Ҳозирги
китобхон анчайин инжиқ, нозиктаъб – у руҳиятга боғлиқ тафсилотларни, табиат
тарҳлари чизилган саҳифаларни хушламайди; киноя ёки муаммолар моҳиятига етиш
учун бош қотиришни эп кўравермайди. Лекин ҳақиқат ёки чўпчаклигини фарқлаб бўлмайдиган воқеалар; охир-оқибат,
гуёки, адолат зам-зама қиладиган, ўз ибораси билан айтганда: “қизиқ” олди-қочдилар
бўлса, шунда ҳам аввал “чўқилаб кўриб”, дилига ўтиришса ўқийди, бўлмаса,
телевизор тугмачаларини бирма-бир босиб (ахир, унинг ихтиёрида талай каналлар;
бунга компьютер ҳам келиб қўшилди) юборади ва шўрлик ёзувчи не-не умидларда
битган қораламалар қўли осилиб, ноумид
бўлиб қолаверади.
Начора,
ёзувчи ҳам бунга қасдма-қасд ўлароқ, ногаҳоний илмоқлар, янги-янги ноанъанавий
шакллар, шунингдек, ғаройиб ўйдирмалар, юмор билан йўғрилган эртакнамо ечимлар
ўйлаб топишга мажбур бўлади.