"ЖАДИД" АСАРИНИНГ ДЕБОЧАСИ
Эътибор берганмисиз:
одамлар бой бўлишни исташади, аммо бойларни
ёмон кўришади;
амалдор
бўлишни исташади, аммо бошлиқларни ёқтиришмайди;
“Яшасин,
демократия!” дейишади, аммо демократлардан хавфсирашади;
олдинги сафда бўлишни хоҳлашади, аммо олдинлаб кетганларни тартибга
чақиришади.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ва унинг сафдошлари
анчайин олдинлаб кетган кишилар эдилар.
Уларни шунчаки тартибга чақиришмади, балки
аксарини тузумнинг Сибирда қурдирган
машъум авахтахоналарида чиритишди, нокас
ғаддорлар!
“Инсон
боласига қулоқ солмайдиган, қулоқ солишни истамайдиган ҳукуматдан, замондан
Худонинг ўзи асраган бўлсин!” ( Чингиз Айтматов)
Жафокаш халқини билим ва маърифатга
даъват этгани учун шундай қаттол
қисматга мустаҳиқ этишди бечораларни. Бу
бахти қаро боболаримизни чоризм ҳам, большевизм ҳам, ўзимизнинг уламо-ю, катта-кичик замон зўрлари ҳам, “душман”, “кофир” деб эълон қилишдан
чарчашмади...
“Ўқи! Болаларингни ҳам ўқит!” дейишгани учун
бечора жадидларни отишди, осишди, тошбўрон қилишди, қамоқхоналарда чиритишди.
Беҳбудий ҳазратларини қирқ тўрт ёшларида ваҳшийларча сўйишди. Бу ҳам етмаганидек,
йиллар ўтиб, тақсирга “халқ душмани” деган тавқи лаънат тақишди. У кишининг
сафдошларини ҳам...
Қисса кўтоҳ, тақдир уларнинг барига узлуксиз
чап қўлини чўзди.
Лекин
улар эътиқодларидан тонмадилар. Беҳбудий ўлими олдидан “Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар!”
деб нидо этди. Жонини сақлашни, яқинларини ўйламади...
Шакурий домла Тошкент қамоқхоналарида жон бердилар. Шўрликнинг қабрлари
йўқ.
Саидризо Ализода Россиянинг Владимир шаҳри қамоқхонасида
оламдан ўтди. Набираси – Фарҳод Ализода
бобосининг хокини келтириб, Самарқандда дафн эттирди.
Ҳожи Муин Россия ўрмонларида нобуд бўлди.
Ҳамза, Сиддиқий Ажзий...
Нима учун? Нима учун?
Айтинг, айтинг, дунёда бундан ҳам
мустабидроқ адолатсизлик, шафқатсизлик бўлиши мумкинми?!
Начора, инсоннинг энг катта хатоси − ўз хатоларини такрорлаб туришида экан. Ҳақиқат ва
маърифат машъалини кўтарганларнинг қўлларини унинг олови куйдираркан. Азал-азалдан
шундай бўлиб келган.
Бу –
жаҳолат! Жаҳолатга қарши эса, жадидлар айтгандай, фақат маърифатни қалқон қилиш мумкин.
Беҳбудий
инсонни фақат зиёга эмас, Худога ҳам яқинлаштирадиган, том маънодаги назаркарда
инсон эди.
Минг йиллик тарихимиз давомида жадидлар
ҳаракати атиги бир бор рўй берди, холос. Миллат эса бир умр уларга интиқ,
интизор бўлиб яшади, яшаябди!
Гоҳида фикрга чўмади киши. Инсон асрлар
давомида бағоят муҳташам мачитлар,
синагоглар, черковлар бино этиб, Яратганга сажда қилган ва қилаётган экан, бу дунёда атеист
бўлиш гумроҳлик эмасми?!
Тараққийпарвар инсонлар азал-азалдан
ватандошларини илм-маърифатга чорлаб, бу – ҳаёт ва мамот масаласи эканлигини,
зиёга интилмаган миллат охир-оқибат нест бўлиб кетишини ҳайқириб
айтишаётган, бошларини кундага қўйиб
бўлса ҳам курашишаётган экан, ушбу дунёда мутаассиб бўлиш ҳам имонсизлик эмасми?!
Жадидлар жасорат кўрсатишди, аммо ўша, шўролар
замонидаёқ уларни қайта тирилтирган маърифатпарвар олимларимизнинг ҳам журъати
ҳазилакам бўлмади. Раҳматли Иброҳим Мўминов, Солиҳ Қосимов, Аҳмад Алиев, Бегали
Қосимов, Абдумўмин Фаттоевларга Оллоҳ жаннатидан жой берган бўлсин!
Аслида, тарихни ўрганишнинг ўзи кифоя эмас,
уни ҳимоя ҳам қилабилиш керак. Бу сиймолар ҳар қандай тазйиқларга қарамасдан
уни бало-қазолардан муҳофаза қилабилдилар.
Бугун ҳам ана шу эзгу
ишга камарбаста бўлган Наим Каримов, Шоҳруҳхон Беҳбудий, Ингеборг Балдауф, Сирожиддин Ахмедов, Шерали Турдиев, Бойбўта Дўстқораев, Ҳалим
Сайид, Зебо Аҳророва, Дилором Алимова, Шуҳрат Очилов, Нилуфар Намозова, Сайди Умиров ва бошқа жонкуярларнинг остоналари
осуда, умрлари узоқ бўлсин.
“Ҳаволанма муғанний,
Сен телбага сон қайда”,
деб хониш-у, нолиш қилади ҳофиз. Мен ҳам ушбу рўйхатга
илиниб қолишни орзу қилганман. Қўлингиздаги китоб шу йўлдаги қадамлардан биридир.
Дарвоқе, бу асарни ўн йиллар илгари бошлаган
эдим. Аммо Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ( ул зотни қавмлари “Маҳмудхон,” бошқалар “Муфти жаноблари”, “Афандим”, “Ходимул
миллат”, “Тақсир”, “Устод”, “Муаллими
калон” деб ҳам мурожаат этишган. Биз ҳам, ўрни келганда, бу эпитетлардан
фойдаланамиз) Саёҳат хотиралари, аниқроғи “Қасди сафар” асарини кенгроқ шарҳлаш
учун у киши кезган йўллардан ўтиш, яъни ўша мамлакатларга бориш, одамлар ва
воқеъликни бугунги кунга таққослаш зарур, деган хулосага келгандим. Аммо орадан
йиллар ўтиб, бунинг имкони бўлмади. Ҳозир мазкур мамлакатларга бориш
Муаллимнинг замонидан кўра якчанд даража мураккаблиги каминани бот-бот
андишаларга солди. Ёш эса ўтиб бораябди...
Америкалик машҳур шоира Эмили Диккенсон ёзади:
“ Мен Бреск майдонини кўрмаганман, бироқ у
ерда гуллар қандай очилишини биламан; мен денгизда бўлмаганман, бироқ унинг мавжлари
юрагимнинг тўлқинларига менгзашидан хабардорман; мен Тангрини кўрмаганман, аммо унинг
меҳрибонлигини биламан..”
Аслида устоз саёҳат қилган юртлар ва шаҳарлар
камина учун унчалик бегона эмас. Иттифоқ
даврида Каспийдан ўтиб, Бокуга
борганман. У киши таърифлаган Кавказ
ҳамда Россиядаги шаҳарларнинг бир
қисмини кўришга муяссар бўлганман. Мустақиллигимиз
эълон қилингандан кейин, Истанбул ва айрим араб мамлакатларида, жумладан
Қуддусда ҳам бўлдим. Ҳозир эса Интернет сайтларида ўзингиз истаган шаҳар ёки
юрт ҳақида ёзма маълумотлардан ташқари, талай фототасвирлар, видеолавҳалар
борки, киши ўзини ўша жойларда кезиб юргандай ҳис этади.
Лекин
ўтган йиллар давомида бу эзгу йўлда бекор
турганим йўқ. Жумладан, елиб-югуриб бўлса ҳамки, 2006 йилда ҳукуматдан у кишига
бюст ўрнатиш учун рухсат олдик ва
ўрнатдик. Ҳар йили устоз туғилган – 19 январда анжуманлар ўтказябмиз, руҳларига Қуръони
Каримдан тиловат қилябмиз, бюст пойи эса гулларга тўлиб кетябди.
Тарихий даҳолар ҳақида асар ёзишнинг мураккаблиги шундаки, жилла
бадиий фантазияга берилиб кетсанг, қаҳрамонингни таржимаи ҳоли ва фаолиятидан
чекиниш хавфи пайдо бўлади. Факт, рақамларга
кўпроқ ўрин ажратсанг, асаринг газета
мақоласига ўхшаб қолишидан андиша қилабошлайсан. Руслар ибораси билан айтганда,
“золотая середина” яъни, олтинга тенг
ўрталикни топиш ҳамиша ҳам осон кечмайди.
Адабиёт жамиятнинг кайфиятини белгилайдиган,
уни ўзгартираоладиган куч, дейишади. Аммо бугунги китобхонни ишонтириш,
ҳайратга тушириш нақадар қийинлашганини билганингизда эди!
Аслида буюк шахслар ҳақидаги асарни ўқигандан кўра, уларнинг ўзлари ёзган
китобларни ўқиш афзалроқдир. Амир Темур ҳақида ёзилган роман, қисса ва ҳикояларнинг ҳеч бири “Темур
тузуклари”га; Бобур ҳақидагилари
“Бобурнома”га тенглашолмайди. Менинг
китобимни ўқигандан кўра, устознинг қаламларига мансуб “Қасди сафар”ни ўқиш самаралироқ бўлур эди. Аммо
камина ҳам, шу баҳонада қаламим учида турган гапларни қоғозга (аниқроғи, компьютерга) туширмаслигимнинг иложи йўқ эди.
Беҳбудий – бағоят серқирра, сермаҳсул сиёсатчи
арбоб ва ижодкор. Ул зоти олийнинг тўлақонли образини яратмоқ мушкул вазифа. Биз
устоз чашмасидан бир неча ҳовуч обиҳаёт олдик, холос.
Бу ўринда шуни таъкидлаш керакки, биз Беҳбудий афандини драматургиямиз ва театримиз асосчиси
деймиз. Бу салоҳияли ва зукко инсон “Саёҳат хотиралари” ва долзарб мақолалари билан уйғониш даври деб аталадиган долғали замонда янги
ўзбек публицистикасига ҳам асос солди. Мадомики шундай экан, ул зоти мукаррамни миллий қаҳрамонимиз, уйғониш даври адабиётининг сардафтари дейишга
тўла асосимиз бор.
Қўлингиздаги
асар анъанавий қисса ёки роман жанрига унчалик мос келмаслигини тан олишим
керак. Аммо бугунги Ғарб ва Европанинг
номдор ёзувчилари эски қолипларни бузиб,
саргузаштлар, афсоналар, детективлар, публицистикага йўғрилган асарлар
ёзишаётганлигини ҳам эътибордан четда қолдириш ўринли бўлмас. Мазкур романларда, биз ибрат олишимиз зарур
бўлган бош қаҳрамон, сюжет чизиғи, салбий, ижобий персонажлар, муаллиф позицияси
ҳам йўқ ҳисоби. Аммо, шунга қарамай, уларнинг ўқувчилари кўп. Ҳозирги рақобатли
замонда эса бунинг аҳамияти озмунча эмас. Ўзимизда ҳам қалин китобларни кам
ўқийдиган бўлишди. Адабиётга қаламини чархлаб, бадиий-публицистик руҳдаги
асарлар кириб келабошлади. Улар ҳозиржавоб, сиқиқ. Зеро “вақт – пул” деган
ақида бизни ҳам четлаб ўтмайдиганга ўхшайди.
Асаримиз жанрини “Ҳикоялардан иборат қисса”
деб номладик. Зеро, бу ҳикоялар фақат Беҳбудий ёки жадидлар ҳақидагина эмас; маориф
ва маънавият учун жонини тикканлар, тамаддуни баланд ёки ночор бўлганлар, улар
орасидаги тафовутлар, зиддиятлар ҳақида ҳамдир.
Асарни “Жадид” деб атадик. Беҳбудийшунос
Сирожиддин Аҳмад таъкидлаганидек, аслида “янги” маъносини берадиган бу сўз миссионерлар ва мутаассиблар томонидан
таҳқирлаш мақсадида қўлланган. Аммо замонлар ўтиб, у илк маъносига эришганга
ўхшайди.
Китоб ҳақидаги фикрингизни сўрамоқчи
эмасман. Турфа иштибоҳларга борманг. Ҳарқандай ижодкор ҳам, мен зўр асар ёздим, деган фикрда бўлади. Буни
худбинлик дейсизми, оптимизм дейсизми – ихтиёр ўзингизда, аммо-лекин асарнинг
ютуқ ва камчиликларини унинг муаллифидан кўра теранроқ англайдиган киши бўлмаса
керак! Камина ҳам бундан мустасно эмас.
Буни калондимоғликка йўймайсиз, деб умид
қиламан.
Остонангизга боқий осойишталик тилайман!
Ҳаётингиз узлуксиз қувончга айлансин!
Комментариев нет:
Отправить комментарий