вторник, 25 мая 2010 г.

ЯНГИ ВАЗИРДАН УМИДЛАР

Ўзбекистон Президенти собиқ ректор Б.Ҳодиевни Республика ўрта ва олий таълим вазири қилиб тайинлади. Бу ўзгаришга одамлар, ногаҳонда алоҳида эътибор ва умид билан қарадилар. Сабаби: маорифнинг бу муҳим соҳаси маълум даражада порахўрлар ва коррупциячилар уясига айланганди. Истеъдодли, қобилиятли ўғил-қизлар ўрнини ота-онаси тиргак бўлаолган, аниқроғи пора берган абитуриентлар эгаллайбошлаганди. Пора деган зормондани эса анчайин очиқроқ берадиган ва оладиган бўлиб қолишганди. Бу ҳол ғайриахлоқий, ғайриқонуний ва уят эканлигини унутиб қўйишганди.
Сиёб медицина коллежи директори О. Раззоқовни пора билан қўлга туширган ички ишлар ходимлари унинг кабинетини тинтув қилишаётганда ғалати ҳолнинг гувоҳи бўлишади. Жавондаги китобларни варақлаб кўришганда, ҳар бирининг орасидан нақ минг доллардан пул чиқади. Бежизга, китоб – энг яхши совға, дейишмайдида. Директор эса ота-оналардан китоб олишни яхши кўриши маълум бўлди. Бу китоблар орасида “ Ўзбекистон республикасининг жиноят кодекси”, “ Педагог этикаси” “ Тиканли симнинг нарёғида” деган китоблар борлигини айтишди.
Минг доллар – айрим медицина, ҳуқуқшунослик, стамотология, иқтисод, банк ишлари коллежлари ставкаси эди. Миш-мишларга қараганда унинг нархи бир йил давомида 300 долларга ошган.
Бошқа коллежларда бу кўрсатгич анча паст. Темир йўл транспорти коллежи директорининг ўринбосари Л.Аҳмедова атиги 450 доллардан олган. Лекин қишлоқ хўжалик, қурилиш коллежларида, одатдагидек ўқувчи етишмай қолмоқда. Назаримда ёшларнинг тракторчи, зоотехник, бўёқчи, сувоқчи бўлишга унчалик тоблари йўққа ўхшайди.
Вилоят суди О.Раззоқовни - ўн, Л.Аҳмедовани - беш йил озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарганда, ногоҳ ҳушёр тортиб: ”Ҳамма олади-ку!” дейишгани бежиз эмас. Ҳа, талай коллеж ва олий мактабларда фақат ота-оналардан пора олиш билан қаноатланмай, ўқиш давомида студентларни ҳам чинакамига “соғадиган” бўлишди. Сўнгги йилларда ана шу очофатликлари, очкўзликлари учун ўнлаб доцент, профессорларни қамоққа олишди. Аммо уларнинг сафи камаймаябди.
Ягона тест имтиҳони, бизнинг шароитимизда уч йиллар чамаси унумли ишлади. Кейин уни чалғитиш, алдашнинг турфа йўлларини ўйлаб топишди. Сўнгги йилларда, ана шу усуллардан анчайин самаралиси “икс варианти” бўлганлигини тан олишимиз керак. У анчайин жўн: тест маркази (Тошкент)дан тайёр жавобларни сотиб олишдан иборатдир. Абитуриент эса уни кўчириб олса – бас. Бу хизматни амалга оширадиган бир талай олиб-сотарлар, қаллобларлар ҳам пайдо бўлиб қолишди.
Олий мактабга киришнинг ишончли усулларидан тағин бири “ректор гуруҳи”га илиниш эди. Бу гуруҳ амалдорлар ва яхши ҳақ тўлаган ота-оналарнинг фарзандларидан иборат бўлиб, улар анчайин яширин жойда имтиҳон топширардилар. Бу гуруҳ аъзоларига мобил телефондан фойдаланишга имкон яратилиш билан бирга, тест саволларини ечадиган домлалар ҳам ҳозиру нозир бўлишарди. Ректор атрофидагилар буни оқлашарди. “Вазирликдан, ҳокимиятдан илтимос қилишади. Улар айтганини бажармай кўринг-чи. Бунинг устига ректорнинг харажатлари бор...”Миш-мишларга қараганда бундан бошқа вариантлар ҳам бор эмиш.
Имтиҳон жараёнларини холис тарзда кузатсангиз, хужжатларни варақлаб кўрсангиз, газеталарни ўқисангиз, ҳаммаси рисоладагидай бўлиб чиқади, яъни жами студентлар ўз кучи билан, ҳалол қабул қилингандай таассурот қолдиради. Агар студент ёки унинг ота-онаси ишончига кириб, юракдан гаплашсангиз, деярли ҳаммасининг чўзганлигига ишонч ҳосил қиласиз.
Майли, биз ўта оптимист ёки пессимист бўлмайликдаг-у, сих ҳам куймасин, кабоб ҳам нақлига амал қилиб, оралик кўрсатгичга тўхтайлик. Ҳарҳолда тест имтиҳонларига чап бериб, аниқроғи, ки мнингдир томоғини ёғлаб, ўқишга кираётганлар 50 фоизни ташкил этади, десак тўғри бўлар.
Аммо гап-сўзларга қараганда, бу рақам ҳам худди қабул ставкалардай йил сайин ошиб бормоқда. Орага кирувчилар бу ҳолни пулнинг қадрсизланиши билан боғламоқдалар.
Тан олмоқ керак, одамлар яхши яшайбошладилар. Улар иморатлар тиклашаябди, тўйлар беришаябди. Табиийки, фарзандлари учун ҳам пулни аямайдиган бўлибмоқда. Ҳатто бунга кўникиб ҳам қолишди. Чунки бола ҳарчанд билимли бўлганда ҳам, ўз кучи билан ўқишга илинишига аллақачон ишонмай қўйишган улар. Шунинг учун ҳам олдинданоқ доллар тўплаб, коллеж ёки олий мактаблар атрофида изғиб юрадиган “савобталаблар”, қаллобларга тутқазадиган бўлишди. Бу тоифаларнинг бир қисми имтиҳон олдидан аванс оладиган ва абитуриент, гарчанд ўз кучи билан кирганда ҳам қолганини ўндирадиган одат чиқаришди.
Гап сўзларга қараганда, ўтган йил ҳуқуқшунослик, медицина, экономика факултетлари ставкаси 10-15 минг долларга етган, Педагогига, архитектура, ветринария, айрим чет тиллар факултетларида бу кўрсатгич 5 минг атрофида бўлган.
Айрим амалдорларнинг нопоклиги, пасткашлиги ҳақида сўз юритишдан олдин бир воқеа ҳақида гапирмоқчиман. Бир вақтлар Тошкентнинг одамлар серқатнов йўлагида икки тиланчининг жанжаллашиб қолганига гувоҳ бўлганман. “ Сен иккинчи бор бу ерга оёғингни қўйма, деди биринчиси, мен бу жой учун эллик доллар тўлаганман.” “Вой, пасткаш-ей, овозини кўтарди иккинчиси, қани бу ердан йўқол-чи, мен бу жой учун ҳозир юз доллар тўлаб чиқдим.”
Йўлда давом этиб ўйладим: ким экан у гадойдан ҳам пора таъма қиладиган. Албатта, чиновник! Ўша тиланчидан ҳам тубан турадиган – амалдор!
Бундан бир неча йил муқаддам Ўзбекистон Президенти яхи ниятлар билан Зулфия номидаги Давлат мукофотини тасис этганди. Шоира Зулфия опани одамлар яхши кўришарди. У бир неча халқаро мукофотлар совриндори бўлганди. Ўз ҳаёти, фаолияти билан садоқат, ҳалоллик тимсолига айланганди. Биз – ижод аҳли буни Президентнинг поэзияга, адабиётга эҳтироми сифатида қабул қилгандик ва беҳад қувонгандик. Аммо ҳеч қайсимиз, аллақандай амалдорлар Зулфия опа номини сотиб, ҳаром пул ишлайди, деб ўйламагандик. Бир умр аёлларни улуғлаган шоирага айнан амалдор аёллар хиёнат қилганлиги янада аламлидир.
Маълумки, бу мукофот туман, вилоят ва ниҳоят республика босқичларидан ўтган ғолиб қизларга берилади ва улар олий мактабларга имтиҳонсиз қабул қилинадилар.
Каттақўрғон туман ҳокимининг ўринбосари Э. Дониёрова абитуриентнинг ота-онасидан 500 доллар олиб, туман босқичидан ўтказади ва уёғига ҳам тиргак бўлишга ваъда беради. Аммо қизгина республика конкурсидан ўтолмайди. Дониёрова эса омонатни қайтаргиси келмайди.
Самарқанд вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар кенгашнинг раиси, иқтисод фанлари доктори Гулнора Шодиева ҳам худди шу сценарий асосида иш тутади. У пастдарғомлик абитуриентнинг ота-онасидан нақ 4000 доллар олади. Аммо бу қиз ҳам республика ғолиби бўлолмайди. Ота-она пулни қайтариб олиш учун бир неча бор келишади, аммо милиционер уларни ичкарига киритмайди, раҳбарларга туҳмат қилганлиги учун жиноят кодексида аллақандай моддалар борлигини айтиб пўписа қилади. Улар юқори ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур бўладилар.
Назаримда, иқтисод фанлари доктори пора, соф даромаднинг асосий таркиби эмаслигини, у тоза бўлиши зарурлигини билмаганга ўхшайди.
Вилоят суди Дониёровани - 8, Шодиевани - 11 йил муддатда озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.
Беҳбудий ҳазратлари ўлим олдидан ёзган васиятномаларида: “ Туркистон болаларини билимсиз қолдирмангиз” деб зорлангандилар. Бизнинг айрим амалдорлар эса болаларимизнинг руҳи, ишончини барбод қилишдан, қанотини синдиришдан чўчишмагани жуда ҳам ачинарли ҳол, албатта.
Шу муносабат билан бу икки аёлга мурожаат қилгиси келади кишининг. Гулдай қизларимиз фикран ва маънан тоза, улар жамиятга, хукуматга ишонишади. Беғубор қалблари эса орзуларга тўда бўлади. Орага пора деган ҳаром пул аралашдими улар ота-оналар, муаллимлар, ҳукумата ишончларини йўқотадилар. Бу эса биз учун жуда қимматга тушади.
Эҳтимол суд раиси ҳукмни ўқиганда, чўчиб тушгандирсизлар ва кўнгилларингиздан: “Ҳамма олади-ку” деган фикр ўтгандир. Амо сизларга бундай йўл тутиш зинҳор ва зинҳор мумкин эмасди. Сизларда етишмовчилик йўқ эди: хизмат машинаси, жиҳозланган кабинетлар, иззат-ҳурмат. Ва ногаҳонда даҳшатли темир панжара. Киши бир умр қурадиган иморатининг охирги қисмини қийшайтириб қўйгани ёмон, жуда ёмон, албатта.
Ҳа, аввал айтганимдек, одамлар яхши яшайбошладилар. Бу – масаланинг фақат иқтисодий томони. Энг муҳими, адолат тантанасида. Норози одамларнинг кўпайиб бориши нималарга олиб келишини биласизми? Барча норозиликлар, намойишлар, айнан адолатсизлик оқибатида юзага келади. Одамларни бунчалик ҳам гўл деб ўйламаслик керак. Улар барини кузатади, муҳокама қилади. Ҳар бир қизнинг ортида унинг оиласи, қишлоғи ва умуман жамият борлигини унутиш лакаловликдан бошқа нарса эмас!
Аёллар колонияси сизлар учун сабоқ бўлишини истайман. Аммо қаерда бўлсаларинг ҳам айбни гарданга олиш, тавба-тазарру қилиш лозим деб ҳисоблайман, токи бу бошқаларга сабоқ бўлсин!
Майли, янги вазирга қайтайлик. Агар мен ўз монологимни: “ Агар жамоатчилик қўллаб-қувватламаса, биргина вазирнинг қўлидан ҳеч иш келмайди” деб якунласам, юз йиллик сақични чайнаган эзмага ўхшаб кетаман. Бу борада ўз таклифларим бор.
Бошқа чоралар сингари ўрта ва олий мактаб ўқитувчиларининг иш ҳақларини ошириш зарар.
Қабул қилинган студентлрни иккинчи бор имтиҳондан ўтказишни таклиф этаман.
Ошкоралик жумракларини андак очишга тўғри келади.
Тўғри порахўрлик ва коррупция жаҳоннинг кўп мамлакатларида илдиз отган. Аммо ҳамма жойда ҳам бу иллатга қарши аёвсиз ва ошкора кураш олиб борилади. Оммавий ахборот воситалари коллеж ва олий мактаб ҳаётига кириб боришлари ва реал ёритишлари, иллатлар илдизини очиб ташлашлари ҳамда бу билан янги вазиргагина эмас, ҳукуматга, халқга наф етказишлари керак эмасми?
Олий мактабларда порахўрларни деярли ҳамма танийди. Улар бечора студентларни охирги курсгача “соғишади”. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ҳам уларни танимаслиги мумкин эмас. Шундай экан,бу нокасларни четлаштириш ёки қўлга олишни тезлаштириш зарурдан зарардир!
Мен бир доно, ҳалол профессорни билардим. У ҳамма - студент, қоровул билан ҳам кўришарди, аммо порахўрга қўлини узатмасди. Ва уларни жуда ноўнғай, мулзам аҳволга туширарди.
Келинглар, порахўрлар билан саломлашмай қўямиз!

Комментариев нет:

Отправить комментарий