пятница, 11 октября 2019 г.

ТЕМУРИЙЛАР ЗАМОНИДАГИ ЗАБОН


                                ТЕМУРИЙЛАР  ЗАМОНИДАГИ  ЗАБОН
                                                  ЁКИ
                               ШИРИН ЁЛҒОНЛАР МАМЛАКАТИДА
 
    Амир Темур, ҳеч шубҳасиз, туркий қавмдан.
    Аммо темурийлар эпохасида расмий тил форсий бўлган.
 
 Амир Темурнинг узугига форс-тожик тилида “Рости- расти” деб битилган. Буни: “Тўғри бўлсанг, етасан муродга” деб таржима қилса ўринли бўлади, назаримда.
   Соҳибқироннинг фаранг қироли Карл олтинчига ёзган ва айни пайтда Самарқанддаги Улуғбек музейида сақланаётган ( уни Ислом Каримовга Франциянинг собиқ президенти
туҳфа этганди) мактуби бугунги тожик адабий тилига яқин туради.

  Темурийлар  эпохасида қурилган муҳташам бинолар ва ҳатто боғлар ҳам форсийча номланган: Гўри Амир, Шоҳи Зинда, Мадрасахоним; Боғи дилкушо, Боғи зоғон, Боғи баланд ва  ҳакозо. Буларнинг бари (бугунги ибора билан айтганда,) ўша даврда давлат тили ёки расмий тил форсий бўлмаганмикин, деган фикрга олиб келади.  Амир Темур давридаги  талай шоирлар ҳам ( “Самарқандий” тахаллусидагиларнинг ўзи ўндан ортиқ) форсийда ашъор битишган. Бизнинг илк шоирларимиз Атоий, Саккоийлар кейинроқ - Улуғбек ҳукмронлиги даврида яшашди ва ижод қилишди.
  Темур тузукларининг ( асл номи “Тузукони  Темур”) туркий тилдаги варианти бор,  деган фаразлар  оқланмади, аниқроғи дараги топилмади ва  у форсийдан таржима    қилинди.  Таржимон: Туркиядаги кутубхонада туркий варианти борлигини ва у йўқолганини айтади, аммо ким билсин, эҳтимол тўғридир. Ҳарҳолда буни охирига етказиш керак. Амир Темур музейи илмий ходимлари уни  излаб топишса,  энг қимматбаҳо экспонатни қўлга киритган бўлишарди. Тарихчиларимиз бизни ширин ёлғонлар билан алдаган бўлишлари ҳам эҳтимолдан холи эмас. Подшоҳларнинг асарлари фақат  ўша юртнинг расмий забонида  битилганини биламиз.
  Биз табиатан ширин ёлғонларга ўч халқмиз. Коммунизм ҳақидаги мифларга ишониб яшаган авлодмиз. Дўконларда ҳамма нарса бепул бўлишини, эшиклар олтиндан ясалишини, ёмон одамлар қолмаслигини айтишарди. Кейин келажаги порлоқ юрт ҳақида эртаклар бошланди. Билишимча, тарихчиларимиз ўтмиш ҳақида, сиёсатчилар келажак ҳақида афсоналар тўқишга кўникиб қолишди.
   Лекин ростгўй авлод ҳам қалқиб чиқишига ишонаман! Майли, мавзудан чекинмайдик...
   Туғри,  темурийлар замонида “давлат тили”, “миллат” деган тушунчалар бўлмаган. Аммо  асрлар давомида ҳукмрон бўлиб келган форсий забон туркий учун қадрдон бўлиб қолган.   Икки халқнинг тарихий бирлиги шу нуқтада ҳам намоён бўлган. Ҳаттоки, Мирзо Улуғбекнинг машҳур “Зижи Кўрагоний” асари анъанавий араб тилидамас, форсийда битилган.
   Уни “сарой тили” ёки “форсча” деб талқин қилиш ўринсиз. Чунки мадраса, мактаб, қозихоналарда шу ҳарф амал қилган.
  Албатта, туркий тилдаги ёзувлар ҳам бўлган. Аммо уларнинг сўз тузилиши, шеваларини тушуниш бугунги китобхон учун анчайин мушкул.
   Амир Темурнинг Олтин Ўрдани забт этишига бағишлаб, ўша ерда, мармарга ўйиб ёздирган битик матнини ўқиб, мағзини чақолмаган эдим. Бунинг устига Самарқандда битилган туркий ёзув Хоразм, Олтин Ўрта ёки уйғур ўлкаси ёзувларидан батамом фарқ қилган. Боиси: ҳали ўзбек адабий тилига асос солинмаган эди. Тарих гўёки, буюк Алишер Навоийнинг дунёга келишини кутарди.
   Шоир топиб айтган: “Темур тиғи етмаган жойни Қалам билан олди Алишер.”
   Лекин шуларнинг барига қарамай, биз, тарихчилар ва шу соҳага қизиқувчилардан Амир Темур номи билан боғлик туркий ёзувларни топиб, эълон қилиб боришларини сўраб қолган бўлардик. Бу ҳужжатларни ўз ҳолича (иложи бўлса Кирилл имлосида) эълон қилишларидан умидвор бўлиб қоламиз.

  Ўша замонларда ҳам мадраса, бозор, мачитларда ҳар икки тилда мулоқот қилишган. Мадомики шундай экан, расмий тил ҳам  иккита бўлиши мумкин. Мен Темурийлар ва бошқа музей илмий ходимларидан айнан  шундай ҳужжатлар (туркий ёзувлар, тангалар,  сопол ва чинни синиқларидаги сўзлар) билан бизни таништириб боришларига ишонаман.
   Мақоладан тўғри хулоса чиқаришингизни истардик.Ундан қандайдир миллатчилик, сепаратизм симптомларини излаш овсарлик бўлур эди. Факт ва фикрга қарши факт ва фикр билан жавоб бериш, шоисталикдир!  Юқорида айтганимиздек, Амир Темур, ҳеч шубҳасиз, туркий  қавмдан, аммо у зот катта байналминал бўлганлиги ҳам маълум.
     Барча википедия ва энциклопедияларда (улар энг ишончли ва ғани манбаълар)   ўзбек ва тожиклар Марказий Осиёнинг  қадимий халқлари эканлиги,  уларнинг этник майдонда шаклланишига  бир катор  гуруҳ ва қабилалар, чунончи сугдийлар, бактрияликлар, тохарлар, кучманчи сак ва скифлар, қадимги хоразмликлар ва бошқалар катта таъсир курсатганлиги қайд этилади.
  Тағин: менинг -  миллатим тожик, аммо ўзбек журналисти, ёзувчисиман. Бу бармоғимни тишласам ҳам, унисини ташласам ҳам... Худо ҳақи шундай...
   Бу постни эълон қилмоқчи эмасдим. Аммо сўнгги пайтларда, айниқса ижтимоий тармоқларда дўстликка рахна солиш ниятида тожик тилини камситишга мойиллик сезилябди. Адабиётда омади чопмай, миллатчилик ёки буюкмиллатчилик  йўлини танлаган ўпкалар, онаси алла айтган тилдан тонганлар, айрим аламзадалар ва бошқа қаланғиларни кўзда тутябман, албатта. Буюклар эҳтиром кўрсатган забонга нописандлик қилувчиларга шаъма ва иддао қилгим келди, холос.
     Агар хаёлингиздан:  “Ўзбекистон - қудратли мамлакат! У ҳеч кимнинг бирор қарич ерига кўз олайтирмаган; шунингдек, бирор сотих заминни ўзга юртларга бермайди ҳам!” деган фикр чарх ураётган бўлса, мен ҳам сиз билан якдилман.
   .

Комментариев нет:

Отправить комментарий