Абдулла Қодирий “Ўтган кунлар”ни шу
кеча-кундузда ёзса, унинг муҳокамаси тахминан
қуйидагича бўларди.
ЁЗУВЧИ. Инимиз Абдулла Қодирий яхши ният билан роман
ёзибдилар. Аммо роман қоралаш учун ниятнинг ўзи кифоя эмас, албатта. Ўзим ҳам
роман ёзганча қанча ҳикоя, қиссалар эълон қилганман. Чехов бир умр роман ёзишни
орзу қилган, лекин ёзолмаган. Мен гапни чўзиб ўтирмайман. Тан оламан: қўлёзмани
тўла ўқиб чиққаним йўқ, аммо бодрингнинг тахирлигини билиш учун уни ҳаммасини
еб кўриш шарт эмас. (Залда кулгилар) Аввало авторнинг ўзига Жулқунбой деб
тахаллус танлагани менга ўтиришмай турибди. Жулқунбой
(Залда кулгилар). Бизда костюм, шими йиртилиб юрган кишини жулқунбой дейишади.
Лекин бу киши... Майли, гап тахаллусда эмас. “Мавзуни мозийдан, яқин ўтган
кунлардан, тарихимизнинг энг кир, қора кунлари бўлган кейинги “хон
замонлари”дан белгиладим” дейди. Ўртоқлар, ўтмишни шунча йил қоралаб келганимиз
етар. Биз ўтмишни ҳурмат қилмасак... Яна
тишга тош бўлиб тегадиган жой. Қўлёзманинг иккинчи саҳифасида Отабек кекса Ҳасаналига:
“Бизга чой қайнатиб беринг” дейди. Бизнинг ўзбекда кексаларни жуда ҳурмат қилишган,
ўртоқлар!
Хуллас, Абдуллажон асари устида жиддий
ишлаши керак. Майли, мен ҳам бир китобимни тақдим этаман,
бундан характер яратишни ўргансин.
ТАНҚИДЧИ. Бу асар онгимиз ва ақлимизга
маънавий озуқа бераоладими? Бу саволга “ҳа” деб жавоб қайтариш қийин. Қандай
ёзиш керак, деб эмас, қандай ёзмаслик керак, деб савол берилса, ҳеч иккиланмай
шу қўлёзмани кўрсатиш мумкин бўлур эди. Бу бир сентиментал қисса бўлиб,
ёзувчининг “мен”и индивидуаллик касб этмаган ва концепция жиҳатдан оқсоқ. Асар
ўртасидан ўтган “қизил ип” гоҳида сунъий. Муаллиф ўзича феодал давр инқирозларини
интригалар билан чизади. Хроникал фактлар, ўзгача қилиб айтсак, рационал мағз
реалистик картинага айланмайди. Абдулла Қодирий Мустақиллик мавзусини,
Орол муаммосини, миллатлараро муносабатларни ҳам атайлаб четлаб ўтади. Бундай
асар китобхон дидини ўтмаслаштириб қўяди.
НАШРИЁТ МУҲАРРИРИ. Автор қўлёзмани
бултур олиб келган эди. Жой йўқ, десак ҳам қолдириб кетди. Мен ўқиб фикрларимни
айтганман, лекин бу кишига тушунтиролмаяпман. Бир эмас икки бор ички тақризга
бердик. Асар ижобий баҳо ололмади. Бу йил қоғоз миқдори уч ҳисса қисқарди.
Бултур туширган қўлёзмаларимиз босилмай турибди. Ўнта названияни келаси
йилга ўтказишга мажбур бўлдик. Комитет
фойда бермайдиган китобни чиқарма деяпти. Бу кишига спонсор топинг, десам, “спонсори нима”
дейди. Ахир, ўн миллион сўмни ёнимдан
тўламайман−ку. Шунинг учун илтимос: расмиятчилик бўлса ҳам қўл кўтариб,
протоколни тасдиқлаб берсаларинг. (Ҳамма қўл кўтаради).
Комментариев нет:
Отправить комментарий