“ҲОДАРВИШ ШАМОЛИ”
Бағоят
зукко, нуқтадон дўстим, раҳматли
Миршариф Хўжаевнинг шу номдаги романи, унинг
фарзанди Жаҳонгир ( ўғил керакдир йигитга) ва қадрдон жўраси Ғайбиддин
Фазлийнинг сай-ҳаракатлари билан босмадан чиқди.
Миршариф бу асарни ўн йиллардан бери ёзаётганлигидан хабардор ва унга интиқ эдим. Асар ҳужжатли, автобиографик бўлиб, ундаги аксар веқелар, одамлар менга таниш ҳам эди. Асар илк саҳифалариданоқ менга Жек Лондоннинг “ Мартин Иден” романини эслатди. Зеро, Миршарифнинг ҳаёти ҳам уқубатли, ғалвали бўлганини билардим. Тасаввур қилинг: ўсмирнинг, урушдан сўнгги йилларда, ўгай ота ва тирикчилик хўрликларига чидолмай, уйдан бош олиб кетиши ва ҳаёт деган шавқатсиз кураш майдонига кадам қўйиши жўн журът эмас, албатта.
Мартин Иден
иш тополмай, кир ювувчига шогирд тушгани, ( дарвоқе, у ҳам автобиографик асар) сингари,
унинг ҳам поезга илиниб, Бухорога келиб тушиши ва очликдан силласи қуриб иш
излагани ҳамда дайди итларни овловчиларга
шерик бўлганлиги бағоят таъсирли. Бу ерда кўп ишламайди; чунки илк қадамдаёқ
қаллоблик, шавқатсизликларга гувоҳ бўлади. Айниқса, шерикларининг дайди итларни
тутмай, зотлиларини тутишлари ва эгаларига қайтариб сотишлари, сўйилган
итларнинг гўшти қассобларга сотилишини, китоблар оламидан хабардор бўлган,
қалби тоза йигитча ҳазм қилолмайди.
Бухорода мардикорлик қилганини ҳам яширмайди.
Бир яҳудийнинг уйида ишлаётганда, унинг хотини торни олиб, “Самарқанд ушшоғини”
хониш қилганда, ҳаяжони ошиб кетганини ёзиб, уларга ҳамду сано ўқийди.
Ниҳоят, чечен
таниши билан, қайдасан Самарқанд, деб
йўлга тушишади. Эски шаҳардан бир кулбани ижарага олиб, “Ҳужум” пиллакашлик фабрикасига ишга жойлашишади. Бу ерда у ургутлик Ғайбиддин Фазлий билан танишади,
унинг маслаҳат, мадади билан ўқишга киради.
Садриддин
Айний Бухорода туғилиб, бутун ҳаёти Самарқандда ўтгани ва Душанбеда вафот
этгани сингари, Миршариф ҳам Қашқадарёда туғилиб, бутун ҳаёти Самарқандда ўтди
ва Тошкентда қўним топди.
Самарқанддаги
таржимаи ҳолидан анчайин хабардорман. Ўта қўнимсиз эканлигини ўзи ҳам тан
оларди. Самарқанд туман “Шарқ тонги”, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят
партия комитети, вилоят “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетаси, вилоят
Телерадио комитети ва ҳакозолар...Миршариф ўр ва қайсар эди. Гоҳида корхонадаги
носамимийлик, қаллоблик, адолатсизликлар сабабли ариза ёзса, баъзан раҳбарларга аччиқ қилиб, кетиб қоларди.
Ёзувчилар
уюшмаси вилоят бўлимида ишлаганда, марказдан келган икки меҳмонни учрашув учун
Самарқанд вино заводига олиб боради. Раҳбарлар эҳтиром билан кутиб олиб, уларни
кўп йиллик винолар сақланадиган ертўлага олиб киришади, илтифот қилишади. Иккала
меҳмон ўша ернинг ўзида маст бўлиб қолади ва мезбонларга, учрашувга тўпланганларга роса томоша
кўрсатишади. “Бу дардисарларни тезроқ олиб кетинг”, дейди директор ўринбосари.
Ундан илгари ҳам Тошкентдан келган меҳмонларнинг нописандлиги, миллатчилик
қилиши, идорадаги ғийбатлар унинг жонигв теккан бўлади. Ёзувчилар оламини муқаддас деб билган йигитчанинг тасаввурлари
чил-парчин бўлади ва ариза ёзади. У шундан кейин “Крассный двигател” заводинин
чўян қуйиш цехида ишлайди. Бу ерда Исмоил
Гаспиралининг, ҳа, ҳа ўша бутун турк
оламини яккалам қиламан, деган, ҳатто Беҳбудий ҳам устоз деб билган
Гаспиралининг набираси Асан Гаспаров билан танишади. “1942 йилда миллатимизни
шу ёқларга улоқтириришди, дейди янги таниши. Шундан бери заводдаман...” Асан
оға унга ўқишни давом эттиришни ва ўзига муносиб иш топишни маслаҳат беради.
“Зарафшон” газетаси таҳририятида у, нисбатан узоқроқ
ишлайди ва хатлар бўлимининг
ҳисобчисидан, редактор ўринбосари вазифасигача кўтарилди; сўнг вилоят телерадиокомитетига
раис қилиб юборишди. Худди шунинг учун китобида таҳририятдаги тафсилотларга батафсил
тўхталади, бу ердаги ҳамкасбларнинг характерини яққол очиб беради. Ўша пайтдаги
муҳаррир Аҳмаджон Мухторовнинг эпогейи ва таназзулини ўқиб, ажиб туйғуларга
кўмиласиз. Оддий мухбир Бобоқул Имомовнинг камтарлиги, хокисорлигига тасанно
айтасиз.
Мен “ Ленин йўли”да Миршарифдан илгари ишлаб кетган эдим. Жамоа менга
таниш, аммо дўстим, ходимларнинг фели
атворини мендан кўра яхшироқ очиб берипти. Муҳаррир, таҳририятнинг ўта
камтарин, меҳнаткаш мухбири Бобоқул ака Имомов ҳақида йиғилишда дейди:
“Шароф
Рашидов бу кишини жуда қадрлайдилар. Редакцияда ким орден олган? Фақат Бобоқул
Имомов. Бу орденнинг берилиши тарихи ҳам қизиқ. Биз акани “Шавкатли меҳнати
учун” меҳнатига тавсия этгандик. Шароф Рашидов эса, “Ҳурмат белгиси” орденини
бердилар.”
Миршариф
Хўжаев байналминал характердаги инсон. Таҳририятда ўша пайтларда бир неча
миллат вакили ишлашини айтади ва уларнинг ҳар бири билан ўз тилларида
гаплашади. Жумладан, у тожик адабий
тилини яхши биларди. Асарида тожик тилида гапирганларнинг шевасини
тузатиб турганлигига гувоҳ бўласиз.
Миршариф
сиёсий жиҳатдан ҳам пухта эди. Вилоят партия комитетида ишлаганда, биринчи
котиблар жуда масъулиятли ҳужжатларни тайёрлашни, асосан унга ишонишарди. Ўзига
ва ўзгаларга нисбатан бағоят талабчан бўлган бу инсон қайбир маънода анчайин
нигилист ҳам эди. У бир талай шеър ва ҳикоялар ёзиб қўйган ва мен билан
Тошпўлат Раҳматуллаевнинг қистовимизга қарамай уларни эълон эттирмасди.
Кўзим бот-бот
ёшланиши боис катта китоб ўқимай қўйган эдим, аммо бу асарни завқ-шавқ билан
ўқидим ва дўстим билан оилавий даврамизда ўтказган завқли, мазмунли лаҳзаларни
эслаб, қувондим.
У
Самарқанддан кетмайман, деярди, лекин фарзандлари Тошкентга яшаб қолганлиги
боис, бу ерда туролмади. Аммо, афсуски, узоқ яшамади. Жанозага борганимизда, одамлар тобутни кўтаришган экан.
Бармоқ билан санарли ва нотаниш қўшнилар кўҳна тарих билимдони бўлган, бағоят ўлкан
ақл ва виждон соҳибини кўтариб кетишаётганларидан бехабар эдилар.
Нусрат
РАҲМАТ
06 10 20
Комментариев нет:
Отправить комментарий