вторник, 15 июля 2025 г.

 МЕН КАШФ ЭТГАН БУХОРО


     Американи Колумб очган дейишади. Аслида эса уни ҳар бир турист ўзича кашф этади.
     Дарҳақиқат, энг катта кашфиётчилар сайёҳлар, альпинистлар эмас, журналистлар, ёзувчилар, олимлардир. Мен Шарқни  Бобур ("Бобурнома"), Доғистонни Расул Ҳамзатов ("Доғистоним"), Англияни Даниэл Гранин ("Йўл бошловчига ёднома") кашф этган, дегим келади.
     Бухорони эса минг йиллар муқаддам Наршахий ("Торихи Бухоро") кашф этган. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам бу борада "Наршахий панжасига панжа урадиган" киши топилмади.
         1974 йили "Қишлоқ ҳақиқати" газетасининг Самарқанд, Бухоро вилоятлари бўйича мухбири бўлдим ва каминани бу юрт ҳақидаги қораламаларим Наршахийнинг муқаддас публицистикаси олдида жуда ожиз, хира, тарқоқдир.
     Бухоролик шоир Тошпўлат Аҳмад билан аввалроқ дўстлашиб қолгандик. Шунинг учун уни топиш, раҳбарларга биргаликда кириш маъқул, деб ўйладим. У ишлайдиган - Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимининг идораси Бухоро арки билан қадимий бозор оралиғидаги пастаккина, кўримсиз хоначада экан. Суриштира-суриштира бу ерга келдим-у, унинг қадимий боғдоди эшигига осилган каттакон бурама қулфни кўриб, ҳафсалам пир бўлди. Танаввул қилиб олгач, тўрт қатор ҳазил шеър ёзиб, уни таниш эшикка ёпиштириб кетишга аҳд қилдим.

Бухорода илҳомларим урди-ю қулф,
Туюқ ёздим, сарлавҳасин қўйдим мен "Қулф".
Кўрсатай, деб, сўнг Союзга олиб борсам,
Эшигида турар эди калладай қулф.

     Жиндай елим сўраш учун дуч келган идоралардан бирига кирдим. Бу - қадимий мадрасанинг бузилмай қолган ҳужраси эди. Ичкари киришим билан, диққатимни, аввало, унинг зўр дид ва ҳафсала  билан майда гулли ганчкорлик қилинган, морпеч нақшлар чиқарилган қадимий, бетакрор гумбаз ва деворлари тортди.
         Ҳамма санъатлар тин олганда, архитектура тилга киради, деган нақлни эшитганмисиз? Бу мўъжаз санъат атрофдаги шовқин-сўронларга қарамай тин олмайди - алланималар ҳақида завқ-шавқ билан ҳикоя қилаверади.  Ўтовга ўхшаган бу бурчаксиз хонада тўрт киши жиддий қиёфага кириб, алланималарни ёзишар, чўт қоқишарди. Одамлар ҳар гал кириб-чиққанда, қадимий эшик инграгандай бўларди.
    - Кечирасиз, озгина елим керак эди, - дедим ўнг томонда ўтирган  кишига, қаршисидаги елимга имлаб.
     Жавобан у менга бошдан-оёқ аллақандай киноя билан ажабсиниб нигоҳ ташлади. Дафъатан хушёр тортиб, мен ҳам суҳбатдошимга жиддийроқ эътибор бердим: у олтмишларга кирган, ўттизинчи йилларнинг раҳбарларига ўхшаб галифешим, хром этик кийиб олганди. Рафтори анчайин кибор бу одам мазкур идоранинг бошлиғи эканлиги сезилиб турарди.
    - Аввало ассалом алайкум, - деди у одобсиз болага дуч келгандай масхараомуз.
    - Кечирасиз, саломалайкум, - дедим дилгиргина. 
     Боя ҳаёлим обидага кетиб, саломлашиш ёдимдан чиққан экан, шекилли, қаттиқ ҳижолат чекдим. Атрофдагилар ҳам қовоқларини очмасдан, лабларининг бир чеккаси билан кулишди, аниқроғи, юзларига табассум суртишди.
     - Клейди нима қилалла, - сўради бошлиқ Бухоро лаҳжасида, мижғовлик ила.
     - Мана буни ёпиштирмоқчи эдим.
     - Қани, бир кўрайлик.
      Ноилож қоғозни узатдим. У ҳафсала билан кўзойнагини тақди, сўнг синчиклаб ўқишга киришди. Негадир "Союз" деган сўзнинг остига чизди
    - Буни қандоқ тушуниш керак, - сўради у газетанинг инжиқ котибларига ўхшаб.
    - Ёзувчилар Союзи яъни уюшмаси вилоят бўлими.
    - Шундоқ деб ёзинг!
    - Вазн бузилади.
    - Иби, - деди у кулиб, - о маъночи? Бундан арзу додимга қулоқ соладиган банда йўқ, деган гап чиқади-ку.
    - ....
    - Манг!
    - Елим!
    - Йўғ. Бир гап чиқса, клейни қаердан олгансан, дейишади. Ғавғога  тобим йўғ!
     Мен баттар ҳижолат чекдим. Лекин ҳаётда анчайин зада бўлган бу оқсуяк амалдорни ҳам тушуниш керак эди. Шеъримни олдиму, ташқарига шошилдим. Кўчанинг нарёғига ўтиб, яҳудий этикдўзга эҳтиром билан салом бердим ва бир томчигина елим сўрадим. У жавобан, топшириқлар
тобора ошаётганини, идора материал бермай қўйганини гапирди.  Майда пул чиқариб, нуқул пақир тангалар солинган консерва банкасига солдим. У вазиятни ўзгартирди.
    - Бу - чармники, - деди  кирланиб кетган  шишани узатар экан, - чунонам маҳкам ушлайдики...
     Қоғозга тўрт томчи томиздим-у, қотиб қолишидан чўчиб, таниш эшик томон югурдим. Етиб келсам, аллақачон кимдир қулфга эшагини боғлаб кетибди. Яқинлашиб боргандим, жонивор тепмоқчи бўлиб шайланди. Ноўнғай бўлиб, атрофга алангладим. Қоровул чол мийиғида кулиб, мени кузатиб турарди.
    - Бунинг эгаси қани? - сўрадим шошиб.
    - Бозорга тушдила.
    - Йўқ, идоранинг эгасини сўраяпман.
    - Ҳа, шоири калон Шофиркон кетганла.
    - Бошқалар-чи?
    - У киши келмаса, жонишинлари қаросини кўрсатмайди. Ҳай бу балала  карахт.          
    - Шоири калоннинг мошинаси борми - сўрадим.
   - Мошин қаерда? Этикдуз жуҳуддан қарз олиб юради.
     Отахон бир лаҳза тин олди. Сўнг ўзи ҳам шоиртабиат эканлигини намойиш қилмоқчи бўлдими ёки шунчаки илҳоми келдими, ҳайтовур Рудакийдан ғазал ҳиргойи қилди:
                                    
                            Ёди ёри  меҳрибон ояд ҳаме,
                            Бўйи жўйи Мўлиён ояд ҳаме...

     У билан алламаҳалгача суҳбатлашиб қолдик. Отахон амир вақтида ҳам қоровул бўлган экан. Ўша пайтда ана шу хоначада ўндан ортиқ сарой шоирлари амирга ҳамду-сано айтишаркан. Амир шоири калонга файтун ва бир канизакни инъом этган экан. Ҳозир бўлса...
     Шундай қилиб шеър ёзилган қоғозни эшикка ёпиштириб бўлмади.
     Биринчи кечани Кўкалдош мадрасасида ўтказдим. Меҳмонхона танқислиги учун қадимий обиданинг ҳужраларига темир кроватлар қўйиб, ётоққа мослаштиришган экан. Жуда қўпол қилиб ўтказилган электр симлари,  қувурлар ва замонавий коммуникациянинг бошқа воситалари гўзал нақшлар устига чапланган бўёққа ўхшарди. Шунчалик ҳам дидсизлик бўлиши мумкинми?! Эҳ! Бунинг устига ҳужрада меҳмон бўлганларнинг аксарияти ғишт, кошин, ганжлар устига ўз номларини муҳрлаб қўйганликлари жуда ғашимни келтирди. Дилимдаги бу нохуш ҳис эрталабгача ҳасадга айланди, шекилли, жўнаб кетиш олдидан мен ҳам бир ғиштга номимни ёзиб қўйдим.
     Муҳтарам китобхон! Булар бари етмишинчи йиллардаги ҳолат эканлигини ҳисобга олишингизни сўрардим.
     Мустақиллигимиз эълон қилингандан сўнг талай меҳмонхоналар қурилди, қадимий обидаларни тиклашга эътибор оширилди.



Комментариев нет:

Отправить комментарий