пятница, 1 июня 2012 г.

26. БУВИМ, БУЗУРГМЕҲР ВА АНУШЕРВОН




"Буни ҳаёт дебдилар ёки Ўғлим Улуғбекнинг кундалиги"


Самарқанд. 1986 йилнинг мукаррам ёзи.
Дадамнинг яқин дўстларидан бири, Самарқанд Давлат университетининг доценти Аслиддин Қамаров бу гал ногаҳонда тўрт киши билан кириб келдилар. Таништириш тафсилотларидан шу нарса аён бўлдики, ҳамроҳлари ҳам зукко олимлару камарбаста аспирантлар экан. Улар жилла сипойи бўлиб, бири (ёш бўлиишга қарамай) кўзойнак тақиб олган, новчароғининг бўйнига фотоаппарат осилган эди. Сал ўтмай гапнинг ройишу рафторидан аён бўлдики, ногаҳоний меҳмонлар (ўзлари бот-бот такрорлагандай) дадамни кўргани ёки новча-найнов амаки айтгандай, оилавий суратимизни олганимас, балки бувимнинг нодир китобларидан воқиф бўлиш илинжида қадам ранжида қилишган экан. Улар нозиктаъб меҳмонга хос такаллуфларнинг кифтини келтиргандан сўнг муддаога яқинлашищди.

– Билишимча, – деди Аслиддин амаки, – холамуллода анча-мунча қадимий китоблар бор. Щуларни би-ир кўздан кечирсак, савоб иш бўлардида. У гал келганимизда хашакироқларини кўрсатдилару нодирлари қолиб кетди. Шунинг учун ҳам сизнинг келишингизни пойлаб юрган эдик.
Дадам ҳам зудлик билан маъқуллаб, чаққон ишга киришиб кетмадилар. Маъруф мезбонга хос шакаргуфторлик ва надоматлар изҳор этдилар.
Ҳа, анча-мунча китоб бор, – дедилар ниҳоят, – у йиллари илтимос қилсак, ўқиб берардилар. Энди кўздари хиралашиб қолди. Машрабхон қаерданам бир кўзойнак олиб келган экан, шу билан қийналиб ўқийдилар. Араб имлосини ўрганишга неча бор жазм килдим-у, вақт ажратолмай, ҳафсаласизлик қилиб қолиб кетди.
Ҳар ҳолда қанақа қўлёзма китоблар борлигини билсангиз керак, – деди меҳмонлар жўрабошиси синовчан мўлтираб.
– Билишимча, Яссавий, Шерозий, Навоий, Сайидо, Али Яздий, Фароғий бор. Қолганларини билмайман. Айримларининг муқоваси йўқ.
– Қолганларини мана биз биламизда, – деди меҳмонларнинг чағиркўзлиси.
Биз ҳазил-мутойиба, енгил латифагўйлик билан бувим ўтирган карт томон йўл олдик. Бу ерда ҳам қуюқ (ва андак чучмал) салом-аликлар, энсани қотирадиган мулозиматлар бўлиб ўтди.
– Бийи, – ниҳоят мурожаат қилдилар дадам, – меҳмонлар китобларингизни би-ир варақлаб кўришмоқчи. Қўрқманг, олиб кетишмайди.
Бувимнинг чеҳраларида жилла ҳам ҳайриҳоҳлик аломати кўринмади.
Шунинг учун бўлса керак, уларнинг кўзойнаклиси ўзини андак художўйроқ қилиб кўрсатишга ўтди.
– Энди, холамулло, китоб кўриш – кори хайр. Муҳаммад Мустафо...
– Холамулло, мени таниган бўлсангиз керак-а, – унинг сўзини бўлди Аслиддин амаки, – қавчинонлик Қамариддин бобонинг ўғиллари бўламан. Бир бор келган эдим.
– Ўшанда китобларни кўрсатганман, – дедилар бувим ҳийла совуққина қилиб.
– Йўқ, бу кишиларга нонсандиқда қулфлаб қўйган китобларингизни кўрсатинг, – дедилар дадам.
– ...
Бувимнинг бир сукутлари дадамни ҳам, меҳмонларни ҳам андак хавотирга солди. Шунинг учун жўр бўлишиб, у кишига ҳамду-сано ўқишга киришишди. Ҳайтовур мақтовлардан ийидиларми ёки ноилож қолдиларми – бувим ўринларидан жилдилар.
– Улуғ, югур, – буюрдилар дадам менга, – китобларни кўтаришиб келасан.
Бувим зоҳирий бир нохушлик билан қулфни очар эканлар, дадамни койиган бўлдилар.
– Бу –  китоб булса – дуч келганга кўрсатиш ножоизлигини ҳафтафаҳм даданг тушунмаса.
Мен сукут сақладим. Гапларини маъқуллаб турмаганим у кишига ўтиришмади. Шунинг учун бўлса керак таҳдидона оҳангда сўрадилар.
– Қўлинг ювилганми?
– Совунлаб ювганман, – дедим тажанглик билан.
У киши қулфни очиб, духобага ўралган бир китобни чақалоқни кўтаргандай авайлаб олдилару уч бор ўпиб, тағин жойига қўйдилар. Кейин қолган китобларни қўлимга нондай қилиб тахлайбошладилар.
– Сен комсомолсан-а, – сўрадилар аллақандай киноя билан тўрт қирраси куйган китобни узатар эканлар.
– Йў-ўқ, – вазиятга қараб юмшоқ гапирдим.
– Урушдан аввал комсомоллар уйма-уй юриб, китобларни тортиб олишди. Кейин гулхан қилиб ёқишди, имонинг куйгурлар! Бир замонлар Чингизхоннинг аскарлари ҳам шунақа килишган экан. Али Яздий шундай деб ёзгандар.
Индамай қўяқолдим. Нима ҳам дейиш мумкин?! Бувимнинг феълларини биламан. Бунинг устига ўттизинчи йилларнинг айрим комсомоллари жоҳиллик қилган бўлса, мен жавоб бермайман-ку!
– Бари шуми, – қаноатланмай сўрадидар дадам.
– Шу, фақат Қуръони шариф қолди, – дедилар бувим.
Муқовалари гажакдор ҳошиялар билан безатилган, сарғайиб кетган саҳифаларининг қат-қатидан дилни енгилгина энтиктирувчи дилкаш ҳид анқиб турган китобларни кўриб меҳмонларнинг кўзлари ўйнаб кетди. Лекин таомил юзасидан сабр-бардош қилиб турдилар. Аслиддин амаки бир китобга қўл чўзиши билан қолганлар ҳам оч эчкидай ёпирилишди.
– Бу Маликаи Хубон экан, – дедилар Аслиддин амаки бир китобни орқа томондан вараклаб.
Ҳа, буни раҳматли дадаси бир қўйга алмаштириб олгандилар,-меҳмоннинг фикрини маъқуллаб, тағин қўшиб қўйдилар бувим: – Униси Яссавий – бобомдан қолган, Камол Хўжандий ҳам – ота мерос.
Шу тариқа даврада ғала-ғовур бошланиб кетди. Меҳмонлар ҳаяжон ила бир-бирларига сўз бермай, китобларни чўқилаб ўқишга ва таърифу тавсифлашга тушиб кеташди.
– Мана Мир Навоий, – деди меҳмонларнинг ёшроғи тантана оҳангида овозини андак кўтариб.
– Қани ўқинг, қани ўқинг, – далда беришди даврадагилар. Меҳмон жилла бўлса ҳам сансоларлик қилмай, сухандонларча қироат билан шеър ўқишга киришди.
Сўздурки нишон берур ўлукка жондин
Сўздурки берур жонга хабар жонондин
Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин
Билким, гуҳари шарифроқ йўқ ондин.
Ҳай-ҳай, сўз ҳақида бундан ошириб бир нарса дейиш мушкул, – дедилар дадам.
Қолганлар ҳам у кишига жўр бўлиб ҳазрат Навоийни улуғлашта киришишди. Навқирон меҳмон одоб ила қулоқ солиб тургач, тағин қироатда давом этди.
Кўнгулни орит барча ёмон ҳислатдин,
Ким яхши қилиқ далил эрур раҳматдин,
Бадхўйлик ул ваҳшат эрур шиддатдин,
Ким элға холислик йўқ ул ваҳшатдин.

Ҳажрингда менинг сабрима жуз нуқсон йўқ,
Кўнглум аро ғайри нолаю афғон йўқ,
Жонимға ҳаёт умиди худ имкон йўқ,
Йўқ, йўқ, сабр йўқ, кўнгул йўқ, жон йўқ.
Улар тағин шеърият султони Мир Алишерга офаринлар ёғдиришди, Мазкур рубоийлар сабаб бўлиб, ёмон кимсаларни; хуш ва нохуш воқеаларни ёдга олишди.
– Бу китобни амакимнинг қизи берган эди, – изоҳ бердилар бувим, – у кишининг ўзларини ўттиз еттинчи йили тўйхонадан олиб кетишган.
– «Халқ душмани» деб айб қўйишганми, – шошиб сўради фотоаппаратли меҳмон.
– Билмайман, – дедилар бувим, – уйида эски китоблар борлиги учун шундай қилишган экан. Кейин болалари китобларни тақсимлаб юборишди.
Меҳмонлар тағин ўзаро баҳсу мунозарага киришиб кетишди. Чаламулло, чалазиёлиларни жаҳолатда айблагач, «Одобнома» деган китобдан парчалар ўқишди.
– Мана буни бир ўқинглар, – дедилар бувим меҳмонлар эътиборини тўрт қирраси куйган бояги китобга қаратар эканлар. Кўзойнак таққан меҳмон бу муқовасиз китобни қўлга олди, биринчи саҳифасини очиб, даврадагиларнинг эътиборини батамом тортиш илинжида андек сукут сақлади. Ҳамма мунтазир бўлгач, ўқишга киришди.
– Бисмиллоҳи Раҳмони-р Роҳим! Ривоят қилурларким, қадимда руди Кўҳак*  бўйинда Раҳмонқул ибн Абдулло отлиғ бир заминдор рўзгурзонлик қилур эрди. Худои таоло бу марди маъруфга Хотами Тойдек саховат, тавонгарлик*  ато этти. Анинг тасарруфинда бисёр ғуломлар, нодимлар, деҳқонлар бор эрди ва алар инчунин хушбахту сарфароз эрдилар. Хокисор мардумлар Оллоҳга сажда қилур эрдиларки, токи ул Раҳмонқули ибн Абдуллоға умри дароз, ризқи фароғ ато этгай.
Заминдори савобталабнинг сояйи давлатиндаги бандалар шукрлар қилур эрдиларким, саховатпеша соҳиб хизматинда камарбастадурлар, босабаб тўқдурлар, хотиржамдурлар, эминдурлар; ушбу вақтичоғлиқдан ўзга нарса истамайдурлар.
Валек ибн Абдулло қаноатбахш эмасди. Дер эрдики, хизматимда уч хотун ва лак-лак малайлар ҳозиру нозир. Локинда таассуфлар бўлғайким, қўл остимдаги ғуломлар кашшоқ дағи ночордурлар. Баримиз Муҳаммад Мустафоғо умматдурмиз, у дунёю бу дунёмиз ягонадур, магарким шундоқ экан, ҳамма тенгу фаровон бўлмоққа лойиқ.
Заминдор бу ҳолдин чунонам ташвиш, изтироб чекар эрди, надомат тортарди. Беш маҳали намоз худои таолоға илтижо айлаб, камбағалларга барор тилар эрди.
– Алқисса бу марди орифнинг парвардигори оламга илтижоси бутурур.
Эй худойим, эшит оҳу зоримни,
Адо этдинг равнақу бароримни
Ман берайин қашшоқларга боримни
Беш бармоқни пасту баланд этдинг-о!
Тамоқимдан ўтмай қолди ризқу рўз,
Деҳқонларим тер тўкади шабу рўз
Ман сояда хотун билан дилафрўз
Имонимни қийма-қийма этдинг-о!
Ўн саккиз минг оламга сан саждагоҳ,
Кофур ўлай зарра этсам оҳу воҳ,
Камбағалга мурувват эт, эй оллоҳ
Нечун они туфроққа тенг этдинг-о?!
Заминдорнинг Ғулом отли ғуломи бу илтижодан зор-зор чун абри навбаҳор йиғлаб айтқони бутурур.
Қиблагоҳим, каломингни олурман,
Аждодимга содиқ бўлиб қолурман
Ғуломдурман, ғулом бўлиб ўлурман
Ва айтурман, бу қисматга шукрона!
Ҳар рўзимни пешонамга битди ул,
Насибамни туфроқ аро септи ул
Сани соҳиб, мани ғулом этти ул
Қорним тўқдур бу ҳимматга шукрона!
Раҳмонқул ибн Абдулло бу тадбири некка оҳу зор ила етишмоқ мушкуллигига имон келтирди ва амал қўллашга бел боғлади. Шабу рўз фикр юритдики, аларни бахтнок айласа. Ва алқисса тасарруфиндаги бандаи мўминларни чорлаб деди:
– Эй, жигаргўшалар, инсон зурриёти якка-ю ягона худога бандадур ва бандага банда бўлмоғи ғалат. Баски шундоқ экан, сизлардан ғуломлик занжирин ечурман. Бугундан ҳисобан озодсиз, чор тарафингиз қибладур.
Ғуломлару боз хизматкорлар заминдорнинг бу аҳду паймонидан хуррамлик топмай, билъакс хомуш торттилар ва дедиларким: «Бизга шафқат қил! Қаён ҳам борурмиз?! Биз гумроҳларни мукаррам даргоҳингдан пеш қилма!»
Эшит бизни, эй соҳиби саховат,
Бошимизга солма кулфат, маломат.
Даргоҳингда тупдик омад, ҳаловат
Кўча-куйда сарсон қилма, қиблагоҳ!

Бунда ҳозир ризқу рўзу дастархон,
Юмушингни дариғ тутма, эй султон!
Тургин дунё тургунича соғ-амон
Даҳр аро абгор қилма, қиблагоҳ!
Раҳмонқул надомат чекди. Ва лекин бу бенаво бандаларни сарафроз кўрмоқ фикри они тарк этмади. Шабу рўз бисёр мулоҳазалар юритти ва аларға эрк ато этмоқ ниятинда замин берди, амочу жуфт ва дағи тухм берди. Дедики, нимарса олурсизлар, таъмагар эмасдурман.
Локинда ғуломлар нобарор эрдилар. Алар қай маҳал тухм сепмоқ ва бо бозорда савдо килмоқ бо дағи худодан ёмғур тиламоқ ҳунаридан бенасиб эрдилар. Раҳмонқул дилхун бўлиб, ушбу юмушларга хам қўл урди. Локинда ҳарчанд қилмасун худо ғуломлар юмушига рафтору ривожни дариғ тутди. Бу ҳам мисли оздек, алар Рахмонқулга қулоқ тутмай шайтонга эш бўлдилар. Шабнишин бўлиб дедиларким, заминдор жуфт берди, мададу маслаҳат берди. Тузук бўлур эрдиким, хотунчасини ҳам саҳоват этса. Китоб кўрмаган бу жахо-латпарастлар кўрнамаклик қилмоққа дўзах азобини уйламадилар ва бадниятлари ила гуноҳи азимга йўл очдилар. Бу почапойлучларнинг*  нияти бадидан воқиф бўлган Раҳмонкули ибн Абдуллонинг худога ноласи бутурур.
Эй худойим, гуноҳимни афу эт,
Ройишингга андак хилоф этдим-о!
Пешонаси қаро бўлсин ғуломнинг
Мен аларни мисли тавоф этдим-о!
Бой эрдилар бобо, бобокалоним
Қул аждодин аларға ёр этдим-о!
Икки дунё мани учун тору танг
Гуноҳимни ўзим бисёр этдим-о!
Ниҳоят меҳмонлар китобдан бощ кўтардилар. Сўнг алламаҳалгача мазкур ҳикоятни муҳокама қилиб, турфа фикру мулоҳазалар баён этишди. Ҳаяжонларини батамом босиб олгач, мумтоз китобларни варақлашда давом этишди.
– Биродарлар, – деди ниҳоят меҳмонлар сардори кўзлари ёниб, – бу Шайхур Раиснинг*  китоблари бор экан. Ана шу китобнинг ягона нусхаси Теҳрон кутубхонасида бор деб, ўқиган эдим. Каранглар-а...
Улар ногаҳоний илҳақлик ила ўша томонга интилишди ва аллақандай тоза эҳтиром ила сарғайган саҳифаларни варақлаб парчалар қироат қилишди.
– Бу китоб ҳали ўзбекчага таржима қилингани йўқ – деди кўзойнакли амаки дадамга, – агар сиз шу эзгу ишга қўл урсангиз, савоб бўларди-да!
Новча амаки бувимнинг рухсатлари билан китобларнинг айрим саҳифаларини суратга туширди. Ке­йин улар ўша қуюк мулозаматлар билан кетишга рухсат сўрадилар.
Эртаси дадам хақиқатдан ҳам таржимага киришдилар. Бувимга ялиниб-ёлвориб, ҳар куни бир-икки бетдан ўқитар ва форс-тожик тилидан ўзбекчага ағдарардилар.
Ҳоҳишингиз бўлса китобдаги ҳикоятлардан бири билан танишишингиз мумкин.
*  *  *
Одил Анушервоннинг рўзгорида ҳеч нимарса ҳикматдан кўра қадрлироқ саналмасди ва ул аср ҳакимлари ҳам ҳаммадан эътиқодли ҳамда қаноатбахш    эдилар.
Бир куни Анушервон Бузургмеҳрни ҳузурига чорлаб, деди:
– Истардимки, мумтоз насиҳатлар тингласам, уларда сўзлар сиқиқ маъно теран бўлса.
Бузургмеҳр бир йил муддат сўраб мазкур ҳикматларни жамлади ва уларни «Зафарнома» деб атади ҳамда Анушервонга элтди. Унга (Анушервонга) маъқул тушди, тасарруфидаги бир шаҳарни унинг (Бузургмеҳрнинг) хусусий мулкига илова этиб, ушбу каломларни зар ҳарфлар билан битишни буюрди. Китобни доим ёнида тутиб, кўп вақтини унинг мутолаасига бахш этадиган бўлди.
Бузургмеҳр сўзга оғиз очиб деди:
– Устозимдан савол айлардим, у жавоб қайтарарди,
Дедим:
– Эй, устоз, худодан нима тилайинки, унда жаъми яхшиликлар жамулжам бўлсин?
Деди:
– Уч нарса:сиҳатлик, эминлик ва товонгарлик ,
Дедим:
– Ишларимни кимга ишониб қолдирай?
Деди:
– Ул одамгаки, асл шоҳиста бўлса.
Дедим:
– Ким билан эмин бўлай?
Деди:
Ҳасадхўр бўлмаган дўст билан.
Дедим:
– Биҳиштга сазавор қиладиган нарса недур?
Деди:
– Ёшликда илм олмоқ, ҳақ иш билан банд бўлмоқ.
Дедим:
– Одамлар олдида мўътабар этадиган айб нимадар?
Деди:
– Ўз ҳунаридан воқиф этмоқлик.
Дедим;
– Дўст ношоиста ва номақбул чиқса, у билан орани қандоқ қилиб узмоқ керак?
Деди:
– Уч восита ила: зиёратига – кўришга кам бориш, ҳол сўрамаслик ва ундан ҳожат истамаслик.
Дедим:
– Ишлар ҳаракатга боғлиқми ёки тақдирга?
Деди:
Ҳаракат тақдирни яратади.
Дедим:
– Ёшлардаги қайси хислатлар кадрли ва кексалардаги қайси яхшиликлар афзал?
Деди:
– Ёшлардаги андиша-ю, жасорат ва кексалардаги донишмандлик ҳамда сокинлик.
Дедим:
– Кимдан ўзимни тортай, токи орамиз узоқ бўлсин?
Деди:
– Лаганбардор, хушомадгўй, фирибгар, хасис; бировнинг ҳақига хиёнат қиладиган одамлардан.
Дедим:
– Сахий ким?
Деди:
– Ул ким саховат этса-ю, дилшод бўлса.
Дедим:
– Ул нимадир, одамлар излашади-ю, истаганча топишолмайди?
Деди:
– Уч нарса: сиҳатлик, шодлик, мухлис дўст.
Дедим:
– Яхшилик мақбулми ёки ёмонликдан нари юриш?
Деди:
– Ёмонликдан нари юриш жами яхшиликларнинг дебочасидир.
Дедим:
– Айб саналадиган хислат недур?
Деди:
– Саҳоват, магар у миннатли бўлса.
Дедим:
– Донишмандликдан далолат берадиган фазилат недур?
Деди:
– Ростгўйлик.
Дедим:
– Мардликдан далолат берувчи жасорат недур?
Деди:
– Агар қодир бўлсанг, кечирмок.
Дедим:
– Оқиллар қиладиган яхшиликларнинг қайбири қадрлироқ?
Деди:
– Ёмонни ёмон йўлдан қайтаришлари.
Дедим:
– Одамларнинг қилмишларидан қайбири зиёнлироқ?
Деди:
– Уларнинг одамлардан яшириб бўлмайдаган жами айблари.
Дедим:
– Тирикликнинг қайбир соатлари зое кетган ҳисобланади?
Деди: 
– Бировнинг ҳақига яхшилик қилиш имкони бўлиб, уни дариғ тутган дақиқалар.
Дедим:
– Кимнинг ўгитларига қулоқ тутган киши хор бўлмайди?
Деди:
– Аввал муаллимларнинг, кейин оқиллар ва ота-онанинг.
Дедим:
Ҳаётнинг ҳаловати нимада?
Деди:
– Фароғат ва эминликда.
Дедим:
– Ўлимдан баттари недур?
Деди:
– Бенаволик.
Дедим:
– Дўстликни барбод қиладиган иллат недур?
Деди:
– Тўрт нарса: буюкларнинг – бахиллиги, донишмандларнинг  -худписандлиги, аёлларнинг – беҳаёлиги ва эркакларнинг – ёлғончилиги.
Дедим:
– Одамларнинг ишини барбод қиладиган нарса недур?
Деди:
– Ситамкорларнинг таърифи.
Дедим:
– Дунё кимлардан товондор (қарздор)?
Деди:
– Донишмандлардан.
Дедим:
– Нетайки табибга ҳожат қолмасин?
Деди:
– Кам еб, кам ухлаб, кам сўзла.
Дедим:
– Оқил ким?
Деди:
– Кам гапириб, кўп тинглайдиган, кўп биладиган.
Дедим:
– Хорлик недан?
Деди:
– Танбаллик ва бадахлоқликдан.
Дедим:
– Ранж недан?
Деди:
– Ёлғизликдан.
Дедим:
-Ҳамият-у номусни барбод этадиган нарса недур?
Деди:
– Таъма,  
Дедим:
– Жаҳонда устунлик недандур?
Деди:
– Беминнат хоксорликдан ва саховат кўрсатиб, мукофотдан воз кечмоқликдан.
Дедим:
– Дунёда нима нишли (заҳарли)?
Деди:
– Икки нарса: подшоҳларнинг тундлиги ва товондорларнинг бахиллиги. Дедим:
– Хоксорлик недур?
Деди:
– Юзи ёруғлик ва ўз-ўзидан мамнунликдур.
Дедим:
– Кимдан тадбир сўрайин?
Деди:
– Уч фазилатли: пок, яхшиларга муҳаббат қўйган ва билимдон одамлардан
 Дедим:
– Яхшиларнинг яхшилиги нимада?
Деди:
– Хоксорлик, беминнат саховат ҳамда мукофот таъма қилинмаган хизматида.
Дедим:
– Ул нимадурким, одамлар доим эҳтиёж сезадидар?
Деди:
– Уч нарса, хирадманд (доно) янада донороқ одамларга, мард ҳарбийлар билан суҳбатга, ожизлар хийлакорликка, ва зоҳид (тарки дунё қилганлар) агар инсофли бўлишса ибодатга.
Дедим:
– Одамлар хушҳол эслаб юрадиган нарса нимадур?
Деди:
– Уч нарса; муомалада зуғм ўтказмаслик, ёлғон демаслик, тил билан бировни ранжитмаслик.
Дедим:
– Билим олсам, нимага эришаман?
Деди:
– Агар бечора бўлсанг, бузург-у номдор бўласан, агар қашшоқ бўлсанг, товонгарга айланасан, агар машҳур бўлсанг, тағин ҳам машҳурроқ бўласан.
Дедим:
– Мол-мулкни нималардан аямаслик керак?
Деди:
– Қавмлардан одамларнинг ҳақини узиш, ота-она эҳтиёжларини қондириш, душманни дўстга айлантириш ва дўстни душман билан яраштиришдан.
Дедим:
– Ул нимадур ейилмайди лекин кишини тўқ тутади?
Деди:
– Яхшилар суҳбати, ёр дийдори, ярашиқ чопон, мўътадил ҳаммом, муаттар ҳид.
*  *  *
Луқмони Ҳакимдан: «Доно ким?» деб сўрадилар.
Деди:
– Дунё неъматларини охиратгача сақламаган киши.
Дейишди:
– Тавондор ким?
Деди:
– Ақли тўкис бўлган киши.
Дейишди:
Ҳеч ким билмайдиган, кўрмайдиган, лекин интиладиган манзил недур?
Деди:
– Оқибат.
Дейишди:
– Баҳраманд бўладиган кишини охир-оқибатда қурбон қиладиган ширинлик недур?
Деди:
Ҳасад.
Дейишди:
– Хароб бўлмайдиган бино нима?
Деди:
– Адолат.
Дейишди:
– Охир-оқибат ширинликка айланадиган аччиқлик нима?
Деди:
– Сабр.
Дейишди:
– Охир-оқибатда аччиқликка айланадиган ширинликчи?
Деди:
– Шошмашошарлик.
Дедилар:
– Қанақа либос ҳеч қачон эскирмайди?
Деди:
– Яхши ном.
Дейишди:
– Қайси душман ҳамма дўстлардан кўра яқинроқдир?
Деди:
– Нафс.
Дейишди:
– Одамлар қайси касалликни даволашдан ожиз?
Деди:
– Аблаҳликни.
Дедилар:
– Қайси дарддан одамлар ўзларини чеккага олишмайди?
Деди:
– Ишқдан.
Дейишди:
Ҳамма пастликдан паст бўлган  баландлик недур?
Деди:
– Кибр.
Дейишди:
– Қайси либос эркагу аёлга яхшилик олиб келади?
Деди:
– Ростлигу поклик.
Дейишди:
– Уйқу нима?
Деди:
– Енгил ўлим.
Дейишди:
– Ўлим нима?
Деди:
– Боқий уйқу.
Дейишди:
Ҳамма хуррамликларнинг боиси недан?
Деди:
– Буюклар сўзидан.
Дейишди:
– Охир-оқибатда нохуш манзилларга олиб борадиган йўл недур?
Деди:
– Мазлумлар ва бечораларга зулм.

Комментариев нет:

Отправить комментарий