вторник, 10 декабря 2019 г.

ҚЎЛДА ҚАЛАМ БИЛАН




                              

                                                 Мунофиқлик
   Вилоят газетасида ишлаганимда руҳий касалликлар шифохонасидан тушган шикоятни текширгани боргандим. Ҳовлидан ўтиб кетаётганимда, юқори қаватдан бир қиз менга мурожаат қилаётганини фаҳмлаб қолдим ва хавотир аралаш унга қарадим. У менга нафрат билан қараб турарди
    Болтавой, сан номардлик қилдинг, деди у.– Мени алдадинг! Сочларимни силардинг, қара, ҳаммасини олиб ташлашди.
   Болкондаги қиз-жувонлар бир хил либос  кийган ва ҳаммаларирннг сочлари олинган эди. – Бир кунмас-бир кун мени излаб келишингни билардим...
  Мен ҳижолат тортдим, негадир хавотирим ошди ва қадамимни тезлаштирдим.
  Бош врач ўринбосари билан шикоят хати юзасидан гаплашаётганимда, жиккакроқ бир эркак келиб, менга сўз қотиб қолди.
  – Ака, одамлар бу ерни жиннихона дейишади. Бу – нотўғри. Биз руҳий касалмиз. Хотиним биринчи кечада ўзини осиб қўйди...
  Врач уни жеркиб, ҳайдаб юборди.
  Аслида, шикоят – шифохонадаги жуда ночор аҳвол ҳақида эди ва бу ҳақда газетада чиқиш қилгандим. Аммо йиллар ўтган бўлсада, балкондаги қиз билан жиккак эркак кўз ўнгимдан кетмайди.    Табиийки, қиз мунофиқлик қурбони бўлган; уни қайбирам бетамиз бола алдаган. Жиккакка келин бўлиб тушган қиз биринчи кечаёқ жиннига қўшиб қўйишганини фаҳмлаб, жонига қасд қилган. Бечора келинчакка маҳалла куй, қўшнилар мунофиқлик қилишган – бўлажак қуёвнинг руҳий касаллигини яширишган.  
                                      
                                         Ташналик
   Бундан қирқ  йиллар муқаддам Шофирконга Аму-Бухоро каналидан илк бор сув келганига гувоҳ бўлгандим. Канал соҳилларида тўпланганларнинг сон-саноғи йўқ эди. Боласини кўтариб олган аёллар, муйсафидлар, сипо кийинган амалдорлар...
   Зарафшон дарёсидан сув келмай қолганлиги боис, бу одамлар ташналикнинг ҳамма азобларини бошдан кечирган эдилар. Қўл ювмоқчи бўлишса, бирорта ниҳол ёки экин тубига боришарди. Бир томчи бўлса ҳам шу ниҳол ёки экин намдан баҳра топишидан умидвор бўлишарди. Ҳар қадамда сарғайган дарахтлар, қовжираган экинлар дилингизни хуфтон қиларди.
  Бир маҳал қийқириқлар бошланди. Янги каналда бўтана сув кўринди. Бобойлар қурбонлик учун етаклаб келган қўйларини канал соҳилларида сўйишни бошлашди. Ўсмирлар шодон ўзларини сувга отардилар. Катта ёшдаги эркаклар ҳазил-мутойиба билан бир- бирларини сувга итаришар, қувончларини яширишолмасди. Бир кампир  қаршимда тўхтаб, мени дуо қилакетди.
  – Илоҳим  умрларингдан барака топинглар, омборларинг донга тўлсин, худои таоло насибаларингни сувдай  сероб қилсин...
  Бу онахон каминани канал қурувчиларидан бири деб ўйлаган бўлса ажаб эмас.
   Мен  репортажни тайёрлаш учун қайтганимда ҳам бу ерда шоду- хуррамлик давом этарди.
   Халойиқнинг бундай беҳад сарафроз бўлганини қайтиб кўрмадим.
 
.Оқарму оқмасму Жилвон ариғи.
 Қуриди деҳқоннинг мошу тариғи,
 Жилдираб оқсада кўзим ёшидек
 У билан оқармас юзим сариғи.
 Садриддин Айний Бухородаги қурғоқчиликлар ҳақида шундай ёзганди. Ҳозир Самарқандда ҳам қурғоқчилик. Зарафшон дарёсидан бемалол кечиб ўтиш мумкин. Бизнинг Самарқанд туманимизда ҳозиргача ариқларга сув келгани йўқ. Томорқачилар, фермерлар аҳволига киши ачиниб кетади. Бу табиий офат бўлса керак.
  Бу борада сиз томонларда аҳвол нечук? Чорвоқ, Каттақўрғон, Пачкамар ва бошқаларда сув запаси қай  миқдорда. Дарёларда сув нормадан қанча паст. Бу ҳақда билишни истар эдик.

Комментариев нет:

Отправить комментарий