четверг, 7 октября 2010 г.

Московдан номалар

Нўмир 1


Ушбу номаи безабонни узоқ Москов шаҳринда мусофирчилик ситамин тортиб турғон Абу Найнав ибн Махсум ва дағи Калваки Самарқандийдан деб биладурсизлар. Каминани инчунин Калвак Махсуми Маҳалла деб ҳам атайдурлар.Боиси - Самарқанд илкиндаги деҳамиз Маҳалла аталур ва хусусан шаҳарликлар мардумларимизни андак афанди. анди билиб. латифа тўқумоқни хуш кўрурлар.
Аллоҳу таолога ва боз Муҳаммад ибн Алайҳиссаломга минг қатла шукроналарким, аларнинг муборак паноҳларида сиҳат-саломат рўзгургонлик қилиб юрибдурман. Илло, ҳеч нарсадан зориқиш йўқдур; яккаю ягона муҳтожлик гўдаклар ва қавмларнинг дийдорларидур. Зеро, машойихлар (аларнинг руҳини ўзи боқий қилгай) инчунин демишларким, мусофир бўлмасанг, мусулмон бўлмағайсан!
Қисса кўтоҳ, эмди Москов шаҳрин таърифу тавсиф этадурғон ўлсам, анинг бисёр серғалва ҳамда нотинчлигини битмоғим ҳам қарз, ҳам фарздур. Уруссия шаҳарлари арасинда қўҳандур; урусмачитлар (алар черков деюрлар) кунжак-кунжакдан жой олғон бўлиб, савобталаб бандалар ижобат истаб, зўр бериб чўқинурлар, магарким ғайридиндурлар, бисёр хокисор, мўъмин; мурчага озор етказмаслар.
Локинда ножинс милисалари бундан мустасно. Қалпоқ кийганн мусулмонни кўрган заҳоти, занғарлар ақча талаб қилурлар.
Шаҳарда одам бисёр ва аксар тижорат бирла банд.. Хаёл қилурсанки, замин ёрилган-у, бандалар юзага чиққан. Тупроқ тагинда ҳам равон йўллар бордурки, аларни, метро, деюрлар. Кўрмушнинг кавогидай чор тарафга лахмча қилиб кавлаб кетаверганки, поёни бесарҳаддур. Яқо тутиб, ё навзанбиллоҳ, демоқдин ўзга имкон топмагайсан.
Алқисса, Москов сафаридан муддао хусусинда.
Якчанд хешбаччалар, қавмлар, жиянлар бу шаҳри азимга ақча топмоқ умиди бирла келғон эрдилар ва аларнинг рўзгурзонлигидан хабар олмоқ, каминага иншооллоҳ, ҳам фарз, ҳам кори савоб эрди.
Эмди хобгоҳим хусусинда экки оғиз калом. Ул шаҳар илкиндаги ғарибгина мусофирхона бўлиб, мисли кафтархона, бандаи мўъминлар кириб-чиқиб ётурлар. Каминаи камтаринни еттинчи қаватга чиқориб, катакдек уйчани лозим кўрдилар. «Пажалиста» деди, хизматчи хотун калит тутқозиб. Ман ҳам хушодоблик таомилини бузмай «спасиба» дедим: бисёр сарафроз ўлди. Хобгоҳга экки каравот қўйилган бўлиб, (авахтага ўхшаб) таҳоратхона-ю, ҳожатхона ҳам ушбу катакдадур. Пастга назар солсам, одамлар бамисоли мўрча – зир-зир югурурлар.
Андак нафас ростлаб, катта жиянга сим қоқдим.
Бу балага таъриф берадурғом ўлсам, бисёр хушқомат, хуштакаллуф. Якчанд забонда гуфтигў қилур. Деҳамизда катта ўй қурдурди, бала-чақаси фаровон. Боз, қишлоққа бот-бот туй-ю, зиёфат ҳам берур. Кисса кўтоҳ, дам ўтмай пайдо бўлди ва бадаз салом-алик:
- Тағо, бу ерга ётмоқ сизга ножоиз – ўйга кетурмиз,- деди.
Одоб юзасиндан андак тархашлик қилдим ва бад унга эргашдим. Чорчархамиз шиддат бирла қибла тамон юриб кетди. Юравердик-юравердик, бир маҳал дарахзор арасинда бир қасри Жемшед юз кўрсатди. Экки занги дарбон таъзим бажо айлаб, эшик очдилар. Ҳавли бисёр ораста бўлуб, фаррошу, малайлар бизга таъзим қилурлар эрди. Меҳмонхона-ю, дастархонни мақташга тил ожиз, Дунёда хар неки неъмат бор, бунда муҳайё эрди.
Гапзанондан аён ўлдики, бу мулк жиянга эмас, бир бевазанга тобе экан.
- Хуш жиян,- савол айладим, сан бу даргоҳда нима юмуш қилурсан – қаравул-у боғбонга ўхшамайсан...
- Тағо, бунисини сўраманг,- деди ҳижолат тортиб.
- Гапур,- авоз кўтардим,- буни билмоқ учун келдим.
-Жиянингиз ору асалнинг эркаги,- деди хавотир ила.
Аён ўлдики, бу баланинг ягона юмуши шу бевазан бирла ётмоқ экан. Бу нопокликдан жоним ҳалқумимга келди.
- Иби, иби,- дедим, о бизнинг зоту-зурёддан ҳолигиси билан пул топадурғон ҳанги чиқмаган эрдику!
- Тағо, пул топмоқ уётми,- деди бош эгиб.
-Тағо дема,- зарда қилдим,- сандак фалокат жияндан воз кечдим!
Бад аччиқ қилиб, этак қоқдим ва чиқиб кетдим.
Вақти шом хобгоҳимни ихтиёр этиб, бисмиллоҳ, дея остона ҳатласам, не кўз била кўрайки ҳамсоя каравотда бир муғулбашара, ҳирстабиат, махлуқсуроб одам нимлуч бўлиб ётибдур. Бефаҳмликни кўрунгки, на салом бор-у на алик. Э санга одоб ўргатганнинг зорини... Ҳамширағар! Гирдидан нари ўтдим, бери ўтдим – мисли мурда садо бермайди денг. Бадазон дедимки, кел шу занғарни бир гапга солай – не дарди бордур? «Как дела?» дедим ҳолпурслик ила. У шукрона изҳор қилди, экки кунлик юмуш бирла сафари Москов ихтиёр этганини аён айлади. Исми-шарифи Александр аталмоғини айтгач, Искандар деб атамоққа ижозат сўрадим. Бетавфиқ рози ўлди. Боз Узоқ Шарқдин неча шабу рўз йўл юрғонини, бисёр мушкулларга гирифтор бўлғонини изҳори дил қилди.
Аммо-лекин, бу алвастисуроб шундоқам хурраккаш чиқдики, то саҳар мижжа урган бўлсам, харна бўлай! Во, ҳиқилдоғинг кесилгур! Во овозинг ўчгур! Сизларга ялғон, худога чин – зорағарнинг хуррагидан хона ларзага кирар эрди. Нохуш овози аввал ҳирсга, бад ҳўкизга, палангга менгзар, аларга тақлид қилур эрди. Хурракашликни шу тариқа авж пардага кўтариб, бадазон тўп отқондек, «пақ-пақ» қилур эрди. Ҳаромининг авози бир фурсат сўнар ва дилим таскину фароғат топар эрди. Локинда бу шодлигим кўпга бормас, дақиқа кечмай, ул бетафқиф боз садо берур эрди.
Вақти саҳар ул барзангига дедимки, бу қандоқ ҳамхоналик бўлдики, шаби дароз каминага озор етказдинг?! Хижолат чекди дедики: Фақирни авф эт! Боз дедики, пишакдек жимгина ётур эрдим, валекин бунинг учун бир қултум оби зам-зам. яъни майи ноб зарурдир. «Жавоб айладимки: Айтганингни пайдо қилурман, каминани уйқудан бенасиб қилмасликка онт ич». Ҳаромивачча бу суханни эшитиб, бо мисли қўйган калла кулди, бадазон бисёр қасамхўрлик қилди.
Эртаси қўлтуғимдаги ҳишшани кўруб, ғайридиннинг кўзи ўйнаб кетди. Қўлларимни ўпди, аёғимга йиқилди. Бир пиёла тўлдуриб, айтдимки: «Буни заҳру маҳрингга ичгин-у, ўлукдек бўлиб ёт!» Боз қасамхўрлик қилиб, дедики: «Санга озор етказсам, ичгоним ичимга кетсун!» Мисли ташна туя бир қултум қилди-ю, айтдики; «Сан ҳам андак «попробуй». Жавоб бердимки: «Тоат-ибодатимни бир пул қилма!» «Андоқ бўлса, деди, тағин бир мисқол тўк, ман ётурман». Бажо келтурдим. Бадазон зум кечмай савол бердиким: «Ты меня уважаеш?» Бу ҳирсбашара, нокасни ҳурмат этмоқ фақир учун ҳўкизга илтифот кўрсатмоққа борабардур. Валек муросаи мадора дегонларидек, бош кўтармай: «Иззат қилурман», дедим. «Ундоқ бўлса, бамисли меҳрибон ҳамтабақлар ўпишурмиз», деди. Айтдимки: «Эй Искандари девона, нари кетки, жаҳлим тез, муштумим бозарбадур». «Майли, деди, истасанг ман ғарибни ур, аёқинг тагига ол, локинда бир пиёла гулобингни дариғ тутма». Ҳай, сан баднафснинг жиғилдонинг тешилсун. Боз бир пиёла узотдим. Фурсат кечмай, ўзи ҳам ором олмай ва каминага ҳам ҳаловат бермай, мисли маймун қилиқлар қилиб, тархашлик кўрсатди. «Во сани ҳолангни... дедим жаҳлга миниб, маюс ўтурмасанг, башарангга солурман сан гарданшикастанинг!» Бадазон ул бефаҳм сукут қилди, бечораҳол бўлуб кўзига ёш олди. Бунга ҳам тоқати бардош бермай, дилхун бўлиб йиғламоққа киришди. Ўзум ҳам бисёр ноўнғайлик чекдим. Худои таоло дилимға раҳму шафқат солиб, савол бердимки; «Эй ҳамхонаи ғариб, нечун дилхунсан?» Жавоб бердики: «Дарди дилим беҳаду беҳудуддир!» Дедим: «Изҳори дил қил – енгил тортурсан». «Дедики: «Сардафтаримни кўзламоқ бўлсанг, май узот. Дигар йўл йўқдур». Узоқ мулоҳаза қилдим ва садқаи сар қилиб, бир пиёла май узотдим. «Локинда, дедим, эмди каминани саргардон қиладурғон ўлсанг, онаизорингни Учқўрғондан кўрсатурман!»
Ичди, бетавфиқ! Энди десанглар, бу нокаснинг нохуш қилиқларини бирма-бир тасвир этмоққа қаламим ҳам номус қилур. Девона мисол қаҳ-қаҳ отур, овоз қўйиб ашўла айтур ва зум ўтмай кўз ёши тўкиб қолур эрди. Парво қилмадим, дедимки: «Баттар бўл, баччағар!» Бад дедики: «Эй ҳамхонаи саховатпеша, бир қулоч чилвирму, арқонму топилурму?» Дедим: «Ушбу буюмларга не ҳожат?» Жавоб айладики: «Ўзимни осурман – токи бу дунёи бақаламўннинг беҳад азобларидан фориғ ўлай!» Дедим: «Девона бўлма! Иншооллоҳ, тириклик шукрини қил». «Йўқ, ман, тирик мурдаман, надомат чекди, занғар, бундоқ ночор рўзгурзонлик этмоқдин кўра савуқ гўрда ётмоқ устундир!» Ул десам, бул деди, бул десам, ул. «Ихтиёр ба дасти Бахтиёр, деди бир муддат фурсат кечгандан сўнг, магарким арқонни дариғ тутсанг, ўзимни тиризадан отурман!» Дилимга ўт тушди, фикр айладимки, бу ... фурўш бир кори-хол қилса, маломатга қолмагайманму?! Қавму қариндоши, хешу-ақрабоси, гўдаклари бордур – қақшаб қолмасунлар. «Искандарқул, дедим, ҳишшадаги манабу сабилнинг юқини ютгил-у, хоби ғафлатга кет!»
Мурдор ичди, локинда хомуш бўлмади. То саҳар ҳар на балолар деди, қилиқлар қилди. «Эй карами олам, дейман, дард чекиб ўзумча, бундоқ азобларинг ҳам бор эрдими-у?!»
Саҳар чоғи падарлаънат ҳушёр тортди. Гина қилиб, дедимки: «Мани дилранж айладинг». Бош эгиб, айтдики: «Извини, земляк!» Бадазон паноҳи худо қилдик.

Давомини, иншооллоҳ битурман,деб қўл қўйдим. Илон йили, чилла. Бегохи жума
л

Комментариев нет:

Отправить комментарий