вторник, 30 июня 2015 г.

Диалог



Хуршид Нуруллаев:
Матбуот ва ОАВ куни муносабати билан пойтахтда ўтказилган тадбирда таниқли ёзувчи ва журналистлар қаторида клубимиз аъзоси Наргиза Бўроновани кўриб, хурсанд бўлдим ва ҳавасим келди. Чунки рўйхатдан ўтган ОАВдан биттадан вакил таклиф этилганда ҳам 1400 та иштирокчи бўлиши керак. Лекин залда бунча одам йўқ эди. Бундай йиғинда шахсан қатнашиш ҳар бир кишига шараф. Мен ҳам касб байрами муносабати билан журналис устозларимни, шу соҳада ишлаётган дўст-ёрларни қутладим. Жумладан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Нусрат Раҳматни ҳам муборакбод этдик. Устоз 3 июлда етмиш тўрт ёшни қаршилайдилар. Шу муносабат билан ҳамда касб байрами сабаб таниқли журналистга бир-неча саволлар билан мурожаат қилдик. Мазкур суҳбат Самарқанд туманида (6 минг ададда) чоп этиладиган “Гулобод тонги” газетасининг 26 июндаги сонида берилган.
                      ҲАЁТ ВА ИЖОД ШАЙДОСИ
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Нусрат Раҳмат 1941 йилнинг 3 июлида Самарқанд туманидаги Қўшмачит қишлоғида туғилган.
“Ленин йўли” газетасида ишлаган, “Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг Самарқанд, Бухоро вилоятлари бўйича мухбири бўлган. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “ Меҳнат” нашриёти, Ўзбекистон табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида хизмат қилган.
“Агар табиатни севсангиз” деган илк китобчаси 1975 йили нашр этилган. Кейин “Чанқовуз”, “Олис-олис сўқмоқлар”, “Дашт”, “Замондош ўйлари”, “Селекция муъжизаси”, “Сўқмоқлар ва сабоқлар”, “Тақдимот” шеърлар, “Фожиа”, “Мен мухбирман”, “Мен редаксияданман”, “Энг ашаддий каллакесар“, “Асқад Мухтор дедилар” сингари китоблари чоп этилган.
Матбуот ва ОАВ ходимлари куни арафасида газета мухбири Хуршид Нуруллаев ёзувчи ва публицист Нусрат Раҳмат билан учрашиб, унга бир неча саволлар билан мурожаат этди.


Савол: Яқинда газетамизда чоп этилган Самарқанд туманидан чиққан Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон ҳақидаги мақолада унинг туғилиб ўсган қишлоғи Чордара ҳақида ва болалигида эсига қолган қишлоқ тепалиги билан боғлиқ хотиралари ўрин олганди. “Ҳар сафар бу тепалик устига чиққанимда олисдаги тоғларга тикилиб хаёл сургим келар, хаёл сурганим сайин йироқдаги тоғлар бутун ҳайбати ва залвори билан яқинлашар, охири уларнинг мовий қучоғига сингиб кетганимни билмай қолардим. Хуллас, ўша тепалигу олисдаги мовий тоғлар мени шоирга айлантирган бўлса ажабмас.” дея тарифлайди шоир. Ёзувчи Нусрат Раҳматнинг туғилган қишлоғи Қўшмачит миришкор деҳқонлари билан машҳур. Бу қишлоқ ўзининг ёзувчи фарзандига яна қандай таассуротлар қолдирган?


Жавоб: Қўшмачитда туғилган бўлсам ҳамки, ақлимни таниб, бошланғич маълумотни Ургутнинг Қўзичи қишлоғидаги мактабда олганман.
Бу жуғрофий номувофиқликка изоҳ берадиган бўлсак, жилла бўлсада, ўша йиллардаги ҳолатни кўз олдимизга келтиришга тўғри келади. Дадам ҳайдовчи эдилар ва у пайтларда шоферлар жуда озчилик бўлишгани сабаб уларни қадрлашарди. Ҳукумат фронтдан бўшаган юк автомашиналарини илғор колхозларга тақсимлаётган пайт эди. Ургутдаги машъал “Қизил Шарқ” колхозига теккан “политурка”ни бошқаришни дадамдан сўрашганди.
Биринчи синф пайтимда мактаб директорининг йиғилишда газета ўқиб бергани ёдимда михланиб қолган. “Улуғ доҳиймиз Иосиф Виссарионович Сталиннинг чексиз ғамхўрлиги билан “Қизил Шарқ” колхозига ҳам машина берилди. Районимизда машиналар сони учтага етди. Шофер Жумаев Раҳматдан ҳамма мамнун. Муаллимлар орасида фронтдан ярадор бўлиб келганлар ҳам анчагина эди. Орадан йиллар ўтиб, уларга бағишланган туркум шеърлар битганман.
Ёғоч оёқ ғичирлайди,
Ғичирлаб хазин-
Одамларга баён этар,
Серҳасрат арзин:
“Мен садақайрағоч эдим бир замон
Она ергинамнинг чайир ўғлони.
Чорак аср аввал кесиб беомон,
Кесилган оёққа улашди мани.
Чорак аср мадад бўлдим-у, аммо,
Оёқ бўлолмадим, бўлолмайман ҳам.
Чорак асрдирки, менга муаммо:
Мажруҳ этар нечун, одамни-одам!?”
Электрон блогим ( nusratrahmat.blogspot.com)да бу ҳақда батафсил ёзганман. Газетанинг имконияти чекланганини ҳисобга олиб, қизиққан кишилар Интернетдан ўқишларини маслаҳат бераман.
Савол: Бир битигингизда шундай сатрлар бор: “...Олтмиш ёшнинг нари-берисида киши руҳиятида эса талай ўзгаришлар содир бўлиши табиий. Киши бой берилган имкониятлар, йўл қўйилган хатоларидан надомат чекади, ҳаёт ва адабиётга бўлган аввалги ташналик, иштиёқ сусаяди...” Олтмиш ёшингиздан кейингни ижодингиз билан танишган ўқувчи асарларингизда қайд этилган фикрларнинг аксини кўради. Чунки ҳаёт ва адабиётган бўлган ташналик кучайса-кучайганки, сусаймаган.
Жавоб: Киши умри давомида кўплаб кишилар билан дўстлашади, лекин кексаликкача уларнинг айримларгина сақланиб қолади. Дўстим Миршариф Хўжаев ( каминадан тўрт ёш кичик) ўшанда мендаги бу тушкун кайфиятни сезиб, савол берганди. “ Толстойнинг қайси асарларини жуда қадрлайсиз?” “Ҳожимурод” , “Тирилиш”, жавоб бердим мен. “Адиб ана шу икки асарини ҳам етмиш ёшдан кейин ёзган, деди у. Чунки ёзувчи, айнан олтмиш ёшдан кейин тажриба, билим, хотираларга бой бўлади. Ёзувчининг ижоддан тўхташи унинг ўлими билан тенг”.
Шундан кейин “Фожиа” ҳикоялар туркумини, “Жадид” романини ёздим. Миршариф дониш уларни ўқиб, мақтаб турди.
Савол: “Ўйлаб кўрсам, табиатга ҳеч қайси авлод биздай кўп зуғум ўтказмаган, катта зарар етказмаган экан. Мен келажак авлоднинг оёғига бош қўйиб тавба тазарру қилишга тайёрман!” деган эътирофингиз бор ёзувларингиз ичида. Бир вақтлар Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида хизмат қилгансиз. Бу хулосага ўшанда келганмисиз? Ҳозирда экологиядаги муаммоларни бартараф этиш борасида маълум ишлар қилинмоқда, албатта. Лекин қилинганидан қилиниши керак бўлган ишлар кўпдек.


Жавоб: Бундан икки йил муқаддам Ҳиндистон саёҳатида бўлгандим. Ўтлоқ орасидаги коттежга жойлашиб олганимиздан кейин, ҳинд маъмур рус тилида қийналиб, мабодо хонага илон ёки калтакесак кириб қолса ўлдирмаслигимизни илтимос қилди. Телефон қилсак, ўзи кириб, уларни чиқариб ташлашини айтди. У билан гаплашгим келди. “Ҳамма меҳмонларни шундай деб огоҳлантирасизларми? “Йўқ, Оврупо, Америка қитъасидан келадиганлар буни билишади. Араблар ҳам уволдан қўрқишади. Бошқаларни огоҳлантирамиз”.
Бу рўйхатда бизнинг мамлакат ҳам борлигини фаҳмлаш қийин эмасди. Ҳиндистонда ҳатто магистрал кўчаларда ҳам сигирлар, маймунлар эркин юришади. Ҳинду бизга нисбатан анчайин қашшоқ, дунёбинлиги ҳам ҳамин қадар, аммо табиатга озор етказишда Худодан қўрқади.
Мен Европадаги талай мамлакатларда бўлдим ва уларнинг табиатга эҳтиромларини кўриб ҳавасим келди. Халқимиз ҳақида гап кетганда, мақтанишни хуш кўрамиз: “Энг меҳнаткаш, энг меҳмондўст” ва ҳакозо. Лекин одамларимизнинг экологик маданияти жуда паст. Мисоллар келтираман. Жомбой ҳудудида “Зарафшон” қўриқхонаси ташкил этилганидан хабардорсиз, албатта. Бу ерда, жумладан Жаҳон қизил китобига кирган қирғовулларни кўпайтириш йўлга қўйилди. Улар ҳимояга олингач, тез кўпайди ва қўриқхонадан ташқарига учиб чиқабошлади. Бу яхши ҳол эди: шу тариқа жониворлар бошқа ҳудудларда ҳам кўчиб, кўпайиши каромат қилинганди. Аммо ундай бўлмади. У ердан чиққан қушларни ўққа тутишга киришишди. Милтиқлар тортиб олингандан кейин ҳам тўр, тузоқ ва калтаклар билан беаёв овлашмоқда. Бир тишлам гўшти учун.
Бундан ўн йиллар чамаси олдин қиш қаттиқ келди, тоғларни қор босди. Озуқа тополмаган оҳу, жайрон, сайғоқлар нажот излаб қишлоқларга тушабошладилар. Аксар қишлоқларимизда уларни тутиб, кучга киритишди, семиртиришди. Кейин... сўйиб ейишди...Мен бунга гувоҳ бўлдим.
Мустақиллик эълон қилинишидан олдинроқ республикамизда Табиатни муҳофаза қилиш қомитаси тузилди. Каминани мазкур ташкилотга тарғибот бўлимининг мудири сифатида ишга қабул қилишганди. Қўшни хонада эса овчилик бўлими жойлашган бўлиб, у ерга милтиқ кўтарган талай кишилар кириб чиқишарди. “Табиатни муҳофаза қиладиган идорага овчилар керакми,” деган фикр эса менга тинчлик бермасди. Уларнинг бўлим мудири билан гаплашдим. “Кўпайиб кетган жониворлар, масалан, бўри, шоғолларни ким тартибга солади; ов муддатини ким белгилайди” деди у. Тўғри, бўри, шоғол кўпайиб кетса, уларни камайтириш керак. Аммо бунинг учун тараққий этган мамлакатлар сингари бу жониворларнинг сонини тақрибан билиш керак-ку. Бунақа ҳисоб-китоб эса бизда ҳозиргача йўқ. Ов муддатини белгилаш учун бунчалик кўп одам керак эмасдир. Янги йил арафасида овчилик бўлими ходимларга совға тайёрлашганини айтиб қолишди. Чиқиб қарасам, юк машинасида ўққа тутилган талай сайғоқлар, шунингдек, жайронлар, оҳулар қалашиб ётарди. Ходимлар талашиб-тортишиб, ўзларига тегишли улушни машиналарига ортишарди. Кейин, мен бу идорадан кетдим.
Савол: Таниқли адиб Нусрат Раҳмат ҳақида гап кетганда унга публицист, ёзувчи, журналист деган тариф берилади. Битикларингизда асли агроном эканлигингиз бот-бот такрорлаган бўлса-да, аксарият Сизни адиб сифатида тан олишади. Қишлоқ хўжалги соҳасида беш йил ўқиб, нима топган ва нима йўқотилганини ҳеч ўйлаганмисиз?
Жавоб: Мен ҳаммаси бўлиб, олти ойгина агроном бўлиб ишладим, холос. Ундан кейин талай ташкилот, корхоналарда хизмат қилдим. Тан оламан: қўнимсизман. Аммо ана шу қўнимсизлик менга жуда кўп нарсалар берганлигини ҳис қилганман.
Савол: Эртага матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Шу муносабат билан кўп сонли ҳамкасбларингиз қатори Сизни ҳам табриклаймиз. Узоқ йиллар журналистика билан шуғулландингиз. Соҳага алоқаси бор инсон сифатида даврий матбуотга нисабатан муносабатингиз ўқувчиларимизни қизиқтириши шубҳасиз. Умуман, бугунги газеталарнинг ютуғи ва камчилигини нималарда кўрасиз?
Жавоб: Газета ҳаётимизнинг кузгуси бўлиши керак. Биз муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида кўпроқ ёзишимиз зарур деб ўйлайман. Журналистларимизнинг дилларида анчайин қўрқув борга ўхшайди. Матбуот ва адабиётимизнинг жозибадорлиги ана шу қўрқувни енгиш билан боғлиқ.
Савол: Сизнинг ҳар хил қошиқлар йиғишга қизиқишнгизни биламиз. Билишимизча, уларнинг сони икки юздан зиёд. Лекин, нега, айнан қошиқ?
Жавоб: Сиз менинг ёғоч қошиқлар музейимда бўлганингиздан кейин бу саволга жавоб топган бўлсангиз керак, деб ўйлагандим. Ёғоч қошиқ фақат ошхона ашёси эмас, санъат асари ҳам. Одамлар темир қошиққа ўтиб кетишди. Дунёдаги талай халқларнинг санъат асарлари сифатида баҳолаш мумкин бўлган қадимий ва ноёб қошиқларни сақлаб қолиш миссиясини тақдир менинг зиммамга юклаганга ўхшайди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий