пятница, 8 ноября 2013 г.

CАРҲИСОБ 34


   Октябр охирларида шаҳарга, Гагарин кўчасидаги квартирага кўчиб келдик. Бу ерда ҳам газ йўқ ҳисоби: чой бир соатда қайнайди. Свет ҳам гоҳида туни билан бўлмайди. “Шаҳар билан қишлоқ орасидаги тафовутни йўқотамиз”, деган шиор ёдга тушади.
    ФБга қуйидагиларни эълон қилдим.

БУЮКЛАР БИЗНИНГ КУНЛАРДА
МАХМУР:
Ҳазратим, зулматда ўлдим, заррача ток бер манга,
Одам эрмасман, десамки, лаълу тарёк бер манга
Ё десамки, думба ёғ, бир парча атлас бер манга
Кўдагим ларза қилур, бир чуқум газ бер манга...


ҒАФУР ҒУЛОМ:
Сен малай эмассан, тинчлан, жигарим,
Бу ерда на ғурбат, на офат, на ғам
Фақат дала ишин кўрамиз баҳам,
Гапни кўпайтирмай,
Пахта тер, болам....
* * *
Ҳозир Архимед тирилиб келиб: “Менга таянч нуқтани беринглар, ер шарини силжитаман” деса мутассаддилар қандай жавоб қайтаришларини тасаввур қиламан.
РЕКТОРАТ. Афсуски, бу масала билан биз шуғулланмаймиз. Ариза ёзиб, юқори ташкилотларга мурожаат қилинг. Аризангизда ана шу ишнинг халқ хўжалигига қанча наф келтиришини кўрсатинг.
ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ. Ҳурматли ўртоқ Архимед! Сизнинг бундан олти ой муқаддам ёзган фалон рақамли хатингиз яқинда бўлиб ўтган коллегияда кўриб чиқилди. Бир неча кекса академикларимиз сўз олиб, нуқтани сизга бериб юборишга қарши чиқдилар. Таянч нуқта ўзимизга керак дейишди. Шунингдек, кўп олимлар Архимед деган олимни танимасликларини айтдилар. Шунинг учун бизга ёки бошқа идораларга мурожаат қилганингизда туғилган жойингиздан маълумотнома (миллатингиз кўрсатилган бўлиши керак) ўқув юртини битирганингиз ҳақидаги ҳужжатнинг асл нусхаси, сўнгги иш жойингиздан ва доктордан ҳужжат илова қилиш керак.
ВАЗОРАТ. (Биринчи мактуб) Ер қатламининг силжиши оқибатида вайрон бўлган мактаблар ва илмий тадқиқот институтлари қурилиши шу йилнинг иккинчи кварталида ўтказиладиган қўшма йиғилишда кўриб чиқилади.
(Иккинчи мактуб) Ҳурматли ўртоқ Архимед! Бизга хат ёзишни бас қилинг! Сиздан олдин мактубига Аристотель, Гиппократ, Пифагор деб имзо чеккан кишиларни руҳий касалликлар шифохонасига жўнатишга мажбур бўлганмиз?
УНДАН ЮҚОРИ ТАШКИЛОТ. Ерни қимирлтиб нима қиласиз? Экстремистлар қимирлатгани етиб ортади ўзи! Биз ташаббусни бўғмоқчи эмасмиз, албатта! Майли, депутатлар кўришсин.
БИРИНЧИ ДЕПУТАТ. Газимизни олиб кетишябди, олтинимизни олиб кетишябди, энди таянч нуқтамизни ҳам олиб кетишмоқчими?
ИККИНЧИ ДЕПУТАТ. Агар валюта билан ҳақ тўласа, бериб юбориш керак!
РАИСЛИК ҚИЛУВЧИ. Демак масала аввал институтда, академияда ва бошқа тегишли ташкилотларда ўрганилиши керак, ундан кейин муҳокамага қўйилсин, деганлар қўл кўтаришсин. (Ҳамма қўл кўтаради).
Ёдгор Обид Ўхшатиб қўйибсиз, Нусратбек ! Мен ўзимга ҳам ўтказиб қўйдим. Кимдир русчага ўгириб қўйса, янада фойдалироқ бўларди !
Нусрат Рахмат Ёдгор ака, эътиборингиз учун раҳмат

Комментариев нет:

Отправить комментарий