суббота, 6 января 2018 г.

АТОМ РЕАКТОРИ: УМИД ВА ХАВОТИРЛАР



                       
  
   Шундан қилиб, Ўзбекистонда атом электростанцияси ва илмий-тадқиқот реакторлари қуриладиган бўлди.
    Ваҳоланки,  2014 йили “Ўзбекэнерго” “Бундай шов-шувларга асос йўқ” деб эълон қилган эди.
   Ҳозирча оммавий-ахборот воситалари жим. Олий Мажлиснинг экология қаноти, Республика Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, табиат шайдолари, жамоатчилик фикр билдиришдан андиша қилиб туришибди.

   АЭС қаерда қурилади, параметрлари қанақа,  қачон старт берилади , унинг қуввати қанча бўлади, изотоп чиқиндилари  қаерга кўмилади, хавфсизлик чораларини ким кафолатлайди, экспертиза ҳужжатлари борми – бундай саволларга ,  ҳозирча жавоб йўқ!
   Кўр-кўрона рад этиш ёки маъқуллаш  ношоисталик бўларди, албатта. Бу соҳани обдон биладиган мутахассислар ўз  қарашларини холисона изҳор этишлари лозим. Ўзбекистон иқтисодиёти ҳамда табиати ва келажак авлод манфаатларини тарозига солиб, ростини айтиш зарур!
    Мен ҳам бир публицист сифатида  қарашларимни сиз билан баҳам кўрмоқчи бўлдим.  1979 йили АҚШдаги Три Майл Айланд, 1986 йили Украинадаги Чернобил ва 2011 йили Япониядаги Фукусима атом электр станциялари ҳалокатга учраб, минглаб одамлар ҳалок бўлгандан кейин  АЭС қуриш жаҳон миқёссида камайди.  Италия ўз АЭСлари фаолиятини чеклади. Австралия, Греция, Норвегия, Португалия, Литва ва ҳатто Қозоғистон сингари қатор  мамлакатлар ҳам ўз табиатларини ифлослантиришни исташмади. Дарҳақиқат, бу сув, тупроқ, ҳаво фақат бизга тегишли эмас! Биз, шунчаки меҳмонмиз ва келажак авлод насибаси, ҳаётига ҳам масъулмиз.
   Аммо тан олмоқ керак, АҚШ, Франция, Хитой, Россия сингари қудратли мамлакатлар АЭС қурилишларини тўхтатишгани йўқ ва ҳатто, қатор мамлакатларга шундай станциялар қуриб беришмоқда.  2016 йилда жаҳон миқёсида ишлаб чиқарилган элекр энергиясининг 10,7 фоизи АЭСлар зиммасига тўғри келди. Бу миқдор йил сайин камайиб бормоқда. Атом электр станцияси учун катта миқдордаги уран ва сув керак. Буғга айланадиган ана шу сувда ҳамиша радиактив моддалар мавжуд бўлади ва улар ҳавога ва тупроққа сингийди. Чиқинди изотопларни кўмиш катта муаммо.
   Бизда иттифоқ даврида қурилган каттагина радиоактив моддалар қабристони мавжуд. Мен табиатни муҳофаза қилиш қумитасида ишлаганимда у ерда бўлганман. (Қаерда жойлашганини айтишга ҳаққим йўқ.) Бу қабристонга ҳатто Россиядан ҳам чиқиндиларни келтириб кўмишганидан хабардорман. Жуда ноўрин жойда қурилган ана шу қабристон эскирган ва балки тўлиб ҳам қолгандир. Энди у келажакда, асрлар давомида хавфли ҳудуд бўлиб қолаверади. Зилзила, террорлик ҳаракати, сел туфайли очилиб қолса, атрофдаги одамлар, жонзодлар, ўсимлик дунёсига қирон келаверади.
   Янги АЭС  учун ҳам махсус қабристон зарур бўлади ва ўзимиз ҳамда зурриётимиз учун тағин бир  ажал ўчоғи вужудга келади. Марказий Осий зилзила зонаси бўлганлиги сабаб, бизнинг ҳудудда  АЭС қуриш мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисобланади. Бунинг устига жаҳонда террорчилик ҳаракатлари мавжудлиги жуда хавотирли ҳолдир. Тошкентдаги ядро физикаси институти ва унга  қарашли ядро реактори фаолияти айнан шунинг учун тўхтатилганлиги ҳеч кимга сир эмас.
   Мадомики, биз АЭС қурилишини рад этар эканмиз, бу борада ўз вариантларимиз, таклифларимизни ҳам айтиб ўтишимиз лозим бўлади. Республикамиз катта бунёдкорлик арафасида турибди ва бунинг учун бир неча меговатт қўшимча электр энергияси керак. Уни қаердан олиш мумкин?
    Қирғизистон ва Тожикистон қўшни Афғонистон билан Покистонга кучли электр линияси тортишни бошлади. Бу йил Рогун электр станциясининг уч блоги ишга тушиши мўлжалланаётган экан, Қамбарота ГЭСи ҳам уч тўрт йилда ишга тушиши мумкин. Президентимиз эса қўшнилар билан муносабатни яхшилади. Келажакда биз улардан электр энергияси олишимиз ўнғай эмасмикин... Бунинг устига, талай алтернатив усуллар бор. Жаҳонда қуёш энергиясидан, шамол кучидан фойдаланиш, кичик ГЭСлар қуриш одат тусига айланмоқда. Шу билан бирга энергияни тежаб ишлатишни ҳам ўрганишимиз зарур бўлади.
   Тағин такрорлайман: бу масала халқ муҳокамасига  қўйилиши шарт! Ва кўпроқ шу соҳани биладиган олимлар, мутахассисларнинг фикрини эшитиш зарур. Хато қилишга ҳаққимиз йўқ!

Комментариев нет:

Отправить комментарий