суббота, 2 декабря 2023 г.

 

ОҚ КАЛАМУШЛАР


Мардикор жувоннинг кундалиги
   
Қирмизи рангли (бунақасини биринчи бор кўришим) «Neхia» ҳайдовчиси кабинадан тушиши билан,  бу ердаги таомилга кўра, бошқалар қатори Барно иккаламиз  унга яқинлашдик, юзимизга табассум суртган бўлдик. Қирқ ёшлар чамасидаги, бўйчан, кўринишидан анчайин пухта, дилкаш бу одам нигоҳи билан бизни бир сидра пайпаслаб чиқди-ю, менга қараб, эски танишлардек яқинлашди.     
- Машинага мин,- деди ярим буйруқ оҳангида «Nexia»си томон имларкан. - Сенбоп иш бор.
- Вой, биз икки киши,- дедим, Барно томон ишора қилиб.
- Бўбди, иккаланг ҳам мин,- деди,  иккита эркак мардикор ҳам олиб келаман.     

   У эркаклар томон  кетди; кабинанинг орқа эшигини хавотирона очишим билан димоғимга дилкаш атир ҳиди гуп этиб урилди;  обдон дазмолланган, доғ тегмаган оппоқ сурп тўшалган ўриндиққа ийманибгина жойлашдик.
- Бу олифта нима иш буюраркан?- қизиқди Барно.   -Пулини ҳам келишмадик…
- Яхши одамга ўхшайди - хафа қилмас,- дедим зоҳирий умид билан.
Машина рулини  шаҳар томон буриб, хўжайин масалага равшанлик киритабошлади.
- Сизлар билан келишмадик-ку,  неча пулдан олаябсизлар?            
- Ихтиёр ўзингизда,- дедим,  сахий одамга ўхшайсиз.  Фақат соат олтига жавоб берсангиз бўлгани: бола-чақа, дегандай, кечки овқат тайёрлаш керак.

 

ГУЛГИР



 
  
  Сўзангарон маҳалласида яшайдиган бу гулгир ( тожикча – томоқдан олувчи) ҳақида кўп эшитгандим, унинг авлодлари ҳам шу касб билан шуғулланишганини билардим. Ҳар гал набираларимнинг томоғи оғриб, меъдаси бузилса, келинларим ўша аёлникига йўл олишарди. Қайтиб келишганда, бола анча тетиклашганига гувоҳ  бўлардим. Лекин шунга қарамай, бу аллақандай алдам-қалдамдай бўлиб туюлар, болаларни яхшиси, докторга элтиш зарур деб тайинлардим. Улар эса бош силкиб маъқуллаган бўлишар, аммо ўз билганларидан қолишмасди.

  Бир куни томоқ, қулоқ ва бурун бўйича анча таниқли олимнинг фикри билан қизиқдим.
   “ У гулгир эмас, пулгир, деди, анчайин тутақиб, мана қаранг, давом этди олим, қизилўнгач акс этган плакатни кўрсатиб, томоқ йўли силлиқ. Хўш, унда қандай қилиб овқат қолади. Тағин: нега ўзбек, тожик боласининг томоғига овқат  тиқилади-ю, русникидан ўтиб кетади. Бари савияга, дунёқарашга боғлиқ”.
  Ҳа, олим мени анчайин ишонтирди, аммо пинҳоний шубҳам ҳам сақланиб  қолган эди. Шунинг учун, кунлардан бирида, зоҳирий андишалар билан гулгирнинг уйига йўл олдим. Бу ерда йигирма чоғли оналар ва бувилар жигаргўшаларини овутиш билан овора эдилар. Болакайларнинг аксарияти инжиқлик қилар; зеро бемор боланинг рафтори сизга ҳам бегона эмасдир. Қаторнинг анчайин олдига ўтиб, боласини кўтариб турган келинчакка эски танишлардек, тожикчалаб сўз қотдим.
 “Нима бўлди, бу йигитчага? Қани менга берингчи”...
  Аёл кўзимдаги хайрихоҳликни кўриб, болани  узатди. Бошқалар, каминани шу келинчакнинг одами, деб ўйлашди шекилли, эътибор беришмади.
“ Уч кун аввал нўхатнинг пўчоғини олдириб кетган эдим, тағин бир гап бўлганга ўхшайди...” Бир бор олса, ўрни из бўлиб қолади, деб эшитгандим”,  жим ўтирмадим. У елка қисди.
   Суҳбатимизга  ўрта ёшлардаги аёл аралашди. “Бу – нотўғри”.  “Сиз қаердан биласиз?” сўрадим  унинг суҳбатга аралашганидан мамнун бўлиб. “Мен ўзим, докторман” қисқа қилди у. “Ундай бўлса нега ўзбек билан тожик боласининг томоғига тиқилади-ю, русникидан ўтиб кетади”,  суҳбатга ҳалиги олимнинг давосини суқдим. “Улар докторга олиб боришади ва тузулгунча уч-тўрт кун вақт ўтади. Бизда бу анъана минг йиллардан бери бор.  Билишимча, боланинг ютиш қуввати суст;  шу сабаб унинг томоғига овқат эмасу, ҳар хил пўчоқлар қолади ва ачиб, микроблар медага ўтади, натижада боланинг ичи кетади”.
   Биз анча олдинладик ва гулгирга  яқинлашдик. У одмигина кийинган, ўрта ёшлардаги аёл эди. Бемор боланинг оғзини очдириб қарар, ташқарисидан ҳам пайпаслаб кўрар ва чапдастлик билан кўрсатгич бармоғини унинг буғзига тиқарди. Тўғри, у ҳар гал қўлини совунлаб ювар, тоза сочиқда артарди, аммо шунга қарамай, бу юмуш менга жўн ва санитария талабларига зид бўлиб туюлди. “Болага олма берганмидингиз, сўради бир аёлдан, ва у маъқуллаб бош силкигач давом этди: мана, пўчоғи қолибди, бундан кейин артиб беринг”.
   Бир маҳал ўрта ёшлардаги аёлнинг ориқлаб кетган, касалванд қизалоғинини ( балки набирасидир) кўздан кечиргач, “Бунинг томоғига ҳеч нарса қолмаган,  духтурга олиб боринг”, деди. “Сизга духтурнинг ўзи юборди, деди мени ҳайратга солиб у, бир ҳафтадан бери ҳеч нарса емайди, кечаси билан йиғлаб чиқади”.  “Каттароқ духтурга кўрсатинг”
   Шу пайт гулгирнинг кўзи менга тушди ва аллақандай шубҳа, гумон аралаш, қайтадан синчиклаб тикилди. Кейин, кутилмаганда, тўпланганларга қараб: “Эртага келинглар, бугун қабул қилолмайман”,  деди.  Бу – нохуш ҳол эди. Аёллар  норози оҳангда илтижо қилишга тушдилар. Гулгир менга тағин бир бор сирли нигоҳларини тикиб,  имо-ишора қилди, шекилли, улар сиру-синоатни тубига етиб,  менга бўлган муносабатларини кескин ўзгартиришди. Ҳамсуҳбатим иддао билан, шоша пиша боласини қўлимдан олди.
  Бу ердан тезрок кетишим кераклигини ўзим ҳам ҳис этдим ва курашда мағлуб бўлган ноумид полвондай орқага қайтдим.
   Аёлларнинг пичирлашлари қулоғимга чалиниб турарди. “Милиса” Не мухбир” Налукчи”
   У гулгирми, пулгирми ҳозиргача аниқ тўхтамга келганим йўқ.
    

вторник, 28 ноября 2023 г.

 

ЗЕРИКАРЛИ ҲИКОЯЛАР.



                                ҒАРИБХОНА


“Кексалар уйида бир муйсафид ўзини осибди. Салласини шифтга ҳалқа қилибди-ю...”
Бу гапни таниш журналист, шунчаки гап орасида айтган бўлса ҳамки, ўша бахтиқаро муйсафид кўз ўнгимдан кетмай қолди. Не ситам ё зулм ўтди экан, шўрлик отахонга? Нега айнан салласига осган?
   Кунлардан бирида,  беихтиёр, ўша даргоҳга йўл олдим. Директор мени хушфеллик билан қарши олди. Анчайин сарамжон- саришта бўлган маънавият хонаси, ошхонани кўрсатди, гулзорларни томоша қилдик. Аммо ўз жонига қасд қилган отахон ҳақидаги ахбороти жуда дудмал бўлди. Келганига атиги уч кун бўлган экан. Намозхон экан, Биринчи куни санитар аёл билан уришиб қолибди, эртаси ўғли келган экан, уни ҳайдаб солибди. Бошлиқ ҳамма иллатни  чолнинг ўзига ағдаришга мойил эканлиги сезилиб турарди. Аммо қалбим ниманидир инкор этарди:  мен  кексалар уйини шунчалик ташқи сувратини кўриб, унинг сийратидан бехабар қолганимдек,  ҳалиги кексанинг ички нидолари, ҳасратлари, ғуссаларидан бехабар эдим.

Мен учун жумбоқ бўлиб қолган бу асрорларни фақат ҳикояда акс эттириш мумкин, деган хулосага келдим. Чунки бу жанр тахминлар, фантазиялар ва башоратлар учун очиқ.

понедельник, 27 ноября 2023 г.

Turkish


 


Kitob nomi: YENİ HİKÂYELER Saqlab olish
Versiya: lotin alifbosida  
Hajmi:  33 Mb      
Fayl tipi: pdf