воскресенье, 17 сентября 2023 г.

БОЯҚИШ МУАЛЛИМ ЁКИ ЭРТАКДАН СЎНГ


  Ҳозирги китобхон анчайин инжиқ, нозиктаъб – у руҳиятга боғлиқ тафсилотларни, табиат тарҳлари чизилган саҳифаларни хушламайди; киноя ёки муаммолар моҳиятига етиш учун бош қотиришни эп кўравермайди. Лекин ҳақиқат ёки чўпчаклигини  фарқлаб бўлмайдиган воқеалар; охир-оқибат, гуёки, адолат зам-зама қиладиган, ўз ибораси билан айтганда: “қизиқ” олди-қочдилар бўлса, шунда ҳам аввал “чўқилаб кўриб”, дилига ўтиришса ўқийди, бўлмаса, телевизор тугмачаларини бирма-бир босиб (ахир, унинг ихтиёрида талай каналлар; бунга компьютер ҳам келиб қўшилди) юборади ва шўрлик ёзувчи не-не умидларда битган қораламалар қўли осилиб, ноумид  бўлиб қолаверади.
         Начора, ёзувчи ҳам бунга қасдма-қасд ўлароқ, ногаҳоний илмоқлар, янги-янги ноанъанавий шакллар, шунингдек, ғаройиб ўйдирмалар, юмор билан йўғрилган эртакнамо ечимлар ўйлаб топишга мажбур бўлади.

    Менинг ушбу қораламам ҳам шулар жумласидандир. Ундан ғоявий хато изламаслигингизни ёки  жилла бўлса ҳам шаккокликка йўймаслигингизни сўрайман.

пятница, 9 июня 2023 г.

ОМАДСИЗЛИК

 Жуғрофий, иқтисодий ва ҳатто, табиий нуқтаи назардан қаралганда ҳам, тақдир жағалвойликларга ўнг қўлини чўзган, дейиш мумкин бўлади. Юқори томон - тоғ, бир тегирмонча сув қишин-ёзин шарқираб ётади. (Баҳорда қутуриб, йўл, кўприкларни вайрон қилиши нохушроқ, албатта). Бу ёғи шаҳарга ҳам яқин. Қишлоқдан бирор чақирим пастдан эса икки  вилоятни бир-бирига боғлайдиган шоҳкўча ўтади.

Шуларни ҳисобга олиб, жағалвойликларни тоғ ҳам, шаҳар ҳам боқади, дейишга асосимиз бор. Шўролар даврида қишлоқ гоҳида ўрмон хўжалигига, гоҳида колхоз ҳисобига ўтиб турган бўлса ҳамки, тирикчилик тарзи қўшнилардан фарқ қилмаган ҳолда, ички бир қонуният асосида кечди. Бу йиллар давомида қишлоқ ёнбағирликдан, анча пастга тушди, уй ва ҳовлилар сатҳи кенгайди, томлар шиферланди, хуллас,  цивилизация деган «меҳмон» дарвозаларни таққиллатмай қолмади-ки, буларни санаб ўтириш ортиқчадир.
Қишлоқ аҳлини узоқ йиллар давомида тоғ боққан -  молларини ёнбағирларда ўтлатишган, қишлик озуқани ҳам тоғдан ўриб олишган. Фақат шу эмас: баҳорда ревоч, лола; ёз бўйи тоғрайҳон, бўзноч, бўйимодарон, маврак сингари доривор гиёҳлар йиғишган; кузда  писта, бех, тоғпиёз деганларидай…
Йилдан-йилга  бу неъматлар камайиб кетаётганлиги сабаб, ҳозир аксар ёшлар шаҳардаги корхоналарга, мардикор бозорига боришади; катта йўл бўйидаги ошхоналарда ишлашади; Қозоғистон, Россиядан нон топиб келаётганлар ҳам анчагина.

понедельник, 29 мая 2023 г.

ШАФФОФ ШАБНАМЛАР

 Бу йил қалдирғоч ҳаммомга кирадиган даҳлизчада, лампочка устига ин қурди. Уни ҳуркитиб юбормаслик учун ҳамма эҳтиёт чораларини кўрдик: эшикни ёпилмайдиган, лампочкани ёнмайдиган қилиб қўйдим. Набираларга алланималарни қайта-қайта тайинлаган бўлдим.

  Гап шундаки, икки йил илгари айвондан жой танлаб, иннинг ярмини тиклагач, ғойиб бўлиб кетишган эди. Уларни нимадир ( мушук, илон, хакка) қўрқитганди чамаси. Биз надоматлар чеккандик.

четверг, 25 мая 2023 г.

“ҚОЧИНГЛАР, СЕЛ КЕЛЯБДИ!”...

             

   Мухбирлик йўлидаги мулоқотлар, тасодифий воқеалар тўғрисида 1987 йилда,  катта тиражда (40 минг нусха) чоп этилган “Мен редакцияданман” деган китобчамда сўз юритганман. Бу асар кейинчалик “Мен мухбирман” номи билан ҳам нашр этилди.
   Аммо “Фарзандга ўгитлар” китобимда ҳам журналистик  саргузаштларини четлаб ўтмаган эканман.
      Улардан бирини эътиборингизга ҳавола этгим келди.
                                     *  *  * 
У пайтлар республика газетасининг Самарқанд, Бухоро вилоятлари бўйича мухбири бўлиб ишлардим. Баҳор эди. Ургут
қишлоқ хўжалиги бошқармаси вакили билан Омонқўтон қишлоғидаги янги қурилишларни кўргани бораётгандик. Катта кўча тоққа бориб қадалган жойда биз чап томондаги сойликка бурилдик. Икки томонда баланд тоғ, ўртада дарё, унинг соҳилида эса бир машина аранг сиғадиган йўл. Бу йўл ҳам гоҳида дарёни кесиб ўнг ёки сўл томонга ўтиб туради. Эскигина "Виллис" зўр бериб юқорига ўрмалайди, гоҳида кабина ичи тутунга тўлади. Шеригим ана шу сойликда курилган замонавий пиллахона, маиший хизмат уйи ҳақида, уларнинг лойиҳа–сметаларини ҳал қилишда шахсан каттанинг хизмати хусусида ҳикоя қилади. Мен эса қаршимдаги ўў чўққига бостириб қўйилган беўхшов телпакка ўхшаш қоп–қора булутнинг ғайри-табиий қуюқлигидан ажабланаман. Уфқда чақмоқ ялтираганини кўраман, момоқалдироқ овозини эшитиш илинжида сукут сақлайман.
Моторнинг зўриққанини сезди, шекилли, ҳамроҳим машинага тормоз берди, сўнг эринмай тушиб, радиаторга сув сепа бошлади.