгина мис ҳайкал
ўрнатилган бўлиб, унинг остида «Ҳожиқурбон Ҳамидзода» деб ёзилган, икки қатор тожикча шеър
битилганди. Тошкентлик меҳмоннинг кўзлари ногаҳонда нурланиб кетди; ҳаяжондан
вужуди енгилгина қалтиради.
–
Ҳожиқурбон ака журналистикани биздан уч йил олдин
битиргандилар, ўша пайтдаёқ
университетда машҳур эдилар; гаплари бағоят тагдор, пурмаъно бўларди.
–
Начора – қисмат. Лаънати авария...
Оқ
ва қора мармарлардан ишланган навбатдаги сағана жуда башанг эди.
–
Бу одам хам собиқ мансабдорлардан, – давом этдилар дадам.
–
Хизматлари каттами?
–
Билмадим, ҳар қалай сангтарош оқ ва қора мармарларни тенг ишлатибди-ку. Бунда
бирор ҳикмат бордир.
Биз
йўлакнинг поёнига қараб энганимиз сари сағаналар кичрайиб, ҳашамсиз бўлиб
борарди. Биз негадир очиқ қолдирилган қабр қаршисида тин олдик.
–
Мана бу қабр...
–
... ўз эгасини кутмоқда, –
дадамнинг каломларини давом эттирмоқчи
бўлди москвалик меҳмон.
–
Йўқ, бу очофат лаҳат ўлжасини комига тортолмай, алданиб қолди, – дедилар дадам.
Ажабландим.
Чунки бунақасини сира эшитмагандимда.
Меҳмонлар ҳам сукут сақлаб, дадамнинг оғизларини пойлашди. Буни ҳис этган дадам
иззатталаблик билан бир лаҳза тин олдилар. Тошкентлик меҳмоннинг тоқати тоқ
бўлиб, тергаб қўйгандан кейингина давом эттирдидар.
–
Бизда Зомини деган маҳалла бор. Тарихий манбаъларга қараганда, улар бир неча
аср муқаддам Зоминдан келиб қолишган экан. Аммо тожиклашиб кетишган. Шу
маҳаллада Маҳмуди жўжа деган одам бор; паррандачилик фабрикасида ишлайди.
Тегирмонда туғилган сичқон сахий бўлади, деганларидек, бутун маҳалласини жўжа
билан таъминлайди. Шу одамнинг ўғли Афғонистонда эди. Бир куни: «Бола нобуд
бўлди», деган нохуш хабар келди. Аскарлар
сандиққа солинган йигитни олиб келишди. Ўзим ҳам боргандим – анчайин
тантана билан кўмишди.
–
Очишдими?
–
Йўқ, рухсат бўлмади! Лекин буёғини эшитинг. Орадан икки кун ўтгач, шу парранда
фабриканинг бир ходими Тошкентга бориб, аэропортда ҳалиги «марҳум»ни кўриб қолибди.
Кўзларига ишонмасмиш, бояқиш, «Сен хақиқатан ҳам ўзимизнинг Маҳмуд аканинг ўғлимисан»,
деб сўрармиш бот-бот. «Ҳа, дебди у,
аммо мени учратганингизни ҳеч кимга айтмаслигингиз керак». «Нега?» ажабланибди
экспедитор. «Москвага жуда муҳим топшириқ билан кетяпман». «Қанақа топшириқ?»
«Бу – ҳарбий сир, чайналибди солдат, ҳатто самолётдан тушиш ҳам ман қилинган,
аммо ҳаво айниганлиги учун бир соатга ижозат беришди». Экспедитор деганини
биласиз-ку – қилни қирқ ёрадиган туллак бўлади. Кўнглига ўт тушибди. Самарқандда
бўлиб ўтган нохуш гапларни сир тутиб, аскарнинг дилидаги асрорларни суғуриб
олаверибди. «Полковникнинг ўзи чақириб, шу документларни Москвага олиб
борасан», деди, калаванинг учини чиқарибди ўсмир. Экспедитор ҳалиги дипломатни
қўлга олиб, салмоқлаб кўрса, зилдай эмиш. Тўхта, дебди, бу ерда бир асрор борга
ўхшайди. Аэропортда ҳомуза тортиб ўтирган, бир ҳардамҳаёл милиционерга учрашиб,
бошлиғини суриштирибди, унга бағоят муҳим гапи борлигини айтибди. Экспедитор
бошлиққа барча тафсилоту гумонларини гапириб, дипломатда ҳужжатлармас, пул
борлигидан шубҳаланаётганини баён этибди. «Афсуски, биз ҳарбий операцияларга
аралашолмаймиз», дебди у нонемас ҳам. «Ундай бўлса аралашадиган одамнинг
телефонини беринг», дебди эзмалик билан. Ўзи бу дунёнинг остига ё кезма етади ё
эзма деган гап бор. Шундай қилиб, бошлиқ қарасаки, тагига етмаса қўймайдиган қайсарлардан.
Телефон қилиб, бир полковникни чақирибди. Ҳалиги полковник дипломатни қўлга олибди-ю: «Бу пул
эмас, наша» дебди. Зудлик билан комиссия тузиб очишса, дарҳақиқат ... Лекин
дипломатнинг ичидан бир машъум мактуб ҳам чиқибди. «Гена! Ҳавфсизлик учун бу солдатни гумдон қилиш керак! Унинг уйига юборилган гробда айтган
нарсаларинг бор. Мен боргунча ҳидини чиқарма...» деб ёзилган экан.
Шундай
қилиб, оператив группа тузишибди, Бу ерга келиб хабар олишса, темир тобутни
аллақачон ўмариб кетишган экан, хумпарлар! Барини қўлга тушириб, қамаб
юборищди.
–
Солдат тинчми, ишқилиб, – хавотирланди москвалик меҳмон.
–
Ҳа, у ҳам жўжапурушлик қиляпти,
Биз
йўлда давом этар эканмиз, меҳмонларнинг бири қўйиб, иккинчиси бу қабоҳатга қўл
урган олчоқларни лаънатлашарди. Лекин менинг хаёлларимда бошқа нарсалар айқуш-уйқаш
эди.
Биз
қисматлар кўргазмасида давом этдик.
–
Энди мана бу қўш қабр ҳақида гапираман, – дедилар дадам, – бу ерда тоға билан
жиян ёнма-ён ётишибди.
–
Демак, улар бир кунда...
–
Улар бир-бирларига жуда меҳрибон бўлишган. Дўконларда пахта танқис бўлиб қолган
ўша йилларда магазинга пахта келиб қолади, «Менга қара, жиян, дейди тоға,
иккаламиз бир той пахта харид қилиб қўйсак дегандим – кўрпа-тўшак, дегандай...»
«Ҳа, ҳа, келинингиз ҳам айтиб юрганди», маъқуллайди у.
Улар пахтани тоғанинг эски «Москвич «ига ортиб, уйга олиб келишади. Тоға симни
ечиб, тойнинг ўртасида иккига тақсимласа...
У
киши шу ерга келганда, одатдагидек тин олдилар. Мен бетоқатланиб, воқеанинг
давомини тахминлай бошладим. Эҳтимол, пахта тойи орасидан ҳам наша чиққандир;
балки тоға харислик қилиб, кўпроқ олмоқчи бўлгандир жомадаронлик қилишгандир.
–
... пачка-пачка пул целлофанга ўралиб, тахлаб қўйилган экан.
–
Бечора тоға-жиян, – уларга ачинди меҳмон.
Мен эса ажабландим. Чунки тоға-жиянга ҳавасим
келиб турганди-да, шу тобда. Қани-ку, мен ҳам...
–
Улар саросимага тушишмайди. Тоға кўпни кўрган, кайвони одам эмасми – пулнинг
устини пахта билан енгилгина ёпиб, савол назари билан жиянига қарайди. «Кўпроғини
сиз олинг, дейди жиян, менга озроқ тегса ҳам розиман». «Йўқ, жиян, дейди тоға,
нима бўлса , ўртасидан арралаймиз.
Ранда, теша қилиб юрмаймиз» . Лекин ҳидини чиқарган – номард! Ҳатто хотинга ҳам...
Гап
шу ерга келганда меҳмонлар беихтиёр кулишди ва негадир шундай қизиқарли
суҳбатдан чалғиб кетишди.
–
Тўғри, – деди москвалик меҳмон, – ҳамма гапни оламга ёядиган – хотин! Сталин
нима учун уруш йиллари атрофидаги арбобларнинг хотинларини қамаб қўйган. Ҳарбий кенгаш режаларини билиб қолишса, гапнинг ҳиди чиқиб,
душман сирдан воқиф бўлишини ўйлаган.
–
Лекин бу – ўта жаллодона усул.
–
Бир киши катта қўйни сўйибди-ю, қопга солиб, ертўласига кўмибди, – дадам
мавзуга яқинлашиш ўрнига тағин ҳам йироқлащдилар. – Хотинига айтибдики: жаҳл
устида ярамас солиқчини сўйиб қўйдим; огоҳ бўл – оғзингдан гуллаб қўйма! Эртаси
маст бўлиб келиб, хотинини дўппослаб қолибди/атайин/. Аёл фарёд солиб қозигами,
милисагами – ишқилиб, арз-додларни сўрайдиган маҳкамага борибди. Эри қотиллик қилганини
тўкиб солибди, албатта. Ҳалигилар
ертўлага кириб қарашса... «Хотинимни синаш учун шундай қилган эдим», дермиш овсар. Шунга ўхшаб...
–
Овсар эмас, туллак экан, – деди меҳмон.
–
Энди хотинни дўппосласа – жим ўтирмайди-да, – деди жавобан москвалик меҳмон.
–
Барибир, айтмаслиги керак эди, – деди шериги. – Шарқда шунақа.
–
Шарқ ахлоқи ҳеч қачон мунофиқликни ёқламаган, – эътироз билдирди москвалик
меҳмон. Мен Ибн Сино билан Ҳофизни ўқиб,
бунга тағин бир бор имон келтирдим.
Шундан
кейин Сино билан Ҳофизнигина эмас, Улуғбек билан
Донишнинг ҳам руҳи безовта қилинди; уларнинг буюклиги, эминлиги, устиворлиги
таъкидланди. Дадам меҳмонларнинг диққатини тортишга мажбур бўлдилар.
–
Биродарлар, биз мавзудан четга чиқиб кетдик–ку! Мен сизларга тоға-жиян қисматини
гапираётган эдим.
−Ҳа, ҳа, давом этинг.
–
Хуллас, уларга йигирма беш мингдан тегади. Икковлари ҳам имкон қадар босиқлик
билан иш тутиб, машина харид қилишади, қизларга бисот, иморат дегандай...
–
Тирикчилик.
–
Хуллас, орадан бир ярим йил ўтиб, шўрлик тоғани терговга чақириб қолишади.
«Сизда эллик минг сўм пул бор, дейди терговчи, қитмирона синчковлик билан, шуни
ўз қўлингиз билан топширмасангиз, фалон моддага биноан...» Тоғанинг капалаги
учиб кетади – ахир, мол балоси – жон балоси, дебди машойихлар. Бунинг устига
савил қолгур пул сарфлаб қўйилган. «Жияним хабар бердими», сўрайди тоға беҳудуд
ғазабини тийиб. «Йўқ, хотини келиб айтди», дейди у ҳийлакорлик билан. Тоға
уйига келади-ю, қўшотар милтиғини олиб
чиқиб, жиянини отиб ташлайди. У аслида аёлни отмоқчи бўлади-ю, аммо ажали қистамаган
эканми, уни тополмай, жиянини аспаласопинга жўнатади.
–
Жаҳолат, – деди меҳмонлардан бири.
–
Йўқ, бу – монокультура оқибати, – деди иккинчиси.
–
Униси ҳаммас, буниси ҳам, – дедилар дадам. – Бу бориб турган лакаловлик. Жиянда
тариқча айб йўқ экан! Унинг хотинида ҳам. Барига «Озодлик» радиостанцияси сабаб
бўлибди.
–
Қандай?! – ажабланишди ҳамроҳлар.
–
Бизнинг пахта заводимиз билан Россиядаги тўқимачилик комбинати корчаллонлари
орасида хуфя шартнома бор экан. Улар пахтани жўнатиб, орқасидан телеграмма йўллашаркан. Бу телеграммада рақамдан
бўлак ҳеч вақо бўлмаскан. Мазкур рақам эса орасига пул яширинган пахта тойининг
номери бўларкан. У ердаги муттаҳам пулни санаб
оларкан-у, фалон тонна пахта олдик, деб қоғоз жўнатаркан. Ошириб
кўрсатилган ана шу ҳужжат асосида булар банкадан пул ўмаришаркан.
–
Да, айланма қаллоблик, – деди москвалик меҳмон.
–
Бир куни «Озодлик» радиостанцияси: «Олти миллион тонна пахта етиштирадиган
ўлкада ярага босадиган бир сиқим пахта топиш амри маҳол. Одамлар қашшоқ:
супрасини қоқсанг, чанг чиқмайди», деб «туҳмат»қилибди . Республиканинг собиқ
раҳбарлари душманнинг бу янги иғвосидан тутақиб, ўша куни жўнатиладиган ҳосилни
халққа сотишга қарор қилибдилар. Ҳалиги
пахта тойи бора-бора тоға-жиянга тегиб қолибди. Бир ярим йилдан кейин пахта
заводининг директори қўлга тушиб, милиса ҳиқилдоғидан олгач, бор гапни айтибди.
Изқувар терговчилар номерига қараб суриштириб боришса, шу дўконга тушган экан.
Пахта харид қилганларнинг барини сўроғдан ўтказаётганда, тоға соддадиллик қилиб,
лақиллаб қўйибди. Бўлмаса терговчи билмаган экан.
–
Хўш, кейинчи?
–
Кейин тоға жиянни отади-ю, болохонасига чиқиб олиб, ўзини ҳимоя қилади. Отишма
бошланади. Йўқ, ўқ тегиб ўлди, шўрлик. Уларни ёнма-ён кўмишди.
Меҳмонлар
надомат ила бош тебратишди. Негадир терговчини роса айблашди. Биз йўлда давом
этдик ва давр тақозоси билан кичрайиб қолган, илма-тешик бўлган қабр қаршисида
тўхтадик.
–
Шоҳи зиндада афсона ёки ҳақиқатлигини билиб бўлмайдиган жумбоқлар бир талай, –
дедилар дадам, – мана бу қабр Қозим ака деган эронийга тегишли. Ҳақиру фақир одам эди, раҳматли.
–
Демак, Самарқандда эронийлар ҳам яшашади, – сўради меҳмон.
–
Ҳа, уларнинг маҳаллалари, колхозлари бор. Лекин
ўзбеклашиб, тожиклашиб кетишган. Паспортларига ҳам «ўзбек» деб ёзилган.
Дадам
эронийлардан чиққан машҳур кишиларнинг номини тилга олдилар, уларни бирма-бир
сифатладилар. – Хуллас, биз тағин мавзудан чалғиб кетдик, – дедилар у киши. –
Мана шу қабр устида гоҳи-гоҳида ярим қулочча келадиган нақшин илон пайдо
бўлади. Уни ўзим кўрганим йўқ, аммо гувоҳларнинг нақл қилишича, қизғиш, яшил
рангда товланаркан. Одамдан унча чўчимаскан ҳам.
–
Мумкин, – тасдиқлади меҳмон, – бу мўъжиза эмас.
Мен
учун эса бу ҳол негадир мўъжизавий бўлиб туюлди. Хатто енгилгина хавотирга
тушиб, ҳас-хашаклар орасига кўз югуртириб қўйдим.
–
Лекин шуниси мўъжизаки, – давом этдилар дадам, – ўша илон – илон эмас!
–
Марҳумнинг руҳи, демоқчимисиз, – қизиқди меҳмон.
–
Билмадим! Ҳарҳолда бир ҳикмат бор.
–
Масалан?
–
Қозим ака уч фарзанд кўрганлар-у, аммо норасидаларнинг бари бир ёшга тўлмай
нобуд бўлган. Бу кишининг ўзи операция пайтида узилди. Тасодифни қарангки, ўша
пайтда хотини оғироёқ экан.
Аёлнинг
кўзи ёришиши олдидан тушига эри кириб: «Фарзанд кўрган кунинг ўзга қиёфада
кириб бораман – чақалоқни бало-қазолардан сақлайман», дебди. Шундай қилиб денг,
гўдак дунёга келган куни уйда мана шу илон пайдо бўлади.
–
Буниси энди афсона, – шубҳасини яширмади тошкентлик меҳмон.
–
Мен ҳам дастлаб шундай деб уйлагандим, – дедилар дадам, – аммо ўша илонни
кўрганлар билан гаплашгандан кейин фикримдан қайтдим.
–
Хўш, хўш, кейинчи?
–
Аёл дастлаб сесканиб юрибди-ю, кейин кўникибди. Айрим кунлари илон бешикнинг ичига
кириб, чақалоқнинг пойида кулча бўлиб ётаркан. Аёл уни меҳрибон оҳангда койиб
ҳайдаркан. Шу тариқа чипор оиланинг эркин аъзосига айланиб қолибди. Уйдагилар
уни бир зум кўришмаса, қумсайдиган, дараклайдиган одат чиқаришибди. Бир йилдан
кейин эса ўз-ўзидан йўқолиб қолибди. Одамларнинг айтишича, мана шу қабрдаги
илон ўша чипор эмиш.
–
Эҳтимол, – деди сариқ сочли меҳмон, бу гапдан таажжубга тушиб. Бошқалар ҳам
ажабланишди ва турфа тахмин, эҳтимолларни баён этищди.
Биз
тағин бир неча қабрлар пойида тин олиб, марҳумларни хотирладик, Аммо бу одамлар
ҳақида тасаввурим бўлмагани учун зерикабошладим. Назаримда ҳар бир қабрда илон
бордай эди.
Катталар,
айниқса машҳур созанда Ҳожи Абдулазиз
ибн Абдурасул ҳамда академик Воҳид Абдулло қабрлари наздида сукут сақлаб, бу
сиймоларни эҳтиром ила хотирга олишди; алламаҳалгача уларнинг хислатларини
санашди.
Биз
Шоҳи зиндадан кеч қайтдик.
Комментариев нет:
Отправить комментарий