понедельник, 21 сентября 2020 г.

БУХОРОЛИК РАҲМАТЛИ ДЎСТЛАРИМ

  

   Шоирлар қишлоқда туғилади, Парижда ўлади, дейишади фаранглар. Бу - табиий ҳол. Ижодкор ҳамма замонларда ҳам адабий муҳит қайноқ бўлган масканга интилган, боиси: бундай манзилда ижодий баҳслар, таҳририятлар, нашриётлар... дегандай. Истаймизми-йўқми, ҳар қандай жамиятда ҳам  меҳр - кўзда деган нақл амал қилади. Аммо қишлоқда қолиб ҳам ўзига хос ижодий дурдоналар яратган шоир ва ёзувчиларни биламиз ва уларга тасаннолар айтамиз. Аммо уларга анчайин қийин кечиши табиий: китоб, мақола чиқариш учун, аввал мутасаддилар билан танишиб олиш, меҳр қозониш керак бўлади. Шаҳарликлар эса қишлоқдан келган ижодкорларга ҳамиша “юқорироқдан” туриб қарашга кўникиб қолишган. Майли, бир бошдан.

  1974 йилнинг ёз маҳали эди. У пайтларда “Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг Самарқанд,  Бухоро вилоятлари бўйича мухбири бўлиб ишлардим. Идорадан,  Аму-Бухоро каналининг навбатдаги қисми очилишини,  қадимий Жилвон ариғига сув келишини ва ўша ерда бўлиб, репортаж тайёрлашим зарурлигини айтишди. Аввал Бухорода бўлиб, шоир дўстим Тошпўлат Аҳмадни тополмагач, Шофирконга йўл олдим ва одатим бўйича,  аввал туман газетаси таҳририятига кирдим. Бу газетанинг бош муҳаррири ёзувчи Аҳад Ҳасан эканлигини, у Самарқандда  ўқиганлиги, талай  китоблар ёзганини эшитгандим. Редактор ўринбосари Аҳад ака  уйда эканлигини айтибгина қолмай, у киши яшайдиган Денов қишлоғига олиб  борди. Йўл-йўлакай эртага канал очилишини, сувсизлик ҳамманинг тинкасини қуритганини, оқибатда Қизилқум саҳроси далалар, қишлоқларни босиб келаётганини гапирди. Дарҳақиқат, атрофда ташналикдан қовжираб қолган экинларни кўриш нохуш эди.

   Рости гапки, Аҳад Ҳасан ҳақидаги илк таассуротим илиқ бўлмади. У журналист, ёзувчидан кўра кўпроқ райком котиби, колхоз раисига  ўхшаб кетарди. Тўладан келган бу хушқомат инсон ўзидан  мамнун ва андак нописанддек бўлиб туюлди назаримда. Шунинг учун ҳам алламаҳалгача умумий тил топишолмай турдик.

 - Бухорода кимни танийсиз,- сўраб қолди, янги суҳбатдошим.

  - Тошпўлат Аҳмад деган дўстим бор.

   - Бўлмагур бола у,- сўзимни кесди суҳбатдошим.

   Бунисини кутмаган эдим. Мезбоннинг гапини маъқуллаб, мунофиқлик қилишдан кўра индамай туришни маъқул деб билдим. Анчайин сукутдан кейин Аҳад ака кулиб юборди.                               - Ҳазиллашдим: Тошпўлат, амакиваччам бўлади, у ҳам шу қишлоқдан чиққан.  

  Иккаламиз ҳам беғубор кулдик кейин суҳбатимиз авж олиб кетди.

  Ўшанда ёзувчининг “Қизилқум қизи” номли китоби чиққан кунлар эди. Узоқ бир  қишлоқда яшаб, Тошкентдан китоб чиқариш машаққатлигини эса яхши билардим. Муаллифни табриклаб, секин варақлашга тушдим. Унда ёшлик, муҳаббат мавзулари билан бирга, деҳқон ва чорвадорларнинг оғир аҳволи реал тасвирланганди.   Садриддин Айнийнинг “Қуллар” китобида келтирилган деҳқон ҳасрати эса бир ўқишдаёқ ёдимда михланиб қолди.

Оқарму оқмасму Жилвон ариғи,

 Қуриди деҳқоннинг мошу тариғи

Жилдираб оқса ҳам кўзим ёшидек,

 У билан оқармас юзим сариғи...

  - Айний бобо бизга қўшни бўлган қишлоқда таваллуд топганлар, болаликлари  Жилвон ариғи соҳилларида ўтган, изоҳ берди Аҳад ака.

  Демак, ўша замонлардаёқ сув танқис бўлган эканда, сўрайман.

 У замонларда Зарафшоннинг суви Қоракўлдан ўтиб, Амударёга қўшилган, аммо унинг ихтиёри амир миробларида бўлган. Исён кўтарган ёки солиқни тўламаган деҳқонларга сув берилмаган. Ҳозир эса Зарафшон суви бизгача келмай қолди. Пахта майдонлари ҳаддан ташқари кенгайиб кетди.

      Эртаси биз Аму-Бухоро канали томон йўл олдик.  Сув бошида тумонот одам тўпланганди. Ва уларнинг қувонч, ҳаяжонларини тарифлаб бўлмасди: қий-чув, карнай-сурнай оҳанглари еру-кўкни тутганди. Одамлар  канал соҳилларига,  ўзлари етаклаб келган  қўйларни сўйишар ва бўтана сувга бир-бирларини шодон итариб туширишарди. Бир муйсафид бизни канал қурувчиларидан деб ўйлади шекилли, дуо қилакетди. “ Илоҳо, умрларинг сувдан сероб бўлсин, барака топинглар, Жилвоннинг суви энди қуримасин.”

     Булар, баҳорда не-не умидларда эккан ғалла, макка, пахталари кўз ўнгиларида қовжираб қолганини кўрган, кўз ёши таъмини  обдон татиган захматкаш деҳқонлар эканлигини фаҳмлаб олиш қийин эмасди. Сув учун қўшнилар, ҳатто ака-укалар бир- бирларини пичоқлашганини ҳикоя қилиб беришганди менга

  Биз канал қурувчилари, уларнинг раҳбарлари билан гаплашдик. Ҳовлига қайтгач, Аҳад акага  райкомнинг биринчи котибига киришим, ундан интервю олишим зарурлигини айтдим.

    “Ҳозир чақирамиз, шу ерга етиб келади”,  деди у киши.

    У замонларда “биринчи” деганларининг ҳиккаси жуда баланд бўларди ва туман газетасининг муҳаррири уни чақириб олишини тасаввур қилиб ҳам бўлмасди.

  Биринчи котиб, Жилвонга сув келишидан беҳад хурсанд эди.             “Энди Қизилкум орқага  чекинади, биз у ерда пахтазорлар, боғ роғлар яратамиз” деди у, жумладан мамнун кайфиятда.

  Шундан кейин ҳар гал Бухорога борганимда Аҳад аканинг меҳмони бўладиган, гоҳида унинг уйида тунаб қоладиган бўлдим. Мабодо кирмай кетсам, хафа бўлишини билардим. Ва ҳар гал борганимда унинг мавқеи,  ўзига хос арбоблиги, раҳнамолигига ҳавасим келарди.

    Бир куни   ўзи ҳам кийимлари униққан ўрта ёшлардаги эркак кириб келди.

  “Аҳад ака, маза йўқ, деди нолиш ва итоаткорлик билан.”

  “Пул бераман, аммо мана шу  Самарқанддан  келган меҳмон олдида, қайта ичмайман деб сўз бер”.

    “Энди оғзимга олсам, бетимга туф денг” деди у.

   “У гал ҳам шундай дегандинг.”

    “Кўзим энди очилди”. 

    “Майли, мана бу пулга болаларингга китоб дафтар олиб бор” деди.

    Навбатдаги борганимда, бир аёл эшик олдида унга тожикчалаб узоқ шикоят қилди. Ўғлини милиция олиб кетганини, уни қамаб юборишса болаларининг ҳаёти жуда ёмон  бўлишини гапирди. Аҳад ака уни тоқат билан тинглади.

   “Мен прокурорга айтаман, ёрдам беради” деди.

    Аёл уни узоқдан-узоқ дуо қилди.

    Аҳад аканинг ўша йиллари нашр этилган “Муқаддас замин”, “Санобар”,  “Муҳаббатнинг сомон йўли” сингари асарлари анчайин қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди. Сўнгги йилларда у киши катта жанрларга ҳам қўл урдилар. “Қайтар дунё” романлари, “Кўҳна Бухоро қиссалари” каби китоблари бадиийлиги, публицистик руҳининг устиворлиги билан ажралиб турарди.

   Аввал айтганимдек, Аҳад Ҳасан гавдали, кўркам, мағрур инсон эди. Уни  кўрган киши: “Бу одам юз йил яшайди” деб ўйларди. Аммо ота йўлидан бориб, яхши асарлар яратаётган ўғли - Илҳом Ҳасаннинг автомобил ҳалокати оқибатида кўз юмиши Аҳад акани букиб қўйди.

 У киши 2011   йили бу ёруғ олам билан видолашдилар.

                                      * * *

    Бухоролик,  аниқроғи Шофирконлик тағин бир шоир, адиб дўстим Тошпўлат Аҳмад ҳақида ҳам сўз юритмоқчи эдим.

   Бунинг учун эса аввало, экзотикага бой бўлган  қадимий Бухоро шаҳри ҳақида таассуротимни ҳикоя қилмоқчиман.

  Американи Колумб очган дейишади. Аслида эса  ҳар бир турист у ёки бу шаҳар, юртни ўзича кашф этади.

     Дарҳақиқат, энг катта кашфиётчилар сайёҳлар, альпинистлар эмас, журналистлар, ёзувчилар, олимлардир. Мен Шарқни  Бобур ("Бобурнома"), Доғистонни Расул Ҳамзатов ("Доғистоним"), Англияни Даниэл Гранин ("Йўл бошловчига ёднома") кашф этган, дегим келади.

     Бухорони эса минг йиллар муқаддам Наршахий ("Торихи Бухоро") кашф этган. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам бу борада "Наршахий панжасига панжа урадиган" киши топилмади.

        1974 йили "Қишлоқ ҳақиқати" газетасининг Самарқанд, Бухоро вилоятлари бўйича мухбири бўлдим ва каминани бу юрт ҳақидаги қораламаларим Наршахийнинг муқаддас публицистикаси олдида жуда ожиз, хира, тарқоқдир.

      Тошпўлат Аҳмад билан аввалроқ дўстлашиб қолганимизни айтган эдим. Шунинг учун уни топиш, раҳбарларга биргаликда киришни маъқул, деб ўйладим. У ишлайдиган - Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимининг идораси Бухоро арки билан қадимий бозор оралиғидаги пастаккина, кўримсиз хоначада экан. Суриштира-суриштира бу ерга келдим-у, унинг қадимий боғдоди эшигига осилган каттакон бурама қулфни кўриб, ҳафсалам пир бўлди. Танаввул қилиб олгач, тўрт қатор ҳазил шеър ёзиб, уни таниш эшикка ёпиштириб кетишга аҳд қилдим.

 

Бухорода илҳомларим урди-ю қулф,

Туюқ ёздим, сарлавҳасин қўйдим мен "Қулф".

Кўрсатай, деб, сўнг Союзга олиб борсам,

Эшигида турар эди калладай қулф.

 

     Жиндай елим сўраш учун дуч келган идоралардан бирига кирдим. Бу - қадимий мадрасанинг бузилмай қолган ҳужраси эди. Ичкари киришим билан, диққатимни, аввало, унинг зўр дид ва ҳафсала  билан майда гулли ганчкорлик қилинган, морпеч нақшлар чиқарилган қадимий, бетакрор гумбаз ва деворлари тортди.

        Ҳамма санъатлар тин олганда, архитектура тилга киради, деган нақлни эшитганмисиз? Бу мўъжаз санъат атрофдаги шовқин-сўронларга қарамай тин олмайди - алланималар ҳақида завқ-шавқ билан ҳикоя қилаверади.  Ўтовга ўхшаган бу бурчаксиз хонада тўрт киши жиддий қиёфага кириб, алланималарни ёзишар, чўт қоқишарди. Одамлар ҳар гал кириб-чиққанда, қадимий эшик инграгандай бўларди.

    - Кечирасиз, озгина елим керак эди, - дедим ўнг томонда ўтирган  кишига, қаршисидаги елимга имлаб.

     Жавобан у менга бошдан-оёқ аллақандай киноя билан ажабсиниб нигоҳ ташлади. Дафъатан хушёр тортиб, мен ҳам суҳбатдошимга жиддийроқ эътибор бердим: у олтмишларга кирган, ўттизинчи йилларнинг раҳбарларига ўхшаб галифе шим, хром этик кийиб олганди. Рафтори анчайин кибор бу одам мазкур идоранинг бошлиғи эканлиги сезилиб турарди.

    - Аввало ассалом алайкум, - деди у одобсиз болага дуч келгандай масхараомуз.

    - Кечирасиз, саломалайкум, - дедим дилгиргина. 

     Боя ҳаёлим обидага кетиб, саломлашиш ёдимдан чиққан экан, шекилли, қаттиқ ҳижолат чекдим. Атрофдагилар ҳам қовоқларини очмасдан, лабларининг бир чеккаси билан кулишди, аниқроғи, юзларига табассум суртишди.

     - Клейди нима қилалла, - сўради бошлиқ Бухоро лаҳжасида, мижғовлик ила.

     - Мана буни ёпиштирмоқчи эдим.

     - Қани, бир кўрайлик.

      Ноилож қоғозни узатдим. У ҳафсала билан кўзойнагини тақди, сўнг синчиклаб ўқишга киришди. Негадир "Союз" деган сўзнинг остига чизди

    - Буни қандоқ тушуниш керак, - сўради у газетанинг инжиқ котибларига ўхшаб.

    - Ёзувчилар Союзи яъни уюшмаси вилоят бўлими.

    - Шундоқ деб ёзинг!

    - Вазн бузилади.

    - Иби, - деди у кулиб, - о маъночи? Бундан арзу додимга қулоқ соладиган банда йўқ, деган гап чиқади-ку.

    - ....

    - Манг!

    - Елим!

    - Йўғ. Бир гап чиқса, клейни қаердан олгансан, дейишади. Ғавғога  тобим йўғ!

     Мен баттар ҳижолат чекдим. Лекин ҳаётда анчайин зада бўлган бу оқсуяк амалдорни ҳам тушуниш керак эди. Шеъримни олдиму, ташқарига шошилдим. Кўчанинг нарёғига ўтиб, яҳудий этикдўзга эҳтиром билан салом бердим ва бир томчигина елим сўрадим. У жавобан, план тобора ошаётганини, идора материал бермай қўйганини гапирди.  Майда пул чиқариб, нуқул пақир тангалар солинган консерва банкасига солдим. У вазиятни ўзгартирди.

    - Бу - чармники, - деди  кирланиб кетган  шишани узатар экан, - чунонам маҳкам ушлайдики...

     Қоғозга тўрт томчи томиздим-у, қотиб қолишидан чўчиб, таниш эшик томон югурдим. Етиб келсам, аллақачон кимдир қулфга эшагини боғлаб кетибди. Яқинлашиб боргандим, жонивор тепмоқчи бўлиб шайланди. Ноўнғай бўлиб, атрофга алангладим. Қоровул чол мийиғида кулиб, мени кузатиб турарди.

    - Бунинг эгаси қани? - сўрадим шошиб.

    - Бозорга тушдила.

    - Йўқ, идоранинг эгасини сўраяпман.

    - Ҳа, шоири калон Шофиркон кетганла.

    - Бошқалар-чи?

    - У киши келмаса, жонишинлари қаросини кўрсатмайди. Ҳай бу балала  карахт.          

    - Шоири калоннинг мошинаси борми - сўрадим.

   - Мошин қаерда? Этикдуз жуҳуддан қарз олиб юради.

     Отахон бир лаҳза тин олди. Сўнг ўзи ҳам шоиртабиат эканлигини намойиш қилмоқчи бўлдими ёки шунчаки илҳоми келдими, ҳайтовур Рудакийдан ғазал ҳиргойи қилди:

                                    

                            Ёди ёри  меҳрибон ояд ҳаме,

                            Бўйи жўйи Мўлиён ояд ҳаме...

 

     У билан алламаҳалгача суҳбатлашиб қолдик. Отахон амир вақтида ҳам қоровул бўлган экан. Ўша пайтда ана шу хоначада ўндан ортиқ сарой шоирлари амирга ҳамду-сано айтишаркан. Амир шоири калонга файтун ва бир канизакни инъом этган экан. Ҳозир бўлса...

     Шундай қилиб шеър ёзилган қоғозни эшикка ёпиштириб бўлмади.

     Биринчи кечани Кўкалдош мадрасасида ўтказдим. Меҳмонхона танқислиги учун қадимий обиданинг ҳужраларига темир кроватлар қўйиб, ётоққа мослаштиришган экан. Жуда қўпол қилиб ўтказилган электр симлари,  қувурлар ва замонавий коммуникациянинг бошқа воситалари гўзал нақшлар устига чапланган бўёққа ўхшарди. Шунчалик ҳам дидсизлик бўлиши мумкинми?! Эҳ! Бунинг устига ҳужрада меҳмон бўлганларнинг аксарияти ғишт, кошин, ганжлар устига ўз номларини муҳрлаб қўйганликлари жуда ғашимни келтирди. Дилимдаги бу нохуш ҳис эрталабгача ҳасадга айланди, шекилли, жўнаб кетиш олдидан мен ҳам бир ғиштга номимни ёзиб қўйдим.

     Муҳтарам китобхон! Булар бари етмишинчи йиллардаги ҳолат эканлигини ҳисобга олишингизни сўрардим.

     Мустақиллигимиз эълон қилингандан сўнг талай меҳмонхоналар қурилди, қадимий обидаларни тиклашга эътибор оширилди.

  Бухоро ҳақида сўз кетганда, мен ҳамиша ҳеч ким уни Тошпўлат Аҳмаддай кўкларга кўтариб мадҳ этолмаганини таъкидлайман. Тошпўлат Аҳмаднинг дастлабки китоблари “Бухоро юлдузлари” “Ўғлингман, ҳаёт” “Минорлар ва чинорлар”  “Бухоронома”дан бошлаб кейинги        йилларда нашр эттирган “Кўнглим гули набирам”, “Лабиҳовузда ой балқиди” сингари китоблари Бухоро ва бухороликларга бағишлангандир.

   “Бухоро - мустақил Ўзбекистонимизнинг жаннатмакон гўшаси!”

     “Бухоро - шарқ гавҳари!”

    “Бухоро - инсониятнинг кўз қораси!

   “Бухоро - бизники ҳаммамизники!”

   “ Ўзбекистон кўксида шамсу-қамар Бухоро,

   Турон замин бағрида зийнату-зар Бухоро!”

   Бу  ҳамду сано ва тарифлар, айнан Тошпўлат Аҳмад асарларидан олинган  мисралардир.

   Шоир муҳтарам  Ойбек, Расул Ҳамзатов, Саид Аҳмад ва ўнлаб  ёзувчилар, санъаткорлар билан суҳбатлашгани, уларга она шаҳри обидаларини кўрсатгани, тарифлаганини эҳтирос ила қаламга олади. Бухоролик адиб бу юртдан  чиққан Аҳмад Дониш, Садриддин Айний, Абдурауф Фитрат, Жалол Икромий  сингари адиблар, Олим Хўжаев, Мухтор Ашрафий, Раззоқ Ҳамроев, Мутал Бурҳонов каби санъаткорлар билан фахрланишдан чарчамайди.

  - Марказдан  узоқда яшайдиuган ижодкорлар учун яхши имконият юзага келди, дейди Тошпўлат Аҳмад. Эндиликда ҳар бир ижодкор сайт ёки блог очиб, ўзини дунёга таништириши мумкин. Бунинг учун Тошкентга бориш, таниш-билиш излашга ҳожат қолмайди. Асарингизни дунё ўқийди ва баҳо беради.

   Мен бу фикрга қўшилдим.

        11 01 2019               

Комментариев нет:

Отправить комментарий