Бугун ( 15−май) пайариқлик аптекачи дўстим − шоир Зиядуллахон Нурматов телефон қилиб, тутхўрликка келишаётганлигини хабар қилди. Гап шундаки, ҳовли атрофида бир неча туп балхи, марвардак тутлар ўстирганман ва дўстлар ҳар йил шу маҳал ташриф буюриб қолишади. Бу гал Зиядулла билан бирга шоирлар Хосият Бобомуродова, Жамол Сирожиддин (Хумий), Ориф Ҳожи, Ойхумор Асадовалар ҳам келишди.
Биз салом−аликдан кейин,
негадир аввало шаҳарга туташ Боғи майдон
қишлоғида яшаган, марҳум тожик ёзувчиси Болта Ортиқовни хотирладик. У кишининг
катта анжирзори бор эди ва ҳосил пишганда ўзбек, тожик ижодкорларини уйига чорлашни одат қилганди. Дастурхон
атрофидан жой олишдан олдин эса, боғига таклиф этиб, ўз қўлимиз билан анжир
узиб ейишимизни сўрарди. Дастурхон атрофида эса икки тилда мушоиралар бўлар,
баҳс−мунозаралар алламаҳалгача давом этарди.
Марҳум отахонни хотирлаш билан
бирга меҳмонлар каминадан андак
гилалашди ҳам. Жамоага аралашмай қўйганим, узлатга чекинганимни дўстона танқид
қилган бўлишди. Анчагина давом этган гап−гаштак давомида тағин шу нарса маълум
бўлдики, бугун академик Воҳид Абдулланинг 100 йиллик юбилейлари экан ва театр
биносида тантаналар бўларкан. Улар мени ҳам боришга кўндиришди.
Ажойиб инсон эди Воҳид Абдулла.
Ёзувчилар уюшмасига ўтишимда шу киши тавсиянома ёзиб берганди. Бу аллома
университетда ректор бўлган йиллари ҳам биз − ижодкорлардан узоқлашмай, ҳамнафас бўлиб қолганди. Раҳматли ҳам ўзбек ва тожик ижодкорларини бирлаштириб турадиган
кўприк эди. Домланинг ўзи ҳам икки тилда шеърлар ёзарди.
Шу ўринда бир жараённи айтиб
ўтиш жойизки, Самарқандда азал−азалдан икки тилда ижод қилишган. Бу
зуллисонайнликнинг сарҳадларида
Беҳбудий, Айний, Воҳид Абдулла,
академик Ботурхон Валихўжаев сингари алломалар туришган. Аммо икки мамлакат
орасидаги дипломатик муносабатларга дарз кетгач, Самарқандда тожик ижодкорларига андак шубҳа
билан қараладиган бўлди ва азалий анъана
бузилди. Ҳозир эса бу ерда ҳар қандай сиёсий вазиятга қарамасдан икки миллат
ижодкорларини бирлаштириб турадиган забардаст бир сиймога эҳтиёж кучли.
Узр, мавзудан чекиниб кетдим. Суҳбатдан тағин шу
нарса аён бўлдики, домланинг 100 йиллик юбилейларини у кишининг жияни ташкил этиб, ўтказаётган экан. Таассуфки, мен бу
юсуфмонанд, дилкаш ва зукко инсоннинг номини тилга ололмайман. У буни
истамайди. Биринчидан, ўта камтарлиги
бунга монелик қилса, иккинчидан, бир вақтлар анчайин зада бўлганлиги,
озурдадиллиги шундай эҳтиёткорликни
талаб қилади.
Бу инсон ҳам кўп жиҳатлари
билан домлага монанд бўлиб, бир неча
хориж тилларида равон гапирадиган, том маънодаги зиёли инсон. Таомил ва такаллуфларни кифтини келтирадиган,
дилбар олим. У киши педагогика фанлари
доктори. Казо, казо лавозимларда ишлаган.
Тилимизда “кўча гаплари” деган
ибора бор ва биз унга андак нописандлик билан қараймиз. Аммо республикамиз
шароитида газета, ТВ ва анжуманларда баён этиладиган чучмал хабарлардан кўра
ана шу кўча гаплари кўп ҳолларда ҳақиқатга яқин бўлиб чиқади.
Мен тилга олаётган инсон бир вақтлар институт
ректори эди. Ўша йиллари ана шу даргоҳ
ҳақида кўча гаплари кўпайиб қолганлигига
ўзим ҳам гувоҳман. “ Ректор порахўр
домлаларнинг думини тугаётган эмиш”.
“Ҳокимнинг ўғли кириш имтиҳонидан
йиқилибди, аммо ректор ёрдам бермабди”. “ Бу киши ҳар бир студентнинг номини
билармиш...” ва ҳакозо.
Кўп йиллар раҳбарлик қилди бу
ашраф ва оқил инсон институтга. Кейин ишдан олишди.
Гап шундаки, вилоят ҳокими
студентларни кўча супуриш, ахлат тозалаш ва айниқса, дала ишларига
жалб қилишни яхши кўрарди. Ўша кунлари: “ Ректор ҳоким билан зиддиятга
борибди, студентлар ўқиши керак”, дебди,
кобилидаги гаплар ҳам кўпайганди. Бунинг устига:
“ Ректорни Америка президенти
туғилган кунига таклиф этибди. Бу ҳол
катталарга ўтиришмабди”, деган гаплар
ҳам пайдо бўлди. Қисса кўтоҳ, 2003 йил
24 март куни у кишини ишдан олишди. Шунда ҳукуматдорларнинг хаёлига ҳам келмаган воқеа
содир бўлди: институтнинг минглаб
студентлари норозилик билдириб, кўчага чиқдилар!
Бу – ўзига хос исён, янги тўлқин ва
тафаккурдан мужда эди!
Бу – ўйғониш; адолатсизликка қарши бош кўтариш эди!
Бу − Самарқанд тарихи учун заррин
саҳифа эди!
Табиийки, ҳукуматдорлар бу ҳолдан ҳадиксираб қолишди. Шунда улар
шошилинч ректорни топиб, ундан студентларни тинчлантиришни сўрадилар. У киши рози бўлди: боиси, ўз тақдиридан кўра
болаларнинг тақдири уни кўпроқ ташвишга солганди. Дарғазаб намойишчиларга
қарата вазифасидан ўз ихтиёри билан
кетганлигини айтди, уларнинг тарқалишини илтимос қилди.
Хуллас, (тағин “ўтлаб кетганим” учун узр) меҳмонлар билан
домла Воҳид Абдулланинг юбилейларига бордим. Одамлар бирин−кетин сўз олиб, ўз хотираларини
гапирабошладилар. Менга жуда ҳам ёққани − эл мероси театри ходимларининг эрамиз бошидаги ва ХУ асрдаги либосларни
намойиш қилишгани бўлди. Бу камина учун чинакамига янгилик эди. Тожикистонда хизмат
кўрсатган артист Асадулло Атоуллаевнинг Воҳид Абдуллага бағишлаб айтган қўшиғидан
ҳам ҳаяжонландим.
Кўп ўтмай эса зерикабошладим.
Талай нотиқлар Воҳид Абдулла баҳонасида ўзлари, оталарини улуғлаётганликлари
дилимга ўтиришмади.
Сирғаниб чиқдим−у, уйга жўнадим.
Комментариев нет:
Отправить комментарий