воскресенье, 24 февраля 2019 г.

2. БЕҲБУДИЙ ЁЗАДИЛАР


                                         “ Қасди сафар”дан         

“Андра  (Ҳозирги Адирне. Изоҳлар бизники. Н.Р.) Истанбулни бошқа тил ила айтганда, Туркия давлатининг дарвоза ва устунидир... Истанбул ила Андра ароси қитор  ( поезд) ила ўн соатлик йўл бўлуб Австриё насоралари темир йўлнинг соҳиби... Бечора мусулмонлар беш юз йилдан бери Оврупода ўлтуруб, оврупо одати, либоси ва ямон ишларини одат қилиб, аммо илм, ҳунаридан керагича ҳисса олмабдурлар. Бул ҳар ерда шундайдур. Бу кунгача бир чақирим темир йўли бино қилмоқға бутун мусулмонларнинг илм ва иқтидори йўқдур, аммо папирус, ичкулик ва бузуқлик тарафига бор кучимиз ила аъло ҳолда тирмашармиз”.  
                                                                                      Туркия

   “ Баъзи ҳожиларимизни киссаларига оқчалари бўлуб, сарф этмасликлари ва ялғондан, биз мискин деб ҳаммол ила ва бир икки ғуруш расм  оладурғон, карантин ва банд (порт)лар маъмурлари ила урушиб юргонлари боиси таъсиф (афсусланарли)дур”...
    

   “Бир-икки кичик туннел ва тош куфруклар остидан ўтуб, икки тарафи боғчалик ерлардан кечармиз. Ҳамма ток, зайтун, анор, хурмо, анжир, патак анжир боғчаларидур. Экинжойларға ҳар уч газға бир тут ниҳоли ўтқарилубдур. Ҳар йили бир-икки дафъа тутларни шохи урулуб, ипак қурти ёки ҳайвонотга берилар экан. Боғлар темир йўлға у қадар яқинки, меваларини оташ ароба устидан узмоқ мумкиндур... Оташ ароба доимо баланд тоғларга эгри-бугри йўллардан чиқар. Бутун Жабали Лубнон ( Тоғли Ливия) қишлоқ ва  қасабалари хуш ҳаводур. .. Миср тарафиндан бойлар келиб, ёзни  мунда ўткарарлар...”
                                            *  *  *
 
   “Инсон ўзини бир олам ҳунар, бир дунё санъат ичинда кўруб, аввалги мусулмонларнинг дин йўлинда этғон сайъи ва қилғон ихлосларининг ҳамда ҳунар ва нафис санъатда этган тараққийларининг ўйловиға ғарқ бўлуб кўз тинар ва ҳеч нимарса кўрмас даражаға келур. Ё раббий! Мусулмонлар ва у баъдавий араблар бу қадарми аҳли санъат бўлдилар? Бир сўз ила тамом этайин. Роқими ҳуруф ҳинд, эрон ва Испаниё жомеъларидан бошқа ислом  оламининг барча жомеълари зиёратиға мушарраф бўлдум, аммо жомеъ Уммавиядек зийнатлик ва осори нафислик бир жомеъ кўрмадим”.
                                                                                 Дамашқ
*  *  *
  
   “Англис ширкати шаҳарға  таҳвил маъ ( қубур) ила сув келтурган, яъни сақоси (ускуначиси) – англис. Ва Байрут лимон – парахуд ҳавзини франсуз ширкати бино этгандур. Темир йўл ва қўша хатлик трамвай немис ва белжикники. Фақат мамлакатни исми усмонлиға тобеъдур. Ажнабийларнинг минглаб талабалик ҳар нав дорулфунуни ва неча юзлаб талабалик ҳар нав мактаби 50 дан зиёда бўлуб, мунтазам расадхона, кимёхона, ташриҳ ва жарроҳи ва ҳикматхоналари бордур”.
                                                                       Байрут


  “ Ёфа шаҳриғача 20 соатлик йўл учун 13 сўмға биринчи даражадан жой олдим. Парахўдда мисрий, шомий, истамбулий кибор мусулмонларда  бир хейле бор. Иттифоқо, уч кишилик бир ўйча( қамара)ға бир ўзим кириб, аъло бир уйқуга толдим. Таом вақти ходим ўйғотди. Катта солунга  чиқдик; катта стол, бирига парахўд маъмурлари, иккисига овруполик хамула(йўловчи)лар, бириға кешти(кема)дағи  мусулмонлар ва ҳар кимни уйи ва каравот рақами табақи олдиға ёзилгандур. Ходим нўмирамизни кўрсатди, ҳамхоналар саломлашиб ўлтурдик.
   Хон(стол)имиз устида ҳар нав мускиротларда ( спиртли ичимликлар) бордур. Таомлар бирин-кетин келдики, шундан иборатдур: макарон, кабоб пиёз, кабоб танўри, бир навъ шўрбо, кабоб, картошка, балиғсардника, пеннир(пишлоқ),  янғоқ, мева, қаҳва, конфет, печени. Ҳар ким буғўзигача тўлдурди. Аммо шишадаги мускиротдан на ул бойбаччалар ва на ул оврупомижоз бўлган араб ва турклар бир қатра бўлсун ичмади. Дедим: “На учун ичмайсизлар?” Дедиларки: “Алҳамдуллилоҳ, мусулмонмиз. Оллоҳ азим−шон ҳазратлари Қуръони Каримда афандимиз воситалари илан наҳйи этибдурки, 1300 сана сўнгра оврупойилар бу ҳабис( қабиҳ)ларнинг зарарини билиб, ўзларини сақламоқдалар. ...бизнинг мактабларда мунинг зараридан баҳс этарларки, инсоннинг ичкиси келмайдур. Дедиларки, Туркистону Бухоро қандайдур?” Мажбуран тўғрисини сўйладим... Дедилар:  “Астағфирилло!”
                                                           *  *  *

  “...мачит ал-Ақсо муборакға кириб, ҳар шайдан аввал икки ракъат намоз ўқуб, мундай муқаддас ва муътабар мақомларға бандани еткургони учун оллоҳи зулжалолға ташаккур ва арзи ниёз ва убудият этдим.”
 У киши мачитнинг салобати ва ҳуснидан беҳад лаззат топади: “Эй ўтмиш муқаддас мусулмонлар! Эй бонийлар! Эй фотийлар! Оллоҳ сизларни ниҳоясиз раҳматларға ғарқ этсунки, замонангизда бу қадар лоҳутий асарлар ва муқаддас буқъалар бунёд этибсиз чин мусулмонлар, ҳақиқий инсонлар сизларсиз! Сизнинг изингиздан кетмоққа жаҳолатимиз монеъ бўлди.
 Илоҳо! Бу азиз ва фаол бандаларинг ҳурматига бизға басират эт. Эшитар қулоқ, англар ақл бер! Оҳ у эзгулар қандай эканлар? Биз на ҳолдамиз?
   Эй, Оллоҳи азимуш-шон! Бу  магар сенинг ғазабингмидур? Афу эт, биз инсонларни ҳидоят эт!  Ер юзинда сулҳ ва салоҳи умумий ато айла. Инсонларға инсоният бер! Золимларни қаҳр эт, мавҳ бўлсун зулм, яшасун адолат ва ҳаққоният. Омин...”
                                                                     Қуддус
   
 
  “Мундан чиқиб онинг яқинидаги рус калисосиға кирдукки, мунда ҳам тарихий тош ва тасвирлар кўб бўлуб, бир неча ўйдан иборатдурки, бир рус хотун шайхи бизларға кўрсатиб баён этди. Калисонинг олдинда тошкандлик ёш аттор бор эканки, ҳожи ва заввор(сайёҳ)лар оладурғон нимарсалар сотадур. Қўлиға бир неча нусха “Ойна” ва “Туркистон харитаси”ни бердим. Аҳли савод экан. Тошканд шаҳрини кўрсатдим. Беихтиёр харита устиндаги Тошкандни ўпуб, кўзиға суртди...Хусусан  ватан ва аҳли диёрнинг қадри мусофиратға маълум бўлур. Ҳақиқатан ватан муқаддасдур. Қадрини билмоқ керак. Сотмасға ва ўлгунча айрилмасға керакдур. Ўғли бор эмиш, Қуддусдаги русча ва арабча мактабға бериб, мактабни тамом қилдирмоқға ва сўнгра  русча дорулфунунға юбормоқиға машварат берилди”.
                                            
                                                                                   Тўпловчи  Нусрат РАҲМАТ 



Комментариев нет:

Отправить комментарий