воскресенье, 18 ноября 2018 г.

“ҚОЧИНГЛАР, СЕЛ КЕЛЯБДИ!”...


               
   Мухбирлик йўлидаги мулоқотлар, тасодифий воқеалар тўғрисида 1987 йилда,  катта тиражда (40 минг нусха) чоп этилган “Мен редакцияданман” деган китобчамда сўз юритганман. Бу асар кейинчалик “Мен мухбирман” номи билан ҳам нашр этилди.
   Аммо “Фарзандга ўгитлар” китобимда ҳам журналистик  саргузаштларини четлаб ўтмаган эканман.
      Улардан бирини эътиборингизга ҳавола этгим келди.
                                     *  *  * 
У пайтлар республика газетасининг Самарқанд, Бухоро вилоятлари бўйича мухбири бўлиб ишлардим. Баҳор эди. Ургут
қишлоқ хўжалиги бошқармаси вакили билан Омонқўтон қишлоғидаги янги қурилишларни кўргани бораётгандик. Катта кўча тоққа бориб қадалган жойда биз чап томондаги сойликка бурилдик. Икки томонда баланд тоғ, ўртада дарё, унинг соҳилида эса бир машина аранг сиғадиган йўл. Бу йўл ҳам гоҳида дарёни кесиб ўнг ёки сўл томонга ўтиб туради. Эскигина "Виллис" зўр бериб юқорига ўрмалайди, гоҳида кабина ичи тутунга тўлади. Шеригим ана шу сойликда курилган замонавий пиллахона, маиший хизмат уйи ҳақида, уларнинг лойиҳа–сметаларини ҳал қилишда шахсан каттанинг хизмати хусусида ҳикоя қилади. Мен эса қаршимдаги чўққига бостириб қўйилган беўхшов телпакка ўхшаш қоп–қора булутнинг ғайри-табиий қуюқлигидан ажабланаман. Уфқда чақмоқ ялтираганини кўраман, момоқалдироқ овозини эшитиш илинжида сукут сақлайман.
Моторнинг зўриққанини сезди, шекилли, ҳамроҳим машинага тормоз берди, сўнг эринмай тушиб, радиаторга сув сепа бошлади.
Худди шу пайтда кутилмаган ҳол рўй берди: қаршимизда бир отлиқ пайдо бўлди ва қамчисини ўйнатганича қўл силкиб бизни аллақандай нохушликдан воқиф қила бошлади. Иккаламиз ҳам ҳушёр тортиб, дилтанглик билан уни кутдик: масофа яқинлашгач, разм солсам, балоғат ёшидаги қиз (эҳтимол, жувондир) экан. У яшин тезлигида бизга яқинлашди ва бор овоз билан огоҳлантирди: "Қочинглар, сел келаяпти!"
 Ҳадемай тўриқ ортида енгилгина чанг қолди, холос. Биз жон талвасасида ўзимизни кабинага урдик; шукурларким, мотор дарҳол ўт олди. Андак илгарилаганимиздан кейин эса ажалнинг комига қараб бораётганимизни эсладик: бу тор дараларда орқага бурилиб олиш ҳам унчалик жўн иш эмасди. Ҳадемай улкан харсангларнинг бир-бирига урилишидан ҳосил бўладиган ваҳимали овозлар қулоғимизга чалинди, гувиллаган ёввойи овоз кучая бошлади. Кабинадан шаҳт билан тушиб, иккаламиз (негадир икки томонга қараб) қоча бошладик. Мен қояга рўпара бўлганимдан кейингина шошқалоқлик қилганимни тушундим: соҳил тик ва қалтис эди. Нари томонга қараб, шеригим барра ўтлоқлар бўйлаб юқорига ўрлаб кетаётганини кўрдим. Шу тобда орқага қайтиш ҳам аждаҳо билан юзма-юз бўлишдек ваҳимали бўлиб туюлди. Шунинг учун ҳам чапдастлик билан чақир тошларга тирмашиб юқори чиқа бошладим, харсанглар орасидаги аллақандай бута илдизига, сўнг баданини тикан қоплаган ёввойи бодомчага осилиб, юқори кўтарилдим. Уёғи ясси ёнбағир эди: Тағин анча юқорилагач, бўтана сув энди таъқиб этолмаслигига ишонч ҳосил қилдим-у, тин олиб, пастликка боқдим. Бешикдай-бешикдай тошлар бир-бирига урилиб, пастликка отилар, лойқа сел дуч келган нарсани комига тортиб борарди. Илдизи билан қўпорилган бир терак машинамизга келиб урилди ва уни ағдарди; сўнг ўнгариб олиб, болалар ўйинчоғидай лопиллатиб суриб кетди. Зум ўтмай, сув бетон симёғочнинг белига чиқди ва уни ҳам қулатди.
Мен табиатнинг бунақа ногаҳоний ва қалтис қилмишини ҳеч кўрмаган эдим. Даҳшатли ҳайқириқ тобора кўтарилиб борар, сел шиддати дунёни босгудай эди. Мен бебош ва бешафқат қудратга узоқ тикилиб, беихтиёр инсоннинг ожизлигини ўйладим ва негадир ўксиб кетдим.
Алламаҳалдан кейин сувнинг кучи кесилди, унинг сатҳи пасая бошлаши билан мен ҳам ортимга қайтдим.
Икки-уч кунгача хаёлим ана шу табиий тўфон билан банд бўлиб юрди: даҳшатли овоз қулоғимга чалиниб тургандай, ҳамлакор тўлқинлар пастга отилаётгадай бўларди. Сўнг эса булар бари иккинчи ўринга чекинди ва мен одамларни огоҳлантириб ўтган ўша ногаҳоний қизни кўпроқ эслайдиган бўлдим: ким бўлди экан у — менинг халоскорим?! Қай бир бахтли отанинг фарзанди экан?! Кейин уни беҳудуд бир дард билан қўмсайдиган бўлдим унинг чеҳраси, овозини эсладим ва беихтиёр Омонқўтон сари йўл олдим.
Одамлар ногаҳоний фалокат хусусида ҳамон энтикиш билан ҳикоя қилишар, офат кўлами ва қудратидан хабар беришга шошилишарди. Ҳа, анча-мунча нохушликлар бўлибди. Жумладан, мен кўрмоқчи бўлган ўша бинолардан ном-нишон қолмабди. Талай қорамоллар, қўй-эчкилар аспаласопинга равона бўлибди. Булар садқаисар-куя одамлар ҳам қурбон бўлишганини айтишди. Пастки қишлоқда бир аёл нон ёпиш илинжида тандирга уннаётган экан. Сувора қиз хитоб бериб ўтганда боши тандирда бўлгани учун эшитмай қолибди, болакайлари тоққа қараб қочишибди-ю ўзи... Тағин бир киши маст экан.
Жон ваҳимасида ўрмалаб чиқиб кетганим — ўша қоя қаршисида бир зум тўхтаб қолдим. Шу ердан алпинистдай чирмашиб чиққанимни айтган эдим, ҳамроҳлар ишонишмади. Ҳақлигимни исботлаш учун қайтадан чиқмоқчи бўлдим-у аммо уддалолмадим, ғалати.
Хуллас, кўзларидан ўт чақнаган ўша қизни излаб, аввал юқори қишлоқда чиқдим, аммо бу ерда қизнинг кимлигини ҳеч ким айтиб беролмади. Бошқа қишлоқдагилар ҳам уни танишмади. Суриштираверганимдан кейин турфа тахминларни айтишди: юқорида геологлар, биология факултетининг амалиётга келган қизлари, туристлар, йўловчилар дегандай. Қисса кўтоҳ, мен уни тополмадим. Аммо орадан йиллар ўтган сари ҳалоскоримнинг баркамол ва дуркун қомати, бесарамжон нигоҳлари, ногаҳоний шиддати кўз ўнгимда тиниқлашиб, улуғланиб, муқаддаслашиб бораверди.
МЕҲРИБ0Н ҚИЗИМ! Қизлик ва навжувонлик фасли кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Мен ўша отлиқ қизни ички бир энтикиш билан қўмсагандай одамлар сени ҳам эзгу туйғулар билан эслашларини орзу қиламан. Сершавқат ва раҳмдил бўл, болакайларни бағрингга бос, пешонасидан ўп; дилшикаста аёлларнинг кўз ёшларини артиб қўй, жониворларни золимлардан ҳимоя қил!
Майли, ёшлигингдаёқ Оврупо ва ғарб адабиёти, маданиятига меҳр қўй, аммо оёғинг мўйсафид шарқ тупроғидан узилиб кетмасин! Урф-одатларимиз, анъаналаримиз, диний эътиқодларимизга беписанд бўлиш — ота-онага, боболарга ҳурматсизлик эканлигини унутма!
Худо кўрсатмасин, бошингга оғир кунлар, ногаҳоний мусибатлар тушганда руҳинг тушиб, қаддинг букилиб қолмасин!
Олдингда ҳали шуълакор ва мунаввар кунлар кўплигини ёддан чиқарма!
Тула матн билан //nusratrahmat.blogspot.com  
 орқали танишишингиз мумкин. Рубрикада лотин имлосида

Комментариев нет:

Отправить комментарий