Шеърият
- Главная
- Таржимаи ҳол
- Автобиография
- Ўзбекча Солнома
- На русском
- Ба тоҷикӣ
- In English
- Видео
- FARZANDGA O’GITLAR
- Hikoyalar
- Kitoblar
- МАҚОЛАЛАР
- Фото
- ЖАДИД
- БЕШ ҲИКОЯ
- КАЛВАК МАХСУМ НОМАЛАРИ
- Мен мухбирман
- ФАРЗАНДГА ЎГИТЛАР
- БУНИ ҲАЁТ ДЕБДИЛАР
- Facebook’даги саҳифам
- Ютубдаги каналим
- Шеърият
- ЯНГИ ҲИКОЯЛАР
- САРҲИСОБ
- Марафонча югуриш
- Асқад Мухтор дедилар
- Turkish
понедельник, 5 апреля 2010 г.
Туркистон жадидлари ҳамон таъқибдами?
Х1Х асрнинг охири ва ХХ асрнинг бошида рўй берган жадидлар ҳаракати тарихимиздаги ноёб жараён эди. Ва бу ҳаракат узоқ тарихимизда илк бор рўй берганди. Ундан кейин ҳам шунга ўхшаш ижтимоий уйғониш учун бир неча бор замин яратилган ва зарурат пайдо бўлганда ҳам давр жадидлари пайдо бўлишмади.
Ўша даврнинг бир қисм билимли, ўзига тўқ кишилари Туркистонда ўқитиш системасини батамом ўзгартириш керак, деган хулосага келдилар ва бу зарур юмушга ўзлари чинакамига киришдилар. Бусиз миллатнинг келажаги, ва ҳатто мустақиллик ҳам бўлмаслигига ишонч ҳосил қилган эдилар жонсўз жадид боболаримиз. Унгача болалар, асосан мачитларда таълим олишар, турли диний оятларни ёдлаш билан банд эдилар.Жадидлар ўз ҳисобларидан янги мактаблар очдилар, уларни парта, доска билан таъминладилар. Жадид мактабларида илк бор география, тарих, адабиёт, математика фанлари ўқитиладиган бўлди ва дарсликларни ҳам уларнинг ўзлари ёздилар ва дарс бердилар.
Ана шу ноёб ҳаракатнинг сардори Маҳмудхўжа Беҳбудий саккизта дарслик ёзган, бир неча мактаблар очиб, ўзбек ва тожик тилларида дарс берганди. Кураш шафқатсиз ва қалтис эди. Уламо ҳам, чоризм ҳам бу ҳаракатга қарши эдилар, албатта. Беҳбудий атрофида тўпланган зиёлилар орасида Саидризо Ализода, Садриддин Айний, Шакурий, Муин, Ажзий, Исматулло Раҳматулло сингари даврнинг обрўли зиёлилари бор эдилар.
Жадид боболаримизнинг хизмати фақат шу билан чеклангани йўқ. Жумладан, Маҳмуджўжа Беҳбудий ўзбек драматургияси ва театрига асос солганлигини биламиз. 1914 йилда у “Самарқанд” газетаси, “Оина” журналини таъсис этди, уларга муҳаррирлик қилди.
Октябр инқилобидан кейин жадидлар учун чинакамига қора кунлар бошланди. 1919 йилда Беҳбудий қаршида сирли тарзда ўлдирилди ва ҳозиргача у кишининг қабри топилгани йўқ. Кўп ўтмай қолганлари ҳам аёвсиз қамоқларга ташланди. Қандайдир муъжиза билан Садриддин Айнийгина тирик қолди. У янги тожик адабиётининг ва республика Фанлар Академиясининг асосчиси ҳисобланади. Садриддин Айний ўз асарларин тожик ва ўзбек тилларида ёзди. Чингиз Айтматов унинг “Судхўрнинг ўлими” қиссасини жаҳон адабиётининг нодир дурдонаси, деб ҳисоблаганди.
Жадид боболаримиз бағоят байналминал эдилар. Улар ўзбек, тожик, рус тилларидан ташқари, қисман инглиз, француз тилларини ҳам билишган.
Ўтган асрнинг етмишинчи йилларигача жадидлар ҳақида ( Садриддин Айнийдан ташқари) гапиришга журъат этишмасди. Кейин хотиралар пайдо бўлди ва мустақиллик эълон қилингандан кейин уларнинг китоблари чоп этилди.
Аммо шуларнинг барига қарамай, ўша октябр инқилобидан кейин бошланган манфур қора куч, аниқрорғи жаҳолат уларни ҳамон таъқиб этаётганга ўхшаб кетади.
2005 йилда биз Маҳмудхўжа Беҳбудий туғилган куннинг 130 йиллигини нишонладик. Бу чинакамига байрамга айланди. Одамлар, жамоалар гуллар кўтариб келишди. Аммо уларни қаерга қўйиш керак? Қабр ҳам, ҳайкал ҳам йўқ-ку! Шунда биз Самарқандда бу бу зотга ҳайкал ўрнатилиши зарур, деган хулосага келдик. Аммо бу - биз кутганчалик осон эмас экан. Аризамизни аввал шаҳар ҳокимияти қошидаги, сўнг вилоят ва ниҳоят республикадаги нуфузли комиссия кўриб чиқиши ва тасдиқлаши талаб этиларкан. Биз эса руҳан барига тайёр эдик. Шаҳар ҳокимиятидагилар комиссия ҳар уч ойда тўпланишини аён қилишди. Аммо уч ойдан кейин ва комиссия йиғилиши ўтгач, совуққина қилиб, аризамиз йўқолганлигини айтишди. Шундан кейин ҳокимга ( эндиликда собиқ) кириб, Беҳбудий ҳазратларининг ҳақида гапириб бердим.
Вилоят босқичида ишимиз анча мураккаблашди. Дастлабки кунларданоқ, ҳозирги ҳокимларнинг аксари аввалги саркотиблардан кўра анчайин бюрократ ва энг ёмони, адабиёт, санъат ва ҳатто тарих масалаларида улардан ортда қолишган, деган хулосага келдим.
Вилоят ҳокимияти биносига яқинлашишингиз билан милиционер йўлингизни тўсади. У ҳужжатларингизни синчиклаб текширади, портфелингиз бўлса ичини титкилайди, кимга, нима учун кираётганингиз билан қизиқади. Ундан ўтганингиздан кейин, эшик олдидаги икки милиционер ҳам худди шу жараённи такрорлайди. Омадингиз чопиб бошлиқ ёрдамчиси билан юзма-юз бўлганингизда ҳам, у катта амалдорнинг тинчлигини бузмаслик пайида бўлади. Шу аҳволда оддий ўқитувчи, врач, инженер ҳоким ёки унинг ўринбосари қабулига ҳеч ҳам киролмайди, деган хулосага келганман. Қабул кунлари эса аксар амалдорлар мутлақо бошқа юмушлар билан шуғулланадилар. Хуллас, ҳарчанд қилсам ҳамки, мен бу тўсиқлардан ўтиб, ўшанда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Баҳронов қабулига киролмадим. ( Кўп ўтмай уни жиноят кодексининг бир неча моддалари билан 15 йилга қамаб юборишди).
Шукурки, ҳужжатлар Республика Вазирлар маҳкамасида узоқ вақт ётмади. Назаримда у ерда Беҳбудий ҳазратларини биладиганлар кўпроқ экан.
Ҳайкални шаҳарда қуришга рухсат бўлмади. Ва биз ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти директори билан уни ана шу ўқув юртининг ҳовлисида тиклайдиган бўлдик. ( Ўз ҳисобимиздан, албатта) Очилиш маросими чинакам байрамга айланди. Шундан буён биз ҳар йили Маҳмудхўжа Беҳбудий туғилган кун (19 январда) бу беназир инсоннинг руҳини шод қилиб, пойига гулчамбарлар қўямиз.
Садриддин Айнийнинг руҳларини эса бот-бот безовта қилишдан чарчашмайди. У кишини Бухоро амири зиндонга ташлагани ва бу ҳам етмагандай 70 дарра урдирганини, шунга қарамай Айний ҳазратлари тирик қолганини биламиз.
Гоҳида ўйлаб қоламан. Бизнинг томирларимизда шундай буюк кишиларнинг қони оқаётганлиги билан фахрланамиз. Аммо, болаларимиз саводсиз қолмасин, дегани учун уларни зиндонга ташлаган, дарра билан савалаган, “халқ душмани”га чиқарган кишиларнинг авлоди эканлигимизни ҳам инкор этиб бўлмайди-ку!
Ўтган йилнинг охирларида Садриддин Айнийнинг Самарқанддаги уй-музейига шаҳар ҳокими ташриф буюради ва адибнинг кўчадаги ҳайкалини олишни буюради.
Зеро, бу кўчаларда президент Ислом Каримовнинг ҳам болалиги ўтган ва у буюк адиб билан бир неча бор учрашган, ҳатто суҳбатлашишган бўлишса ҳам ажаб эмас.
Хуллас, бир неча кундан кейин, кечаси бир гуруҳ бадқовоқ кишилар келишади ва ҳайкални қўпоришади. Уларнинг бошлиғи уйдаги экспонатларни зудлик билан кўчиришни, уйни ҳам бузишларини билдиради.
Уй-музей директори А.Ғаниев ва вилоят музейлари раҳбари Н.Маҳмудов Айнийнинг тарихимиздаги ўлкан хизматларини қоғозга тушириб, вилоят ҳокимига юборадилар. Бунда асосий эътибор Айнийнинг ўзбек адабиёти, педагогикасига қўшган хизматларига урғу берилади. Боиси, улар бу ҳолни Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларининг нохушлигида ёки шунчаки, миллатчиликда деб билишади. Аслида эса буларнинг бари шаҳарни ободонлаштириш билан боғлиқ машмашалардир. Режага кўра эски бинолар бузилиши ёки таъмирланиши кўзда тутилган, холос. Шу билан бирга, юқорида таъкидлаганимиздек, аксар раҳбарларнинг китоб ўқимаслиги, яқин тарихимизни яхши билмаслиги, Интернет билан дўст тутинмагани ҳам бундай нохушликларга сабаб бўлиши табиий ҳол.
Аммо вилоят ҳокимиятдан акс-садо бўлмайди. Аксинча, экспонатларни кўчириш ҳақидаги фармойиш такрорланади. Хуллас, экспонатлар кўчирилади. Аммо ногаҳонда вазият ўзгаради. Булдозер ортга қайтади. Экспонатларни зудлик билан жой-жойига қўйиш ҳақида кўрсатма келади.
Раҳбарлар Садриддин Айнийнинг таржимаи ҳолини ўқиб қолишганми, ёки кимдир бу нохушлик ҳақида Тошкентга хабар берганми – сабаби ноаниқ. Аммо ҳайкал ҳамон ертўлада. Музей директорининг ибораси билан айтганда: “Айний ҳазратлари тағин зиндонда”! Лекин вазият кимнидир қурбон қилишни тақозо этиб қолади ва улар музейлар раҳбари Н.Маҳмудовни “ўз аризасига кўра” ишдан бушатадилар.
Садриддин Айний руҳини қақшатиш билан боғлиқ бўлган тағин бир туҳматга қулоқ тутинг. Россиянинг “Моя Планета” канали бот-бот “Проклятие Тамерлана” деган ҳужжатли фильмни намойиш қилиб қолади. Филмда оператор Малик Қаюмов сўз олиб, дуппа-дурустдан Садриддин Айнийни 1941 йилдаги урушининг сабабчиси, деб туриб олади ва куракда турмайдиган бу сафсатани ўзича асослашга ҳаракат қилади. Маълумки, 1941 йилда Ўзбекистон Фанлар Академиясининг қарори билан Темурийлар даҳмаси очилган. Бунга Айний ҳам иштирок этган. Эмишки, ўшанда операторлик қилган Малик Қаюмовга икки чол китоб кўрсатиб, агар Соҳибқироннинг қабри очилса, уруш бошланиши муқаррарлигини айтган экан. Айний бунга қулоқ солмай ҳассаси билан муйсафидларни ҳайдаган экан. Ва қабрлар очилиб, Темурийларнинг бош суяклари россиялик андрополог олим М.Герасимовга юборилган куни фашистлар бостириб келган эмиш. Агар ўшанда Айний чолларга қулоқ тутганда, уруш бўлмас эмиш. М.Қаюмовнинг қолган гаплари ҳам мақтанчоқлик ва вайсақиликдан ўзга нарса эмас. У фронтда маршал Г.Жуков билан икки бор учрашганини ва урушнинг асл сабабларини айтиб, қумондонни ишонтирганини гапиради. Гўёки, кейин Жуков бу ҳақда Сталинга айтган эмиш ва у бош суякларни самолётга ортиб, Москва устида учиш ҳақида фармон берган эмиш. Шундай қилишча, Амир Темур руҳи душманни чекинтирган эмиш. Кейин Сталин бош суякларни зудлик билан ўз ўрнига кўмиш ҳақида фармон берган ва Гўри Амир мақбарасини таъмирлаш учун катта пул ажратган экан.
Худо ҳақи, бу - болаларларга айтиладиган эртакдан ўзга нарса эмас! Ҳарҳолда, мен шундай фикрдаман..
У пайтларда Садриддин Айний қўлига ҳасса олмаганлиги Қаюмовнинг ўзи олган кадрлардан шундайгина кўриниб турибди. Аслида у, шу воқеадан ўн йил ўтгач, ҳасса билан юрадиган бўлган. Уруш авжига чиққан 1942 йилда маршал Жуков оддий солдат операторни икки бор қабул қилиб, у билан суҳбатлашганига ишониб бўлмайди. Сталиннинг шундай йўл тутиши мантиққа тўғри келмайди ва бу гапни тасдиқлайдиган бирорта гувоҳ ёки ҳужжат йўқ. Уруш нега бошланди ва душман қай вазиятда чекинганлигини зиёли кишилар яхши тушунишади ва тарихга бу тариқа хиёнат қилиш одобдан эмас!
Ўша пайтда мақбарани таъмирлаш учун маблағ ажратилганлиги ҳақидаги ҳужжат бирорта архивда йўқ. Гури Амир мақбараси ўтган асрнинг етмишинчи йилларига келиб таъмирланганига ўзим гувоҳман.
М.Қаюмов фақат Садриддин Айний руҳини безовта қилиб қолмай, Амир Темур, Шоҳруҳ, Улуғбек бош суякларини қайта-қайта намойиш қилади ва уларнинг ҳам руҳини қақшатади.
Россия ТВси учун буюкларимизни камситиш, мазах қилиш, миллатлар орасига нифоқ солиш зарурдир. Аммо ёши бир жойга бориб қолган М.Қаюмов учун бу иккиюзламачилик нега зарур бўлиб қолганини тушуниш қийин!
Подписаться на:
Комментарии к сообщению (Atom)
Комментариев нет:
Отправить комментарий