среда, 11 декабря 2019 г.

"Facebok" - ИЖОДКОР МИНБАРИ



         

      Мазкур ижтимоий медиа-сайт давра суҳбатларимиз учун зоҳирий  юмалоқ столга, ўртада ёйилган дастурхонга ўхшаб қолди. Уни очиб, ғойибона, лекин  қадрдон дўстларни қидирадиган, янги, радикал ва ноёб фикрларни ташналик ила  излайдиган  бўлиб қолдик. Шоир ва ёзувчилар, журналист ҳамда публицистлар учун энг ўнғай минбарга айланди у. Тасаввур қилинг: сиз янги шеър, ҳикоя, мақола ёздингиз. Уни феесбукдаги саҳифангизга жойлаштиришингиз заҳоти дунёга тарқалади.  Ҳеч қанақа цензура ёки муҳаррирдан чўчимай, андиша қилмай дилдаги гапларни изҳор этаверасиз. Феесбук давлат чегараларини тан олмай, миллионлаб жаҳон халқларини  бирлаштирди. Ҳар  бир ҳудудда ўз забони, урфияти, савияси билан мулоқот  қиладиган бу воситанинг имкониятларини санаб адоғига етолмайсиз.

   Аммо шаҳар бедарвоза эмас, эҳтиёт бўлиш, аниқроғи, одоб қоидаларига риоя қилиш шарт: ижтимоий тармоқларда урушни тарғиб қилиш, давлат сирларини очиш, миллатчилик, бировнинг иззат-нафсига тегиш  жиноят эканлигини ҳам унутмаслик керак, албатта. Суддан чақирув қоғози келиб қолишидан Худонинг ўзи асраган бўлсин!
   Бизнинг ҳудудда мазкур сайтдаги муаллифлар ҳам ўзгариб, янгиланиб борябди. Уларнинг айримлари, шунчаки файзбоғ (феесбукни бизда шундай номлашган) ўқувчисига айланиб қолишди. Аммо садоқат билан қалам тебратиб турган муаллифлар ҳам борки, уларга тасаннолар бўлсин. Бу борада Хуршид Даврон, Давронбек Тожиалиев,  Раҳимжон Раҳмат, Одил Икром, Неъматулла Иброҳим,  Аъзам Обидов, Саломат Вафо,Салах Ад Дин Салахиддин ва бошқаларга тасаннолар айтган бўлардим. Раҳматли Аҳмад Аъзамнинг  ақлли чиқишлари эса ҳамон хотирамда сақланиб қолган.   Аксаримиз Жумагул Сувонова, Анвар Усмон, Дилбар Ҳайдарова, Карим Баҳриев, Умида Абдуазимова, Зулфия Мўминова, Амир Худойберди, Нодира Афоқова, Муслимбек Мусалламов, Ғайрат Мажид ва бошқаларнинг шеърларига  меҳр билан лайк босиши (мақуллаши) бежиз эмас. Фейсбукни очиб, энг аввало дилкаш назмлардан баҳраманд бўлиш мароқли, албатта. Ўзим ҳам уларнинг номларин илҳақлик билан излайдиган бўлиб қолганман.
   Ўз овози, йўналишига эга бўлган Каримберди Тўрамуродов, Норқобил Жалилов, Қаландар Андижоний, Сафар Бекжон,Хуршид Нуруллаевларнинг насрий лавҳаларини ҳам ўқиб чиқябмиз.

   Мен гоҳида ёзувчи дўстларимга: “ Феесбукда ёки фалон сайтда сизнинг  асарингиз эълон қилинган” десам, кўп ҳолларда: “Ие, хабарим йўқ-ку. Уни қандай қилиб ўқийман? Гонорар беришадими?” деган жавоб ёки сўроқларни  эшитаман ва компютер саводхонлигимиз ҳамон чўлтоқ бўлиб қолаётганидан надомат чекаман. Ҳатто шахсий сайт очиб, аниқроғи очдириб, унда ишлашни уддалолмаган ижодкорларни ҳам биламан. Бу – ҳайдовчилик гувоҳномасини олмай, машина харид қилиб қўйгандай гап. Сайт ва блогни ёки феесбукдаги саҳифангизни янгилаб, такомиллаштириб турмасангиз, охир–оқибат у занглаб, ишдан чиқади. Аслида, ёшимиз ва шароитимиздан қатьий назар, бу виртуал оламдан хабардор бўлишимиз лозим.  Эндиликда ҳамма хонадонда компютер, ноутбук, айфон, компютерли телефонлар бор. Шукурки, унда ишлайдиган фарзандлар, набиралар ҳам йўқ эмас. Бундай пайтда Алишер Навоийнинг “Орланиб сўрамаган ўзига золим,” деган ўгитларига риоя қилишимиз зарур.
   Энди гонорар, яъни қалам пули масаласига андак равшанлик киритмоқчиман. Тараққий этган мамлакатларда бу соҳа анча яхши йўлга қўйилган. У ерларда  ёзувчи асарни ёзгандан кейин уни нашрга ёки адабий сайтларга жойлаштирадиган агент билан боғланади. Агент дегани ёзувчи билан шартнома тузади. Масалан Россияда бир босма  тобоқ  1800 рубл атрофида баҳоланади. Европа мамлакатларида бу нарх анча баланд ҳам. Шартнома бўйича асар тўласинча агент ҳисобига ўтиши ва уни (муаллиф номи билан, албатта) истаган нашриёт ёки сайтга сотиши ҳамда фойда олиши мумкин. Бундай ҳолда, ёзувчи асарни ўзга нашриёт ёки сайтга бериш ҳуқуқига эга бўлмайди. Иккинчи варианти,  агент китобни нашриёт ёки адабий сайтга топшириб, фойданинг 15 фоизини олади. Қолган пул ёзувчи ва  сотувчи (нашриёт ёки сайт соҳиби) орасида тақсимланади.
   Гоҳида ёзувчининг ўзи ҳам нашриёт ва сайтга топшириб, қалам пули ишлаши мумкин. Ёзувчи Сергей Лукяненко ўзининг “Ночной дозор” романига электрон китобларидан 5000 доллар, нашриётлардан эса ундан кўпроқ ҳақ олганини ёзади. Лекин бунинг ташвишлари, харажатлари ҳам анчагина бўлар экан.
   Ҳарҳолда, бундай шароитда ёзувчи қалам пули билан рўзғор тебратиши мумкин бўлади.  Ҳар қандай вазиятда ҳам номи улуғ, супраси қуруқ бўлиб қолиш – нохуш ҳол.   Бизда адабий сайтлардан қалам пули олиш механизми энди иш бошлаябди. Масалан,  Kitobim.com  сайти муаллифларнинг қоғоз ва электрон китобларини сотиб беришни бошлади.
    Ўша чет мамлакатларда ҳам номдор ёзувчилар билан бирга компютерни обдон ўзлаштирганлар, шу билан бирга корчаллонлар яхши гонорар ишлаётганини ёзишди. Бизнинг адабий хўжалигимизда ҳам, яқин йилларда шундай манзара юз бериши табиий.
   Ҳозир одамлар адабий сайтлар ва феесбукдан қанақа асарлар ўқиши кўпчиликни қизиқтириши табиий. Кўпчиликнинг тасаввурича, улар асосан детектив, фантастик, модерн ва ғарбнинг беҳаё асарларга ўч. Мен  “Ziyo uz.uz” сайтидан  ана шу рейтинг қайд этиларди ва бир неча йил давомида кузатиб борганман. “Ўткан кунлар” ҳамиша биринчи бўлиб келди. Ундан кейинги ўринни “Қутлуғ қон” романи эгаллади. Боиси тушунарли: бу асарда мардонавор кураш, тиниқ муҳаббат, тарихий ҳақиқат, ёдда қоладиган характерлар бор!  У китобхонни курашга, эзгуликка чорлайди. Зеро, адабиётнинг асосий вазифаси ҳам шу эмасми?
    Билмадим, билмадим...
   Майли, рейтинг ҳақида гапираётган эдим. Ундан кейин “Навоий” романи, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссаси, Садриддин Айнийнинг “Судхўрнинг ўлими” асари, Абдулла Қаҳҳорнинг ҳикоялари...
   Ундан кейинги авлодлардан бирор киши анашу устозларга  тенглашолмаганлиги аламли, албатта. Каминанинг “Фожиа”, “Омадсизлик” деган ҳикояларим биринчи ўнликдан ўрин олганлигидан қувондим, албатта. Аммо шунга қарамай, мен ўзимни ёзувчидан кўпроқ журналист, публицист деб ҳисоблаганман. Долзарб публицистик мақола ўртача қисса ёки романдан кўра кўпроқ наф келтиришига ишонаман

    Юқорида устозлардан ортда қолиб кетганимиздан надоматимни айтган эдим. Хўш, нега бундай ҳол рўй берди? Эҳтимол,  буюклар йўлини четлаб, ўзгаларнинг модернизми, фантастикаси ҳамда бизга хос бўлмаган иллатларига кўр–кўрона эргашиб кетганимиз оқибатидир. Балки бугунги адабиёт бизни курашга, эзгуликка чорламай қўйгандир?!
   Майли, бу аслида алоҳида мавзу.
   Бир юқорида насримиз байроқдорларини санаб ўтган эдик. Хўш, онлайн статистикасида  пешқадам шоирлар кимлар? Шуни таъкидлаш лозимки, бадиий асарга баҳо бериш бағоят нисбийдир. Гоҳида адабий жамоатчилик бир асарни кўкларга кўтариб мақтайди, аммо ўқувчи бошқасини излайди, учинчи бир асар эса мукофотларга сазовор бўлади.
  Шеъриятда Муҳаммад Юсуф ҳамон яловбардор. Ундан кейинги ўринларда Абдулла Шер, Мирпўлат Мирзо, Гулбаҳор Саидғани қизи., Турсун Али, Жаҳонгир Исмоилов, Муҳаммад Исмоил ва бошқалар эдилар.
    Бу рўйхатни ўқиган кишида талай саволлар туғилади. Хўш машҳур шоирларимиз қани? Бу саволга адабиётшунослар, танқидчилар жавоб излаши лозим деб биламан.
   Адабий сайтлар ва феесбукда талай янги асарлар ҳам эълон қилинди. Аммо уларга баҳо берилмади. Назаримда танқидчиларимиз ҳам ҳали компютерда ишлашни ўрганмаганга ўхшашади.
   Миллатнинг йўлчи юлдузлари –  ёзувчилар, шоирлар, танқидчилар дунё тамаддуни ва тараққиётидан ортда қолишга ҳақли эмаслар!
   Файзибоғ – бизники. Унинг мавқеи, обрўсини ошириш ҳам ўзимизнинг зиммамизга тушади. Клавишни босаётганимизда ана шу масъулиятни унутишга ҳақли эмасмиз.
 
«Facebook”,  аслида  ижтимоий, сиёсий сайт. Табиийки,  сўнгги пайтларда унинг сиёсий, ижтимоий, информацион салоҳияти ҳам ошиб бормоқда.  Жаҳон ва юртимиздаги янгиликларни ТВ ёки газеталардан илгари бир-биримизга етказадиган бўлдик.  Саҳифаларимизда ўзбек тилидан ташқари  рус, тожик, қозоқ тилларида постлар пайдо бўлганлигини  ҳам табрикламоқ керак. Демак, дўстлар сафи кенгаймоқда.
  Дўстлар! Дунё – ғанимат. Лоақал файзибоғда учрашиб турайлик, ундан узоқлашиб кетмайлик! Бир-биримизни яхши кўрайлик, қадрлайлик!
   Тағин: мен бугун кўпроқ Файзибоғ ҳақида сўз юритдим. Хуршид Даврон, Давронбек Тожиалиев, бир қатор адабий сайтлар адабиётимиз учун жуда катта хизмат қиляпти. Улар ҳақида алоҳида тўхталиш ниятим бор.

            


Комментариев нет:

Отправить комментарий