понедельник, 19 февраля 2024 г.


 

ОГОҲ БЎЛИНГ, МИНА МАЙДОНИ! * Яқин тарих яралари* Саксон ёшда ёзганларим* Гул ва ажал*

 

                                   

          Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларига келиб, мамлакатимизда иқтисодий аҳвол анча оғирлашиб қолди. Яшаш, нон топиш ваҳимаси пайдо бўлди. Оиламизда  хавотир ошиб,Тошкентдан Самарқандга кўчиб келдик: бу ерда томарқа бор эди, асалари боқиб ҳам ризқ топса бўларди.

   Мен асалари қутиларини кўпинча Ургут, Бахмал тоғлари пойига олиб борардим. Тоғлар тепасига мина қуйилган бўлиб,подачилар, чўпонлар молларни бу хавфли ҳудудга киритишмасди. Асалари эса минадан чўчимай, нектар таширди. Мол ораламагани боис ўт-ўлан ҳам, гул ҳам сероб эди.

  Ургутнинг Қатағон деган қишлоғида чегарачи ҳарбийларнинг штаби бўларди. Ундаги аскарлар чегараларни жангарилар, нашапурушлардан ҳимоя қилиш учун навбатчилик қилишпрди.

   Мен улар билан суҳбатлашишни хуш кўрардим.

 “ Аввал бошқа зонада турардим, деб ҳикоя қилди қашқадарёлик йигит. Мина қўйилган майдонга бир баллоснинг (барлос демоқчи) сигири кириб, минани босибди. Жониворнинг  орқа оёғи узилган, ўзи тирик қолганди. Зорланиб маърайди, денг жонивор. Эгаси: олиб бер, ҳеч бўлмаса сўйиб еймиз, дейди.

  Бундай қилишим мумкин эмасди. Тошкентдан мутахассис келиб, схемага  қараб, олиб бериши керак эди. Ҳалиги одамнинг аёли жанжал кўтариб, гирибонимдан олди. Кейин, хавфсизлик учун, мени у ердан олиб, бу штабга ташлашди.Командиримиз  фарғоналик; жуда яхши одам: фақат аскарлармас, қишлоқдагилар ҳам яхши кўришади...”

   “Ҳарқалай, одамлар адашиб, паласага ( мина ётқизилган жойлар) киришмаятими”, тергаб қўяман.

воскресенье, 4 февраля 2024 г.


 

" МЕН КАШФ ЭТГАН ҲИНДИСТОН"

Салобатли Тож Маҳал ёдгорлигидан чиққач, таржимонга илтижо оҳангида юзландим:

“Бу шаҳарга бизнинг бағоят шакаргафтор шоирамиз Зебунисо қабрини зиёрат қилиш умидида келганман.

" У - бизнинг шоирамиз, деди, таржимон жавобан, чунки бир умр Аграда яшаб, ижод этди".

"У - башар шоираси, томирларида турк ( ўзбек) қони оқади, форсий забонда ёзди. Демак, Зебуннисо-- ҳинд фуқароси, турк фарзанди, форс тожик шоираси, дедим, андиша билан. У малак - бизнинг жигаримиз!

У кулди, аммо ҳафсаламни ҳам пир қилди. " Шоира Аграда яшаган бўлсада, Деҳлида дафн этилган".

Деҳлида бўлганимда ҳам, унинг қабрини суриштирган , аммо кўплардан мантиқли жавоб ололмаган эдим.

Ўксиб кетдим ва бу орзу дилимда армон бўлиб қолди.

Азиз ватандош! Мабодо, йўлингиз тушиб, Деҳлига бориб қолсангиз, унинг руҳини шод этинг. Ўзи ёзганидек “ Шоҳ қизи бўлса ҳамки, умри ёлғизликда, изтироблар билан ўтган” нуқтадон соҳибжамолни унутиб юбормайлик!

Илтимос!!! Ота юртдан биров келмади, деб ўксимасин, муштипар...

* * *

Саёҳатим ҳақида батафсил ёзганман. Ҳаволамга кириб,(nusratrahmat.blogspot.com) "Ўзбекча солнома" бобидан 2013 йил постларига қаранг

 

понедельник, 29 января 2024 г.


 

 

                          “УРУШНИ ЁМОН ОДАМЛАР БОШЛАЙДИ”...

    Мен, фашист босқинчилари ҳужумидан ўн кун ўтиб, дунёга келганман.  Урушнинг машъм уқубатларига эса ақлимни танибоқ, юзма-юз бўлабордим.

   .Шаҳарда яшардик, у  замонлар. Ойим билан эрталаб  дўконга чиққанимизда,  нон  ваҳимасига дучор бўлган умидвор ва афтодаҳол одамларни кўрардим.   Бир бурда  қора буханка фақат нон карточкаси бўлганларга  бериларди. Ойим камзулларининг ички чўнтакларидан қоғоз чиқариб, дўкончига узатардилар. У катта пичоқ билан буханка нонни ўртасидан чаққон кесиб,  тарозига қўяр, сўнг ойимга узатарди. Ойим иккаламиз, оч баччағардан, қоч баччағар, деганларидек,. минг бир  хавотир билан ортга қайтардик.

   Ғалабадан кейин фронтдан бўшаган автомобилларни колхозларга тақсимлашди, Ургутдаги. *Шарқ юлдузи” колхозига берилган “ политурка”ни дадам  ҳайдайдиган  бўлдилар. Биз ҳам ўша ерга кўчиб бордик.

    Илк бор мактабга бориб, муаллимизнинг бир оёғи ёғочдан эканлигини  кўриб қолдим. Бу, мен учун.  жуда  ғайриоддий, ўта нотабиий  бўлиб туюларди . Аммо у киши жуда меҳрибон, ғамхўр  эди.

   Урушга бўлган  нафрат ўшандан бошлаб шаклланган эди мурғак қалбимда.

   Дастлабки шеърларимдаёқ урушга бўлган нохуш муносабатимни  қоғозга туширганман.

 

 

 

ЁҒОЧ  ОЁҚ

Ёғоч оёқ ғичирлайди,
Ғичирлаб хазин-
Одамларга баён этар,
Серҳасрат арзин:
“Мен садақайрағоч эдим бир замон
Она ергинамнинг чайир ўғлони.
Чорак аср аввал кесиб беомон,
Кесилган оёққа улашди мани
Чорак аср мадад бўлдим-у, аммо,
Оёқ бўлолмадим, бўлолмайман ҳам.
Чорак асрдирки, менга муаммо:
Мажруҳ этар нечун одамни одам,,,

 

ЕР ВА ОДАМЛАР

 

-Ким юзинг қуёшга бурди, она-Ер,

Ким сенга мангулик берди, она-Ер

Ва илк бор кўз ёшинг артганлар кимлар?

-Одамлар!

-Ким у сени боқиб, бахтини топган,

Ким у табаррук, деб тупроғинг ўпган.

Содиқ тақдирдошинг-қуёшинг кимлар?

-Одамлар!

-Айтгин, ким аҳволинг аянч этмоқчи,

Нуроний онани топтаб кетмоқчи

Ва дўзах этмоқчи бағрингни кимлар?

-Одамлар!

-Она-Ер, наҳотки йўқ халоскоринг,

Наҳот кул бўлади гулдек рухсоринг,

Айт, ажал олдини тўсолур кимлар?

-Одамлар!

 

ОНА-ЕР

 

Агар гуноҳ қилса одамлар,

Ларзага кирармиш она-Ер.

Тупроққа қон тўкилган дамлар.

Сесканиб  кетармиш  она-Ер.

Тириклар тинчланинг, бағримда ётган

Марҳумларнинг бузманг ҳаловатин, деб

Безовта бўлармиш она-Ер,

Илтижо қилармиш она-Ер…

             

АФСОНА

 

Ривоят қилурлар: ўтган бир замон,

 Ўлимга буюрмиш ўз навкарин хон;

 Навкарнинг ҳамқишлоқ дўсти ўша он,

 Хонга таъзим қилиб, дебди: “Эй, султон,

 Уни озод эту мени эт қурбон;       

Унинг онаси бор, қон ютмасин, қон!”

 

Шоҳ мардлик олдида бошин эгибди,

Икки навкарни ҳам озод этибди.

 

ХИЁНАТ

 

Ногоҳ болта ботди чинор жисмига,

У дардли ингради, тўкди аччиқ ёш.

Ажаб, саботининг йўқ эди чеки,

Худди метин эди ундаги бардош?!

 

Болта сопин таниб, чекканди қайғу,

Ахир, ўз шохидан бўлган эди у.

 

  Эрнест Хемингуей: “ Урушни ёмон одамлар бошлайди, унда яхши одамлар ўлади” дейди.

   Тағин бир донишманд: “Инсон минг йиллар давомида ўлкан тараққиётга эришди, аммо ақлли бўлолмади,  Агар  ақлли бўлганда, бир-бирининг қонини тўкмасди”, дейди.

 Мен урушни бошламоқчи бўлган ўша ёмон одамнинг ҳам оёғига йиқилиб, бу ақлсизликни  қилма, дейишга тайёр эдим.

                        

  

 

пятница, 26 января 2024 г.

 

МЕН РЕДАКЦИЯДАНМАН

ёки

НОХУШ  МАНЗИЛГОҲ

 

     Мухбирлик - ёзувчи учун энг яхши мактаб. Газета, журнал, телевиде-ние ёки радиода ишласангиз, - касбу кор тақозаси билан қаерларга бош суқмайсиз, кимлар билан мулоқотда бўлмайсиз?!

     Вилоят газетасида ишлаб юрган пайтларимда жасадлар қаторлаштириб қўйилган моргга ҳам; жиннихона, қамоқхонага ҳам кириб чиқишимга тўғри келган.

     Моргга кирганимни эсласам, ҳамон этим жўнжикиб кетади.

         Шифохона этагида жойлашган бу пастқам бино ўша пайтларда жуда хароб бўлиб, пойдеворидаги ғиштлар емирилган, шувоқлари кўчиб кетган эди. Бу бинони таъмирлашди, мармар қопламалар билан зеб беришди, аммо у ҳамон нохуш ва совуқ! Чунки у - морг! Бир шоир бу иборани: "Марҳумларнинг охирги роҳат гўшаси", деб шарҳлаганди. Уни маргхона ҳам дейишади. (Марг: тожикча -ўлим дегани).

         Бинонинг ичи зах, ним қоронғу эди. Марҳумлар никель дасталари занглаб кетган темир кроватларда ётишар, устларига ёпилган оқ чойшаб, кафанга ўхшаб туйғуларингни ғижимларди.

         Дилимни беҳудуд ғусса босди.

         "Зах ва қоронғу жойда  ётқизилган ҳолда сақлансин".

         Муҳтарам ўқувчи! Бу жумлани қаерда ўқиганингизни эслайсизми? У минераль сув шишасидаги ёзув. Ҳар гал ана шу ёзувни ўқиганимда ҳам, негадир лоп этиб, ўша маҳзун манзара кўз ўнгимга келади.

     Турли ёш, миллат, касб-корга мансуб бандалар бу дахшатли "роҳат гўшаси"да ҳеч нима даъво қилмай, асаблари ҳам бузилмай, жимгина ётишарди. Улар орасида инфарктдан ўл(дирил)ган хўжалик раҳбари, ногаҳонда сирли жон берган терговчи, овқатдан заҳарланган корейс қизи, ҳали чимилдиққа кириб улгурмаган келин куёв ҳам бор эди.

         Инсон қисмати нақадар ранго ранг!

         Бу ерда ҳеч кутилмаган оқибатлар билан юзма-юз бўлади, дафьатан ҳушёр тортади, киши. Жумладан, келин билан куёв ЗАГСдан қайтаётиб, автомобил ҳалокатига учрашган экан.  Машина капоти устига ёпилган сўзана узилиб, шофёр ойнасини тўсиб қўйибди. Улар МАЗга бориб урилибдилар....

         Тақдир уларга лоақал ҳаловатсиз бир оқшомни ҳам раво кўрмагани аламли, албатта.

         Ташна кетган лаблар!

         Қониқмаган эҳтирослар!

         Чап томонда бир нечта бўш кроватлар. Уларга "меҳмон" бўладиганлар шу тобда нима иш қилишаётганикин?

         Эҳтимол, қадаҳ кўтаришаётгандир.

         Эҳтимол, бўса олишаётгандир.

         Эҳтимол, дарддан тўлғанишаётгандир.

         Бу ерда занглаган кроват уларга мунтазир.

         Инсон қазо қилганда эса, ўзи билан оламни олиб кетади!

 

                                          *  *  *

 

   Бу - “ Мен редакцияданман” деган китобимдан олинган парча. Китобнинг нашр этилгапнга қирқ йилча бўлиб қолди. У ўшанда анчайин шов-шувларга сабаб бўлганди.

 Асар билан танишмоқчи бўлсангиз, қуйидаги ҳаволамга киришингизни маслаҳат бераман.

              Nusratrahmat.blogspot.com