пятница, 12 мая 2023 г.

 

ПОНЕДЕЛЬНИК, 13 ИЮЛЯ 2020 Г



                                Қўлда қалам билан...

                                                 Мунофиқлик
   Вилоят газетасида ишлаганимда руҳий касалликлар шифохонасидан тушган шикоятни текширгани боргандим. Ҳовлидан ўтиб кетаётганимда, юқори қаватдан бир қиз менга мурожаат қилаётганини фаҳмлаб қолдим ва хавотир аралаш унга қарадим. У менга нафрат билан қараб турарди
  –  Болтавой, сан номардлик қилдинг, деди у.– Мени алдадинг! Сочларимни силардинг, қара, ҳаммасини олиб ташлашди.
   Болкондаги қиз-жувонлар бир хил либос  кийган ва ҳаммаларирннг сочлари олинган эди. – Бир кунмас-бир кун мени излаб келишингни билардим...
  Мен ҳижолат тортдим, негадир хавотирим ошди ва қадамимни тезлаштирдим.
  Бош врач ўринбосари билан шикоят хати юзасидан гаплашаётганимда, жиккакроқ бир эркак келиб, менга сўз қотиб қолди.
  – Ака, одамлар бу ерни жиннихона дейишади. Бу – нотўғри. Биз руҳий касалмиз. Хотиним биринчи кечада ўзини осиб қўйди...
  Врач уни жеркиб, ҳайдаб юборди.

вторник, 9 мая 2023 г.

 

ЁШЛИГИМДА ШЕЪРЛАР ҲАМ ЁЗГАНДИМ...


ЁҒОЧ ОЁҚ

Ёғоч оёқ ғичирлайди,
Ғичирлаб хазин-
Одамларга баён этар,
Серҳасрат арзин:
“Мен садақайрағоч эдим бир замон
Она ергинамнинг чайир ўғлони.
Чорак аср аввал кесиб беомон,
Кесилган оёққа улашди мани.
Чорак аср мадад бўлдим-у, аммо,
Оёқ бўлолмадим, бўлолмайман ҳам.
Чорак асрдирки, менга муаммо:
Мажруҳ этар нечун, одамни-одам!?”

ОНА-ЕР

Агар гуноҳ қилса одамлар,
Ларзага кирармиш она-Ер.
Тупроққа қон тўкилган дамлар.
Сесканиб  кетармиш  она-Ер.
Тириклар тинчланинг, бағримда ётган
Марҳумларнинг бузманг ҳаловатин, деб
Безовта бўлармиш она-Ер,
Илтижо қилармиш она-Ер…
             
АФСОНА

Ривоят қилурлар: ўтган бир замон,
 Ўлимга буюрмиш ўз навкарин хон;
 Навкарнинг ҳамқишлоқ дўсти ўша он,
 Хонга таъзим қилиб, дебди: “Эй, султон,
 Уни озод эту мени эт қурбон;       
Унинг онаси бор, қон ютмасин, қон!”


УСТОЗ АСҚАД МУХТОРГА ЎХШАТМА
           
Май тўла пиёлага қўйган эдим лаб,
Чинни сўроғидан огоҳ бўлди қалб:
-Деҳқонларнинг бутми хирмони,
-Одамларнинг инсофи қалай,
-Серобми май?
-Айт, тўкинми эл дастурхони
-Одоблими, кўҳлими қизлар,
-Шодми кексалар...

Ўтмиш аждодларнинг товушидир бу,
Ўшалар руҳининг ташвишидир бу,
Балки катта бобомдир,
Балки Умар Ҳайёмдир...

Х  Х  Х

-Бобожон,, нега йўқ оёқларингиз,
Наҳот бувим сизни туққан ногирон?
Эҳ, ёғоч оёқли бўлмасайдингиз,
Қирлар қучоғида чопардик чунон 
Нега оёғингиз йўқ а , бобожон? 

Уруш йилларида не не қўл оёқ
Госпиталда қолиб кетганин

    

Ва улар ўрнини олганин таёқ

Бу қизчага уқдириш қийин.

***

Ўлимни енгмоқчи бўлар одамлар,
Улар бахш этмоқчи мурдага ҳам жон.
Ажаб, нега яна зид йўлни тутиб,
Инсон ўққа тутар-инсонни ҳамон?!

среда, 26 апреля 2023 г.

 

Т. ДРАЙЗЕР

Теодор Драйзер ўн тўққизинчи асрда "Америка фожиаси" асарини чоп эттириб. ўша давр қисматига диагноз қўйди. Ўйлаб қоламан: бизда ҳозир (21 асрда) "Ўзбекистон фожиаси" деган асарни, ҳатто хусусий нашриётларда ҳам чоп эттириш мумкинми?. Назаримда цензура тугаб, нашриёт ва журнал ходимлари автоматик тарзда цензура миршабига айланиб қолгандай.
Бундан ўн йиллар олдин ёзилган "Фожиа" деган ҳикоямни бирор нашриёт, газета журнал қабул қилмади. "Қалтис" дейишди совуққина қилиб.
Блогимга ўша ҳикояни эълон қилябман. Сақлаб олинг, фурсатингиз бўлса ўқирсиз...
http://nusratrahmat.blogspot.com/2017/01/blog-post.html ёки
 "Беш ҳикоя" рубрикасини очинг

понедельник, 10 апреля 2023 г.

"КАЛВАК МАХСУМ"НИНГ СЎНГГИ БОБИ

 

 

    Умримда биринчи бор шундай кутилмаган, нохуш ҳолатга тушган

эдим. Миям фалажланиб, идрокимга итоат қилмай қўйганди, содир

бўлаётган воқеликнинг фаҳмига етмай қолгандим.

Ҳаво совуқ бўлишига қарамай, ташқарида, ички кийимимда,

тўнтариб қўйилган пақир устига ўтириб олганимнинг боисини билгим

келарди. Қизим – Сухайло фарёд чекиб, дилхун бўлиб йиғлар, мен эса

ўзимча уни уришардим: “Нимага бақирасан, тентак?” Ўғлим мени

бағрига босиб, дил тўла дард билан бақирганини ҳам тушимми,

ўнгимми эканлигини идрок этишга қувваи-ҳофизам ожизлик қиларди.

Бир маҳал ҳовлида маҳалла оқсоқоли - Илҳом милисанинг овози

эшитилди. “Саҳарлаб нима қилиб юрибди бу хумпар, менинг

ҳовлимда” ўйлардим ўзимча, алғов-далғов фикрларимни йиғиб

олишга ҳаракат қилиб. “Бугун чиқаришимиз керак”, деди маҳалла

сардори ғала-ғовурлардан кейин. У нимани назарда тутаётганлигини

фикрлаётганимда, акамнинг кескин жавобини эшитдим: “Эртага

қолдиришимиз керак! Душанбеда опаси бор – келишини кутмасак

бўлмайди!” “Йўқ барибир, чиқариш зарур”, деди оқсоқол. “Нима,

йигирма беш йил сиққан даргоҳга тағин бир кеча сиғмайдими?”

Бу даҳанаки жангнинг моҳиятини чақиш учун хаёлимни жамлаб,

жиловлаб олишим керак эди. Беихтиёр, содир бўлган воқеалар

занжирини кўз олдимга келтиришга уннаб кўрдим.