суббота, 11 июня 2016 г.

Радиоактив ва кимёвий оғуларга йўл йўқ!



                          РАДИОАКТИВ ВА КИМЁВИЙ ОҒУЛАРГА ЙЎЛ ЙЎҚ!
                                                   Газета тахламидан садолар.
                                        Бу мақола “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1989         йил 6 октябр сонида эълон қилинганди 

    Муҳтарам газетхонларга аёнки, мен ўтган ойлар давомида ўта заҳарли моддалар ҳамда радиоактив қолдиқларни беназир тоғ ёнбағирларига тонналаб кўмиб ташлашга қарши газета, телевидение ва радиода чиқишлар қилдим. Жумладан, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг шу йил 21 апрел сонида эълон қилинган “Реактор зарурми?” мақоламда Тошкент шаҳрида қурилган бу ўта хавфли радиация манбаига ўз муносабатимни билдирган эдим.
   Фақат оммавий-ахборот воситаларигина эмас, бу хусусдаги мулоҳазаларимни бир қатор юқори ташкилотларга, халқ депутатларига ҳам йўллаганман. Бундан муддао, аждодларимизга ризқу-рўз ато этган ҳамда келажакда зурриётларимизни ҳам боқиши зарур бўлган она тупроғимиз безавол, сувимиз зилол, ҳавомиз беғубор бўлиши бағоят зарурлигини тағин бир бор, хавотирона таъкидлаб ўтишдир, албатта.
   Бугунги кунда табиатни севмайдиган одамнинг ўзи бўлмаса керак. Лекин ҳозирги ўта ночор экологик шароитда ўтлоқлар ва жониворларни ардоқлаш билан ҳеч нимарсага эришиб бўлмаслигини, табиатнинг устиворлиги учун курашиш инсоний бурчимиз эканлигини ҳамма ҳам ҳис этмаётганлиги ачинарлидир.

   Мен айрим раддиялар мисолида, шу ҳақда сўз юритмоқчиман. Ўзбекистон ССР Фанлар Академиясига йўллаган мактубим боис Ядро физикаси институтининг директори У. Ғ. Ғуломовдан  жавоб хати олдим. Ана шу жавоб ва институт раҳбариятининг газетага йўллаган расмий хатида Тошкентдаги атом реакторининг бағоят зарурлиги ва мен тилга олган Бўстонлиқдаги радиоактив моддалар қабристонига  институт  оз миқдорда изотоп чиқиндилар ташлагани, кейинги пайтларда, ҳавога ҳам нормадагидан оз радиация тарқалаётганлиги таъкидланади. Шу билан бирга ана шу реактор шарофати билан республикамизда сариқ касаллигига қарши кураш авж олдирилгани, атроф-муҳитнинг тозалигини назорат қилиш кучайганлигини, сувни қайта тозалаш ишларида бурилиш бўлаётганлигини ёзади. Мен бу мулоҳазалар ва директонинг ташвишларини тушунаман. Институтда мингдан ортиқ киши ишлайди, диссертация ёқлайди, бола-чақа боқади ва ҳакозо. Уларнинг манфаатларини ҳаммамиз ҳам ҳимоя қилишимиз керак. Аммо, туяга миниб, узоқни кўзла, деганларидек, шу муҳим  масаланинг туб илдизларини кўролмаётганимиз  мени ташвишга солади.
   УзТАГ мухбири Ю. Кружилиннинг менинг мақолам сабаб бунчалик қаҳрга минганининг боисини тушуниш қийин. У жаҳон фанида радиоактив элементлар ва капролактам қўлланиладиган ҳамма соҳаларни эринмай  санаб чиқади. Мен нима дейман-у, қўбизим нима дейди, деганларидек, капролактам билан изотопларнинг аҳамиятини бирор ўринда ҳам камситган эмасман. Фақат бу чиқиндилар тупроғимиз, сувимиз, ҳавомизни аниқроғи, бугунимиз ва келажагимизни аёвсиз заҳарлаётганлигидан ташвишга тушганман. Ахир, айсбергнинг остки қисми мавжудлигини унутишга ҳаққимиз борми?!
   УзТАГ хабарчиси Бўстонлиқ тоғларидаги радиоактив моддалар қабристонини шундай таърифлайди. “У, аҳоли яшайдиган уй-жойлардан узоқда, тап тақир ерда, қуриб қовжираган ўтлар билан қопланган хавфсиз тепаликларда жойлашган.”
   Мен бу жойларни қадамба қадам кезиб чиқиб, шунга амин бўлдимки, Тошкентдаги ядро реактори сингари бу қабристон ҳам тепамизда осилиб турган ажал хавфидан ўзга нарса эмас. Ҳужжатларни кўздан кечирганда, бу ерга ҳатто Россиядан ҳам радиоактив чиқиндилар келтириб кўмилганига гувоҳ бўлдик. 
   Бундан бир неча йил муқаддам Ҳисор водийсида алюмин заводини қуриш лойиҳалаштирилганда, тожик ёзувчилари, публицистлари, жумладан. “Помир” журнали саҳифаларида бу қурилишларга норозиликларини билдирган эдилар. Лекин “юқори”нинг кўрсатмаси билан қўлига қалам олишга кўникиб қолган айрим чапдаст мухбирлар, узоқни кўролмайдиган баъзи мутахассислар ана  фикрлардан хато излаб, алюминнинг халқ хўжалигидаги  аҳамиятини таърифлашга ўтиб кетгандилар.
   Яна: Орол фожиаси хусусида Асқад Мухтор, Сарвар Азимов сингари  ёзувчиларимиз бундан 25-30 йил муқаддам бонг уришганда, калтабинлар уларга ҳам қарши чиқишганди. Энг ёмони, ўшанда улар кўпчилик эди.
   УзТАГ хабарчиси бизда  ишлаб чиқарилаётган капролактам деб аталадиган кимёвий  модданинг аҳамиятини кўкка кўтарадию, бу корхона Ўзбекистонга минг  кубометрлаб заҳарланган сувдан ўзга шимилдириқ ҳам бермаётганидан кўз юмади. Копролактам бирлашмаси Россиядан хомашё келтириб, ярим тайёр маҳсулотни тағин ўша томонга  ишлаб бераётганлигини у билмайди деб ўйлайсизми?!
   Яна раддиялар тўғрисида.
   Мен Чирчиқдаги мазкур  кимё заводи  директори билан унинг бош инженерини судга берган эдим. Аммо Ўзбекистон ССР прокуратурасининг умумий назорат бўлими бу ишни тергов ёки судга ҳавола қилгани йўқ. Уларнинг дудмал жавобларида заводнинг иқтисодий салоҳияти,Тошкентдаги ядро реактори бизнинг фахримиз эканлиги, айнан у сариқ касаллигини аниқлаш ва даволашда катта  амиятга эга эканлиги таъкидланади. Хўш, нега ундай бўлса, республикамиз айнан ана шу касалликка чалинганлар миқдорининг кўплиги  бўйича биринчи ўринга чиқиб олди?!  Фақат пахта сабабми? Пахтачилик билан қардош республикаларгина эмас, жаҳондаги элликдан ортиқ мамлакат шуғулланади. Уларнинг аксариятида атом реактори ҳам, сариқ касаллиги ҳам йўқ.
   Тошкентда реактор бўлмаган даврларда ҳам номлари оламга  таниш бўлган қатор олимлар етишиб чиқишганди. Ядро институти  илмий жамоатчилиги мени маъзур тутсин, уларнинг хизматларини заррача камситмоқчи эмасман. Аммо ўтган ўттиз йил давомида жаҳон миқёсидагина эмас, мамлакат миқёсида бирорта кашфиёт қилиндими? Қўшни илмий даргоҳлардан қанчадан қанча олимлар Давлат ва Ленин мукофотларига сазовор бўлишди, аммо ядро физикаси институти борасида бундай хушхабар эшитмадик.
  Ҳар қандай раддияларга қарамай, мен ўз фикримда қоламан: ўтган ўттиз йил давомида реактор қобиқлари эскирди, омонатлашди. Бу ерда авария содир бўлмаслигига ҳеч қандай олим ёки журналистр кафолат беролмайди. Назоратнинг кучли эканлигини таъкидлаш ҳам нисбий гапдир.
  Экологик муаммоларни бартараф этишда жамоатчилик фикри оз бўлсада ҳисобга олинаётганлиги қувончли ҳол, албатта. Ереван АЭСи, Олмаотадаги тадқиқот реактори, Янгиқўқон химия заводлари барпо этилиши кўпчиликнинг қатъий талабидан кейин тўхтатилди.
  Инсоният тарихида фақат бизнинг авлод денгизларни қуритди, ер усти ва ер ости сувларини булғатди, юзлаб жониворлар турларини батамом нес қилди. Агар биз радиактив моддалар ва кимёвий чиқиндилар масалаларига ҳам шундай лоқайд қарайдиган бўлсак, тузатиб бўлмас ва кечирилмас хатоларга йўл қўйган бўламиз!
   Азиз дўстлар, мен сизни “Экологик хавфли зона”, деган иборанинг моҳиятини чақиб кўришга чақираман. Демак, бундан машъум жойда инсоннинг яшаши мумкин бўлмай қолади. Юртимизни экологик хавфли ҳудудга айлантирсак, бизнинг бошқа борадиган жойимиз йўқ!
   Азиз юртдошлар мени тушунинг ва фикр билдиринг,  Сиз ва фарзадларингиз учун мусаффо ҳаво, шаффоф сув, экологик тоза дастурхон тилайман холос!
                                                                                                 Нусрат РАҲМАТ
 

Комментариев нет:

Отправить комментарий