воскресенье, 15 января 2017 г.

ОМАДСИЗЛИК (Ҳикоя)



Жуғрофий, иқтисодий ва ҳатто, табиий нуқтаи назардан қаралганда ҳам, тақдир жағалвойликларга ўнг қўлини чўзган, дейиш мумкин бўлади. Юқори томон - тоғ, бир тегирмонча сув қишин-ёзин шарқираб ётади. (Баҳорда қутуриб, йўл, кўприкларни вайрон қилиши нохушроқ, албатта). Бу ёғи шаҳарга ҳам яқин. Қишлоқдан бирор чақирим пастдан эса икки  вилоятни бир-бирига боғлайдиган шоҳкўча ўтади.
Шуларни ҳисобга олиб, жағалвойликларни тоғ ҳам, шаҳар ҳам боқади, дейишга асосимиз бор. Шўролар даврида қишлоқ гоҳида ўрмон хўжалигига, гоҳида колхоз ҳисобига ўтиб турган бўлса ҳамки, тирикчилик тарзи қўшнилардан фарқ қилмаган ҳолда, ички бир қонуният асосида кечди. Бу йиллар давомида қишлоқ ёнбағирликдан, анча пастга тушди, уй ва ҳовлилар сатҳи кенгайди, томлар шиферланди, хуллас,  цивилизация деган «меҳмон» дарвозаларни таққиллатмай қолмади-ки, буларни санаб ўтириш ортиқчадир.

Қишлоқ аҳлини узоқ йиллар давомида тоғ боққан -  молларини ёнбағирларда ўтлатишган, қишлик озуқани ҳам тоғдан ўриб олишган. Фақат шу эмас: баҳорда ревоч, лола; ёз бўйи тоғрайҳон, бўзноч, бўйимодарон, маврак сингари доривор гиёҳлар йиғишган; кузда  писта, бех, тоғпиёз деганларидай…
Йилдан-йилга  бу неъматлар камайиб кетаётганлиги сабаб, ҳозир аксар ёшлар шаҳардаги корхоналарга, мардикор бозорига боришади; катта йўл бўйидаги ошхоналарда ишлашади; Қозоғистон, Россиядан нон топиб келаётганлар ҳам анчагина.
Қўшни қишлоқ ва кентдагиларнинг  тирикчилик тарзи, савияси булардан фарқ қилмаса ҳамки, жағалвойликларни андак анди, лакаловга чиқариш, уларнинг устидан кулишни хуш кўришади. Икки чақиримча юқорида Айриқия деган қишлоқ бор. Бу ердаги одамлар жағалвойликлардан шеваси, соддалиги билан фарқ қилишади. Шулар ҳам: «Бир жағалвойлик…» деб бошланадиган латифанамо гапларда қўшниларини жилла афандига чиқаришга ҳаракат қилишади.
«Бир жағалвойлик ҳовлисига девор уришдан олдин катта дарвоза ўрнатибди. Ҳар кун ишга кетаётганда, дарвозани қулфлаб кетаркан, кечаси тамба қўйиб ётаркан.  Девор эса ҳалигача йўқ экан».
Ҳангоматалабларнинг бири бошлаши билан иккинчиси улаб кетади: «Бунисини қўйинг, бир жағалвойлик махсумнинг девори ҳам, дарвозаси ҳам бор экан. Дарвозани қулфлаб, калитни остона остига қўяркан-у, баландроққа чиқиб, пода ҳайдаб кетган ўғлига  бақираркан: «Ҳов Қарашқул! Калитни остонанинг остига қўйдим».
Учинчиси ҳам жим турмаскан: «Бир жағалвойликнинг ўғли чорраҳада турадиган миршаб бўлган экан. Отаси маст бўлса гариллаб қолармиш: «Ҳей, биласанми? Шаҳардаги ҳамма мошинлар ўғлимнинг таёғи учига қараб юришади».
 Бу гапларнинг аксари ўша ҳангоматалабларнинг ўйдирмаси бўлса ажаб эмас. Аммо ҳазилда - озгина ҳазил бўлади, деганларидек, жағалвойлиларни бот-бот чув тушириб туришади. Бир қаллоб келиб, қишлоққа газ ўтказиб беришга ваъда берган, лойиҳа-смета ҳужжатларини кўрсатган ва катта пулни олиб, сувга чўккан тошдай йўқолиб кетганини ҳамон гапиришади. Суриштириб газ идорасига боришса, ярамас морбознинг ишдан ҳайдалганига икки йил бўлган экан.
Қозоғистонга мардикорликка борган жағалвойлиларни олти ой ишлатиб, роса дўппослаб, ҳайдаб юборишганига нима дейсиз?
 Уларни ҳам тоғ, ҳам шаҳар боқади, дедик, аммо икки сигирни эмадиган бу «бузоқлар» нисбатан ночорроқ яшашади. Гувала ёки пахсадан, шунчаки тикланган, аксар ҳолларда полсиз, шифти вассали, оқланмаган уйларда туришади. Пўстлоғи чала-чулпа олинган тўсинларнинг кўпи акас, арча ёғочидан эканлигини синчковроқ киши дарҳол фаҳмлайди ва бунинг сабаблари ҳақида кейинроқ тўхталармиз.
Қишлоқда Наврўз, Мустақиллик, Янги йил байрамлари, ҳайитлар деярли нишонланмайди. Фақат тўйларда мириқиб хурсандчилик қилишади: ейишади, ичишади, рақсга тушишади, ёқалашишади ва ҳоказо. Кейинги йилларда, мардикорлик, чоракорлик қилиб, не-не уқубатларда топилган пулга (ночор бўлишларига қарамай) Тошкентдан донгдор артистларни олиб келиш ҳам одат тусига кирябди.
Жағалвойлида жума куни ҳам ўзига хос байрамга ўхшаб кетади. Аксар аёл, эркак қир ошиб, қўшни вилоят ҳудудидаги Жумабозор деган жойга боришади. Саҳармардондан  эшакли, отли, мотоциклли, машинали бозорчилар карвони ўша томонга шошилишади. Кимдир сотади, бошқаси харид қилади. Гоҳида, шунчаки, томошага бориб келишади. Кейин бир ҳафтагача Жумабозорнинг тандир кабоби, носи ва алланималарини мақтаб юришади. Фақат шу эмас: ошна-оғайниларни кўришади, ҳангомалашишади, турфа янгиликлардан бохабар бўлишади.
 Колхоз пайтида яқинроқдан янги бозор ҳам очишди; айрим ишбилармонлар каттагина пул сарфлаб, унинг атрофига  дўкон-у ошхоналар қуришди, аммо одамлар негадир боришмади; кўникмаларидан воз кечишмай,  олис бўлса ҳам тоғ ошишни маъқул деб билишди.
Хуллас, ўзбекнинг кўпчиликка таниш, расмана бир қишлоғи.
У ҳақда тағин нима дейиш мумкин?
Бошқа жойлардаги сингари, бу ерда ҳам бой бўлишни орзу қилган ҳолда, бойларни ёмон кўришади.

 

* * *

Бойлар (газетачиларнинг даққоқ ва расмий тили билан айтганда, «яхши таъминланган оилалар») ҳақида гап кетар экан, биринчи ўринда Ёдгорхон аканинг номини (бу ерда у кишини «эшон», ёки «асалчи» ҳам дейишади) тилга олишга тўғри келади.
Бу одам олтмиш ёшдан ошган бўлиб, ўртабўй, ранги тоза, ўзи озода; тинч турмайдиган, уддабурро, тежамкор, нигоҳлари қув, нимадандир зада бўлгандай ҳаддан ташқари эҳтиёткор, набирасини ҳам «сиз»лайдиган; доимо жилмайиб туришига қарамай,  узиб-узиб, дона-дона қилиб гапирадиган, қаттиқ куладиган ва андак дилтанг, худбинроқ киши.  У иши кўплигидан ёки шуни важ қилиб, чойхона, мачитга чиқмайди. Қишлоқнинг катта-кичиги  тўпланадиган ана шу икки жойда бу одам ҳақида паст-баланд гаплар бўлиб туради-ки,  бунга  табиий бир ҳол, деб қарашга тўғри келади.  Мачитдагилар унинг пайғамбар ёшидан  ошган, бунинг устига эшонзода бўлишига қарамай, пешонасини ерга қўймаслигини таъна қилишади. Чойхонада эса кўпроқ: «Эшонда «қизилча» бор», деган сирли, шубҳали  гапни  шипшиб қўйишади ва бу гапга, негадир ишонгиси келади кишининг.
  «Қизилча» деганда, олтинни назарда тутишади, албатта. Олтин эса бобосидан қолган, деб тахминлашади.
Ёдгорхон аканинг бобоси - Порсохон эшон октябр инқилобидан илгари қозими, муфтими бўлган экан. Ўзи маърифатли бўлиб, жадидлар билан ҳам борди-келди қиларкан. Болшевиклар у кишинингг мол-мулкини мусодара этиб, ўзини Сибирга сургун қилишган, бу ерда қолган бола-чақаларини ҳам  роса сиқувга олишган, хўрлашган; отахон эса  бедарак кетган.(Мустақиллик эълон қилингандан кейин Ёдгорхон ака бобосининг  Беҳбудий  билан тушган суратини каттартириб,  меҳмонхонасига илиб қўйганлиги рост).
 Шу қишлоқ ўрнига биринчи қўй   қўрасини қурган, Жағалвойли деган узоқ қишлоқдан уч-тўрт оила қўйчивонларни ёллаган ҳам унинг бобоси бўлган экан. Ўша қишлоқ одамлари ўпка силидан қирилиб кетган, бу ердагилар тирик қолган ва ўзларидан кўпайишиб,  қишлоқ вужудга келган, дейишади. 
Бобосининг бошига тушган ўша қисмат бу авлодни ҳозиргача таъқиб остига олиб келаётганга ўхшайди. Ёдгорхон аканинг отаси ҳам бобосидай  ўқимишли киши бўлган. Иккинчи жаҳон урушига кетиб, қайтиб келмаган. Ўшанда у она қорнида бўлган.  Кўз ёши ва пешона тери таъмини жуда эрта татиган, талотўп замонларда ҳам бир бурда бахти учун сабот билан курашган бу одамни ҳаётнинг ўзи тиришқоқ, тадбиркор, тежамкор қилиб қўйган бўлса ажаб эмас. Ёдгорхон ака билан мулоқотда бўлган кишининг хаёлига, беихтиёр: «У ҳали узоқ яшайди», деган фикр келишининг сабаби ҳам, эҳтимол шудир.
Болалигидаёқ тоғдан доривор ўтлар тергани, қўй боққани, подачига ёрдамчи бўлиб, «ошҳалол» айтгани, катта кўчага сув чиқариб сотганини гапириб берса, раҳмингиз келиб кетади.
 Унинг ҳовли-жойи бошқаларникидан батамом фарқ қилади: ичкари ҳовлидаги иморатлар пишиқ ғиштдан қурилган, шифтлар ганжкорлик қилинган, девор дид билан бўялган, пойдеворлар устига оқ мармар  ёпиштирилган.  Меҳмонхона, ҳаммом ҳавас қилгудек; дарвозахонадаги оқ «Нексия» кўзни қамаштиради. Ташқари ҳовлидаги айланма айвон остида от, сигир боқилади, хўжалик ашёлари, ем-хашак, асалари қутилари, трактор қисмлари, зарур бўлганда, ток берадиган моторли генератор (бу ерларда электр токининг бўлганидан бўлмагани кўпроқ) норвон, замбилғалтак,  ҳафсала билан майдаланиб, одам бўйи саржин қилинган ўтин ва   рўзғорнинг бошқа ашёлари даргоҳда талабчан, интизомли киши ҳукмронлигидан далолат бериб туради. Ўртароқ жойда артезиан қудуқ, ёнида мўъжазгина  иссиқхона. Қўшни қишлоқдан хизматкори ҳам бор.
Биринчи телевизорни, ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Ёдгорхон ака олиб келган. Бутун қишлоқ келиб томоша қиларкан ўшанда. Кейин рангли телевизорни ҳам локаторли антенналарни, ҳаттоки қўл телефонини ҳам, илк бор шу асалчи харид қилган.
Иккинчи жаҳон урушидан илгари Генрих деган немис келиб, бу ерда ўрмон хўжалигининг бир бўлимини очган, Ёдгорхоннинг отасини ўринбосар қилиб олган экан.  Улар тоғ ёнбағирларига дарахт ниҳоллари ўтқазишни бошлашибди. Ҳамқишлоқларни ишга олиб, маош беришибди. Уч-тўрт йил мобайнида  тепадаги арчазорларгача акас, сарв, дўлана, ўрик, арча, олча, бодом, хуллас Генрих деганлари нимани топиб  келса, ўшани ўтқазишибди. Тоғбегилар отда юриб, ниҳолларни қўриқлайдиган бўлишибди. Уруш бошланиб, илк «қорахат»лар келиши билан одамларнинг  бошлиққа муносабатлари ўзгараборибди: «Немис» деган биргина сўзнинг ўзи уларни ларзага соладиган, тутақтирадиган ҳол юзага келибди. Бу нохушликни сезган ва оқибатидан хавотир тортган Генрих бир кечада гумдон бўлибди. Шунда қишлоқда:  «Генрих деганлари Гитлернинг одами экан, Москвани олиши билан, бутун вилоятимиз хўжайинлигини унга бермоқчи бўлган эмиш», деган гаплар тарқалибди.
 Ёдгорхон аканинг дадаси бу ерга атиги бир ярим йил бошлиқ бўлгач,  у кишини ҳам армияга олиб кетишибди.
Айнан уруш йиллари  ёнбағирдаги дарахтлар ҳосилга кирган экан: одамлар озми-кўпми баҳраманд бўлишибди. Кейинроқ ўтин, қурилиш ашёлари ҳам шу ердан чиқабошлабди.               

 

* * *

Ўтган асрнинг етмишинчи йилларига келиб, бу ерлар ўрмон хўжалиги ҳисобидан колхозга ўтганда, дарахтзорлар анча камайиб қолган экан. Раис  катта йиғилиш ўтказиб, ҳамма амалдорлар сингари,  ваъдалар берибди. «Лекин, - дебди у, - дарахтзорларни сақлаб қолишимиз, кўпайтиришимиз керак! Бу борада ҳукуматимизнинг қарори  бор. Иморат учун арча билан акасни қирқиш бугундан эътиборан ман қилинади!»
Шунда Ёдгорхон ака сўз сўраб қолибди.
- Менинг назаримда, - дебди,-  бу дарахтзорларни муҳофаза қилишнинг йўли битта: у ҳам бўлса, одамларга тақсимлаб бериш. Ҳар бир хўжалик ўзига тегишли жойни боғ қилиб олсин: мева-чевасини есин, сотсин, аммо дарахтини қўриқласин, унга жавоб берсин. Жоним ачийди - буларни отам ўтқазган…
 Негадир ўпкаси тўлиб, уёғини айтолмай қолибди. Бу гапни раис ҳам маъқуллабди. Қўл кўтаришиб, қарор  қабул қилишибди. Бир ой ўтмай, колхоз пастликдан молхона қуришни бошлаганда,  тўсинни шу ердан қирқиб, таший бошлабдилар. Колхоз,  аслида талон-торож дегани - бу ёғочлар бошқаларга ҳам асқотадиган бўлаверибди.
  Шунда Ёдгорхон ака уч гектарлар чамасидаги дарахтзорни  ўрашга киришибди: симтўр, тиканли сим, тахта, шох, баъзи жойларга ҳатто тош териб, бир неча ой давомида беркитиб олибди. Бунга ҳам  қаноат қилмай, мол-ҳолдан, дарахт ўғриларидан қўриқлаш илинжида  чайла қурибди, баъзан кечалари ҳам  айланиб  юрадиган бўлибди.
  Ундан илгарироқ - олмишинчи йилларда   милтиқлар тортиб олинганда ( бу ерда деярли ҳар бир оилада бўлган), Ёдгорхон ака ўз милтиғини ихтиёрий  тарзда топширган экан. Аммо айрим тунлари унинг боғи томондан милтиқ  гумбирлашини эшитганлар зоҳирий хавотирга тушиб, бобосидан қолган  думилани  яшириб қўйганига ишонч ҳосил қилишаркан.
  Ҳозир Жағалвойли қишлоғи тепасида фақат ана шу уч гектар дарахтзор қолган, холос. Ёдгорхон ака унинг ёнидан йигирма сотихлик токзор барпо этаман, деди-ю, бошқа юмушлари кўпайиб кетганиданми, одамларнинг маломатларидан чўчибми - сўзининг устидан чиқолмади.
  Эҳ, шу боғ сабаб кимлар билан яхши-ёмон бўлмади у?!
  Басирхон деган амакиваччаси бор унинг. Андак ичкиликка берилганидан фойдаланиб, одамлар уни кўп гиж-гижладилар. «Бобонгдан қолган тиллога сенинг ҳам ҳаққинг бор:  қурумсоқ  асалчи улушингни бериши керак». «Дарахтзор онасининг маҳрига тушгани йўқ…». «Сен ейишга нон тополмайсан-у, у муттаҳам…».
Басирхон, айниқса, маст бўлганда, бу гаплар дилини ўртаб юборарди. Аммо амакиваччасига олтин ҳақида сўз очишга андиша қиларди. Боғ масаласида эса таъма-ю шамалар қилишни авж олдира бошлади. 
  - Басирхон,- деди бир куни Ёдгорхон,- майли сиз у ердаги хашакларни керагича ўриб олинг, мева-чеваларни териб сотинг. Иморат қиладиган бўлсангиз, ёғоч ҳам топиб бераман, бир тийинингиз  керак эмас, аммо орани бузиб қўймайлик. Эшонзодалармиз! Иғволарга учманг, ука!
 «…Бир тийинингиз  керак эмас», дейишининг боиси шундаки, асалчи бошқаларга ҳам  ўрик, дўлана, ёнғоқ, бодом теришга рухсат берар, аммо  улар билан  шу неъматлар ёки  пулини тенг тақсимлашга шартлашарди.

 

* * *

Аслида Ёдгорхон аканинг асосий даромади боғдан эмас;  у киши кўп  йиллардан буён асалари боқади.
Бунга анча йил бўлган. Ўшанда дарахтзор оралаб боратуриб, бир жойда асалари галаси гавжум, безовта учаётгани эътиборини тортиб қолади. Тепасидаги акас дарахти шохида эса арилар ғуж бўлиб, узум бошидай осилиб турарди. У бир пас нима қилишини билмай, мўлжал излайди, кейин эҳтиёткорлик билан сертикан шохни қисқароқ кесиб, қопга солади ва  уйига олиб келади.
Қўшни Андижони қишлоғида…
Саволларга ўрин қолдирмаслик учун  бу қишлоқ ҳақида андак кириш сўз қилмасак бўлмас. Шаҳарга  туташ бу деҳа аҳли икки юз йиллар муқаддам амир Шоҳмурод томонидан Андижон томонлардан кўчириб келинган, деган тахминлар бор. Лекин  шаҳар таъсирида улар тамоман тожиклашган.  Мактаблари ҳам тожикча, уйларида шу тилда гаплашишади.
Ёдгорхон ака бу қишлоқда яшайдиган Фазлиддин асалчини яхши биларди. Боғидаги акаслар гулга кирганда, ариларини кўчириб келганди. Хушфеъл ва улфатлиги дилига ўтиришганди унинг. Ана  шу одамдан мадад-у, маслаҳат излаб, Андижонига йўл олади у.
Фазлиддин асалчи уни кўриб қувонади, меҳмон қилади. Асалари боқишни ўргатиш билан кифояланмай, қути, чорчўп, «Асаларичилик» деган китоб ҳам бериб юборади. Ёдгорхон ака қишлоғига қайтиб, ишга сидқидилдан ёпишади. Икки йил давомида асалари қутилари йигирмадан ошади. Аммо ўша йили қиш қаттиқ келиб, уларнинг бари қирилиб кетади. У тушкунликка тушмайди.  Энг муҳими, тайёр қутилар билан бирга тажриба, ишонч бор эди, асаларичилик нонини озми-кўпми татиб кўрганди.
Арилар қайтадан, тез кўпайтирилади. Уларни баҳорда тоққа олиб чиқар ва ғўза гуллаганда, Қашқадарёнинг чўлдаги янги совхозларига кўчирарди. Учинчи йили ҳосилни кўтара сотиб, тележка харид қилди. Бу  мосламага ўттиз қутидан кўпроқ ари сиғар ва орқадаги уйчасида яшаш учун шароитлар яратилганди. У хотини - Истодахонни  олиб, чўл саҳроларга кетар, тоза ҳаволарда ари боқишни хуш кўрарди. Эр-хотиннинг  ширин хотиралар, тотли орзулар ҳақидаги суҳбатлари ҳар гал давомли ва мароқли бўларди.

* * *

Улар қариндош ҳам эдилар. Ёдгорхон аканинг  урушдан ногирон бўлиб келган тоғаси бор эди. Бир оёғи ёғочдан бўлишига қарамай, тиним билмас: ер чопар, дарёдан балиқ овлар ( ҳозир балиқдан ном-нишон қолмаган), боғбонлик қиларди. Яхши одам эди, раҳматли. Истодахон ўша кишининг қизи бўлиб, уларни унаштириш масаласи бошланганда, «қариндошлик» муаммоси юзага чиққанди. Аммо ҳар икки томоннинг мойиллиги сабаб бўлиб, тўй қилишди. У вақтларда  Ёдгорхоннинг ихтиёрида ҳали боғ ҳам, асалари ҳам йўқ эди. Ўшанда озгина гуруч дамлаб, қишлоққа ош беришди, холос. Келин-куёв ҳам шу қашшоққина ҳаётга қаноат қилган ҳолда, бир-бирларига меҳр қўйиб, садоқат кўрсатиб рўзгурзонлик қилдилар. Аммо омад уларга ўнг қўлини чўзмади: етти йилгача фарзанд кўришмади. Озгина топганлари ҳам доктор, табиб, азайимихонга кетди. Докторлар: бу - қариндошга уйланишнинг оқибати эканлигини айтишса ҳамки, умидларини узмай, бир-бирларига таъна, маломат ёғдирмай яшадилар.
Ўша - асалари боқишга киришган йили хотини қулоғига секин, ғайритабиий шивирлаб қолди.
                      Ҳайз кўрганимга эллик кундан ошиб қолди.
Ёдгорхон беҳад қувонган бўлса-да, ҳаяжонинин юзага чиқармади. Кейин биринчи фарзандни интиқлик билан кутдилар.
 Аммо тағин омадсизлик юз кўрсатди: бола ўлик туғилди. Ноумид - шайтон, дебдилар; улар номи чиққан докторлар, нафаси ўткир домлаларни излаб топдилар, ўшаларга эътиқод қўйдилар. Уч йилдан кейин аёл ҳомиладор бўлди. Тўққиз ойдан кейин  дунёга келган ўғилларига  боболари номи (Порсохон)ни беришди.  Аммо бола ғалати эди: лоқайд, карахт, ҳаракати суст... Уни кўрган киши беихтиёр: «Бола бўлса, шўх бўлсин» деган нақлни эслаб қоларди. Порсохон уч ёшга тўлгандан кейингина қўрқа-писа юрабошлади. Зеҳни ўтмаслигидан мактабда ҳам ўқиёлмади: шунчаки бориб келди. Биров буюрса ишлар, бўлмаса кун бўйи ўтирар,  ўзидан ўн ёшлар кичик  болалар  ёки қизлар билан уйнашни хуш кўрарди. Бирор савол ёки маслаҳат берсангиз. «Сиз нима десангиз, шу…», деган иборани такрорларди.
 Орадан тағин етти йил ўтгач, (улар умидларини узиб, доктор-у домлаларга бормай қўйган эдилар) Истодахон тағин ўғил кўрди. Бунисига отасининг номини (Бузрукхон) беришди. Болакайнинг кўзидан ўт чақнарди!   Қорачиқлари, негадир, кўм-кўк эди унинг. Ёдгорхон авлодини кўз ўнгига келтириб, бирор киши кўк кўз бўлганини эслолмади ва миясига келган  шум хаёлдан сесканди. Аёлнинг макри минг туяга юк бўлади, деган нақлни эслаб,  гоҳида чўл, саҳроларда уни ёлғиз қолдирганини, хотинининг олдига дала қоровуллари, асал харид қилувчилар келишини ўйлаб, хаёлга толди.  Санаторияга бирга боришарди, аммо аёлини ўша ерда қолдириб, аридан хабар олишга кетган пайтлари ҳам бўлганди.
Кейин, ногаҳонда бу нохуш гумонларидан надомат чекди. «Ўзинг фаришта бўлганингда ҳам майли эди-я, Ёдгорхон», деди минғирлаб.
Бузрукхон физика-математика соҳасида иқтидорли  бўлиб чиқди. Мактабда муаллимлар ечолмайдиган мисолларнинг жавобини осонлик билан чиқариб берарди. Кейин ҳеч кимнинг мададисиз институтга ўқишга кирди. Битиргач, ўша ерга компютерчилар гуруҳига ишга олишди. Йил ўтмай гуруҳга раҳбар бўлди.

* * *

Ёдгорхон ака катта ўғли - Порсохонни уйлантириши тафсилотини гапиришдан олдин, ундан йигирма йиллар муқаддам содир бўлган қизиқарли воқеани ҳикоя қилиб беришга тўғри келади.
Ўша йили ёзда  асалариларини Карши чўлига кўчирганди. Бир томони янгидан ўзлаштирилиб, ғўза экилган, бир ёғи уфққа туташиб кетган, ҳали ўзлаштирилмаган саҳро эди. Юмушлар эр-хотин ўртасида ўз-ўзидан тақсимланганди - Ёдгорхон ака ариларни кўздан кечирар, машинаси билан дўкон-у бозордан заруратларни харид қилар, асални кўтара олувчиларга сотарди. Истодахон эса ўша қутичадай хонада овқат пиширар, дастурхон  безарди.  Катакдай келадиган тахтали уйчада ҳамма шароит яратилганди:  тоза сув, баллонли газ ўчоқ, машина ( эскигина «Жигули»си бор эди ўшанда) аккумляторидан куч оладиган телевизор.
 Истодахон илгарироқ бел, оёқ, буйрак оғриғига дучор бўлганди. Кечқурунлари Ёдгорхон атрофга аланглаб олгач, хотинини бел, оёқларини уқалаб қўйишдан ор қилмас, шунда аёли дафъатан енгил тортиб, уни ўпиб оларди.
 Шу атрофда, омонатгина чайлада истиқомат қиладиган дала қоровулидан бўлак зоғ ҳам бўлмасди. Ёдгорхон ака  ҳар якшанба туман марказидан харид қилган неъматларидан уларга ҳам бериб турарди.
  Истодахон  қўли гул пазанда эди. Хўжайини олиб келган масаллиқларни шундай ҳам мазали  ва ранго-ранг қилиб пиширардики, ҳар қандай хўранданинг  таҳсин айтмай иложи йўқ эди. Ўша куни кечқуран у қони сизиб турган мол жигарини андак туз, мурч, зирага аралаштириб олди, кейин суви силқиши учун бир муддат латтага ўраб қўйди, пиёзни майдалаб тўғради ва шу баробаринда қозонни қизитди. Ёдгорхон ака ариларга қўшимча чорчўб қўйгунча, жигар кабобни дастурхонга тортди, ёнига иссиқ чой, турфа газакларни қаторлаштирди. Тоза чинни товоқча, сочиқ, пичоқ, санчиқ ўз жойини топди.
Хўжайин ювиниб олиб, хоначага кирди-ю, кабобнинг иштаҳани очиб юборувчи ҳидидан, столдаги неъматлардан завқи жўшиб кетди ва дастурхонга имлаб: «Бу айшни тополмас жаҳон султони», деди. У ўрнашиб олгандан кейин Истодахон шоҳ қаршисидаги канизакдай енгилгина таъзим айлаб:
- Дадажониси, буюринг, бакалашкани олиб келайми?- деди, хазиломўз ва шоҳиста тавозе билан.
Шу ўринда, шоирлар тили билан айтганда, қитдай лирик чекиниш қилишга ижозат берсангиз.
Ёдгорхон ака табиатан ичкиликка қарши - унинг арақ ичганини ҳеч ким кўрмаган. Аммо ҳар йили ўз қўли билан қора узумдан вино тайёрлаб, эман дарахти ёғочидан ясалган, йигирма беш литрли бочкасини тўлдириб қўяди. Йил бўйи меҳмонларга сузиб беради, асаларини олиб чиққанда, уч-тўрт бакалашка олиб кетади.
Истодахон, боя нимани назарда тутганини аълофаҳм ўқувчи фаҳмлаб олгандир, албатта. Зеро, «дадажониси» ҳам зукко одам эди - шеър билан лутф айлади.
- Мен майни дилхушлик учун ичардим, Бугунчи ёнимда сиз бор, ичмайман! 
«Сиз бор» деган жумлани айтганда, Истодахон томон нозик имлаб юборгани учун бўлса керак, баббараварига қаҳ-қаҳ отиб кулишди.
Бир ҳолатга эътибор берганмисиз? Хотин ҳам кўпинча  ҳатти-ҳаракатлари, феъли билан эрига ўхшаган бўлади ёки йиллар ўтиб, унга мослашади. Истодахон ҳам бундан мустасно эмасди. У ҳам хўжайини боя икки мисрани андак ўзгартириб қироат қилгани учунми, ёки ёдидан чиққан эканми -  айрим сўзларни қўшиб шеър ўқиди.
- Йигит омон бўлса, хавф-у хатар йўқ, Қўрғон бут, асал мўл, мен ҳам саломат…
Улар тағин қаҳ-қаҳ отишди. Эҳ, ширин эди - буларнинг бари!
- Таслим бўлдим,- деди Ёдгорхон ака икки қўлини кўтариб,- мени йигитга чиқарганингиз учун ичмасам бўлмайди! Аммо мастлигим чатоқлигини унутманг.
- Ёқмай ўлсин,- деди аёли ўзига хос карашма билан.
У пиёлани бўшатиб, оғзига газак солиши билан халлослаганича дала қоровули келиб қолди. У фавқулодда  ҳол рўй берганини тахминлаб, ҳушёр тортди.
- Эшон бово (У Ёдгорхон акага шундай деб мурожаат этарди) келинингизни дард тутди…
«Эшон бово» ҳам вазиятни тушунди, хотинига нималарнидир  тайинлаб, машинаси моторини ўт олдирди. Чайлагача машина боролмасди - йўл йўқ эди. Аёлни етаклаб чиқишди. У «Жигули» рулини туман маркази томон бурди. Ярим йўлга борганда, аёлнинг безовталиги ошди. Ёдгорхон хавотирга тушиб, тезликка тезлик қўшганда, панадан  Давлат  автомобил назорати нозири чиқиб, иддао аралаш таёқчаси билан йўлнинг чеккасини кўрсатди. Боя шошиб, жомакори билан йўлга чиққани, ҳужжатлари, пули у чўнтагида қолиб кетгани, бунинг устига, жилла кайфи борлигини эслаб, борини қиморга тиккан кишидай надомат чекди.
- Ҳайдайверинг! Энасини буни…!- деди хотинининг ёнида ўтирган дала қоровули, танг бўлиб.
Ёдгорхон ака йўл миршабини уриб кетмаслик учун тезликни бир оз сусайтириб, унинг ёнидан ўтди-ю, газни босди.
  Аслида Ёдгорхон ака одоб ва тавозеларнигина эмас, қонун-қоидаларни ҳам ўрнига қўядиганлардан эди. Ёшлигида қийинчилик билан вояга етгани, турли жойларда ҳар хил фелдаги кишилар билан юзма-юз бўлганлиги уни шу руҳда тарбиялаганди. Аммо ҳозир машинани тўхтатса, аёл…
 Бу ҳолни нописандлик деб билган йўл нозири жаҳл билан мотоциклига миниб, уни таъқиб қилакетди. Ростини айтганда, ўша пайтларда бу ҳудуддаги  милиционерлар анчайин золим ва жоҳил бўлишарди. Шунга қарамай, унинг қувиб ўтиши учун йўл бермади: олдингга ўтса, йўлни тўсиши,  вақт бой берилишидан чўчиди. Фақат шифохона (туғруқхона ҳам шу ерда эди) ҳовлисига киргандан кейингина тормозни босди ва шашт билан ичкарига югурди. Ҳадемай ҳамширалар чиқишди ва галалашиб аёлни   ичкарига олиб кирдилар. Ёдгорхон  ака ташқарига чиқса, кўзи қонга тўлган нозир машина олдида турибди. Нохушлик руй бермаслиги учун узоқдан туриб кечирим сўраган бўлди.
         - Документ?- талаб қилди у жавобан.
- Укажон, ўзингиз кўрдингиз-ку,- зорланган бўлди Ёдгорхон ака,- шошгандан ҳужжатларни ҳам ололмабман.
- Калитни беринг, мошинни олиб кетаман,- деди у ўша жаҳл билан.
 Шу пайт ичкаридан чиқиб келган дала қоровули бу машмашани кўриб, дарғазаб бўлди.
- Ҳов милиса ука,- деди ярим илтимос, ярим дағдаға оҳангида, сизда инсоф борми?
Ёдгорхон ака уни тинчлантирди, нозирга бензин датчигини кўрсатиб, уқдиришга киришди.
- Қаранг, бензин тугаган, нарироқ бориб, йўлда қолиб кетасиз.
Аслида бензин бор эди, аммо мослама бузуқлиги сабаб унинг стрелкаси  нолнинг устида турарди.
 У жилла уйланиб, иккиланиб турди.
- Ундай бўлса номерни ечиб оламан,- деди ва мотоциклидан  омбир олиб келиб уни ечишга киришди. Занглаб кетган болтларнинг биттасини ечишга улгурмасданоқ, ичкаридан ҳамширалар югуриб чиқишди.
- Суюнчи беринглар, суюнчи!
 Ҳаммалари саросималаниб қолишди.
- Мана бу киши тоғаси бўладилар,- деди Ёдгорхон ака ноилож нозир томон имлаб,- суюнчини шу киши беради.
Милиционер лабининг бир чеккаси билан илжайди ва аллақандай ҳижолатвозлик билан мотоциклига миниб, жўнаб кетди.
Ёдгорхон ака ҳамшираларни қуруқ қолдирмади:   кабинадаги бир пақир (сотишга мўлжаллаб қўйганди) болни қизларга узатиб юборди.
Шундан кейин қизалоқнинг номи бу ерда Асалой бўлиб қолган экан; кейинроқ ота-она ҳам шу номни танлаб қўяқолишибди.
Ҳар йил ёки йил оралаб ўша томонларга ариларни олиб боришганда, улар Асалойга ҳам совға-саломлар олишар, таниш чайлага кириб, қизалоқни меҳр билан бағрларига босишар, соғлиғи,  ўқишлари билан қизиқишарди.
- Мактабни битирсанг, ўзим ўқишга киритиб қўяман,- дерди асалчи амаки.
Шундай бўлди ҳам: Асалой ўрта мактабни битиргач,    медицина коллежида ишлайдиган таниш ўқитувчининг уйига бир пақир асал олиб бориб, илтимосини айтди. У ҳам ёрдамини аямади.
Орадан уч йил ўтгач, эр-хотин янги либосларини кийишди, атирлар сепишди, унгача хизматкор машинанинг ичи-ташини ялтиратиб тозалади. Улар бу гал ўша таниш чайлага совчиликка йўл олгандилар. Йўқ, ўғилларининг андак карахтлиги ва бу орада ҳеч ким унга қиз бермаслигини назарда тутиб, ноиложликдан шундай йўл тутишган, дейишимиз ноўрин бўларди. Улар Асалойни, унинг ота-онасини билишарди ва гарчанд, қорачадан келган, бўйи паст бўлса ҳам чўл шароитида катта бўлган меҳнаткаш, сербардош қиз уларнинг корига ярашини, қўлидан  иш келмайдиган фарзандларининг оғирини енгил қилишини, унга нописандлик қилмаслигини назарда тутишганди. Порсохоннинг лаёқатсизлигини бўлажак қуда ёки келиндан пинҳон тутиб иш кўриш илинжи ҳам йўқ эди уларда: Асалойнинг ота-онаси ҳам, унинг ўзи ҳам бўлажак куёвни  бир неча бор кўрган, гаплашган эдилар.
- Эшон бово, бизар қорача-ку,- буёғи қандай бўлади?- деди Асалойнинг отаси узоқ сукутдан кейин.
- Бобомизнинг аёллари ҳам эшонзодалардан бўлмаган,- жавоб берди у,- баримиз ҳам Худонинг бандасимиз.
Ёдгорхон ака катта тўйга, исрофгарчиликка, ичкиликка қарши бўлса ҳамки, бу таомилни бузди: атрофдаги қишлоқларга ҳам хабар юборди, арақ деганларини тўлдириб ташлади, Тошкентдан номдор артистларни олиб келди, кураш бўлди.
Асалой бу хонадонга  аввалдан озми-кўпми кўниккани учун ( у айрим дам олиш кунларини шу ерда ўтказарди) бўлса керак, тез киришиб кетди. Қайнотасига «Муллаамаки», ёки шунчаки «Дада», қайнонасига «Аямулло», эрига «Тўрам» деб мурожаат қиладиган бўлди. Ёдгорхон ака биринчи ҳафтадаёқ янги келинчакни асалари қутиси олдига олиб бориб, сабоқ бергани сира ёдидан чиқмаса керак.
- Асалари деганлари бегона одамни чақади, мабодо таниш  кишиси ҳам билибми-билмайми нохуш муносабат қилса, аяб ўтирмайди. Шунинг учун ҳар эҳтимолга қарши, бошингизга мана бу тўрни кийиб олинг. Қопқоқни секин очиш керак: мабодо тақирлаб кетса соқчи арилар безовта бўлади. Мана бундай.  Энди арининг ҳолати кузатилади: чорчўб олиниб, диққат билан қаралади. Мана бу - ишчи ари, буниси - шоҳ, мана бу текинхўрлар - эркаклар. Эътибор билан қарайсиз: арилар тухум қўйаябдими, асал тўплаябдими. Бекорчихўжа эркаклар кўпайиб кетмаябдими.
- Кўпайиб кетса нима қилиш керак?
- Ўлдириш керак! 
 Бу юмушларни у тез ўзлаштириб олди. Шу билан бирга гоҳида отга миниб, боғ томонга йўл олар, у ерда кимлар  мева тераётганини назорат қилар, калитлар шодасини шарақлатиб, ертўлага, нариги ҳовлига югурар, қўли-қўлига тегмасди, Келинини кузатиб, Ёдгорхон ака ички бир мамнуният билан жилмайиб қўярди.
Йил ўтар-ўтмас у бирайўла икки ўғил туғди. Тақдир  ота-онасидан қисган омадни Порсохонга берганга ўхшарди. Гарчанд Асалойнинг ўзи, аввал таъкидлаганимиздек, паст бўйли, қорачадан келган бўлса-да, ўғиллари оппоқ, гавдали, соғлом, шўх эдилар.
- Иккови ҳам бобомга ўхшайди,- дерди Ёдгорхон ака ҳар гал Ҳасанхон, Ҳусанхонни энтикиб икки қўлига оларкан, севинчини яширолмай.
- Келин, сиз энди болаларга қаранг, рўзғор ишларини бошқалар бажаради,- деди у бир кун.
- Муллаамаки, унисини ҳам, бунисини ҳам уддалайман,- деб жавоб берди Асалой, бошини хам қилганича.
Болакайлар оилага чексиз қувонч ато этиб, вояга етабошладилар. Ёдгорхон ака набираларини яхши кўрар, ҳар кун бир-икки бор  кўрмаса туролмасди. Оила учун энг ширин даврон бошлангандай эди. Дастурхон бошида дуо қилганда, Яратгандан ана шу тотли дамлардан бенасиб этмаслигини илтижо қилиб сўрарди у.
- Сизлар кимнинг тойчоғи?- сўрарди эндигина тилга  кирган набираларидан.
         - Сиззи тойчоғингиз,- дейишарди улар баб-бараварига.
- Қани, эркакларга бир от бўлайлик, дерди. Сўнг қўллари, тиззаларига таяниб, чорпо бўлар, ўғлига буюрарди.
- Эркакларни отга миндириб қўйинг-чи.
- Сиз нима десангиз - шу,- дерди у, секин-секин одимлаб.              

 

* * *

Асаларичиликда «разведка» деган тадбир бор. Яъни асаларини кўчиришдан олдин, қаерда, қанақа ўсимлик гуллаганини аниқлашга тўғри келади.  Бизнинг тасаввуримизча, гиёҳлар ва дов-дарахтлар фақат баҳорда гуллагандай бўлади. Аслида эса, табиатда йил давомида гул бўлади ва арилар нектарсиз қолмайди. Кўклам чоғи дарахтлар, тоғдаги ўт-ўланлар чечак кўрсатса, жилла кейинроқ пасттекисликдаги чучмомалар, лолақизғалдоқ, бўтакўзлар  ўзига чорлаб қолади. Ёзда эса гул дегани, баҳордагидан ҳам сероб бўлади: ғўза, кунгабоқар, янтоқ, оққурай…хуллас, совуқ тушгунча давом этади бу ҳол.
Бугун Ёдгорхон ака, одатдагидек, Истодахонни ёнига ўтқазиб, машина рулини Бахмал томонларга бурганди. Бир кун олдин эса хотини унинг кўйлаги, костюм, шимларига дазмол босди; йўлга чиқиш олдидан ўзи ҳам оҳори тўкилмаган плашини кийди, янги шарфини бошига ташлади. Хизматкор машинани ойнадай қилиб ювди.
Икковларининг боғлар, сайхонликларни ортда қолдириб, олға интилишлари, у ердаги эски танишлари билан учрашишлари ҳамиша шавқовар, унутилмас бўларди. Йўлда ҳам улар бир-бирларига гал бермай, хотиралар, яхши одамлар ҳақида гапиришни хуш кўришарди. Бундай лаҳзаларда уларни кўрган киши: Худо ана шу эр-хотинни, атайин бир-бирлари учун яратган, деган фикрга келарди.
 Аслида бу ерлардаги ҳар бир сойлик ёки ёнбағирлар уларга таниш. Аммо  ари қўйиладиган жойларни биров банд қилган ёки вазият ўзгарган бўлиши ҳам мумкин-да.
Машина олға қараб интилар,  Ёдгорхон ака эса набиралари ҳақида тўлиб-тошиб гапирарди.
- Кечагина тойчоқларга от бўлардим: чап қулоғимни  бураса, чапга, ўнг қулоғимни бураса, ўнгга қайрилардим. Энди иккаласи ҳам шеър айтадиган бўлган. Иккови ҳам аридан қўрқмайди. Бундай боладан аричи чиқади! Мен бунга ишонаман!
- Лекин умрингдан барака топгур, келинимиз бинойи чиқди,- гапга қўшилади хотини, сизни бир пас кўрмаса хавотири ошиб излаб қолади. Тиним билмайди ўзи ҳам.
- Нимасини айтасиз? Баҳоси йўқ-ку бунинг…
Шу пайт Ёдгорхон аканинг қўл телефони мусиқа чалиб қолади ва суҳбат узилади. У машина тезлигини сусайтириб, телефонни қўлга олади.  Нари томондан аёл кишининг рус тилидаги  саволи эшитилади.
- Это вы? Можно говорить?
Ёдгорхон ака андак саросималанади, нима дейишини билмай, дудуқланади ва иккиланиб жавоб беради.
- Ни туда попали.
- Понятно,- дейди аёл жавобан.
Улар жимиб қолишади. Сукунатни Истодахон бузади
         - Хўжайин, бу - Кристинанинг овози-ку…
«Хўжайин» андак ноўнғай вазиятга тушади.
         - Ҳа, ўша,- дейди, ноилож.
- Аваллари келиб турарди, дараги бўлмай кетди,- давомини эшитгиси келиб, тергаб қўяди, сал ҳаялликдан кейин Истодахон.
Ёдгорхон ака нима дейишни билмай қолади.
Кристина деганлари қирқ ёшдан ошганига қарамай, тўладан келган, сулув аёл. У ветеринария лабораториясида  ишлайди. Бундан тўртбеш йил илгари вилоятда асаларилар кўплаб нобуд бўлабошлади. Синчиклаб текширишса, уларни япон канаси нобуд қилаётган экан. Фақат лупада кўзга ташланадиган бу зараркунандага қарши Япониядан дори олиб келишди. Уни илк бор Ёдгорхон аканинг ариларига ўша Кристина деган аёл синаб кўрганди. Каналар йўқотилди, аммо Кристина тез-тез келиб турадиган бўлди. Кейинроқ тирик ишчи арилардан йигирма-ўттизтасини шиша идишга солиб, олиб кетадиган одат чиқарди. Аён бўлишича, подогра касаллигини ари чақдириб даволашни ўрганган экан. Кристина аричиликни назарий жиҳатдан яхши биларди. Бу борада у ўқимаган китоблар кам эди. Уларни амалиётга жорий этиш учун эса Ёдгорхон акадай софдил, изланувчан киши зарур эди. Уларни илк бор бирлаштирган нарса ана шу интилиш бўлса ажаб эмасди. Бу ёғини эса Худо билади.
 Кристина қайбирам китобда ари оиласини жадал усулда  кўпайтириш йўлларини ўқиганини айтиб берганда, Ёдгорхон ака дарҳол ўзлаштириб олди. Усул анчайин жўн бўлса-да, самарали эди.  Бунинг учун асалари катакларидан бирига қаламнинг орқасини суқиб уни кенгайтириш, сўнг унга  бошқасидан шприц билан  озгина асалари сути олиб томизиш талаб этиларди.
Гарчанд ҳикоямизнинг айрим ўринлари аричилик ҳақидаги қўлланмани эслатса ҳамки,  «асалари сути», деган иборага шарҳ беришимиз лозимга ўхшаб қолди.
Асалари деган жонивор бол, прополис деган шифобахш неъматлардан ташқари сут ҳам беради ва у табобатда жуда қадрланади. Одатда ари болаларига озуқа бўлиши учун иннинг тубига заррагина сут қолдиради: тухум ва ғумбаклар шу ҳисобда ўсиб, вояга етишади.
Хуллас, Ёдгорхон асалчи шу тариқа  сунъий инлардан шоҳ ари чиқаришни ўрганиб олади. Шоҳ ари чиқдими, уни  бир ром ишчи арилар билан ажратиб олинса, янги оила пайдо бўлади.
Баҳор пайтлари Ёдгорхон аканинг қўл телефони тинмай жиринглар, ҳатто бошқа вилоятлардан ҳам асалари оиласига харидорлар чиқар ва у яхши даромад оларди.
Бу орада  Истодахон тағин бир ҳолни идрок этганини таъкидламоқ керак: Кристина келганда, эрининг кайфияти кўтарилар, кўзлари яшнаб кетар, худа-беҳудага кулаверарди. Ҳаяллаб қолса, хавотирга тушар, устма-уст телефон қилар, гоҳида бир банка асал кўтариб, уни излаб борарди.
Истодахон эрини зоҳирий рашк қиларди, албатта. Аммо буйраги ва бели оғригани боис, унинг шаҳвоний талабини қондиролмас ва шу сабаб эркак зотини тушуниш лозим, деган мужмал ва мавҳум мушоҳадалари ҳам йўқ эмасди.
Кристинанинг эри Россияга кўчиб кетгани,  ўзи эса  қизи билан шу ерда қолганидан хабардор эди. Бу аёл асалари заҳарини янгича усулда олиш ташвишида юрганда, Истодахоннинг истеҳзоли нигоҳларидан чўчиди ва қадамини деярли узди.

 

* * *

Асалчи, бир ўрис аёлни «Нексия»сига миндириб юргани, чойхонада ҳам гап бўлганди.
- Бобой ҳали дажам,- деди кимдир бу гапни эшитиб.
- Бир деворзан, белига белбоғини боғлаб олиб, еттинчи пахсага лой отаркан,- ривоят айтишга киришди Насриддин тракторчи деганимиз, мароқли мавзудан илҳомланиб,- шериклари қарашса, белбоғнинг ичида еттита тилло танга бор экан. Ҳалигилар билдирмай тангаларни олишибди. Шундан кейин  полвон тўртинчи пахсага ҳам лой отолмай қолибди. Тангани жойига қўйишса, тағин аввалги ҳолига келибди. Дилга ҳам, белга ҳам, ундан пастига ҳам қувват ато этадиган нарса, ўша - «қизилча».
 Улар гуриллаб кулишди ва бошқа мавзуга ўтиб кетишди.
Йўқ, қишлоқ чойхонасини ғийбатхона дейиш ноўрин. Аксар эркаклар бекорчихўжа  бўлгандан кейин қаерга ҳам боришсин, нима ҳам қилишсин?  Мол-ҳолни подачи боқади, рўзғор юмушлари  аёллар зиммасида. Бирор ташаббус бошлаш, масалан, бизнесга қўл уриш учун савия, малака, сармоя, элекр токи керак. Бундай пайтда гапдан гаштак ясаб ўтиришдан ўзга нимага ҳам ярайди киши?!
Бу ерда икки хона бўлиб, бирида ёшлар нарда, шахмат, шашка суришади. Иккинчисида ёши катталар гапхонлик қилишади, карта ўйнашади.  Кўпроқ электр токидаги узилишларни муҳокама қилишади: аллақандай амалдорларни рўйи-рост, болохонадор қилиб сўкишади. Сўкмай бўладими: сўхтаси совуқлар, эрталаб икки соат, кечқурун икки-уч соат ток беришади, холос. Авваллари қишлоқ аҳлининг электр таъминоти идорасидан катта қарздорлигини важ қилишарди. Пул йиғиб, қарзлардан қутулгандан кейин ҳам аҳвол тариқча ўзгармади.
- Шу светчиларни катта итига ҳам кирдим,- дейди ҳамма Дўм бово деб эҳтиром кўрсатадиган отахон, «катта» сўзига урғу бериб,-  «Симларни янгилаш керак, улар ўн беш ўрнига қирқ йилдан бери ишлаябди -  жилла кучланишга ҳам тоб беролмаябди», дейди. «А, янгиланг!» десам: «Бунинг учун фалон миллион керак», дейди.
Ишсизликдан ҳам нолиб қолишади. Атрофдаги тоғлардан катта кон чиқиб, ҳамманинг ишли бўлишини орзу қилишади. Сиёсат ҳақида гап бошлаб қолишса, АҚШнинг зўравонлиги, Россия президентининг  хушфеъллиги, Эрон сарварининг жасурлиги ҳам эътибордан четда қолмайди. Жумабозорда нима арзон, нима қимматлиги, унинг сабабларини ипидан-игнасигача муҳокама қилишади. Шу билан бирга, ўзга юртларга ишга кетган болалари, қавмлари,  уларнинг насибага яраша топишаётганлиги, ишбошиларнинг нописадлиги ёки одамохунлигини санаб ўтишади.
Бу ерда арақ ичиш, ҳатто нос чекиш ҳам мумкин эмас, ичганларни роса ёмонлашади, лекин гоҳ-гоҳида, айниқса ҳарифона қилишганда, ўшанда ҳам  чойнакда, қитдай-қитдай қилишади.
 Аслида ғийбат, иғво ҳам араққа ўхшайди: уни қоралашади-ю, беихтиёр у томонга оғиб кетишади.
Назаримизда, ғийбат ва иғвонинг талай сабаблари бор. Биринчидан, бунинг тагида аллақандай зоҳирий манфаатлар ётади. Ана шу манфаатлар тўқнашганда, ғийбатга йўл очилади. Балки бу биринчиси эмасдир. Юқорида айтганимиздек,  ҳаммамиз бой бўлишни истаймиз, аммо бойларни ёқтирмаймиз. Шу сабаб уларни ғийбат қилишга мойилдирмиз. Балки  менталитетимиз шунақадир.
Билмадим, билмадим, билмадим…
- Шу кеча Эшон бовонинг боғидан милтиқ гумбурлади: ким эшитди?- деди Насриддин тракторчи, мавзуни аввалги ўзанга буриш илинжида.
Аслида гап милтиқ товушида эмасди. Милтиқ айримларни ҳуркитиб қўйиш мақсадида отилишини ва бу кўпларнинг дилига ўтиришмаслигини Насриддин яхши билганлиги учун  шу гапни айтганди. Чойхонанинг доимий мухлисларидан бири - Басирхон ҳам буни яхши тушунганди. Аммо унинг  ўз манфаатлари бор эди: «бобомдан қолган «қизилча»дан менинг улушимни бермаябди», деган зоҳирий таъма ҳамон унинг ич-ичини таталарди.
   - Қўйинглар, бизнинг амакиваччани,- деди у,- фойдаси йўқ.  Биров Худонинг бандаси, биров хотинининг.
  Буни ўтга ўтин қалаш, деса, эҳтимол ўринлироқ бўларди.
   - Бу гап тўғри,- давом этди тракторчи,- хотининиг оёғини уқалаганини ўз кўзим билан кўрганман…
- Йўғ-ей!- бир неча киши ҳайратланиб,  у томонга  ўгирилишди.
Насри деганимиз, аваллари ўрмон хўжалигининг «Беларусь»  тракторини ҳайдарди. Кейин бу техника колхоз ҳисобига ўтди. Колхозлар тугаши арафасида Ёдгорхон ака уни сотиб олди. Шиналари, моторининг айрим қисмларини янгилашга тўғри келди.
- Насриддин,  тракторни ўзингиз ҳайдайверасиз, аммо томорқа-помарқа деган гап йўқ,- деди у. -Тележкани судраб борасиз, олиб келасиз, тракторга яхши қарайсиз, у бизнинг ҳовлида туради. Колхозга қараганда икки ҳисса кўп ҳақ тўлайман!
Аммо Насриддин деганлари жуда лоқайд, ишёқмас эди, замон ўзгарганлигини, эндиликда бу трактор хусусий мулкка айланганини идрок этмас ёки буни тан олишни истамас, тракторни таъмирлаб туриш, тозалашни хаёлига ҳам келтирмасди. Томорқаларни ҳайдаш ҳисобига чўнтагига тушадиган тўрт-беш сўмдан маҳрум қилиниши эса дард устига чипқон бўлганди. Хуллас, ана шу иллатлар сабаб бўлиб, Ёдгорхон ака унинг баҳридан кечди, Тангриберди деган кишини ишга олди.
Тангриберди деганимизга таъриф берадиган бўлсак, унинг ўттиз ёшларнинг нари-берисида эканлигини, анчайин ишчанлигини таъкидлаб ўтишимизга тўғри келади. Бу араббашара йигит Қозоғистонда икки йилча ишлаб келгандан бери анчайин уддабурро, тежамкор, вақт ва пул деганнинг қадрига борадиган бўлган. Начора, мусофир бўлмасанг, мусулмон бўлмас экансан-да. Ўзининг айтишига қараганда, у ерда бедана тухумини кўпайтириб сотадиган бир қозоқ чолнинг хизматини қилган экан.
- Мен икки йил унинг тузини татидим, ғийбат қилишим увол-у, аммо уйига гадо келса, ушлаб урадиган ножинс эди. Бизни инсон ўрнида кўрмасди: ҳожатхонасигача тозалатарди. У ерда ишдан ор қилмайсан, чунки сени таниш-билишларинг кўрмайди. Бу ерда қўлингни совуқ сувга уришдан номус қиласан. Алам суяк-суягимга ўтиб кетгандан кейин бойнинг бизнесини ўрганишга аҳд қилдим: беданани кўпайтириш, уларни озиқлантириш, дори бериш асрорларини «ўғирладим».
Тангриберди  қишлоққа қайтиб, бедана кўпайтиришга киришди: мардикорчиликдан топиб келган пулига қимматбаҳо инкубатор, симтўр, озуқа, витаминлар, дори-дармон сотиб олди. Жониворлар тез кўпайди,  кўпчилик бориб томоша ҳам қилди. Бу ҳақда газеталарга ёзишди. Аммо ногаҳонда омад юз ўгирди: беданалар энди тухумга кираётган пайтда аллақандай касаликка чалиниб, қирилиб кетди.
 - Барига ўзим айбдор,- дейди бу ҳақда гап кетганда,- ҳали ишни бошламасдан, оламга жар солдим, ким борса, кўрсатиб мақтандим. Қозоқ чол пашшани ҳам йўлатмасди: «кўз тегади», дерди. Ўшанинг айтгани бўлди.
Тангриберди ҳозир  тоғдан тоғпиёз (анзур) йиғиш, уни қайта ишлаш билан шуғулланади. Аниқроғи, тоғпиёзни обдон ювиб, аввал бир муддат намакобга, сўнг сирко, ёки уксус кислотасига солиб қўяди. Маълум муддатдан (буни сир тутади) кейин банкаларга жойлаб, оғзини беркитади. Бозорда бу ноёб газакнинг нархи фалон пул. Айтишларича,  қанд касаллигини даволашда тенги йўқ  эмиш. Аввал бозорга чиқарарди, ҳозир савдогарлар уйидан кўтара олиб кетишади. Ўзи ҳеч кимга сир бермайди, аммо маълумотларга қараганда, ҳозир  тоғпиёз уруғини экиб кўпайтираяётган экан. Ўтган йил яхши ҳосил олган, дейишади.  Шу билан бирга тракторни ҳам шайлаб қўяди - зарур бўлдими - ўт олдиради. Лекин  ўз хўжаси ҳақида яхши гап ҳам, ёмон гап ҳам гапирмайди. Бу одамнинг келажак ҳақидаги тахмини, тасаввури  жуда нохуш, совуқроқ эканлигини ҳам айтиб ўтишга тўғри келади.
- Қишлоқлар йўқолиб кетади: учта-тўртта бой,  унинг беш-ўнта хизматкори қолади, холос. Бошқалар нон излаб кўчиб кетишади: шаҳарларга, ўзга юртларга… Чунки боқимонда ҳеч кимга керак эмас! Бир замонлар Порсохон эшон бово уч-тўрт оилани кўчириб келмаганда, бу қишлоқ ҳам бўлмасди: зурриётимиз силдан нобуд бўлиб кетарди.  Энди бизни   фақат бойлар сақлаб қолиши мумкин.
Унинг бу гапи кўпчиликка ёқмайди ва табиийки, кўплашиб унга қарши чиқишади, муҳокама қилишади.  

 

* * *

 Юқорида Дўм бобо деган оқсоқол ҳақида сўз юритган эдик. Бир вақтлар колхозга, кейин қишлоқ Советига (у пайтлар шундай номланган) раис бўлган бу отахон бир куни Ёдгорхон акани кўриб, андак инсофга чорлаган, гилалаган бўлди.
- Эшон бово, бу лесхоз замонида ҳам, колхоз пайти ҳам шу трактор одамларнинг корига яраб турарди…
- У пайтлар эгаси йўқ эди-да - жамоаники эди, Дўм бово, мошинингизни одамларнинг хизматига бериб қўймайсиз-ку..
- Бериб қўйганман, Эшон бово, бериб қуйганман,- деди у киши, вазминлик билан,- бирортасининг тўйи борми, таъзияси борми - мошин тайёр. Ахир, қишлоқчилик…
Дўм бово тўғри айтганди: бу одам борини қишлоқдошлари билан баҳам кўрарди, ўзи ҳам уларнинг хизматидан фойдаланарди: ҳамон ерини ҳайдаб, жўяк олиб бериш, хашагини ўриш, ташиш ҳамқишлоқлар зиммасида эди.
Лекин Ёдгорхон ака вазминлик қилиб, маъқуллаб қўяқолганди.
Чойхонада асалчи ҳақида гап қўзғалгани учун бўлса керак, Дўм бобо ногаҳонда  ўша гуфтугўни хотирлаб қолди.
- Трактор топилади, дедим, аммо қишлоқдошлардан айро тушиш яхши эмас! Тиригимиз ҳам, ўлигимиз ҳам шу тобуткашлар билан…
- Ким нима деса десин-у,- деди  тағин биров,- асалчи, сув  ҳам қаттиқ жойда туришини биладиган одам: бировга  тийинини раво кўрмайди. Зарур бўлганда, қарз сўраб кўринг - ундан пул ўндириш игнанинг тешигидан туя ўтказишдай гап!
 Бу гапни ғийбатга йўйиш, эҳтимол ўринсиздир. Асалчининг бирортага қарз бермаслиги - бор гап. Бунинг сабаблари эса унинг ўзига ва Худога аён.  Йўқ, фалон-фалон кишиларга қарз бериб, роса надомат чеккан, деб оқлаш ҳам ўринсиз. Қарз бермайди, вассалом!  Аммо уни  қурумсоқлиқда айблаган ана  шу одам уч йил давомида  боғидан ёнғоқ, дўлана териб сотганини, асалчига тегишли ҳақни чала-чулпа берганини айтиб ўтиш ортиқчалик қилмайди. Буни бошқалар қатори, Басирхон ҳам яхши биларди, албатта.
Бу орада мавзу бошқа томонга қимматчилик масалаларига бурилиб кетган эди, аммо кимдир Ёдгорхон аканинг қишлоқдан бирорта шогирд тайёрламаганини таъна қилгач, суҳбат тағин шу мавзуга қайтди. Басирхон фикр юритиб қолди: дарҳақиқат, амакиваччасининг йиллар оша бирорта шогирд чиқармаганини қандай изоҳлаш ёки оқлаш мумкин? Бу ичиқоралик, ўтакетган худбинлик эмасми? Бунинг устига қурумсоқлиги, хасислигини тўғри таъкидлашди-ку. Агар шундай бўлмаса, унга тегишли олтинни бериб кўярди-да. Балки хотини айбдордир барига. «Қизилча» ўша ялмоғизнинг ихтиёридадир…
Лекин масаланинг бошқа томонларини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак. Бир вақтлар Басирхон катта ўғлини унга шогирдликка берганди. Бола пақир биринчи бор ари чаққандан кейин у ерга йўламай қўйди. Ҳозир бозорда аравача ҳайдайди. Ундан кейинги айрим шогирдлар ари заҳрига тоб бериб, ўрганишди, аммо қути, асалари ва бошқа ашёларни сотиб олиш учун сармоя тополмай, бошқа соҳалардан паноҳ излашди; Ёдгорхон аканинг имкони бўлатуриб, уларни қўллаб-қувватлашни хаёлига келтирмади.
Баримизда ҳам нимхоҳиш, яъни ярим истак деган бир иллат бор. Балки буни нимнохоҳиш деса тўғрироқ бўлар. Бошқалар сингари Басирхон ҳам амакиваччасини ғийбат қилишларига  нимхоҳиш билан муносабатда эди. Йўқ, Ёдгорхон унақа эмас, дейишга ўша қосирлик тўсқинлик қиларди.
Бизни, аслида барбод қиладиган иллат нимнохоҳиш эмасмикин, деб қоласан киши бундай пайтда.
- Қанча тиллоси бор, деб ўйлайсизлар шу Ёдгорхоннинг? Ўн кило борми?
Даврага ташланган бу савол, кўпроқ Басирхоннинг дилини  ўртантириш учун айтилганини у сездими-йўқми, билиб бўлмасди.  Шунда Тангриберди орага кирди.
- «Қизилча» деганлари  кило билан ўлчанмайди. У танга ҳолатида бўлади. Мен кўрганман: ўша қозоқ чолда бор эди - кўзимизни ўйнатиб мақтанарди, қизталоқ!  Қўлимга олиб кўрганман: бир томонида Николай подшонинг расми, орқасида икки бошли қуш. Муллаакамизнинг бобосидан қанча ана шунақа танга қолган-қолмаганини  унинг ўзи билади. Бировнинг чўнтагига мўралаш яхши эмас!
Бир томонида Николай подшонинг, иккинчи томонида эса икки бошли қушнинг расми акс эттирилган тилло тангалар! Улар Басирхоннинг дилини мушук бўлиб таталаётгани, сичқон бўлиб кемираётганини англаш қийин эмасди. Дўкончининг машъум дафтаридаги қарз эса кундан-кунга ошиб бораябди, Жумабозордаги даллолдан қарз кўтарганига бир йилдан ошди… У ортиқ тоқат қилолмади:
- Қўйинглар, шу гапларни!- деди. 

 

* * *

Басирхон чойхонадан чиқиб уйи томон кетаётганда,  сойнинг нари томонида, отда хаёл суриб  кетаётган Ёдгорхон акани кўриб қолди. Унинг худди шу вақтда боғни айланиб келиш одати борлигини биларди. Дилини эса мавҳум ғашлик эгаллади.
- Ака, тўхтанг!- ҳам овози, ҳам қўлини кўтарди у.
Шу билан бирга ножўя иш қилябман, деган пушаймонлик, хавотир ҳам босди уни. Сойнинг катта-катта тошлари териб қўйилган жойидан эҳтиёт бўлиб ўтар экан, гапни нимадан бошлашни ўйлар, муносабатларни бузиб қўйишдан чўчирди.
У одатдагидан қуюқроқ салом берди, ҳурмат юзасидан отнинг жиловидан ушлаган, унинг юганига илиниб қолган хасни қоқиб ташлаган бўлди. Ёдгорхон акани ҳам мавҳум бир нохушлик, шубҳа сескантиргандай бўлди; шунга қарамай, нимтабассум қилиб турди.
- Ака, бу дўкончидан қарзлар кўпайиб кетди.
«Демак, қарз сўрайди, ўйлади ўзича Ёдгорхон ака, арақ ичгунча қарзни тўласа бўларди, хумпар». Шунга қарамай, вазиятини ўзгартирмай турди. - Ака, бизнинг улушни қачон берасиз?
-                     Қанақа улушни?
   - Бобомиздан қолган Николай подшонинг тангаларини айтаябман-да… Ҳалиги, бир томонида икки бошли қушнинг сурати…
   Ёдгорхон ака бир лаҳза тин олиб турди. Сўнг бутун қаҳру ғазабини ичга ютган ҳолда, ўша юмшоқ оҳангда илтимос қилди.
- Юганни қўйворинг.
Басирхон юганни қўлдан чиқариши билан, у отига қамчи босди. Бу ҳол Басирхоннинг иззат-нафсига тегиб кетди. 
                      Худодан қўрқинг, Худодан! - деди.
 Амакиваччасининг ҳамон миқ этмай кетавериши  уни     баттар тутақтирди. - Тешиб чиқади!
Бу гап суяк-суягидан ўтиб кетди Ёдгорхон аканинг. У энг аввало, чойхонадаги ғийбатчиларни бирма-бир кўз ўнгига келтирди. Сўнг, асаби қақшамаслиги учун, кўп йиллик кўникмасини ишга солиб, хаёлини бошқа томонларга чалғитиш ҳаракатида бўлди.
У турли туман, вилоятларга асалари олиб бориб, мусофирчилик, адолатсизлик ситамларини роса тортган киши эди. Аммо бугунги зарба баридан ошиб тушгандай бўлди. Асаби қақшагани сабаб бўлса керак, ўша ноҳақликларнинг айримлари кўз ўнгига келди.

 

* * *

Ўшанда арилар чўлдаги бедапояга қўйилганди. У «Жигули»си билан бозорга бораётганда, қаршисида «Нексия» пайдо бўлди. Машина, худди бешиктебратардек, кўчанинг гоҳ чап, гоҳ ўнг томонига бориб-келаётганини кўрган Ёдгорхон ака рулда маст  ўтирганини тахминлади ва чўчиб, машинасини бир чеккага олди, тормозни босди. Зум ўтмай, «Нексия» унинг нақ устига бостириб келди. Сўнгги сонияда ҳайдовчи рулни кескин бурди, шекилли,  «Нексия» ёнбоши билан «Жигули»нинг орқа эшигига бориб урилди,  бир ағдарилиб, тағин ўз ҳолига келди. Ёдгорхон ака югуриб бориб, унинг эшигини очди: рулдаги ўсмир ҳушидан кетган эди. Орқа эшикни очганди, икки йигитча чўлоқланиб чиқишди-ю, Ёдгорхон акани муштлай бошлашди. У аввал ўзини ҳимоя қилди, сўнг чекинди. Шу пайт ғалати ҳол рўй берди: ҳалиги жўжахўрозлар  ўз-ўзидан беҳуш бўлиб йиқилдилар. Одамлар тўпланишди, милиция, «тез ёрдам» етиб келди, протоколлар тузилди.
Рулдаги йигитчанинг мастлиги,  оёғи синганлиги аниқланди. Унинг отаси аввал катта лавозимда ишлаган, айни пайтда нотариал идора хўжайини эканлигини айтишди. Ёдгорхон ака орадан икки-уч кун ўтказиб, лоақал орқа эшикнинг харажатини ундириш илинжида собиқ амалдорга учрашишга қарор қилди. У бефаҳм эса тўнг-у такаббурлик билан, руйи-рост пўписага ўтди:
   - Сиз  икки болани уриб, ҳушидан кетгизгансиз!
- Йўқ, тақсир,- бор гапни айтмоқчи бўлди Ёдгорхон ака,- улар иссиғида дардни билишмаган, кейин таъсир қилган, буни докторлар ҳам тасдиқлашди.
 Ёдгорхон ака шундай деди-ю, суҳбатдошининг сигир елинига ўхшаган башарасидан бирор маънони англаб ололмагач, хайрлашиб қўяқолди.
   Буниси ҳам қўшни вилоятда бўлганди. У асалариларни кўчириб кетаётганда, катта майдонда кунгабоқар қийғос гуллаб ётганини кўриб қолди. Тракторчига тўхташ ишорасини қилди ва сувга яқин, ўнғайроқ жой топиб, тележкани жойлаштирди. Истодахон атрофларни тозалади, сув олиб келди, кечки овқатга уннайбошлади.
Гап шундаки, арилар бу ўсимликдан жуда кўплаб гулчанг олишади. Айрим ўсимликларда нектар бор-у, гулчанг оз;  кунгабоқар эса тескариси. Ари, айнан ўша нектарни гулчангга обдон аралаштириб асал тайёрлайди. Бундан ташқари у ўзига хос қурилиш материали ҳамдир. Ин қуришда асосан гулчангларни ишлатади. Ари ҳар бор учганда, тумшуғига нектар, оёғига эса гулчанг олиб келади.
Хуллас, улар ишни саранжомлаётганда,  бир ширакайф отлиқ пайдо бўлди. Ўзини бригадир деб таништиргач, пўписага ўтди.
  - Арини бу ерга қўйишга ким рухсат берди?
Гарчанд Ёдгорхон ака бундай вазиятларга бот-бот дуч келган бўлса-да, айни пайтда нима дейишини билмай қолди. Одатда  шунақа тоифаларнинг олдига суяк ташлаш - аниқроғи, бир банка асал бериш  билан қутиларди. Бу ҳўкизнинг муомаласи эса лўлиларга қилинадиган тўнгликка ўхшаб кетганди.
- Арилар мана бу кунгабоқарингизни чангитиб беради, мағзи тўқ бўлади,- деди юмшоқ оҳангда.
- Кўтаринг, бу ердан! 
Ёдгорхон ака хотинидан ҳижолат бўлиб, юқори кўтарилганда, негадир бригадир ҳам саркашлик қилиб, ортидан эргашди ва шунда арилар ёппасига унга ташландилар. Шўрлик отини ҳам олмай, қочиб қолди.
Арининг табиати шунақа - арақ ҳидига тоқати йўқ. Умуман ўткир ҳидни ҳазм қилолмайди. Ёдгорхон ака ҳатто соч олдирганда, сартарошга атр сепмасликни олдиндан илтимос  қилиб қўяди. Бир шогирд олганди: шўрлик кўп терларди. Ари эса тер ҳидига тоқатсиз. Шу сабаб, бошқа касб танлаб кетишга мажбур бўлганди.
  Ёдгорхон ака ана шу нохушликларни хотирлар экан, амакиваччасининг муомаласи, аниқроғи, таъмаси  баридан ошиб тушганига ишонч ҳосил қилди ва бир афсонани эслади. Қайбирам  замон-у маконда золим подшо бир бегуноҳни тошбўрон қилиб ўлдириш ҳақида  фармони олий берибди. Шаҳар аҳли ҳукмфармо айтганидек, сафланиб, ҳалиги шўрликка тош ота бошлабдилар. Иттифоқо, шу одамлар орасида унинг яқин қавми ҳам бор экан. У бояқиш тош отмабди-ю, чопонининг йиртиғидан бир лахта пахта олиб итқитибди. Шунча зарбаларга  тоб берган жабрдийда бунисига чидолмай, дод деганича йиқилган экан. 
Басирхоннинг  емаган сомсага пул талаб қилаётганлиги ҳам шунга ўхшаш аламли эди. Энг оғир занжир олтин занжир, деганларидек, энг оғир васваса ҳам «қизилча» васвасаси эканлигини у яхши биларди. Басирхоннинг мастлигидан фойдаланиб, бундан кейин ҳам уни гиж-гижлайдиган топилиб туриши хавотирли эди, албатта. У хафа бўлиб кетди.
    Дарвоза олдида ўғлининг машинасини кўриб ҳам дили ёришмади. Унга пешвоз чиққан Бузрукхон…

Мантиқни мададга чақирадиган бўлсак,  шу ўринда кичик ўғил - Бузрукхон ҳақида андак қўшимча маълумот бериш талаб этилади.
 У институтда компютер буйича катта мутахассис. Чет элдан қимматбаҳо компютерлар, матбаа ускуналари олиб келишса, аввал шу йигитга мурожаат қилишади. У ўз соҳасини сув қилиб ичган мутахассислардан. Қишлоқда ким тўй қилса, рангли таклифномалар тайёрлаб беради, билимга андак иштиёқи бўлган болаларни ўқишга олиб кетади, аммо бирор кишидан тийин ҳам таъма қилмайди.
Аммо ҳар тўкисда бир иллат, деганларидек, ўта ишонувчанлиги, таваккалчилиги, дангаллиги дадасини зоҳирий хавотирга солиб туради. Начора, бизда истеъдодлар қусурсиз бўлишмайди. Унинг ҳам охир-оқибатини ўйламай иш тутадиган, сўнг, ишкал чиқариб қўядиган одати йўқ эмас. Бузрукхонда ҳамиша нимадир камдай ёки кўпдай бўлиб туюлади. Бунинг устига ҳеч кимни тан олмайдиган - нигилист, саркаш. Олимлар ҳақида гап кетганда: «Улар қадимги юнонлар кашфиётини такрорлашдан нариги ўтишган эмас», дейди; шоирлар хусусидаги фикри ҳам пессимистик: «Аксарияти қишлоқни улуғлаб туриб, шаҳарга қараб қочадиган ёлғончилар, ҳақиқатни айтолмайдиган қўрқоқлар», деб ҳисоблайди. Телевидениедан норози - унинг келажаги йўқ, деб билади: «Атиги беш-олти йилда қўл телефони телевизорнинг барча юмушларини ўз зиммасига олади», дейди.
Ҳозиргача (йигирма еттига кирди) уйланмай юрганининг сабаби ҳақида тўхталадиган бўлсак, бундан икки йилча олдин  ўзидан ёши катта, эридан ажралган, болали аёлнинг домига  тушиб қолганини гапиришга тўғри келади. Шу аёлга уйланмоқчи бўлганини эшитиб, ота тутақиб кетди:  авлодига иснод келтирса, оқ қилишини айтди.
«Ундай бўлса бошқасига ҳам уйланмайман», деди у.
«Уйланмасанг, садқаи сар, аммо менинг уйимга бу аёлни олиб келмайсан», деганди ўшанди Ёдгорхон ака уни сен-сенлаб.
 Унгача эса бир неча қизларни тавсия этганда, бурнини жийирганди.  Ҳарқалай  аёл чет элга ишга кетиб, машмаша охирига етгандай бўлди.
Ҳаётда Бузрукхонга ўхшаган кишиларни учратиш қийин. Унинг ўз фалсафаси, тарихи, иқтисоди борки, у бошқаларникидан батамом фарқ қилади. Шуларнинг барига қарамай, пала-партиш яшайди, ҳамкасблардан бот-бот пул қарз олади.
У яхши ишлайди, яхши кийинади, яхши еб-ичади…Лекин шуларнинг барига қарамай, нимадандир қониқмай, норози бўлиб юради. «Қадим замонда бир бадфеъл подшо бўлган экан,- ҳикоя қилиб қолади гоҳида,- унинг қашшоққина яшайдиган, гўрков таниши бўларкан. Бир куни подшо ўша ҳудуддан ўтатуриб, гўрковнинг ҳолидан хабар олгиси келибди. Қараса, у жуда бойиб кетган эмиш: кўп қаватли иморатлар, файтунлар, хизматкорлар…дегандай.  «Демак, давлатим кўланкасида фуқароларимнинг ҳаёти жуда яхши», ўйлабди ҳукмдор.  «Хўш, қандай қилиб, бойиб кетдинг»,- сўрабди гўрков билан учрашгач. «Сизнинг шарофатингиз билан,- дебди у, одамлар очлик, муҳтожликдан кўп ўлябди - даромадим ошябди.»
  
Ҳа, майли, мавзудан четлашиб кетмайлик…
- Дада сизнинг асабингиз бузуқ,- деди у салом-аликдан кейин, меҳрибонона хавотирлик билан,- нима гап? Ёдгорхон ака Басирхон билан бўлган  гуфтигў ҳақида гапиришни сира истамаганди, аммо ўғлининг якравлиги, тутганини қўймаслигини хаёлидан ўтказди.
- Анаву амакиваччам жиғимга тегаябди,- деди ниҳоят ва бор гапни батафсил гапириб берди.
 Бузрукхон таажжубланди, анчайин фикрга чўмди.
- Мен иложини топаман,- деди, нимадир ёдига тушгандай, дафъатан  очилиб. Боплаймиз, баччағарни!
- Қандай қилиб?
- Оғзига пул билан урамиз! Мен грантга катта пул ютганман!
Ёдгорхон ака одамлар грантга пул, машина ва бошқа буюмлар ютишаётганини телевизордан эшитган бўлса-да, бунинг моҳияти, тафсилотини яхши билмасди. Шунинг учун сўрамай қўяқолди.
Эртасиёқ Бузрукхон бир целлофон халтани тўлдириб  пул кўтариб келди.
- Бу ерда уч миллион,- деди,- беринг барини. Мен ҳозир қайтишда уни айтиб юбораман. Хафа бўлишга арзимайди. Минбаъд ғинг демаслиги ҳақида тилхат ҳам ёздириб олинг!
У чиқиб кетгач, орадан кўп ўтмай Басирхон  ўзгача одоб, тавозе билан кириб келди. У соқолини олган, ювинган, янги кийимларини кийган,  батамом ҳушёр эди. 
- Ака, кечирасиз,- деди  салом-аликдан кейин,- у куни сизни хафа қилиб қўйдим. Падарига лаънат шу арақнинг!
- Йўқ, йўқ,- деди Ёдгорхон ака,- сиз, ҳақсиз. Ҳақсиз! Шунинг учун одам юборгандим.
  Орага мавҳум сукунат чўкди. Амакиваччаси «сиз, ҳақсиз», деганда нимани назарда тутаётганлигини ўйлаб қолди. Жимликни тағин Ёдгорхон ака бузди. 
- Бобомиздан бир оз тилло қолгани рост эди: ўшани  сотдим. Энди сизнинг ҳақингизни бериб қўймасам, инсофдан бўлмас…
  Басирхон ишониб-ишонқирамай, сукут сақлади. Ёдгорхон ака давом этди:  - Айтинг, қариндош, қанча берай? 
Бу гал у ишонди ва ногаҳонда қўли каттагина пул кўришидан беҳад қувонди, ҳис-ҳаяжонларини жиловлаб:
- Ихтиёр ўзингизда,- деди.
- Бир миллион берсам бўладими? Бу – минг доллар дегани.
У қулоқларига ишонмади, лекин вазминликни қўлдан бермай турди.
- Ихтиёрингиз…
- Сиз битта тилхат ёзинг: «Мен Порсоев  Басирхон амакиваччам Фалонча Фалончаевдан миллион сўм олдим. Унга бошқа даъвом йўқ» денг.
У шундай деди-ю, Басирхоннинг олдига дафтар билан ручка қўйди. Ногаҳоний омаддан ҳаяжонланган ва хавотирланган Басирхоннинг қўллари қалтирар, фикрини жамлаб ололмасди. Шунга қарамай қинғир-қийшиқ ҳарфлар билан қоғозни қоралаб, амакиваччасига узатди. Ёдгорхон ака уни олиб ўқиди-ю, тағин қайтариб берди.
- Басирхон, Худодан қўрқишим керак: ўйлаб кўрсам, сизга бир ярим миллион беришим лозим экан. Бошқатдан ёзинг: тағин қўшиб қўйинг - «одамларнинг машмашасига ишонмайман, қавмимни ғийбат қилган ножинсларнинг оғзига ураман,» денг.
Ёдгорхон ака пулни, юзига ҳабашнинг акси туширилган целлофон халтага солиб, амакиваччасига узатди. Хушу хурсанд хайрлашишар экан, «Бу ярамаснинг олдига катта суяк ташладим, энди ғинг демайди», деб ўйлади. Шу билан бирга Басирхоннинг қув нигоҳларидан: «Қари тулки, шунча йилдан бери ҳидини чиқармадинг-а!» деган ифодани уқиб олди. Улар хайрлашиш учун чиқишганда, ташқарида нафратангез осудалик ҳукм сурар, ҳаводан куйган резина ҳиди келарди.
         - Кимдир баллон ёқаябди,- деди Басирхон.
- Ноинсофлар,- деди Ёдгорхон ака.

 

* * *

Набиралари билан бирга бўлганда у болага айланиб кетарди.
- Хўш, сизлар кимнинг тойчоғи?
- Сизнинг тойчоғингиз!
- Мен ўрта бармоғимни яшираман: ким топса, отга минади,- деди у завқ билан.
- Мен топаман,- деди Ҳасанхон.
- Аввал мен топай,- деди Ҳусанхон.
У чап қўл бармоқларини яширди, аммо набираларининг иккаласи ҳам тополмади. Бу ҳолни завқ билан томоша қилиб турган Истодахон эриниг завқига завқ қўшмоқчи бўлди.
- Эшитдингизми, Басирхонни милиса олиб кетибди.       «Демак, маст бўлиб ким биландир жанжаллашган, фикрлади ўзича Ёдгорхон ака, ногаҳоний бир ярим миллион энди у шўрликни турфа куйларга солиши табиий.»
- Жанжаллашибдими?- фикрини тасдиқлатмоқчи бўлди у. - Йўқ, ёнидан ясама пул чиқибди, бари қалбаки экан, номери бир хил эмиш…
Ёдгорхон аввал эътибор бермади, сўнг ажабланди, кейин эса дафъатан ҳушёр тортди.
         - Пулни кимдан олган экан?
Хотини елка қисди. У умр йўлдошининг гапини кесиб, ўрнидан турди ва меҳмонхонага қараб шошилди. Кўрпани кўтариб, шошилинч,  пулларнинг  номерига қаради: уларнинг бари бир хил эди. Ёдгорхон ака жуда мудҳиш жиноятга қўшилиб қолганини ҳис қилди ва қўрқиб, вужудига титроқ кирди. Негадир, бобосининг ҳам отасининг ҳам қабри йўқлигини эслаб қолди, бу аччиқ қисмат уни ҳам таъқибга олгандай эди. Ранги-қути учиб, нима қилишини билмай, анча ўтиргач,  қўл телефонидан ўғлининг номерини терди. «Абонент хизмат доирасидан ташқарида» деган жавоб эса ҳафсаласини батамом пир қилиб юборди.
У саросималаниб қолганди. Кейин эса, қолган пулни яшириш керак, деган фикрга келди. Қоғозга ўралган пулни зудлик билан  нариги ҳовлига олиб бориб, шелуханинг остига кўмиб қўйди.

 

* * *

Уни излаб келганлар уч киши бўлиб, улар орасидан фақат участка милиционери таниш эди. Гарчанд, бу ташрифни табиий ҳол, мантиқий оқибат деб билган бўлса-да, унинг  дилини ҳад-ҳудудсиз ғусса босди, шунча йиллик тоат-ибодати бир пул бўлганлигини ўйлади, кекирдагигача ботқоққа ботган кишидай руҳи тушиб кетди.
Келганлар у билан яхши муносабатда бўлишди. Салом-аликдан кейин биргаликда, беихтиёр ётоғига кирдилар.
- Ёдгорхон ака,- деди таниш милиционер ,- сизда Басирхон  аканинг тилхати бор экан, шуни берсангиз…
У эътироз билдирмай, стол тортмасидан букланган тилхатни олиб узатди. Уни ўқиб кўришди ва папкага солиб қўйишди.
- Энди пулнинг қолганини ҳам топиб берасиз,- деди келганларнинг ёши каттароғи, сирли андиша, маккорона табассум билан.
         - Менда пул йўқ,- деди у.
- Сизда пул бор!- деди ҳалиги киши ишонч билан, биз уни, барибир топамиз,- лекин, ўз ихтиёрингиз билан берсангиз, яхши бўларди.
Улар чала-чулпа тинтув ўтказгандан кейин, ҳалиги киши таниш милиционерга имлаб юборди ва у Ёдгорхон аканинг қўлига кишан солди. «Ҳаммаси тамом, ҳаммаси барбод бўлди»,  ўйларди бояқиш асалчи. Наҳотки  менинг ҳам қабрим ўзга юртларда қолиб кетса».
  Уни машинага миндиришаётганда, қаердандир Асалой пайдо бўлиб қолди. Қўлига  кишан солиб, олиб кетилаётган қайнотасини кўриб, бечора чинакамига даҳшатга тушди, бу ҳол катта адолатсизлик, ноҳақлик, золимлик бўлиб туюлди. Негадир, аввал қайнонасини ўйлади: умр йўлдошини шу алпозда кўрса, қўрқиб, ўлиб қолишидан чўчиб кетди. Сўнг ўзини идора этолмай, дод солганича Ёдгорхон аканинг бағрига отилди, чўккала тушиб, унинг икки оёғини қучоғига олди.
- Дадажон,  бу худобехабар,  золимларга нима ёмонлик қилгандингиз, нима ёмонлик? Оғзи-бурнидан қон келсин буларнинг, қон келсин!
Ёдгорхон ака ҳам кўз ёшларини тиёлмади. Негадир келинини биринчи бор «сен-сен»лаб дарду-ҳасратлари, сўнгги илинжларини тўкиб солди.
- Асалой! Ҳамма умидим сандан, онажон! Гўрим бошқа ерларда қолиб кетмасин! Пулни аяма! Болаларингни эҳтиёт қил! Зурриётларимни хўрлатмагин! Кампирим сенинг умидингда, онажоним!
Истодахон шовқун-сурондан хавотир тортиб, ташқарига чиққанида, эрини олиб кетишган, келини эса қақшаб йиғларди. Асалой ўзини тутолмай, қайнонасини қучоқлаб олди.
- Аямулложон, муллоамакимни олиб кетишди! Қирғин теккурлар! Гўрингга олов тушгурлар! Энди нима қиламиз? Нима қиламиз? Нима қиламиз?
- Ким олиб кетди? Нимага олиб кетади?
Тафсилотни чала-чулпа эшитган Истодахон ҳам ўзини тутолмади: негадир ўгирилганича, эзилиб-эзилиб йиғлайбошлади.
- Юзингизни ўгирманг, бирга йиғлаймиз,- зорланди Асалой.
Йиллар оша хотиржам рўзгузаронлик қилаётган оила ташвиш, таҳлика, ғусса оғушида қолганди; ҳаёт тизгини қўлдан чиқиб кетгандай эди.
Улар ўзларини босиб олгач, энди нима қилиш кераклигини маслаҳатлашган бўлишди.
- Аввал дўм бовога борайлик, маслаҳат олайлик,- фикрини айтди Истодахон, овози қалтираб.
Бир замонлар бобокалонлари  Порсохон отани ҳам айнан уч киши олиб кетганини ва у зоти шарифнинг на ўлиги ва на тиригидан дарак йўқлигини  ўйлаб, дили хуфтон бўлар, аммо бу нохуш аломатни келинига айтишни истамас, аксинча, унга далда бериш, кўнглини кўтариш пайида бўларди.   
- Вақтимиз зиқ - тўғри милисахонага борамиз,- унамади  Асалой.
Икковлари апил-тапил кийиниб, катта кўчагача сукут сақлаб, пиёда боришди.
 Улар минган автобусда одам кўп эмасди,  танишлар ҳам учрарди ва  қайнона, келинга зоҳирий шафқат назари билан кўз ташлаётгандай бўлиб туйиларди. Нотанишлар эса, аллақандай  қалбаки пул, уни тайёрлаганлар ҳақида гапиришар,  муҳокама қилишарди.
- Сталин замонида бундайларни чиқариб отарди,- деди кексатоб киши.
- Ҳозир энди, пул билан  ҳамманинг оғзига урса бўлади,- уни қўллади ёнидагиси,- асалчи бекорга бой бўлмаган экан-да - ўғли пул  ясаб бераверган, бу …  Барининг номери бир хил эмиш.
Асалойни ногаҳонда ток ургандай бўлди. Гап қайнотаси ҳақида кетаётганлигини фаҳмлаб қолганди у. Қўрқув ва ҳижолат аралаш, диққат билан қулоқ солди. Аммо кексалар Сталинни мақташ билан овора бўлиб кетишди.
У Сталиннинг кимлигини аниқ билмасди ҳам. Шунинг учун эътибор бермай қўйди. Муллаамакисининг қалбаки пул масаласида айбланишини эса тасаввурига сиғдиролмас, бунга  ишонмасди.
Милиция эшигида турган дарбон уларни ичкарига қўймаган, бу хусусда бирор маълумот бермаган бўлса ҳамки, беғараз маслаҳатини аямади.
- Сизлар бу ерларда юрманглар - битта зўр адвокат топиб, ўшани кўнглини олинглар, вақт кетмасин!
Эртаси тағин бир нохушликкка гувоҳ бўлишди. Кечаги уч киши келиб, ҳа йўқ, бе йўқ, тўғридан-тўғри ташқари ҳовлига ўтишди, шелухани ковлаб, пулнинг қолганини олишди, ўша ерда санаб, акт тузишди. Кейин эса оила сардори ётоғига кириб, тағин тинтув ўтказишди. Булар ҳам Порсохон эшондан «қизилча» қолганига ишонганга ўхшашарди. Буларнинг бари  мудҳиш оқибатлардан дарак берадигандай, жуда кўнгилсиз ҳол эди.
Асалой таниш-билишларнинг маслаҳати билан бир вақтлар прокурор бўлиб ишлаган, эндиликда адвокатлик идораси очган Маллаев деган кишига учрашадиган бўлди. Биринчи боришидаёқ бир пақир асал кўтариб борди. Бу соҳа одамларига иши тушмагани сабаб, уларни жуда қўрс, нописанд деб тасаввур қиларди у.  Аммо Маллаев деганларининг хушфеъл, ашраф ва очиқкўнгиллиги манаман, деб турарди.  У Асалойни иссиқ қаршилади, гапига ихлос билан қулоқ тутди, аммо унинг хўрлиги келиб гапиролмади. Аслида қўполроқ ёки расмийроқ забонда гаплашганда, бу ҳол рўй бермаган бўларди. Адвокатнинг айнан меҳрибон оҳангини ҳис қилиб, «ёлғиз эмас эканмиз, суянчиғимиз бор экан» деган умид сабаб дийдалари шашқатор бўлганди бечоранинг. Асалой ўзини босиб олгач, Маллаев қайнотасининг фамилия, номи, туғилган йилини суради. У сўзини тугатар-тугатмас, эминлик ила илиб кетди:
- Асалчими? Бўлди! Мен у кишини биламан,- деди, яхши одам!
Қалбаки пул тайёрлашга аралашиб қолганини эшитгандан кейин ҳам, далдакор оҳангда давом этди. - Бўйи мушк пинҳон намемонад, дейишади, тожиклар. Адолат юзага чиқади! Қутқариб оламиз!  Мабодо иш чигаллашганда ҳам, олти ойдан кўп сақлашмайди: ёши улуғ экан - декабрда амнистия эълон қилинади. Нимадан қўрқасиз? Сталин замони эмас-ку! Сибирга сургун қилмайди-ку!
Асалойнинг елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди. Ҳар йили  амнистия эълон қилиниши ва унда олтмишдан ошганлар авф этилишини эслаб, ҳаловатли қониқиш ҳис этди. Дунёда худди шодлик батамом йўқолгандай,  ҳафталаб  кулги нималигини билмаган шўрликнинг юзига илк бор табассум ёйилди. Бармоқларини бирин-кетин  букиб,  декабргача  атиги олти ой қолганлигига ишонч ҳосил қилди. Жон сиқувчи мудҳиш кунлар ортда қолганга ўхшарди. Нигоҳларида аввалги ўктамлик қалқигандай, нур пайдо бўлгандай эди. Ҳозиргача Сталиннинг кимлиги билан қизиқмаганидан, негадир надомат чекди.
- Дело билан танишай, кейин аниқ жавобини бераман,- деди, адвокат солиҳлик билан.
- Болаларингизни роҳатини кўринг!- кексаларга ўхшаб дуо қилди у  ва бир олам умид, қувонч билан ташқарига йўл олди. Шу пайт Маллаев уни тўхтатмоқчи бўлди:
- Қизим, тўхтаб тур - мен пақирингни бўшатиб берай.
- Йўқ,- деди у шошиб,- сатил ҳам сизники!
Гоҳида миямизда шундай туйғулар жўш уради-ки, уни тилимизга таржима қилиб бўлмайди. У худди шу ҳолатни бошдан кечираётганди: уйига дилга таскин берадиган хушхабар олиб бораётганидан мамнун ва саросимада, фикрлари алғов-далғов, саркаш эди.
Кейинги ҳафта унинг фикрини айрим жумбоқлар  жуда банд этганди: мабодо қамоқхонадаги маҳбус вафот этса, жасадни қавмларига беришадими, йўқми? Сибирга жўнатишмайдими? Аммо бу ноўнғай, ножўя гапларни кимдан ҳам сўраш мумкин?  Шу гал, маврудини топиб, Маллаевга савол бермоқчи бўлганди, локинда унинг умидбахш гапларини эшитиб, қувонди ва сўрамади. Йўлда кетатуриб, бу хусусда оғиз очмаганидан мамнун бўлди.
Аямуллосининг эзилганини кўриб, ўзининг ҳам дили дардга тўлиб кетганди, бечоранинг. Шунинг учун эшикдан кириши билан, қайнонасини қучоқлаб, гапга киришиб кетди.
- Биз беҳуда ғусса чекиб юрган эканмиз: Муллаамакимнинг ишлари енгил экан - кўпи билан олти ойда чиқаришаркан. Маллаев амаки: «Бу Сталин замони эмас - Сибирга жўнатмайди», дедилар.
- Бузрукхончи, ўғлимчи,- сўради аёл.
         - У кишининг адвокатини эртага кўраман,- ваъда берди Асалой.

 

* * *

Суд бошланадиган кун Асалой қайнонасини олиб боришдан андиша қилди: ўғли билан умр йўлдошини  панжара ортида кўриш унинг учун оғир кечиши, касалланиб қолишидан хавотир тортди. Бусиз ҳам қон босими ошиб қолганди, бояқишнинг. Адвокат  билан маслаҳатлашиб, у айтган вақтда етиб борганида, бир нечта қуролли аскарлар қайнотаси, қайнукаси ва тағин икки йигитча (Бузрукхоннинг жиноятга аралашиб қолган шогирдлари)ни панжара орасига олиб кирган эди. Асалой қайнотасининг маъсум юзига, жовдираган кўзларига боқиб: «Мен сизларга нима ёмонлик қилдим? Нега бу куйга солиб қўйдиларинг?» деган маҳзун нолишни уқиб олгандай бўлди ва тағин йиғлади.
Ҳадемай, казо-казолар ҳам келиб, ўз ўринларидан жой олишди. Суд анжумани очилиб, айбномаларни ўқишга киришилди. Қора курсидагиларни қалбаки пул тайёрлаш ва ундан фойдаланишда айблашди. Аён бўлишича, Басирхон жумабозорлик бир даллолдан қарздор экан. Ўша одам, мазкур пулга  ун харид қилаётганда, қўлга тушибди. Табиийки, пулни кимдан олганини айтиб берибди ва ҳакозо.
Шу пайт, Бузрукхонга адвокатлик қиладиган (ўзбекчани сув қилиб ичган) ориққина корейс, жиноят кодексининг турли саҳифа ва моддаларига кўрсатгич бармоғини нўқиб, айбноманинг  номланишга қарши чиқди.   
- Булар Япониядан келтирилган янги аппаратни синаб кўриш учун, шунчаки қизиқиш сабаб бўлиб, ана шу ишга қўл уришган,- деди у. - Пулдан фойдаланишмаган. Шунинг учун ишнинг номланиши ва моддаларини ўзгартиришни таклиф этаман! 
- Қўлимизда  шу қалбаки пуллардан фойдаланганлик ҳақида ҳужжат ва асослар бор,- деди жавобан прокурор ўринбосари, давомли мубоҳасалардан кейин, залда гувоҳ сифатида ўтирган Басирхон билан даллол томон ишора қилиб.
Эртаси, индини ҳам шу тариқа майда-чуйда тафсилотларгача сўроқлар берилди, турли ҳолатларга равшанлик киритилди. Бузрукхон айбини қисман бўйнига олган ҳолда, пулни янги мосламани синаш учун ясаб кўрганини, дадасининг ногаҳоний нохушликлардан халос этиш учун ҳалиги йўлни тутганини айтди. Отасида гуноҳ йўқлигини таъкидлаб,  уни озод этишларини талаб ( ҳа, талаб) қилди.
Отахон учун эса кўпроқ адвокат гапирди. Унинг бегуноҳлигини  талай ҳужжатлар, асослар билан исботлади ҳам. Шундан кейин ҳайъатдагилардан бири:
- Порсоев Ёдгорхон,  пулнинг қалбакилигини билмаган бўлсангиз, нега уни шелуха ичига яширдингиз?- деб сўради.
 Ёдгорхон аканинг жавоби узуқ-юлуқ, дудмал бўлди.
- Мен майли-ю, ўғлимга жабр қилманглар,- деди, зорланиб.
Ҳаёт, инсонга инъом этадиган арзимас шодлик, фаровонлик эвазига жуда кўп ҳақ талаб қилишини ўйлашнинг ўзи аламли бўлади, бундай дақиқаларда.
Ниҳоят, ҳукм ўқилди. Гарчанд прокурор Бузрукхонга ўн йил, Ёдгорхон акага беш йил ва икки йигитчага уч йилдан сўраган бўлса-да, талай енгиллаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олинди. Бош айбдорга етти йил, қолганларга икки-уч йилдан тегди. Сўнгги сўз беришганда, Бузрукхон ўзини анчайин бепарво тутиб, аввалги талабини такрорлади.
- Менга фарқи йўқ - етти йил умримни бу ерда ўтказдим нима-ю, у ерда ўтказдим нима? Бусиз ҳам озодликдан маҳрум эдим! Маънавий жиҳатдан. Лекин дадам билан шогирдларимга нисбатан фашистлик қилдиларинг! 
Шогирдлардан бири эса Бузрукхонни рўйи-рост ҳақоратлади.
         - Шу ярамас кўккўзни деб ҳаётим барбод бўладими?! У айтди - мен қилдим! Бу пулга лоақал, битта сигарет ҳам олганим йўқ! Мен президентга ёзаман!

 

* * *

Кўп ўтмай, Асалой қамоқхонадаги маъмурларнинг ҳам яқин кишисига айланиб қолди. У қоровул, кичик командирларга асал ташиб, уларнинг эътиборларини қозонганди. Асалой келганда, уларнинг аксари қувониб кетарди. Унга бир неча бор қайнотаси билан  учрашиш имконини ҳам яратишди.
Оила эса нуқул кун санар - олти ойнинг тезроқ ўтишини зориқиб кутарди. Амнистия ҳақида фармон чиққандан кейин ҳам отахонга бир ойгача жавоб беришмади. Бошқалар пул чўзишаётганини англаб, Асалой бунисига ҳам рози бўлди. Чунки дунёдаги энг меҳрибон кишисини тезроқ уйга олиб боришдан кўра муҳим ва эзгу иш йўқ эди унинг учун. Аммо ундан пул таъма қилмай, қамоқхона бошлиғи учун бир пақир «майский» асал олиб келишни буюришди. У бошини хиёл эгиб, эҳтиром билан: «Хўп бўлади, хўп бўлади», деди ва у ердан чиқасолиб, дўкондан сирланган, қопқоқли пақир сотиб олди. “Керак бўлса, тағин олиб келаман”, деди, эртаси, асални ҳалиги кишига топшираркан.
 Орадан тағин бирор ҳафта ўтгач, Ёдгорхон акага жавоб тегадиган бўлди. Асалой бу гал  Тангрибердини излаб борди.
- Ака, сиздан илтимос,- деди, билинар-билинмас таъзим қилиб,- эртага дадажонимга жавоб беришябди.  Мошинни ҳайдайдиган одам тополмаябман.
- Гап йўқ!- қисқа қилди у.
Асалой  шоша-пиша кўз ёшларини артиб олди. Ўша куни  болаларини ювиб-таради, эрталаб уларга янги либослар кийгизди. Аямуллосини ҳам  ясантирди ва улар  эзгу умидлар ила оила саркорини олиб келишга жўнадилар.
- Бобожонинг эшикдан чиқишлари билан югуриб бориб қучоқланглар, «биз - сизнинг тойчоғингиз», денглар, уқдирди уларга. Аммо турли расмиятчиликлар сабабли, у кишининг  чиқиши анча ҳаяллади.  Ниҳоят, қадрдон қиёфа пайдо бўлди ва болакайлар шиддат билан югуриб кетишди. Кейин Асалой билан Истодахон ҳам кўз ёшларини тиёлмай, қадрдонларини қучоқлаб олишди.

 

* * *

Ёдгорхон асалчи энди батамом бошқача одам бўлиб қолганди: камгапликдан ташқари, аллақандай ҳуркак, хаёлчан, одамови ҳам эди. Бирор гапни сўрасангиз, жавоб қайтарар, бошқа вақт сукут сақлаб ўтиришни афзал биларди. У ҳовлидан ташқарига деярли чиқмас, чиққанда ҳам бирор кишининг қорасини кўрса, ўзини ичкарига урарди. Асалари, боғ, от ҳақида сўз кетганда тўлиб-тошиб гапирадиган одам, эндиликда гапни шу ўзанга буришганда ҳам лоқайдгина табассум қилиб қўярди. Отахон аксар  вақтни ётоғида ўтказар, овқатини ҳам ўша ерга олиб боришарди. Буларнинг бари, бечоранинг руҳияти фалаж бўлиб қолганидан далолат берарди.
- Бу ҳол тезда ўтиб кетади,- дейишди танишлар,- милисалар бошига урган бўлиши мумкин…
 Уйдагилар ҳам алламаҳалгача шу умидда юришди. Ўзгариш бўлавермагач,  Асалойнинг хавотири ошиб эрига деди:
 - Тўрам, юринг, болаларни дадажонимнинг олдиларига олиб борайлик, зора шуларни кўриб очилиб кетсалар.
- Сиз нима десангиз шу,- деди ва Ҳасанхон билан Ҳусанхонни олиб киришди. Чол набираларини кўриб, совуққина бош  силкиб қўяқолди. Бу ҳолни кузатиб турган Асалойнинг тағин ўпкаси тўлиб кетди.
  - Дадажон, нега: «Сиз кимнинг тойчоғи, деб сўрамаябсиз? Нега? Нега? Сизни пажмурда қилиб ташлаганларнинг оғзи-бурнидан қон келсин, уйига ўт тушсин! Ўт тушсин, илойим!- деди ва унинг елкасига бош қўйиб, тағин йиғлашга тушди.  Сўнг кўз ёшларини чала-чулпа артиб, қўшиб қўйди. - Майли, майли, соғ бўлсангиз - бас! Уйда тоғдай бўлиб турганингизнинг ўзи ҳам - бизнинг бахтимиз! Ҳали тузалиб кетасиз. Аямулложоним билан разведкага борасизлар, болаларимга от бўласиз! Шундай-а, шундай-а?- тасдиқлатиб олди у.

 

* * *

Асалой ҳамон тин олмайди: эрталаб дастурхон тузатади, ҳаммани чойга таклиф этади. Кейин сигир соғади, молларга озуқа беради; хизматкор-у мардикорлар ишини назорат қилади. Калитлар шодасини шарақлатиб, ертўлага, омборхонага шошилади.  Асалари қутилари қопқоғини секин  очиб, улардан хабар олади, бекорчихўжа эркак арилар кўпайган бўлса, уларни ўлдиради. Кечки пайт худди Ёдгорхон акадай, шошмай отни эгарлайди, боғни айланиб келади. Гоҳида тунлари уйғониб, муллоамакиси, аямуллоси ётоқларидан хабар олади, улар тинчгина ухлашаётганига ишонч ҳосил қилгач, пичирлаб шукроналар айтади.
Айрим пайтлар ёнбағирдаги  боғ томондан милтиқ гумбурлаганини эшитган  жағалвойликлар енгилгина сесканиб қўйишади.

                                                                 2008        

Комментариев нет:

Отправить комментарий