2. ИДРОК
ЭТГАНЛАРИМ
Бу йил қалдирғоч ҳаммомга кирадиган даҳлизчада, лампочка устига ин қурди.
Уни ҳуркитиб юбормаслик учун ҳамма эҳтиёт чораларини кўрдик: эшикни
ёпилмайдиган, лампочкани ёнмайдиган қилиб қўйдим. Набираларга алланималарни
қайта-қайта тайинлаган бўлдим.
Гап
шундаки, икки йил илгари айвондан жой танлаб, иннинг ярмини тиклагач, ғойиб
бўлиб кетишган эди. Уларни нимадир ( мушук, илон, хакка) қўрқитганди чамаси.
Биз надоматлар чеккандик.
Нар
ва мода бир-бирига қўлдош, меҳрибон бўлиб ин тиклашди, мода тухум қўйди ва
яқинда бола очади.
Аслида
ҳаёт кичик-кичик шодликлар ва ғуссалардан иборатдай. Биз
гоҳида арзимас омадсизликлардан озор кўрамиз, изтироб чекамиз. Аммо
кичик қувонч ва шодликларга эътибор бермаймиз.
Қалдирғочлар
менинг хонадонимдан жой танлашгани, ин қуришгани ва ҳар гал телефон
симига қўниб қўшиқ айтгани дилимга ногаҳоний
хуррамлик ато этади. У вижирлаб сайраётганда, секин разм соламан. Табиат
уни жуда баркамол қилиб яратган: узун қанотлари қора, тўши оқ, бўйни
эса қўнғир рангда. Душман маҳв этолмаслиги учун кучли қанот ато этган; ҳатто
қирғий ҳам унга етиб ололмайди.
Инсон
сўнгги йиллар давомида бир тишлам гўшти ёки бошқа манфаатлари учун қирғовул,
каклик, оқбовур, укки, какку, кўкқарға, сингари паррандаларни деярли қириб
юборди. Аммо дилкашлиги, меҳри учунми қалдирғочни ўлдиришга уволдан қўрқди.
Гоҳида
ҳамма ўқишга, ишга жўнаб, уйда ёлғиз қоламан. Шундай пайтда дилимни ғусса босиб
келабошлайди. Ногаҳонда эса қалдирғоч сайраб қолади ва ”Мен ёлғиз эмасман,
дилкаш ҳамроҳим бор”, деган фикрдан қувониб кетаман.
Шу
сатрларни ўқиётган биродаримнинг айвони (балкони, подъезди)га қалдирғоч ин
қўйишини тилаб қоламан.
* * *
Бир
замонлар, денгиз сигири, деган жонивор бўлган. Сут эмизувчилар оиласига мансуб
бу ҳайвон бироз сигирга, бтроз тьюленга ўхшаган. У сув остидаги кўкатлар билан
озиқланган. Ҳозир бу жониворнинг расми сақланиб қолган, холос. Гўшти хушхўр бўлгани
учун одамлар қириб юборишган уни.
“Қизил
китоб”га ўхшаш “Қора китоб” ҳам ташкил этиб, диназаврлар, мамонтлар, денгиз
сигирларини ёзиб қўйиш зарурга ўхшайди.
* * *
Икки хўрознинг жиққамушт бўлиб чўқишаётганини кўп марта кўрган чиқарсиз?
Тожларини қип-қизил қонга бўяшиб, ҳаллослаб чўқишаверади-чўқишаверади. Улардан
бири орқага чекингунича давом этади бу шиддатли кураш.
Агар мазкур жанжалнинг сабаблари билан астойдил қизиқсангиз, ана шу
хўрозларнинг бири бошқа ёқдан келиб қолганига ишонч ҳосил қиласиз. Ҳа, ҳар бир
хўроз ўзи яшайдиган ҳовли ва унинг атрофидаги ҳудудларга ҳокимлик қилади. Бу
депарага бирорта бегона хўроз кириб қолгудай бўлса, улардан бири мағлуб
бўлгунича кураш давом этади.
Чегара учун кураш ёввойи ҳайвонларда ҳам мавжуд. Тулки ва бўриларнинг
ҳудуди бир неча квадрат километрни ўз ичига олади ва одатда, рақибларни мазкур
чегарагача таъқиб этади, холос. Ҳайвонларнинг жанглари адолатли: бу курашда бир-бирини ўлдиришмайди.
***
Комментариев нет:
Отправить комментарий